loader
Foto

Шарқий Туркистон турк ислом жумҳурияти

Миллий кучлар Хитойлар истибдодидан бирмунча минтақаларни озод қилиб, уларни маҳаллий асосга таяниб бошқара бошлади. Бу минтақаларнинг баъзиларида ҳатто хукумат ҳам йўқ эди. Миллий кучлар орасидаги келишмовчиликлар натижасида 1933 йили 16 апрелдан 28 августгача Қошғар хукумати тўрт марта ўзгарди. Генерал Темур хукумати генерал Ма томонидан, унинг хукумати эса генерал Усмон тарафидан, бу хукумат эса ўз навбатида Собит Домулло хукумати билан алмаштирилди.

Собит Домулла маҳаллий тарқоқ миллий хукуматларни «Шарқий Туркистон турк ислом жумхурияти» остида бирлаштиришга ҳаракат қилди ва бунга муваффақ бўлди. 1933 йил 12 ноябрда «Шарқий Туркистон жумхурияти» расман эълон қилинди ва миллий мажлиснинг қарори билан «Шарқий Туркистон хукумати» шакллантирилди. Хўжа Ниёз Ҳожи давлат раиси ва бош қўмондон, Абдулбоқи Собит Домулла бош нозир бўлди. Булардан ташқари хукуматнинг яна 13 аъзоси бор эди(Кабинетнинг бошқа аъзолари: Муҳаммад Қосим ҳожи - ташқи ишлар нозири; Зариф Қори - адолат нозири; Юнусбек Саидзода - ички ишлар нозири; Абдулла Эшонхўжа Хони - соғлиқ нозири; Султонбек Бахтиёрбек - мудофаа нозири; Абдукаримхон махдум - таълим-тарбия нозири; Али Охунбек - молия нозири; Сотиқбек Инсонуддинзода - савдо нозири; Нураҳмад - Хўтан амири; Абдуллоҳ домуллоҳ - алоқа нозири; Тоҳирбек - миллат мажлиси нозири; Сўфизода - миллат мажлиси котиби. Hayit, Ost-Turkestan, Қиёсланг: 341-6). Миллий мажлиснинг раиси ва котиби ҳукуматнинг турли тадбирлари ҳақида қоғозбозликсиз хабардор бўлмоқ учун «кузатувчи» сифатида ҳукуматга аъзо эдилар. Миллий мажлис сиёсий партиялардан эмас, балки мустақиллик жамияти аъзоларидан ташкил бўлган эди. Хукумат ичида партия манфаатлари доирасида эмас, балки маҳаллий манфаатларни кўзлаган ҳолда атрофида фикр юритиларди(Ёзма ва бошқа манбаларнинг нуқсонли бўлганлиги учун миллат мажлиси аъзоларининг ададини аниқлаш имконини топмадим.). Жумхурият ҳукумати биринчи навбатда ўз мустақиллигини сақлаб қолишга эътиборни қаратди. Чунки бу ёш хукумат бир пайтда уч жабҳада жанг олиб боришга мажбур бўлди: биринчидан, хитойлар билан, иккинчидан, дунганлар билан, учинчидан руслар билан. Хитойлар ва руслар умуман бу хукуматни йўқ қилишга ҳаракат қилса, дунган йўлбошчиси Ма Синг Жин Шарқий Туркистонда ўзининг ҳарбий хукмронлигини таъминлашга интиларди. Ма Синг Шарқий Туркистонда 1933 йилга қадар турклар билан бирга хитойларга қарши зафарли кураш олиб борганди. Кейинги курашларда ҳамжиҳатлик қилишни келишиб олиш учун 1933 йил 16 июнда Ма Синг билан Хўжа Ниёз ҳожи Хоми яқинидаги Мури қишлоғида учрашди. Ма ҳарбий ҳокимиятни ўз қўлига олишини ва Хўжа Ниёз фуқаро ишларига бошчилик қилишини талаб қилди. Хўжа Ниёз бу талабни рад этди. Бунга жавобан Манинг аскарлари Хўжа Ниёз аскарларини қуролсизлантирмоқчи бўлди. Ма Хўжа Ниёз кучларини парчалаш билан ўз ҳокимиятини янада мустаҳкамламоқчи бўлди. Бундай курашда очиқ ўзаро душманликдан қутулиб бўлмай қолди. Бу муаммони ҳал қилишда ҳатто иккаласи ҳам ислом дини вакили, мусулмон эканлиги ҳам ёрдам бермади. Шахсий шуҳратга интилиш душманликка олиб келди. Ҳар иккаласи ўртасида жанг бошланди. Иккаласини ҳам душман деб билган хитойлар бу тақдир туҳфасидан беҳад қувондилар. Келишмовчилик хитой бош волиси Шенгга катта бир имконият яратиб берди. 1933 йил 9 июнда Шенг билан Хўжа Ниёз ўртасида бир тинчлик битими тузилди. Битимга кўра Хўжа Ниёз бош воли вакили сифатида иш кўриб, Тангритоғ тизмалари ҳавза-си идорасини қабул қилди. Генерал Маҳмуд ҳарбий раҳбарликни ўз зиммасига олди.

Урумчи шаҳри бундан кейин ҳам Шарқий Туркистоннинг бошкенти бўлиб қоладиган бўлди. Генерал Ма кучларига Урумчидан бошлаб зарба бериш бош воли вазифасига кирарди. Бу битим ҳам Шарқий Туркистон миллий кучларини ҳамда Мани ғазаблантирди. Ма Хўжа Ниёз қисмларига қарши хужумни кучайтирган. Хўжа Ниёз ҳамшаҳарларининг кўмагига таянди. Хўжа Ниёзни хитойлардан ўз тарафига оғдириш учун Хўтан ва Қошғарнинг маҳаллий миллий хукуматлари унга давлат раислигини таклиф қилиб, Шарқий Туркистон жумхуриятини эълон қилишни шарт қилиб кўйди. Хўжа Ниёз Ма қисмларидан мағлубиятга учрай бошлагани ва миллий кучларнинг хужумидан қўрққани учун таклифни қабул қилди. Хўжа Ниёз 1933 йилнинг 10 сентабрида Шарқий Туркистонни жумхурият деб эълон қилиши билан Хитой бош волиси билан иттифоқини узди. Шарқий Туркистон миллий хукумати Хўжа Ниёз билан Ма орасидаги эски душманликни Хўжа Ниёз давлат раислиги билан бирга мерос қилиб олишига тўғри келди. Ма Шарқий Туркистонда ўзи якка ҳоким бўлиб қолиши учун Хитой бош волиси ва Туркистон хукуматига қарши жанг олиб боришда давом этди. У Хўжа Ниёз кучларини улоқтириб ташлаб, 1933 йил сентабрда Урумчига хужум қилди. Руслар ўзлари хукмронлик қилаётган ўлкадан 12 000 манчжур аскарларини хитойларга ёрдамга юборди. Жангда мағлуб бўлган Манинг Урумчидан Турфонга чекинишдан бўлак чораси қолмади. 1934 йил 11 февралда Манинг Урумчига қилган иккинчи ҳамласи ҳам муваффақиятсизликка учради. Бу сафар Ма кучларига қарши рус учувчилари бошқарган учоқлар ишга солинган эди. 1934 йил ўрталарида Ма асир олинди ва 16 июлда Эргаштомда хитойлар уни русларга топширди.

Шарқий Туркистондаги миллий курашларга қарши чораларда Марказий Хитой хукуматининг етарлича ёрдам бермаслиги, унинг ўрнига Хитой ҳокимиятининг халоскори сифатида Шарқий Туркистонда русларнинг пайдо бўлиши анча қизиқдир.

Хўжа Ниёз 1934 йил охирида Оқсувдаги Қораюлғун қишлоғида бўлган жангда дунганлардан енгилди. Хўжа Ниёзнинг соғ қолган аскарлари 1934 йил 3 декабрда Қошғарга етиб келди. Бу ерда бироз вақт туриб, Янги, Ҳисор томон чекинган вақтда Ма Дўрхи Са қўмондонлигида дунганлар Қошғарга юриб, 1934 йил декабрида шаҳарни ишғол қилдилар. Собит Домулла бошчилигидаги Шарқий Туркистон хукумати Янги Ҳисорга қочишга мажбур бўлди. Дунганлар Қошғарда 7000 кишини ҳаётидан жудо қилган бир қатли ом кечаси уюштирдилар.

Шарқий Туркистон жумхурияти хукумати бир томондан озод қилинган ўз ерларини жанг билан ҳимоя қилса, иккинчи томондан, жумхуриятни ўз ўқйўриғига эга қилиб, уни мустаҳкамлашга интилди. «Мустақил жумхурият» 1933 йил 3 декабрда ўқйўриқ лойиҳасини нашр этди. 30 модда бу лойиҳанинг қуйидаги бўлимлари эътиборга лойиқдир: Ўқйўриқ асослари:

1. Шарқий Туркистон жумхурияти шариат асосларига суяниб, бизга саодат ва шариф келтирувчи Қуръон таълимотларига кўра бошқарилади.

2. Шарқий Туркистон давлати жумхуриятчилик асосида тузилиб, миллатнинг равнақи ва саодатига хизмат қилади. Давлат миллатни ташқаридан бўладиган тажовузлардан қўриқлашга бурчлидир. У ислом динини, миллийликни, маданият ва иқтисодий масалаларни ҳимоя қилади. Миллат иродасини бажо келтириш ва давлат мустақиллигининг кафолатини таъминлаш учун Нанкиндаги (Хитой жумҳурияти пойтахти - муаллиф) хукуматга ва мустақилликни ҳимоя қилиш тадбири сифатида Миллатлар ташкилотига мурожаат қилади.

Марказий идора.

3. Давлат идорасининг бошида шариат бўйича иш юритадиган давлат раиси (амирул мўминин) туради.

4. Давлат халқ билан маслаҳатлашадиган парламентга суяниб иш кўради, миллатнинг иродаси ва орзуси унинг халқ вакиллари орқали ифода этилади.

Нозирлар кенгаши.

5. а) Давлатни идора қилиш учун мўминларнинг раиси (амирул мўминин) бошчилигида пойтахтда нозирлар кенгаши ташкил этилади. Унинг бошида «бош нозир» туради. Нозирлар кенгаши аъзолари 9 нозирдан иборат: дин ва адолат, мудофаа, молия, ташқи ишлар, ички ишлар, савдо ва қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим-тарбия, вақфлар ва соғлиқни сақлаш нозирликлари.

Бу 9 нозирлик иккига ажратилади. Биринчиси: мудофаа ва иқтисод гуруҳи бўлиб, унга мудофаа, ташқи ишлар, молия, савдо ва қишлоқ хўжалиги, саноат нозирликлари киради. Бу гуруҳни нозирлар кенгаши ра-исининг биринчи ўринбосари бошқаради. Иккинчи гуруҳга ички ишлар, дин ва адолат, таълим-тарбия, вақф ва соғлиқни сақлаш каби маданий нозирликлар кириб, уни нозирлар кенгашининг раиси иккинчи ўринбосари бошқаради.

Давлат раисининг бурчлари.

6. б) Шарқий Туркистон Ислом жумхуриятининг давлат раиси хукуматни идора қилади ва хукуматнинг улуғ отаси ҳисобланади. У давлат раиси ва бош қўмондон сифатида диннинг, миллатнинг ва ватаннинг саодати, осойишталиги ва истиқболи учун хизмат қилади.

в) Давлат раиси миллат мажлисида 4 йилга сайланади. Фақат ислом, ватан ва миллат озодлиги учун қаҳрамонларча жанг қилиб, мустақиллигимизни таъминлаган ҳозирги давлат раисимиз Хўжа Ниёз Ҳодим умри бўйи давлат раисимиздир ва унинг хислатларини бутун миллат ҳамда аскарларимиз тасдиқ қилади.

г) Давлат раиси бош нозирини тайинлайди ва давлат идорасининг нозирлар кенгашини тасдиқлайди.

Изоҳ. Давлат раиси миллат мажлиси тўплангунича бош нозир ва нозирларни мажлис тасдиғи учун тавсия қилади.

д) Нозирлар кенгаши қарорларини давлат раиси тасдиқлайди. Агар қарор рад қилинса, нозирлар кенгашига қайтадан кўриб чиқишни таклиф қилади. Давлат раиси билан бош нозир ёки нозирлар кенгаши орасида келишмовчилик юзага келган тақдирда бош нозир истеъфо бериши лозим. Давлат раиси эса янги нозирлар кенгаши тузади.

е) Шарқий Туркистонга юборилган элчилар, делегациялар ташқи ишлар нозири иштирокида давлат раиси томонидан қабул қилинади.

ж) Давлат раиси олий бош қўмондон сифатида Шарқий Туркистон қўшинига бош нозир ва мудофаа нозири орқали буйруқ беради.

и) Давлат раиси Шарқий Туркистон ислом жумҳурияти кенгаши ва музокаралар асосида ташкил топганлигидан нозирлар кенгаши қарорларини қабул қилиши ёки рад этишида кўпчиликнинг раъйига қараб иш тутиши лозим.

Бош нозир бурчлари.

7. Бош нозир барча нозирларнинг раисидир. Шунинг учун ҳам ҳамма нозирликларнинг масалалари билан 797 «Ҳожи» сўзи ҳажга бориб келганларга ҳурмат билан мурожаат қилишда ишлатилади. Хўжа Ниёз бор жойда Шарқий Туркистонда бошқа кимсага «ҳожим» деб мурожаат қилинмасди.

шуғулланиш ва назорат қилиш ҳуқуқига эга. У айни замонда нозирлар кенгашининг ҳам бошлиғидир. Бош нозир ҳафтада бир марта, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно, нозирлар кенгаши ўтказиши керак. Бу кенгашда хукуматнинг барча тадбирлари кўриб чиқилади ва қарорлар қабул қилинади. Булар эса «Нозирлар кенгаши қарорлари» номи билан миллат мажлисига ҳавола этилади. Қарорлар кўпчилик томонидан маъқулланса, у «қонун» тусини олади. Миллат мажлиси тўпланмаса, қарорлар подшога(Бу ўринда «давлат раиси» ва «қирол» тушунчаларини аралаштириб юбориш муайян мақсадга мувофиқ қилинган. Ҳозиргача ягона «давлатраис» ҳақида сўз кетмоқда.) ҳавола қилинади. Нозирлар кенгаши қарорлари подшо ёки ҳукмдор тарафидан тасдиқланса, у «қонун» тусига киради. Нозирлар кенгаши қарорлари «низомномалар» деб номланади.

Миллий идора шуъбаси.

8. Давлат ислом динининг асосий тамойилларига суянган ҳолда тузилиши учун дин ва адолат нозирлиги ташкил қилинади. Адолат нозири шайхулислом ҳуқуқига эга. Адолат нозирлиги қошида бир муфти бошчилигида фатволар шуъбаси (бобўл фатаво) бўлади. Адолат нозирлиги қози ва ҳукумат ўртасида воситачилик ролини ўйнайди. Минтақа муфтилари сайланмайди. Адолат нозири (айни пайтда шайхулислом) ва бош ҳоким (қозилар бошлиғи) маҳкамаларнинг раисларини тайинлайди. Адолат нозири тафтиш йўли билан ҳокимлар ишини текширади. Қонунлар шариатга мос бўлишини назорат қилиш адолат нозирлиги зиммасидадир. Адолат нозирининг вазифаларидан бири ҳибсхоналардаги тартиб, маданий шароитга уйғун қурилишларни назорат қилиб боришдан ҳам иборатдир.

Мудофаа вазирининг вазифалари.

9. Мудофаа нозирининг вазифалари мамлакатни ташқи душманлардан қўриқлай оладиган даражадаги қўшинни ташкил қилишдан иборатдир. Бунинг учун дастлаб ҳарбий ўқув юрти очиш лозим. Бу ўқув юрти четдан чақирилган мутахассислар билан таъминланиши керак. Нозирлик қўшин учун зарур бўлган саноат корхоналари қуришни бошлаши даркор. Бошқа давлатларнинг ҳарбий тайёргарликларини ва максадларини ўрганиш учун ҳарбий кузатувчилар ҳозирланади. Шарқий Туркистон учун энг зарур вазифа ташқаридан ҳарбий ҳайъат ташкил қилишдир. Бу ҳарбий ҳайъат пиёда, суворий, тўпчи, учоқ ва танк ихтисослиги ўқитувчиларидан бўлиши мақсадга мувофиқдир. Булардан ташқари кимёвий моддалар, мудофаа мутахассислари ва иншоотлари тайёргарлиги кўрилади(10-16-моддалари ташқи ишлар, ички ишлар, вақф, молия, сав-до, деҳқончилик, таълим-тарбия ва соғлиқ нозирликларининг вазифа ва мажбуриятларини таърифлайди. 17-19-моддалари вилоят, туман, шаҳар қишлоқларни идора қилишни таърифлайди. 30-модда бутун давлат миқёсида янгича идора усулини эгаллаган ҳукумат назорат маъмурларининг мавқе ва кучлари ҳақида баҳс юритади. Ўқ-йўриқ лойиҳасининг асл матни учун қаранг: УТ, 1934, 53-сон, 31-36 б.; 54-сон, 32 - 35 б.; 55-сон 29 - 32 бетлар.).

Хитой хукумати Шарқий Туркистон хукумати ҳарбий кучларига қарши уруш қилиш учун 1934 йил февраль ойида Урумчида фавқулодда кафолатга эга бўлган ва ички ишлар нозирлигига бўйсунган шошилинч комиссия тузди. Бу комиссия Шарқий Туркистон миллий озодлик ҳаракатини йўқ қилиш учун шиддатли ҳарбий операция уюштириши ва қўзғолончилар раҳбарлари билан музокаралар олиб боришни мўлжаллар эди. Хитой хукумати Шарқий Туркистон Бош волисига ҳам ҳаракат қилиш учун тўлиқ эркинлик берди.

Хитой бош волиси Чин анчадан бери Шўро иттифоқи хукумати билан ҳамкорлик қилиб келарди. Бош волининг вакили Чин Чи Сан (ташқи ишлар масалалари бош-лиғи) билан шўро вакили Славутский орасида 1931 йил 1 октабрда имзоланган савдо битимига мувофиқ шўролар Шарқий Туркистоннинг барча муҳим шаҳарларида савдо бюролари очиш ва тижорат эркинлигидан фойдаланиш ҳукуқини кўлга киритган эдилар. Бунга жавобан руслар бош волини ҳарбий жиҳатдан қўллаш ваъдасини берганди. Шўро руслари ҳарбий ёрдамини 1933 йилгача кечиктириб турди ва ундан кейин фаолиятини кенгайтириб юборди. 1933 йилда ўз ихтиёридаги 10000 манчжур аскарни Хитойга берди. Кейин эса 7000 шўро аскарини хитой ҳарбий кийимида урушиш шарти билан жўнатди. Руслар 20 учоқ, 11 зирхди арава, 30 танк ва 500 юк машиналари ҳам юборди. Бир шўро полки захира сифатида тақдим қилинди. Хитой бош волиси билан шўро руслари орасидаги бу олди-бердидан Хитой хукумати бехабар бўлган дейишади. Бош воли Чин русларга мутлақ содиқ эди. Ўша вазиятда ҳокимият русларга содиқ бир шахсга берилиши ҳам керак эди. Бундай киши генерал Шенг Ши Цай бўлиб, у Шўро иттифоқи КП аъзоси, аммо Хитой КПсига аъзо эмасди. Шенг Ши Цай Шарқий Туркистонга ўрнашиб олган шўро қисмларининг ёрдамида 1933 йил 13 апрелда Чиннинг ўрнини эгаллаб, ўзини бош воли деб эълон қилди. Хитой хукумати ҳам уни тасдиқлади. Руслар эса унинг орқасидан Шарқий Туркистонда ўз уйида юргандай юрди(Бой ўлка Шарқий Туркистонда шўро сиёсати ҳақида қаранг: Li Chang, Modellfall Sinkiang, «Ost-probleb», 6-йил, 1954 й. 20-сон, 799 -807 6.). Фақат Шенг Шўро иттифоқидан ҳеч қандай ёрдам сўрамади. Шўро руслари бўлса, бу ердаги нуфузини яна ҳам мустаҳкамлаш учун аскар киритишни хохдарди. 1933 йил охирларида Или ўлкасидаги Хитой ҳарбий қисмлари қўмондони Чанг Пей Юан Шенга қарши юриш қилди. Шенга қарши уч томондан (Шарқий туркистонликлар, дунганлар ва Чанг) тахдид қилинди. У саросимага тушиб, шошилинч равишда руслардан мадад сўради. Генерал Погодин тез ҳарбий ёрдам ташкил қилди. 1934 йили Урумчига 7000 шўро аскари кириб келди. Шўро ҳарбий кучлари Чангнинг исёнини бостириб, айни пай-тда Или ўлкасини босиб олдилар. 1934 йилнинг бошларида «Олой кўнгиллилари» номи билан 3000 кишилик бир қисм Олой минтақасига киритилди. «Сиёсий бюро (СССР Сиёсий бюроси] ГПУ қисмларидан 2 полкка қизил қўшин қисмлари билан бирга йўлларни кузатиш ва Шарқий Туркистондаги қўзғолонни бостириш ҳақида кўрсатма берди. Қизил аскарлар бош воли Чин ва 1931 йили қайтадан ташкил қилинган полковник Паппенгут бошчилигидаги рус ҳарбий қочоқлари (1800 киши) билан ҳамкорлик қилди.

Шундай қилиб, Шарқий Туркистон рақиб кучлар беллашадиган очиқ бир майдонга айланди. Шарқий Туркистон миллий ҳукумати зиммасига эса бир вақтда хитойлар, дунганлар ва руслар билан кураш олиб боришга тўғри келди. Бу вазиятда туркистонликларнинг қуролли қўзғолонга умид қилишининг ҳам иложи йўқ эди. Дунё матбуотида - Япония ва Англияда Туркистондаги қўзғолонни ёқлаган мақолалар эълон қилинди. Бу шўро ташвиқотининг айни мақсади эди. Япония ва Англия Туркистондаги вазиятни ўрганар, аммо фаол бир амалий сиёсат олиб бормасди. Япония 1931 йилдан бошлаб Шарқий Туркистонда олиб борилаётган сиёсат билан шуғулланишга киришди, фақат бу йўлда бирор бир амалий ҳаракат қилмади. Шўролар ҳам япон ҳукуматининг Абдукарим исмли бир усмонли туркни Шарқий Туркистон қироли қилиб тайинлаганлиги ҳақида овоза тарқатди. 1934 йили Япония ташқи ишлар нозирлиги бу миш-мишлар ёлғонлиги ҳақида баёнот берди. Шунга қарамай, Япония ташқи сиёсати «Мустақил Шарқий Туркистон давлати» ташкил топишининг тарафдори эди(1934 йил 4 апрелда «Le Temps» УТ, 1934, 53-сон 38-бетда, 82-6., Otte, Mohemmedaner bewegung, 2 зикрни айтади.). Иккинчи томондан, японлар 1934 йилдан бери Шарқий Туркистонда ўз жосуслари воситасида шўро русларига қарши иш олиб бормоқда эди(Lattemore, pivot of Asia, 212-6. Шарқий Туркистондаги япон жосусларининг исм-шарифлари «...» да баён қилинган, 1-сон. Қиёсланг: Lattemore, 209-6.). Шўро русларининг Шарқий Туркистонга суқилиши ва бунга Хитой ҳукуматининг кўз юмиши Япония ва Англия бу мамлакат ишларига аралашиб, миллий озодлик ҳаракатини, айниқса, қўллаб-қувватлашлари ахлоқан тўғри ҳодисадир. Осиёдаги ўз мавқелари ҳақида бош қотирган кўпгина давлатлар Шарқий Туркистондаги миллий можароларга аралашишни истамадилар. Халқларнинг миллий озодлик ҳуқуқига амал қиламиз, деб оғиз кўпиртирувчи шўро руслари эса аксинча, миллий мустақилликка қарши курашда куч-ғайратларини аямадилар. Шарқий Туркистондаги мавқеини кучайтирмоқ ва у ердаги миллий озодлик ҳаракатини, айниқса, Ғарбий Туркистонга ёйилиб кетишининг олдини олмоқ учун Хитой ҳукуматининг содиқ иттифоқчисига айланди.

Шарқий Туркистон хукумати бор кучи билан миллий мустақиллигини ҳимоя қилаётган бир даврда, давлат раиси Хўжа Ниёз Ҳожи шўро руслари сиёсий ўйинининг қурбони бўлди. Бу инсон ватанпарвар ва фавқулодда истеъдодли қўмондон эди, аммо у «билимсизлиги учун» обрўсизлантирила бошланганди.

1933 йили Хўжа Ниёз Тошкентга қурол сотиб олиш учун бир ҳайъат юборди. Шўролар 1200 милтиқ, 10000 пулемёт етказиб беришга ваъда берди. Бунинг эвазига олдиндан 50 кг олтин олди. Ундан анча олдин 1932 йилнинг бошларида мўғул Жонсин Дўрға бошчилигида шўро руслари Хўжа Ниёзга бир ҳайъат жўнатиб, Шарқий Туркистон ҳам Ташқи Мўғулистон каби бир мустақил давлат бўлиши учун шўролар иттифоқи ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар. Бироқ Хўжа Ниёз шўролар билан ҳамкорлик хусусида битим тузишга рози бўлмади. Ҳайъат мақсадига ета олмай орқага қайтган эди.

Шўролар 1934 йил февралининг ўрталарида ишончли одамлари воситасида Хўжа Ниёзни «музокаралар олиб бориш учун» Эргаштомга чақирди. Хўжа Ниёз нозирлар кенгашига ҳам хабар бермасдан, шўролар қўли остидаги мазкур ерга борди. Эргаштомдаги музокара ниҳоятда қисқа бўлди. Хўжа Ниёз олдига имзолаш учун тайёр битим матни қўйилди. Шўро ҳайъати таркибига кирган Никашов шундай эътироф қилади: «Талабларимизни қабул қиласизми? Сиз битимни имзоламасангиз ҳам биз тезда Шарқий Туркистонда бўламиз. Хукуматимиз кўпдан бери Шарқий Туркистон учун миллион-миллион сарфламоқда. Биз Шарқий Туркистонда бир тартиб ўрнатмоқчимиз ва уни қўриқламоқчимиз»(Ярчек - (Ҳайит), Шарқий Туркистон ва Русия, МТ, 1950, 68-сон, 26-6.). Хўжа Ниёз шартномани имзолади.

Бош нозир Собит Домулла 1934 йил 25 февралда Шўро иттифоқи билан ахднома тузилганлигини маълум қилди. 1934 йил 2 мартда 11 нозир ва қўмондонлар иштирокидаги нозирлар кенгаши Собит Домулла бошчилигида тўпланди. Бу тўпланиш кун тартиби: «Хўжа Ниёзнинг Шўро иттифоқи билан Эргаштомда шартнома тузишига доир Собит Абдулбоқининг билдириши» эди. Қайдномада шундай матн бор: «Собит Абдулбоқи «Хўжа Ниёз ҳожининг бош нозир ва нозирлар кенгашига йўллаган 25 февраль (No308) мактубига биноан англашиладики, Хўжа Ниёз Ҳожи шўролар иттифоқи билан қуйидагича битим тузган:

1. Хўжа Ниёз Ҳожи бундан буён Нанкин хукумати билан алоқани узиб, Шарқий Туркистонни Русия ҳимояси остида ички мустақилликка эга бўлган бир ўлка деб эълон қилади.

2. Шарқий Туркистон мустақиллиги бекор қилиниб, Ислом жумҳурияти тарқатилади ва у (ҳукумат аъзолари) Урумчидаги Шенг хукуматига топширилади.

3. Давлат раиси вазифасидан воз кечганидан сўнг Хўжа Ниёз ҳожи умр бўйи Шарқий Туркистон фуқаролар волиси қилиб тайинланади.

4. Шарқий Туркистон ерларидаги миллий қуролли кучлар Шенг ихтиёрига ўтиши учун ҳожи қатъий чоралар кўради.

5. Хўжа Ниёз ҳожи дунганлар, хўтанликлар, ўзбеклар, қирғизлар ва қозоқларнинг миллий қўшинларини қуролсизлантириш ва Шарқий Туркистонда тартиб ўрнатиш учун манчжур, хитой ва рус аскарларига ёрдам бериши ҳамда Урумчидан бошқа олтита шаҳарга эркин ҳаракат қилиш учун хомилар ва турфонликлардан ташкил топган Маҳмуд Сижанг қўл остидаги аскарларни Шенг тасарруфига ўтказади.

6. Манчжур аскарларини шўролар иттифоқидан Шарқий Туркистонга жўнатиш учун воли Шенг билан Шўро иттифоқи орасида аввал тузилган шартнома ўз кучида қолади.

7. Жумхуриятда хизмат қилаётган хорижий хдрбий мутахассислар дарҳол ишдан бўшатилиб, Шарқий Туркистондан чиқариб юборилади.

8. Шўро хукумати Шарқий Туркистоннинг Ички Хитой (Нанкин), Манчжурия ва бошқа кучлардан ҳамда эҳтимолдаги ҳар қандай таҳликадан ҳимоя қилишни зиммасига олади.

9. Шўро хукумати Шарқий Туркистоннинг тикланиши ва тараққиётига ёрдам беради.

10. Тартиб ўрнатилиши заҳоти дарҳол низомли ва замонавий бир қўшин тузилади. Бу мақсадда шўро хукуматига (СССР) ҳарбий ҳайъат жўнатиб, буйруққа тайёр турган офицерлар (субайлар) тайинланади.

11. Урумчидаги хукумат билан (Шенг хукумати муаллиф) Шўро иттифоқи орасида сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик борасида алоҳида бир шартнома қайд қилинади.

Нозирлар кенгашининг қарори:

1. Миллатдан кафолат олмасдан Шўро иттифоқи давлати билан, болшевиклар билан Эргаштомда миллат манфаатига зид, ғайриқонуний бир аҳднома тузган Хўжа Ниёз Ҳожининг хатти-ҳаракатлари Туркистон туркларига бир хиёнат деб қаралсин.

2. Хўжа Ниёз билан Шўро иттифоқи орасида қайд қилинган 12 моддадан иборат битим ғайриқонуний деб топилсин.

3. Узоқ йиллардан сўнг беҳисоб қурбонлар эвазига қўлга киритилган Шарқий Туркистон миллий мустақиллигини яна йўққа чиқариш учун қилинган уринишлар Туркистон туркларини гум қилишдан бошқа мақсадга эга эмас. Шу боис Шарқий Туркистон турклари миллий озодлигини ҳимоя қилиш учун керакли курашга киришга тайёрдир. Хўжа Ниёз Ҳожи хиёнати учун лаънатларга учрасин.

4. Шарқий Туркистон турклари шўро хукуматининг хукмронлигини қабул қилишга асло рози бўлмайди. Шунинг учун миллатнинг норозилиги Қошғардаги рус консуллиги орқали Шўро иттифоқи хукуматига билдирилсин.

5. Шарқий Туркистонни шўро аскарлари тарафидан ишғол қилиниши миллатлараро қоидаларга хилоф ва қизил империализмнинг Шарқий Туркистонга қарши тарихда мисли кўрилмаган бир тажовузидир. Қизил болшевикларнинг ғайриқонуний қилмишларини ўз хукуматларига етказишни Қошғардаги барча консуллардан илтимос қилинсин.

6. Шўролар Хўжа Ниёз билан тузган мантиқсиз шартномасидан фойдаланиб, Шарқий Туркистонни босиб олиш ниятидадир. Шу туфайли ташқи ишлар нозирлиги ва бош қўмондон душман тажовузига қарши мудофаа чораларини кўриши лозим.

7. Ҳозирги тахдикали ҳолатда миллатимизнинг барча табақалари сафарбар қилинсин.

8. Қизил болшевиклар ва манчжурларнинг рус ерларидан - Чугучакдан Шарқий Туркистонга киришини тўхтатиш учун Шарифхонга (Олой ўлкаси ҳукмдори -муаллиф) тез буйруқ берилиши лозим.

9. 1934 йил 10 мартида Буюк миллат мажлиси чақирилсин.

10. Хўжа Ниёз ҳожи билан шўро хукумати битими юзасидан нозирлар кенгаши қарори буюк миллат мажлиси муҳокамасига қўйилсин.

11. Агар Хўжа Ниёз ҳожи нозирлар кенгаши хоҳишига бўйсунмаса ва ниятидан воз кечмагани тақдирда давлат раислиги ва бош кўмондон вазифасидан бўшатилиши масаласи буюк миллат мажлисига ҳавола қилинади.

12. Хуқуқимизни ҳимоя қилиш учун Нанкинга (Хитой хукумати - муаллиф). Японияга ва миллатлараро ташкилотга мурожаат қилинади.

Имзолар:

Бош вазир Собит Абдулбоқи

Котиб Сўфизода

Хўжа Ниёзга нозирлар кенгаши қайдномасидан бир нусха берилди. Хукуматнинг қароргоҳи Янги Ҳисорда эди. Хўжа Ниёз руслар ва хитойлар билан бирлашиб, хукуматга қарши кенг кўламда ҳаракат бошлашга қарор қилди. 1934 йил 16 апрелда хукумат аъзоларини тутиб, ҳаммасини Кансуда Хитой маъмурларига топширди. Ҳақиқатан ҳам, бир вақтлар миллий озодлик ҳаракатининг ҳақиқий қаҳрамонидан ашаддий хоин пайдо бўлди. Давлат раисининг бу ҳаракати Шарқий Туркистон жумхуриятининг аянчли ички фожиаси эди. Давлат раиси ўз авлодларини бўғизларди. Хўжа Ниёз ҳожининг тутган йўли турклар тарихида мутлақо учрамаган ҳодиса эмасди(Шарқий Туркистоннинг миллий фожиасига доир. Қарор рақами, 30. УТ, 1935, 71-сон, 19 - 25 бетлар (қайднома ва фотонусхаси билан) Мудофаа нозири ва бош қўмондон вакили Султонбек Бахтиёрбек 1934 йил 3 мартда Хўжа Ниёзга йўллаган мактуб номи зикр қилинган манбанинг 26 - 27 саҳифаларидан ўрин олган. Султонбек, жумладан, шундай деб ёзган эди: «Эргаштомдан хос одамингиз орқали юборган хатингизни ўқиб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Хўжа Ниёздай одамимиз шундай ишларга қўл уради, деб ким ўйлабди, ёқа ушлайсан киши».). Ҳар қандай раҳбар ҳокимиятнинг энг юқори поғонасига эришгач, атрофидагилар билан ҳисоблашмасдан, ҳар бир масалани шахсан ўзи ҳал қилишга одатланиши тез-тез учраб турадиган ҳолат.

Ҳукумат аъзолари қамоққа олинганидан сўнг хам миллий қуролли кучлар курашни давом эттирди. Шунга қарамай, улар хитойлар, руслар, дунганлар ва генерал Маҳмуд бошчилигидаги Хўжа Ниёзнинг бирлашган хдрбий кучлари зарбасига бардош бера олмадилар. Шарқий Туркистон жумхурияти хукумат аъзоларидан уч нозир ва бир неча таниқли арбоблар қочишга муваффақ бўлди(Шарқий Туркистон жумхуриятидан қочиб улгурганлар орасида қуйидагилар бор: Муҳаммад Қосим ҳожи (ташқи ишлар нозири, Покистонга); Султонбек Бахтиёрбек - мудофаа нозири (1960 йилгача Таис - Саудия Арабистонида, кейин Марғилонда); Абдулла Эшон Хўжа Хони - озодлик жамияти раиси ва соғлиқ нозири (асли тошкентлик, Мунаввар Қорининг дўсти. Шўроларга қарши курашган. 1924 йилда Шарқий Туркистонга келган. Ҳимолай тоғидан ошишда вафот қилди); Қудратиллахон - кўмондонлардан бири (асли марғилонлик. Оммонда яшаб, 1960 йилда вафот этди).).

Бош нозир Собит Абдулбоқи ва адолат нозири Зариф Қори 1934 йил июлида Оқсувда, тижорат нозири Сотиболдихон (1908 йили Марғилонда туғилган) Тошқўрғонда қатл қилиндилар. Шарқий Туркистон мустақиллигига қарши курашда руслар 200000 дан ортиқ мусулмонни ўлдирдилар(Vakar, the Annexion, 1935, 121-бет.). Миллий-сиёсий кучларнинг, хитойликлар қўлидан қанча туркистонликнинг мурдаси ўтганлиги ҳанузгача номаълум қолмоқда. Миллий мустақиллик жаллодлари 1934 йил августида ғалаба нашидасини сурдилар. Хўжа Ниёз Урумчи бош волиси ёрдамчиси этиб тайинланди. Аммо у 1937 йил майидаги генерал Абдуниёз қўзғолонини қўллагани учун қамоққа олинди ва 1942 йил апрелида газхонада қатл этилди(Шарқий Туркистон мустақиллигига Хўжа Ниёз ҳожи билан бирга хиёнат қилган генерал Маҳмуд Қошғарда хитойлар итоатидаги турк қисмларининг кўмондони эди. Кейинроқ коммунистлар нуфузига қаршилик кўрсатди. Унга уюштирилган муваффақиятсиз суиқасддан сўнг 1937 йил апрелида Ҳиндистонга қочди. Турк қисмининг миллийлик кайфиятидаги субайлари (офицерлари) Абдуниёзни қўмондон қилиб сайладилар. Ушбу турк ҳарбий қисм 1937 йил 17 майда Қошғарни ишғол қилди. Абду Ниёз бу ердан Ёркентга хдм хужум қилди ва шу ердаги жангда 1937 йил 15 августда шаҳид бўлди.).

Др.Боймирза Ҳайитнинг

"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан