loader
Foto

Мулла ниқобидаги жосус Демезоннинг махфий миссияси

XIX аср бошларида Россия ҳукуматининг Бухоро амирлиги ва Хива хонлигига қизиқиши бирдан кучайиб кетди. 1820 йил Бухорога ташриф буюрган рус дипломатик миссияси ўз ҳукуматига бунгача амирлик ҳақида маълум бўлмаган қимматли маълумотлар тақдим этди: илгари Бухоро ҳукумати ўз ҳудудида ажнабийларни кўришни истамасди.

Россия элчихонасининг Оренбургдан Бухорога сафари ҳақида батафсил ҳисобот билан танишиб чиққач, Оренбург ҳокимияти Бухоро ва Хива хонликларида юз бераётган барча воқеаларни диққат билан кузата бошлади.

1833 йил губернатор П.П. Сухтеленнинг ўлимидан кейин Оренбург ҳарбий губернатори этиб тайинланган В.А. Перовский Бухорога экспедиция лойиҳасини ишлаб чиқади. Бу пайтга келиб, Марказий Осиёда Англия ва Россия манфаатлари кескин тўқнаш кеганди. Британия табиий бойликлари ва эркин бозорлари билан бирга Бухоро ва унга қўшни Афғонистонни қўлга киритишни истарди. Рус ҳукумати эса ўз манфаатлари ҳудудига «британ арслони»ни киритишни истамасди. Оренбург чегара комиссиясига ҳар куни даштда бўлган ва у орқали Ўрта Осиё хонликларига ўтиб бораётган инглиз айғоқчилари ҳақида хабарлар келиб тушарди. Евангеле миссияси расман Оренбургга ташриф буюрган бўлиб, миссионерларга гўёки улар насронийликни тарғиб қилган дашт бўйлаб саёҳат қилиш учун рухсат берилганди. Аслида эса, даштга илтифот билан эшикларни очиб берган Оренбург ҳокимияти дашт истеҳкомларини ва Оренбург қалъасининг ўзини суратга олиш билан машғул бўлган евангелечи-жосусларни қўлга олиш учун катта имкониятга эга эди.

Осиё Департаментига рапортида Перовский Бухорога экспедиция зарурлигини асослайди ва "...Подшоҳ ҳазратларининг ижозати билан тажрибали, соғлом, зеҳни ўткир ва ажойиб ақлий қобилиятларга эга бўлган портупей-прапорщик Виткевични Бухорога жўнатиш"ни сўрайди. Бироқ Николай I бундай масъулиятли вазифани офицер унвонига эга бўлмаган, собиқ сургундаги шахс зиммасига юклашга йўл қўймади.

Ян Виткевич – "ўн олти ёшга тўлган, лавозимга кўтарилиш ҳуқуқисиз оддий аскарликка тайинланган сиёсий маҳбус", –1824 йил 25 майда конвой билан Орск қалъасига келтирилади. 1829 йил Орск орқали машҳур олим А. Гумбольт ўтади. Виткевич билан танишган олим ёш аскарнинг энциклопедик билимларидан ҳайратда қолади.

Кейинроқ Гумбольт Николай I га «Илтимоснома» такдим этади ва унда "сургун қилинган маҳбуснинг тақдирини ўзгартиришда подшоҳнинг марҳаматини сўрайди..." Император дунёга машҳур олимнинг илтимосини қондиради ва тез орада унтер-офицер Виткевич моҳиятан "чўлдаги разведка ва кўчманчилар билан алоқалар органи" саналган Оренбург чегара комиссиясига таржимон этиб тайинланади. Губернатор Сухтелен, хизматда ўзини разведка ходими ва истеъдодли дипломат сифатида исботлаган Виткевичнинг иқтидорини нишонлашни истаб, Осиё Департаментига ҳисобот юборади ва "Виткевични 1-офицер унвонига тайинлаш ҳақида Илтимоснома" юборади. Подшоҳ саройининг қарорини кутиш оғушида губернатор ўз ваколати билан Виткевичга портупей-прапорщик унвонини беради. Бу унвон оддий аскарлар даражасидан юқори эди, лекин офицер унвони саналмасди.

Оренбург ҳарбий губернатори Перовскийга "бошқа, энг тажрибали ва ишончли амалдорни танлаш" буюрилди. Перовский подшо унинг одамларни тушуниш қобилиятини шубҳа остига қўйгани ва Виткевичнинг номзодини рад этганидан қаттиқ хафа бўлди. Бироқ губернатор Подшонинг амрини бажаришга мажбур бўлиб, махсус рус агенти, Оренбург чегара комиссиясининг таржимони П. И. Демезонни Бухоро амирлигига юборади.

П. Демезон 1807 йил Шамбери шаҳрида (Сардиния Қироллиги), шифокор оиасида таваллуд топган. Ўсмирлигида давлат ҳисобидан Қозон университетини тугатган ва шарқ тилларини ўрганиш учун Петербург университетига ўқишга кирган. 1834 йил Қозон университетида у Шарқ оғзаки ва ёзма адабиёти бўйича номзодлик даражаси учун қойилмақом тарзда имтиҳон топшириб, "Шарқ адабиётини ўргатиш учун" университетда қолиб кетади. 1831 йил баҳорида П.Демезон Оренбургга, Неплюевск кадет корпусга араб ва форс тилларини ўқитиш учун ўтказилади. 1831 йил сентябрида П. Демезон Оренбург чегара комиссиясига таржимон этиб тайинланади.

П. Демезонга губернатор Виткевич учун тузилган, лекин "9-синфли таржимон Демезон" номига қайта йўналтирилган «Йўриқнома хати»ни шахсан топширади. Хатда айтилишича, элчи «Бухоро ҳукуматининг Россия билан савдо-сотиқ масалари бўйича фикрини билиш», шунингдек, «уларнинг ушбу мақсадга қатъий чоралар билан кўмаклашишга тайёрлик даражаси»ни аниқлаш топширилган шахс сифатида мактуб ва совға-саломлар билан қушбеги ҳузурига жўнайди. Элчига улардан фойдаланиш истагини уйғотмаслик учун совғалар ҳақида "маълумотларни бегоналардан иложи борича кўпроқ яшириш" ҳақида кўрсатма берилди. Шундан сўнг Оренбург ҳокимияти совғалари рўйхати келтирилади: "қутида ускуна билан милтиқ (420 руб.), иккита компас (125 руб.), мусиқий қутича (280 руб.), горизонтал тилла соат (250 руб.), соқол олиш ускунаси (110 руб.), бир жуфт бронза шамдон (45 руб.) ва 50 аршин турли матолар – ҳаворанг мовут, казимир ва драдедам (450 руб). Совғалар умумий қиймати – бир минг олти юз саксон рубл". Элчига «сафар борасида шубҳа туғилишига эҳтиёт бўлиш, ҳукумат билан музокараларда Россия ҳукумати савдо ва дўстлик алоқалари ўрнатиш мумкин бўлган ҳар қандай фармойишларга мойил эканлигига ишонтириш ва илтифотлардан фойдаланиш» ҳақида қатъий кўрсатма берилади. Аммо шу билан бирга, элчи Бухоро ҳокимиятига Россия ҳукуматига маълум қилмасдан ва унинг номидан бирор аниқ чора кўриш ваколати йўқлигини очиқ-ойдин баён қилиши керак эди.

Айғоқчи учун ишлаб чиқилган топшириқ 25 банддан иборат бўлиб, расман «Бухорога сафар чоғида ўзига эътибор қаратиши лозим бўлган предметлар ҳақида қайдлар» деб аталган. Демезон губернатор томонидан олти гуруҳга бўлинган масалалар бўйича маълумот тўплаши керак эди.

Энг аввало, айғоқчи «Бухоро ҳисоб-китоби ва аҳолисининг Россияга нисбатан мойил қилиш, норозиликлар сабабларини аниқлаш ва Бухоро бошқарувида асосий иштирокчиларни билиб олиш» топширилади. Иккинчи гуруҳдаги масалалар амирликнинг Шарқий Туркистон, Эрон ва бошқа қўшни давлатлар билан савдо муносабатларига алоқадор бўлган. Россия ва Бухоро ўртасидаги савдога келадиган бўлсак, ип газлама ишлаб чиқаришдан тортиб, Россиядан импорт қилинадиган товарлар ассортиментигача ҳамма нарсани билиш муҳим эди.

Оренбург ҳокимияти Бухоронинг Англия билан муносабатлари билан боғлиқ масалалар билан айниқса қизиқди: бухороликлар инглизлар ҳақида қандай фикрда, инглизларнинг Бухородаги ҳаракатлари қандай; амирликда қанча инглиз моллари бор, уларнинг нархи ва уларга талаб қандай. "Бу мавзу жуда муҳим, - деб таъкидланади «Йўриқномада», - шунинг учун унга энг жиддий эътибор бериш ва энг батафсил маълумотларни тўплаш зарур."

Айғоқчига «1825 йилда Бухорога келган ва у ерда ўлдирилган инглизлар Муркрафт ва Требекларнинг қоғозларини топиш буюрилган. Уларнинг мол-мулклари ошкора сотилди. Британия айғоқчиларининг топилган ёзувлари учун, агар керак бўлса, минглаб рубл тўлашга рухсат берилган"

Тўртинчи гуруҳ саволлари Хива хонлигидаги вазиятни аниқлаштириш билан боғлиқ эди. Демезон аниқ билиши керак эди: "Амударёнинг қаттиқ сув тошқини туфайли Каспий денгизига қараб оқиши ростми; кўпчилик аҳолининг Хивадан чиқиб кетиши ростми; савдогарларнинг хабар беришича, Хива ҳукумати тўлиқ ожизлик қилиб келгани ростми".

Қуйидаги саволлар Сирдарёга туташ ҳудудлар иқтисодиёти билан боғлиқ бўлган.

Ва ниҳоят, сўнгги масала жуда муҳим мавзуга алоқадор эди: рус асирларининг Бухородаги аҳволи. Айғоқчи нима сабабдан рус асирлари Хивадан Бухорога қочмасликлари сабабини аниқлаши; Бухорода хивалик асирларни сотиб олувчилар бор ёки йўқлигини аниқлаши; Бухородаги рус асирлари ҳақида аниқ маълумот тўплаши зарур эди. Демезон Перовскийнинг қуйидаги буйруғига алоҳида эътибор қаратиши керак эди: "... Бухоро ҳукуматига рус губернаторига анъанавий совғалар ўрнига битта ёки бир нечта рус асирини озод қилишни илтимос қилиши – бу губернатор учун энг ёқимли совға бўлишини маълум қилиш".

Демезоннинг Оренбургдан кетиши қаттиқ сир тутилди, чунки чегара комиссияси Оренбург савдогарларидан бирининг Евангелия миссияси билан алоқалари ва унинг Бухоро ва Хивада бўлган инглизлар билан ҳамкорлиги ҳақида ишончли маълумотга эга эди. Демезонга «татар мулласи қиёфаси берилди» ва 1833 йилнинг охирида у Мирза Жаъфар номи билан савдогар карвонига қўшилиб Оренбургни тарк этди. 1833 йилнинг декабрида айғоқчи Бухорога келди. Бу ерда яшаган олти ой мобайнида у барча кўрсатмаларини бажаришга муваффақ бўлди, энг аниқ ва ишончли маълумотларни тўплади.

1834 йилнинг 15 майида В. А. Перовский Демезоннинг май ойи бошида Орскка етиб келган савдо карвони билан юборган баъзи маълумотларидан Осиё Департаменти бошлиғи Родофиникинни хабардор қилиш имконига эга бўлди. Айғоқчининг хабар беришича, Бухорода рус молларининг нархи анча тушиб кетган; Хива мамлакатдан ғалла экспорт қилишни тақиқлаб қўйган, шунингдек, хонлик чегаралари яқинида тўп сурган қирғиз-каисаклар билан ҳам том маънода уруш бошлаган. Кайсаклар ўзларини ҳимоя қилиб, қуролли ҳужум уюштирдилар ва Хива қалъасини мағлубиятга учратиб, гарнизонини вайрон қилдилар. Демезон, шунингдек, Хива хони "форсларга ўтиб кетган айрим фуқароларининг хоинлигидан ғазабланиб, унга ўта ёқмайдиган Ново-Александровский истеҳкомига қарши жазо экспедициясига тайёргарлик кўргани" ҳақида маълум қилди.

1834 йил 26 июнда Демезон Орск қалъасига хонлик ҳукмдорлари шахсан унга, шунингдек, губернатор В. А. Перовскийга тақдим этган кўплаб совғалар билан келди.

Хушёр оренбурглик божхоначилар бу совғаларни қўлга олиб, уларни фақат губернаторнинг буйруғидан кейингина қўйиб юборишди.

1834 йилнинг июль ойида В. А. Перовский Ҳарбий вазирига Демезон томонидан топширилган вазифанинг муваффақиятли якунлаш ҳақида "ўта махфий" белгиси остида ҳисобот жўнатиб, "бу вазифани у ажойиб эҳтиёткорлик ва керакли муваффақият билан бажарди", деб ёзади. Ҳисобот Демезонни 3-даражали Анна ордени билан мукофотлаш ва уч минг рубллик пул мукофоти бериш учун ариза беришга асос бўлди. Осиё Департаменти пул мукофоти эътироз билдирмайди, лекин орден билан тақдирлаш эҳтимоли паст, чунки Демезон "тўқага эга эмас ва жуда кичик мартабада" деб жавоб берди (тўқа – давлат амалдорлари тақдирланадиган, маълум бир муддат ҳалол хизмати учун фарқланиш нишони. - Н. Г.).

Департамент директори К. Родофиникин пул мукофоти ва титулли маслаҳатчи мартабасини бериш мумкин, «хоч ҳақида эса тараддуд кўришнинг ҳам ҳожати йўқ, чунки рад жавоби олиш эҳтимоли юқори» деб ҳисоблади.

Бироқ 1835 йил П.И. Демезон пул мукофоти ҳам, «қоидалардан истисно тариқасида муносиб кўрилган» орден ҳам олди. Бу мукофотлар рус айғоқчисининг миссияси нақадар мураккаблиги ва унинг ажойиб тарзда бажарилганидан дарак беради.

Оренбургдаги хизматини П. И. Демезон 1836 йилгача Осиё Департаментида рўйхатида давом эттирди. Худди шу йили у Санкт-Петербургга кўчиб ўтди, у ерда проессор унвони билан Ташқи ишлар вазирлигида Шарқ тиллари ўқув бўлимида турк ва форс тилларини ўргатади. 1840 йилда Демезон Теҳронга Россия миссияси билан ташриф буюрди. 19-асрнинг 40-йиллари бошидан буён Осиё Департаменти хизматида бўлган. 1857 йилда Демезон Францияга кўчиб кетиб, Парижда яшаган ва Сардиния қироли томонидан берилган барон унвонига эга бўлган. Барон П.И. Демезон 1873 йил вафот этган.

Ҳозиргача ниқоби ва номини ўзгартирган, аммо мақсадлари эскича қолган яна қанчалаб демезонларнинг иркит қадами табаррук ерларимизни топташдан тўхтагани йўқ.

 

Абу Муслим таржимаси