loader
Foto

Абу Юсуф Яъқуб Мансур Муваҳҳидий

«Альфансонинг мактуби Яъқубга етиб келганда у мактубни йиртиб ташлаб, унинг бир парчасини орқа бетига қуйидаги оятни ёзади:



«Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар), албатта, биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва, албатта, биз уларни (қишлокларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарурмиз».

Жавоб фақат амалда кўрсатилади!» Ислом тарихчиси, доктор Али Саллабий

Бу китобда Андалусни Мусо Нусайя ва Ториқ ибн Зиёд томонидан фатҳ этилганидан тортиб, Андалусиянинг қулашига қадар, ундан кейин усмонийлар ҳаракати, Муҳаммад ибн Умайянинг қўзғолони, ундан кейинги Юсуф ибн Ташфин, Абдураҳмон Насир ва Абу Юсуф Яъқуб Мансур Маринийларнинг ғалабаларига саёҳат қилдик. Дарҳақиқат, мен Андалусияни барча тафсилотлари билан баён қилмоқчи бўлдим. Мақсадим тўкилган сутга йиғлаб ўтириш эмас. Андалусия тарихининг буюк ғалабалари, шон-шуҳрати, қолаверса, унинг мағлубиятида ҳам мусулмонлар учун ибрат бордир. Биз динни маҳкам ушлаганларни оз ададли қўшин билан улкан ғалабаларга эришганларини кўрдик. Уларни дунёга муҳаббат қўйганларида, мағлубият аламини тотиб, ҳатто салиб юришчиларига солиқ тўлаган ҳолатларини ҳам ўқиб чикдик. Шунингдек, Сенегал чегарасида подачилик қилиб юриб, Африкада энг қудратли империяга асос солган шайх Абдуллоҳ ибн Ясин сингари қаҳрамонлар таназзулга юз тутаётган умматни гуллаб ўсган ҳолатга олиб чиққанини кўрдик. Дунёга бўлган муҳаббатидан салиб юришчиларига Андалусиянинг қулашига ёрдам берган Муҳаммад ибн Фақиҳ каби хоинларни ҳам кўрдик. Мағриблик буюк баҳодирни кези келганда Андалусияга ёрдамга бориб, мусулмонларни қутқарганини ҳам кўриб чивдик. Шунингдек, хиёнаткорлик ила салиб юришчиларига ишлаган амирларни ҳам ўқиб ўтдик. Дарвоқе, Андалусиянинг ғалабалари ҳамда мағлубиятлари - Исломнинг қисқача тарихидир десак, муболаға бўлмас. Агар ёшларимиз буларни ўрганишга жидду жавд қилсалар, Андалусия тарихидаги тайфалар подшолиги каби, мусулмонларни ҳозирги аҳволидан қандай қилиб юксакликка олиб чиқишни англаб етар ҳамда унинг йўлларини излар эдилар.

Қаҳрамонимиз - Абу Юсуф Мансур Муваҳҳидий Алмоҳадлар (Ал-Муваҳҳидун) - Алмоваридлар ҳукумати қулагандан сўнг Мағриб ҳамда Андалусиянинг Исломий шаҳарларига раҳбарлик қилган. Алмоҳадлар мамлакати Аллоҳ таоло уларни тўғри сунний йўлга бошлагунча, бузуқ бир ақидага қурилган мамлакат бўлганини эшитганда, таажжубга тушишингиз мумкин. Бу мамлакатнинг асосчиси Муҳаммад ибн Тумарт аввал ақидаси нотўғри бўлган раҳбар эди. Чунки у Ироқ шиаларининг қўлида гаҳсил олиб, унинг онги қадимги грек фалсафаси ҳамда ўтпарастлик ақидаларида суғорилган эди. У ўрганиб келган фалсафасида мўътазилийларнинг ўзгартирилган ғоялари ҳам қўшилганди. У кейинчалик ўзини мен Маҳдийман деб чиқади. Сўнгра у Мағрибга бориб, ўзининг бузуқ ақидасига биноан Алмоҳадлар мамлакатига асос солади. Унинг бузуқ ғоялари мамлакат бошига Абу Юсуф Яъқуб Мансур Муваҳҳидий келиб Ибн Тумартнинг адашганини айтгунга қадар, халқнинг бошида тумандай қоплаб тураверади. Абу Юсуф уруш майдонига чиқишдан аввал ўзининг бузуқ ақидаси устидан ғолиб келган. Инсон ўз эътиқодидаги нотўғриликни кейин тушуниб етса, сўнг уни тўғриласа, бу айб эмас. Лекин тўғри эмаслигини билгандан сўнг ҳам ундан қайтмаса, бу айни жаҳолатдир. Сўнгра қаҳрамонимиз Ливиядан тортиб Атлантика океанигача бўлган Мағриб шаҳарларини бирлаштириб, Мағрибдаги мусулмонлар бирлашишига тўсқинлик қилган Ганидлар билан жанг қилишга киришади.

Доктор Али Саллабий «Давлатул Муваҳҳидин» (Алмоҳадлар давлати) китобида Абу Юсуф Муваҳҳидий ҳақида шундай дейди:

«Абу Юсуф Яъқуб Мансур мусулмонлар хавфсизлигини таъмин этиб, уларни бирлаштиришга муваффақ бўлади. Алмоҳадларни тартибга келтириб, уларга қўшиб араб бадавийларини ҳам Андалусиядаги урушга олиб чиққан. Бу бирдамлик - унутилмас Аларкос урушида насороларни мағлубиятга учрашига асосий сабаб бўлган. Абу Юсуф Яъқуб Мансур Ганидлар билан бўлган келишмовчиликни бир ёқли қилгандан сўнг, Андалусиядаги христианларга қарши жанг қилишни мақсад қилган. Бу унинг оқил идрок соҳиби эканлигидан далолатдир».

Мана шу пайтда Кастилияда Альфонсо VIII исмли золим подшоҳ яшаган. Бу Заллакедаги Ибн Ташфин тор-мор этган Альфонсо эмас. Буларни адаштирмаслик керак. Чунки улар бу исмни кўп бора қўллашган. Бу Альфонсо Андалусияда қарияларни ўлдириб, аёлларни номусига тегиб, ҳаддан зиёд бузуқликлар қилган. Сўнгра у Алмоҳадлар султонига қуйидаги мактубини йўллайди:

«...Мен христиан халқининг амири бўлганимдек, сени ҳам ўз дининг-дагиларни амири эканлигинг зийрак ақл эгаларига сир эмас. Мени Андалусиянинг бошлиқлари заиф, кучсиз эканидан хабарим бор. Мен уларни ўз маконидан қувиб чиқармоқчиман. Уларнинг фарзандларини тутқунга олиб, эркакларини азоблайман. Имкониятинг бўла туриб уларга ёрдам бера олмаётганинг учун ўзингни оқлолмайсан. Аллоҳ таоло сизларни бир аскарингиз бизнинг ўн аскаримиз билан урушишни буюрган дер эдинг. Энди эса Аллоҳ сизларни заиф эканлигингизни кўриб, уни енгиллаштирди. Энди биздан бир одам сизларни ўн асакарингиз билан жанг қилади. Сизлар ҳозир ҳимояланишга ҳам, урушдан бош тортишга ҳам қодир эмассизлар. Билишимча, сен аскар йиғиб, урушга отланаётган экансан. Вақтни бекорга сарф қиляпсан. Сен олдинга бир қадам, ортга икки қадам ташламокдасан. Сени жанг қилишга аскарларинг тўсиб турибдими ёки Худойингни берган ваъдасига шубҳа қилмокдамисан. Менга етиб келишича, сен денгизни кесиб ўтолмас эмишсан. Энди сўзимни эшит: сен билан олдингга бориб, хоҳлаган жойингда жанг қиламан. Мабодо сен ғолиб бўлсанг, катта ўлжага эга бўласан. Узим сенга энг қиммат совға бўламан. Агар мен сени мағлуб этсам, унда икки ерга эгалик қилиб, икки ўлка ҳукмдори бўламан».

Альфонсо VIII нинг мактуби Яъқубга етиб келганда, у мактубни йиртиб ташлаб, унинг бир парчасини орқа бетига қуйидаги оятни ёзади:

«Сен (қавминга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар), албатта, биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва, албатта, биз уларни (кишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарурмиз».

«Жавоб фақат амалда кўрсатилади!»

Воқеа давомини доктор Али Саллабий қуйидагича баён қилади:

«Яъқуб Мансур Альфонсо VIII нинг мутакаббирлигидан ғазабланди. Унинг Ислом динига бўлган ғайирлигидан Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун тайёргарлик кўра бошлайди. У аскарларини шижоатлантириш ҳамда уларни нафратини ошириш учун бу мактубни ҳаммага тарқатишни буюради. Одамлар мактубни ўқиб, у билан урушишни талаб қилиб чиқадилар. Алмоҳадлар раҳбари қизил чодирини тикиб, катта қиличини олиб келишларини амр қилади. Ҳар тарафдан келиб қўшилган аскарларга Сеута ва Андалусия яқинига бориб жойлашишларини буюради. Бутун Марокаш ҳамда Сал шаҳридан тортиб Атлантика океанигача бўлган ҳудудларга, шунингдек, Миср чегарасигача бўлган ўлкаларга тахдид солган христианларга қарши уруш эълон қилинади.

Абу Юсуф Андалусиядаги мусулмон биродарларига ёрдам бериш учун Шимолий Африканинг 200 000 аскари билан йўлга чиқади. Шунда Ватиканнинг Папаси салиб юришчиларига ёрдам қилиш учун ялпи моблизация эълон қилади. Уларга Голландия, Германия, Франция ҳамда Испаниядан 250 000 аскар йиғилади. Мусулмонлар ҳам салиб юришчилари ҳам Андалусиянинг тақдири ҳал бўлувчи урушга кетаётганини билишар эди. Иккала қўшин 1195 йили июль ойида (ҳ.591 й. шаъбон ойида) Аларкос шаҳрида шиддатли жанг олиб борадилар Андалусия тарихидаги энг катта ва унутилмас жангда мусулмонлар ғалаба қозонадилар. Ҳақиқатан, Аларкосдаги уруш Заллакедагига қараганда, каттароқ бўлган. Мусулмонларнинг бу ғалабаси бутун оламга овоза бўлган. Барча мусулмон аҳли Аллоҳнинг мадади билан эришган бу ғалабани чексиз қувонч ила қабул қилишган.

Мансур Муваҳҳидийнинг Аларкосдаги унутилмас ғалабасини кўпчилик билмаслиги мумкин. Аммо буюк курд паҳлавони ҳақида эшитмаган одам топилмаса керак. У Аларкосдаги жангдан бироз аввалроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга кўтарилган мусулмонлар учун муқаддас жойни салиб юришчиларидан озод қилган.

Фаластин тарихидаги ҳал қилувчи уруш қаҳрамони ким бўлган? Буюк баҳодир ғалабага қандай эришган?