ҲИНДИСТОННИ ЗАБТ ЭТИШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ
Даставвал, фарзандларим ва амирларимнинг кўнгли, ўй-фикрларини билиш учун уларга маслаҳат солдим. Амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгир : «Агар Ҳиндистонни олсак, унинг олтинлари билан бутун ер юзини эгаллаймиз»,— деди. Амирзода Муҳаммад Султон эса: «Ҳиндистонни оламиз-у, бироқ [бунга] тўсиқлар бор: биринчиси — дарёлар, иккинчиси — ўрмону тўқайлар, учинчиси — тўлиқ қуролланган сипоҳийлар ва одамга ов қилувчи қутурган филлари кўп»,— деди. Амирзода Султон Ҳусайн: «Агар Ҳиндистонни қўлга кирита олсак, тўрт иқлимга ҳукмрон бўлурмиз»,— деди. Амирзода Шоҳруҳ деди: «Мен туркларнинг қонунларида ўқиган эдимки, жаҳонда бешта шон-шавкатли подшоҳ бордир. Уларнинг улуғворлигини ҳурматлаб номларини атамай лақаблари билан айтадилар Ҳинд подшосини — рой, Рум подшосини — қайсар, Хитой ва Чину Мочин подшосини — фағфур, Туркистон подшосини— хоқон, Эрону Турон подшосини шаҳаншоҳ дейдилар. Шаҳаншоҳ ҳукми ҳамиша Ҳиндистон мамлакатларида жорий этиларди. Ҳозир Эрону Туронзамин бизнинг қўлимизда бўлгани учун, Ҳиндистонни ҳам фатҳ этмоғимиз лозимдир». Амирлар эса: «Борингки, Ҳиндистонни олдик ҳам дейлик. Бироқ у ерда турғун бўлиб қолсак, наслимиз йўқолади, авлодларимиз ўз аслидан ажраб, тиллари ҳиндча бўлиб кетади», дейишди. Мен бўлсам, Ҳиндистонга юриш учун ҳиммат камарини белга боғлаганимдан ўз азму жазмимдан воз кечишни истамадим ва шундай жавоб қилдим: «Тангри таолога ўтинч билан мурожаат қилайлик. Жанг қилиш ёки қилмаслик ҳақида Қуръондан фол очайлик, токи тангри таоло нени буюрса шунга амал қилгаймиз». Ҳаммалари менинг таклифимни маъқуллашди. Қуръони мажиддан фол очсам, ушбу улуғ оят чиқди: «Эй пайғамбар, кофирларга ва мунофиқларга қарши жаҳд қилгил». Уламо мазкур оятнинг мазмунини амирларга тушунтириб бергандан кейин, бошларини эгиб, жим бўлиб қолдилар. Уларнинг хомушлигидан дилим ранжиди. Ўз-ўзимга кенгашиб, Ҳиндистонни забт этишга розилик бермаётган амирларни мансабларидан олиб, қўшинларини кутволларига топширмоқчи бўлдим. Лекин ўзим тарбиялаган кишилар бўлганликлари учун, уларни хароб қилишни истамадим. Гарчи улар юрагимни ҳар қанча қон қилган бўлсалар ҳам, уллрга юмшоқлик-мулойимлик қилдим. Лекин, охир-оқибатда менинг фикримга қўшилганларида, кўнглимда уларга нисбатан ғубор қолмади. Сўнгра қайтадан кенгаш чақириб, иқболимиз хонаси -Ҳиндистонга қарата қўл кўтариб, зафару фатҳ фотиҳасини ўқидим.
ҲИНДИСТОН ПОЙТАХТИ (ДЕҲЛИ)ГА ЛАШКАР ТОРТИШ БОРАСИДА ҚИЛИНГАН КЕНГАШ
Кобулда ўттиз минг жавонғор отлиқ аскари билан турган амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирга Сулаймон тоғи орқали юриб, Синд дарёсидан ўтгач, Мултон вилояти устига тўсатдан босқин қилиб, уни забт этишни буюрдим. Султон Муҳаммадхон, амирзода Рустам ва бошқа амирларга ўттиз минг баронғор отлиқ билан Синд дарёсидан кечиб ўтиб, Кашмир тоғ этагидаги йўлдан юриб, Лоҳур вилоятига қўққисдан босқин қилишни буюрдим. Ўзим ўттиз минг Ғулнинг отлиқ аскарлари билан бўлдим.
Ҳиндистон юришига жамланган қўшинларим умумий сони тўқсон икки минг отлиққа етган эди. Бу эса Аллоҳнинг срдаги элчиси Муҳаммад, саллоллоҳу алайҳи васаллам, исми шарифлари сонига тўғри келганлиги учун, бу [тасодифни истиқболнинг хайрли ва муборак фоллари сирасига киритдим. Отланиб йўлга тушдим ва Бадахшон чегарасидаги Андароб деган жойга келиб тушдим. Бу ерда бир неча кун туриб Катур тоғида истиқомат қилиб турган кофирларни енгиб, жазо берганимдан сўнг, дор ул-харб бўлмиш Ҳиндистон ғазоватига юзландим.
ҲИНДИСТОНГА ОЛИБ БОРАДИГАН ЙЎЛНИ АФҒОНЛАРДАН ТОЗАЛАШ УЧУН ҚИЛИНГАН КЕНГАШ
Шу орада менга арз қилдиларки, бир тўда афғонлар Ҳиндистонга олиб борадиган йўлга босқин қилиб, у ерда қароқчилик қилаётган эканлар. Хусусан, булардан Каркас қабиласининг кадхудоси Мусо афғон ҳаддидан ошаётган экан. Менинг вафодор хизматкор ва тобеъларимдан бири бўлган Лашкаршоҳ афғонни Пирмуҳаммад Жаҳонгир Ироб қалъасига соқчи қилиб қўйган эди, Мусо афғон мазкур қалъага от қўйиб, шиддат билан босиб борибди. Лашкаршоҳ афғонни ўлдириб, қалъадагиларнинг бор-йўғини талаб кетибди. Шу вақтда [ҳузуримга] Лашкаршоҳнинг иниси Малик Муҳаммад дод-фарёд уриб келди. У оғасини ўлдирган Мусо афғоннинг жабру зулмидан шикоят қилди. Мен бўлсам унинг сўзига қулоқ солмаган бўлиб, «ҳой инсон, Мусо афғон менга хайрхоҳлардан биридир»,— дедим ва уни қамаб қўйишларини буюрдим. Амирларим мени ноҳақ зулм ўтказди деб айбладилар.
Бироқ бунинг аксича, Мусо афғон бўлса, Малик Муҳаммаднинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги хабарни ва менинг айтган гапларимни эшитиб, кўнгли таскин топди. Шундан кейин, уни ҳузуримга келишини талаб қилиб ёзган ёрлиғимни олгач, ҳадиксирамасдан дарҳол етиб келиб, қалъани менга пешкаш қилди.
Мен у қалъани тамошо қилиш учун ичкарисига кирганимда, унинг (Мусо афғоннинг) сипоҳийларидан бири мени ўлдириш қасдида ўқ-ёй отди. Сўнг Мусо афғон ўзига яраша жазосини топди. Ҳиндистон йўли очилди.
ДЕҲЛИ ҲОКИМИ СУЛТОН МАҲМУД ВА МАЛЛУХОНЛАРНИ ЕНГИШ БОБИДАГИ КЕНГАШ
Султон Маҳмуд ва Маллухон эллик минг отлиқ ва пиёда аскар, 120 занжирбанд филлар билан Деҳли қалъасини мустаҳкамладилар ва мен билан жанг қилишга шайландилар. Кўнглим хавотирланди. Бордию Деҳли қалъасини босиб олишга борсам-у, мабодо бу иш узоқ вақтга чўзилиб кетса, [нима қиламан?] Ўзимга кенгашиб, ғаним лашкари дадилланиб, [қалъадан] чиқиб, саф тортиб жанг майдонига кириши учун, ўзимни кучсиз ва [қўрққандек] қилиб кўрсатмоқчи бўлдим. Шу сабабдан лашкардан узоқроқда хандақ қаздирдим. Лашкарим билан хандақ ичига яхшилаб жойлашганимдан сўнг, лашкарларимнинг бир фавжини душманга қарши жангга ташладим. Душман қаршисига боргач, ўзларини кучсиз кўрсатиб, қўрққандай бўлиб чекинишларини ва ғанимларни дадиллантириб келишни буюрдим. Душман лашкари бу ҳолни кўриб ўзларини ғолиб ҳисоблаб, гердайиб жанг майдонига чиққан эдиларки, [менинг] қаҳрли лашкарим фавжлари билан юзма-юз келдилар. Деҳли ҳокими султон Маҳмуд жангга киришди ва енгилиб тоғ тарафга қочди. Беқиёс хазина ва мол-мулки сипоҳийларимга насиб бўлди.
Бир йил ичида Ҳиндистон пойтахти Деҳлини забт этдим ва мазкур йилнинг охирларида салтанатим пойтахти (Самарқанд)га қайтдим.
ГУРЖИСТОН МАМЛАКАТЛАРИНИ ЭГАЛЛАШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ
Ҳиндистондан зафар қозониб қайтганимдан кейин, ҳали сафар чарчоғи чиқмай туриб, икки Ироқ ҳокимларидан менга арзнома келди. Ёзишларича, Гуржистон кофирлари ҳадларидан ошиб, чегарани бузган эмишлар.
Мен ҳамиша подшолар учун кофирларга қарши ғазовот уруши қилишдан, мамлакатларни забт этишдан ва жаҳонгирликдан яхшироқ иш йўқ, деган фикрда эдим. Гуржистон имонсизларининг туғён кўтаргани ҳақидаги хабар келиши биланоқ кенгаш ўтказиб, «ўша диёрдаги бошқа бузуқ одамларнинг ҳам бош кўтаришига йўл очилмасин» деб, зудлик билан уларни дафъ қилишга тутиндим. Ҳинд юришидан келган сипоҳийларимга «хоҳловчилар шу ерда қолсин, хоҳловчилар мен билан борсин», деб ихтиёрни ўзларига бердим.
Хуросон, Қандаҳор, Сеистон, Кермон, Табаристон, Гилон, Мозандарон ва Форс вилоятларидаги лашкарларимга жанг ҳозирлигини кўриб, Исфаҳон атрофига келиб, менинг зафарли лашкаримга қўшилсинлар, деб ёрлиғлар жўнатдим.
Ҳар бир мамлакатдаги итоатдан бўйин товловчи кишиларни турли ерларга тарқатиб юборишни маслаҳат кўрдим. Чунончи, Хуросон ва Форсдаги бўйинтовловчиларни Туронзаминга кўчирдим ва бу мамлакатларнинг сатҳини уларнинг мухолифлигидан тозаладим. Сўнг Гуржистон вилояти қалъаларини забт этиш учун ўша мамлакат устига отландим.
Сипоҳийларнинг кўнглига нима ўтирса, шуни қилдим. Бошимга пўлат дубулға, эгнимга Довудий совут кийдим, белимга Миср қиличини боғлаб, баҳодирлигу кураш тахтига ўтирдим. Туронлик довюракларга, Хуросон паҳлавонларига, Гилон ва Мозандарон ботирларига қўрқинч солдим ва Сивос ҳамда Гуржистон қалъаларини фатҳ қилдим. Қалъадан туриб [қаршилик кўрсатганларнинг] барчасини таг-томири билан битириб, қалъадан олган ўлжаларни ғолиб аскарларимга улашдим. Озарбайжонлик бузуқ, бевош кишиларни урушиб, тартибга чақирдим.
Шундан кейин Малатия қалъаси ва унинг теварагидаги ерларни забт этишга киришдим. Ўша қалъаларни забт этишдан хотиржам бўлганимдан сўнг Ҳалаб ва Ҳумсни забт этишга ҳиммат камарини боғладим ва бир оз ҳаракат билан бу мамлакатларни ҳам фатҳ этдим. Сўнг Миср ва Шом мамлакатларини забт этишга камар боғладим.
МИСР ВА ШОМ [МАМЛАКАТЛАРИ] НИ ФАТҲ ЭТИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ
Менинг шон-шавкат ва қудратим овозаси [Рум] қайсарининг қулоғига етди. У ўзига қарашли Сивос ҳамда Малатия қалъалари ва уларга тобеъ ерларни забт этганим, қалъалар ичидаги аскарларининг барисини тарқатиб, теварак-атрофга сочиб ташлаганим ҳақидаги хабарни эшитгач, томирларидаги ғайрат ҳаракатга келди ва аскарим зарбасидан қочиб, қайсар қошида паноҳ топган Қора Юсуф туркман иғвоси билан устимга лашкар тортишга қарор қилди. Қайсар балога гирифтор бўлиб, давлати вайрон бўлиши яқинлашиб қолган эди, чунки у Қора Юсуфнинг иғвосига учиб, менга қарши лашкар тортган эди. [Қолаверса] Миср ва Шом аскарларини ҳам ёрдамга чақирган эди.
Мен кенгашиб лашқаримни уч фавжга бўлсам яхши бўлар дедим. Бироқ жангда енгиш-енгилиш иши такдир пардаси остида яширин бўлганлиги сабабли, бу тўғрида амирларим билан кенгаш ўтказдим. Улар сипоҳийларга хос ишни тутиб, уруш очмоқни маслаҳат бердилар. [Шундай бўлса] ҳам мен қайсарнинг [ғайрат] ўтини аччиқ-чучук гап билан сўндирмоқни маслаҳат кўрдим ва қайсарга мактуб йўлладим. Хатнинг қисқача мазмуни шундай эди «Еру кўкни яратган Тангри таолога чексиз шукрлар бўлсинки, етти иқлим мамлакатларининг кўпини менинг фармонимга киргизди ва олам султонлари ва ҳокимлари менга эгилиб, итоат қилиш ҳалқасини жон қулоқларига тақдилар. Ўз қадрини билиб, ҳаддидан ошмай жасорат оёқларини тийган бандасини Тангри ёрлақасин. Сенинг насли-насабинг ким эканлиги жаҳон халқи олдида маълумдир. Шундай экан, ҳолингга муносиб иш тутиб, журъат оёғини олдинга қўймаки, ранжу меҳнат балчиғига бртиб, бало чуқурига йиқилгайсан. Иқбол эшигйдан ҳайдалган бир тўда иғвогар кишилар ғаразли ишларини бажариш учун сенинг паноҳингдан жой олиб, ухлаб ётган Фитнани уйғотмишлар. Яна ўшаларнинг иғвоси билан офат ва бало эшигини давлатинг юзига очмагил. [Мазкур мактуб етиши билан] Қора Юсуфни менинг олдимга юборгил. Йўқ эса такдир пардаси икки лашкар сафлари тўқнашганда юзингга очилғусидир».
Ушбу мактубни ишбилармон элчиларим билан қайсарга юборганимдан кейин Шом пойтахти (Дамашқ)га бориб туришга қарор қилдим. Ҳумс ва Ҳалаб йўли орқали у ерга равон бўлдим. Ҳалаб шаҳрига етганимда Миср подшоси Малик Барқуқ ўғли Малик Фараж менинг Дамашққа келаётганимни эшитиб, шошилинч билан Мисрдан Дамашққа қараб йўл олгани ҳақида хабар келтирдилар. Мен Миср ва Шом лашкарларининг қўшилишига йўл қўймаслик учун зудлик билан отланиб, олдинга юрдим. Лекин Малик Фараж абжирлик қилиб, мендан олдин Дамашққа етиб олди. [Шундай бўлса ҳам] мен унинг орқасидан шаҳарга етиб бордим ва Дамашқни забт этдим.
Давоми бор...