Ғазнавийлар тарих саҳнасига милодий 961 йили келишди ва роппа-роса 225 йил ҳукмронлик қилишди. Улардан олдин Сомонийлар сулоласи ўнинчи аср охиригача ҳукмронлик қилган, бироқ бундан анча илгари унинг инқирозидан дарак бериб Кобулда янги давлат вужудга келган эди. Унга сомонийларнинг собиқ турк қули Алптегин асос солди. У сомонийлар авлоди қироллигидаги тансоқчилар гуруҳида юксак мавқега эришгач, Хуросон ҳокими этиб тайинланди. Анча вақтдан кейин нафратга учраб, кичикроқ қўшин билан шарқий вилоятларга, Ғазна деган жойга бош олиб кетди ва у ерда мўъжазгина шаҳар-давлат барпо этди. Унга ворис бўлган қули ва куёви Сабуктегин анча истеъдодли киши эди.
Сабуктегин 967-997 йиллар орасида ўттиз йил даврон сурди. У мустақилликка эришиб, ўз ерларини кенгайтирди. Ғарбда сомонийлар авлодининг сўнгги вакилидан Хуросонни тортиб олди, шарқда эса ҳозирги Покистон ва Афғонистон ҳудудида жойлашган Пешоварни эгаллади. Бу ерда унга ҳужум қилган Панжоб рожаси Жайпал мағлубиятга учраб, жуда катта миқдорда товон тўлашга рози бўлди. Лекин Жайпал Лоҳўрга қайтиб келгач, сўзининг устидан чиқмади, шунинг учун ҳам Сабуктегин унинг тасарруфидаги ерларга бостириб кирди. Бошқа рожаларга ёрдам сўраб мурожаат қилган Жайпал улардан мадад олиб, бирлашган кучлари билан Сабуктегин устига юриш қилди. Бироқ ҳиндларнинг яна омади чопмади. Натижада Ҳинд дарёсининг ғарб томонидаги ерлар ғазнавийлар ихтиёрига ўтди.
Ғазнанинг 999-1030 йиллардаги буюк султони Улуғ Маҳмуд Сабуктегиннинг ўғли эди. У ғазнавийлар шуҳратини бутун Осиёга ёйди. Маҳмуд отаси билан биргаликда кўрган тадбирларидан ўз уруғи билан сомонийлар орасида талашувлар бўлиб турганини, Шарқда Панжобнинг шаҳий подшоҳлари билан рақобат мавжудлигини яхши билар эди. Шу пайтда Жайпал қазо қилиб, унинг ўғли Анадпал Панжобни бошқариб турган эди. Отаси сингари у ҳам шартлашилган товонни тўлашдан бош тортди, бу Маҳмуд билан шаҳий подшоҳлари ўртасида уруш чиқишига яхши баҳона бўлди. Ўзаро тортишувлар Ислом азаматининг Ҳиндистон шаҳий подшоҳлари устига машҳур ўн еттинчи юриши билан якунланди. Қатъиятли сунний бўлган Маҳмуд Ғазна султони сифатида халифа деб эътироф этилди. Халифа унга "Ямин уд-Давла" (Давлатнинг ўнг қўли) унвонини берди.
Шундан кейин Маҳмуд ўзининг урушлари силсиласини бошлаб юборди. У Ҳиндистоннинг муҳим маданий ва диний марказларига ҳужумлар уюштирди, чунки қўшни рожалар шу масканларни қутқариш учун бирлашишларидан хабардор эди. Ғазнавийлар ўша пайтда ўн икки марта юриш қилганлари тарихда қайд этилган. Ҳиндларнинг Гужарат вилоятига қарашли Катхиаваре деган жойдаги машҳур Сомнас зиёратгоҳига қилинган ҳужум уларнинг энг машҳуридир. Маҳмуд Рожпутан чўлини босиб ўтишга мажбур бўлган бу юришида ўзининг қарийб барча ҳинд рожаларининг бирлашган кучларига қарши туришини яхши биларди. Бу жанговар саркарданинг жасурлиги ҳеч қандай таърифга сиғмас эди. Дастлабки пайтда анча кўп сонли ҳинд қўшинлари исканжасида бўлгани ҳолда ғолиб чиқиб, шаҳарни эгаллагач, Сомнас эҳромига кириб борди ва миллионлар илтижосига қарамай, ундаги бутни чил-парчин қилиб ташлади. У юртига катта ўлжа билан қайтди. Маҳмуднинг ғарбдаги зафарлари ҳам Хуросон ва бутун Форснинг қўшиб олинишидан қолишмайди. Шуҳрати чўққисида у Ҳиндистондаги Жамна дарёси билан ғарбдаги Дажла дарёси ўртасида жойлашган бепоён кенглик ҳукмдори бўлиб турди.
Маҳмуд Ғазнавий юришлари туфайли Ислом дини ҳақиқатан ҳам кенг кўламларда жорий этила борди. Маҳмуд Канаужа ва Деҳлигача борган бўлса ҳам, фақат Панжобни эгаллашга эришди. Ғазнавийлар даврида Панжоб, аниқроғи, унинг учдан икки қисми мусулмон дунёсининг бир бўлагига айланди. Лоҳўр, Панжоб ва Юқори Синд ғазнавий ҳокимлигининг вилоят марказлари бўлиб хизмат қилди. Сўнгги ғазнавий ҳокимлар эса Ғазнага эмас, Лоҳўрга бўйсунардилар. Маҳмуд Ҳиндистонда узоқ хотира қолдирди. Бу хотира фақат Панжобнинг доимий истилоси билангина чегараланиб қолмасдан, кўпроқ Маҳмуднинг ва унга қарам туркларнинг ўзларига нисбатан ҳиндлар қалбида уйғотган очиқ-ойдин қўрқувда бўлмаса ҳам, душманликда ифодасини топди. У ҳиндлар бошида тез-тез калтак синдириб турди, ўғли Султон Масъуд ва невараси Баҳромнинг шон-шуҳрати эса Ҳиндистонда шу қадар кучли янгрардики, ғурийлар Ҳиндистон устига бостириб келаётганларида Присви Рож, деҳлилик Чоукан Рож ҳамда Ахмернинг қарши чиқишларини ҳисобга олмаганда, ҳиндлар ҳатто мусулмонлар ҳаракатига сезиларли тўсиқ бўла олишмади.
Ҳинд тарихчилари Маҳмудни босқинчиликда, шаҳарлар ва эҳромларни шафқатсиз вайрон қилишда айблашади. Бу тўғри эмас, албатта. Маҳмуд учун Ҳиндистон "Дорул-ҳарб", яъни урушлар маскани бўлган. Шаҳий подшоҳлари Маҳмуднинг отасига қарши уруғчилик урушини қўзғашди, кўп марталаб Сабуктегинга ҳамда Маҳмудга берган ваъдаларига вафо қилишмади. Эҳтимол "муқаддас уруш" олиб борган Маҳмуддан ватанларини ҳимоя қилганлари учун уларнинг қилмишларини оқлаш мумкиндир. Маҳмуднинг ўз таъбири билан айтганда, у бутпарастларга қарши ҳар йили ёки бир йил ўтказиб уруш олиб борарди. Ўша пайтда бундай уруш қонуний бир ҳол ҳисобланарди. У ҳеч қачон шаҳарларни яксон қилмаган, оммавий қирғинларга йўл қўймаган.
Ислом қаҳрамони сифатидаги шон-шуҳрати билан Маҳмудга бас келадиган ҳокими мутлақлар кўп эмас. Ўз пайтида у Осиёнинг биринчи ҳокими эди. Жонажон шаҳри Ғазнада беҳисоб кўп иморатлар, мактаблар, беадад илмий муассасалар қурдириб, халқига ато қилди, ўз пойтахтига кўплаб машҳур кишиларни даъват этди. Бу унинг номини ўн биринчи асрдаги энг буюк илмпарвар сифатида тилларда достон айлади. Маҳмуд шоирлар ва машҳур кишиларга ҳар йили 400 минг динорлаб маблағ сарфлаши билан Фирдавсийни мислсиз "Шоҳнома" асарини ёзишга илҳомлантирган. У Ғазнада дорилфунунга асос солиб, машҳур файласуф, олим, сўз устаси ва шоир Ансорийни унга мударрисликка тайинлади. Бошқа кўпгина шоирлар, жумладан, Асади Тусий, Фирдавсий, Асжодий ва Фаррухий ҳам шу ерда эдилар. Улуғ аллома Беруний ҳам Маҳмуд ҳузурида ишлади, лекин у шоҳнинг маслаҳатчиси Аҳмад ибн Маймандий билан чиқиша олмай, шаҳзода Султон Масъудга қўшилди. Ғазнавийлар ҳақида битилган "Тарихи Яминий" асарининг муаллифи машҳур олим Утбий Маҳмуд саройида фаолият кўрсатган. Ўз паноҳида шунчалик кўп ёзувчилар, санъаткорлар ва олимларни тўплаб, бутун қитъада шу қадар юксак обрўга эга бўлиш камдан-кам подшоҳга насиб этган.
Машҳур султонлар - Султон Масъуд ва билим бобидаги жонбозлиги билан донг таратган ўғли Султон Байрам ибн Масъуд Маҳмуд Ғазнавийнинг ворислари жумласидандир. Байрам фозилу фузалоларга совға-саломлар ва мукофотлар беришда жуда сахий эди. У "Маҳзани асрор" асарининг муаллифи Шайх Низомий ва Сайёд Ҳасан Ғазнавий сингари таниқли кишиларни саройга жалб қилди. Айни Султон Байрам подшоҳлиги даврида ва унинг раҳнамолиги туфайли "Калила ва Димна" масаллар мажмуи санскрит тилидан форсчага таржима қилинди. Ғазнавийлар тобора ҳолдан тойиб бораётган қиролликни юз йилдан кўпроқ бошқариб турганларидан кейин Панжоб томон суриб чиқарилдилар. Маҳмуднинг сўнгги вориси у ерда Шаҳобиддин Ғурий (1186 йил) ҳаётлигида Лоҳўр ҳокими бўлиб турди.
Лондон Оксфорд университети босмахонасида 1959 йилда чоп этилган инглизча нашрдан Жамолиддин Ҳамдам ва Шариф Холмурод таржимаси.