loader
Foto

Хива хонлиги истилоси ҳақида

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихида аччиқ сабоқ бўладиган воқеа-ҳодисалар кўп. Бундан салкам 150 йил аввал Хоразм заминига оёқ қўйган америкалик журналист Алоизий Януарий Мак Гаханнинг “Оксусдаги ҳарбий ҳаракатлар ва Хиванинг қулаши” китобини ўқиркансиз, ўша замон хонларининг истилочиларга қарши курашда халқ бошини қовуштиролмагани, ғаним олдида ночорлигини кўриб, афсус ва надомат чекасиз...

1870 йилга келиб Россия империяси Марказий Осиёдаги 2 та йирик давлат Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлигини эгаллаб бўлган эди. Хива хонлиги ҳамма томондан Россия қуршовида қолган сўнгги мустақил давлат эди. Хива хонлигини забт этиш экспедициясига 4 та отряд – Тошкентдан (генерал адъютант фон Кауфман), Оренбургдан (генерал Н.А Верёвкин), Мангқишлоқдан (полковник Н.П.Ломакин) ва Красноводскдан (полковник В.И Маркозов) бошчилигида 2-5 минг аскардан жами 13 минг аскар сафарбар этилган эди. Уларнинг ихтиёрида 56 та ўзиюрар тўп, замбараклар, 4600 та от ва қирғиз(қозоқ)лардан ижарага олинган 20 минг туя бор эди.



Истилонинг бошланиши



Рус армиясининг Хивага юриши узоқ ўйланган режа бўлиб, бунга жиддий тайёргарлик кўрилган эди. Ўн битта пиёдалар ротаси – 1650 киши, 1 та сапёрлар ротаси, 4 та отлиқ артиллерия замбараклари, 6 та пиёдалар артиллерияси ва 1,5 та ракета батареяси жами 2500 кишидан иборат генерал фон Кауфман қўшини 1873 йил 15 мартда Тошкентдан йўлга чиққанди. Бирлашган қўшинга қўмондонлик вазифаси ҳам Кауфман зиммасида эди.



1873 йил 26 февраль, қорли қировли кунда генерал Верёвкин қўмондонлигида яна бир қўшин Оренбургдан бепоён Дашти Қипчоқни оралаб Хивага йўл олди. Юриш жуда машаққатли кечди: қаттиқ аёзда бошланган юриш жазирама иссиқ билан Хивада ниҳояланди.  АҚШнинг “New York Herald” ва Лондоннинг “Deilu News” газеталари мухбири Алоизий Януарий Мак Гахан мазкур экспедицияда иштирок этиб, ўз хотиралари асосида юқорида номи зикр этилган китобни ёзди. Мухбир эътирофича, истилочилар йўлда деярли ҳар куни рақиб ҳужумига рўпара бўлган.



14 майда Оренбург ҳамда Мангқишлоқ қўшинлари бирлашди. 20-21 майда хиваликлар дастлаб Хўжаэлида душман кучларини тўхтатишга ҳаракат қилди. Аммо босқинчилар хиваликлар ҳужумини синдириб, култепага айланган Манғитга кириб келишди. Икки кунда хиваликлар 3 мингдан ортиқ аскарни йўқотганига қарамай, 22 майда Қиётда яна ҳужумга ўтишди ва афсуски, мағлуб этилди. Босқинчилар Қўнғиротга кириб келганида қаъла ва шаҳар ҳувиллаб ётарди. Шаҳар қамал қилинган куни генералга Қўнғирот доруғасидан келган чопар ғалати талабни қўяди: “Шаҳар ҳимояси учун пойтахтдан замбараклар етиб келгунча руслар 3 кун сабр қилиб турсинлар. Агар руслар қайсарлик қилиб, ҳужумга ўтсалар, биз улар билан жангдан бош тортамиз”.



Ҳеч шунақаси ҳам бўладими? Бу таклиф босқинчи учун айни муддао эмасми? Истилочилар фурсатни бой бермай ҳужумга ўтди. Шаҳар доруғаси эса ақалли битта ҳам ўқ отмай, қаълани тарк этди. Душман Қўнғиротдан ўтгач, хиваликлар тўдалари кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Отишмасиз ўтган кун бўлмади. Хиваликлар кун бўйи отрядлар ён тарафларидан ёввойи қичқириқ билан даф солар ё озиқ-овқат карвонига ҳужум қилиб, қўшинга кечаю-кундуз тиним бермасди.



Амударёнинг ғазаби



Генерал Кауфман қўмондонлигидаги рус аскарлари 18 май куни 50-70 киши сиғадиган 3 та катта қайиқ ва 8 та солда Амударёдан ўта бошлади. “Чодирлар қирғоққа тикилган ва бизлар қаршимиздаги манзарага эринчоқлик билан кўз ташлаб қалин ўтлар устида ётардик, дейди журналист. – Манзара ўта табиий ва гўзал эди: нариги томонда қалин гужумлар ва мевали дарахтзорлар, улар орсида ўзбек уйларининг кулранг деворлари ва мачитнинг кўркам айвони кўзга ташланарди. Дарё қирғоғи бўйлаб ёввойи ва сирли Хива мамлакати жимжит ва хўмрайган алфозда ястаниб ётарди. Эртаклардаги афсонавий ўлка, унинг жоҳил хонлари, фанат мусулмон халқи, гўзал аёллари, ҳали европаликлар оёғи етмаган сирли мамлакат шундоққина рўпарамда турарди”.



Аскарлардан ҳеч бири бундай улкан дарёни кўрмаган бўлса-да, ўрдак жўжаларидек сувга ўзини ташларди. Қайиқ сўл қирғоққа ўтиши учун 20 дақиқа ва қайтиши учун 20 дақиқа талаб қилса-да, шиддатли оқим уни анча қуйига суриб кетарди. Қайиқни аввалги жойига қайтариш учун 1 соат керак бўларди. Энг, афсусланарлиси, душманнинг дарёдан ўтишига ҳеч бир монелик кўрсатилмади.



Муаллиф хиваликларнинг мудофаага ноқобиллиги ҳақида таассуф-ла сўз юритиб, ҳимоячилар ҳеч қурса баланд қирғоқдан туриб, қайиқда ўтаётган душманни қириб ташлаши мумкин эди, дейди. Бу ҳолатда, шубҳасиз, артиллерия аскарларни ҳимоя қила олмасди. Кечга яқин 4 та рота ва 2 та тоғлиқ батарея чап қирғоққа ўтди. Хивада бу пайтда нима воқеалар рўй бераётганини ҳеч ким билмасди. Хон ҳали ҳам душманга жиддий зарба беришни ўйлаяптими, шунинг учун уларга дарёдан ўтишга йўл қўйиб бердими? Ёки руслардан қўрқиб, чексиз қум барханлари ортига бекиндими? Муаллиф шундай иштибоҳлар ичра тураркан, генерал Верёвкиннинг қўшини шимол томондан шаҳарга яқинлашиб келган эди.



Дарёдан ўтиб ҳолдан тойган қўшин айни уйқуга кетган тунги соат 12 да тўсатдан тревога кўтарилди. Аскарлар дарров оёққа қалқиб, хиваликлар хужум қилдими, деган ўйда апил-тапил қурол-яроқларига ёпишди. Аён бўлдики, кундузи ювошгина кўринган Оксус суви кескин кўтарилиб, аскарларнинг беписандлигидан гўё қаҳрланиб, уларни маҳв этишга шайланаётган эди. Уч соат ичида дарё 6 фут(1 фут – 31 см.) кўтарилиб, аскарлар ҳаётига жиддий хавф туғилди. Қўшин сув балосидан ўзини қутқариш учун жон ҳолатда тепаликка қараб тирмашди.



Ўша давр муаррихи Муҳаммад Юсуф Баёний ўзининг “Шажарайи” Хоразмшоҳий” асарида юқоридаги воқеаларни қуйидагича шарҳ этади: “Кауфман Жайҳун наҳрининг бир миллиги (1 мил – 1600 метр)га келганда, тамоми ўзбак ва туркман отлилари келиб Кауфманнинг тўрт тарафидин от қўюб уруш бошладилар. Русиядин кўп оту тева ва одам ҳалок бўлди. Охир, Русия аскари яна навижод(замонавий) яроғларнинг ионат(кўмак)лари била Хоразм лашкарига шикаст бериб, Жайҳун кенориға чиқдилар ва Жайҳунни мундоғ вусъат(шиддат) била оқиб турғонин кўруб ҳайрон бўлдилар. Девонбеги оларни кўруб тамоми лашкари била оҳиста-оҳиста  Жайҳунни ёқалаб қайта берди. Кауфман ҳам изларидин нарм-нарм(аста-аста) кела берди. Девонбеги Тошсоқо тушиға келганда Жайҳуннинг жануб тарафига ўтуб буюрди: тўпчилар Русия аскарининг тарафларига кўп тўп отдилар. Кауфман дарёдин бир миқдор кема топиб, аскарин Жайҳундин ўткармакка муқайяд бўлди. Ул вақтда оларға Хоразм лашкаридин ҳеч дастбурд (шикаст)етмай, тамоми аскарин осудалиқ била Жайҳундин ўткарди. Ондин сўнг Кауфман билдиким, эмди Хевақға борғунча онга муқовамат (тенг келадиган ) этгудек киши йўқдур. Далерона йўлға кириб кела берди. Бир оқшом дарёнинг ёвуқида ётиб эрдилар. Ярим оқшомда дарё тошиб, аскарни сув босибдур. Кауфман саросима бўлуб чиқиб буюрди: аскар юз машаққат билан аҳмолу асқолларни сувдин олиб чиқибдурлар”.



Тириклай ёқилганлар



Армия эндиликда воҳанинг унумдор ерларига қадам қўйди. Шарқираган ариқлар, мевазор боғлар ва тиғиз уйлар орасидан ўтаётган душманни хиваликлар қуршовга олди. Очиқда жанг қилишга мослашган руслар аскарига бу фалокатли эди. Пиёдалар деворларни тешиб ҳимоячиларни замбараклардан ўққа тутди. Ҳимоячилар сезиларли йўқотиш билан ортга чекинди. Хиваликлар бу ерда катта йўқотишлар қилди, душмандан қўрқиб уйларига бекиниб олганлар тириклай ёқиб юборилди.



23 май куни туш пайти хондан сулҳ тўғрисида таклиф олинди. Хон ўз хатида уларни иззат-ҳурмат билан кутиб олиш учун 3-4 кун фурсат беришини сўраган, русларга ҳеч қандай хусумати йўқлигини ҳамда авбош туркманларга сўзи ўтмаётганини таъкидлаган эди, аммо Верёвкин таклифни рад этди.



Хива дарвозаси олдида



26 май куни колонна Хива шимолий дарвозасидан 4 верст(1 верст – 1 км.) узоқликда хоннинг шаҳар ташидаги Шонохчик саройи олдига етди. Руслар бу манзилда 3 кун турди ва Хива қўшинлари билан кетма-кет жанглар бўлди. Мазкур тўқнашувларда хиваликлар 400-500 нафар одамини йўқотди.



Бу пайтгача ҳам генерал фон Кауфман отряди яқинлашаётгани ҳақида хабар келмаган, аксинча, Туркистон отряди озиқ-овқат тақчиллигидан дарё томонга қайтгани ва 100 верст узоқдалиги ҳақида узунқулоқ гаплар тарқалди. Шу каби мишмишлар, хиваликларнинг тўхтовсиз қаршиликлари , қолаверса, хоннинг шаҳар деворлари ёнида катта жангга тараддуд кўраётгани ҳақидаги хабарлар Верёвкиннинг Хивага ҳужумини тезлаштирди.



Ҳужум



28 май куни руслар шаҳарга қараб юрди. Катта гуруҳ бўлиб турган хиваликлар ҳужумга ботинмади. Истилочи қўшинлар икки ёндан девор билан қуршалган тор йўлакка кирди. Бу тор йўлдан шовурсиз ва эҳтиёткорлик билан юрилса-да, кўтарилган чанг туфайли отряддаги аскар ёнидаги шеригини кўра олмасди. Кутилмаганда ишга тушган замбараклар ва милтиқлар худди момақалдироқдек гумбурлади. Бу худди бир тузоқ эди. Девор йўлагидан кетаётган  босқинчилар ўзлари билмаган ҳолда шаҳар деворига юз метрча яқин келиб қолган ва хиваликлар уларни тутдай тўкарди. Замбараклар кетма-кет гумбурлар, аммо хиваликлар отган ўқларнинг аксарияти отряд тепасидан ўтиб кетарди. Шунга қарамай, рус аскарлари бирин-кетин ер тишлай бошлади.



Улар учун ягона нажот ўқ ёмғири остида девор бўйлаб югуриш эди. Аскарлар бир неча дақиқадан кейин шаҳар дарвозаси олдида турар, қаршисида эса баланд тупроққўрғон бўлиб, у тўртта замбарак билан ҳимояланган эди. Артиллерияга олға силжишга буйруқ берилди, аммо хиваликлар отишмаси шунчалик кучайдики, генерал тупроққўрғонни штурм қилишга буйруқ берди. У ерга 2 та пиёдалар ротаси ташланди. Пиёдалар дўнгликка бир неча қадам етмай, сув тўлдирилган чуқур ва кенг ҳандаққа, унга ўрнатилган тор кўприкка дуч келишди. Ажабо, хиваликлар бу кўприкни портлатишни унутишганди.



Руслар ўқ ёмғири остида кўприкдан ўтишди ва тўпчиларни милтиқ қўндоқлари билан уриб, тепаликни эгаллашди. Аммо ҳужум зўрлигидан руслар ҳандақ қирғоқларига яширинишга мажбур бўлишди, уларнинг қаршиликлари хиваликларнинг ҳимоя позицияларига асло таъсир этмасди. Бу ҳолат чорак соатдан зиёд давом этди. Верёвкин бошидан қаттиқ яраланди. Эндиликда полковник Скоболев бошчилигида очиқ бомбардимон бошланди. Тўрт соатлик аёвсиз жангдан кейин хоннинг чопари ҳужумни тўхтатиш ва таслим бўлиш(капитуляция) шартлари борасида музокарага киришиш таклифини келтирди.



Хивага кириш



Кейинги кун эрталаб шаҳарга кирилди. Хивада ўтган кеча нималар содир бўлгани ҳақида бир-бирига зид гаплар юрарди. Эмишки, халқ хон Хивани русларга топшираётганидан норози бўлиб ҳукмдорни қувиб юборгану, ўрнига руслар билан урушишга бел боғлаган укасини қўймоқчи.



“Бундан урушишга талабгор бўлган душман аскарлари қувониб кетди, деб ёзади Мак Гахан. – Аммо бу қувонч узоқ чўзилмади. Хивадан 5 верстча узоқда фон Кауфманни хоннинг амакиси Саид Амир ал Умаро мулозимлари билан кутиб олди. У шаҳарни русларга топшириш учун келганини, халқ хоннинг қувмагани, аксинча, унинг ўзи қочиб кетганини айтди”.



Мак Гахан саройдаги ҳеч бир нарсани кўздан қочирмайди. Хусусан, бу ерда сақланаётган турли қурол-аслаҳалар, тилла сопли қиличлар, марварид-жавоҳирлару уч юз жилддан иборат ноёб китобларни қайд этади. Чарм муқова қопланган бу қимматбаҳо китоблар орасида “Дунё тарихи” ва Хива тарихига оид китоблар алоҳида ажралиб турарди. Унинг таъкидлашича, китобларнинг барчаси ўша заҳоти Петербургга, император кутубхонасига олиб кетилган.



Хон ва генерал учрашуви



Фон Кауфман билан хоннинг учрашиши, мулоқот давомида генералнинг хонга менсимасдан қилган муносабатига муаллиф алоҳида эътибор қаратади:



– Хўш, хон, деди Кауфман ,Мана уч йил аввал ваъда берганимдек сизни кўришга келдим.



Хон: – Ҳа, бу ҳам Аллоҳнинг иродаси.



Кауфман: – Йўқ хон, сизнинг ўзингиз бунга сабабчисиз. Агар 3 йил аввал айтган маслаҳатимга қулоқ солганингизда, талабларимни бажарганингизда мени бу ерда кўрмасдингиз. Бошқача айтганда, айтганимга кўнганингизда Аллоҳнинг иродаси ўзгача бўларди.



Хон: – Ярим подшони(Кауфманга ишора қиляпти) кўрганимдан қувончим шунчаларки, бундан бошқача бўлишини истамайман.



Кауфман: – (кулиб) ишонтириб айтаманки, бу ҳолда қувончингизга шерикман. Хўш, ишга ўтсак, энди не қилмоқчисиз?



Хон: – Буни сизнинг улкан ақлингиз ҳал қилади. Мен бир нарсани, яъни оқпошшога хизмакорликни истайман.



Кауфман: – Жуда соз, истасангиз хизматкор эмас, дўст бўлишингиз мумкин. Фақат маълум шарт билан, бу ҳақда биз ҳали кенгашамиз.



Хон: – Биламан, мендан хатолик ўтди, оқпошшодан ва ярим пошшодан жуда миннатдорман.



Кауфман: – Энди ўз пойтахтингизга қайтинг, халқингизни бошқаринг ва тартибни сақланг. Фуқароларингиз ўз юмушлари билан машғул бўлсинлар.



Ушбу мулоқот ҳақида Муҳаммад Юсуф Баёний шундай дейди: “Хон ҳазратлари дарахт соясига тикилган ул Кауфман чодирининг ёвуқиға бориб, отдин тушуб эрдилар, Кауфман истиқболлариға чиқиб, қўл олишиб кўрушуб, хуш келдингиз, деб эъзозу икром, тамому эҳтиром била чодирға киргузуб юқорида ўлтурғузуб, паҳлуларида ўзи ўлтурди. Кўрушуб, сўрашиб бўлғондин сўнг Кауфман деди: “Ман мундин уч йил бурун аскар била сизнинг тарафингизга борурман деган ваъдамга вафо қилмоқ учун келдим”. Хон ҳазратлари дедилар: “Бу худонинг тақдиридур”. Кауфман деди: “Бу сўзунгиз хатодур. Не учунким, уч йилликда менинг юборган номамнинг мазмуниға амал этсангиз эрди, мани бу ерларда асло кўрмас эрдингиз ва Худо ҳам менинг бу ерга келмакимни тақдир этмас эрди”. Хон ҳазратлари дедилар: “Ҳеч нима тақдирдин ташқари бўлмасдур. Баҳарҳол, сиз била кўрушганимизга мамнундурмиз”. Кауфман табассум этиб деди: “Бу мамнуният якка сиз тарафдан эрмас, биз тарафда ҳам бордур. Аммо, кўрушганимиз дўстона тариқада бўлса эрди, не бало яхши бўлур эрди”. Ондин сўнг яна Кауфман деди: “Эмди авқот(вақт)ни зоеъ қилмай мақсудға шуруъ қилмоқ авлодур. Бас, алҳол, не фикрдадурсиз ва не иш этмак матлубингиздур?” Хон ҳазратлари дедилар: “Биз имфератур аъзам ҳазратларининг таҳти фармонидадурмиз”. Кауфман хушҳол бўлуб деди: “Бағоят яхши сўз айтдингиз. Сиз имфератур аъзам ҳазратларига мақсудингиз муқтазосича(тақозо) навъи итоат этиб, муттафақ(иттифоқдош) ва дўсти бўлуб навъи мадоро била ўлтурсангиз ҳам бўлур. Мундан ҳам имфератур ҳазратлари сизни тожу тахтингиздин маҳрум этмакнинг фикрида эрмасдурлар. Бас, қайтиб тахтгоҳингизга бориб раят(халқ)га фароғатлиқ муждасин еткурунг. Ҳамма ўз ишларига машғул бўлуб, фориғул-бол юрусувларким, бизлар бу ерга торож учун ва ё ўзга тасаллутот(мақсад)да келганимиз йўқдур”. Хон ҳазратлари онинг бу сўзларидин хушҳол бўлуб, миннатдорлиқ изҳорин этдилар. Ондин сўнг яна бир миқдор ҳар тарафдин сўз айтишиб, дўстона муонасату(яқинлик) мусоҳабат зтиб ўлтуруб баъдаз Кауфман била видолашиб отланиб шаҳарга қайтдилар ва Аркни супуртириб покиза қилиб тўшатиб, Аркка кириб тахти давлатда қарор тутдилар”.



Қирғин



Капитуляция шартларига кўра, Хива хонлигига 2 миллион 200 минг тилло (бу ҳозирги қийматда тахминан 79,5 миллион доллар ёки салкам 6 миллиард рублга тўғри келади) товон(контрибуция) солинди. Бундан 300 минг тилло туркман аҳолисига тўғри келарди. Туркманларнинг айрим қабилалари, жумладан явмутлар бу маблағни тўлашдан бош тортиб, исён қўтарди. Уларнинг исёнини бостириш учун 7 июль куни генерал-майор Головачев қўмондонлигида 8 та пиёдалар ротаси, ўнта замбарак, 2 та картеч билан қуролланиб, явмутлар ҳудуди – Ғозиобод тарафга юриш бошлади. Мак Гахан казаклар томонидан аҳоли уйлари, даладаги янчилмаган буғдой ғарамларига шафқатсизларча ўт қўйилганини ачиниш ва таассуф ила баён этади:



– “Жангчилар қўлларида ёниб турган калтаклари билан чуқур ва деворлардан худди иблис каби сакраб ўтиб, ортидан олов ва тутунни қолдирарди, дейди муаллиф. – Улар бамайлихотир уйларга яқинлашиб ёнаётган оловни сомон бўғотларга ва буғдой ғарамларига отарди. Ҳаял ўтмай гуриллаган олов тўлқини ва осмонга кўтарилган қоп-қора тутун аскар бу ишни қойилмақом уддалаганини тасдиқларди”.



“Бутун мамлакат олов ичида ёнарди, дея сўзида давом этади муаллиф. – Аянчли бу манзара ғаройиб бу мамлакат ва унинг содда фуқаролари билан ёвузларча ҳисоб-китоб қилаётган урушнинг ваҳшатли томошаси эди.” Аскарлар икки ёғи ҳам ёнаётган нотекис, тор йўлда ҳаракатланарди. Тушгача шундай юрилгач, душман авангарди отлиқ қўшинга дуч келди. Улар босқинчиларга “Биз сизларга нима ёмонлик қилдик, нима учун бизнинг юртмизга бостириб кирдингиз?” деган савол билан мурожаат қилишди. Уларнинг авзойидан урушни давом эттириш истаги кўриниб турарди. Руслар  ҳам урушни ҳоҳлаб турар, бошқа гапга ҳожат йўқ эди. Шу боис отлиқлар саволларига жавоб ҳам олмасдан чекинаётган ҳамроҳлари ортидан от чоптириб кетишди.



Линия бўйлаб олға ҳаракат қилиш буйруғи тарқалди. Аҳоли қолдириб кетган кетган қўй-эчки, мол-ҳоллар ҳар ёққа сочилиб кетганди. Ҳамма ерда қочқинларнинг уй рўзғор буюмлари сочилиб ётар, юк ортилган туялар, отга тиркалган аравалар эгасиз қолганди.



– Мен атрофга қараш учун бир дақиқа тўхтадим, дея ҳикоя қилади Мак Гахан. – Мана, бошидан ўқ еган туркман қумда ётибди: ундан сал нарида юзини қилич тилиб кетган казак жон талвасасида. 3-4 болани тўсиб олган икки аёл қумга ўтирганча казаклардан шафқат сўраб ёлвормоқда. Мен аёлларни тинчлантириш учун “омон, омон”, дея бақираман.



Босқинчиларнинг ямутлар бошига солган бундай шўришлари Муҳаммад Юсуф Баёний тасвирида янада фожеали акс этади: “Галавачоф ямутларнинг таъқиблари учун қазоқ отлиларининг ораларидин етти бўлак отлини интихоб этиб, Принс Южин отлиғ бир зобитни оларға саркарда қилиб ирсол этди. Булар бир мил миқдори йўл юруб, бир жамоат ямутларнинг изларидин еттиларким, баъзилари қаррилиқ жиҳатидин, баъзилари беморлиқ сабабидин ва баъзилари аёлу атфол(гўдак)лариға ҳамроҳлик этиб ўғлонларин орқалариға кўтармак била ҳориб суст бўлуб, афтону хезон борур эрдилар. Қазоқ отлилар оларни кўрган ҳамоно от солиб бориб ҳаммаларини қатл эттилар. Ондин ўтуб яна бир жамоа ямутларнинг изларидин етдиларким, олар ҳам аёлу атфоллари била чулошиб ва бир миқдор қўю эчкиларин суруб аҳволи хароб била борур эрдилар. Қазоқ отлилари ҳайё-ҳуй ужби била қичқуришиб от солиб келиб оралашиб қатл қила бердилар. Ямутларнинг кўп атфоллари отларнинг оёқлари остида қолиб, нечалари ўлуб, нечалари нимжон била ота-оналарига қичқурур эрдилар. Ул ҳолда ямутларнинг кўзлариға дунёву жаҳон қоронғу бўлуб, Русия аскарига ақсум(қасдма-қасд) бўлдилар. Баъзи хотунларнинг ҳам чап қўлида боласи ва ўнг қўлида тиғ била Русия отлилариға ҳамла қилур эрдилар.  Бир миқдор уруш бўлғондин сўнг, Русия аскари ғолиб келиб, оларнинг ҳам ҳаммаларин тиғу тўфанг билан қириб тамом этдилар.



Баъзи захмдорлар ўлукларнинг ораларида ўзларини ўлукдек этиб ётмиш эрдилар, Русия аскари найза била уруб ўлтурур эрдилар. Ва ул ерда бир кичик кўл бор эрди, йигирмадин кўпроқ хотунлар ўғлонларин қучоқлариға олиб ул кўлга кириб сув ичида экинларнинг ораларида пинҳон бўлуб туруб эрдилар, Русия аскари оларни кўруб милтуқ ўқи била оларни уруб қатл этдилар”.



Истилочи аскарлар эртасига ҳам ҳамма ёққа ўт қўйиб, одамларни ўлдириб йўлда давом этди. Рус армияси ўз ортида уч мил кенгликда кулга айланган полоса қолдириб борарди. Ҳамма кулбаларда сукунат ҳоким, уларнинг кўпида кундалик ҳаёт нишоналари, гўдакларнинг оёқ излари, аёлларнинг супрадаги хамирлари, урчуқдаги иплари кўзга ташланарди...



– “Барча ўтовлар таланиб, ёқилгандан уч соат ўтиб биз орқага, Иляли тарафга жўнадик, дейди Мак Гахан. – Аскарларга барча қимматли ашёларни олиб, қолганларини ёқиб юбориш буюрилган эди. Гиламлар, ипак матолар, кўйлаклар ва кумуш тақинчоқлар олинди. Аскарлар яроқсиз деб билган қолган барча ашёларни –  пахта, эски гиламлар,буғдой, ун ва рўзғор ускуналарини ташлаб кетишди. Қанчадан қанча бахтли хўжаликларнинг вайрон этилганини кўриш жуда оғир эди.



– Мана уч нафар явмутнинг қонга беланган жасади, дея давом этади муаллиф, улар атрофида 6 та 4 ёшдан 6 ёшгача бўлган гўдаклар уймалашади. Улардан каттаси кичкиналарга ғамхўрлик қилиб, бой ўтовдан қолган эски гилам ва кўрпалардан тўшак қилиб бермоқда. Улар яқинига келганимда ҳам бола менга қайрилиб  қарамай ўз ишида давом этди. Ишончим комилки, унинг бола юраги менга қарши ғазабга тўла эди. Йигирма йиллар ўтиб, кофирлар(ғайридинлар)лардан қай бири унинг гўдак қалбига экилган аламнинг қудратини кўрса ажаб эмас.



1873 йил 12 августда Хива яқинидаги Гандимиён қишлоғида Россия билан Хива хонлиги ўртасида шармандали битим тузилди. Унга кўра, хон рус подшоси вассалига айланди. Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ерлар Россияга ихтиёрига ўтди. Рус савдо кемаларининг бундан буён Амударёда эркин ҳаракат қилиши учун имтиёзли ҳуқуқлар берилди. Шу йўсинда минтақадаги сўнгги мустақил хонлик тугатилди.

Абдумажид АЗИМОВ