loader
Foto

Холид ал-Марваррудий

Олим IX асрнинг биринчи ярмида яшаб, халифа ал-Маъмун ҳузурида фаолият кўрсатган машҳур астрономлардан бири бўлган. Унинг исми ўрта асрларда Марвга қарам бўлган «Марварруд» шаҳридан келиб чиққанини билдиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ал-Маъмун ал-Марваррудийни у Марвдалик вақтида ўз саройига так-лиф этган бўлиши керак. Марварруд шаҳри кейинчалик йўқолиб кетиб, унинг ўрнига Афғонистоннинг шимолий қисмидаги Мурғаб дарёсининг ўзанларида «Маручоқ» қишлоғи пайдо бўлди. Бу ўлкалар халифа ал-Маъмун даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон минтақаси таркибига кириб, ягона сиёсий, иқтисодий ва илмий-маданий муҳитни ташкил этган.

Холид ал-Марваррудий фан тарихига, асосан, 830 йиллар атрофида Дамашқ шаҳри яқинидаги Қасиюн тоғида ташкил этилган иккинчи расадхонанинг (биринчи расадхона тахминан 828 йили Бағдоднинг аш-Шаммосия ҳудудида қурилган) ташкилотчиси, раҳбари ва у ерда олиб борилган тажрибаларнинг қатнашчиси сифатида кирган. Шунингдек, у халифанинг топшириғига биноан, 832-833 йиллари Сурия шимолидаги Синжар даштида ер меридианининг бир даражасини ўлчаш ҳамда Қуёш ва Ойни кузатиш тажрибаларининг асосий иштирокчиларидан эди. Олимнинг астрономик жиҳоз яратишдаги саъй-ҳаракатлари Абу Райҳон Берунийнинг «Геодезия» китобида эътироф этилади.

Маълумки, ер меридианининг бир даражаси аниқлаб олинганидан сўнг, унинг асосида Ернинг доиравий узунлиги, диаметри, радиуси ва бошқа ўлчамларини топиш имкониятлари пайдо бўлади. Бу тажрибалар билан қадим замонларда юнон олимларидан Эратосфен ва Батламйус шуғулланганлар. Лекин уларнинг асарларида узунлик ўлчовлари юнонча «стадий» сўзи, аниқроқ айтилса, ер меридианининг бир даражаси 500 стадийга тенг, деб кел-тирилган. Мазкур стадийлар, арабларнинг ўлчовларида қандай микдорга тенг бўлиши эса мавҳум бўлиб қола-верган. Батламйуснинг «Ал-мажистий» китобида таъриф-ланган бу каби масалаларга аниқлик киритиш мақсадида, ал-Маъмун янги тажрибалар ўтказишга қарор қилади ва экспедициялар уюштиради. Амалга оширилган тажриба натижалари эса, «ал-Маъмуннинг текширилган жадваллари» асарида баён этилган ва ал-Марваррудий унинг муаллифларидан бири бўлган.

Ер меридианининг бир даражасини аниқлашга бағишланган бу тажрибалар, Батламйусдан кейин амалга оширилган илк амалий уринишлар экани билан алоҳида аҳамият касб этади. Умуман, мазкур даражани аниқлаш, ўрта аср астрономияси тарихида муҳим илмий воқеа бўлди. Тажрибани амалга оширишда мусулмон олимлари икки усулдан фойдаланганлар: улардан биринчиси -астрономик-математик, иккинчиси эса, астрономик-ер ўлчаш услублари эди.

Холид ал-Марваррудий ва Аҳмад ал-Фарғонийлар иккинчи услубни ишлатиб, бир даражани аниқлаганлар. Унинг моҳияти қуйидагича: энг аввал тажриба учун мос келадиган баланд-паст бўлмаган текис жой танланади. Мўлжаллаб олинган бошланғич нуқтадан иштирокчи-лар Қуёш ёки бошқа ёритгичлар ёрдамида, шимол ёки жанубга қараб тўғри чизиқ бўйича оғишмай ҳаракат қиладилар. Масофанинг баъзи нуқталарига ёғоч белгилар ўрнатилади. Сўнгра, Қуёш баландлигини кузатиш орқали Ер меридианининг бир даражасига мос келадиган масофага алоҳида белги қўйилади. Шундан кейин, бошланғич нуқтадан то охирги алоҳида белгигача бўлган масофа арқонлар орқали ўлчаб чиқилади. Олинган ўлчов натижаси Ер меридиани бир даражасининг миқдорини беради.

Ал-Маъмун бу тажрибани ўтказиш учун Синжар даштини танлаб, иштирок этувчи астрономларни икки гуруҳга тақсимлайди. Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Фарғоний ва Санад ибн Алилардан таркиб топган биринчи гуруҳ, бошланғич нуқтадан шимолга қараб ҳаракатланади. Иккинчи гуруҳ эса, Али ибн Исо ал-Астурлобий ва Аҳмад ибн Бухтурий аз-Зарра бошчилиги-да ўша нуқтадан жанубга йўналади. Ҳар икки гуруҳ биз тавсифлаган тажрибаларни арқонлар орқали бири иккин-чисидан алоҳида ҳолда бажаради. Олинган тажрибалар таққосланганда, гуруҳлардан бирининг эришган микдори 56 2/3, иккинчисиники эса 56 араб милясини ташкил эта-ди. Ҳар икки натижа орасидаги фарқ катта бўлмагани учун Ер меридиани бир даражасининг микдори ал-Маъмун астрономлари тарафидан 56 2/3 миля, деб белгиланади. Бу микдор, яъни 56 2/3 араб миляси 111 км.ни ташкил этади. Уша вақтда олинган натижа ҳозирда замонавий технология воситалари орқали аниқланган микдор, яъни 111.11 км. дан деярли фарқ қилмайди.

Баён этилган тажриба ишлари Аҳмад ал-Фарғоний-нинг «Астрономия илми асослари» китобида ҳам таъ-кидлаб ўтилган. Бу, ўз навбатида, Холид ал-Марваррудий ва Аҳмад ал-Фарғонийларни яқин муносабатларда бўлиб, ўзаро ҳамкорликда ишлаганларини яна бир карра тасдиқлайди.

Холид ал-Марваррудийнинг ўғли Муҳаммад ва Умар исмли набираси ҳам фалакиёт билан шуғулланган. Уларнинг ҳар иккиси ҳақидаги маълумотлар ўрта аср манбаларидан фақат Ибн ал-Қифтийда сақланган. Унга мувофиқ, Муҳаммад юлдузлар ва ёритгичларнинг ҳаракати масаласида моҳир мутахассис эди. Умар эса, «Зиж», «Ёритгичларнинг тенгламаси», «Ясси астурлоб ясаш» китобларининг муаллифи бўлган.

Холид ал-Марваррудий ҳақида жуда оз маълумот сақланган бўлса-да, унинг ўз даврида йирик астроном бўлганига шубҳа йўқ.

Баҳром Абдуҳалимовнинг

"Байт ал-Ҳикма" китобидан