loader
Foto

Авлодларга аталган буюк кашфиёт

Она-Ватанни босқинчилар асоратидан озод қилиш, халқни мустамлака зулмидан қутқариш йўлидаги курашлар, бу борадаги қаҳрамонликлар тарих саҳифасидан, халқ хотирасидан асло ўчмайди. Соҳибқирон Амир Темур қадимий Ватанимиз Турон — Туркистонни чингизийлар империясининг бир ярим аср давом этган жабру зулмидан халос қилиш учун халқ озодлик ҳаракатига етакчилик қилиб, узоқ йиллар давомида мардона кураш олиб борди. Соҳибқироннинг улуғ зафарлари Олтин ўрда ва Йилдирим Боязид босиб олган ўлкаларда ҳам мустамлака зулмини тугатишга замин яратди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз Пиримқул Қодировнинг Соҳибқирон Амир Темур сиймоси ҳақида тўлақонли ва ҳаққоний тасаввур берадиган, ишончли ва нуфузли манбаларга асосланиб ёзилган, бадиий тафаккур ва илмий мушоҳада адиб маҳорати туфайли уйғунлашиб кетган “Амир Темур сиймоси” китоби адабий жамоатчиликнинг, китобхонларнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. Асар муваффақиятининг яна бир сабаби — унда ўтмишда содир бўлган оламшумул тарихий воқеалар моҳияти, бу воқеаларнинг бош қаҳрамони Амир Темур шахсияти қизиқарли тарзда, пухта ўйланган бадиий композиция асосида ўзига хос жозиба билан тасвирланади.

— Амир Темур мавзуси уммондай чексиз, — дейди асар муаллифи. — Уни бир китобда тўлиқ қамраб олиш имкондан холи. Бу улкан мавзуда дадил қалам тебратаётган ижодкорлар бор. Биз амалга ошира олмаган ишларни улар рўёбга чиқарадилар, деган умиддаман. Қуйида “Амир Темур сиймоси” илмий-бадиасидан бир парчани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.



“Темур тузуклари” асрлар давомида унинг авлодлари томонидан қандай эҳтиёткорлик билан сақлангани ва уларга қандай дастуруламал бўлиб хизмат қилганлиги, сўнгги асрларда ёруғ дунё юзини кўргандан кейин ҳам қандай мураккаб йўлларни босиб ўтганлиги ўзига хос ажойиб бир тарих бўлгани учун биз бу тарихга батафсил тўхталишни лозим топдик.

Энди бевосита бу асарнинг таҳлил ва талқинига қайтайлик.

“Темур тузуклари”нинг пухта ўйланган композицияси бор. Биринчи китобда Амир Темур тарих саҳнасига чиққан пайтдан бошлаб, то Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгунча бошдан кечирган қирқ йиллик тарихий воқеаларни ихчам шаклда ҳикоя қилади. Бунда у ўзи эришган зафарларнинг ички сирларини авлодларга очиб кўрсатади. Айни вақтда бошдан кечирган саргузаштларининг мағзини чақиб, улардан чиқадиган фалсафий хулосаларни мутафаккир сифатида умумлаштиради: “Мен ўн икки тамойилни ўзимга шиор қилиб олиб, ўн икки тоифадаги кишилар билан салтанатимни мустаҳкамладим... Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим”.

Амир Темур фалакиёт илмини яхши билган. Осмоннинг ўн икки буржидаги Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон каби юлдузлар осмон жисмлари орасида мувозанат сақлашда ва қуёшнинг коинот бўйлаб ҳаракатланишининг алоҳида дақиқаси-ю, сониясигача аниқ-равшан кўрсатиб тушишда инсон зоти учун илоҳий бир ибрат бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун Амир Темур ўз қўшинларига ҳам ўн икки қавмдан чиққан сипоҳийларни асос қилиб олади.

“Қарамоғимдаги қирқ аймоқдан қуйидаги ўн иккитаси менинг хос навкарларим бўлиб хизмат қилади: барлос, тархон, арғун, жалоир, тулкичи, дўлдай, мўғул, сулдус, тўғай, қипчоқ, орлот, тотар”.

Амир Темур ўзига хос образли тафаккур ёрдамида салтанатнинг тартиб-қоидаларини фалакнинг ўн икки буржидаги мувозанат ва уйғунликка муқояса қилиб яратганлиги Соҳибқироннинг ҳамма масалага мутафаккир сифатида ёндашадиган ва тарихда мисли кўрилмаган янгиликларни кашф этишга қодир ижодкор бўлганидан далолат беради.

Амир Темур устози Абубакр Таёбодий берган доно маслаҳатларнинг тўғрилигини ўз фаолиятида синаб кўрилган ёрқин воқеалар тасвири орқали исбот этади.

Жумладан, 1366 йилда Қарши қалъасини 243 кишилик сара жангчилар билан тунда қандай забт этгани, кейин Амир Мусо кабиларнинг бу қалъани қайтадан босиб олишга урингани, унинг ўн икки минг кишилик аскарларини қандай мағлуб этганини ва уларни 6 фарсаҳ (30 чақирим) жойгача қандай қувиб борганини Тузукларнинг алоҳида бир бобида ажойиб маҳорат билан ҳикоя қилади. Вахш дарёси бўйида мўғул хони Илёсхўжанинг сон жиҳатидан тўрт баробар кўп бўлган лашкарини қандай тор-мор этгани ҳам авлодларга ибрат бўладиган даражадаги ёрқин тафсилотлари билан кўрсатилади.

Бобокалонининг тенгсиз саркардалик тажрибасини Бобур Мирзо “Темур тузуклари” орқали чуқур ўзлаштиради. Орадан бир юзу қирқ беш йил ўтганидан кейин 1511 йилда худди шу Вахш дарёси бўйида, Пули Сангин деган жойда Бобур Мирзо ҳам Чингизхон авлодларидан бўлган Шайбонийзодаларга қарши Темурбек ишлаган ҳарбий тактика ва стратегияни амалда тадбиқ этиб катта ғалабага эришади. Бобур Мирзонинг 1526 йилда Шимолий Ҳиндистонда, Панипат деган жойда Иброҳим Лоди устидан эришган ғалабаси ҳам Амир Темурнинг худди шу Панипатда 1399 йилда Султон Маҳмуд ва Маллухонлар билан жанг қилиб, зафарга эришганига кўп жиҳатдан ўхшаб кетади.

Бу фактлар Амир Темур авлодларининг “Темур тузуклари”ни чиндан ҳам ўзлари учун ибрат манбаи деб билганликларини ва ундан дастуруламал сифатида самарали фойдаланганликларини кўрсатади.

Айниқса, Шоҳруҳ Мирзо Амир Темурнинг қуйидаги эътиқодига астойдил амал қилади. “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир, маслаҳат, қолган бир улуши қилич билан амалга ошишини англадим”, — деб ёзган эди Соҳибқирон ўз асарининг “Кенгашлар ва тадбирлар” деб аталган қисмида... — Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим. Қайси киши ақлга сиғадиган бир ишни куйиниб таклиф қилса, суюниб эшитардим: Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим... Фақат ҳар бир маслаҳатни яхши ўйлаб кўргач, энг тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.

Амир Темур ўз тажрибасида синаб кўрилган бу тамойилларнинг тўғрилигини ҳам ёрқин ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб беради. Шунинг учун Шоҳруҳ Мирзо отасидан кейин парчаланиб кетган салтанатни қайта тиклашда ва уни яна қирқ йилдан ортиқ муваффақият билан бошқаришда “Темур тузуклари”да атрофлича баён қилинган йўл-йўриқларга изчил амал қилади. Худди Соҳибқирон васият қилганидек, Шоҳруҳ подшо ва унинг буюк ўғли Улуғбек давлат ишларининг ўндан тўққизини тадбир, кенгаш, муроса-ю мадора йўли билан адо этадилар. Фақат бунинг иложи бўлмаган ўндан бир ҳолатларда қўшинни ҳам ишга солиб, жанг қиладилар ва аксарият ҳолларда ғалаба қозонадилар.

Тақдир тақозоси билан бу фоний дунёдан боқий дунёга кетиш пайти яқинлашганини сезган Соҳибқирон умрининг охирги соатларида ҳам ўзини мардона тутади ва донишмандларга хос равшан тафаккур билан яқин одамларига дил ёриб васиятлар қилади. Шунда севимли умр йўлдоши Сароймулкхоним, набиралари Улуғбек ва Иброҳим Мирзолар, содиқ беклари Шоҳмалик, шайх Нуриддинлар кўзига ёш олиб дейдилар: “жонимиз сизга садақа, кошки худо бизнинг жонларимизни олиб, сизнинг жонингизни бағишлагай” дейдилар. Соҳибқирон дейди: “Сизларни Худога топширдим. Ҳазрат ҳақдин умидим борки, менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларини мазлумлардин қисқа қилибдурмен”.

Шу сўнгги дақиқаларда ҳам Амир Темур фарзанд ва невараларига аталган қуйидаги дил сўзларини айтади:

“Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айтдим, қулоғингизда тутинглар... Агар менинг васиятимга амал қилиб адлу эҳсон билан оламни обод қилсангиз, кўп йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғусидир”.

Сирдарё бўйида Ўтрорда 1405 йилнинг 18 февралида айтилган бу сўнгги сўзлар “Темур тузуклари”да яратилган улкан ижодий кашфиётларга қўшилиб, темурийлар сулоласининг салкам беш аср ҳукм суриши учун маънавий асос бўлди. Амир Темурнинг бутун ҳаёти ва фаолиятида ижодкор шахснинг янгилик яратиш ва кашфиётлар қила олиш қудрати кўзга яққол ташланиб туради. Соҳибқирон яратган янги давлатнинг фаолияти ҳам унинг кашфиёти эди. Бундай давлат тузуми ундан олдин ҳеч бир мамлакатда айнан шу тарзда фаолият кўрсатган эмас эди. Янги типдаги бу давлатнинг адолат асосига қурилганлиги, золимлардан мазлумларни ҳимоя қилгани, бунёдкорлик ва илму маърифатни ривожлантиргани, халқнинг тенг ярмини ташкил этадиган аёлларга жўмардларча муносабатда бўлганлиги Амир Темурнинг васиятларига астойдил амал қилган Шоҳруҳ подшоҳ, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Бобуршоҳ, Акбаршоҳ ва Шоҳжаҳонлар фаолиятида кўзга яққол ташланиб туради.

Амир Темур асос солган ва “Темур тузуклари”да ижодий кашфиёт тарзида лойиҳаси яратиб қолдирилган сулола Турон, Хуросон ва Афғонистонда бир ярим аср ҳукм суради. Беш қўл баробар эмас. Падаркуш Абдуллатиф ва Султон Абусаид каби тождорлар бу сулоланинг Туронда ва Хуросонда инқирозга учрашига сабаб бўладилар. Шунда Бобур Мирзо бобокалонининг ижодий кашфиётларини Ҳиндистон заминида амалга тадбиқ этиб темурийлар сулоласини янги тарихий босқичга кўтаради. Бу улуғ сулола ҳинд заминида Баҳодиршоҳ II давригача яна 332 йил ҳукм суради. Баҳодиршоҳ II нинг кундаликларида ва ҳинд кинематографчиларининг унга бағишлаб яратган беш қисмли видеофилмида Амир Темур салкам беш юз йил тарих саҳнасида фолият кўрсатган сулоланинг асосчиси сифатида ифтихор билан тилга олинади.

Амир Темур сиймосига аталган меҳр ва эҳтиром, айниқса, унинг туғилиб ўсган юрти Ўзбекистонда истиқлол йилларида мисли кўрилмаган юксакликларга кўтарилди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов халқимизнинг Амир Темурга аталган чексиз меҳр ва эҳтиромини “Маънавий юксалиш сари” китобида қуйидагича ифодалаган эди: “Ҳамиша эл ғамини, юрт ғамини ўйлаб яшаган Соҳибқирон ёвлар оёғи остида топталган ўлкани дунёнинг энг қудратли салтанатига айлантирган эди. Келинглар, азиз дўстлар, барчамиз якдил бўлиб, ҳалол меҳнатимиз, ақлу заковатимиз, Ватанга муҳаббатимиз билан Ўзбекистонни жаҳон ҳавас қиладиган буюк давлатга айлантирайлик! Бу йўлда бобокалонимизнинг “Адолат ва озодлик — дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин” деган доно ўгитлари доимий шиоримиз бўлсин!”.

Донишманд бобокалонимизнинг тарихий ўгитлари Ўзбекистон истиқлоли даврида халқимиз ва раҳбариятимиз томонидан изчил амалга оширилаётганига бизнинг ҳар биримиз нафақат гувоҳмиз, балки бу улуғ ишларга заррача бўлса ҳам ҳисса қўшиш орзусида меҳнат қилмоқдамиз.

Пиримқул Қодиров