loader
Foto

Тарихи Рашидий (7)

Ўн учинчи фасл. Шоҳибекхоннинг Хоразмга юриш қилиб олгани, Мовароуннаҳрга қайтиб, кейин Хуросонга юриш қилгани баёни.



Шоҳибекхон мўғуллар ишини саранжом қилгач, Султон Саидхон Мўғулистонга, отам эса Хуросонга қочиб кетишди. Айрим мўғулларни у ўлдирди, айримларини кишанбанд қилди. Шоҳбегимни Хуросонга жўнатиб, қолган мўғулларни ўзи билан Хоразмга олиб кетди. Ўн бир ой давомида уни қамал қилиб турди. Хоразмда Султон Ҳусайн мирзо номидан Чин Сўфи ҳокимлик қиларди. Ўн бир ой давомида ёрдам сўраб қилган фарёдига ҳеч ким қулоқ солмади. У шундай ҳайратланарли жанглар қилдики, бу жанглар ўзбеклар орасида афсонага айланди. Охири озиқ-овқат захиралари тугаб, кўп одамлар очликдан ўлиб, ортиқ курашишга имконият қолмагандан сўнггина, Шоҳибекхон Хоразм қалъасини эгаллади. У Чин Сўфини ўлдириб Самарқандга қайтди.

Хоразмни олгунга қадар Шоҳибекхон олти ой Балхни қамал қилди, бу ишни ярим йўлда қолдирган бўлиб, бу ҳақда олдин ёзган эдик, энди эса ўшани охирига етказиш учун кетди. У Балхни ҳам эгаллаб, Самарқандга қайтиб келди. Қишни Самарқандда ўтказиб, кўклам Хуросон устига қўшин тортди.

Султон Ҳусайн мирзо бир йил бурун вафот этган эди. Султон Ҳусайн мирзо ўғилларининг мулоҳазасизликлари ва сусткашликлари туфайли ораларида умумий иттифоқлик йўқ эди. Улар Шоҳибекхон келаётганини эшитиб, саросимага тушиб қолишди, ҳар қайсисидан ҳар хил маслаҳат чиқиб, аниқ бир тўхтамга келиб улгуришмаган ҳам эдики, Шоҳибекхон Ҳиротга яқин келиб қолди, деган хабар келди. Амир Зуннун Арғун уларга қарши лашкар чиқарди. Аммо селни тупроқ билан қайтариш, оловни хас-хашак билан ўчириш мумкин бўлмагандек, унинг эҳтиётсизлиги туфайли ўзбек лашкарининг дастлабки илғор қисми жангчилари амир Зуннун Арғунни ўлдириб, Ҳирот ичини талон-тарож қилишга киришди. Мирзолар ҳар тарафга қочиб кетишди, ҳатто лашкарнинг кўпчилиги Ҳиротнинг қандай олинганини билмай ҳам қолди. Аҳолиси кўп шундай катта шаҳарни шунчалик тез эгаллашганига душманлар шодланишди. Султон Абусаид амирларининг авлодларидан бири, исми «Тазкират уш-шуаро»да зикр қилинган Мир Муҳаммад Солиҳ Хуросоннинг босиб олиниш йилини «Хуросон» сўзида тарих қилган, яъни шу сўз ҳарфларининг йиғиндиси 912 (1506-1507) йилни англатади.

(давоми бор)

1, 2, 3, 4, 5, 6