Ўрта Осиёнинг Сирдарё, Фарғона ёки Хўқанд, Самарқанд ва Туркман вилоятлари, умуман Русия Туркистони номи билан маъруфдир. Русиянинг ҳимоясида ва ҳудуди дохилида қолмиш Бухоро ва Хива халқлари барчаси Ўрта Осиё ёки Мовароуннаҳр қитъасига мансубдирлар...
...Аҳолийи Туркистоннинг маорифи, билими, кўз очиқлиги, юраги, эрлиги саодат ҳоллари даражасидан пастдадир. Бир йилдан бери Русиянинг ҳар тарафида турли халқлар орасида ҳаракат ва ҳаёт асарлари кўрилмоқдадир. Мусоадайи императўриядан (ижозат) ва аҳволи замондан истифода қилган ҳолда ҳар жинс аҳоли ўз ҳолларини фикр қилиб, ўйлаб, керакларини, эҳтиёжларини қоралама шаклда лозим бўлган мақомларга арз ва баён қилмоқда ва бу ишлар жумла русий ва туркий газеталарда ҳар кун баён ва эълон қилинаётган бўлса-да, Туркистон мусулмонлари бехабар қолмиш каби ҳаракатсиз, истаксиз, мақсадсиз, жон ва товуш асари кўрсатмай келмоқдалар. Бунларни нохуш қиладиган ҳеч нарса йўқми? Бор эса, нима учун сукут қилмоқдалар?! Вақф, диний идоралари, таълим масканлари таъмир ва ислоҳга муҳтож эканлиги бизга маълум. Туркистонда ҳозирги вақтда жорий қилинган «идораи аскария» (Туркистон генерал-губернаторлиги кўзда тутилмоқда) анча қаттиқ эканлиги ҳам маълум... Лекин туркистонли қардошларимиз қоринларини палов ила тўлдиришдан бошқа матлаблари ҳам борлигини хаёлларига келтирмайдиганга ўхшайдилар.
Русиядан Туркистонга кўчиб келган бир ҳовуч татар-нўғой жамоаси бор. Бу жамоада бир оз жон асари борлиги кўринади, бош оғриқларини билдириб турадилар. Туркистонийлар булардан бўлса ҳам ибрат олмаётганликлари жуда таассуфли ҳоллардандир. Сибириянинг энг чекка музли вилоятларидан тегишли идораларга аризалар берилди. Баъзи талаблари адо ҳам этилди. Туркистондан на икки сатр хат, на бир парча қоғоз кўрилмади, эшитилмади.
Бу сукунат, бу тинчлик, бу қаноат бахтиёрликми, мозорликми, ажабо?!...
Аҳли Туркистоннинг бохушлиги қаноат ва жонсизликдан эмас, қабоҳатдан, маорифсизлиқдан. Дардга дармон истамак тақиқланган, қабоҳат деб қўрқадилар.
Бой ва бойлик етарлик, мол ва пулингиз ортмоқда, лекин булар билангина яшаб бўлмайди. Маълумот керак, маориф керак. Авлодингизни ўқитинг, замондан, дунёдан хабардор бўлсин. Туркистондаги рус гимназияларидан ташқари Русия, Европа, Миср, Истанбул мактабларига талабалар юборинг. Дунёмиз у сиз билган дунё эмас, бошқа бир дунёдир. Замонлар эса, бошқа замонлардир. Илми фиқҳ ва илми калом кифоя қилмайди. Лисон, камолоти фанния ва улуми ақлия таҳсили зарурдир.
Исмоилбек Гаспрали
«Таржимон» газетаси, 1906 й., 37-сон