loader
Foto

Хоразм (Хива) хонлиги

Тарихда Хива хонлиги деб номланган Хоразм хонлиги рус истилосидан аввал Туркистоннинг энг кучли давлатларидан бири эди. Туркистоннинг энг эски маданий ўчоқларидан бири ўлароқ бу хонлик темурийлар даврида бир неча бор мустақилликни қўлга киритган эди.

Хоразм 1505 йилга қадар темурий Хусайн Бойқаронинг нуфузи соҳасига дахлдор эди. 1505 йилда Шайбонийхон Хоразмнинг бошкенти Урганчни забт этиб, Хоразмни ўз салтанатининг бир парчаси деб тушунди. Шайбонийхон ўлимидан сўнг Хоразмни Эрон шоҳи Исмоил ишғол этди, фақат Туркистоннинг бу қисмига узоқ муддат ҳоким бўла олмади. 1511 йилда Хоразм ўзбеклари Эронга қарши қўзғалдилар ва Вазир шаҳрида Илбарсни хон этиб сайладилар. Бироздан сўнг Урганч ва Хива ҳукмдорлари ҳам Илбарснинг хонлигини тан олдилар. 1593 йили бухоролик II Абуллахон Хоразмни забт этиш билан бу мустақилликни тугатди. Фақат 1598 йилдагина Хоразм мустақилликни яна қўлга киритди.

XVII юзйилликнинг бошларида Хоразм хонлигининг ерлари Амударёнинг қуйи оқимидан Хуросон (масалан, Копедтоғ) ва Манғишлоққа қадар чўзилган ўлкада майдонга келганди(Ўзбекистон ССР тарихи, 465-6.). Тахминан 1615 йилда Хива Хоразмнинг бошкенти бўлди. Абулғози Баҳодирхоннинг ҳокимиятга келгунига қадар (1644 - 63) Хоразм казак-ларининг босқинига қарши ўзини мудофаа қила олиш имконига эга эди. Абулғози отаси Араб Муҳаммадхон (1603 - 1621) мероси учун биродарлари (Исфандиёр. Ҳабаш, Илбарс, Шариф Муҳаммад, Хоразмшоҳ ва Афғон) билан тахтга эришиш ниятида бошланган урушда 20 йилдан сўнггина ғолиб чиқди. Абулғози Хоразмнинг мустақиллигини сақлаб қолишда ғайрат кўрсатди. Яна бир муҳим хизмати шундаки, Туркистон тарихини ўрганишда муҳим манбалардан бири бўлган «Шажараи Тарокима» асарини ёзди(Абулғози ҳақида қаранг. Бартольд II, 273-274 б; Родословная Туркмен (Кононов A. Н. Ношир) Москва-Ленинград, 1958, 3-32-6: «Шажараи тарокима»нинг таржималари ва тадқиқотлари ҳақида. 181-190-бетлар.).

Абулғозининг фарзанди ва меросхўри Анушахон (1663-1687) Бухоро шайбонийларига қарши 1681 -1685 йилларда уч марта юриш қилишга журъат этди. Ҳатто Самарқанд ва унинг атрофини ишғол этди. Аммо шайбонийларнинг қарши хужуми оқибатида ишғол этган ўлкаларни тез фурсатда тарк этишга мажбур бўлди. Бу сафар ташаббусни Бухоро қўлга олиб, 1687 йилда Субҳонқулихон Хоразмни ишғол этди. Бухоро шайбонийлари Хоразмга ўз давлатининг вакили Шоҳ Ниёз эшик оғасини тайин этдилар, лекин у Бухоро раъйига бўйсунмаган мустақил сиёсат олиб борди. Шоҳ Ниёз Русия подшоси I Пётр билан алоқа боғлади. I Пётр Хоразмни ҳимояси остига олганлигига доир 30 июнь 1700 йилда фармон чиқарди, фақат бунинг ҳеч қандай бир натижаси бўлмади(Хивалик Анушахон билан шайбонийлар сулоласидан Бухоролик (Абдулфайзхон) ва Субҳонқулихон орасидаги тўқнашувлар ҳақида янги манбалар: М. А. Салахутдинова, Походьт Анушахона на земли Бухарского ханства. «Ближнмй и Средний Восток», Москва, 1968, 123-133-бетлар.).

Араб Муҳаммад (1702 - 1717) Хоразмни Бухоро ҳукмронлигидан қутқаришга муваффақ бўлди. Унинг вориси Шерғози (1715 - 1728) эса I Пётр нинг 1717 йилда Хивага қилган ҳарбий юришидан сўнг русларга интилиш кайфиятига қарши кураш сиёсатининг ташаб-бускори бўлди. Шерғози Русиядан юборилган отрядни 1717 йили тўлиқ қириб ташлади. Бундан кейин Хоразм 156 йил давомида Русия кўзини тиккан макон бўлиб қолди. Зеро, руслар ўзлари сабабчи бўлган ўша воқеаларни унутишни истамас эдилар.

Хоразм хонлиги ҳам ички ғавғолардан ўзини қутқара олмади. 1757 йили Абдуллоҳ (Қорабек деб ҳам номланади) Хоразм хони бўлмиш биродари Ғойибхонга қарши отланди ва уни тахтдан туширди. 1763 йилда Хоразм хони Темур Ғозихон ўлдирилди ва 1770 йилда ёвмудларнинг қўзғолони бошланди.

1740 йилда эронлик Нодиршоҳ Хоразмга юриш қилди. Хоразм хони Илбарс (1728 - 40) мамлакат ҳимоясига отланган бўлса ҳам Хазораспда ва Хонқада мағлубиятга учради. Хоразм билан Эрон орасида муҳорабалар давом этаётган бир пайтда Кичик Юз хони Русиянинг гижгижлаши ва ёрдамида 1740 йили Хивани ишғол қилди(Василевский. Очерки историко географических... 158-160-6.).

Абулхайрхон Нодиршохдан қўрққанлиги учун Хивани тарк этди. Хива халқи Нодиршохдан омонлик сўрашга мажбур бўлди ва 1740-1747 йиллар орасида Эроннинг ҳокимияти остида қолди. Сўнгра 1747 йили Ғойиб Хоразм хони деб эълон қилинди. Бу хон 1757 йилга қадар Хоразм давлати бирлигини янгидан ташкил этишга ва кучайтиришга ҳаракат қилди.

1763 йилда Темурғозихон ўлдирилгандан сўнг манғит, қипчоқ ва қўнғирот уруғлари орасида салтанат ғавғоси бошланди. Бу низолардан сўнг Муҳаммад Эмин Иноқ(Spuler, Yeschichte...- 283-284-бетларга кўра «иноқ» ҳарбий қўмондон маъносини ифодалайди. Бу сўз уруғ оқсоқоли маъносини ҳам ташиши мумкин. Иноқлар ўзига хос давлат шўроси бўлиб, Хоразм хонлари доирасига мансублар ҳисобланган. Хон қарор чиқаришда иноқлар билан маслаҳатлашарди. 1763 йилдан кейин Муҳаммад Амин иноқ шахсан ўзи бошқарадиган «Иноқ шўроси» (кенгаши) ташкил этди. Бу кенгашга иноқлар, қушбеги (бошнозир), мухтор (молия вазири ва оталиқлар (Хоразмда ҳарбий қўмондонлар оталиқ дейиларди) мансуб эди. «Иноқ» унвони Хоразмда «хон» унвонидан кейин иккинчи мавқели унвон эди. XIX аср ўрталарида иноқлар ўз салоҳият ва мавқеларини бой бериб қўйдилар. Ўшандан бошлаб хоннинг махсус вакил (мухтор вакили) унвонини оладиган бўлишди. Бу унвон хон томонидан махсус икки ёки уч кишигагина бериларди. Уруғ бошлиқлари эса энди ўзларини иноқ деб кўрсата бошладилар, қаранг: «История народов Узбекистана, II., 70, 100-101,126-127,153-бетлар.) (1790-йил вафот этди). раҳбарлигидаги қўнғирот уруғи ғолиб чиқди. Бу воқеалардан кейин манғит хонадонининг салтанати тугаб, Қўнғирот хонадони даври бошланди(Хонликнинг манғитлардан кўнғиротларга ўтиши ҳақида қаранг: Бартольд. II, 283-284-6; П. П. Иванов, Архив хивинскихханов., 9-6.). Муҳаммад Эминхоннинг ўғли Авазбек (1790 - 1804) янгидан «хон» унвонини олди. Бу хонадон 1873 йилга қадар мустақил, 1873 йилдан 1920 йилга қадар русларнинг қўл остида Хоразмнинг тақдирини белгилади. Авазхондан сўнг қўнғирот хонадонидан ўн бир хон чиқиб, булардан уч нафари Русия ҳокимияти остида хукм сурди. Хоразм Русия аскарларининг илғор қисми ҳужумидан анча илгари ички низоларни бартараф этиш билан машғул эди. 1866 йил ҳам хонлик аскарлари ёвмудларнинг исёнини бостириш билан машғул бўлишга мажбур эдилар(Иноқлар давридан сўнг хукм сурган хонлар қуйидагилар: Аваз (1790 - 1804], Элтузар (1804 - 1806], Муҳаммад Раҳим (1805 - 1825], Оллоқули (1825 - 1842], Раҳимқули (1842 - 1846]. Муҳаммад Амин (1845 - 1855], Абдуллоҳ (1855 йил март - сентабрь), Қутлуғ Мурод (1855 сентабрь 1856 йил феврали), Саид Муҳаммад Раҳим (1856 -1864]; Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодур (1864 -1910]; Исфандиёр (1910 - 1.X.1918] ва Абдуллоҳ (1918 - 30.IV.1920], Қаранг: Mary Holdsworth Turkestan in the Nineteenth century, London-Oxford, 1959,1-6.). Рус истилоси буюк бир ўтмишга эга, Туркистоннинг бир давлати бўлган Хоразмнинг ички сиёсати заиф, ташқи сиёсатида яккаланиб қолган бир даврига тўғри келди(Русия босқини бошланмасдан аввалги Хоразм хонлигидаги ички зиддиятлар ҳақида тўлиқ маълумот учун қаранг. Материаль; по истории туркмен и Туркмении П-ж., ношир А. Боровков, Москва -Ленинград, 1938 йил, 611-638-бетлар.).



Др.Боймирза Ҳайитнинг

"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан