loader
Foto

Гўнинг четлатилиши ва кўзғолоннинг битирилиши

Энди сўзни яна Гў силингдан бошлаймиз. Кучо шаҳридан қочиб чиқишган Хўжаниёз билан Момут силинг Оқсу шаҳрига келганларида шаҳар ҳокими бўлиб турган Бой жужонг(Милиция бошлиқ, миршаббоши (хит.).) буларга қарши чиқиб кутиб олган бўлсам-у, яна ўрталарида бирлик-иттифоқлари йўқ эди. Чунки Урумчи жонгжунг ҳукумати йиқилган кундан бошлаб ҳар бир шаҳарда қўзғолон кўтарилмиш эди.

Оқсуликлар бўлса ҳукумат шаҳри бўлган Осуқ қўрғонига ҳужум қилишиб, ундаги борлиқ хитойларни ўлдиришган сўнгида қўзғолон қаҳрамони Бой жужонгни ўзларига ҳоким қилиб олмиш эдилар. Шунинг учун бу қора ботирнинг кўнглига ҳам амирлик ҳаваси тушмиш эди. Бунинг устига бутун Оқсу халқи ва ҳам атрофдаги калволар(Телба (уйғурча).) ичида бу одамнинг обрўси ошиб, ҳурмати бек кўтарилмишдур. Буни кўрган амалпараст қора ботирларнинг ҳасадлари қўзғолиб, у билан ҳеч бир ишда келишолмадилар. Балки Бой жужонгнинг ҳар қандай бўлса ҳам Ислом иттифоқи қуришга кўнгли борлиги сезилгач, инсон иблислари тарафидан унинг чораси кўрилмиш эди. Шунга кўра дунганларга қарши Оқсу устида бўлган отишмада орқадан отилган ўқ билан ўлдирилмишдир. Бу кимнинг томонидан отилганлиги маълум бўлмаса ҳам кўпчилик халқ бу хиёнатни Хўжаниёздан кўрдилар. Шунинг учун яна ўзаро иттифоқлари бузилиб, Оқсу урушида буларга кўра бир ҳовуч келмаган дунган аскарларидан қаттиқ енгилгач, Хўжаниёз, Момут силинг аскарлари билан Кошғарга қараб чекинмиш эдилар. Қандоқ бўлса ҳам уруш ишларида озу кўп тажриба кўрган Гў силинг буни кўргач, дарҳол Мохусанг қўмондасида бир бўлук аскар белгилаб, қочқинларни қувлашга буюриб, ўзи Оқсу элидан сўқиш солиғи олиш учун тўхталмишдир. Шу кунлари эса Кошғар ҳар томондан тўпланган бир-бирлари билан келишолмаган, онгсиз, сиёсатсиз бир неча қора кучлар маркази бўлмиш эди. Шундоқки, Хўтан томондан Собит домлам бошлиқ Шоҳмансур қўмондасида Хўтан аскарлари; Ўрумчи ҳукумати йиқилгач, шаҳар босиб биринчи қўзғолон кўтарган Усмон қирғиз бунга қарши йўқ мансабни талашиб қурбон бўлган кучолик аробакаш Темур жужонг ва ҳам Фарғона томонидан қочиб ўтган қўзғолончилар қолдиғи Юсуфжон қўрбоши, булардан бошқа яна бир қанча қуролланган онгсиз қора ботирлардан бўлиб, ожизгина халқ кучи бир ўринга тўпланмиш эди.

Бу мусулмонлар ҳар қанча бўлганлари билан ҳали динсизлар ҳокимияти буларга кириб, шум таъсирлари ўтмаганликлари кўнгилларида озу кўп Исломиятнинг муҳаббати сақланмиш эди. Агар шу аҳволда онглик, ўткир сўзлик, ҳурмат эгаси бўлган бирорта одам ўртага отилиб чиқиб, янгидан қурилган эркин Туркистон ҳукуматига Оқсудан келаётган Гў силингни бош қўмондон сайлашиб қарши олишган бўлсалар, мусулмонлар ўртасида бу қадар бузғунлик тушиб, мунчалик кўнгилсиз ишлар чиқмаслиги мумкин эди. Бироқ “иккинчи Бухоро” аталган Кошғардан бошлаб, бутун Олтишаҳар Уйғуристон ўлкасида бу каби улуғ сиёсий иш ухдасидан чиққудек етук бирор одам йўқ эди. Шунинг учун бечора мусулмонлар шунчалик оғир бўлгунликка учрамиш эдилар. Чунки давлат қуриш асбоблари қўлда тайёр турган бўлса ҳам, ўз ўрнида ишлата олғудекустакорлари йўқ бўлгач, ундан фойда ололмадилар. Бунинг устига қизил маккорлар мусулмонларнинг ўза-ро иттифоқликлари билан қурилмоқда бўлган янги ҳуку-матлари бирорта давлат томонидан танилиб қолмасин деб, унинг чорасига қаттиқ киришмиш эди. У кунлари эса Кошғарда Совет Русиясига қарши Англия консулхонаси ҳам ишламақца эди. Ерликхалкдан ташкилий равишда иш олиб борувчи сиёсий кишиларнинг йўқлигидан ва ҳам жўғрофий ўрнимиз маданият оламидан бек йироқ турганликдан биз икки Туркистон ерли халқи асрлар бўйи кутилган шу инқилобий ўзгаришдан етарлик равишда фойдаланолмай қолдик. Шунга кўра бизларнинг такдиримиз ўз душманларимиз қора, қизил аждарҳоларнинг ҳисобига қараб белгиланмокда бўлди.

Байт:

Умидсиз бўлма Соғуний, умидинг кўзгуси бордир,

Қоронғу кеча сўигидин қуёшнинг чиққуси бордир.

Энди юқорида айтилганича Гў силинг ўзи Оқсуда тўхталиб, кўмондонларидан Мохусанг қўл остида бир бўлук аскарни Кошғарга юбормиш эди. Булар эса Хўжаниёз, Момут силинг аскарларини қувлаганича юриб ўлтириб, Кошғарга яқинлашиб қолдилар. Илгаридан бери кўпчилик Олтишаҳар халқи қуруқ атоқ, ёлғон довруқ, хурофий сўзларга берилган бўлганликдан Хўжаниёзларнинг Гў силинг аскарларидан қочиб келаётганликлари булар учун қаттиқ қўрқинч туғдирмиш эди. Қисқаси, Кошғар халқи кенг далада чўпонсиз қолган, атрофини оч бўрилар ўраб олган бир тўда эгасиз қолмиш қўйлар каби бўлиб турган ҳолда дунган аскарлари етиб келди. Буларга қарши ҳеч қандай чора кўрилмаганлиги уларга маълум бўлгач, эркинлик билан тилаган жойларига тушиб, ўринлашиб олдилар. Сўнгра қарасалар, ўзлари учун ва ҳам ерлик мусулмонлар учун кутилган фойдалик ишлар устида маслаҳат кўрсатиб, булар билан келишиб ўзлашадиган бирорта одам бўлмади. Бечора кўпчилик мусулмонлар икки дунё бошлиғимиз, деб санаган, ҳар яхшиликни шулардан кутган чаламулла домлалари сиёсат оламидан хабарсиз, тўғриси, ҳақиқий Исломиятдан баҳрасиз бўлиб, эътиқод-ишончлари бўшлиқдан мусулмонлар бошига тушган шу каби оғир кунларда ҳеч қандай хизмат қила олмадилар.

Йўқ эса, Қуръонда “Иннамал мўминуна ихватун”(Хужурот сураси, 10-оят.) ояти бор бўла туриб, бунга ишонган мусулмонлар учун Ислом қардошлигидан фойдаланмай мумкин эмас эди. На чораки, бу ишни амалга оширувчи ҳақиқий одамлар йўқлигидан Ислом олами устига ўша кунларга ўхшаш даҳшатлик офат-балолар ҳар вақт ёғилиб турмоқдадур. “Яхшилик кўрсанглар - Биз қилғон бўлурмиз, ёмонлиққа қолсанглар, бошқадин кўрмай, ўзларингдан кўринглар,”(Нисо сураси, 79-оят мазмунича.) деган Куръон сўзи албатта ҳақдир. Шундай бўлиб Мохусанг умиди Кошгар халқидин узилгач, ким бўлишига қарамай, қурол топширишга буйруқ чиқарди. Бунга қаршилик кўрсатилгач, шу баҳона билан уруш бошланиб, ҳар икки томондан ўринсиз қонлар тўкилди. Айниқса, булар ичида кўпроқ қаршилик кўрсатган Фарғона қўрбошилари қолдиғи Юсуфжон қўмондасидаги ўзбек йигитлари эди. Булар эса хонадонлар уй[девор]ларини тешиб олишиб, ҳужумчи дунган аскарларига кўпроқ зарба бермиш эдилар. Шунга қарши булардан ҳам ким қўлга тушган бўлса, тирик қолмай ўлдирилмишдир. Булар ичида Совет Русияси қизил маккорлари учун кераклик кўрилган хизматчилари Хўжаниёз аскарлари бўлиб, Андижон чегара томонига чекинишиб, дунганлар қўлидан қутулмиш эдилар. Вақти келар экан булар орқалик ўз ишларини бажариш учун шулар каби онгсиз одамлар бўлиши, албатта, зарур эди. Шунинг учун булар совет чегара аскарлари қўриғида қуролланган ҳолда сақланиб қолдилар. Булардан бошқалари эса агар ўлимдан қутулолган бўлсалар, чил(Беданадан каттароқ, сезгир ва ҳуркак, овланадиган бир қуш тури.) тўзигандай ҳар томонга тарқалиб қочгали турдилар. Кошғардан йигирма чақирим жойдаги Янгишаҳарда эски ҳукумат йиқилган кундан бошлаб ҳеч кимга бўйсунмай қамалиб ётган беш-олти юздан ортиқ қуролланган хитой аскарлари эса Гў силинг аскарлари учурини(Хабар (чиғ. туркча).) англашлари билан келиб, буларга қўшилмиш эдилар. Шунинг учун бало устига ортиқча бало бўлиб, Кошғар шаҳри ичида Чингиз ваҳшийларини эскартирғудек ишлар булар томонидан кўрилмиш эди. Бунга қарши ҳеч қандай чора қилолмадилар. Чунки халқ ўта онгсиз эди, сиёсат дунёсидан бутунлай бехабар, қолоқ эди. Шундоқки, йигирма-ўттиз йиллаб кўз олдиларида бўлаётган қон-қариндош, дин қариндошлари Туркистон халқлари бошига келган руслар босқинчилиги, коммунизм балосидан ибрат олиш ўрнига булар учун янги ҳаёт бозори очилмиш эди. Закотсиз йиғилган ҳаромхўр ўзбек бойларидан қолган ҳаром мол, олтин-кумуш дунёларни нажосат қўнғизларидек ташигандан-ташиб ўлтириб, энг охири ўзлари остида қолиб ҳалок бўлдилар.

Ҳақиқий имон билан тақлидий имон фарқи Қуръон ҳукмига амал қилиш-қилмаслик билан маълум бўлғусидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молингларни закотини тўлиқ адо қилиб, темир қўрғонга қаманглар, яъни закот молнинг темир қўрғони бўлиб, офатдан омон бўлур,”(Бухорий, 3/1330.) - демиш эдилар. Расулуллоҳнинг бу сўзларига гумон келтириб закотсиз йиққан молу-дунёлари, Қуръон айтгандек, қиёмат нусхаси бўлиб, ўз ихтиёрларича топширмагач, қиздирилган ҳолда танларига ўтлик тамғадек босилмиш эди. Чаламулла ва бир қанча нодон бойлар била туриб закотсиз сақлаган молларини ихтиёрий равишда топширишга кўзлари қиймагач, қиздирилган ёмбуни танларига тамға босган зарбидан кўплари ҳалок бўлдилар.

Лекин булар ичида асли марғилонлик ўзбек бойларидан Муҳиддинбой деган киши 1934 йили инқилоб бошланиши биланоқ, бутун мол-мулки, бола-чақалари билан эсон-омон Ҳиндистон чегарасидан ўгиб, қутулиб кетмишдир. Бу киши, ўзим кўролмаган бўлсам ҳам, ишонимлик ва чин сўзлик кишиларнинг айтишича, тижорат ишига киришган кундан бошлаб шу кеткан вақтигача закотини қолдирмай бериб келган киши экан. Шунинг шарофати бўлиши керак, Покистон маркази Карочида улуғ тижорот ширкати очиб бурунгидан бойлиги бир неча бор кўтарилмишдир. Илгари Кошғарда турганда коммунистлар зулмидан ўз ватанларига сиғмай у томонга қочиб ўтган аламзада ҳамшаҳарларига қандай ёрдам еткизган бўлса, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларида сарсон бўлиб юришган ватандошларига ҳам шу имконият борида ёрдам бўлмишдур.

Бундан бошқа Кошғарнинг энг зўр бойларидан Умар-охунбой, ўзбеклардан Сотволдибой - булар ҳам шу пайтдан фойдаланиб, Чотра(Ҳиндистонга ўтиш йўлининг номи.) Ҳиндистон орқали Икки Ҳарамга боришган бўлсалар ҳам, ўзларининг нодонликларидан, кўргуликлари бўлса керак, бир-икки йил ўтмаёқ қайтиб келишиб, ҳаммалари шулар қўлида ҳалок бўлдилар.

Қизил маккорлар эса бир томондан ўз сиёсатларининг амалга ошганини кўргач, қаҳқаҳлаган бўлсалар ҳам, иккинчи томондан буларнинг тўймаган, оч кўзларини қиз қидирган Кошғар бойларининг олтин-кумуш, мол-дунёлари бошқалар қўлига кираётганиўйнатиб, ичларидан қон ўтмоқда эди.

Мана шундай бўлиб, бир ҳафта-ўн кун талон-булон, от-чоп ишлари бир оз босилгандан кейин Оқсуда қолган Гў силинг бу ердан бўшаниб, тўғри Кошғарга келмиш эди. Эртаси ийдгоҳга(Ҳайит намози ўқиладигаи маскан, жомеъ масжид ёки майдон) йиғилган қалин халқ устига келиб, бўлиб ўтган кўнгилсиз ишлар учун қаттиқ ачинган ҳолда бунга ўзининг норози эканлигини билдириб, кўпчиликдан кечирим сўрамишдир.

Бироқ бу ўттиз ёшга етмаган қаҳрамон қўмондон бир ёғи ёшлиги бўлса, иккинчи ёқдан ҳозирги сиёсат соҳасидан йироқ турганлиги учун, бу келишида катта бир ҳалокатлик хатарга йўлиқиб қолди. Шундоқки, маккорлар маркази Кремлнинг топшириғи бўйича Кошғардаги совет консулхона хизматчилари бу шунқор қушни тўрга тушириш учун қаттиқ киришмиш эдилар. Шунинг натижаси бўлғайким, булар билан сиёсат алоқаси боғлаш ҳаваси анинг кўнглига тушмиш эди. Ишонимлик, тушунган кишиларнинг айтишларича, хилма-хил ароқ-шароб ичимликлардан тортиб, инсон нафси қизиқарлик турли-туман ноз-неъматлар, айниқса, шайтон тузоқлари(Бу ерда енгилтабиат аёллар.) консулхонада булар хурматига тайёрлангандан кейин Гў силинг эллик-олтмиш чамали аскар бошлиқлари билан зиёфатга чақирилмишдир. Ўз элидан чиқардаги улуғ умидлари узилиб, Қуръон кўтариб қасам ичган ёлғон мусулмонлардан кўнгли совиган ҳолда бу каби одам шайтонлари суҳбатларида мажлис ўтказган телбақонлик ёшларга қандоқ баҳо беришимиз оқиллар олдида очиқ бир масъаладир. Мана шу мажлис ўтказилгандан кеиин “Фи сабилиллоҳ” шиорлик қаҳрамонларнинг ҳиммат ўтлари сўниб, олий фикрлариўзгара бошламиш эди. Кеча-кундузлаб, балки ҳафта-ойлаб Гў силинг бошлиқ аскар қўмондонлари консулхона айш-ишратларига берилмиш эдилар.

Иш шу ҳолига етгач, Пайғамбаримизнинг “Мўмин одам имон нури билан ҳақни ботилдан, тўғрини эгридан ажрата олур,” (Бухорий, 10/4881.) деган муборак сўзларидан улар ажрадилар. Шунга кўра кўп ўтмаёқ буларнинг сўзларига алданиб, Гў силинг ўзига қарашлик эллик-отмиш навқирон аскарбоши офицер йигитлари билан илон оғзига тушган чумчуқдек ўз ихтиёрлари билан чегарадан ўтиб, қизил жаллодлар қўлига топширилдилар. Чегарадан ўтишлари биланоқ ҳаммалари қуролсизлантирилди, ундан кейинги аҳволлари бизга номаълумдир...

Бу Гў силинг аскарлари “саккизинчи армия” деб аталган хитой коммунистлари қўшинига бир неча мартаба зарба етказмиш эдилар. Бир ҳийла билан буларни осонгина тўрга илинтирдилар. Шундай бўлиб, ёлгиз Шарқий Туркистон эмас, балки бутун хитой тупроғида бўлган қўзғалишлар Совет Русия коммунист ҳукумати сиёсатига мослашган ҳолда ҳал бўла бошлади.

Мохусанг бўлса бу воқеадан илгариёқ Хўтан томонига юриш қилиб, Ёрканд, Қорғолиқ, Хўтан атрофи билан Чорча, Чорчалиқ ерларигача эга бўлиб ўлтирмиш эди. Ҳар томондан қочган-писганлар сиғингудек, жой топилмай юрганларга бошпана бўлган Ҳиндистонга кўп одамлар бунинг вақтида мол-жонлари билан Чотра йўли орқалик ўтиб қутулдилар. Лекин қуруқ оти бўлса ҳам янги қурилган эркин Туркистон ҳукумат раиси домла Собит бошлиқ етти кишидан иборат давлат аъзолари нима қилишларини билмай, жалдираганларича баъзилари ўз уйларида, қолганлари яширинган ҳолда юрган эдилар. Буларнинг кундалик аҳволлари совет консулхонасига етказилиб, маълум бўлиб турмоқда эди. Шунгачалик совет консули орқали сақланиб келган Хўжаниёз ўқитган ёш боладек тайёрланмиш эди.

Унинг тилидан, қўлидан ҳужжат хат олганининг устига ерлик ҳукумат аъзолари бошлиқ бойлардан ва бошқалардан кўрсатилган кишиларни қолдирмай ушлаб, Шин дубанга топшириш шарти ҳам унга 1934 йили совет консули томонидан топширилмишдир. Қўйилган бир қанча шартлик моддалар Хўжаниёз томонидан бажарилган тақдирда, уни мусулмонлар вакили ўрнида Шин дубан ўринбосари қилишга ваъда бердилар. Шундай бўлиб, бари ишлар қизил марказ томонидан қолипга қўйилиб тайёрланган сўнгида Хўжаниёз қалпоғи остида қизил жаллодлар ишга киришгали турди. Халқ кўзини қўрқитиб, юракларини мужиш, ҳаммага даҳшат кўрсатиб, эл ичида ҳайбат ошириш буларга қонуний шиор бўлганликдан ҳеч қандай қийинчилик кўрмаган, айниқса, диний одамлар, катта-кичик бойлар, халқ ичида кўзга кўринарлиқ кишилар биринчи навбатдаёқ қўлга олиндилар. Булар ичида Маҳмудохун халфатим, юқорида айтилган дунганлар қийновида вафот топган бўлса ҳам, биз билган Кошғар уламоларидан домла Собитохун Отуш, Собитохуним Қизилбуя, Ҳошимохун халфатим, Шамсиддин домлалар бошлиқ оз бўлганда дин арбобларидан қирқ-эллик одам шу инқилоб қурбони бўлдилар. Юқорида номлари ёзилган олимлар китоб ёзиб, асар тасниф қилишга қудратлари етарлик эди. Ҳайфки, домла Собитдан бошқа бирорталаридан ўз қўлларида ёзилган асар борлиги бизга маълум эмас. Шундай бўлиб, бу бечораларнинг қийнов остида ўлганларидан қолганлари қўл-оёқларига занжирлар солинган ҳолда Урумчига Шин дубан босқинчининг олдига олиб келиниб, оз бўлганига ўн йилдан муддатга турмага кесдилар.

Олтмиш ота-боболаримиздан қолган ўз ватанларимизга, эл қатори инсоний ҳақларимизга бошқалар каби биз ҳам эга бўлайли, деган тўғри талабларидан бошқа буларнинг нима гуноҳлари бор эди?!

“Ва аъидду лаҳум мин қувватин”.(Анфол сураси, 60-оят.) Бу оят маъноси “Душманингларга қарши имконият борича куч-қувват тайёр қилинглар” демакдир. Мусулмонлар Қуръоннинг ёлғизгина шу ҳукмига амал қилган бўлсалар, бутун дунёга ҳукмрон бўлиб, Ислом адолати Ер устида ўрнашган бўлар эди. Бу сўзнинг ҳақлигига шак йўқдир, чунки Пайғамбаримиз айтдилар: “Менинг умматларимдан қайси киши агар яхшилик кўрса, уни Оллоҳдан кўрсин. Буни менга Оллоҳ берди деб билсин. Агар ёмонлик кўрар экан, ўзидан кўрсин, ўзини маломат қилсин”.(Бухорий, 9/4206.) Қуръон ҳукмига кўра бошқаларга ватанларини бостириб, ўз миллий ҳукуматларидан ажраб, уларга тобун бўлган мусулмонлар Оллоҳ амрини бажармаганликдан Худо олдида жавобга тортилиб, икки дунёда ҳам хорликка қоладилар. Бизнинг инқирозимизга энг биринчи сабаблардан бири иттифоқсизлигимиз бўлди. Қуръон эса мўминларни бирлик-иттифоқликка қаттиқ ундайди.(Оли Имрои сураси, 103-оят.)

Яна ўз сўзимизга келайли. Қизил сеҳрчилар қўли билан ёндирил ган фитна ўтлари эса яна шуларнинг қурол кучлари орқалик сўндирилиб, 1934 йили ўзлари тилаганларича Шин дубан ҳукумати қурилди. Или вилоятига волий қилиб Шин дубан ўз қайнотаси Чу силинг деган бир қари хитойни Ғулжага юборди. Тўқмоқдан борган бойлардан асли кошғарлик Олмосбек ўғли Турдиохунбекни унга ўринбосар қилди. Лекин Шин дубан ҳукумати ҳар томондан совет сиёсатига боғланганликдан бутун ишлари совет консули маслаҳати билангина юргизилмоқда эди. Чунки, японлар Манжурияни босиб олгач, Шарқий Туркистон тарафига кўз солиш хавфини туғдирди. Шунга кўра, Шарқий Туркистон ўлкасига япон аскарларини ўтказмаслик учун Шиншишо(ҳ)(Хитой билан Шарқий Туркистон чегарасидаги стратегик аҳами-ятга эга бўлган жой.) қисмоғига совет томонидан йигирма минг чамали аскар қўйилмиш эди. Бугун Шарқий Туркистон Ғарбий Туркистонга ўхшаш ҳар ёқлама совет сиёсатига ўралган ҳолда ҳамма иқтисодий ишлари Масков қўлига ўтган бўлса ҳам, Советлар хитой ҳукумати билан японларга қарши иттифоқдош бўлганлигидан қоғоз устида бу ўлка Жунгўнинг(Хитойнинг хитойча оти, “Марказдаги давлат” демақдир.) айрилмас бир қисми ҳисобланарди. Шундай бўлиб, Шарқий Туркистон - Уйғуристон тупроғи отига Чанкайши хитой хукуматига қараган бўлса ҳам остиритдан Совет Русия ҳар томонлама ўз таъсири остига олиш учун қаттиқ кириша бошлади. Айниқса, бу ўлканинг иқтисодий ишлари бутунлай советга боғлиқ бўлгани учун тижорат ишлари тўсқинликка учраб, ишсиз қолишга тўғри келди. Маълумдирки, қанчалик халқаро иқтисодий қисмчилик кўпаяр экан, шунчалик булар ҳалокат тузоғига яқинлашадилар.

Эшитар қулоққа ёқимлик “олти шиор”ни ўртага отиб, советнинг найранги билан бутун халқни турлик йўсинда ўйнатгали турди. Бунинг устига “Японларга қарши орқа сафимизни чинғитиб, хитой Чанқайши ҳукуматига ёрдам берамиз”, деган баҳона билан бойлардан нурғунлаб солиқ олабошладилар. Шундай қилиб,халқни турлик йўллар билан ўйнатиб 1937 йилга етгач, ўз планига мувофиқ бирданига иш ўзгариб, қиш совуғи январь ойида Ғулжа шаҳридан биринчи навбат Турдиохунбой бошлиқ ўттиздан ортиқ киши ҳеч қандай сабабсиз қамоққа олинди. Шундоқки, олдинроқ совет консули тузган режа орқали керакли кишилар Ғулжа волийси Чу силинг томонидан мажлисга чақириладилар. Кеч соат 12 ларда мажлисдан қайтиб келаётганда тайёрлаб қўйилган тўрт нафар қуроллик хитой аскари олдидан чиқа келиб, Турди охунбойнинг машинасини тўхтатади. Кийимини ечинтириб, бир қават кўйнаги билан ўзини ёлғиз қоронғу подвалга қамаб қўяди. Бошқа қўлга олинганларнинг аҳволи бу ишдан маълумдир. Ярим тунда ҳеч нарсадан хабарсиз ётган оиласи устига бостириб кириб, йиртқичларча даҳшат солиб, хотин-қиз, келинларнинг бўйин-бошларидаги бутун зийнат асбобларигача талаб олиб, ўзларини эски кигиз тўшаклар билан қаршиларидаги қақшаб-музлаб ётган Ахтамбойнинг қуруқ қўрасига шу қаҳратон қишда ҳайдаб чиқарди. Энг ачинарлиси шу эдики, Турди охунбойнинг йигирмадан ўзган Нуртой деган ва йигирмага ҳали етмаган Аҳмадбек деган икки ўғлини, бу ўспирин гуноҳсиз икки фарзандини ётган ерларидан шундай совуқда кўйнакчан ҳайдаб олиб бориб, подвалга қамаганлар. Шу қамалганлар сўнгида бир неча ойлар ўтган бўлса ҳам булар ҳақида ҳеч қандай хабар олиш мумкин эмас эди. Ўзларидан хабар олиш сўзи бу ёқда турсин, ноз-неъмат вақтида биргалашган, энг яқин кўрган ошна-оғайниларидан уларнинг оч-ялангоч қолган оилаларининг ҳолини сўрашга ҳеч қайсилари журъат қилолмадилар. Шу биринчи навбатда қамалган кишиларнинг қўра-жой, мол-мулк, уй-рўзғор, жонлик-жонсиз барча нарсалари олиниб, бола-чақалари кўчага ҳайдаб чиқарилди.

Турди охунбой иниси Қурбонтой қори қулоғи йўқ ҳисобида гарангликдан, давлат шериги бўлса ҳам, қўра-жойи ўз олдига бўлиб, бошқа ўлтирганлиги учун унга тегмаган эдилар. Вақтида селдек келган, қайтарида из ўчириб қуюндек кетаётган давлатни қўли билан тўсмоқчи бўлиб, “қўй” десак унамай, чет ёқада қолган мол-дунёлардан қисиб-қимтиб яширинча олиб қолмоқчи бўлиб эди, хитой коппида(Шартта (уйғурча).) ушлаб, қўра-жойи билан борлиқ нарсаларини ёрғу қилиб, ўзини қамаб қўйди. Бечора синглиси Тошхон хитойларнинг бўсағасига бош уриб қатнайверганидан етмиш кун деганда аранг бўшаниб чиқди.

Байт :Давлат бошдан кетарда кенг кийиминг тор бўлур,

“Қўй” деганга кўнмаган орачига зор бўлур.

Оллоҳнинг амрини қилиб наҳийдан қайтмаган киши-ларни балодан ким қутқара олғусидир? Ҳалол касб молини дунёлик-охиратлик офатлардан омон сақлаши учун Оллоҳ таоло закотни темир қўрғон қилмиш эди. Дунёга кўнгли билан қаттиқ берилганликдан Қуръон ҳукмига, Пайғамбар сўзига гумон келтириб, закотсиз, ҳайр-эҳсонсиз йиққан, қўрғонтошида(Ташқари.) қолган ҳаром мол-дунёларни ит-қушларга ем бўлишдан ким сақлай олади? Қуръоннинг айтишича, ҳеч вақт Оллоҳ таоло мўмин қулларига ато қилган ҳалол ризқларини ҳаромхўр кофирларга едириши мумкин эмасдир.

Алихонтўра Соғунийнинг

"Туркистон қайғуси" китобидан