Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 кишининг энг афзали сифатида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни танлашим баъзиларни ҳайратга солиши, бошқаларда эса турли саволлар уйғотиши мумкин. Аммо у зот тарихда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ниҳоятда мувофаққиятли фаолият кўрсатган ягона кишидирлар. Худо Исломни ғариб ҳолатдан у зот орқали юксалтирди ва у зот ниҳоятда буюк сиёсий етакчи бўлдилар. Ушбу китобда қайд этилган кўпчилик инсонлар ўз даврининг ривожланган, юқори даражада маданиятлашган ва ўз даврининг сиёсий марказлари бўлган ҳудудларда дунёга келганлар. Аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 570-йилда Арабистоннинг жанубида, Макка шаҳрида, ўша даврнинг ривожланмаган, санъат, маданият ва илмдан узоқ бўлган ҳудудида дунёга келдилар. Олти ёшларида етим бўлиб қолдилар ва ҳашаматдан йироқ ҳолларида тарбияландилар. Ислом манбалари бизга у зотнинг таълим кўрмаганликларини айтади. У зотнинг молиявий жиҳатлари Ҳадижа (розияллоҳу анҳо)га уйланганларида яхшиланди. Қачонки у зот қирқ ёшга етганларида у зотнинг пайғамбар эканликлари ҳақида белги берилди. Бу даврда кўпчилик араблар кўплаб худоларга сиғинувчи бутпараст эдилар. Шунингдек ўша даврда Макка шаҳрида кам сонли яҳудий ҳамда насронийлар яшар эдилар. У зот қирқ ёшга етганларида ягона Аллоҳ у зотга ваҳий юбораётганлиги ва у зот ҳақ динни ёйиш учун танланганликлари инсонларга маълум бўла бошлади.
Уч йил давомида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақ динга фақат яқин қариндошлари ва дўстларини даъват қилдилар кейинчалик, тахминан 613-йилда даъватни ошкора қила бошладилар. Макка улуғлари у зотнинг жонларига хавф сола бошлагач , 622-йили Маккадан тахминан 200 мил шимолда жойлашган, у зотни жуда ҳам яхши кутиб олишган Мадина шаҳрига сафар қилдилар. Бу сафар "Ҳижрат" деб аталди ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётида катта аҳамият касб этди. Макка шаҳрида у зотга иймон келтирганлар озчиликни ташкил қилар эди, Мадина шаҳрида эса иймон келтирганлар кўпчилик эди. Ва тез орада у зот уларга бошчилик қила бошладилар.Келгуси бир неча йил ичида Муҳаммад (солАллоҳу алайҳи васаллам)га иймон келтирганлар сафи кескин ортиши билан бир қаторда Макка ва Мадина орасида жанглар ҳам бўлиб турди. Бу жанглар 630-йилда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Макка шаҳрига фотиҳ сифатида киришлари билан бутунлай барҳам топди. Умрларининг қолган қисмида Араб қабилаларининг гуруҳ-гуруҳ бўиб Исломни қабул қилётганларига гувоҳ бўлдилар. 632-йили Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этганларида бутун Жанубий Арабистон у зотга бўйин сунар эди.
Араблар орасида Бадавийлар (саҳролик араблар) моҳир жангчилар сифатида ном қозонган эдилар, аммо уларнинг сони оз бўлиб шу билан бирга, улар ўзаро ички урушлардан азият чекишар эди. Ушбу ҳолларида қишлоқ хўжалиги анчайин ривожланган шимолдаги давлатларнинг йирик қўшинларига бас келолмас эдилар. Аммо тарихда биринчи марта Аллоҳга бўлган иймонлари туфайли бирлашган бу кичик араб қўшинлари инсоният тарихида ҳали кўрилмаган мислсиз фатҳларни амалга оширдилар. Ўша даврда Арабистоннинг шимолида форсларнинг Сосонийлар Империяси, шимолий-ғарбида маркази Константинопол бўлган Византия яъни Шарқий Рим Империяси жойлашган бўлиб, сон жиҳатдан олганда арабларнинг бу давлатларга бас келиши мантиққа тўғри келмас эди. Аммо Худога бўлган иймонлари туфайли руҳланган араблар жуда тез фурсатда Месопотамия, Сурия ва Фаластинни фатҳ этдилар. Форс қўшинлари 637-йилда Қодисия ва 642-йилда Неҳавандда жанглар билан машғул бўлган вақтда 642-йилгача Миср Византия империясидан тортиб олинди.
Бу буюк фатҳлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг яқин дўстлари Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб бошчилигида амалга оширилган бўлсада, бу ҳали араблар ривожининг интиҳоси эмас эди. 711-йилгача араб қўшинлари Шимолий Африкадан Атлантика океанигача бўлган деярли барча ерларни фатҳ этдилар, бу ерда улар шимолга бурилиб Гибралтар бўғозини босиб ўтдилар ва Испаниядаги Вестготлар қироллигини мағлуб этдилар.
Қанчадир муддат Мусулмонлар бутун Христиан Ғарбини босиб оладигандек туюлди. Аммо 732-йилда Франсия марказигача кириб борган Мусулмонлар машҳур Тур жангида франклар томонидан тўхтатиб қолинди. Шундай бўлсада, унча узоқ давом этмаган фатҳлар асрида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўзидан руҳланган араблар Ҳиндистондан Атлантика океанигача бўлган, ҳали бутун дунё гувоҳ бўлмаган улкан империяга асос солдилар. Шу билан бирга улар қаерни фатҳ этган бўлсалар уларнинг фатҳлари кўплаб инсонларнинг Ислом динини қабул қилишлари билан ниҳояланди.
Ҳозирги кунда бу фаҳтларнинг ҳаммаси ҳам ўз кучида қолмаган. Форслар гарчи араблардан ўз мустақилликларини қўлга киритган бўлсаларда Ислом динига содиқ қолдилар. Испанияда 7 асрдан узоқ давом этган курашлар христианларнинг бутун ярим оролни қайта эгаллашлари билан тугади. Бироқ қадимги сивилизатсиянинг икки бешиги бўлган, Африка шимолий қирғоғини тамомила эгаллаган Месопотамия ва Миср миллатлари эса араблигича қолди. Албатта бу билан Ислом динининг тарқалиши тўхтаб қолмади, келгуси асрлар давомида у янги-янги ерлага етиб борди. Ҳозирги кунда Африка ва Марказий Осиёда ўн миллионлаб мусулмонлар бор, Покистон ва Ҳиндистоннинг шимолида ҳамда Индонезияда эса уларнинг сони бунданда кўпроқдир. Индонезияда иймон бирдамликнинг асосий омилидир. Аммо Ҳиндистонда мусулмонлар ва буддистлар орасида давом этаётган кураш бирлашишга асосий тўсиқдир.
Шундай экан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг инсоният тарихига таъсирини қандай баҳолаш мумкин? Бошқа динлар каби Ислом ҳам унга эътиқод қилувчилар ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ушбу китобда дунёнинг барча йирик динлари асосчилари алоҳида қайд этилган. Дунёда Насронийлар сони Мусулмонлардан тахминан икки баробар кўп экан , Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Ийсо (алайҳиссалом)дан олдин қўйилиши албатта ғалати кўриниши мумкин. Аммо бу хулосанинг икки асосий сабаби бор. Биринчидан, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Исломнинг ривожи учун Ийсо (алайҳиссалом) Насронийликнинг ривожланиши учун қилган ишлардан кўра кўпроқ ишларни амалга оширганлар. Шунга қарамай Ийсо (алайҳиссалом) Насронийликнинг асосий маънавий ва ахлоқий жиҳатларини (қайсидир маънода Яҳудийликдан фарқли равишда) белгилаб берганлар. Авлиё Пол Насронийлик назариясинг асосий ривлантирувчиси ва асосчиси бўлиб шунингдек, Янги Аҳднинг ҳам каттагина қисмига муаллифлик қилган.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса Ислом ақидаси, унинг маънавий ва ахлоқий жиҳатларини белгилаб берган ягона шахсдирлар. Шунингдек у зот Исломий аҳкомларни ва амалларни белгилаб берган ягона шахсдир. Ундан ташқари Исломнинг асосий манбаси ва Пайғамбарга ваҳийлар йиғундиси бўлган "Қуръон" ҳам у зот орқали етиб келган. Ваҳийлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида ёзиб қўйилган бўлиб, у зот вафотларига ҳали кўп бўлмасдан ишонарли ҳолда жамлангандир.Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзлари ва Қуръон бир хилдир, аммо Ийсо (алайҳиссалом) таълимотлари бу (яъни ишонарли) ҳолда бизгача етиб келмаган. Ийсо (алайҳиссалом) ва Авлиё Полнинг Насронийлик учун қилган ишларини жамласакда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Ислом ёълида қилган ишларига тенглашолмайди. Диний жиҳатдан назар солсак, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам Ийсо (алайҳиссалом) каби инсоният тарихида муҳим из қолдирган шахс эканликларини кўришимиз мумкин. Аммо у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ийсо (алайҳиссалом)дан фарқли равишда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ўз азҳобларига бошлиқ эдилар. Арабларни бу қадар фатҳларга руҳлантирган нарса ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган дин эди.
Тарихдаги кўплаб тарихий воқеаларга назар соладиган бўлсак, уларнинг одамларни олға бошлайдиган маълум бир бошлиқларсиз ҳам содир бўлиши муқаррар эканлигини кўришимиз мумкин. Мисол учун Симон Боливор ҳеч қачон у ерда яшамаган тақдирда ҳам эҳтимол Жанубий Америка Испаниядан ўз мустақиллигини тортиб олар эди. Аммо биз араблар ҳақида бундай деёлмаймиз. Чунки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олдин ҳеч қачон бундай воқеа содир бўлмаган эди шунингдек, ушбу фатҳларнинг у зотсиз содир бўлишига ишониш жуда қийин. Инсоният тарихидаги бу фатҳлар билан қайсидир маънода тенглаша оладиган юришлар 13-асрда асосан Чингизхон таъсири билан рўй берган Мўғуллар истилосидир. Бу истилолар арабларникига қараганда кўпроқ ҳудудни қамраб олган бўлсада, ҳозирги кунда Мўғилистон чегаралари Чингизхондан аввалги давр чегараларига қайтиб борган
Бу арабларниг фатҳларидан бутунлай фарқ қилади. Ироқдан Марокашгача бўлган масофада фақат эътиқодлари билангина эмас балки, бир хил маданияти, тили ва тарихи билан боғланган бутун бир араб давлатлари занжири ястаниб ётибди. Қуръоннинг Исломнинг асосий манбаси эканлиги ва унинг араб тилида эканлиги эҳтимол бу тилни келгуси 14 аср давомида турли тушунарсиз шеваларга бўлиниб кетишидан асрагандир. Ушбу араб давлатлари орасида турли фарқлар ҳам бор албатта ва улар катта аммо, бу қисман нояҳлитлик бизни бирдамликнинг асосий жиҳатларини кўришдан тўсиб қўймаслиги керак. Масалан, Индонезия ҳам, Ироқ ҳам нефт ишлаб чирарувчи давлатлардир, уларнинг ҳар иккиси ҳам Ислом динида ва улар 1973-74-йилларнинг нефт қазиб олишни чеклаш лойиҳасига аъзодир.
Биз кўриб турибмизки 7-асрда содир бўлган араб фатҳлари узоқ ўтмишдан бугунги кунимизгача муҳим аҳамият касб этмқда. Ва мен ўйлайманки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллами)нинг ҳам дин, ҳам дунё ишларидаги мувофаққиятли фаолиятлари у зотга ҳақли равишда инсоният тарихидаги энг мукаммал инсон мақомини беради.
Абу Муслим тайёрлади