loader
Foto

Босмачилик ҳаракатининг тугаши ва бунинг сабоқлари

Даҳрийлар давлатининг бошланғич даврлари - минг тўққиз юз ўн еттинчи йилдан йигирма бешинчи йилгача, шу орада, бутун Ўзбекистон ўлкалари бўйича босмачилар отида чиққан қўзғолончилар кўпаймиш эдилар. Буларнинг энг машҳурлари эса Қўқондан - Эргаш, Марғилондан - Мадаминбек, Шерматбек, Андижон, Ўш, Ўзган томонларида - Холхўжа, Охунжон, Абдураззоқ, Намангандан - Омон полвон ва бошқалар эди. Буларнинг барилари эса қоронғи халқ ичидан чиққан қора ботирлардан бўлиб, “Ўрис кофирларни йўқотиб, Ислом очамиз” дейишдан бошқани билмас эдилар. Юқорида номлари ёзилмиш қўрбошилар қўл остиларида ёнар ўтдек, ботир юракли жонфидо ўзбек йигитларидан оз деганда ўн мингдан ортиқроқ киши борлиги маълум эди. Афсуски, бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахтсиз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб-чопилиб бекорга йўқотилдилар. Бу каби илгари-кейин ўтган дард-ҳасрат, ғам-қайғулик ишларимизнинг борлиқ сабаблари ислом динига туб негизи билан тушунмасдан замонавий илм-ҳунарлардан қуруқ қолганлигимиздир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нодонлик, тушунмаслик куфрдан ёмонроқ”, дедилар. Қуръон айтишича имон-исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши албатта зарурдир.

Юқорида ёзилмиш эдики, Керенский томонидан берилган Қўқон мухторият ҳукуматига ўн икки кишидан иборат аъзо сайланмиш эди. Шулардан бирови марҳум Олимхонтўра акамиз эканлар. Бу иш бошланиб, олти ой ўтар-ўтмас, очиқ вагонларга тўп-замбараклар қурган ҳолда кел ишган большевиклар бўлуги Қўқонни тўпга тутишиб, кўп хароб қилганликларини ҳам юқорида ёзган эдик. Албатта бундай кунлари энг оғир, қўрқинчлик ишлар ҳукумат аъзолари устида бўлиши ҳаммага маълумдир. Шунинг учун акамиздан очиқ бир хабар келмагач, жигарчилик экан, чидаб туролмай, жонфидо дўстларимиздан марҳум дунган Эбил охунни йўлдош олиб Андижон сафарига чиқдим. У кунлари эса инқилобнинг бошланғич даврлари бўлганликдан сафар йўлларимиз анчагина қўрқинчли эди. Шундай бўлишига қарамай тоат сафари бўлгач, Тангрига таваккал айлаб йўлга тушдик. Сўқулук, Оқсу, Қораболта, Ашморадан ўтиб тўртинчи қўноққа - Меркига етдик. Бу эса Боласоғун каби исломдан илгари-кейин Туркистон тупроғида яшовчи маданий ўтроқ ўғуз туркларининг шаҳри эканлиги, ўртадаги арки айланаси харобаларидан очиқ билиниб турарди. Энди эса илгариги ўғуз турклари ота-боболаримиз яшаган Она ватанимиз ерларига, боши Иссиқкўл, оёғи Ўтрордан ўтиб Сирдарё бўйларигача, ерлик халқдан кўпроқ ўрислар эга бўлиб ўлтирибдилар. Шу билан Меркида бир қўниб, эртаси тоғ йўли билан кетмакчи бўлиб, кун юриш томонидаги Тиёншон тоғлари ичида Жорғорт довонига қараб жўнадик. Бу ошув эса Орқа Туркистон билан Фарғона водийси орасидаги Олатов тоғлари ичида энг эгиз довонлардан ҳисобланади. Буни ошиб ўтгач, икки томони буюк тоғлар билан қуршалган, қалин тўқайлик Сочқонсой деган тор ўзанга тушдик. Бу тоғлик яйловлар ичида турк улусларидан соёқ, жетиган қирғизлари яшар эканлар. Эл яйловдан кўчиб, қишловга тушган кунларига тўғри келганлигимиздан кўч оралаб юриб ўлтириб ҳуфтон вақтида сой ўртасига етдик.

Бу ўртада йўловчилар учун белгиланган қўнолғу йўқ эди. Кеч кириб, гугум тушиб, қош қорайгач, йўлдан чеккароққа чиқиб атрофи очиқ бир тоғ бетида ётдик. Чунки кечқурун йўл келаётганимизда кўришган кўчманчилар кўзлари бизга тушиб, шу яқин орада қўниб қолишимизни пайқаган эдилар. Ҳар икки томони олислашган узун тизма тоғлар орасида келаётган яхши отлиқ қуролсиз йўловчиларга бу тоғ қашқирларининг кўзлари тушгач, қизиқиб, қолишмасин деб, шу кечани уйғоқлик билан ўтказмокчи бўлдик. Тонг оширадиган отларимизни қалмоқчасига чидор солинган ҳолда ўз олдимизга келтириб қўйдик. Шу кеча тун қоровуллигини ўзим олмоқчи эдим. Бироқ йўлдошим Эбил охун мени қўймасдан бу хизматни ёлғиз ўзи бажармоқчи бўлди. Шундай бўлса ҳам унга кўп ишонмай, тун ярми ўтгач, мени уйғотиб ўзи ухлаш шарти билан ётдим. От устида ўн соатлаб йўл юриб чарчаган киши шундай бош қўйишим билан уйқуга кетган эканман. Бир вақт уйғониб қарасам Эбил охун донг қотиб ухлаб ётибди, отлар иккови ҳам йўқ. Ҳой сенга нима бўлди? - деб қаттиқ қичқиришим билан у ҳам уйғонди. Нима қилишимизни билолмай икковимиз ҳам бек шошқинликка тушдик. Чунки бу ернинг ҳар икки томони ҳам яёв юришга 3-4 кундан кам эмас, хатарли йўл эди. Хуржун-халашларимизни кўтаришиб озиқ-овқатсиз неча кунлаб йўл юришга тўғри келар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар хатарларидан сақланиш учун ва уйдан чиқар олдида сафар намози нияти билан икки ракат ибодат ўтаб, “Алҳамду” сураси сўнгида “Оятал курси” ёки икки “Қул аъузу” ўқиб, намоздан сўнг шу дуони қилишга буюрдилар: “Оллоҳумма инний аъузу бика мин ваъсоис сафари ва кобатил мунқалаби ва суъил мунзари вал аҳли вал валади”. Маъноси: “Эй бори Худоё, сафар хатарларидан сақла, қайтиб келишда мол, жон ёки оила ичида кўнгилсиз ёмон ишлар устига чиқишдан асра”, демакдир.

Қарасак, вақт ярим кечадан ошмиш эди. Бизларга кўзлари тушган кўчманчилар қасдлаб келиб ўғирладиларми ёки очиққан, чанқаган отлар қандайдир бўшаниб олган бўлсалар, сув товушига эргашиб, тўқай ичига тушдилармикин деб чидаб туролмай, кўзга санчса кўринмас қоп-қора тун ичида тимсалашиб, ҳар икковимиз, от қарамоқчи бўлиб икки ёкдаги тўқай ичига кирдик. Бундай жойларда бўри, айиқ каби йиртқич ҳайвонларнинг бўлиши белгиликдир. Соқлик юзасидан пичоғимни қўлимга олиб, тўқай ичида туртиниб яқин икки соат қидирганим сўнгида от шарпаси билинмагач, қайтиб чиқишга мажбур бўлдим. Ҳай, шу кечанинг узунлиги жонга ботди, ҳар икковимиз зориқа-зориқа термулганимизча ўлтириб, аранг тонг отқиздик.

Йўлдошим Эбил охун ўз қилмишидан хижолатга қолиб бош кўтара олмаган бўлса ҳам, уйғурлар “Мўллам, дони зўлонг” дегандай, мен ўз одатимча дуога киришиб, “Саловоти тунжино” ўқиш билан тонг оттирдим. Тонг отиши билан намозимни ўтаб олгач, яна излашга киришдим. Кун кўтарилган чоғи эди, чуқур бир сой бўйидаги қалин тўқай ичида “Ҳой, от бу ёқда экан!” деган йўлдошимнинг уни эшитилди. Шу билан бир зумда бошимиздан ғам тоғи кўтарилиб, бу каби қўрқинчлик ерларда сафар хатарларининг қайғулик қоронғу туни қоплаган тутуқ кўнглимиз бир дамда очилди. Яхши, Худо ўнглаб бошқа ҳаром тегмаган экан, тездан отларимизни келтирдик. Ем-чўп едириб қондирганимиздан сўнгра яна йўлимизга тушдик. Бир оз вақт юрганимиздан сўнгра Кетмонтепа томондан қочиб келаётган бола-чақалик руслар манзилга еткунимизча узилмай олдимиздан ўтгани турдилар. Нима бўлди экан десак, Ўш атрофидан бош кўтариб чиққан Холхўжа деган қўрбоши қуроллик-қуролсиз юз чамалик йигитлари билан келиб, Кетмонтепа қишлоғида тинч ётган русларни қамаб қўрқитган экан. Орада бир қўниб эртаси Кетмонтепага етдик. Бу эса Орқа Туркистон билан Фарғона тизма тоғлари орасига тушган ора яйлов қаторида об-ҳавоси ўртача машҳур Сувсамир яйловининг оёғи бўлиб, ери кенг, сувлари мўл, келишган, гўзал бир ердир. Экинчилик ишлари бу ерда бек унумлик бўлиб, айниқса, ҳар турли дон ўсимликлари бўлак ерлардан кўра бу ерда тўлиғи билан етишади. Буғдой нонлари эса ортиқча таъмлик бўлганликдан чет ёқдан келувчи йўловчилар бунинг олдида бошқа нарсани кўп кусамайдилар. Шунинг учун чор ҳукумат замонидаёқ бу жойларга қизиқиш бошланиб, ерлик қирғизлар билан эмас, рус келгиндилари билан керакли бари ўринлар тўлдирилмиш эди.

Шундай қилиб, отушлик савдогарлардан бирининг уйига қўниб бир кун дам олганимиздан сўнгра, бу ердан чиқиб юрганимизча Эшимнинг сойи деган узун бир ўзанга тушдик. Бош-оёғи кўринмаган сой ичи тўлган писта, бодом, ёнғоқ каби мевалик қалин дарахтларни оралаб юриб ўлтириб, Норин дарёси бўйига чиқдик. У кунлари эса бу дарё икки қисиқ тоғ оралиғида оқаётганлигидан тикка тоғ белидаги ёлғизоёқ, тор йўлда отлиқ юриш анчагина хатарлик эди. Шу кунги қўнолғудан ўзгач, орада яна бир қўниб Норин сувидан Хўжам кўприги орқалик ўтиб, Учқўрғон қишлоғига кирдик. Йўловчилар шимолий тизма тоғлардан ўтиб Фарғона водийсига тушгач, биринчи навбатда учрайдиган қишлоқлари шудир. Наманган, Қўқон, Андижон ва бошқа Фарғона шаҳарларига шу ердан тарқаладилар.

Бизнинг бу сафаримиз 1921 йили бўлганлиқдан босмачи номидаги халқ қўзғолончиларининг энг кучаб ётган вақти эди. Бир қишлоқда большевиклар, иккинчисида босмачилар туриб, ораларида отишма-чопишмалардан чиққан милтиқ товушлари узилмас эди. Минган отларимизни кўрган кишилар: - Ҳой, қандай бўлар экан, бу ўхшаш яхши отларга кўзлари тушганда ҳеч қачон қутула олмайсиз. Ориқ отларни бериб, бу отларингизни тортиб олмасалар, - деб бизни ваҳимага солдилар. Шундай бўлса ҳам Андижон шаҳрига етгунча бирига-бири туташган қалин дарахтлик қишлоқлар оралаб кетдик. Кўча бошларида ўтиришган одамлар: - Ҳали шу ёққа кетган беклар, босмачилар сизларга қаерда йўлиқишди? - деб сўрашар эди. Оллоҳ сақлади бўлғайким, ҳеч нарса кўрмай, яхши-ёмон кишиларга йўлиқмай, тўғри йўлимизда кетавердик. Урганж қишлоғидан чиқиб, Андижонга яқинлашган сайин уруш аломатлари кўрина бошлади. Шундоқки, Андижон, Намангон поездлари бутунлай тўхталган, темир йўллари бузилиб, станциялари куйдирилган экан. Шу каби аломатлар ичида юриб ўлтирганимизча омон-эсон Андижонга етдик. Шаҳар ичига киргач қарасак, бутун кўчаларда чувалиб-сочилиб ётган пахта тойлари ҳисобсиз эди.

Сўрасак, биз келишдан уч-тўрт кун илгари Мадаминбек шаҳарга ҳужум қилиб ҳар икки томон аскарлари той пахталарни ўзларига қалқон қилиб отишишган эканлар. Сўнгра буларни шаҳардан чиқариш учун қалъага қамалган большевик аскарлари томонидан отилган тўп-замбарак зарбаларидан шаҳар халқи хонадон уйлари, бозор-раста дўконлари анчагина зарарланмишдир.

Нақ шу вақтлари мамлакат бўйлаб бутун Русия бошқа жойларида большевикларга қарши халқ кўтарилмиш эди. Ички Русияда Колчак, Врангел каби ҳарбийлар, Оренбург казакларидан Дутов, Анненковга ўхшаш генераллар бош кўтармиш эдилар. Мамлакат бўйича қуролланган ҳар жойдаги қуролли кучлар ва ҳам иқтисодий ишлар вайрончиликка учраганликдан ҳожатга етарлик эмасди. Ёқилғилар эса тугашга етиб, темир йўл паровозларига кўмир йўқлиғидан ўтин ёқишга мажбур эдилар. Яна у кунлари эса бутун Ўзбекистондаги русларнинг сони ҳозирги шу кунлардагиларнинг юздан бирича ҳам келмас эди. Бунинг устига узун Дашти Қипчоқ чўллари орқали орамиз ажраганлиги, ватанимиз Ўзбекистон Ёврупо босқинчилари марказидан йироқ туриши, яна бу кунга қараганда оз-кўп диний, миллий ҳиссиётимизнинг борлиги, мана бу каби нарсалар эса у кунлари биз учун кераклик бутун ишларимизни қулайлаштиришга йўл очмиш эди. Қисқаси, ватанимиз Ўзбекистонни босқинчи руслар қўлидан қутқариб қолиш шароити шу чоғда туғилмиш экан. Улардан фойдаланиш йўлларини нега тополмадилар?

Бунинг бирдан-бир сабаби - у кунлари халқимиз ичида сиёсий оламга тушунган, оз бўлса ҳам замонавий илм ўқиб билган кишиларимиз йўқ ҳисобида эди. Мисоли шулки, қурилиш ва ибнокорлик асбоб-ускуналари агар тўлиғи билан топилар экан, унга раҳбарлик қилувчи муҳандислар тажрибалик уста ишчилар бўлмасалар, у ибнонинг қурилиши, албатта, мумкин эмасдир. Шунга ўхшаш бир миллат ўз миллий давлатини қуриб олиши учун замонасига лойиқ бутун асбоб-ускуналарни қўлга келтирган тақдирда ҳам шу нарсаларни ўз ўрнида ишлата билгудек, миллий ҳиссиётлик сиёсий арбобларга албатта муҳтождир. Ҳозирги ўқимишлик, тушунган ватан болаларимиз агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки, болта сопини ўзимиздан чиқариб, туб илдизимиз билан бизни кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўғилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилди демакдир. Энди миллий ҳиссиётларини сақлаш учун ўзларида икки нарсанинг бўлиши албатта шартдир: Бирови - дин, иккинчиси эса ҳар миллатнинг ўзига хос она тилидир.

Большевиклар ҳокимияти қурилган кунданоқ бошлаб диний маросимларимизни асоси билан йўқотишга киришганликдан ҳозирги болаларимизнинг диний ҳиссиётлари йўқ ҳисобида қолмишдир. Бунинг устига яна ўз она тилларидан ҳам ажрар эканлар, у чоғда диний, ҳам миллий ҳиссиётлари бутунлай йўқолиб, кўп узоқламаёқ русларча ютилиб кетишлари шубҳасиздир. Бу эса ота-боболарининг суяклари билан бир қатлами кўтарилган гўзал Ўзбекистон -Она ватанларини босқинчиларга қолдириб, ўзлари инқироз чуқурига юз тубан йиқилган ҳолда тарих юзидан абадий ўчирилди демақдир. Ўз ота-боболарини унутиб, бошқаларга қўшилган бундай кишилар ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом норозилик билдириб, лаънат ўқидилар.

Яна ўз сўзимизга келайли. Шундоқ қилиб, шаҳар ичига киргач, руҳи ўчган кишиларни, кўнгилсиз қўчаларни оралаб ўлтириб, Хўтан ариқбўйи ота маҳалламиздаги поччамиз Абдуллаҳожи уйига тушдик. У кеча ором олиб, эртасига Олимхонтўра акамиз билан кўришгандан кейин бу ерда ҳафта-ўн кунлаб туришга тўғри келди. Шу муддат ичида кўпгина кишилар билан сўзлашган бўлсам ҳам, у кунларда душманлар томонидан қўлланилаётган сиёсат сеҳрига тувалик тушунган бирорта кишини учрата олмадим. Шундоқки, Масков сеҳрчилари босмачи номида чиққан қўзғолончиларни ҳеч кимга туйдирмай ўзларининг энг яқин қуроллик аскарлари қаторига қўйиб, улардан фойдаланмокда эдилар. Чунки, инсон насли Ер устига таралгандан бери ҳеч бир даврда кўрилмаган бузуқ-жирканишлик тузумларини большевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак-ичмак, озиқ-овқатларига осилиб, бирор киши уйида ортиқча дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. Лекин бу зулмларини шаҳар ичларида қамов-ҳайдов каби ҳар турлик ваҳшийликлар орқалик тездан бажара олган бўлсалар ҳам, шаҳар атрофи қишлоқларда шароити тўғри келмагач, бу хиёнатни юргиза олмадилар. Чунки, бу каби боши туюқ, қоронғу кўчага халқни киргизиш эса иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир. Шунинг учун большевиклар атрофдаги ўзларига қарши бош кўтаришган нодон душманларга остиритдан қурол етказиб туриш сиёсатини қўлландилар. Ўлка бўйича ўн мингдан ошиқ тахминланган қўзғолончилар аскарларини бир мақсад, бир нуқтага қолтириб, бир тут остига тўплагудек ерликлар ичидан ишга ярамлик бирорта одам чиқмаганликдан бу қора ботирлар нима қилишларини билмагач, ўзларини таъминлаш учун халқ бойлигини талашга киришдилар. Натижада бутун халқ борлиқ бойликларидан ажраб, қанот-қуйруғи юлинган қарғадек оч-яланғоч, бир тишлам нонга зор бўлган ҳолда “гаҳ” деса қўлга қўнғудек бўлди ва у замонга тушунмаган қора ботирларга халқнинг нафрати ошди ва улар “босмачи” деган номни олди. Буларнинг ичида бир оз бўлса ҳам замонасига тушунган, халқ олдида ҳурмати бор, ишончлиги ортган Мадаминбекни ўртадан кўтариш зарур бўлди. Қандайдирки, бу масалани қурол кучи билан эмас, балки макр-ҳийла орқалик ҳал қилишга киришганликдан тубандаги моддаларни қабул қилган бўлиб, у билан битим тузмиш эдилар:

1.    Фарғона мухториятини тасдиқлаш;

2.    Шароитга қарабўн мингдан қирқ мингтача Мадаминбек қўл остида миллий аскар сақлаш ва буларнинг Қурол-яроғларини марказий ҳукумат томонидан таъминлаш;

3.    Ўқув-ўқитув ишлари ерлик ҳукумат ихтиёрида ва ўз она тилларида бўлади;

4.    Мусулмонларнинг диний ва ўзаро даъво ички ишлари бутунлай ўз қўлларида бўлиш ва шариат буйруғича юргизиш.

Мана шулар каби эшитишга анча фойдалик кўринган ишлар билан келишим тузилган сўнгида шу йигирманчи (1920) йили Мадаминбек Тошкентга чақирилди. Унинг келиш ҳурмати учун чет давлатдан келаётган ҳукмдорларга қилгандек кўчалар безатилган ҳолда тантана билан қарши олиниб, катта маросим ўтказилмиш эди. Буни кўрган мусулмонларнинг руҳлари кўтарилиб, тарихий анъаналари қўзғолганликдан миллий-озодлик умиди билан миллий ҳукуматларини эскармиш эдилар.

Буни кўрган ватан босқинчилари ўзларининг олдиндан ўйлаб қўйган макр-ҳийлалик планларини тезлик билан амалга ошириш сиёсатига киришди. Йўқ эса ҳар икки томон ризолигича тўхтам қилинган битим моддаларини халқаро қонун бўйича амалга оширишлари лозим эди. Бунга қарамай бекка илтимос қилган бўлиб, Фарғонада қолган Шерматбек, Холхўжа каби қўзолончиларни ҳам Тошкентга келтиришни унга таклиф қилдилар. Бу ҳам “Улар менинг сўзимдан чиқмайди” деб ишонганликдан эҳтиёт йўлини ўйламай тўғри булар олдига келмишдир. Ҳолбуки, бу маккорлар аллақачон ўз қўллари билан чуқурлар тайёрлаб қўймиш эдилар. Шундоқки, “Мана сизлар ишонган Мадаминбегинглар кофирга сотилиб, ўз фойдаси учун сизларни тутиб бермоқчи бўлди. Бу ишни бажариш вазифаси унга топширилмишдир. Бу яқин орада келиб қолса, шунга қараб чора кўриш керак” деган ёлғон фитна сўзларни тарқатиб, у онгсиз қора ботирларни ишонтириб турганни устига Мадаминбек ҳам келмишдир. Хақиқатда эса кўкрак кериб от чопишдан бошқа ҳеч ишни билмаган маслаксиз қора ботирлар кўзлари унга тушиши биланоқ гапиртирмасдан: “Ҳой, сен бизларни кофир большевиқцар қўлига бермоқчимисан”, деб уни ўлдирдилар. Бу улуғ жиноятни бажаришган сўнгида озу кўп кутилган умидлар узилиб, кўз тутилтан ишлар бутунлай ўзгарди. Босқинчиларга ҳайбат кўрсатган Мадаминбекнинг қўзғолончилар қўлида ўлиши, ҳар ҳолда ерлик халқ учун фойдалик кўринган юқориги битимнинг бузилиб кетиши келажакда кутилган мусулмонлар манфаатларига қаттиқ зарба бермиш эди. Бу фожиалик воқеадан ватан босқинчилари ўзлари тилагандек икки тарафлама фойдаланиб, хиёнат мақсадларига эришдилар.

Мана бу фожиадан кейин ўлка бўйича тарқалган қўзғолончиларнинг қўри тутаб, жамиятлари бузилди. Руҳлари тушиб, тўплари тарқашга бошлади. Ёлғиз большевиклар эмас, балки ўз халқлари олдида ҳам ўғри-босмачи номини кўтардилар. Бу ишда планлари тўғри чиққач, мундан бу босқинчилар неча ёқлама фойдаланишга киришгани турдилар. Халқни талаш-булашда, ўлдириш-куйдиришда босмачи номида чиққанлар уларнинг олдинги сафдаги қуроллик аскарлари хизматини бажардилар. Кўзлаган мақсадлари қўлга келиб, планлари тўлгунчалик ерлик халқ устида ўтказиш лозим булган ҳар турлик ваҳшийликларни нодон босмачилар қўли билан бажариш сиёсатини тутдилар. Аларнинг қуроллари эса булар томонидан таъминланиб турмоқда эди. Иш ортини ўйламаган, дўст-душманнинг кимлигини билмаган бир тўда ясама ваҳшийлар орқалик ўйлаган планлари тўлиб, кўзлаган ишлари бажарилиб бўлгунча бутун ерлик халқ жонларидан тўйиб, қанот-қуйруғи юлинган, тумшуғи билан ер тираган қуш каби нима деса бўйинсунишга тайёр бўлмиш эди. Маккор, ҳийлагар Масков сеҳрчиларининг тубги тутган сиёсатлари эса бутун ерлик халқларни, юқорида айтилгандек, ўз қўллари билан бўгизлаш, иқтисодий бўлгунликка туширгандан сўнгра, аларни келажакдаги абадий қулликка тайёрлаш эди. Телба, мажнунлар қўлларига қурол ушлатиб, шу орқалик ишлари бажарилиб, планлари тўлган сўнггидагина иблис Калинин Масковдан келди. Бунинг келишини ҳар ёқлама исканжа азоби остига олиниб, энг охирги дамини аранг олаётган бечора мусулмонлар ўзлари учун нажот байрами ҳисоблаб, тантана билан уни қарши олдилар. Ҳақиқатда эса бу жаллодларнинг мақсади бўри оғзидан қутқариб олиб, ўзларига қурбон қилиш эди. Ҳар ҳолда босмачилик плани тўлиб, бу ҳақдаги сиёсат ўзгарганлиқцан Калинин ва унинг ҳайъатлари келиши билан ҳар жойда қурилган зулм судлари ишга киришиб, бутун босмачиларни ўлимга буюрдилар. Шу баҳона билан ўзларига тўғри келмаган кўп ерлик ўз ватани учун қайғурган кишилар отилиб-чопилиб, қолганлари сургун қилинди. “Душман қўли билан илон бошини янч” деган мақолимиз ўз устимизда ишлатилиб, ўз қўлимиз билан ўзимизни бўғизлатдилар. Шундай бўлиб, олти-етти йил давом этган қўзғолончилар ҳаракати онгли равишда илмий-сиёсий асосга қурилмаганликдан охири ачинарлик ҳолга айланиб, бутун ишлари натижасиз бўлиб чиқди. Йўқ эса, қанча халқимиз қонлари ўринсиз тўкилгани устига не қаҳрамон йигитларимиз, ватан ўғлонлари бу йўлда қурбон бўлмиш эдилар.

Эшитишимизча, Калинин 1923-1926 йиллари бу Ўзбекистон-Туркистон ўлкасидаги бутун ишларни ўзлари тилагандай бажариб Масковга қайтиб боргач, уни йигирма мингдан ортиқ одам қарши олиб, кутиб чиқмишдирлар. Шу чоқда уларга қаратиб Калининнинг биринчи айтган сўзи: “Ўртоқлар! Боғ-бўстонга ўралган, ноз-неъматга тўлган Ўзбекистондан партиямиз сизлар учун, бутун рус халқи учун олий жойлар тайёрлади. Биринчи сизларни шу билан табриклайман”, - демишдир. Ҳозирги тарихдан қирқ неча йиллар илгари айтилган унинг бу совуқ сўзи айтилганича қолмай, балки кун сайин амалга ошаётганлиқцан у кунларда ўн фоизга етмаган рус босқинчиларининг сони шу кунлари [қатор шаҳарларда] етмишдан ҳам ошиб бораётганлари кўз олдимизда туради. Энди бошдан-оёқ бу каби фожиалик тарихий сўзларни ёзишимдан кўзлаган менинг тубги мақсадим эса қуруқ достончилик эмас, балки бутун инсоният ҳуқуқларидан маҳрум этилган, ўз ватанида туриб ғариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажакдаги ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйғотишдир. Кўнглимдаги мунглик қайғуларимни қалам тумшуғидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллатсевар қаҳрамон болаларимизга менинг топшириғим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни тил учидангина ўқиб ўтмасдан, ҳар бир оғиз сўзини текшириб, унинг устида фикр юритсинлар.

Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш йигирманчи асримиздаги инсоний, миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириш зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар. Ҳақиқатда эса эрклик ватан ҳокимияти ўз қўлимизда бўлмагач, бошқалар фойдасига бутун ҳуқуқларимиз оёқ остига тушиб депсалмоқда. Лекин ҳуқуқлар ҳимоясининг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари эса инсон олами юзига бутунлай очиқдир. Шунга кўра, тушунган ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмаклари лозимдур. Чунки, “Иш - билганники, қилич - урганники” деган ҳикматли оталар сўзини амалга оширар эканлар, албатта ватан аҳллари, айниқса, замонавий ўқишиб етишган ўғил-қизларимиз ўз ишларини бажариб, ўз ўринларига эга бўла оладилар. Агар қўлида шароит бўла туриб бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўла олмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки, шароити топилса ҳам ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб оғзидаги нонини итга олдирган, қўл-оёғи соғ, қуроллик кишига ўхшатадилар. Мана шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек сақланишга буюрмишдур:

1.    Ожизлик;

2.    Кўрқоқлик;

3. Дангаса - хўринлик (ишёқмаслик).

Шароити бўла туриб ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада “ожиз” дейилади. Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида мағлубиятга учрайди. Қўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар.

Дангасалик - хўринлик, бу эса ишчанликка қарши бўлиб, ҳаёт оламида инсонлар учун энг зиёнлик ёмон сифатлардандир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тани соғ бекорчи, дангаса одамлардан Худо безор”, - дедилар. Яна Пайғамбаримиз айтишларича, ақли бор одамлар ўз ҳолларини текшириб туришлари, ўз замоналарига тўлиқ, яхши тушунишлари албатта лозимдур.

Энди биз Ўзбекистон халқи ҳақиқатда эса шу ватан ахдларимиз. Инсон насли яратилиб, Ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота-боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар. Шу кунларгача тирикларимизни бўйнига кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Демак, бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон -Туркистон бизнинг ўз Она ватанимиздир.

Энди юқоридаги сўзга кўра биз ўзбеклар шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, бутун ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, тақдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғу-бўстон, ноз-неъматлик ватанларимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз устига мол-дунёмиз, аҳлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк-ихтиёримизни мажбурий равишда кўлимиздан кимлар тортиб олди? Ўзбекистон, айниқса, Қирғизистон, Қозоғистон ўлкаларида ўз аҳлларидан неча баробар босқинчилар кўпайиб, бутун ерларимиз руслаштирилди. Бошқаларга кўз бўёв учун қоғоз устида “Ўзбекистон”, “Фалонистон” деган ном бериб, иш устида Масков томонидан тайинланган бир қанча ватан хоинлари, рус ялоқчилари, амалпараст, виждонсиз, маслаксиз одамларни ерлик халқлар номидан қўйган бўлиб, иқтисодий-сиёсий, ҳарбий ишларни ўз қўлларида тутмокдалар. Халқимизнинг ўз меҳнатлари билан топган иқтисодий бойликларни ва ватанимиздаги табиий бойликларни уятсизларча таламоқда. Ҳозир йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида бутун дунё бўйинча мустамлакачилик даври йўқолиш олдида туришига қарамай, биз Туркистон халқи рус босқинчиларининг ажойиб бир мустамлакачилик даврида турибмиз, ҳатто халқимиз руслаштирилиб, йўқолиб кетиши хавфи бор. Бизлар бутун ҳуқуқларимиздан ажраган ҳолда боғ-бўстон, ноз-неъматлик ватанимиз, ота мероси ҳалол молларимиз кўз олдимизда бақрайтиб туриб босқинчи душманларимизга бўлиб берилмоқдадир. Унумлик ватанларидан неча миллион тонналаб “оқ олтин” - пахта чиқариб бераётган бахтсиз деҳқонларимизнинг хўжаликлари бўлгунликка тушиб, шу кунлари қандай оғирчиликлар билан кун кечирадилар! Ўз эли, ўз ерида ғариб бўлган бу бечораларга ғамхўрлик қилувчилар, буларни қайғуриб эскарувчилар борми? Бу уятсизлар “Итингни оч сақла, орқангдан эргашсин”, деган мақолни тилга келтирмасалар ҳам амалга оширдилар. Ҳозир, 1966 йилдаги Ўзбекистон ҳукумати бошлиқлари каби бир неча мансабпараст очкўз итларни орқаларига эргаштириб, шулар орқали ўз мақсадларини бажармоқдалар. Зилзила баҳонаси билан бизга ёрдам еткизмакчи бўлиб сел каби қоплаб келаётган босқинчилар кимлар ҳисобига яйрашиб, кимларнинг ватанига эга бўлдилар? Ерлик халқларни шаҳардан четта ҳайдаб, буларнинг жойларига неча қаватлаган иморатлар солиниб, бу иморатларга бутунлай русларни кўчириб келдилар. Уйидан ажраган бечора ерлик халқ ёш болалари билан кўчаларда дилдираб юриб, аранггина бир ошёна солиш имконига эга бўлдилар. Мана бу фожиаларга умумий ватан аҳллари ўзбек халқимиз, айниқса, янги ҳаёт эгалари, замонавий ўқимишлик ватан болаларимиз, сиёсатшунос ватанпарвар, замонавий буюк олимларимиз аҳамият бериб қаттиқ қайғуришлари албатта лозимдир. Чунки бир миллатнинг ватанига тушган офатлар эса у миллатнинг жасадларига ёпишган вабо микроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти ўчирилиб, у миллат туб томири билан юлиниб ташланади. Ҳозирда эса бизга қарши қўйилган босқинчилар кучи бошланғич даврга қараганда юз баробар ошганликдан, биз ватан аҳллари улар олдида тоғ остида қолган чигирткачалик ҳам кучга эга эмасдурмиз. Лекин бунга қарши тоғларни ағдаргудек кучга эга бўлган аларнинг душманлари эса пайт пойлаб, қаршиларида қараб турадилар. Энди бизга буларнинг темир чангалларидан қутулиш учун замонавий илм-ҳунарларни қўлга келтириб, вақт кутиб, тайёргарлик кўришдан бошқа чора мумкин эмасдир.

Байт:

Сабр қил, боғлар замон душман кулин орқасига,

Вақтин ўткузма ўшанда, душманинг ур бошига.

Чунки бир давлатнинг қурилиши учун, мисоли бир завуд ибносининг қурилиши каби, аввал шунга етарлик ҳар хил асбоб-ускуналар тайёрлаш, албатта лозимдир.

Унга кераклик яроқ-жабдуқлар, қурувчи уста-ишчилар, бошқарувчи итик кўзлик муҳандислар ҳозирланган сўнгида вақти етиб шароити келар экан, давлат ибноси шаксиз қурилди демакдир. Энди бу мақсадни қўлга келтиришга замонавий илм-ҳунарни тўлиқ равишда ўзлаштириб, тарихий аньанамиздан ажрамасдан диний руҳимиз, миллий ҳиссимизни қўлдан бермаслигимиз энг биринчи шартдир.

Яна ўз сўзимизга қайтдик. Акамиз бошлиқ қариндош-уруғлар билан кўришиб замона аҳволи билан танишганимиздан сўнгра ўз жойимиз Боласоғун (Тўқмоқ) шаҳрига қайтмоқчи бўлдик. Келган йўлимиз тоғ сафарининг хатарларидан сақланиб, поезд билан Тошкент орқалик кетмакчи бўлсак ҳам, у кунлардаги тартибсизликлар сабабли бир ҳафта-ўн кунлаб поезд билети ололмай юрган кишиларни кўргач, яна тоғ йўли билан қайтишга тўхталдик.

Қайтиш кунларимизда босмачилар жойлашган қишлоқ-ларни оралаб ўтиш тўғри келганликдан отларимиздан ажраб қолиш қўрқуви бўлса ҳам, хатарлик жойлардан саломат ўтиб тоғ ичига кирдик. Кетмонтепадан ўтиб йўл ўрталаниб қолгач қарасак, босмачилар сабабли ўткинчиларни текшириш учун йўл бўйи соқчи аскарлар қўйилмиш экан. Уларга учрашлик ёки учрашмаслик - бу иккови ҳам хатардан ҳоли бўлмаганлиқдан душман юзини кўрмасликни ортиқроқ кўриб, йўл чалғитиб қутулиб кетдик. Улар бизни қандай қилиб кўзларидан йўқотиб қўйганликларини ўзлари ҳам билмай қолдилар. Булар кўзидан узаб олгач, уй-қирлик, далдали кўп тоғ орасидан тизгин тортмай чопганимизча кенг бир текис яйловга чиқдик.

Тун қоронғуси эмас, тўлиқ ойдин кечаси бўлганлиқдан йироқдан бизга қарши келаётган бир қанча отчан кишиларнинг қораси кўринди. Олдимда от тосқоғи билан кетаётган йўлдошим Эбил охун “Қандай қиламиз?” дегандай қилчайиб менга қарай бергач: “Шу юришингни бузма, йўлдан чиқмай, шу чопганингча юрабер”, - дедим. Орамиз бир-икки чақиримча қолган эдиким, биз тортинмай тўғри келаётганимиздан чўчиган бўлишлари керак, тўғри йўлдан тоғ томонига бурилиб кўзимиздан ғойиб бўлдилар. Буларнинг биздан қочганига кўра улар Қирғизистондан Ўзбекистонга атказчилик қилиб қатновчи савдогарлар бўлса керак деб ўйладик.

Шу билан орада бир қўниб, Қалмоқ ошув орқали Мерки шаҳрига тушиб, ундан уч қўниб Тўқмоққа етдик. Бу сафаримизнинг бориш-келиши яқин бир ой чамали бўлмиш эди.

Алихонтўра Соғуний (роҳимаҳуллоҳ)

“Туркистон қайғуси” китобидан