loader
Foto

Моҳенжо-Даронинг ҳалокати

Ҳиндистондаги Моҳенжо-Даро шаҳрининг 3500 йил аввалги ҳалокати сир-синоати бир неча ўн йиллардан бери археологларни ташвишга солмоқда. 1922 йили ҳинд археологи Р. Банарджи Ҳинд дарёсининг оролларидан бирида қадимий харобаларни топди. Уларга Моҳенжо-Даро деб ном қўйилди, бу ном «Ўликлар тепалиги» деб таржима қилинади. Ўшандаёқ саволлар пайдо бўлди: бу катта шаҳар қандай вайрон бўлган ва унинг аҳолиси қаерга кетган? Қазилмалар бу саволларнинг бирортасига ҳам жавоб бермади...



Моҳенжо-Даро ҳалокати сабаблари ҳақида археологларнинг тахминлари турли хил эди: маданият ва савдонинг табиий равишда инқирозга учраши, фожиали сув тошқини, ҳалокатли эпидемия, босқинчилар ҳужуми... Англиялик Д. Девенпорт ва италиялик Э. Винченти эса жуда ғайриоддий бир версияни айтдилар. Улар Моҳенжо-Даро Ҳиросиманинг тақдирини такрорлаганини таъкидлашади! Ўз тахминлари фойдасига муаллифлар қуйидаги далилларни келтирадилар.



Маданият инқирози — секин жараён, бироқ Моҳенжо-Дародаги ҳамма нарса ҳалокатнинг тўсатдан содир бўлганини кўрсатади. Сув тошқини тахмини жуда қизиқарлидир — зеро шаҳар кенг дарёнинг ўртасидаги оролда жойлашган. Лекин... харобалар орасида сув тошқинидан қолган излар топилмаган. Бундан ташқари, оммавий ёнғинларнинг бўлгани ҳақида inkor qilib бўлмайдиган маълумотлар бор. Эпидемия? У кўчаларда бемалол сайр қилиб ёки ўз ишлари билан банд бўлган одамларни бир пайтнинг ўзида ва тўсатдан йиқитмайди. Айнан шундай бўлган эди — бу скелетларнинг жойлашуви билан тасдиқланади. Палеонтологик тадқиқотлар ҳам эпидемия тахминини рад этади. Шунингдек, босқинчиларнинг тўсатдан ҳужуми тахминини ҳам асосли равишда рад этиш мумкин: топилган бирорта скелетда ҳам совуқ қуролдан қолган жароҳат излари йўқ.



«Ядровий» тахмин муаллифлари диққатга лойиқ ва чуқур таҳлилни талаб қиладиган бошқа тафсилотларга ҳам эътибор қаратишади. Харобалар орасида эриб қотиб қолган лой ва бошқа минераллар парчалари тарқалиб ётибди, улар бир вақтлар тезда қаттиқлашган. Рим университети ва Италия Миллий тадқиқотлар кенгаши лабораториясида ўтказилган таҳлил намунадаги эритиш жараёни 1400–1500 даражада содир бўлганини кўрсатди! Бундай ҳарорат ўша даврларда фақат металлургия устахонасининг ўчоғида бўлиши мумкин, аммо кенг очиқ майдонда эмас.



Бироқ Моҳенжо-Дарода махсус турдаги излар мавжуд. Агар вайрон бўлган бинолар диққат билан кўздан кечирилса, аниқ бир ҳудуд — барча иморатлар қандайдир кучли зарба билан йўқ қилинган эпицентр кўзга ташланади. Марказдан четга қарай вайронагарчилик секин-аста камаяди. Энг яхши сақланган бинолар четлардаги бинолардир. Қисқаси, бу манзара Хиросима ва Нагасакидаги атом портлашлари оқибатларини эслатади!



Ҳинд дарёси водийсига келган сирли босқинчилар атом энергиясига эга бўлган бўлишлари мумкинми? Бундай тахмин ақлга сиғмайдиган бўлиб кўринади ва замонавий тарихий фан тасаввурларига зиддир. Бироқ, Ҳиндистоннинг «Махабхарата» эпосида «кўзни кўр қилувчи нур, тутунсиз олов»ни келтириб чиқарган қандайдир «портлаш» ҳақида айтилган, шу билан бирга «сув қайнай бошлади ва балиқлар кўмирга айланди». Д. Девенпортнинг фикрига кўра, бунинг ортида қандайдир реал воқеалар турибди...



Олимларнинг катта қисми ушбу янги тахминга жуда ҳам шубҳа билан муносабатда бўлдилар. Дарҳақиқат, Д. Девенпорт ва Э. Винчентининг тахмини ақлга сиғмайдиган бўлиб кўринади, бироқ баъзи объектив маълумотлар бу тахминнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини беради.

Абу Муслим таржимаси