XIV аср ўрталарида Чингизхон эгаллаб олган ерлар унинг меросхўрлари қўл остида бўлса ҳам, бу ерлар майда бўлакларга бўлиниб кетиб, уларда тожу тахт, ҳокимият учун ўзаро низолар кучайиб кетган эди. 1348 йилга келиб Шарқий Туркистон ерларида Мўғулистон феодал давлати ташкил топди, унинг хони этиб Чиғатой авлодидан Туғлуқ Темур кўтарилди. Туғлуқ Темур дастлабки даврларданоқ ўз ерларини кенгай-тириш мақсадида Мовароуннаҳр ерларига бир неча ҳарбий ҳаракатлар уюштирди. Мана шундай ички ўзаро урушлар авж олиб, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий инқироз кучайиб борган даврда тарих майдонига мўғул босқинчиларига қарши курашда ном чиқарган буюк соҳибқирон, моҳир саркарда Амир Темур кириб келди.
Амир Темур Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида Барлос бекларидан Муҳаммад Тарағай оиласида 1336 йил 8 апрелда дунёга келган. Унинг амакиси Ҳожи Барлос Кеш шаҳрининг ҳокими эди. Темур ёшлигиданоқ ҳарбий маҳоратга эга шахс бўлиб, у ўз атрофига барлос уруғидан чиққан ёш жангчиларни тўплаган эди. 1360-1361 йилларда Туғлуқ Темур ҳеч қандай қаршиликсиз Мовароуннаҳр ерларига бостириб кирганида Ҳожи Барлос Хуросонга қочади. Ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор ҳиссиёти кучли бўлган ёш Темур эса амакиси ҳокимлик қилиб турган ерларини душман қўлига бермаслик учун Туғлуқ Темур хизматига киради ва тез орада унинг ишончини оқлаб, Кеш вилояти ерларига ҳокимлик қилиш учун ёрлиқ олади.
Амир Темурнинг бу иши Мовароуннаҳрда сиёсий тарқоқлик, ўзаро курашлар ва бошбошдоқлик ҳукм сурган даврдаги бирдан-бир тўғри йўл эди. Чунки Мовароуннаҳр амирларининг Туғлуқ Темурга қарши бош кўтариб чиқиши мўғул босқинчиларининг Мовароуннаҳр ерларини яна бир бор вайрон этишига олиб келиши муқаррар эди.
Туғлуқ Темур 1361 йилда Мовароуннаҳр ерларини бошқаришни тажрибасиз ўғли Илёсхўжага топширади. Лекин Темур Илёсхўжага хизмат қилишдан бош тортиб, ўша вақтда Балх ҳокими бўлиб турган Амир Қозоғоннинг набираси Амир Ҳусайн билан иттифоқ тузади. Темур ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида мўғулларга қарши кураш бошлайди. Маҳаллий ҳокимият учун бўлган жангларнинг бирида, аниқроғи Сейистонда туркманларга қарши бўлган жангларда ўнг қўли ва ўнг оёғидан яраланиб бир умрга оқсоқ бўлиб қолади.
1363 йилда Туғлуқ Темурнинг вафоти Мовароуннаҳр учун бўлган курашларни ку-чайтириб юборади. Лекин мўғул босқинчилари осонликча Мовароуннаҳр ерларини бермасликлари маълум эди. Шу муносабат билан Амир Темур ва Туғлуқ Темур вафотидан сўнг Мовароуннаҳрдан ҳайдалган Амир Ҳусайннинг бирлашган қўшинлари 1365 йилда Илёсхўжа қўшинларига қарши иттифоқликда кураш бошлайдилар. Тошкент ва Чиноз оралиғида бўлган машҳур «лой жанги» иттифоқчилар ўртасидаги келишмовчилик туфайли мағлубият билан тугайди. Ушбу воқеалардан сўнг Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасида дастлабки ихтилоф бошланади. «Лой жанги»да ғалабага эриш-ган Илёсхўжа учун Мовароуннаҳрга кенг йўл очилган эди.
У катта қўшинлар билан Самарқандга юриш бошлайди. Бу пайтда Самарқанддаги Мавлонзода ва Абу Бакр Қалавий бошлиқ сарбадорлар Илёсхўжага қарши чиқадилар. Маҳаллий аҳолининг ватанпарварлик намуналарини кўрсатиб қаршилик қилганликлари туфайли Самарқандни бир оз қамал қилиб турган мўғул қўшинлари Мовароуннаҳрни бутунлай тарк этишга мажбур бўладилар.
Мовароуннаҳрда мўғуллар устидан қозонилган ғалаба ҳақида хабар эшитгач, Амир Темур ва Амир Ҳусайн Мовароуннаҳрга йўл олиб Самарқанд яқинидаги Конигил деган жойда сарбадорларнинг раҳбарлари билан учрашадилар. Бу учрашувда ўзаро ке-лишмовчилик келиб чиқиб, сарбадорларнинг раҳбарлари ҳийла йўли билан ўлдирилади. Мовароуннаҳрда Самарқанд тахтини Амир Ҳусайн эгаллаб, унинг ҳукмронлиги тикланади. Шу вақтдан бошлаб Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашиб кетади.
Бу вақтга келиб бутун Мовароуннаҳр ерларида ўзаро урушлардан сўнг ижтимоий-иқтисодий аҳвол оғирлашиб кетган эди. Мана шундай бир вақтда, мамлакатда ўзаро урушларга барҳам берадиган марказлашган давлат тизимини барпо этиш ниҳоятда зарур эди. Буни биринчи бўлиб англаган Амир Темур Амир Ҳусайнга қарши зимдан кураш олиб бориб 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтини эгаллашга муваффақ бўлади.
Ватан ҳақида қайғуриш, Ватан мустақиллигини тиклаш ҳақидаги фикрлар шу йил-лар юзага чиқиб, Амир Темур Балх шаҳрида чақирилган қурултойда Мовароуннаҳрнинг амири деб эълон қилинади. Темур ўз тасарруфида марказлашган давлатни юзага келтириш мақсадида Кеш шаҳридан Самарқандга кўчиб ўтиб, уни Мовароуннаҳрнинг пойтахтига айлантиради. Соҳибқирон аниқ мулоҳазалари билан халқни зулмдан озод қилиш ва узоқ йиллик бошбошдоқлик ҳукмрон бўлган ерда мар-казлашган давлат тузиш мушкуллигини сезганлиги сабабли дастлаб мамлакатни ташқи хавфдан сақлаш мақсадида асосини барлос уруғлари ташкил этган енгилмас ва жанговор миллий қўшин тузади, уларга катта имтиёзлар беради.
Темур давлат бошқарувида, ички ва ташқи сиёсатда асосан ўз қўшинларига суянганлиги сабабли ҳарбий ислоҳотга, яъни қўшин бошлиқларини танлаш, лашкар қисмлар, уларнинг жойлашиши, аскарларнинг қуролланиши ва ҳарбий интизом масалаларига кенг эътибор берган. У қўшинларини ўнлик, юзлик, минглик каби аскарий бирикмаларга бўлган. Унинг учун ҳар бир аскар жанг қилиш услубларини яхши би-лиши фарз ҳисоблаган. Амир Темур лашкарларга ҳам катта эътибор бериб, улар ни-зомни қатъий бажариши, жангда аёвсиз ва довюрак бўлиши, душманга юмшоқ муо-малали ва адолатли бўлиши лозим деб ҳисобларди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур аскарлари ичида тақводор, саховатли, художўй кишилар кўп бўлган. Улар бечо-раларга хайру эҳсон кўрсатиш, бошга оғир кунлар тушганда ёрдам қўлини чўзиш, асирларга юмшоқ муомалада бўлиш ва уларни озод этишга одатланганлар. Амир Темур доим жангда жасорат кўрсатган амирлар ва аскарларга алоҳида эътибор билан қаради. Натижада Соҳибқирон уюшқоқлик ҳукм сурган юз минглик қўшинлари ичида интизомни мустаҳкамлаш билан ўз давлатининг пойдевори бўлган қўшин тузишга муваффақ бўлди.
Темур Мовароуннаҳр тахтини эгаллаган вақтдан бошлаб, ўз давлати чегараларини мумкин қадар кенгайтиришга киришади. Шу мақсадда у Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни ўз тасарруфига олади. Хоразмга беш маротаба юриш қилиб, 1388 йилда уни бутунлай бўйсундиради, бу ерда ҳукмронлик қилаётган сўфийлар сулоласини тугатади. Темур ўзининг уч йиллик (1386-1388), беш йиллик (1392-1398), етти йиллик (1399-1405) юришлари давомида Озарбайжонда жалойирлар, Сабзаворда сарбадорлар давлатини, Ҳиротда курдлар давлатини тугатиб, Эрон ва Хуросонни ўз тасарруфига олади. 1394-1395 йилларда Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши юриш қилиб, унинг кўп сонли қўшинини мағлубиятга учратади ва Олтин Ўрда ҳудудини эгаллайди. Темурнинг бу ғалабаси Олтин Ўрдага жуда катта зарба бериш билан бирга Темур қўшинларининг Волга дарёси бўйларида бемалол юришларига ҳам кенг йўл очди. Таъкидлаш жоизки, Темурнинг бу ғалабалари тарих саҳнасида улкан аҳамият касб этди.
Амир Темур 1398 йилда Ҳиндистонга қилган юришида Деҳли шаҳрини, 1400 йилда Сурияга қилган юришида Ҳалаб ва Байрут шаҳарларини, 1401 йилда Дамашқ шаҳрини эгаллайди.
1402 йилда усмонийлар империясининг султони Йилдирим Боязидга қарши юришида уни мағлубиятга учратди. Бу ғалаба билан Темур Европанинг усмонийлар асоратига тушишини бир неча ўн йиллар орқага суриб юборди.
Темур 1404 йилда Кичик Осиёдан Самарқандга келади ва Хитойга юриш учун ҳарбий тараддуд кўради. Шубҳасиз, Темур бу юриш учун узоқ йиллар тайёрланиб, жанг учун керакли бўлган маълумотларни йиллар давомида тўплаган эди. 1404 йилда Темур 200 минглик қўшин билан Хитой сафарига отланди. Аммо Темурнинг қаттиқ бетоблиги туфайли унинг қўшинлари 1405 йилнинг январ ойида Хитойга яқин бўлган чегара шаҳар Ўтрор шаҳрида тўхтайдилар ва шу ерда 1405 йилнинг 18 февралида буюк соҳибқирон Амир Темур вафот этади.
Амур Темур давлатининг ички ва ташқи сиёсати
Темур ўзининг ҳаёти давомида ҳарбий истеъдоди, моҳир саркардалиги, дипломат-лилиги ва етук давлат арбоби бўлганлиги туфайли миллий юксалиш ва инсонпарвар-лик руҳи билан суғорилган улкан марказлашган давлат тузишга муваффақ бўлди. Соҳибқирон турк-мўғул анъаналарига амал қилган ҳолда ўз давлати ҳудудларини суюрғол (улус) тариқасида инъом қилиш йўли билан бошқарган. Темур Мовароуннаҳрдан ташқаридаги ерларини тўрт улусга бўлиб, фарзандларига инъом этди. Бу масаланинг эътиборли томони шундаки, гарчи соҳибқирон томонидан бўлиб берилган ерлар ички мустақилликка эга бўлсалар-да, лекин амалда батамом марказий ҳокимиятга бўйсундилар. Темурнинг ўта даражадаги зукколигини шундан билса бўладики, у улуслар ўртасида ўзаро низолар келиб чиқмаслиги учун уларнинг фао-лиятини доимо ўзи назорат қилиб туради.
Темур давлатининг энг кўзга кўринган ва муаммоли томони шундаки, соҳибқирон кичик бир вилоят доирасида тарбия топган бўлса-да, давлат мафкурасининг бошқарув таянчи кучли ҳокимият эканлигини тушунди ва давлат, салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдиган вазирларни танлашга ҳаракат қилди. Амир Темур вазир тўртта сифатга эга бўлиши лозим деб ҳисоблаган: биринчиси-асллик, тоза насллилик, иккинчиси-ақл-фаросатлилик, учинчи сисипоҳу раият аҳлидан хабардорлик, тўртинчиси-сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик.
Амир Темур ҳукмронлик қилган давларда давлатнинг марказий маъмурияти бошида девонбеги, аркбеги ва тўрт вазир турган. Вазирлар солиқлар йиғиш, мерос ишлари, аскарлар маоши ва уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, сарой харажатлари билан боғлиқ бўлган ишларни бажарганлар.
Бу даврларда ерга эгаликнинг баъзи турлари мавжуд бўлиб, улар суюрғол ерлар, вақф ерлар, жамоа ерлари эди. Хусусий ер эгалари тархон унвонини олганлар, дав-латга солиқ тўлашда баъзи имкониятларга эга бўлганлар, вақф ерлар масжид ва мадрасаларга қарашли ерлар бўлиб, улар солиқ тўлашдан озод қилганлар. Амир Те-мур даврида асосий солиқ даромад солиғи-хирож бўлиб, у олинадиган даромаднинг учдан бир қисмига тенг бўлган. Темур тузукларида ёзилишича, кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки ер ости сувларини тортиб оладиган иншоот қурса, ё, бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон ташландиқ ерни обод қилса, фақат ерни ўзлаштирганининг учинчи йили (биринчи, иккинчи йил умуман тўламаган) қонун доирасида хирож солиғи олинган. Ундан ташқари ушр, мол, сувлоқ каби солиқ турлари мавжуд бўлиб, улар йиллар давомида амал қилинган тартиб-қоидаларга биноан тўпланган. Солиқ тўпловчи солиқ йиғиш жараёнида солиқни яхши сўзлар билан тўплаши, аҳолини кал-таклаш ҳоллари, занжирбанд этиш ҳоллари келиб чиқмаслигини назорат қилиши шарт эди.
Амир Темур давлатни мустаҳкамлашда қонун-қоидаларнинг тутган ўрнига кенг эътибор берди. Француз олими Алфонс де Ламартин Амир Темур давлати ҳақида шу-дай деган эди: «Европа на Искандарда, на Атиллада ва на Московия зафарини қучган янги фотиҳ Наполеонда адолатли қонунлар асосига қурилган бундай бошқарувни бу-нёд этган эмас». «Давлат ишларини, — деб ёзган эди Амир Темур, — салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим».
Соҳибқирон мамлакат ободончилигига ҳам жуда катта эътибор берди. Дастлаб, Самарқандни пойтахт қилиб олгач, у жуда катта имтиёзларга эга бўлган шаҳарга ай-ланади. Соҳибқирон ҳаракати билан Самарқандда дунёнинг йирик шаҳарларидан келтирилган бинокорлар, меъморлар томонидан масжидлар, мадрасалар, мақбаралар бино этилди. Ҳатто ғарибларга озиқ-овқат берадиган ғарибхоналар, йўловчилар қўниб ўтадиган махсус жойлар ҳам қурилган. Шаҳар атрофи мустаҳкам деворлар би-лан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан дарвозалар қурилади. Темурнинг қароргоҳи сифатида ноёб маъмурий бино Кўксарой ва Бўстонсаройлар ҳам айнан шу ерда қурилади. Темур ноёб қурилишлардан ташқари Самарқанд атрофида ўзининг хешу ақраболарига атаб турли гўзал боғлар қурдирарди.
Темур улкан соҳибқирон сифатида ўзининг она юрти Кешга катта диққат-эътибор билан қаради. Ёзма манбалардаги маълумотларига қараганда, Амир Темур Шаҳрисабзда Оқсарой, жомеъ масжид, мадрасалар барпо эттиради. Соҳибқирондаги улуғ саҳоватнинг яна бир томони шунда эдики, у бепоён даштлар билан қамраб олин-ган Туркистон шаҳрини ҳам ободончилигига кенг эътибор берди. Жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қуриш билан бу ерда нафақат ободончилик, балки кўчманчи ва ўтроқ аҳоли орасидаги муносабатни яхши йўлга қўйиш, уруғлар ўртасида тинчлик сақлаш мақсади ётгани маълум.
Амир Темур даврида янги шаҳарлар, савдо ва ҳунармандчилик кенг ривожланган-лигини айтиб ўтмоқ лозим. Темурнинг саъй-ҳаракатлари билан Бухоро, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарлар савдо ва ҳунармандчилик марказлари сифатида ривожланиб борди. Айниқса, бу даврларда ҳунармандчиликнинг кенг ривожланиши шаҳарларда ҳунармандчилик маҳаллалари, савдо расталари сони ортиб боришида катта аҳамиятга эга бўлди. Соҳибқирон савдо йўллари ривожига, унинг тинчлигига кенг эътибор бериб борди. Шахсан ўзининг назорати остида савдо йўллари назорат қилиб борилиши савдо карвонларининг хавфсизлигини таъминлади.
Амир Темур давлатининг мафкураси ижтимоий-иқтисодий ҳаётни изга солиб йўналтиришдан ташқари сиёсий ҳаётда ҳам куч кенг йўлга қўйди. Соҳибқирон чет давлатлар билан алоқани кенг йўлга қўйди. У давр шарт-шароитларига кўра ташқи сиёсатда қатъий, фаол ҳаракат қилиб, ўз салтанати довруғини жаҳон миқёсига чиқара олди. Соҳибқироннинг Йилдирим Боязид устидан бўлган ғалабаларидан сўнг Франция, Англия, Генуя ва Византия эркин алоқаларни, савдогарлар ва мол алма-шишни таклиф этган. Шундай қилиб у Европа давлатлари билан яқин қўшничилик қилиш, савдо карвон йўлларини ривожлантириш нияти борлигини кўрсатиб ўз давла-ти шуҳратини Европага тарқата олди. Унинг салтанатини довруғи бу мамлакатларга етиб бориши билан Франция, Англия, Генуя, Византия, Испания каби давлатларнинг қироллари соҳибқирон билан сиёсий, иқтисодий, савдо алоқалари ўрнатишга интил-ганлар. Шу боис улар соҳибқирон ҳузурига мунтазам элчилар юбориб турганлар. Темурнинг чет давлатлар билан олиб борган дипломатик алоқаларида унинг ўғли Мироншоҳ кўп ёрдам берган.
Амир Темур даврида диний илмлар ва дунёвий фанлар барқарор бўлган. Соҳибқирон ўз даврининг фан ва маданияти жонкуяри сифатида шуҳрат қозонди. Те-ур тақводор руҳонийларга чуқур ҳурмат билан қаради. Уларнинг дуоларини олди, доимо камситилган мазҳаб тарафдорларини ўз ҳимоясига олди. Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзига яқин тутиб, уларни ранжитмаслик учун барча талабларини ба-жарди.
Ўрта Осиё халқларининг маънавий тараққиётида Темурнинг диний ва дунёвий би-лимларига эътибор бериши катта аҳамиятга эга эди. Соҳибқирон доимо илм аҳли ва уламо билан суҳбатда бўлиб, қалби тоза кишиларга талпинган. Темур давридаги илм-фан, меъморчилик, санъат соҳалари ўз даврига нисбатан ўта даражада ривожланиб, юксак маънавий бойлик даражасига кўтарилди. Шу даврнинг нодир қўлёзмалари та-рихнинг мўжизасига айланиб қолди.
Дин жамиятда мафкуранинг устунларидан бири бўлганлиги сабабли соҳибқирон динга кенг эътибор берди. У нафақат аскарларини, балки барча фуқароларини му-сулмончилик руҳида тарбиялашга ҳаракат қилган. Унинг доимо амал қилиб келган «Куч адолатдадир» деган сўзлари унинг давлатни бошқаришдаги юксак қобилиятидан далолат беради.
Машҳур муаррихлардан бири Низомиддин Шомий ўзининг «Зафарнома» асарида шундай ёзади: «... унинг адолатию сиёсати ўрнатилган кунларда Мовароуннаҳрнинг энг чекка жойларидагина эмас, балки Хўтан чегарасидан Деҳли ва Канбойит атрофигача, Бобил Абвобдан то Миср ва Рум ҳудудигача бўлган ерлардан савдогарлар у ер-да турсин, болалару, бева хотинлар ҳам ипакли матолар, олтин-кумуш ва энг зарур тижорат моллари келтирардилар ва олиб кетардилар. Ҳеч бир кимса уларнинг бир донига ҳам кўз олайтира олмайди ва бир дирҳамига ҳам зиён етказмайди. Бу чексиз неъмат ва поёнсиз марҳаматлар Амир соҳибқироннинг сиёсати ва адолати натижасидандир».
Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Темурнинг ҳаёти катта жангнома, у кўплаб мамлакатларни ўз тасарруфига олди. Лекин бу ердаги асосий масала-Темур шахсининг устунлигини ва идора қилиш қудратининг сирларини, моҳир саркарда ва тинч-лик пос-бони, фуқаро фаровонлиги раҳнамоси сифатидаги шахс эканлиги, унинг юк-сак меъморий иншоотлар қуришдаги ўрнини изоҳлаш, унинг ечимини топишдир.
«Темур тузуклари» — адолатли ҳамда кучли давлат барпо этишдаги муҳим қонун-қоидалар сифатида
Амир Темур ва темурийлар даврида ёзилган тарихий асарлар анчагина бўлиб, улар орасида «Темур тузуклари» буюк жаҳонгир ҳаётига ва фаолиятига бағишланган асарлар ичида шубҳасиз алоҳида аҳамият касб этади. «Темур тузуклари» жаҳоннинг машҳур кутубхоналаридан жой олган қимматли асардир.
«Темур тузуклари» икки қисм, 56 та банддан иборат тарихий ва ҳуқуқий асар бўлиб, унда соҳибқироннинг давлат тузилиш ва мамлакатларни бошқариш хусусидаги нуқтаи назари баён қилинади. Бу асардан кўплаб шарқ ҳукмдорлари ўзларининг фаолиятлари давомида фойдаланганлар ва унга юқори баҳо берганлар. Жумладан, Шоҳ Жаҳон (1628-1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821-1842), Бухоро амири Абдуллаҳадхон (1885-1910) «Тузукот» дан парчалар кўчиртириб, улардан ўз фаоли-ятларида фойдаланганлар.
«Тузуклар»нинг биринчи қисмида Амир Темурнинг етти ёшидан то вафотига қадар (1342-1405 йил 18 феврал) кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, ижтимоий тарқоқликка барҳам бериши ва марказлашган давлат тузиши, қўшни юрт ва мамлакатларни, маса-лан Эрон ва Афғонистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устихон, ниҳоят, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Туркия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.
Иккинчи қисми Соҳибқироннинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панду насиҳатларидан иборатдир. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу-тахт эгаларининг бурчи ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва ҳоказолар хусусида гап боради.
Амир Темур ўз олдига улуғ давлатнинг ички сиёсати ва ишчан давлат тизимини қадимий тажрибалардан ижодий фойдаланган ҳолда тузиш, ҳарбий сиёсатни замон талаби асосида тобора такомиллаштириб, мўғул истилоси асоратларини тезроқ бар-тараф этиб, хўжаликни оёққа турғизиш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни бир меъёрга тушириш ва ривожлантириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ислом динига ри-вож бериш, илм-фан, маданият, меъморчиликни тубдан ривожлантириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда жадаллаштириш каби долзарб вазифаларни қўйган эди. Унинг бундай саъй-ҳаракатлари катта куч-ғайрат, маблағ, билим ва оқилона тадбирларни талаб этар эди. Темур етук сиёсатдон ва моҳир давлат арбоби бўлиб, у ўзидан аввал ўтган ҳукмдорлардан фарқли равишда, давлат ва мамлакатни бошқаришда бир ёки икки табақага эмас, балки аҳолининг барча табақаларига суянган.