loader
Foto

Жалойирлар

ЖАЛОЙИРЛАР, жалоирлар — туркий халқлардан бири. Рашидуддиннннт ёзишига кўра, Жалойирлар 12-а. да Онон ва Керулен дарёлари бўйида яшашган. Улар 10 бўлакка (қабилага) бўлинган, ҳар бир қабиланинг ўз саркардаси (қабила бошлиғи) бўлган. Жалойирларнинг катта бир қисми кидонлар билан бўлган урушда енгилгач, Чингизхон аждодларига тобе бўлган. Чингизхон ҳукмронлиги даврида, Жалойирлардан бир қанча эътиборли беклар ва лашкарбошилар етишиб чиққан. 12-а. нинг охири ва 13-а. нинг бошларида Жалойирларнинг катта қисми Еттисув ва Мовароуннаҳрнинг айрим вилоятлари (Оҳангарон водийси ва Хўжанд тумани) га кўчиб келиб ўрнашган. 1370 й. да Амир Темур бу гуруҳни ўзига тобе этади, аммо Жалойирлар тез-тез қўзғолон кўтариб туришган. 1376 й. даги қўзғолон бостирилгач, улар бир қанча гуруҳларга ажратилиб, бир бўлаги Тошкент воҳасида қолдирилган, қолганлари Мовароуннаҳрнинг бир қанча туманларига (асосан, Зарафшон бўйларига) кўчирилган. Шу тарзда Амир Темур Ж. нинг Оҳангарон ва Хўжанд улусини тарқатиб юборади. Ўзбекистонда Жалойир номи билан боғлиқ қишлоқлар бор.

13-а. давомида Жалойирларнинг катта бир гуруҳи Озарбайжон ва Ироққа кўчиб ўз давлатини барпо этганлар (қ. Жалойирийлар давлати).



Ўрта Осиё ва Қозоғистонда яшовчи Жалойирлар кейинчалик ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва қирғиз миллатлари таркибига кирган. Қозоқлар таркибидаги Жалойирлар йирик уруғларга бўлинган: сирмоноқ, ориқтиним, бойчегир, қайчили, сигирчи, болғали, кучук, қорачопон, андас, қалпс, мирза, ўроқли, оқбўйим. Қирғизлар таркибида Жалойирларнинг кучук, минғитай, супатай уруғлари бўлган. Ўзбеклар таркибида Жалойирларнинг икки йирик қайчили ва болғали уруғлари ҳамда бир қанча уруғ бўлинмалари бўлган (қарғали, бошқирд, қароабудал, қоракўли, қорачопон, чувулдоқ, жастабан ва б.).