Илк бор Масжидул Ақсо қачон ва қандай қурулгани ҳақида тарихий саналарни кўрсатадиган ва масжидни сифатлайдиган аниқ бир маълумотлар йўқ. Лекин, у Каъбадан қирқ йилдан кейин қурулган ер юзидаги иккинчи масжид экани ҳақида аниқ саҳиҳ ҳадис келган. Абу Зар розиаллоҳу анҳудан, айтадики: «Ё Расулаллоҳ, ер юзига энг биринчи қайси масжид қурулган? - дедим. У киши: «Масжидул Ҳаром», дедилар. Яна айтдим: кейинчи? У киши: «Масжидул Ақсо», дедилар. Айтдим-ки: Иккаласининг орасида қанча (вақт) бўлган? У киши: «Қирқ йил», дедилар».(Бухорий, 3366. Муслим, 520)
Аммо, Ақсони илк бор ким қурганлиги ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Баъзилар фаришталар деган, яна баъзилар Одам алайҳиссалом, ёки Одамнинг ўғли Шис алайҳиссалом, ёки Нуҳ ўғли Сом, ёки Иброҳим алайҳиссалом, дейилган, хуллас мана шундай турли қавллар келган. Қуддус ва Байтул Мақдис ҳақида илмий изланиш олиб борган асрдош бўлган ва бу борада мутахассис олимлардан Др. Абдуллоҳ Маъруфнинг изланишига кўра: «Ақсо»ни илк бор Одам алайҳиссалом қурган, деб айтади. У киши бу сўзни Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумонинг сўзларига таяниб айтган ва бу ҳақида ўз далилларини келтирган.(Абдуллоҳ Маъруф, «ал-Мадхол ила-диросатил масжидил Ақсо» китобига қаралсин, 47-67.) Бу ҳақида илгарироқ эса Абул Фарож ибнул Жавзий «Тариху Байтил Мақдис» ва Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам «Фатҳул Борий» китобларида айтиб ўтишган эди.
Одам алайҳиссаломдан кейин Масжидул Ақсо ҳақида тарихий маълумотлар мил. ав. 3000 йиллардан токи 1550 йилларгача Қуддусга Ябусийлар келгунга қадар башариятда тарих қайд қилинмаган. Ябусийлар: Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом авлодининг Канъоний қабилаларидан бўлади. Қуддусни илк бино қилган одамлар Ябусийлардир. Улар Қуддусни «Салом Илоҳига» атаб қурганлар ва уни: «Аури Шалим - Дарус Салом» шаҳри, деб номлаган. Баъзи тарихчилар фикрига кўра ҳозиргача Ақсо деворларида уларга тегишли тарихий асар-излар қолган. Ана ўша замонларда Иброҳим алайҳиссалом Қуддусга ҳижрат қилган ва масжидни обод қилиб қурулишига ҳисса қўшган ва у ерда намоз ўқиганлари ривоят қилинади. У кишидан кейин ўғиллари Исҳоқ, кейин эса набиралари Ёқуб алайҳимассалом ва бошқа авлодлари келиб зиёрат-ибодат қилишда давом этганлар.
Кейинчалик мил. ав. 1550 ва 1000 йилларда Қуддус ва Масжидул Ақсо Мисрдаги Ҳайксуслар ҳудудига ўтади. Улардан кейин эса у ерларга Фаластиндаги Аъмалиқо, деган қавм эгалик қилади.
Сўнгра мил. ав. 995 й. Қуддусни пайғамбарлардан Довуд алайҳиссалом олади.(Муҳсин Муҳаммад Солиҳ, «ат-Тариқ илал-Қудус», 32) Қуддус, у кишининг даврида кенгайтирилади ва Ақсо масжидининг қайта қурулишига ва ободонлаштириш ҳаракатига асос солади.
Довуд алайҳиссаломдан кейин ўғли Сулаймон алайҳиссалом ҳам бу ишни давом этиб, тахминларга кўра ҳозирги Ақсо ҳудудида қурулиш қилиб масжидни обод қилади, ибодат учун бир масжид қуради, ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Сулаймон ибн Довуд алайҳимассалом Байтул Мақдиснинг қурулишидан фориғ бўлгач Аллоҳдан уч нарса сўради: У Зотнинг ҳукмига мувофиқ келадиган ҳукм, ўзидан кейин бошқа бирортасида бўлмайдиган мулк ва ушбу Масжидга фақат намоз учун келган ҳар бир киши онасидан туғулган кунидай гуноҳлардан покланиб чиқишини».(Ибн Можа, 1408. Насоий, 693. Аҳмад, 6644) Шундан кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтади-ки: «Аммо, иккитаси албатта берилди, учинчиси ҳам берилишини албатта умид қиламан».
Яҳудийлар мана шу Сулаймон алайҳиссалом қурган масжидни: «ибодатгоҳ - маъбад», «Сулаймон ҳайкали», ёки «Тоғ ҳайкали», ёки «Биринчи Ҳрам», деб номлайди. Охирги ном кўпроқ машҳур бўлган, у мил. ав. Х асрда қурулган эди.
Ҳайкал даври: Биринчи маъбад...
«Ҳайкал» яҳудийлардаги истилоҳ, бундан мурод айтиб ўтканимиздай Сулаймон алайҳиссалом қурдирган ибодатхона эди ва уни ҳозирда кўпинча «Биринчи Ҳрам», деб ёдга оладилар. Сулаймон алайҳиссалом Бани Исроилга отаси каби қирқ йил ҳукм қилганидан кейин мил. ав. 930 йилда вафот этади. У кишидан кейин Бани Исроил давлати иккига бўлиниб, бири шимолий қисмдаги «Исроил» давлати, иккинчиси жанубий қисмда «Яҳуза», давлатига бўлинади. Қуддус шаҳри Фаластин жанубидаги Яҳуза давлатининг пойтахти-маркази бўлади. Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтгача уларнинг давлати туради, кейин уларга бобилликлар ҳужм ва уруш қилиш натижасида Сулаймон алайҳиссалом подшоҳлик қилган вақтдаги пойтахт Қуддус ва отаси асослаб берган тарзда қурдирган «Биринчи Ҳрамни» мил. ав. 587-586 йилларда бобилликлар тарафидан тор-мор қилиб, ёқиб йўқ қилиб юборади, деворларини қулатади, хуллас маъбадни ер билан яксон қилади, тош устида тош қолмайди, Сулаймон алайҳиссалом қурдирган маъбаддан асар ҳам қолмаган, деб тарих китобларида келади.
Иккинчи маъбад: Қайта қурулиш...
Яна, Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтдан кейин бобилликларни форсликлар енгиб улар эгаллаган ерларга ҳоким бўладилар, мил. ав. 538 йилларда Форс шоҳи Кир II Бани Исроиликкларга марҳамат кўрсатиб, улардан хоҳлаганларга Бобилдан Қуддусга қайтиб кетишга ва у ерни, маъбадни қайта қуриб обод қилишга рухсат беради. Яҳудийлардан кўпчилиги Қуддусга қайтиб бориб Ҳрамни қайта қуради. Маъбад қурулиши яҳудийлар китобида келишича Довуд алайҳиссаломнинг зурриётидан Зораблев томонидан 70 йилдан кейин бошланган, деган нақл бор, яъни мил. ав. 516 йилларда. Бошқа ривоятларга кўра мил. ав. 538-537 йилларда бошланиб токи Форс подшоси Доро I замонигача мил. ав. 516-515 йилларда Ҳерадос I даврида якунланади. Яҳудийлар уни «Иккинчи Ҳайкал» ёки «Иккинчи Маъбад», деб номлайдилар.
Юнонликлар:
- Кейинчалик яна замон ўтгач дунёга ҳукмронлик даъвоси билан яна бошқа қавмлар келади, аниқроғи тарихий тартиб бўйича юнонлар келган. Фаластин ҳам бошқа мамлакатлар қатори юнонликларга ўтади. Аввал, тахминан мил. ав. 333 ёки 332 йиллар Искандар Макидонийга таслим бўлиб бўйинсунади, унинг замонида маъбадга тегилмаган, деган хабар бор.
Кейин эса Қуддус - унинг давомчилари юнон саркардалари Птолемейларга ўтади, унинг даврида Қуддус шаҳари вайрона бўлади, кўп одам ўлдирилади: «Аниқки, подшоҳлар агар бир шаҳар-қишлоққа кирсалар; уни бузадилар ва ҳурматли бўлган аҳолисини хор қиладилар. Ўшандай қиладилар». (Намл: 34)
Кейин яна Искандарнинг қўмондонларидан бўлган Салавки I оиласи Су-рияда қурган Салавкийлар давлатига ўтади. Юнонликлар ҳукм қилган даврда «Иккинчи Ҳрамга» нисбатан юнонча ҳурмат кўрсатишади, баъзан таъмирлаш ишларига ҳомийлик ҳам қилишади, одамлар ибодат қилади-ган ер экан, деб - билиб, юнонликлар ҳам келиб ўз динларига у ерда ибо-дат қилишади. Ҳатто улар Ҳрамга ўзларининг фалсафийликка берилган динларини олиб келади, ўзлари илоҳийлаштирган, худо деб билган Зевс ҳайкалини маъбадга ўрнатади ва Маъбад ўртасида ҳатто тўнғиз сўйилади ва яҳудийларга ҳаром бўлган гўштни ейишга мажбур қилади, улардан емай ўлган қаҳрамонлари ҳам бўлган - Маккабийлар каби. Албатта, динни бузиш, Маъбадни бузишдан ёмонроқ эди. Шу сабаб яҳудийлар ўша даврда иккига бўлиниб кетади, юнон яҳудийлари ва маккабий яҳудийлар.
Искандарнинг икки қўмонданинг бири Сурияда - пойтахти Антокияда, иккинчиси Мисрда - пойтахти Искандарияда қурган давлатлар ўртасида келишмовчилик чиқиб уруш бошланган вақтда Қуддус бир муддат юнонлардан мустақил қолади.
Баъзи, унча кучли бўлмаган яҳудийлардаги манбаларга кўра, кейинроқ маккабий яҳудийлар Салавкий давлатига якун бериб Фаластиндан уларни чиқариб юборишга эришади, давлатларини мустақил бўлишига ҳаракат қилади, мил. ав. 152 йилдан токи мил. ав. 37 йилларгача турли синовларга ҳужумларга қарамай яҳудийларда оз муддат бўлса ҳам, бошқаларга тобеъ бўлган бир неча кичик қиролликлар бўлган. Ҳатто маккабийлар маъбадни қайта қурган, деган эътиқодлари ҳам бор. Лекин бу ривоятлар кучли эмас.
Римликлар:
Аллоҳ таоло одамларнинг баъзиларидан баъзисини устун қилиб дунёда давр сурдиради: «У сизларни ернинг ўрин босарлари қилган ва сизларга берган нарсада сизларни синаш учун баъзиларингизни баъзисидан даражаларини устун қилган, ...»,(Анъом: 165) кимларнидур дунё учун, кимларнидур охират учун яшатади... Юнонлардан кейин Римликлар келгач Фаластин Рим империясига тобеъ бўлиб бўйинсунади, мил. ав. 63 йилларда римликлар Шомга киради ва Фаластинга ҳужум қилади, римлик саркарда Помпей Гней уч ойлик қуршовдан кейин Қуддусни олади ва шу сабаб «Иккинчи Маъбад» кучли зарбалар кўради. Рим империяси ҳукм суришига қарамай мил. ав. 37-40 йилда яҳудийлар учун римликлар Қуддусга Ҳерадос I ни ҳоким қилиб тайинлайди, баъзи ривоятларга кўра кейин подшоҳ қилиб тайинланади. Қуддусда яҳудийлар учун кичик қироллик-давлати вужудга келади, албатта у Римга тобеъ бўлган вилоятлардан бўлади.
Ҳерадос I мил. ав. 20 йилларда «Иккинчи Маъбад» биноларини янгилаб тамирлашга тушади ҳамда унинг майдонини кенгайтиради. Ҳатто баъзилар «Иккинчи Маъбад» эмас «Ҳерадос ибодатхонаси», деб номлайди. Баъзилар вақтинча унинг номи билан номланган, дейди, яна баъзилар эса Ҳерадос I «Иккинчи Маъбаддан» бошқа алоҳида «Ҳерадос ибодатхонасини» қурган ҳам, дейди, яна баъзилар у «Иккинчи Маъбад» номини ўзгаришига йўл қўймаган айни ўша Маъбаддир, бошқа Маъбад йўқ деган, фақатгина Иккинчи Маъбадни қайта таъмирлаган, катталаштирган ва ҳоказо..., шу гап тўғрироқ. Энг тўғриси Иккинчи Маъбад қурулишини Ҳерадос якунлаган эди. Бу ихтилофнинг сабаби; у Қуддусда кўпгина бино қурулишларини олиб борган, ўз даврида шаҳарни қурилиш билан яхши ободонлаштирган. Жумладан Қуддусдаги дарвозаларидан бири «Бабул Холил - Халил дарвозаси» даги катта қалъани у қурган эди. Яҳудийлар уни «Довуд қалъаси», деб номлайди.(Абдуллоҳ Маъруф, «ал-Мадхол ила-диросатил масжидил Ақсо» китобига қаралсин, 75-77.)
Ҳерадос I мил. ав. 4 йил охирларида вафот этади. Унинг ўғли Архелай отасининг ўрнига ўтиролмайди, балки Қуддус Сурияга қўшилиб Римга тўлиқ бўйинсунишга мажбур бўлади, лекин Ҳеродаснинг набираси эса Рим императори Калигул Цезар марҳамати билан яҳудийлар учун қирол бўлади. Яҳудийлар токи мил. ав. 44 йилгача Қуддусда яхши яшаб келган эди, илгари сургун бўлган яҳудийлар ҳам атрофдан келиб зиёрат қила бошлаган, Маъбадда ибодат қилиб, диний анъаналарига кўра хутбалар, дарслар қилишар ва байрамларини ўтказишар эди.
Кейинчалик яҳудийлар Қуддусда кўп йиғилишлар ўтказиб диний ва руҳий кучая бошлагандай бўлди ва орада кутилган Исо пайғамбарни кутган масиҳийлар чиқди, улар Месси келганда яҳудийлар учун янги мустақил давлат қуради, Бани Исроилни мутлақ озод қилади, у подшоҳ бўлади, деган даъволар билан ҳовлиқиб юрар эди...
Мил. ав.ги йиллар якунланар экан, ўша замонларда Қуддусда Бани Исроилликларга Закариё ва Яҳё алайҳимассалам билан бирга Исо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб юборилади, Исо алайҳиссалом Бани Исроил Римга тобеъ бўлиб турган замонда тахминан мил. ав. 4 йилларда туғулган. Демак, дунёда янги давр, янги ишлар бошланади... Лекин, яҳудийларнинг фақат баъзилари у пайғамбарларга ишонарди, аммо аксари ёлғонга чиқарган эди, ишонмаганларнинг аксари сургундан кейин Бобилдан Қуддусга қайтмаганлар эди. Бу уч пайғамбар, ўз даврларида Байтул Мақдисни кўпроқ даъватлари билан обод қилганлар.(«Байтул Мақдис» номи зикр қилинган, узунроқ бўлган бир ҳадиси шарифни фойда учун келти-риб ўтганмиз, 198 саҳифага қаранг.) Закариё алайҳиссалом Яҳёнинг отаси ва Исо алайҳимассаламнинг поччаси эди.
Закариё Байтул Мақдисда бош хотиб эди. Ўша замонда ҳам кўпчилик яҳудийлар уларни ёлғончига чиқарган, Марям ва Исо алайҳимассалом уларнинг фитнасидан қўрқиб Мисрга қочган, кейинчалик катта яҳудийлар Яҳё ва отаси Закариё алайҳимассалом ўлимларига ҳам шерик бўлишган, чунки уларнинг ҳақ даъватлари яҳудийларнинг сиёсати ва нафси ҳавосига тўғри келмасди: «Дарҳақиқат Бани Исроилдан, аниқ аҳду-паймон олган эдик ва уларга расуллар юбордик. Ҳар қачон уларнинг нафси ҳавоси кўтаролмайдиган нарса билан бир пайғамбар келганда; бировларини ёлғончига чиқариб ва бировларини ўлдирар эдилар».(Моида: 70)
Вақтики, Исо алайҳиссалом Мисрдан Насоро шаҳрига қайтиб, кейин у ердан Қуддусга келиб даъват қила бошлаган эди ва уларга пайғамбарлиги исботида очиқ ва кучли мўъжизалар кўрсатди, лекин Бани Исроилдан кўпчилиги уни инкор қилди, ҳатто уни ўлдиришга қасд қилдилар, лекин Аллоҳ Исони сақлади, Ўзига кўтарди, бироқ натижа яҳудийлар учун хунук бўлди, Закариё ва Яҳё алайҳимассаламни ўлдиришга сабабчилардан бўлиш ҳамда Исога қасд қилиш куфр эди, илгари эса Исони инкор қилиш сабаб яҳудийларнинг аксари ўзларига ўзлари зулм қилиб Аллоҳнинг ғазибига учраган. Аллоҳ таоло яҳудийлар устига қилмишлари сабаб римликларни бало қилиб солди, Рим яҳудийлар учун ҳақиқатдан катта бир бало бўлди...
Мил. 66 йил яҳудийлар «Биринчи яҳудий» урушини эълон қилиб Қуддусни мустақил қилиб олиш учун римликларга қарши қўзғолон бошлайди, уруш бир неча йил давом этади ва мил. 70 йилда Рим уларни тор-мор этади, Қуддусни улардан бутунлай олиб қўяди ва яҳудийлар учун азиз бўлган «Иккинчи Маъбадни» ҳам бутунлай яксон қилади, у ерда тош устида тош қолмайди. Яҳудийлар ўлдирилади, қаттиқ жазоланади, дунёнинг тўрт тарафига қувғин, сургун қилинади; Яман, Африка, кичик ва ўрта Осиё, Араб жазираси, Хитой, Оврупа, Шарқий Оврупа, Ҳиндистон ерларига кўчиб тарқалишади...
Ахир, яҳудийлар аслида римликлар кўрсатган марҳамат эвазига қайта тикланган эди, лекин улар Римга қарши нонкўрлик қилиб уруш очишди, нонкўрлик қилганлари учун Рим ҳам уларни қаттиқ жазолади. Аслида бу - яҳудийлар учун Яҳё ва унинг отаси Закариёнинг ўлдирилишидан ва Исога қасд қилинишидан кейин бошланган балолардан эди. Мана шу ўтмишдан то бугунги кунгача яҳудийлар учун икки унутилмас аламли ва азоблий кунлар, ўчмас саналар ҳали ҳануз юракларида битмас яра, оқар қон бўлиб қолган:
1. «Биринчи Маъбад» қулатилган йил мил. ав. 586-587 йил Бобил подшоҳи Навуходоносор II тарафидан.
2. Мил. 70 йил «Иккинчи Ҳрам» Рим императори Цезар Титос Флави Веспасиан тарафидан қулатилган.
Мил. 130 йилда Рим императори Адриан замонида, тамоман вайрон бўлган Салом шаҳрига - яъни Қуддусга рим маданиятига оид устунларини қурушга амр қилиб, шаҳарга «Илиё Капитолина», деб ном қўяди, кейинчалик шаҳар чиндан «Илиё», деб номлана бошлади, Маъбад ўрнига эса римликлар илоҳийлаштирган Юпитерга атаб майдон қурулади, яҳудийлар учун энг муқаддас бўлган, Сакинат Сандиғининг турадиган ўрни бўлган улкан Харсангтош устига эса Адриан ҳайкали қурулади, яъни ҳо-зирги Қуббатус Сахро масжиди ўрнига. Хуллас Масжидул Ақсода тавҳид билан ибодат қиладиган бирорта ўрин қолмайди.
Ҳатто Адриан уларга эркаклари учун хатна-суннат қилишни ва Қуддусга киришни ман қилади. Мана шу сабаб римга қарши яҳудийлар иккинчи бор қўзғолон қилади мил. 131 йилдан то 135 йилгача 600,000 га яқин яҳудийлар қатл қилинади. Мил. 132 йилда яҳудийлар мустақил давлат бўлишга эришади, бироқ бу узоққа бормайди, икки йилдан кейин 135 йилда римликлар яна уларни енгиб Илиёни тамоман эгаллаб олади. Тарихий натижаларга кўра бу қўзғолонларда бир миллион яҳудий ўлдирилади ва шаҳарга экин ўсмасин, деб жуда кўп миқдорда туз сепилади. Яҳудийларга шаҳарга кириш умуман ман қилинади.
Фатра:379 Икки пайғамбар орасидаги вақт!
Исо алайҳиссаломдан кейин тахминан 300 йил ўтгач - Рим империяси бўлиниб кетади: Ғарбий Рим империяси, Шарқий Рим ва Шомда Визант империяси. Исо алайҳиссаломдан кейин кўпчилик римликлар Исога -яъни насоронийлик динига эргашади. Қуддус Византлар қўлида бўлгани учун; у насроний бир шаҳарга айланади. У ерга «Қиёмат канисаси», деб катта бир каниса қуради. Насронийлар учун у каниса энг муқаддас канисадир. Аммо, «Иккинчи Маъбад»нинг ўрни улар даврида қандай бўлса, ўшандай қолади, яъни каниса у ерга қурулмаган. Яҳудийлар Исо алайҳиссаломнинг пайғамбар эканига ишонмайдилар, балки у киши ҳақида яҳудийлар: «динни бузган ва бошқа оқимга-динга асос солган», деб нотўғри эътиқод қилади, Исо алайҳиссаломни калака ва масхара қилиш яҳудийлар одатига айланади. Лекин Исо алайҳиссалом омматан Бани Исроилга Аллоҳнинг элчиси бўлиб келган эди,(Соф: 6) шунинг учун ким у киши олиб келган ваҳийга ишонган бўлса Аллоҳ таоло уларни устун қилган: «Бани Исроилдан бир тоифаси (Исога) иймон келтирди ва бир тоифаси куфр келтирди. Бас, иймон келтирганларга душманлари устидан ёрдам бердик, улар эса устун келдилар».(Соф: 14. Моида: 46, 72)
Ҳижратдан олдин мил. 613-614 йилларда узоқ вақт давом этган урушдан кейин яҳудийлар ёрдамида Шом, Фаластин ва хоссатан Қуддусни бир муддат яна сосоний форслари Шаҳрибоз бошчилигида эгаллаб олади. Фурсатдан фойдаланиб яҳудийлар Қуддусга кириб жуда кўпчиликни (60 минга яқин) насронийларни қатлиом қилади, жами форслар қатл қилган адад билан 90 минга яқин насронийлар ўлдирилади. Жумладан «катта Қиёмат канисаси» ва насоролар илоҳийлаштирган «ҳочни» вайрон қиладилар. Бироқ, ҳеч қанча вақт ўтмай ҳижратдан бир йил олдин мил. 621 йилда римликларнинг Визант императори Ҳироқл бошчилигида Шом ва Қуддусни яна қайтариб олади ва 624 йилларда у ерларга ҳукмини тўлиқ ўтказа бошлайди, ҳатто римликлар каниса учун форслардан қасос олиб, Озорбейжонгача бориб, мажусийликка тегишли бўлган энг катта «олов ёниб турган» ибодатхонани йўқ қилади.
Бу воқеъа Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келган вақтларда содир бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Римликлар «аҳли китоб» бўлгани учун уларнинг мағлубиятидан хафа бўладилар. Чунки форслар оташпараст мажусийлар эди, китобдин эгалари эмас, эргашадиган пайғамбарлари йўқ эди. Лекин кейинроқ Рим яна ғалаба қозонади, ўша вақтда мўминлар хурсанд бўлган, Аллоҳ таоло Қуръонда ушбу тарихдаги уруш натижаларини зикр қилади: «Рим (Шом тарафда) энг қуйи ерда (Сосоний форсларга) енгилди. Ва улар мағлубиятларидан кейин яқинда «бидъо» йилларда (яъни уч йилдан оз бўлмаган ва ўн йилга етмай) ғолиб бўладилар. Амр қилиш - (Рим мағлубияти) дан олдин ҳам ва (Рим ғалабаси) дан кейин ҳам Аллоҳникидир. Ва ўша кунда мўминлар қувонадилар».(Рум: 2-3) Ўша йилларда Байтул Мақдис жуда хароб бўлиб кетади, муқаддас шаҳар бўлишига қармай римлик насоролар яҳудийлардан интиқом олиш учун шаҳарни шундай хор ҳолатда ташлаб қўйган эди.(Абдуллоҳ Маъруф, «ал-Мадхол ила-диросатил масжидил Ақсо» китобига қаралсни, 81-83)
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб юборилганидан кейин Аллоҳ таоло у кишига бир неча ибодатларни амр қилади, шулардан энг улуғ ибодатлардан бири намоз ибодатидир. Мусулмонлар намозга буюрилганда қибла ўлароқ Маккадаги даврларидан бошлаб, токи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари мил. 622 йилларда Мадинага ҳижрат қилгунича ва ҳаттоки у ерда ҳам қибла Макка тарафга ўзгаргунча ўн олти ойдан кўпроқ Фаластинга - Ақсо масжиди тарафга қараб намоз ўқиганлар, ундан кейин эса Маккадаги Каъбага юзланишга амр қилинган.
Умар Шоҳирнинг (ҳафизауллоҳ)
"ФAЛAСТИН ўтмиш ва келажак" китобидан