loader
Foto

Истило ва истибдод

Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари эгаллангач, 1878 йили Россия империясининг армияси Ахалтеке воҳасидаги Кўктепа қалъасини нишонга олди. Генераллар М.Д. Скобелев, Н.П. Ломакин, Н.Н. Головачёв, Н.И. Гродеков, А.Н. Куропаткин, К.П. фон Кауфман қўмондонлиги остидаги қисмлар Кўктепани қамалга олди. Бу ерда истилочилар туркман ҳимоячиларининг қатъий қаршилигига дуч келди ва Кавказ томонга чекинишга мажбур бўлди. Ушбу енгилишдан сўнг бир йил ўтиб, 1879 йил 28 августида рус армияси яна Кўктепа устига юрди. Янада каттароқ кучларни тўплаб келган руслар олти ой давомида қалъани натижасиз қамал қилди.



Бердимуродхон, Тиқма Сардор, Кўчар Сардор, Муродхон Сардор, Махтумқулихон, Нурбердихон бошчилигидаги туркманларнинг ёвмут ва така уруғидан чиққан қалъа ҳимоячилари босқинчиларга ғалаба имкониятини қолдирмади. Шунда қўмондонлик янги тактикага ўтди. Қалъа девори остига ўра қазилиб, у ерга кўп миқдорда портловчи модда ўрнатилди ва тунда портлатилди. Қалъа девори ёрилди. Ёриқдан селдай оқиб кирган рус аскарлари ва қалъа ҳимоячилари ўртасида шиддатли кўча жанглари бошланиб кетди. Рус аскарлари қалъа ҳимоячиларини бешафқатларча чопиб, бурдалаб, қириб ташлаганини рус ҳарбий тарихчилари ва маҳаллий муаррихлар, жумладан, яна ўша Муҳаммад Юсуфбек ибн Бобожонбек Баёний бирдай тасдиқлайди.



М.Д. Скобелевнинг «ҳарбий жасорати» ва қалъа мусоҳарасининг даҳшатли оқибатлари қирғин иштирокчиларидан бири - Н.А.Куропаткин томонидан батафсил тасвирланган: «Қалъа ичига назар ташлаш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдаларга тўлиб кетганди»[1]. Қалъадаги 40 мингдан ошиқ тинч аҳолининг тенг ярми ҳалок бўлди, ярадорлар ундан ҳам кўп эди. Ғолиблар эса, М.Д. Скобелевнинг буйруғига кўра, уч кун бу ваҳшийликни нишонлаб байрам қилди. Шундай қилиб 1881 йил 12 январида Кўктепа ҳам қулади.



Кўктепа ишғол этилгач, босқинчилар бутун Каспийорти ўлкасини талон-торож қилиб, ортларидан фақат вайроналар, ҳамма нарсани ямлаётан олов-у кўкка ўрлаётган тутунларни қолдирди. Америкалик журналист, воқеалар иштирокчиси Мак-Гаханнинг эсдаликларига кўра:



«Эртаси куни эрталаб биз йўлимиздан чиққан ҳамма нарсага ўт қўйиб, ҳамма нарсани йўқ қилиб, йўлимизда давом этдик. Биз ортимиздан тахминан уч миля кенгликдаги яп-яланг чизиқ тортиб бораётгандик, у ерда фақат тутаб ётган кул тепаларигина қолган эди. Ўт қўйиш операцияси қандай амалга оширилаётганини яқиндан кўриш ниятида мен йўлнинг ўнг томонидаги барча нарсани ёқиш буйруғини олган отряд билан бирга бордим. Бу иш, ўз-ўзидан тушунарлики, жирканч эди, аммо, шунга қарамай, унда одамни ҳаяжонга келтирувчи қизиқарли нарса, вайронкорлик руҳига хушомад бор эдики, бу ҳис, афтидан, ҳар бир, ҳатто энг сокин ва маданий инсон қалбида яширин сақланади...



...Биз шу тариқа йўқ қилаётган уй-жойлар сукунати ҳаракатларимиз тўполони ва зўравонлиги билан кескин зиддият ҳосил қилар эди...



...Биз уйларда камдан-кам ҳолларда бирор нарса топардик. Озроқ ошхона буюмлари, баъзан бир нечта жўжа, дарвоқе, казаклар уларни шу заҳотиёқ тутиб олар эди, шошилинч қочиш ортидан ета олмаган қари қирчанғи ёки ёш бузоқча...



...Бунинг бари устида рус байроғи бўй чўзиб турарди, у тутун аро элас-элас фарқланар, эринчоқлик билан ҳавода ҳилпираб, ушбу вайронкорлик саҳнаси узра қанот қоқаётган калхатни эслатарди»[2].



Ўша даврнинг илғор рус зиёлилари империянинг мустамлакачилик сиёсатини кескин қораламоқда эди. Россия ҳарбийларининг тинч аҳолига қарши бу шафқатсиз хатти-ҳаракатлари уларнинг ғазабини қўзитди. Буюк рус адиби, «Уруш ва тинчлик» романи муаллифи Лев Толстой М.Д. Скобелев бошчилигидаги рус армиясининг Кўктепа ҳимоячиларига қарши уюштирган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлари ҳақида жирканиш ва нафрат билан ёзади[3].



Лев Толстой «оқ пошшо»нинг генерали Скобелевнинг шахсияти ва фаолиятидан шунчалар қаттиқ нафратланганидан Д.Д. Оболенский таклифига рад жавоби бериб, у билан танишишдан бош тортади[4].



Чор Россиясида Туркистонни мустамлакага айлантиришнинг тарафдорлари ҳам бор эди. Улардан бири Ф.М. Достоевский эди. Унинг ёзишича:



«Скобелевнинг ғалабаси бутун Осиёда, унинг энг олис бурчакларида акс-садо беради: мана, яна бир ғазабнок ва мағрур иймонли халқ оқ подшога бўйин сунди. Майли, акс-садо берсин. Миллионлаб халқлар, Ҳиндистонга қадар, ҳатто Ҳиндистоннинг ўзида ҳам, оқ подшонинг енгилмаслиги, унинг тиғи тиним билмаслигига бўлган ишонч ўсиб-унмоқда. Ахир генерал Ломакиннинг муваффақиятсизлигидан кейин бутун Осиё бўйлаб тиғимизнинг енгилмаслигига бўлган шубҳа уйғонди - русларнинг мавқеи шубҳа остида қолди. Мана шунинг учун биз бу йўлда тўхтай олмаймиз. Бу халқларнинг ўз хонлари ва амирлари бўлиши мумкин, ақлларида ва ўйларида Англия таҳдид бўлиб туриши мумкин, унинг кучидан ҳайратда қолишлари мумкин, лекин оқ подшонинг (Россия подшосининг) исми хонлар ва амирлардан устун туриши, Ҳинд императори (Буюк Британия қироличаси Виктория) исмидан, ҳатто кимсан халифанинг (Усмонли давлати султони) исмидан юқори туриши лозим. Майли халифа бўлсин, лекин оқ подшо халифанинг ҳам подшосидир. Мана шундай ишончни қалбларда мустаҳкамлаш лозимдир! Ва у мустаҳкамланмоқда, йил сайин ўсиб бормоқда, ва у бизга зарурдир, зеро бу уларни келаётган воқеаларга ўргатади»[5].



Адибнинг Европада русларнинг образига берган баҳолари ҳамда Туркистонни истило этиш борасидаги мулоҳазалари қизиқиш уйғотади: «Европада биз сиғинди ва қуллар эдик, Осиёда эса хўжайинмиз. Европада биз татарлар эдик, Осиёда эса европаликмиз. Бизнинг Осиёдаги цивилизаторлик миссиямиз руҳимизни тутиб олади, бизни ҳаракат энди бошланган жойга элтиб ташлайди. Фақатгина иккита темир йўл қуринг, шундан бошланг - бирини Сибирга, иккинчисини эса Ўрта Осиёга, ва сиз шу заҳотиёқ оқибатларини кўрасиз»[6].



Буюк рус ёзувчиси мутлақо ҳақ эди, маҳаллий халқлар ушбу «цивилизаторлик миссияси»нинг оқибатларини кейинги 150 йилдан ошиқ давр ичида ўз гарданида синаб кўрди.



Россия империясининг босқини туфайли маҳаллий аҳоли борлиғидан бир лаҳзада жудо бўлди, жисмонан жиддий талафот кўрди, ўз уйларини ташлаб, нотаниш ўлкаларга қочишга мажбур бўлди. Буни ўша даврнинг кўп сонли архив материалларидан, гувоҳлар ҳикояларидан, рус ҳарбий маълумотномаларидан, ўша йилларда ёзилган бадиий асарлардан билиб олишимиз мумкин[7].



Таниқли рус тарихчиси Н.И. Веселовский Россия империяси Туркистонни бўйсундиргани ҳақида шуларни ёзган:



«Мана, ҳақиқий ҳарбий бошқарув... цивилизация олиб келдик деб ўйлаймиз, биз бўйсундирганимиз Осиё халқларига тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик совға қилдик деб ўйлаймиз... Лекин яна бир олий эзгулик бор, у буларнинг баридан юқоридир. Бу миллат, миллий туйғу... бўйсундирилган мусулмонларнинг аҳволига тушиб кўриш керак. Сиёсий ўлим оғир, миллий ўлим унданам оғир. Бизнинг ҳукмронлигимизда эса улар шахссизлашишга маҳкумдирлар. Миллийликни бирор-бир фаровонликка алмаштириб бўладими? Ҳукмронлигимизга қарши чўғ ташланиб туришидан ҳайрон қолиш керакми? ... Миллий манфаатлар бор, улар халқнинг қорни тўқ, уст-боши бут бўлса ҳам, оч-наҳор, совуқда яланғоч бўлса ҳам, ташқарига чиқади»[8].



Туркистон аҳолисининг мустамлакачиларга қарши исёну қўзғолонлари маҳаллий ҳалқ ўз давлатчилиги ва мустақиллигини йўқотишга осонликча кўнмаганидан далолат беради. Улар бу қадриятлари учун энг қиммат нарсалари - жонларини тиккан эди. XIX аср охирида Туркистон Россия империясидаги миллий-озодлик ҳаракатининг марказларидан бирига айланди.



Мустамлакачиларга қарши чиқишлар Туркистон халқларининг ўз давлатчилиги ва эркини қадрлаши, уни йўқотмаслик учун жонини ҳам беришга тайёрлигини, мустақиллигини йўқотилганидан қаттиқ норози эканлигини яққол кўрсатди. «Ўз ихтиёри билан қўшиб олинган» деган 150 йиллик иддаонинг ёлғонлиги, исёнчилар қони билан суғорилиб, жони билан мустаҳкамланган афсонадан ўзга нарса эмаслигини исботлади. Туркистон ўлкаси генерал-губернаторларидан бири А.Н. Куропаткин ҳам: «Биз 50 йил давомида маҳаллий халқни тараққиётдан, мактаблардан, рус ҳаётидан узоқ тутдик... афсуски, биз бегоналарни императорнинг садоқатли хизматкорларига айлантира олмадик...»[9] дея таъкидлаган эди.



Россия империяси Туркистонга асосан хомашё ва инсоний ресурсларга эга бўлиш ниятида бостириб кирган. Маҳаллий аҳоли русларга қиёсланганда мутлақо ҳуқуқсиз, арзон ва ҳатто бепул ишчи кучи эди. Юқорида Россия империясининг енгил саноати хомашёга ўткир муҳтож бўлганини айтган эдик. Урушлар олиб бориш учун яна порох, ҳарбий кийим-кечак ҳам керак эди. Бу муаммоларга баракатли ўлканинг қўшиб олиниши барҳам берди — энди Россия империяси бу ерда истаганча майдонга пахта экиши, истаган миқдорда порох ва кийим-кечак хомашёсини олиб кетиши мумкин эди.



ХУЛОСА

Туркистон истилосидан сўнг бу ўлка Россия империясининг ҳаракатлари давлат сиёсатига тўғри келмайдиган амалдорлар сургун қилинадиган ўзига хос масканга ҳам айлантирилди. Туркистонга асосан диний бузғунчиликда айбланган старовер (эски ақидали) оқимидаги казаклар, рус империяси тартиб-қоидаларидан норозилар жўнатиларди. Россия ҳукумати бу «бошоғриқлар»дан шу йўл билан қутуларди.



Ўша даврда империяда қашшоқ, жудоликларга учраган, ўзига иш тополмаётганлар жуда кўпчиликни ташкил қиларди. Айнан мана шу крепостнойликдан (қуллик) озод қилиниб, ер-мулксиз қолган крестьянларнинг болалари-ю набиралари ҳамда жиноий қатлам вакиллари Туркистонга кўчирилиб, янги ерлар билан таъминланар эди.



Дастлаб чор Россияси, кейин советларнинг тажовузкор сиёсати Марказий Осиё халқларининг мустамлакачи ҳокимиятга қаттиқ қаршилик кўрсатиши ва миллий озодлик ҳаракати бошланишига олиб келди. Бу курашларни юзага келтирган ягона сабаб эса босқинчиларнинг Марказий Осиёга «хўжайин» бўлиш, маҳаллий аҳолига эса инсоний заҳира дебгина қараш ва Туркистоннинг моддий бойликларга эга чиқишдай сурбетларча мақсади эди.



Шуҳрат БАРЛОС

-----------------------------------

[1] Каримов Ш., Шамсутдинов Р. Туркистон Русия босқини даврида. Андижон: «Мерос», 1995. Б.42-43.



[2] Мак-Гахан Януарий Алоизий. Военные действия на Оксусе и падение Хивы. Часть IV. Картина войны. М.: Университетская типография, 1875.



[3] Гусев И.H. Лев Николаевич Толстой. Материалы к биографии с 1870 по 1881 год. М., Изд-во АН СССР, 1963, Б 309.



[4] Оболенский Д. Д., «Отрывки»-«Международный толстовский альманах», составленный Сергеенко П., изд. «Книга». М. 1909, Б.244



[5] Достоевский Ф.М. Полное собрание сочинений в тридцати томах. Изд-ва «Наука» Ленинградское отделение, Ленинград, 1984. Т. 27, Б.32-33.



[6] Уша асарда. Достоевский Ф.М., Б.36-37.



[7] «Туркестанский край. Сборник материалов для истории завоевания Туркестанского края», т. XVII, ч. 2, Б.21-27. Донесение Черняева Дюгамелю от 8. VIII. 1864.; Южаков Ю.Д. Шестнадцатилетняя годовщина взятия Ташкента. Спб., 1881.



[8] ЦГАЛИ РФ, ф. 118, оп. 1, д. 1205, лл. 89-90 (Дневник научной поездки в Туркестанский край, 1885г.).



[9] Ҳасаний Мажид. Юрт бўйнидаги қилич ёки истило.-Т., 1997. Б.86.