loader
Foto

Шарқий Туркистон мустақиллиги йўлида миллий қўзғолон

Шарқий Туркистон Хитой давлатидаги бошқа ўлкалардан тараққиётда энг орқада қолгани эди. Мамлакат фақат Хитой аскарлари ва маъмурлари томонидан идора қилинарди. Ижтимоий ҳаётда икки синф кўзга ташланарди: чексиз имтиёзларга эга хитойлар бир синф бўлса, барча ҳуқуқлардан маҳрум туркистонликлар иккинчи синф эди. Туркистонликлар Хитойга солиқ тўларди. Мамлакатда Хитойга қарши кучлар ҳаракати бошланганди, хитойлик волилар ўз кайфиятига қараб иш тутардилар. Шарқий туркистонликлар ўтмишдаги аччиқ тажриба ва мағлубият хотирасидан келиб чиқиб, унини ўчиришга мажбур эдилар. Туркистонликларнинг ҳаёт тарзини ўз диний пешволари, ер эгалари ва савдогарлар белгиларди. Туркистонлик маъмурлар хитойларнинг ўзига хос хусусиятларини яхши билганликларидай, ерлик халқнинг Хитойнинг хўжайинлигига қарши туйғуларини йўқ қилиб бўлмаслигини ҳам англаб етгандилар.

Маълумки, бутун Шарқда «пора» муаммоси ўзига хос бир «маданий» ҳодисадир. Бу борада Хитойлар алоҳида шуҳрат қозонган. Полициячидан тортиб, бош волигача туркистонликлардан олинадиган пора ҳисобига яшарди. Бу хусусда хитойларга тортиқлар қилиш билан оғир ҳаётини енгиллатиш туркистонликлар учун анча қулай эди. 1911 йилгача хитойлик хўжайинлар билан туркистонлик қароллар «мушук-сичқон ўйини» қилдилар. 1911 йилги инқилоб эса туркистонликларнинг хитойларга қарши қўзғолони учун бир туртки бўлди.

Или ўлкаси аҳолиси 1912 йили ўз хукуматини тузишга эришди. Хомида мусулмонлар қўзғолони рўй берди. Мустабид бош воли Юди Та Хуа Янг Хел фойдасига амалдан воз кечди. Янг мамлакатда осойишталик ўрнатишга киришди, лекин буни эплай олмади. Тўс-тўполондан фойдаланган руслар ўз тобеларини қўриқлаш баҳонасида Урумчига 1912 йили тахминан 1000 нафар казакларни юборди. Янг руслар аста-секин ўз таъсирини кучайтиришини фаҳмлади. Шунинг учун у Или ўлкаси қўзғолончиларига ўз-ўзини идора қилиш хуқуқини бериб, улар билан иттифоқ бўлиб олди. Янг мўғул қисмларини Шарқий Туркистоннинг Олой ўлкасидан чекинтириш хусусида руслар билан ҳам музокаралар олиб борди. Натижада руслар мўғулларни орқага қайтариш учун уларга хужум уюштирди. Янг Хоми (Кумул] қўзғолонини ҳам музокаралар воситасида бостиришга эришди. Хитой жумхурияти раиси Сун-Пят-Сен томонидан Янг 1913 йилда бош воли қилиб тайинлангач, у ўзига берилган чексиз ҳокимиятдан кенг фойдаланди. Янг Русия билан мустақил алоқа ўрнатди. 1922 йили у ўз хукумати изнисиз Русия билан савдо алоқалари ҳақида битим имзолади. Яна 1924 - 1925 йилларда шўро Русияси хукуматига Шарқий Туркистонда бешта консуллик очишга ижозат берди. Янгнинг ўзбошимча ҳаракатлари русларнинг Шарқий Туркистондаги нуфузини мустаҳкамлашига имкон берди. 1927 йили Хитой билан Шўро иттифоқининг дипломатик муносабатлари узилган бир вақтда ҳам мазкур беш консуллик ўз фаолиятини давом эттирган эди.

Аслида, Шарқий Туркистон Хитойга нисбатан Шўро иттифоқи билан кўпроқ боғланган эди. Бу ўлка 1926 -1927 йилларда Русияга 10.238.000 сўм атрофида маҳсулот сотиб, 11.777.000 сўмлик мол олди(Бухштейн. Торговля СССР, 212-6: Русиянинг харажат ва даромад баланси 1918 йилги даражага етмаётир. Русия 1918 йилда шарқий Туркистондан 23.132.300 сўмлик атрофида мол олган.). Шарқий Туркистон 1932 йили Хитойга 1.939.850 сўмлик атрофида, Шўро иттифоқига эса 10.647.000 сўмлик мол сотган.

Янг Шарқий Туркистонда уруғларнинг ўзидан кучлироқ эканлигини фаҳмламасди. У1928 йили 7 июлида ўлдирилди. Унинг ўрнини бош волиликдаги ички ишлар бўлими мудири Чин Шу Жин эгаллади. У ўз ҳокимлиги даврида зўравонлиги билан машҳур бўлган. Арзимас айб учун осиш, ўлдириш унинг энг кенг қўллаган усулидир. У шу йўл билан ҳокимиятни тўлиқ қўлга олмоқчи бўлди. Лекин бу халқ орасида миллий қўзғолонни авж олдириб юборди. 1931 йили Чин Хоми ерларига хитойлик колонистларни жойлаштириш ҳақида фармон чиқарди. Маҳаллий халққа тегишли ер турли воситалар билан тортиб олиниб, колонистларга бўлиб берилди. Бу воқеа халқ орасида чуқур норозилик уйғотди. Хоми аҳолиси хитойликлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун пайт пойлай бошлади.

1930 йили охирларида Хитой қўрбекларидан бири Хомининг маҳаллий нуфузли кишиларидан бири бўлмиш Солиҳ Дўрғанинг қизига зўрлик билан уйланмоқчи бўлди. Бу ҳар қандай мусулмон учун мислсиз ҳақорат эди. Дўрға шошилмади ва ўзини рози бўлгандай тутди. Тўй 1931 йил илк баҳорига белгиланди. Тўйга 50тача хитойлик қатнашди. Булар бироз кайф бўлгач, Дўрға ҳаммасини отиб ташлашни буюрди. Тўйни ташлаб, қўлига қурол олиб чиқиб кетишди ва Хомида шу тариқа катта қўзғолон бошланди. Дўрғага анча олдин хитойларга қарши қуролли тўқнашувларда қатнашган асли хомилик Хўжа Ниёз ҳожи ҳам қўшилди. Кейинроқ бу киши қўзғолоннинг раҳбари қилиб сайланди. Бу иккаласига 23 ёшли дунган генерали Ма Синг Жин ҳам келиб кўшилди. Қўзғолончилар Хомини ўша йили қўлга киритдилар. Аммо Урумчидан келган Хитой ҳарбий кучлари сиқувига бардош беролмай, шаҳардан чекиниб, тоғга йўл олишди.

Хоми қўзғолони Шарқий Туркистоннинг бошқа муҳим минтақалари учун намуна бўлди. 1931 йилда бутун Шарқий Туркистонда қўзғолон машъалалари ёнди. Туркистон Хитой босқинчиларидан қутулиш учун оёққа турди. Аммо 1931 йил бошларида миллатнинг умумий руҳияти ўта тушкун ҳолатда эди. Бу хусусда инқилоб қатнашчиси, инқилобдан аввал эса мударрислик қилган хўтанлик машхур киши Муҳаммадамин Буғро шундай дейди: «Сиёсатдан бехабар эдим. Чунки бу хусусда ҳеч нарса ўргатилмаган. Мен яшаган доирада миллатнинг келажаги учун қайғурадиган бирор киши топмаганим сабабли ниҳоятда умидсизландим. Ўзимда эса миллатга фойдаси тегадиган қобилият ва хусусият борлигини сезмадим. Ниҳоят, мамлакатимизнинг йирик шаҳарини зиёрат қилиш учун саёҳатга чиқдим. Таниш зиёлилар билан учрашдим. Уларнинг қалби ҳам вайрон эди. Амалий ҳаракатга шай турган биргина шахсга дуч келдим. Бу олий зот Ғулжа қозиси Собит Домулладир. У киши билан бир неча бор узоқ суҳбатлашдим. Ҳар иккаламиз ҳам қуролли инқилобдан бошқа чора йўқ, деган фикрда тўхтадик. Ҳаракатни Хўтандан бошлашга азм қилдик». Бу фикр шуни кўрсатадики, Хоми қўзғолони жараёнида ҳам ҳали миллатпарвар доиралар ўзаро алоқа ўрнатмаган эди. Исён Шарқий Туркистоннинг муайян қисмларини қамраб олиши ва омманинг катта қисми Хоми қўзғолонидан хабардор бўлишига қарамай, Хоми қўзғолони 1932 йилнинг охиригача шу вилоят доираси билан чегараланди.

1933 йил 6 январда Турфон аҳолиси Мақсуд, Маҳмуд ва Мавсуллар бошчилигида Хитойга қарши қўзғалди. Қўзғолончилар 10 кун ичида Турфон ва унинг атрофини қўлга олдилар, 6 февралда Қорашаҳар ва Ушоқни озод қилишди. Хитойлар Хомидаги кучларини у ердан олиб, Турфонга ташлади. Мужоҳидлар Турфондан улоқтириб ташланди. Қорашаҳарга чекинган мужоҳидлар 15 март 1933 йили полковник Темур (кейинроқ генерал) ва Ма Жин Сос (дунган) қўмондонлигида Куча ва Оқсув шаҳарларига ҳамла қилишди ва Хоми қўзғолони сарвари Хўжа Ниёз ҳожи ва Ма Синг Жин (дунган) билан алоқа ўрнатишди.

Хоми қўзғолони Хўтан аҳолисининг ҳам оёққа туришига туртки бўлди. 1932 йил бошларида Муҳаммад Амин Буғро укалари Абдулла, Нураҳмад ва ўртоқла-ри билан Хўтанда яширин миллий Инқилоб қўмитаси тузди. Бироқ 1933 йилгача ҳам халқни қўзғолонга тайёрлашга улгура олмадилар. Ҳиндистондан қайтаётган Ғулжа қозиси Собит Домулла 1933 йил бошида Хўтанга келди. Бу кимса сиёсий тажриба орттириш учун 1931 йилдан 1933 йилгача Шўро иттифоқи, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда бўлди. Бундай ақлли, маданият-ли ва диний билими билан халқнинг муҳаббатига сазовор бўлган шахснинг Хўтанга ташриф буюриши озодлик курашига янги бир кўтаринки руҳни берди. 1933 йил 20 февралида Миллий Инқилоб қўмитаси аъзолари қўзғолонни зафарга етаклайдиган бир муваққат хукумат тузишга аҳд қилишди. Қорақош қозиси Муҳаммад Ниёз Олам давлат раиси бўлди. Собит Домулло бош нозир ва Муҳаммадамин Буғро қўмондон сифатида сайландилар. Озодлик курашчилари 1933 йил 22 февралда Қорақошни қўлга киритиб, 28 февралда Хўтанга хужум қилиб, шаҳарнинг эски қисмини ишғол қилишга муваффақ бўлишди. 22 мартда Хўтаннинг янги шаҳар қисмини ҳам қўлга киритдилар. Қўзғолончилар Ёркентга ҳам ҳужум уюштириб, 14 апрелда эски шаҳарни эгаллашди. 13 июнда генерал Абдулланинг қисмлари бутун шаҳарни қўлга олди. 1933 йил 20 мартда Темур бошчилигидаги қўзғолончилар Куча шаҳрини, 25 мартда Оқсув шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлдилар. Темур қисмлари 25 апрелда Қошғар шаҳрини ҳам озод қилдилар. Қўзғолон Олой ва Тарбағатой вилоятларига ҳам тарқалди.

Дунганлар бошчиси Ма Син Жин 7 июнда ўз қисмларини Олойга отлантирди. Дунган қисмлари билан қў-шилган маҳаллий халқ хитойларни шаҳардан ҳайдади-лар. Тарбағатой аҳолиси ҳам шундай қилди. Бинобарин, озодлик уруши Шўро иттифоқининг жануби-шарқий чегараларига келиб тақалди. Дунганлар бу ўлкадаги ҳокимиятни ҳам ўз қўлларига олишни мўлжал қила бошладилар. Олой қўзғолони раҳбарияти бу фикрга қўшилмади ва ўзларига хукмдор қилиб Шарифхонни сайладилар. Натижада Шарифхон бошчилигида Шарқий Туркистондаги қозоқ турклари билан дунганлар орасида қуролли тўқнашув келиб чиқди. Асосан турк қавмлар яшайдиган Шўро иттифоқи империяси чегараларидаги миллий озодлик ҳаракатлари Шўро иттифоқи хукуматини ташвишга солиб қўйди. Хитой бош волиси ҳам Урумчида ўзини эркин ҳис қила олмай қолди. Хитойлар ва руслар Шарқий Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатига қарши бирлашдилар. Руслар хитойларга қурол-аслаҳа етказиб турди.

Бош воли Чин Су Жин қисмлари тўғри Тарбағатойга юрди ва қўзғолончиларга қарши таваккалига хужум қилиб, уч кунлик жангдан сўнг 16 август 1933 йили Тарбағатойни қайтадан босиб олди. Бунинг натижасида бирданига Или, Тарбағатой ва Урумчи шаҳарлари хитойлар қўл остига ўтди. Хоми (Кумул) Олой, Қорашаҳар, Оқсув, Қошғар, Ёркент ва Хўтанда миллий кучлар ҳоким эди. Шарқий Туркистоннинг бу ўлкаларида миллий ҳокимият янгидан шакллангунга қадар, жуда кўп инсонлар ўлди ва рақиблар орасида аёвсиз жангу жадаллар кечди. Хитойлар Шарқий Туркистондаги ҳокимиятидан ихтиёрий равишда тинч йўл билан воз кечмаслиги аён бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам Шарқий Туркистон миллий кучлари хитойлар қўллаган зўрликка қарши зўрлик ишлатишга мажбур бўлдилар.

Др.Боймирза Ҳайитнинг

"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан