loader
Foto

Қарлуқлар

ҚАРЛУҚЛАР, қорлуқ — ўзбек халқи таркибига кирган этник уюшма.

3 қабиладан ташкил топган; улар Хитой солномаларида меуло (ёки мэули), чжиси (ёки пофу) ва ташили деб номланган. 6—7-асрларда булар Олтойнинг ғарбий қисмида, Чориш (Обь дарёси ўзанларидан бири) дарёси ҳавзасида, Иртиш дарёсининг қуйи оқими бўйларида, Тарбағатойда ҳамда Жунғориягача бўлган катта ҳудудда яшаганлар. Қ, асосан, чорвачилик билан шуғулланиб, бир ердан иккинчи ерга кўчиб, ўтовларда яшаганлар. Қ ҳудуди Шарқий ва Ғарбий Турк хоқонлиги ўртасида, стратегик қулай ерда жойлашгани учун улар ўртасида талаш бўлган. Қ ўз мустақилликларини сақлаб қолиш учун улар билан бетиним кураш олиб борганлар. 7-аср охирларида Шарқий Турк хоқонлиги Қарлуқлар ҳудудининг аксарият қисмини хоқонликка қўшиб олган. 742 йил Қ, уйғурлар ва басмиллардан иборат қабила иттифоқи исён кўтариб ўз мустақилликларини тиклаганлар. Қарлуқлар элтибари (бошлиғи) ўзини 3 қабиланинг шехуси (ябғуси) деб эълон қилади. Хитой қўшини билан араблар ўртасидаги Талас жангида Қарлуқлар ҳал қилувчи роль ўйнаганлар. 757—766 йилларда Қ Тургашлар давлати ҳудудини эгаллаб олганлар. Чу дарёси бўйидаги Суёб шаҳри Қарлуқларлар давлати маркази бўлиб қолган (766—940). Қарлуқларга Жунғория Олатовидан то Сирдарёгача бўлган ҳудуд қараган. Кейинчалик пойтахт Или дарёси водийсидаги Қўйлиқ шаҳрига кўчирилган. 861 йил Қ. Кошғарни эгаллашган. Қарлуқларнинг айрим гуруҳлари 8-аср ўрталаридан Зарафшон воҳасида, Фарғона водийсида, Шим. Афғонистон, Тожикистон ҳудудларида ҳам яшаган. 10-асрда Қорахонийлар давлати таркибига киришган, илк мулкдорлик муносабатлари шакллана бошлаган. Қарлуқлар 960 йил ислом динини қабул қилишган. К. Шониёзовнинг фикрича, қорахонийлар сулоласи бевосита Қарлуқлар давлати билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг тадрижий давоми ҳисобланган. 19-аср охири ва 20-аср бошларига келиб Қ. Зарафшон дарёсининг ўрта ва қуйи оқимларида, ҳоз. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Шўрчи ҳудудларида яшаганлар. 1924 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида 10 мингдан ошиқроқ, Тожикистон ҳудудида 7 мингга яқин Қарлуқлар яшаган. Кейинчалик Қарлуқлар ўз номларини унутиб, ўзбек ва тожик миллатлари таркибига сингиб кетган.

Ад. Шониёзов К.