(Бўлған гаплардан)
Қуршоб
Ўш билан Ўзгант орасида, машҳур Ўттиз адирнинг ёнида, Қуршоб деган қишлоқ бор. Унинг номи ҳали ҳам расман Покровский деб русча аталиб келадур. Ундаги фуқаро тамоман кўчкунчи (муҳожир) ўруслар бўлуб, булар ўзларининг истакли оталари ва ҳомийлари бўлған Некалай подшоҳнинг даврида шу мунбит тупроққа келиб жойлашканлар. Бечора қирғизларнинг энг унумлик жойларини қозоқ ўрусларнинг заҳарлик қамчиси орқасида тортиб олиб, уларнинг ўзларини «тўрт тарафинг қибла» деб ҳайдаб юборғандан кейин тез орада шу қадар бой бўлуб кетган эдиларким, уларнинг бу «ҳаром давлатлари» тўғрисида ўша вақтдағи турк-татар газеталари ҳам кўб нарса ёзған эдилар. Ернинг, тупроқнинг асл эгаси, хўжайини бўлған бечора қирғизларнинг кўби ўша вақтдаёқ бу «бетакаллуф меҳмонлар»ға хизматкорликка ёлланған эди: ҳар бир уйи бор муҳожирнинг энг ками 1-2 та қирғиз хизматкори бўлғучи эди.
Қуршоб қишлоғининг ўзи ҳам оз фурсатда жуда обод бўлуб кетиб, бир шаҳар рангига кирган. Русиядан келганда икки оёқ, икки қўлларидан бошқа нарсалари бўлмаған муҳожирлар ғалати иморатлар, бой хўжалиқларға эга бўлғанлар эди.
Ўктябр инқилобининг аввалги 2-3 йилида буларнинг тарихлари бутун номуссизлиқ, хиёнат, жиноят ва зулмлар билан тўладур. Булар инқилобнинг бошларида шўролар ҳукуматига қатъиян ишонмай турсалар ҳам, кейинча қизил қўшун қаториға кириб олиб ерлик халқнинг қишлоқ ва шаҳарларини талон-торож қилиб юрдилар. Бир вақт озуқ сиёсатида шўролар ҳукумати томонидан разверстка ва монополия усуллари ушлангач, машҳур Мадаминбекга қўшулуб Андижон шаҳрини муҳосара* қилдилар.
Ер ислоҳоти вақтида буларнинг бир қадар адаблари берилган бўлса-да, инқилобкача улар тарафидаи қирғиз халқиға берилган «адаблар»га нисбатан ҳеч нарса эмасдур.
Энг керакли бир иш
Ўтган йил ўша атроф қирғизларининг мўътабарларидан бир нечтаси Ўш шаҳар ва атроф қизил милициясининг бошлиғи Қорабеков ўртоқнинг тарғиб ва ташвиқи орқасида қирғиз халқи орасиға билим-маориф тарқатиш ишига жиддият билан киришдилар.
Қирғиз халқи орасида бошланғич мактаблар очиб, у мактабларни кўчманчи халқнинг маишат усулларига тўғрилаб олиб бориш ва бунинг учун-да ўша халқнинг ўзидан муаллимлар етишдириш ҳалиги мақсад йўлидаги энг кераклик бир чора эди. Шу чорани амалга татбиқ қилмоқ учун бир таълим-тарбия Қурсиға эҳтиёж кўрулиб, у Қурс ўтган 1923 йил мазкур Қуршоб қишлоғида очилди.
6 ойлик қилиб очилған бу таълим-тарбия Қурсининг бутун таъминоти ерлик халқ – қирғиз халқининг бўйнида эди. Андижондан 3 та муқтадир муаллим ҳам чақирилди. Ўқушлар ҳам бошланди, иш ҳам яхши, севинчлик бир йўлга тушди.
Мустамлакачилар қутурдилар
Бу иш, бу яхши ташаббус Некалайнинг ҳақиқий ўғуллариға, Қуршобдағи ўрус мустамлакачиларига ёмон таъсир қилди. Нимага десангиз, улар қирғиз халқининг маърифатлик, билимлик бўлуб, дунёда одам қатори яшашка истиҳқоқ* касб этишини сира истамаслар эди. Улар кўз олдиларида қирғиз халқининг юксалиб ётканиға, ёш-ёш қирғиз болаларининг билим олиб, дунёни таниб, янги ҳаёт майдонига завқ билан кириб боришлариға чидай олмадилар. У ерда, у қишлоқда аксариятни ўзлари ташкил қилғанликлари учун ва ҳам эскидан келган «хўжайинлик»ларининг таъсири билан Қурсға эркин-эркин ҳужум қилишға бошладилар. Ҳар бир йўл, ҳар қандай ҳаракат билан шу Қурсга озми-кўбми зарар беришга, бир даража таҳқир қилишға киришдилар, қурснинг талабалари, муаллимлари, ишқилиб, шу Қурсчилар чиққан вақтларида: «Тфуу, сарт!» – деган таҳқирларға жуда кўб учрарлар эди. Бу нарса одат бўлуб кетди, бунга қурсчиларнинг ўзлари ҳам аҳамият бермадилар.
Локин Қуршоб мустамлакачиларининг ҳаддан ошиб кеткан ҳужум тааррузлари* борким, буларга Қурсчиларғина эмас, бутун ҳукумат аҳамият билан қарашга тегиш. Шунинг учун шу ҳаддан ошкан, ортиқча ҳужумлардан 3 тасини шу ерда ёзиб ўтаман.
Айниқса, шу ортиқча, жиноятлик ҳужумларга бир фирқа аъзосининг аралашиб қўюши, мунга қарши на фирқа ва на шўро маҳкамаларининг маҳалда ҳеч бир чора кўрмасликлари юқори фирқа ва шўро маҳкамаларининг ҳам диққатларини жалб этишга тегиш.
Одам устида от ўйнатиш
28 январда кундузи Қуршоб кўчасида бир маст муҳожир от чопиб кела бошлаған. Шу вақтда бир муаллим ўртоқнинг бири 5 яшар, яна бири ундан кичик икки ўғли кўчада ўйнаб юрган экан. Маст муҳожир катта боланинг устидан от ирғишлатиб ўтмакчи бўлуб боланинг устига от солған. Баракат берсунким, бола от остида қолуб кетмасдан, отнинг ёнбошиға тўғри келиб қолған экан, от уриб кетиб, бир ҳафта касал ётуб, зўрға тузалган. Бу боланинг устида от ўйната олмагач маст муҳожир кичкина боланинг устидан ўтмакчи бўлуб от солдирған. Лекин буниси қочиб қутулған.
Бу тўғрида ҳам ул ижроқўм раисига оғзаки арз қилинған, раис ўртоқ: «Ана у қилдим, мана бу қилдим», – деб мақтанған бўлса-да, ҳақиқатда ҳалиги мастга қарши ҳеч нарса қилған эмас.
Мушт билан ҳужум
Қурс очилғандан бир ой кейин Қурснинг хўжалик мудирини кечаси кўчада тутуб олуб урғанлар. Бу сафарги мушт ҳужумчилари орасида ҳалиги ўртоқ Кириловнинг фирқасиз укалари ҳам бор.
Молия мудири шу ҳужумнинг натижасида қаттиғ касал бўлған, дўқтўрға кўрсатилган, дўқтўрдан шаҳодатнома олинған. Дўқтўрнинг шаҳодатномаси билан бирга бир ариза ёзилиб, Қуршобка иш билан келган вақтларида музофот фирқақўмининг раёсат аъзоси ўртоқ Мирзоҳид Оқил билан Ўш шаҳар ва уезд ижроқўм бошлиғи ўртоқ Тўрақул ўғиллариға берилган. Тўрақул ўғлининг буйруғи билан ҳалиги урғанларни қамаған бўлсалар-да, у кетгач, яна дарҳол чиқарғанлар…
Мустамлакачилар ва маҳаллий ҳукумат
Қуршобда ҳар уйда десак мумкин, кишмишовка машинаси бор ва ичкилик, мастлик, кўчаларда мастлик билан тўпаланг қилиш ишлари ривожда. Мунга қарши маҳаллий ҳукумат ҳеч нарса қилмайдур.
Ерлик халқнинг энг муқаддас бир билим муассасасига қарши қора куч билан ҳужум қилаётған Кирилов ва шерикларига қарши ҳам маҳаллий ижроқўм жиддий бир чора кўруб, қирғиз халқининг шу кўз қарашини қора гуруҳ (черносотенство) мустамлакачилардан сақлашка тиришмайдур.
Билмаймиз, бунинг сабаби нима бўлса?
Қўрқамизким, ҳалиги мусаллас қурғурнинг бу ишларга ҳам катта таъсири бўлмағай (бўлмаса) деб.
Ҳар ҳолда, бу мустамлакачилар мустамлакачилик ҳаром саналған мамлакатда тезрак йўқ қилинишка тегиш!
____________________
Мақола «Фарғона» газетасининг 1924 йил 12 март сонида «Қ» имзоси билан босилган. Кейин «Шарқ юлдузи» журналининг 1991 йил 6-сонида (нашрга тайёрловчи Д.Қуронов) қайта нашр этилган.
«Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
Муҳосара (араб.) – қамал, ўраб олиш.
Истиҳқоқ (араб.) – бирор нарсага ҳақли бўлиш, лойиқлик.
Таарруз (араб.) – 1) тегиш, тақилиш; 2) қаршилик.