«Барча халқлар отаси» вафотининг навбатдаги нишонланиши яна бир бор неосталинизм янги тўлқинини юзага келтирди. Бундай кайфиятлар барқарорлиги ва «доҳий» фаолиятига берилган жиддий танкидий баҳолар кам сонли эканлигига ҳайрон қолишдан бошқа илож йўқ.
2016 йил февраль ойининг охирида ўтказилган Левада-марказ сўрови шуни кўрсатадики, сўровда иштирок этганларнинг 40 фоизга яқини Сталин даври ёмонликдан кўра кўпроқ яхшилик олиб келган деб ҳисоблайди. 1994 йилнинг августида бу нуқтаи назарга россияликларнинг атиги 18 фоизи – 22 банд камроқ қўшилгани ажабланарлидир. 2012 йилнинг октябрида эса бундай шахслар сони 27 фоизни ташкил қилди.
Шу муносабат билан Рус православ черкови ташқи алоқалар Бўлими бошлиғи, митрополит Илларион маълум қилган позиция муҳим аҳамият касб этади. Бу оддийгина бир фикр эмас, бу ўн миллионлаб кишилар учун маънавий соз саналган, мамлакатнинг энг йирик диний ташкилоти бўлган Черковнинг принципиал баҳосидир.
Мирополит қуйидагича фикр билдирди: "Мен Сталин мамлакатни бошқаришнинг ёлғон, зўрлик, қонунсизлик ва террорга асосланган даҳшатли, аксилинсоний тизимини яратган махлуқ, маънавий мажруҳ деб ҳисоблайман. У ўз мамлакати халқига қарши геноцид уюштирган бўлиб, миллионлаб айбсиз кишилар ўлими учун жавобгар ҳисобланади. Бу борада Сталинни бемалол Гитлер билан таққослаш мумкин. Уларнинг иккаласи ҳам бу дунёга шунчалик беҳисоб қайғу-алам келтирганки, уларнинг инсонияти олдидаги айбини ҳеч кандай ҳарбий ва сиёсий муваффақиятлар билан оқлаб бўлмайди. Бутово полигони ва Бухенвальд, ГУЛАГ ва гитлерча ўлим лагерлари тизими ўртасида ҳеч қандай жиддий фарқ йўқ. Сталин қатағони қурбонлари сони ҳам Улуғ Ватан урушидаги йўқотишлар билан бемалол таққосланадиган даражадир".
Бу амалда Сталин ва унинг сиёсати устидан чиқарилган ҳукмдир. Бу борада Черков амалда Россия аҳолисининг ярмидан кўпи кайфиятларига зид келади. «Доҳий»ни нацист жиноятчилар билан бир қаторга қўйган Илларионнинг жасурлик билан сўзга чиқишининг аҳамияти ҳам мана шунда.
Россияда мусулмон халқларнинг кўпчилигига нисбатан Сталин ва унинг гумашталари томонидан жамоавий айбдорлик тамойили қўлланган. Бунинг аччиқ мевалари ҳозирги кунгача ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.
Улуғ Ватан уруши даврида Ислом диний структуралари тикланишини ҳам «дохий»нинг «ютуқ»лари қаторига киритиш қийин. Бу ҳам, худди Черковга нисбатан муносабатнинг илиши каби, реал-сиёсат руҳидаги қарор бўлиб, буни кейинги ҳодисалар исботлаб берди.
Совет Иттифоқи мусулмонлари бутун мамлакат аҳолиси билан бир қаторда ўз Ватанини нацизм балосидан ҳимоя қилиш учун оёққа турди. Мусулмонлар орасидан ҳам кўплаб қаҳрамонлар чиққан бўлиб, улар содир этган қаҳрамонликлар сон-саноқсиздир. Уруш балоси бирортасини четлаб ўтмади.
Бу Ватан учун уруш эди, лекин Сталин учун эмас. У, давлатчиликнинг энг яхши бўлмаган анъаналарини эпчиллик билан ўйнатиб, аксинча, энг яхши анъаналарни йўққа чиқарган ҳолда мамлакат ва унинг халқини ҳокимликни ўз қўлида сақлаб қолиш йўлида фойдаланган.
Сталин ва унинг режими содир этган асосий жиноят мана шунда. У ҳаммаси доҳий учун деган тамойилга асосланган ва қурбонлар, хатоликлар ва қобилиятсизликлар билан ҳисоблашмаган. Ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун Сталин ва унинг гумашталари миллионлаб кишиларни ўтга ташлаган, лекин мамлакат учун, халқ учун, модернизация ва ғалаба учун эмас. Буларнинг барчаси уларга фақат ўз кабинетларида ўтказадиган кунларини узайтириш учун керак эди.
Моҳиятан, Россия ўшанда даҳшатли бутпарастлар ва шайтон малайлари қўлига тушиб қолганди. Эҳтимол, ўзи сезмаган ҳолда, Сталин шу пайтга қадар мисли кўрилмаган шахсга сиғинишни вужудга келтирди. Ислом динида бу Тағут деб аталади. Унинг қаърида яшириниб ётган шайтон инсоннинг ҳис-туйғу ва эҳтирослар торини чертиб ўйнайди.
Сталинни оқлаш, уни «тушуниш ва кечириш»га ҳаракат қилиш аянчли шахсга сиғинишдир. Бу моддий ва маънавий тубанлик сари йўлдир.
Шундай қилиб, Черков позицияси (нуқтаи назари) тушунарли. Одамлар кайфияти қандай бўлмасин, ахлоқий позиция ўзгармас бўлиб қолавериши керак. Ҳаттоки бутун дунё оқ бу қора, қора эса бу оқ деб таъкидлайдиган бўлса ҳам, у қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.
Сталин шахсига сиғиниш ва унинг фаолиятини баҳолашда ўзгача фикр бўлиши мумкин эмас. Бу жуда муҳим ахлоқий, маънавий масаладир.
Россиялик машҳур мусулмон уламолардан бири Исмоилбей Гаспринский 1883 йил қатъий ишонч билан ватандошларига қуйидагича мурожаат қилганди: «Тенглик, эркинлик, фан ва таълим асносида ахлоқий яқинлашиш, бирлашиш имконияти қолмоқда». Биз мамлакатимиз келажагини айнан мана шунда – эркин ижодкорлик ва меҳнатда, дин ва эътиқод эркинлигида, маданий ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашда деб кўрамиз. Ва бу, афсус билан қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда ҳам мавжуд бўлган тағут шахсига сиғинишга асло мос келмайди.
Бу маънавий (руҳий) касалликни даволаш учун кўплаб йиллар талаб қилинади. Чунки етказилган жароҳатлар, яра ва ўсимталар чуқур яширинган.
Мамлакатни сталинизмдан халос этиш – барча дин раҳнамолари ва маънавий етакчиларнинг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. У, худди бир пайтлар бутпарастлик билан рўй бергани каби, ўтмишда йўқ бўлиб кетиши лозим. Бу ерда реал натижа берадиган восита битта – Қуръон ва Библияда, Исо Масиҳнинг тоғдаги нутқи ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг видолашув хутбасида келтирилган абадий умуминсоний қадриятлар тарғиботидир.
Дамир-ҳазрат Мухетдинов
КИТОБНИ КЎЧИРИБ ОЛИШ