Гўёки, тарих аллақачон барча нуқталарни ўз ўрнига қўйган. Қадимги дунёнинг қайси халқига қандай ўсимликлар маълум бўлганини яхши биламиз. Яқин Шарқ аҳолиси буғдой ва арпа етиштириб, Эски Дунё иқтисодиётининг асосини яратган. Ҳиндистонда банан ва таро – тўрт килограммгача вазндаги тугунчаклар келтирадиган ўсимлик етиштирилган. Антик Европага эса ўша буғдой, арпа, шунингдек, ловия, ясмиқ, зайтун, узум кабилар мослашган. Бизга одат бўлиб қолган кўплаб экинлар, масалан, картошка ва маккажўхори, кунгабоқар ва помидор – Жанубий Америкадан олиб келинган бўлиб, у ерда Колумбнинг нодўстона ташрифидан анча аввал етиштирилган. Ўша ердан Европа, Осиё ва Африкага "заҳарли ўтлар" – тамаки ва кокаин бутаси (у Жанубий Осиёнинг тропик ва субтропикларида культивация қилинган) тарқалган. Бироқ, яқиндаги Миср муммияларини тадқиқ қилиш ҳайратга ва саросимага солади. Кўринадики, тамаки ва кокаин фиръавнлар даврида ҳам маълум бўлган. Наҳотки улар Америкадан "импорт" қилинган бўлса? Демак, бу қитъа Колумбдан анча аввал кашф этилганми? Ёки бу тасодифийликми?..
1992 йил. Суд-тиббий эксперти Светлана Балабанова оддий иш билан шуғулланар эди. У муммияни текширар, соч, тўқима, суяк намуналарини олар, уларни кукунга айлантирар, эритма билан ишлов берар ва шу билан бирга наркотик моддалар бор-йўқлигини текширар эди. У бундай муолажани юзлаб марта ўтказган. Бироқ, ўша куни кутилмаган ҳодиса юз берди. "Шок! – деб эслайди у. – Бу қандайдир хато эканлигига мутлақо ишончим комил эди". Йўқ, албатта, одамлар тўқималарида кокаин, никотин ва гашиш истеъмол қилиш излари тез-тез учрайди, лекин гап у қайси тана тўқималарини ўрганаётганлигида эди.
Унинг олдида уч минг йил аввал, XXI Миср сулоласи даврида вафот этган одамнинг мумияси ётар эди. Яна саккизта мисрлик муммиясини текшириб, улар милоддан аввалги 1070 йилдан милоднинг 395 йилигача яшаганлигини аниқлади ва бу одамларнинг ҳаммаси миллионлаб замонавий кишиларни ҳалок қилган ҳаддан ташқари иштиёқларнинг мухлислари бўлганлигини аниқлади. Уларнинг ҳаммаси тамаки чеккан (ёки ҳидлаган), ҳаммаси кокаин ва гашиш билан таниш бўлган. Наҳотки бунга ишониш мумкин бўлса?
Кокаин буталари – улкан, доим яшил, 2-3 метр баландликдаги – ўша даврда фақат Жанубий Американинг тоғли тропик ўрмонларида учраган. Биз антик ёки, масалан, Миср цивилизацияси инсони учун дунё қандай кўринганини нисбатан яхши тасаввур қиламиз деб қабул қилинган. У учун кока ва тамаки ўсган ер етти денгиз ортида ҳам, уч юз ўттиз уч подшоҳликда ҳам эмас эди. Йўқ, у умуман мавжуд бўлмаган ва Эски Дунё аҳолисига ундан на афсоналар, на миш-мишлар етиб бормаган дунёда жойлашган эди.
…Бу кашфиёт портлаган бомбага ўхшар эди. Бир лаҳзада қадимги мисрликлар – архитекторлар, котиблар, шоирлар – ҳаётни беҳуда сарфловчи, тамаки ва нашага муккасидан кетган, доимо гиёҳванд модда қабул қилишга ва кайф қилишга тайёр бўлган аянчли кимсаларга айландилар. Тадқиқот натижалари бутун тарих фани биносини шайх этди. Балабановага ўнлаб хатлар келди. Уларнинг муаллифлари ғазабланган, қайғурган, масхара қилган эдилар.
Хатларнинг асосий фикри шундай эди: "Барча тадқиқотларингиз мутлақо бемаъниликдир, чунки Колумбнинг саёҳатига қадар Эски Дунёнинг бирорта мамлакатида тамаки ва кокани учратиш мумкин эмас эди".
Кокаин бутасини Европага 1569 йилда испаниялик шифокор Николае Монардес олиб кирган. Тамаки ҳам аввалига Пиреней ярим оролига олиб келинган. Лиссабон саройида элчи бўлган француз шифокори Жан Нико де Виллемен (1530–1600) Америкадан олиб келинган бир ўсимликка эътибор қаратди. Кўп ўтмай у бу ўсимликнинг кучни ажойиб тарзда мустаҳкамлашига ишонч ҳосил қилди. У унинг шифобахш хусусиятларини тинмай мақтади. Фан тарихига у Европа бўйлаб тарқалишига сабаб бўлган одамнинг исми билан кирди. Уни Herba nicotiana деб аташди.
Наҳотки тарихни "қайта ёзиш"га тўғри келса? Сўнгги йилларда яна бир нечта ғалати фактлар аниқланди:
• Нубия чўлида олимлар кўпинча табиий равишда муммияга айланган одамларнинг жасадларини топадилар. Яқинда уларнинг баъзиларининг тўқималарида никотин излари аниқланди. Бу муммияларнинг ёши 1000 йилдан 2600 йилгача.
• Яқинда немис олимлари Мюнхен музейларидан бирида сақланаётган Миср мумиясини (унинг ёши 3000 йил) текширишди. Яна бизнинг давримизда оммабоп бўлган ўсимлик заҳарлари тўплами топилди: никотин, кокаин, гашиш.
• Яна бир гуруҳ олимлар Нубияда топилган катта табиий муммиялар коллекциясини диққат билан ўрганиб чиқишди. Милоддан аввалги 1400 йилдан 3100 йилгача яшаган 71 та одамнинг муммияси текширилди. Маълум бўлишича, эллик олти киши, яъни 80 фоиз, ҳаётлик даврида кокаин истеъмол қилган. У Мисрга қандай қилиб келиб қолган? Қадимги Миср шифокорлари моҳир табиблар бўлганлиги маълум. Улар энг экзотик ўтларнинг хусусиятларини билишган. Кучли оғриқларни келтириб чиқарадиган касалликларга қарши курашда, масалан, тиш оғриғи ёки радикулитда, улар беморларига кўп миқдорда турли хил наркотик моддалар буюришган. Албатта, улар опиумга ўрганган одам бундан кейин усиз қийналажагини билишар эди. Бироқ, ўша узоқ даврларда шифокорларнинг ўзгача фикри бўлган. Асосийси, одам оғриқдан азият чекмаслиги керак эди, нима билан кўнглини хушнуд қилиши эса фарқи йўқ эди. Кундалик ҳаётда мисрликлар кўпинча маст қилувчи шарбатлар, кайф қилувчи ўтлар ва илдизларни истеъмол қилишган. Шундай қилиб, опиум – кўкнорининг сутли шарбати – улар ҳатто болаларга ҳам майда-чуйда нарсалар билан безор қилмасликлари учун беришган. Олимларнинг баҳолашича, мисрликлар тахминан саккиз юзга яқин наркотик моддаларни билишган. Бироқ, замонавий биологлар уларнинг фақат кичик бир қисмини аниқлай олишган, чунки ўсимликларнинг тавсифлари (ва расмлари) кўпинча стилизация қилинган ва шунчалик ноаниқки, бошқа расмлар ва матнлар муаллифлари ўз ишларига фақат "қандайдир модда"нинг яхши дозасини қабул қилгандан кейин киришганга ўхшайди.
Аммо опиум билан ҳамма нарса тушунарли. Кўкнори Эски Дунёда ўсади. Нубийлар ва мисрликларнинг таналаридаги "америка қўшимчалари" билан нима қилиш керак? Тарихчиларни уларга маълум бўлган дунё манзарасини қайта ёзишга мажбур қилмасдан, уларнинг пайдо бўлишини ҳеч бўлмаганда қандайдир тушунтириш мумкинми?
Олимлар саксон йилдан бери тушунтириш қидирмоқдалар. 1922 йилда Тутанхамон қабри қазиб очилди; у ерда нафақат "фиръавнлар олтини", балки қуритилган тамаки қўнғизининг кичик танаси ҳам топилди. Бу ҳашарот, номидан кўриниб турибдики, тамаки билан озиқланади. 1976 йилда Рамзес II муммиясини (у милоддан аввалги 1251 йил атрофида вафот этган) текшираётган француз олимлари нафақат тамаки қўнғизларини, балки тамаки заррачаларини ҳам топишди. Дарҳол эътирозлар ёғила бошлади. Қоҳира музейининг бош сақловчиси профессор Назри Искандар уларни шундай хулосалади: "Эҳтимол, қабрни текшираётган археологлардан кимдир тасодифан тамакини тўкиб юборгандир". Бироқ, бу баҳона барча фактларни тушунтирмайди. Светлана Балабанованинг сўзларига кўра, у мисрликларга тегишли бўлмаган моддаларнинг намуналарини ҳатто бальзамлашда қўлланилган қатрон қатлами остидан ҳам топган. У ерга тасодифан тамаки тўкиб юбориш мумкин эмас эди. Қолаверса, бу моддалар қорин бўшлиғининг энг қийин етиб бориладиган жойларидан пинцет ёрдамида олинган.
Эски мактаб мисршунослари бу ғалати кашфиётларга эътибор бермайдилар ва энг нотабиий тушунтиришларни ўйлаб топадилар. Масалан, немис тадқиқотчиси Рената Гермер 1985 йилда "Фиръавнлар даври Мисри флораси" китобида Рамзес II муммияси XIX асрда албатта очилиб текширилганлигини ёзган: "Ўшанда муммия ичига тасодифан тамаки тушиб қолган". Охир-оқибат, на Мисрда, на Африкада, на мисрликлар савдо қилган бошқа биронта мамлакатда Nicotiana туркумига мансуб биронта ўсимлик учрамаган.
Гарчи, йигирма йил аввал Намибияда тамакининг африка тури – Nicotiana africana кашф этилган бўлса ҳам. Шуниси ҳам қизиқки, 1761 йилда тузилган Миср флорасининг биринчи каталогини тузувчи Петер Форскал унда тамакини нафақат одамлар учун фойдали экин сифатида, балки Қизил денгиз соҳилларидан Ливия чўлининг ичкарисигача кириб борган ёввойи ўсимлик сифатида ҳам тасвирлаган. Қатор замонавий олимларнинг баҳолашича, Эски Дунёга тамаки номи билан "дори" олиб кирилганидан бери ўтган икки юз йил ичида бу ўсимлик Миср бўйлаб бунчалик тез тарқалиши даргумон.
Бошқа муаллифларнинг тушунтиришлари эса бундай. Тамаки яхши бактерицид хусусиятларга эга; у чиришни олдини олади. Шунинг учун мисрликлар уни муммиялашда қўллашган ва хоналарни унинг тутуни билан тозалашган. Эҳтимол, мисрликларнинг ўзлари ҳам тамаки чеккандир. Гиза атрофида милоддан аввалги 2000-1700 йилларга тегишли сопол қувурлар топилган.
Бундай ғояларни илгари сураётган одамлар деярли доимо уларга яна бир фикрни қўшадилар: "Кўринадики, мисрликлар Жанубий Америка халқлари билан савдо алоқаларини ўрнатган ёки ҳеч бўлмаганда у ерга сузиб борган". Биз бу версияни яна муҳокама қиламиз, ҳозирча қадимги муммияларда топилган никотин ҳақидаги ҳикояга қайтамиз.
Никотин – 1571 йилда тамакида топилган алкалоиддир (унинг таркиби тамакида 8 фоизгача етади). Бу заҳарли (катта дозаларда) модда француз дипломати Жан Никонинг исми билан аталган. Бироқ, бизнинг давримизда олимларга маълум бўлдики, никотин нафақат тамакида, балки Эски Дунё учун оддий бўлган баъзи ўсимликларда ҳам мавжуд: масалан, доғли аронник, сурия бўригули, ботқоқ қирқбўғими, тошчўп, плаун, атиргул, астра, ит узуми ва ҳатто қаричда ҳам. Албатта, бу ўсимликларнинг деярли барчасида никотин тамакидагидан анча кам. Эҳтимол, никотин бизга маълум бўлган бошқа флора турларида ҳам учраши мумкин, чунки уни мақсадли равишда қидиришмаган. Бизнинг никотинга бўлган ҳозирги эҳтиёжимизни тамаки тўлиқ қондиради. Мисрликларда эса бундай имконият бўлмаган, деб ҳисоблайди кўпчилик олимлар, шунинг учун муммиялар ва пирамидалардаги никотин излари бошқа ўсимлик келиб чиқишига эга.
Кокаин билан нима қилиш керак? Эҳтимол, у ҳам мисрликларга "бошқа кийимда" – бутунлай бошқа ўсимлик кўринишида келгандир?
Афсуски, ботаниклар ҳозирча ҳеч қандай жавоб бера олмайдилар. Мисрни Америкадан енгиб бўлмас тўсиқ билан ажратиб турадиган анъана тарафдорларини фақат "ҳозиргача кокаинни ҳар қандай, ҳатто энг кичик дозаларда сақлайдиган ўсимликларни жид
Эҳтимол, олимлар яна қаердадир Африка ёки Осиёда кокаин келтирадиган ўсимликни топарлар, лекин бошқа бир савол ҳам туғилади: "Мисрликлар кокаинни океан ортидан – Америкадан келтириши мумкин эдими?"
Албатта, ҳозирча қатъий илмий равишда Миср аҳолисининг Янги Дунёда бўлганлигини исботлаш мумкин эмас. Аммо гипотезалар бир неча бор илгари сурилган. Ҳали 1910 йилда антропологлар Мексиканинг зинапояли пирамидаларини муҳокама қилаётганда, эҳтимол уларнинг конструкцияси Америка ҳиндуларининг ихтироси бўлмаган деган хулосага келишган. Улар бу технологияни океаннинг нариги томонида яшаган "қўшнилари"дан: Мисрдан ўрганишган.
Ўхшашликлар жуда кўп эди: пирамидалар конструкцияси; уларда марҳумларни дафн этиш одати; қуёш худосига сиғиниш; математика ва астрономия бўйича аниқ билимлар – охиргиси узоқ сафарга чиқишга тайёр бўлган кемачилар учун зарур эди. Барча бу маълумотларни таққослаб, олимлар шундай хулосага келишди: цивилизация Мисрда пайдо бўлган; у ердан эса сайёранинг барча бошқа минтақаларига тарқалган. Шундай қилиб, "диффузионистлар" (лотинча "diffusio" – "тарқалиш", "аралашиш", "кириб бориш" сўзидан) илмий мактаби пайдо бўлди. Уларнинг Африка ва Жанубий Америка ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлиши мумкин эмас деб таъкидлаган рақиблари "изоляционистлар" деб номланди.
Норвегиялик этнолог Тур Хейердал ҳали 1969 ва 1970 йилларда мисрликларнинг қоғозли қайиқларида Атлантика океанини кесиб ўтиш мумкинлигини исботлаган. У каби, қадимги Африка аҳолиси ҳам Америкага етиб бориши мумкин эди. Бошқа масала, улар узоқ сафарларга чиқишганми ёки йўқми. Ва бу ерда Мисрнинг қадимги тарихи саҳифаларидан бири – Пунт мамлакатига сафарлар ёдга тушади.
Фиръавнлар мамлакати аҳолиси у ерга йўлни деярли икки минг йил давомида билишган: милоддан аввалги 2900 йилдан 1075 йилгача. (Эслангки, викинглар ҳам минг йил аввал Америкага – Винландга йўлни билишган, аммо кейин уни унутишган; шунинг учун халқнинг тўсатдан кенг географик билимларини йўқотишида ҳеч ажабланарли жойи йўқ.)
Пунт мамлакати Мисрдан узоқда жойлашган эди. У ерга сафар уч-тўрт йил давом этган. У ерга фақат денгиз орқали етиб бориш мумкин эди.
Энг машҳур сафар, эҳтимол, милоддан аввалги XVI асрнинг охирида ҳукмронлик қилган Миср маликаси Хатшепсутнинг Пунтга сафари бўлгандир. Ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида у ерга экспедиция уюштирди. Тарихчилар Пунт мамлакатини одатда Сомалига жойлаштиришади, аммо уларнинг ҳикоясини холисона баҳоласак, мамлакат Жанубий Америкада ҳам бўлиши мумкин.
Пунт ўзининг ҳашаматли товарлари ва қимматбаҳо хом ашёси билан машҳур эди. Мисрликлар у ердан қимматбаҳо тошлар ва металлар, ажойиб ёғоч, ёввойи ҳайвонлар ва хушбўй смолаларни олиб келишлари мумкин эди. Узоқ сафарга Хатшепсут фақат бешта кемани жўнатди, аммо уларнинг ҳаммаси товарларга тўлиб-тошиб уйга қайтишди. Улар олтин, кумуш, қимматбаҳо ёғоч навлари, хушбўйликлар, сурма, шунингдек, ҳайвонлар – маймунлар ва ёввойи мушукларни олиб келишди: "Кемалар жуда оғир юкланган... худо ерининг ҳар хил ажойиб ўсимликлари, смола уюми... Амунинг тоза олтини, тишепес ва хесит дарахтлари, иҳмут хушбўйликлари... кўплаб қоплон терилари". Мисрга етказилган товарларнинг аксариятини нафақат Африкада, балки Америкада ҳам сотиб олиш мумкин эди. Узоқ экспедицияларнинг замонавий мухлислари юклар рўйхатига таяниб, Пунт мамлакати XX аср бошларида немис сайёҳи Карл Петерс ҳисоблаганидек Сомалида ҳам, Жанубий Арабистонда ҳам, Мозамбикда ҳам эмас, балки Жанубий Америкада жойлашганлигини исботлашга уринишди. Аниқроғи, Перуда. Бироқ, мисрликлар қолдирган ёзувлар бу версияга зид келади. Олтин, кумуш, ёғоч ва хушбўйликлар қаторида фиръавнлар мамлакатига фил суяги ҳам олиб келинган. Бу товарни эса Америкадан олиб чиқиш мумкин эмас эди – фақат Африка ёки Ҳиндистондан. Мана орзупарастларни тўхтатиб қўядиган сатрлар: "Кемалар жуда оғир юкланган... эбен дарахти ва тоза фил суяги билан".
Гарчи, Хатшепсутнинг бу сафари ҳақидаги анъанавий фикр ҳам саволлар туғдиради. Наҳотки ўз жасур маликаси бошчилигида мисрликлар борган оғир ва узоқ сафар уларнинг қўшниси – Сомали мамлакатига қаратилган бўлса? Худди шу муваффақият билан Фёдор Конюховнинг "энг қийин сузиш – Москвадан Саратовга" сафарига қарор қилганини тасаввур қилиш мумкин! Эҳтимол, мисрликлар йўлга чиққан "катта денгиз кемалари" уларни Буюк Яшил (мисрликлар Қизил денгизни шундай аташган) таниш денгиздан анча узоққа олиб кетгандир. Улар бу "одамларга номаълум бўлган бегона мамлакат"ни анча жанубда – XX аср бошларида қидириш тавсия этилган жойда: Замбези дарёсининг қуйи қисми яқинида, сурма қазиб олинадиган Жанубий Африкада топишлари мумкин эди. Ёки қидирувни давом эттириш керакми?
Дейр-эль-Бахри ибодатхонаси деворига ўйиб ёзилган ёзувларда саёҳатчиларнинг "денгизни кесиб ўтганлиги" аниқ айтилган. Африка континенти бўйлаб сузиш "денгизни кесиб ўтиш"га ўхшамайди. Агар кемаларни фикран йўлга чиқарсак, уларга нега "бири – шарққа, иккинчиси – ғарбга" буйруқ бермаслигимиз керак? Ҳар икки ҳолатда ҳам денгизчилар "денгизни кесиб ўтадилар". Ўрта Ер денгизидан, кейин эса Гибралтар бўғозидан ўтгач, кемалар Атлантика океанида пайдо бўлади ва шарқдан ғарбга қараб ҳаракатланувчи экваториал оқим таъсирида Америка қирғоқларига етадилар. Бошқа ҳолатда улар Қизил денгиз ва Аден кўрфазидан ўтиб, Араб денгизига тушишлари, у ердан эса Ҳиндистонга сузиб боришлари мумкин эди. Бу мамлакатда тоза фил суяги ҳам, хушбўйликлар ҳам, маймунлар ҳам топилар эди. Муссон шамоли кемаларни қувиб, мақсадга етишга ёрдам берар эди. Ҳатто шамол йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, мисрликлар июль ойининг бошларида сафарга чиқишган деб тахмин қилиш мумкин.
Ғарбий Ҳиндистон ва замонавий Покистонда шоҳ экспедицияси хизматида меҳмонларни товар билан қисман тўлдирилган, қисман эса у учун мўлжалланган омборлар кутаётган портлар бўларди. Ҳиндистонлик тарихчи Анил Мулхандани шундай қайд этади: "Қазиш ишлари давомида топилган нарсалар маҳаллий аҳолининг мисрликлар ва Месопотамия шаҳарлари билан жонли савдо қилганлигини исботлайди".
Пунт мамлакатига сафарлар милоддан аввалги III минг йилликда бошланган. Тўрт ярим минг йил аввал Инд дарёси қирғоқларида кўплаб шаҳарлар ва қишлоқлар бўлган. Соҳил бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари, Ҳиндистоннинг узоқ ҳудудларидан металлар, Бирма ёки Хитойдан қимматбаҳо тошлар олиб келинган. Ўша даврда маҳаллий савдогарлар қайиқ ёки араваларда йўлга чиқишган. Денгиз йўли билан улар ҳатто Шумерга ҳам етиб боришган ва меҳмондорчиликда ёққан кўп нарсаларни ўз юртларига олиб келишган. Шундай қилиб, Ҳинд океанига туташган мамлакатлар ўртасида барқарор савдо алоқалари ўрнатилган.
Ҳали милоддан аввалги 2300 йиллар атрофида мисрликлар Ҳиндистондан бўёқ – индиго, Хитойдан эса (!) долчин олишган. Нега савдогарлар узоқ мамлакатдан гашиш ёки ҳинд каннабиси, шунингдек, ҳозирча фанга номаълум бўлган кокаин бутасининг бир тури ёки кичик дозаларда кокаин сақлаган бошқа ўсимликни олиб киришган деб тахмин қилмаслигимиз керак?
Ёзувларда бир неча бор сирли ибора такрорланади: "Хатор, Пунтнинг хоними". Хатор – қуёш худоси Ранинг қизи, асосий миср худоларидан бири. Нега ёзувлар муаллифи унинг исмини Пунт мамлакати билан қатъий боғлаган? Хаторда нима ажойиб нарса бор эди? Аёл аёл каби, фақат барча миср худолари каби, у ўзида инсон ва ҳайвон хусусиятларини бирлаштирган. Хаторнинг... шохлари ва катта сигир қулоқлари, баъзан эса сигир боши ҳам бўлган. Уни кўрган чет эллик уни "муқаддас сигир" деб аташи мумкин эди. Хатор мамлакати – "муқаддас сигир" мамлакати. Тилга келади: "Ҳиндистон!" Зеро, Хатшепсутнинг сафари вақтига келиб Ҳиндистоннинг шимолини янги халқ – орийлар эгаллаган эди, уларнинг муқаддас ҳайвонлари эса от ва сигир эди.
Пунт мамлакатига сафарлар милоддан аввалги XI асрда тугади. Бу вақтда Африкада юклар – қимматбаҳо тошлар, олтин, хушбўйликларни ташиш учун туя карвонларидан тобора кўпроқ фойдалана бошладилар. Улар бу юкларни фиръавнлар мамлакатига Ямандан етказиб беришган, у ерга эса бу юклар Ҳиндистондан кемаларда олиб келинган.
Асрлар давомида одамлар кашфиётлар қилишган ва уларни унутишган. Ўтмишни сақловчи китоблар кўпинча оловнинг қурбони бўлган. Ёнғинларда ҳаёт баҳосига тузилган хариталар, сафарлар ҳақидаги ҳисоботлар нобуд бўлган. Искандария кутубхонасининг ёнғини ва бошқа фалокатлар ноёб географик архивларни йўқ қилган.
Бу ерда авлодларнинг давомийлиги қаерда бўлсин? Олимлар ўз аждодларига аллақачон маълум бўлган нарсаларни қайтадан кашф қилишларига тўғри келган. Фан тарихи "бир жойда тепкилашлар" ёки ёлғон иштиёқларга тўла, бунинг сабаби эса билимнинг йўқолишидир. Шундай қилиб, замонлар алоқаси узилади.
Биз ўтмишни соддалаштирдик, уни аниқ, тўғри, бир хил қилдик. Шунинг учун ҳар қандай кутилмаган факт ҳайратга солади. Наҳотки? Наҳотки мумкин бўлса? "Бу ерда албатта хато бор!"
Узоқ ўтмишни ўрганишда биз баъзан экспедицияга чиққан ва қирғоқни кўздан қочиришдан қўрқадиган денгизчиларга ўхшаймиз. Муз тоғлари, маржон рифлари, даҳшатли бўронлар борлиги ҳақидаги ҳар қандай хабарларга улар: "Бўлиши мумкин эмас! Қанча яшадим, бунақасини эсламайман", деб жавоб беришади. Худди шундай ҳайрат билан жамоатчилик ғалати топилмалар ҳақидаги янги хабарларни кутиб олади.
"Муммияларда кокаинми?" Бемаънилик! Аммо бу наркотик модда шоҳлар қабрларида ҳам, чўлда ўлим топган камбағалларнинг муммияларида ҳам топилишда давом этмоқда. Бразилия кўрфазида уч минг йилга яқин ёшдаги антик идишлар топилди. Мексикадаги улкан ҳайкаллар туб аҳолига ўхшамаган "негроид" қиёфали, соқолли одамларни тасвирлайди. Жанубий Ҳиндистон ибодатхоналаридан бирида ўтирган худо аёл қўлида маккажўхорини ушлаб турибди.
Ростдан ҳам, одамларнинг сайёрамиз бўйлаб саёҳатлари гўёки бошқа сайёраликларнинг сафарларидан анча қизиқарли ва сирлидир! Агар 1348 йилда бутун Европа цивилизацияси вабодан ҳалок бўлганида, XXI аср африкалик тарихчилари қаердадир собиқ Италия ҳудудида топилган ва "Марко Поло" сўзлари билан имзоланган ғалати қўлёзмани кўриб чиқиб, бу венацияликнинг тўсатдан муҳим хитойлик мандоринга айлангани ҳақидаги ҳикояни сохта деб ҳисоблаган бўлар эдилар. Замонавий археология, барча муваффақиятларига қарамай, архаик маданиятларнинг ҳақиқий имкониятларини яққол паст баҳолаётгани тобора ойдинлашмоқда. Қадимги дунё харитасидаги Мисрнинг гўёки "ажратилганлиги" аслида мисршуносликнинг бошқа фанлардан "ажратилганлиги" эди.
Абу Муслим тайёрлади