loader
Foto

Коммунист режимининг чорликдан фарқи

Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллом айтганларидек, ҳар одам ўз замонасига яхши тушуниши керак. От чопган, найза солиб, ёв олган ота-боболаримиз ўз замоналарига яраша ўз устиларига юкланган диний, миллий бурчларини ўтаганлари учун ватанларини босқинчилардан сақлаб, ўз ҳокймиятларини қўлдан чиқармаган эдилар. Кейинги уч юз йиллик тарих бўйича жаҳолат, хурофот балчиғига ботиб, нодонлик, тушунмаслик офатига йўлиққанлик натижасида рус босқинчилари ватанимизга зўрлик, қурол кучи билан босиб кириб, эрклик хокимиятимизни қўлимиздан тортиб олганига шу кунлари тўғри юз йил тўлмишдир.

Ватанимизга биринчи бостириб кирган шумоёқ чор ҳукумати эллик йиллик даврида Туркистон халкини бутунлай қоронғуликда, илм-маърифатдан узоқ тутиб келган бўлса ҳам сурбетларча русларни кўплаб кўчириб келмаган эди. Ерлик халқнинг эрки ўзида, ватани қўлида бўлиб, диний маросимлари, мактаб-мадрасалари, ҳар турлик жамоат ишлари ўз ихтиёрларида эди.

Қачонки халқ ғамини қайғурган бўлиб кўринган ёлгончи алдамчи устал ошиғи(Стол ошиғи, яъни амалпараст, бюрократ.), мансабпараст коммунистлар қурол кучи билан ва ҳам ўнг-сўлини, фойда зиёнини ажратмаган, тушунмаган виждонсиз қоракўров нодонлардан фойдаланиб, ўз ҳокимиятларини ўрнатиб олгандан сўнгра бутун ишларни ўзгартишга киришдилар. Шундоқки, буларнинг ҳокимиятлари динсизлик, худосизлик асосга қурилганликдан биринчи кундан бошлабоқ, бутун диний ишларини, шариат хукмларини йўққа чиқариб, мактаб-мадрасалар, масжид-хонақолардан бузилмай қолганларини чойхона, ўйинхоналарга ўхшаш ўзлари учун кераклик ўринларга айлантирдилар.

Маълумдирки, дунё яратилгандан бери ер устидаги инсонлар ўз эркларича ишлаб, тилаган жойларида ўз ихтиёрларича яшаб келмиш эдилар. Чунки инсон боласи асли яратилишидаёқ ўз эрк-ихтиёрига эга бўлиш сифатида туғилиб, бошқа ҳайвонлардан шу орқали фарқи бўлмишдир.

Ҳаёт олами ичра ҳеч бир замон ҳеч бир мамлакатда инсонларни эрк-ихтиёрларидан ажратиб, тилсиз ҳайвонлар қаторида мажбурий ишлатиш киши хаёлига келмаган эди. Энди бу хаёлий тузумни қўлланувчи хаёл-параст коммунистлар қурол кучи билан шу каби шармандачиликларни амалга ошириб, эллик йилдан бери бутун халқни қийнаб келдилар.

Байт(Қўлёзмада биринчи мисра етишмайди.):

Қайғулик тунлар ўзарда тонг отар кун бормикин? Биз қамалдик бу темир курғон ичида инграниб, Бузулм кўрғон қопусин синдирар кун бормикин? Барча олам йўллари очик, эрур, бизга - ёпик» Эй Худо, ҳаж йўли бизларга очик, кун бормикин?

Барча олам аҳли ўз мақсадларини топдилар,

Ўзбекистон халқига бу иш бўлар кун бормикан?

Руслар босди ватанни, қоплади селдек келиб,

Бу фалокатдан Худоё қутулар кун бормикин?

Соғуний дардинг эзилди бу ватаннинг дардида,

Ким билур бу дардима дармон топар кун бормикан?

Қоғоз устида ўн беш эрклик жумҳурият ҳукумати деб ёзилган бўлса ҳам, буларнинг ҳеч бировида ҳақиқатан қилчалик ҳам ихтиёрлари йўқдир. Бу мамлакатларнинг асосий ишлари эса бутунлай Масковга боғланганлиги учун катта-кичик ҳар қандай ишларни Масковдан буйруқсиз қила олмайдилар. Айниқса, Ўзбекистон жумҳурияти бошқа жумҳуриятларга қараганда ҳар бир иш тўғрилик энг тубанги ҳолга тушганликдан диний, миллий, шахсий, ҳатто инсоний ҳуқуқларидан бутунлай маҳрумдирлар. “Халқ душмани” деган ёлғон туҳматни тақиб, 1936-1937 йиллари неча минглаган миллат зиёлилари, сиёсатга тушунган ватан йигитларининг бошини ютиб йўқотган кунидан бошлаб, Масков нима деса “бош устига!” дейдиган, халқ танимаган, суймаган бўлса ҳам Масков таниган виждонсиз, ифлосларни Ўзбекистон қўғирчоқ ҳукумати бошлиғи қилиб белгилаб, шулар орқалик ўз мақсадларини бажаришга киришгани турдилар. Бунинг устига минг тўққиз юз олтмиш олтинчи йили 26-апрелда Тошкент шаҳрида бўлган зилзила баҳонаси билан уйлари бузилган ўзбекларга ёрдам етказиш деган бўлиб, бутун жумҳуриятлардан киши чақирдилар. Ҳақиқатда эса зилзиладан вайронликка учраган марказий Янги шаҳар(Тошкентнинг рус аҳоли учун чор маъмурияти даврида барпо қилинган қисми.) ибнолари эди. Кўпроқ мусулмонлар бу офатдан омон эдилар. Шундоқ бўлса ҳам буни шилтов(Баҳона, рўкач (чиғ. туркча).) қилиб неча минглаган ўзбекларни мажбурий равишда кўчириб шаҳар ташқарисига чиқардилар. Айниқса, Тошкентнинг энг тарихий жойи ҳисобланган Шайх Хованд тоҳур маҳалласи бутунлай бузилиб, ундан ном-нишон ҳам қолмади. Бу шаҳар ташқарисига чиқарилган бечораларни Қурбақаобод деган қий далага олиб бориб ташлади. Уйларини бузишда ва қуришда арзигудек ҳеч бир моддий ёрдам берилмади. Бу бечоралар ёш-гўдак болалари билан шу кунларда ҳам қийналмоқдалар. Йигирманчи асрга келиб ўз ватанларида ўзлари хор бўлдилар...

Босқинчиларнинг биринчиси чор ҳукумати давридан эллик йил ўтгач, кофирлар акси уриб, баъзи бир ўзгаришлар бошланган бўлса ҳам, у кунгача диний, миллий, айниқса, тил ўзгаришлари бўлмаган эди. Энди эса бу динсиз коммунистлар давридан эллик йил унга қўшилиб, рус босқинчиларининг келганига юз йил тўлмишдир. Буларнинг амалий мақсадлари эса бутун дунёга динсизлик тарқатиб, ўзларининг чиркин, сассиқ тузумларини ўрнатиш бўлганликдан буткул ишларни ўзларининг бузуқ сиёсатларига боғлаб, ҳар бир нарса коммунистлар раҳбарлиги остидагина бўлиши мажбурий равишда шарт қилинмишдир. Шунинг натижасида булар ҳар ишга аралашволиб, ҳушёрларга эсриклар, соғларга телбалар йўлбошчилик қилгандек бутун мамлакатда бу мажнунларнинг аралашмаган ишлари йўқдир. Халқда ихтиёрий ҳаёт кечириш йўқолгани учун аларнинг жон ҳаракатлари ва ҳалол меҳнатлари билан чиққан ер ҳосилотининг юздан бирига ҳам эга бўла олмайдилар. Озиқ-овқат, емак-ичмак ишлари эрса буларни ўз омборларида сақлаб, халққа тилаган ўлчамларида бериб туриш коммунистларнинг бузилмас қонунларидир. Агар уч кун бермай тўхтатар эканлар, халқ бошига қиёмат қўпиб, шу куниёқ очарчилик бошланиши кўриниб туради. Мана шундай бўлиб, ҳозирги кунда илгари тарихларда ярқираб кўринган, тилларда достон бўлган Туркистон улуси, Турон мусулмонлари ёлғиз диний ҳуқуқларидангина эмас, инсоний ҳуқуқларимиздан ҳам ажраб, ютилиш олдида турамиз. Келажакда биз учун энг қўрқинчлик иш эса йўқ баҳоналар билан ўн минглаб, юз минглаб селдек келаётган босқинчиларнинг ватанимизда ўрнашаётганлигидир. Ва баъзи бир миллий ҳисси йўқ виждонсизлар кўз олдимизда ютилаёттанлиги очиқ кўриниб турибди. Ўзбекистон ҳукумати бошлиғи ҳисобланган кишилар кун сайин қизини ўрусларга бериб, ўғлини ўруслардан уйлантирмоқда. Бундоқ бўлғондан кейин булардан бўлган авлоднинг ким бўлиши равшан. Бу руспарастлар авлод олдида ҳам энг жиноятчи одамлардир. Тарихларда босқинчилар доим шундай амалпараст сотқинлардан кенг равишда фойдаланган. Ҳозирги кунларда эса интернационализм ниқоби остидаги хитой босқинчилари Сайфидлин Азизий, Бурҳон [Шаҳидий] каби виждонсизлардан фойдаланмоқда.

Алихонтўра Соғунийнинг

"Туркистон қайғуси" китобидан