Султон Абусаъид Мирзо (1424-1469)Бобурнинг бобоси, Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳнинг невараси. Ёшлик даври ҳақида маълумот йўқ. 1448 й.гача Улуғбек саройида яшаган. Улуғбек вафотидан сўнг тахт учун курашга киришган.
Абдуллатиф Мирзо унинг исёнини бостирган ва ўзини Бухорода ҳибсда сақлаган. Абдуллатиф ўлдирилгандан кейин озодликка чиққан Султон Абусаъид ўша вақтда тахтни эгаллаган Абдуллоҳ Мирзодан ҳокимиятни тортиб олиш учун курашган. Бу курашда дастлаб Абдуллоҳ Мирзонинг қўли баланд келган. У Султон Абусаъидни тор-мор келтирган. Султон Абусаъид қочиб, Дашти Қипчоққа - Абулхайрхон олдига бориб, ёрдам сўраган. 1451 й. улар биргаликда Абдуллоҳ Мирзони мағлубиятга учратган. Абдуллоҳ Мирзо жангда ҳалок бўлган. Шу тариқа Султон Абусаъид Мовароуннаҳр тахтини эгаллаган.Самарқандни забт этиш мақсадида қўшин тортиб келган Абулқосим Бобурнинг ҳужумини муваффақият билан қайтарган (1453 й.). Абулқосим Бобур ўз мақсадига эриша олмагач, улар орасида сулҳ тузилган. 1457 й. Абулқосим Бобур вафот этганини эшитгач, Султон Абдусаъид Самарқандни катта ўғли Султон Аҳмад Мирзога қолдириб, дарҳол Ҳиротга юриш қилади ва уни эгаллайди. Шу тариқа Хуросон ва Мовароуннаҳр қайтадан бирлаштирилиб, Темурийлар давлати-да марказий ҳокимият тикланади.Султон Абусаъид қаттиққўллиги билан ном чикарган: Улуғбекнинг иккита невараси ва онаси - кексайиб қолган Гавҳаршод Бегимни қатл қилдирган, Абдуллатиф Мирзонинг ўғлини Ихтиёриддин қалъасига қаматиб, сўнгра ўлдиртирган. Алишер Навоийга эътибор кўрсатилмаган.Султон Абусаъид ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрда ҳам, Хуросонда ҳам нисбатан тинчлик ўрнатилиб, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган, қўшни ўлкалар билан элчилик муносабатлари ўрнатилган. У Мўғулистон хони Юнусхон билан қуда-андачилик қилган - унинг уч қизини уч ўғлига олиб берган ва шу йўл билан шимолдан Фарғона водийсига бўладиган хавфнинг олдини олган. Қурилиш ишларига катта эътибор берган. Ариқлар қазитиб кўприклар қурдирган, савдогарлар учун кўплаб карвонсаройлар барпо қилдирган. Шаҳар дарвозаларини янгилатиб, янги боғ-роғлар солдирган. Аммо мулкни кенгайтириш кайфияти устунлик қилиб, 1469 й. Ироқни босиб олиш учун уруш бошлайди. Аммо Тоғли Қорабоғда мағлубиятга учраб, асир тушади. Оққўюнли Узун Ҳасан уни Ёдгор Муҳаммад Мирзога топширади. У Шоҳрух авлодидан эди. Гавҳаршод Бегимни қатл этгани учун Ёдгор Муҳаммад Мирзо Султон Абусаъидни ўлимга ҳукм қилади (1469 й.).Султон Абусаъид сиёсий фаолиятининг аҳамиятли жиҳати - қисқа муддат бўлса ҳамМовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштира ол-ган. Бу ҳол Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволига, савдо-сотиқ ва б. соҳалар ривожига ижобий таъсир кўрсатган. Султон Абусаъид ўлимидан сўнг Темурийлар давлати яна бўлиниб кетган.Султон Абусаъид Султон Ҳусайн тақдирида ҳам муайян роль ўйнаган - 1455 й. Султон Ҳусайнни ўзига қарши фитнада айблаб қамаб қўйган. Унинг акаси Бойқаро Мирзо, поччаси Султон Аҳмад Мирзо, жияни Кичик Мирзо ҳам ҳибсга олинган, Султон Ҳусайннинг онаси Феруза Бегим Ҳиротда бу хабарни эшитиб Абулқосим Бобурга арз қилган. Абулқосим Бобур Самарқандга элчи юбориб, Султон Абусаъиддан Султон Ҳусайн ва унинг қариндошларини озод этишни талаб қилган. Султон Абусаъид маҳбусларни озод қилган.Султон Абусаъиднинг Алишер Навоий ва унинг яқин қариндошларига муносабати салбий бўлган - Навоийнинг икки тоғасини қатл эттирган. Султон Абусаъид ҳукмронлик қилган йиллар Алишер Навоий ҳаётининг энг оғир даври бўлган. Бунга қарамасдан Султон Абусаъид ҳақида Навоий ўз асарларида айрим маълумотларни келтирган. «Ҳайратул-аброр» достонига «Султон Абусаъид Кўрагон ҳикояти» бобини киритган.Султон Абусаъиддан кўплаб (ҳаммаси бўлиб 25 та) ўғил-қиз қолган. Бобурнинг отаси Умар шайх Мирзо унинг тўртинчи ўғли эди.“Б.”да Султон Абусаъид номи кўп марта турли муносабатлар билан эсланган, жумладан, у тахтга ўтирганидан сўнг Юнусхонни таъқибдан қутқариб, Мўғулистонга хон қилиб тайинлаган ва улар иккиси қуда тутинганига оид (“Б.”, Юаб) воқеалар ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияасидан