loader
Foto

Тарихда Рамазон (3-кун)

Марж аc-Саффар жанги (2-қисми)

702-ҳижрий йил рамазон ойи 2-санаси кун ярмидан оққанда ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Мўғуллар дарҳол мусулмонларнинг ўнг қанотига ҳужум уюштиради. Қутлуғ бошчилигида 10 минг кишилик мўғул отлиқлари отряди биринчи зарбани қабул қилган ва катта талафот кўрган мисрлик мамлукларга ҳужум қилади. Шуниси эътиборга лойиқки, ибн Таймийянинг ўзи ҳам мамлуклар билан бир сафда жанг қилади. Шом раҳбарларидан бири кейинчалик айтганидек: «Жанг фурсати яқинлашиб, жангчилар ўз жойларини эгаллаганида шайх ибн Таймийя менга деди: “Мени ҳар бир кишини муқаррар ўлим кутадиган жойга қўй”. Мен унга душман қўшинининг олд қисми худди селдек ёпирилиб келаётган жойни кўрсатдим: уларнинг қиличлари чопқир отлар туёқлари остидан кўтарилган чанг булути узра ярқирарди. Сўнгра мен дедим: “Мана, жаноб, ҳар бир кишини муқаррар ўлим кутадиган жой, сиз нима истайсиз?” Шайх нигоҳини осмонга қаратиб, нималардир деб пичирлади ва душманга ташланди. Менга у Аллоҳдан душманни ҳалок қилишни сўрагандай ва бунга жавоб шу ондаёқ келадиганда туюлди. Шафқатсиз жанг бошланиб, иккита улкан қўшин тўқнаш келди ва мен шайхни йўқотиб қўйдим …»

Мўғуллар мусулмонларнинг ўнг қанотига шу қадар қаттиқ ҳужум қилишда давом этдиларки, кўпчилик бу қанот чекинади ва жанг ютқазилади, деб ўйларди. Ўнг қанот амирларини ўлдиргач, мўғуллар мамлукларни қуршаб олишга муваффақ бўлдилар. Мўғул отлиқларининг орқароққа ёриб кирганини кўрган қуролланган хотин-қизлар ва ўсмирлар зўриқишга дош беролмай жанг майдонидан қоча бошладилар. Буни кўриб, мусулмонлар ўнг қаноти амири Салар хитоб қилди: "Аллоҳга қасамки, мусулмонлар ҳалок бўлдилар!" Бундай оғир пайтда жангда қатнашган барча аскарлар Аллоҳга шу қадар баланд овоз билан нидо қила бошладики, дуолар баландлиги жанг садоларини ғарқ қилиб юборди.

Ғалабадан ишончи комил бўлган Қутлуғ мусулмонларнинг мағлубиятига яхшироқ назар ташлаш учун яқин бир тоққа чиқишга қарор қилди. Бироқ, мусулмонларнинг югурмаётганини, аксинча, ўзларини тўғри чизиқларда ҳимоя қилаётганини кўриб, у таажжубда қолди. Мусулмонларнинг чап қанот ва марказдаги қўшинлари мўғуллар ҳужумини даф этибгина қолмай, балки ўнг қанотдаги диндош биродарларига ёрдамга келиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Бундан ташқари, улар ҳатто Кутлуғ жойлашган тоққа асосий мўғул кучларини ҳайдаб, қарши ҳужум бошлашга муваффақ бўлдилар. Кун охирига келиб мўғуллар ва уларнинг бош қўмондони жанг майдонидан қочиб кетди.

Воқеаларнинг гувоҳига сўз берайлик: "Мўғуллар кечқурун мағлуб бўлиб, қиличларимиздан қочиб тоққа чекиндилар. Кейин Шайх [Ибн Таймийя] ва унинг биродарларини кўрдим, улар баланд овоз билан жангга чорлаб, қочмасликка ундарди. Мен унга: "Жаноб, хурсанд бўлинг, биз ғолиб бўлдик! Қаранг, мўғуллар биздан қочяпти! Эртага ҳаммасини битта қўймасдан қириб ташлаймиз!" дедим. Шунда Шайх Аллоҳга ҳамд айтди, сўнгра у мен учун дуо қилди, Аллоҳга қасамки, унинг дуосининг фазилати шу кунгача мен билан қолишини ҳис қиламан".

Эртасига эрталаб Қутлуғ жанг майдонига қайтди-да, яна муваффақиятсизликка учради. Мусулмонларнинг босими шу қадар кучли эдики, кун охирида мўғуллар яна чекинишга мажбур бўлдилар. Шу билан бирга уларнинг кўпчилиги асир олинди. Маҳбусларни сўроқ қилгач, мусулмонлар мўғулларнинг сувсиз қолганлиги учун қаттиқ қийналаётганини билиб олишди. Қимматли маълумотларга эга бўлган Ислом армияси қўмондонлиги ҳарбий ҳийла ишлатишга қарор қилди. Эртаси куни тонгда мўғуллар дарё томон юра бошлаганда, мусулмонлар уларга тўсқинлик қилмадилар. Ташна душманни атайлаб сувга йўлатдилар. Аммо мўғуллар сувга етиб бориши билан Султон дарҳол бутун қўшинга қатъий ҳужум қилишни буюрди. Арман рицарлари ва камончилар томонидан қўллаб-қувватланган мўғул отлиқлари бунга чидай олмадилар ва ниҳоят жанг майдонини тарк эта бошладилар. Улардан фақат бир нечтаси, жумладан, Қутлуғ ҳам қочишга муваффақ бўлди.

Рамазон ойининг ушбу муқаддас кунларида Аллоҳ таоло мусулмонларга ёрқин ғалаба ато этди. Султон дарҳол Дамашқ ва Қоҳирага хушхабар билан элчилар юборди. Тарихчиларнинг ёзишича, мусулмонлар шодлигининг чеки йўқ эди. Дамашқнинг қолган аҳолиси шаҳарни безатиб, Музаффар Султонни кутиб олиш учун ташқарига чиқдилар, хурсанд бўлиб йиғладилар, дуолар билан Аллоҳга илтижо қилиб, миннатдорчилик билдирдилар. Султон Рамазон ойининг охиригача шаҳарда қолди ва Шаввол ойининг 1-санасида байрам намозини адо этди.

Икки кундан кейин Қоҳирага қайтиб кетди. Миср пойтахти ҳам Султонга тантанали зиёфат тайёрлади. Шаҳарга бутун мамлакатдан минглаб мусулмонлар келган. Зодагонлар ва оддий аскарлар қуршовида 18 ёшли Султон Қоҳирага Ғалаба дарвозасидан кириб келди. Ғалаба дарвозасидан саройгача бўлган бутун йўл безатилди. Йўлда Султон отасининг, афсонавий Султон Қалавуннинг қабрини зиёрат қилди, у ерда Аллоҳга дуолар қилди. У кейин саройга қараб юрди ва одамларга катта байрам берди. Мусулмон олами қувониб, мўғулларнинг Шомга ҳужум қилиши таҳдиди ниҳоят барҳам берилди.

Абу Муслим таржимаси