loader
Foto

Тарихда Рамазон (12-кун)

Ал-Бувейб жанги (1-қисм)

13-ҳижрий йил Рамазон ойининг12-санасида (634 йил 9 ноябрь) Мусанна ибн Харис бошчилигидаги 12 минг кишилик ислом қўшини билан Михрон бошчилигидаги 150 минг кишилик форслар қўшини ўртасида ал-Бувейб жанги бўлиб ўтган. Улар қаторида саҳобалар ҳам кўп бўлган шавкатли мусулмон жангчилари душманни қақшатқич мағлубиятга учратади. Форсларнинг йўқотишлари шу қадар жиддий (юз мингдан ортиқ киши) эдики, жанг майдони "ўнлар майдони" деб аталган: юз жангчи ҳар бири найзалари билан ўнлаб душманни ўлдиргани билан мақтанади. Бу жангдаги ғалаба мусулмонлар учун катта психологик аҳамиятга эга бўлди.

Гап шундаки, ал-Бувейб жангидан атиги икки ҳафта олдин форслар Хирадан Ктесифхонгача бўлган йўлдаги Кус ан-Натифда «Кўприк жанги»да мусулмонларга оғир (ва ягона) мағлубият етказишган. Жанг майдонида қўмондон Абу Убайд ибн Масъуд ал-Сақофий ўлдирилди. Мусулмонлар қудратли Аллоҳнинг инояти билан, ундан кейин Мусанна ибн Ҳарис ва унинг гуруҳи руҳияти юқорилиги сабабли, қуршовдан қочиб қутилишга муваффақ бўлдилар. Оғир  яраланганига қарамай, Мусанна қўшинни тартибга солди ва барча аскарлар Фрот устидан қайта тикланган кўприкдан ўтгунга қадар форсларнинг босимини тўхтатиб турди. Форсларнинг бош қўмондони Баҳман жангдан мусулмон омон қолганларни таъқиб қилмасликка қарор қилди, чунки шу пайт унга ал-Медаиндаги қўзғолон ҳақидаги хабар етиб келди. У режасидан воз кечиб, отамерос мулкига шошилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мағлубият ҳақидаги хабарни хотиржам қабул қилди. У мадиналикларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: "Албатта, мен душман билан юзма-юз келган ҳар бир мўминнинг ҳимоячисиман, ҳатто у муваффақиятсизликка учраган бўлса ҳам. Абу Убайдани Аллоҳ раҳмат қилсин ва уни мағфират қилсин! Агар у омон қолиб, қандайдир қум тепалигида бошпана топган бўлса ҳам, мен уни, албатта, ҳимоя қилардим. "Шундан сўнг халифа Форс билан урушга кўнгиллиларнинг оммавий сафарбарлигини эълон қилди.

Бу орада Мусанна қўл остидаги мусулмон қўшинининг қолдиқлари Уллаисга чекинди. Бу ерда улар ўз кучларини қайта тиклашга ва кўнгиллиларни ёллашга муваффақ бўлдилар. Тез орада Мусанна унга қарши улкан қўшин тўпланаётгани ҳақида хабар топади. Бу эса, мусулмонларнинг руҳини кўтаради, холос. «Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил!», дедилар» (Оли Имрон, 173)

Мусанна Фротнинг ғарбий соҳилига ал-Бувейб томон ҳаракатланади. У ерда бўлғуси Куф шаҳрига яқин бўлган жойда рақибни кўприкка келаверишда кута бошлайди. Халифа Умар Кус ан-Натифда рўй берганидек, якуний ғалабагача дарёдан ўтиб, одамларини хатарга қўймаслик ҳақида огоҳлантиради. “Мўмин  бир тешикдан икки марта чақилмайди” ҳадисини эсда тутган ва халифанинг буйруғини бажарган ҳолда, Мусанна душман қўшинининг кўприкдан бемалол ўтиб олишига имкон беради. Форслар учта йирик колонна билан ҳаракат қилиб, ҳар бирининг бошида пиёда аскарлар ҳамроҳлигида фил борарди. Уларнинг 150 минг кишилик қўшини катта шовқин билан ҳаракат қиларди.

Мусаннанинг буйруғига биноан мусулмон жангчилари Рамазон рўзасини бузиб, ҳал қилувчи жанг олдидан тўлақонли овқатланиб, ўзларини мустаҳкамладилар. Мусанна ўзининг севимли отига саф бўйлаб миниб, жангчиларини ўзларини ҳақиқий эркакдай кўрсатишга даъват этди: "Бу кундаги шавкатингиз афсонавий бўлиши керак! Ўлимнинг ўзи каби хотиржам бўлинг! Бир-бирингизга мурожаат қилсангиз, пичирлаб гапиринг! Бугун жанг майдонидан ҳеч биримиз қочмаймиз!" Мусулмонлар шунга ўхшаш сўзлар билан жавоб берди, чунки улар бош қўмондонини жудаям яхши кўришарди.

Абу Муслим таржимаси