Марв истило қилингандан сўнг рус қўшинлари ҳаракатни тўхтатмади, балки Туркистон бўйлаб ичкарилаб бордилар. Бу ҳолатда Афғонистон билан Русия орасида урушни четлаб ўтиш иложсиз эди.
1885 йил 18 мартда Тошкўприкда афғонлар билан руслар орасида дастлабки тўқнашув бўлди. Бу жангда руслар ғолиб чиқиб, Реакс ва Кушка воҳаларини ишғол қилдилар. Шу билан қисқа уруш ниҳоясига етди. Фақат 1877 йилдагина руслар Афғонистон билан чегара масалаларини ойдинлаштиришга муваффақ бўлди. Битимга кўра, чегара чизиғи Ғарбда Ҳерируд дарёсидан Шарқда Амударёга қадар чўзилиши тан олинди. Бу ҳадядан ўруслар бениҳоя қаноат ҳосил қилдилар. Руслар Помирни ўзлаштириш истагида эди.
Навбатда Шуғнон, Рушан ва Ғарбий Помирдаги Вахан ўлкасини ишғол қилиш муаммолари бор эди. Бу ўлкалар бир замонлар Қўқон хонлигига тегишли бўлиб, хонлик тугатилгач, мустақилликка эришган эдилар. 1873 йили Русия билан Англия ўртасида тузилган битимга кўра (Афғонистон билан Бухоро ўртасидаги чегара Амударёдан ўтарди, Бадахшон ва Вахан Афғонистонга қарам ҳисобланиб, Шуғнон ва Рушан мустақил эди) мустақилликка эришган бу бекликлар Русия нуфузи доирасига кирмас эди. Бироқ Русия ўзини Қўқон хонлигининг меросхўри деб ҳисобларди. 1891 йил сентабрида ўзларининг Олой ва Помирнинг волилигига мўлжаллаб подполковник Грамбчевский бош штабда шундай хитоб қилди: «Қўқон хонлигини ишғол қилган Русия Помирни босиб олишга тамоман ҳақлидир». Мақсадга эришишнинг бу йўли кечиктирилди ва бунинг ўрнига турли-туман «илмий ҳайъатлар» 1876 йилдан бери Туркистоннинг бу қисмида фаолият кўрсатдилар.
1883 йили Афғонистон амири Абдураҳимхон ўз ҳарбий кучларини тўғри ғарбий Помирга йўналтирди. Улар Шуғнонни ишғол қилишди. Бунгача Шуғнон Шоҳ Юсуф Али томонидан мустақил бошқарилиб келинарди. Кейин Рушан томон юрган афғон бирликлари Сарикўлга қадар етиб келдилар. Амир бу хатти-ҳаракатнинг сабаби русларнинг бу ўлкага бостириб келишининг олдини олиш деб кўрсатди. 1883 йил 19 декабрда Русия Ташқи ишлар нозирлиги Британия хукуматига Афғонистоннинг Шуғнон ва Рушанга (Афғонистон Англиянинг нуфузи остида эди) бир нота топширди: бостириб кириши, уларнинг давлат ери бутунлиги ҳамда мустақиллигини поймол қилишини айтиб, норозилик билдирди. Айни пайтда афғон қўшинининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилди. Британия бош элчиси бу ерлар Афғонистонга қарашли Бадахшон ўлкасининг бир қисми сифатида саналишини билдирди, яъни бу билан Британия Русларнинг талабини рад этди. Петербург билан Лондон орасида дипломатик ўйинлар давом этаётган бир пайтда афғонлар Шоҳ Али Мардон идорасидаги мустақил Вахан беклигига юриш уюштирдилар. Бошқа томондан эса рус ҳайъати (1883 й.) Рушанга яқинлаша бошлади. Абдураҳмонхон Шуғнон ва Рушанга Гулзорхонни ҳоким қилиб тайинлаб орқага қайтади. У кетгач, шуғнонлар хукмдорни ағдариб ташлади. Бу қўзғолонни, албатта, Русия қўллаб-қувватлади. Русия Бош штаби нозири Обручев 1884 февралда Туркистон Бош волисига шуғнонларга «ёрдам кўрсатиш» буйруғини берди. 10 мартда эса қуролли тўқнашувлар рўй бермаслигига ҳаракат қилиш буйруғи берилди. 1888 йилгача Шуғнон масаласида турли фикрлар бор эди. Чаҳор вилояти (Афғонистон Туркистони) хукмдори Исҳоқхоннинг 1888 йили ўгай қардоши Абдураҳмонга қарши исёни, Афғонистоннинг Шуғнондаги мавқеини кучсизлантирди. Шуғнонлар афғон гарнизонини қўлга олиб, Муҳаммад Акбаршоҳни ҳукмдор қилиб сайладилар. 1889 йили эса афғонлар Шуғнонни қайта ишғол қилдилар. 1891 йил июлда полковник М.Янов бирлиги Помир Русияга тегишли эканлигини исбот қилиш учун Шуғнонга юриш ҳақида буйруқ олди. Янов Қўқон хонлигининг кўҳна қалъаларидан бири Оқтошга етганида, Туркистон бош волиси А.В.Веревкин Фарғона водийси ва Олойдан ўтиб, тўғри Помирга қараб юрди. 30 августда ҳарбий Яновнинг қисмлари Янги Марғилонга қайтди. 1891 йил декабрида инглизлар Канжут (Ҳунза ва Нагар) беклигини ишғол этишди. 1892 йил 12 январда Помир масалалари юзасидан рус ҳукумати анжумани уюштирилди. Бу йиғинда яна бир карра Помирдан воз кечмаслик қарорлаштирилди. Русия нуфузи Ҳиндиқушга қадар узайтирилиши мўлжалланганди. Рус раҳбарияти Янов бошчилигида Помирга яна бир разведка жўнатишга аҳд қилди. 1892 йил 12 июнда Янов қисмлари Мурғобнинг юқори оқимига етиб бориб, у ерда «Помир миршабхонаси» қурди(Халфин, Присоединение, 378 - 379 б.). Руслар Помир масаласида Хитойни ҳам ғафлатда қолдирдилар. 1893 йил 27 февралда инглизлар Амударё юқори ҳавзасидаги чегара масаласида руслар билан учрашишга тайёр эканликларини баён қилдилар. Ҳар икки давлат Помир масаласида учрашувлар бошлаб юборди. 1893 йил октабрида Ҳиндистондаги Британия хукуматининг Ташқи масалалар давлат котиби Ҳ.М.Дурант Кобулга келиб, амир Абдураҳмон билан қисмларини Шуғнон, Рушан ва Вахандан олиб чиқиб кетиш ҳақида битим тузди. Шу билан бирга, Панж дарёсидаги Дарвоз вилоятини Афғонистонга қўшиб олинишини таклиф қилди. Бу мавзуда Афғонистон ва Англия келишиб олдилар. 1894 йил 11 мартда Британия Ташқи ишлар нозирлиги Русиянинг Лондондаги бош элчиси Стаалга Русиянинг чегара чизиқлари ҳақидаги таклифи қабул қилинганлиги баён қилинган нота топширди. 1895 йил 17 июлда Англиянинг Петербургдаги ҳарбий атташеси генерал Ерард билан Фарғона ҳарбий волиси Повала Швиковский Помирда нуфуз ўлкаси Заркўлдан Хитой чегарасига қадар узайтириш ҳақида келишиб олдилар. Панж ирмоғининг чап қирғоғи (Дарвоз) Афгонистонга, Шуғнон ва Рушан, Вахан Русияга берилди. 1895 йили 20 август чегараларнинг аниқланиши тарихга машхур «Помир битими» номи билан кирди. Тарихда фавқулодда ҳодиса бўлган бу битим билан кучлилар заифларни «сиёсат бозорида» бир мато сифатида бир-бирларига таклиф этдилар.
Русиянинг ҳарбий илғори(Помир сафари ҳақида Борис Тагаев ҳикоя тарзида маълумот беради: «Помирский поход», «Исторический вестник», 1898 й. С. 73., 111 - 138, 489 - 519, 859 - 888 бетлар. Бошқалари қуйидагилар: «Русские над Индии. Очерки и рассказь! из боевой жизни на Памире. СПБ., 1900; Памирские походм 1892 - 1895 гг. 1902., В заоблачной стране., 0 памирских походах 1892 - 1895 г.г. Москва, 1904.) Шуғнон, Рушан ва Вахан назоратини ўз қўлига олди. Русия қўшни ислом давлатларининг наздида обрўсини тушириб қўймаслик учун бу ўлканинг ҳамма ерини дарҳол Русияга қўшиб олишни истамади. Бу ўлканинг бир қисмидан Орошар ва Помир вилояти ташкил қилиниб, Фарғона волиси ихтиёрига топширилди. Бошқа қисми Шуғнон, Рушан, Вахан ва Ишкашим Бухоро амири ихтиёрига берилди. Аммо Бухоро амири Русиянинг Бухородаги сиёсий агенти Лассернинг Бухоро амирлигига тегишли бўлган Дарвоз беклигини Шуғнон, Рушан ва Ваханга зўрлаб алмаштирганини баён қилади(Искандаров, Из истории Бухарского эмирата. М., 1958,104-6.). Рус хукумати «Помир муаммоси»ни ҳал қилиш ҳамда Ҳиндиқуш масаласини ҳал қилиш билан Туркистон (Ўрта Осиё) босқини тугаганлигини англар эди. Шу муносабат билан 1896 йили Туркистонни босиб олишда иштирок этганлар ва хизмат кўрсатганлар хотирасига бағишлаб медаль чиқарди. Медалнинг олд томонида I Николай, II Александр, III Александр ва II Николайларнинг исмлари қайд қилиниб, орқа томонида эса қуйидаги ибора битилган эди: «Ўрта Осиёга 1853 - 1896 йиллардаги сафарлар хотираси учун»(Тагаев, 163-6.).
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан