715 йили халифа Валид вафот этиб, ўрнига укаси Сулаймон халифа бўлди. Қутайба Сулаймоннинг ўрнига Валид ибн Абдулмаликнинг ўғли Абдулазизни валиаҳд филиш тарафдори эди. Шунинг учун янги халифа Хуросон волийлигидан ўзини четлаштириши мумкинлигини тахмин қилди. Шундай бўлса-да, Қутайба Сулаймонни халифалик билан табриклаб мактуб ёзди.
Халифа Сулаймон Қутайбани мансабидан четлаштирмади, лекин Ҳажжожнинг буйруғи билан қамоққа олинган барча маҳбусларни озод этишни ва қўшинга қайтишни истаганларга қайтиб келишга рухсат беришни буюрди. Одамлар шундай буйруқни кутиб юрган эдилар.
Қутайба халифанинг буйруғига бўйсунишни истамади ва одамларни Сулаймонни тахтдан ағдаришга чақирди, лекин ҳеч ким унинг бу ишини қўллаб-қувватламади. Шунда Қутайбанинг ғазаби келиб, ҳар бир қабилани итоатсизлик қилганлиги учун ҳақорат қилди. Қабила бошлиқлари Қутайбадан ғазабландилар. Қутайба бунинг учун улардан узр сўради ва “Мен ғазабланган эдим ва нима деганимни ўзим билмадим. Мен сизларга фақат яхшилик қилишни истар эдим” деди. Одамлар ўзаро суҳбатлашиб: “Агар бизга қўшинга қайтишга рухсат берса, унинг ўзига яхши бўлади, агар ундай қилмаса, фақат ўзини айбласин” дедилар.
Қутайбанинг қулоғига бу гаплар етиб борди ва у одамларга хитоб қилиб, ўзининг уларга қилган яхшиликларини санаб ўтди ва уларнинг вафо қилмаганлигини ҳамда қарши чиққанлигини қоралади. Қутайба араб аскарларини ажамларнинг ёрдамга келиши билан қўрқитди. Шундан сўнг боҳилий қабиласидан бошқа қабила аъзолари Қутайбага қарши уруш қилишга келишдилар. Уларга тамим қабиласининг сардори Ваки ибн Ҳассон бошчилик қилди.
Қутайбанинг душманлари алоҳида қўшин туздилар. Қўшинга айрим ажам қабилалари ҳам қўшилдилар. Бирлашган қўшин 715 йил августда Қутайбанинг қароргоҳига ҳужум қилди. Уни фақат боҳилий қабиласи аъзолари ва хос соқчилар гуруҳи ҳимоя қилди. Бироқ улар мағлубиятга учрашди. Натижада Қутайба ва унинг 11 га яқин қариндошлари қатл этилди. Бугунги кунда Қутайбанинг қабри Андижон вилояти Галақудуқ тумани Пахтакор қишлоғида жойлашган.
Шундай қилиб, Қутайба ибн Муслимнинг 705-715 йиллар давомида Мовароуннаҳрда олиб борган фатҳ юришлари натижасида ғарбда Каспий денгизи, шарқда шарқий Туркистон, шимолда Сирдарё ва Орол денгизигача бўлган ерлар эгалланди. Бу ҳудудлар Хуросон ноиби томонидан тайинланган амирлар томонидан идора қилинар эди.
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан