Юқорида зикр этилганидек, Қошғар ҳокими Содиқбек Рашидиддин Хонхўжанинг ҳокимиятини тан олишни истамасди. Шу туфайли у ва ўртоқлари бошқа бир хўжани, яъни 1828 йилда Пекинда қатл қилинган Жаҳонхўжанинг айни замонда Қўқонда истиқомат қилаётган ўғли Бузрукхўжанинг Қошғар хукмдори бўлишига ҳаракат қилдилар. Бузрукхўжа қошғарликлар таклифини қабул қилиб,ўртоқлари (Яқуббек, Абдулла понсод, Муҳам-мадқули Шоқовул, Хўжа Калон Худайчи) билан 1864 йил ноябрь ойида Тошкентдан тўғри Қошғар томон ҳаракат бошлади. Қўқон хонлигида жуда катта шуҳрат эгаси бўлган Яқуббекни Бузрукхўжа қўшин қўмондони (ботирбоши) этиб тайинлади.
Қўқон хони Худоёрхон уларнинг Қошғарга юришини қўллаб-кувватлади. 1864 йилнинг февраль ойида Бузрук «хон» деб эълон қилинди. Шарқий Туркистоннинг Куча шаҳридаги хони Хонхўжа Бузрукни хон сифатида тан олишни истамади. Яқуббек аста-секин Шарқий Туркистоннинг сиёсий курашига(Пирмуҳаммад Мирза оиласида 1820 йили Пискентда дунёга келган Муҳаммад Яқуб 1847 йилгача Қўқон саройида хизмат қилади. 1847 - 1853 йилларда Оқмачитда волилик қилган ва Оқмачит яқинидаги Балиқ кўлни русларга 12000 олтин тангага сотган. Шунинг учун уни Қўқон хони ўлимга хукм қилди, лекин тезда афв қилди. 1852-53 йилларда Оқмачитни мудофаа қилиб, кейинроқ Олимқул билан бирга русларга қарши жангларда қатнашди. 1864 йилгача у турли мансабларни эгаллади. Муаллифи ноаниқ «Могамет Якуб эмир Кашгарский, (Петербург, 1903, 8-960)га биноан «Олимқул Ёқуббекдан Шарқий Туркистонга бориб, Хитой хукмронлигига чек қўйишни сўраган». Яқуббек Қўқон хонлиги ҳарбийларининг энг ёрқин сиймоларидан бири эди. У Бузрукхўжанинг синглиси Шоҳбегимга уйланган эди. Қошғар тарихий саҳнасига чиқмасдан аввалги ҳаёти ҳақида қаранг: Bellew, History, 194 - 204 б.: Куропаткин. Кашгария, 131 - 137 б.; Boulger, Central Asian questions, 360 - 362; Central Asian Portraits, London, 1880, 100 - 118; Vambery, Centralasian. 134 - 135 б.; М.Ф. Гаврилов, Страничка из истории Якуббека, «Бартольду» 125 - 127 б.)
кира бошлади. Дастлаб у Содиқбекнинг ҳукмронлигига барҳам берди ва унинг ўрнига Бузрукни тайинлади. Содиқбек Қошғарни тарк қилишга мажбур бўлди. Бу билан Яқуббек Қошғардаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш фурсатини қўлга киритди. Якуббек Қошғарда 6 ой турди ва кейин Оқсув томонга юриш қилиб, уни ишғол этди.
Яқуббек 1865 - 1870 йилларда бир томондан хитойларга қарши, иккинчи томондан Шарқий Туркистоннинг мустақил давлат-шаҳарларига қарши тинимсиз кураш олиб бориб, ҳар икки жабҳада ҳам мағлубиятнинг нималигини билмади. У русларга қарши урушда тажриба орттирган андижонлик Мирбобо, Абдулла понсод каби қобилиятли кишиларни ўз атрофига тўплаган эди. Бузрукхон эса ҳарбий масалада тажрибали эмас эди. 1865 йилнинг сентабрида қипчоқлар бошчиси Худойқул Худоёрхонга қарши исёнда ўз мақсадига эриша олмагач, 7000 суворийси билан Шарқий Туркистон тупроғига кирди. У билан бирга Бузрукнинг ўгай укаси Катта тўра ва Тошкент ҳимоячилари қўмондонларидан Муҳаммадбек ҳам келишган эди. Яқуббек ва Худойқул ҳарбий қисмлари орасида Жаҳонгир оиласининг тахтга алоқаси масаласи бўйича келишмовчилик уларнинг ўзаро тўқнашувига олиб келди. Бузрукхон ўз рақиби бўлмиш Худойқулни қувватлади. Шундай қилиб, Бузрукхоннинг ўгай укаси Катта Тўра 1866 йили хон деб эълон қилинди. Унинг хонлиги узоққа чўзилмади, тўрт ойлик ҳокимиятдан сўнг Яқуббек томонидан тахтдан туширилди. Унинг ўрнига Яқуббек яна Бузрукни хон деб эълон қилди. 1865 - 1867 йилларда Яқуббек Қошғар, Ёркент, Куча, Хўтан ва янги Ҳисорда ҳокимиятини мустаҳкамлади.
1867 йили Яқуббек Бузрукдан ҳокимиятни ўз қўлига олди. Унга «оталиқ ғози» ва «бадавлат» деган унвонлар берилди. У Бузрукка 4000 олтин пул бериб, Маккага жўнатди(Бузрукхўжа 1865 йилдан эътиборан хон бўлиб, Маккага кет олмай, Бадахшондан Бухорога борди ва у ерда 18 ой тутқунликдан).
Яқуббек Туркистон тарихида фақат жуда машҳур саркарда сифатидагина маълум бўлмай, айни замонда кучли сиёсатчи ва дипломат ҳам эди. У Бухоро, Туркия, Англия ва Русия билан дипломатик муносабат ўрнатди. Ҳарбий мутахассисларни Туркиядан, қуролларни Англиядан ва савдо молларини келтирди. Усмонийлар империясининг султони Абдулазизни «халифа» сифатида таниши ва унинг номидан 1870 йилда тилла ва кумуш пуллар бостириши унинг эҳтиёткорлигини кўрсатади. Чунки Хитой 1865 йилдан кейин ҳам Шарқий Туркистондан умидини узмаган эди. Яқуббек 1871 йили Или ўлкасини босиб олган руслар босқинига қарши ҳам мудофаа уюштиришга мажбур эди. Русларга ашаддий душман бўлган Яқуббекка руслар ишонмасди. Шунинг учун руслар унинг қўл остидаги ерлардан мунтазам равишда маълумот олиб туришга ҳаракат қилишди(Яқуббекнинг ҳарбий кучи ҳақида маълумот олиш учун албай (полковник) Райнтал 1868 йили Шарқий Туркистонга келди. 1872 йили Яқуббек ҳузурига А.В. Каулбарс чиқди (Қиёсланг: Макшеев, 87-6.). 1876 йили албай (полковник) Куропаткин Шарқий Туркистон ҳақида маълумот тўплади. Қаранг: Куропаткин, Кашгария, 2, 161-бет.).
1876 - 1877 йилларда хитойлар Яқуббекка қарши катта хужум уюштирди. Яқуббекнинг ҳимояланишдан бошқа чораси қолмади. Оқсувга яқин Довончи тоғлари тизмасидаги қишки жанг энг даҳшатли жанглардан бўлди. Хитойлар бу жангда 6000 аскар билан, Яқуббек эса 800 аскар билан қатнашди. Яқуббек енгилиб, чекинди. Яқуббекнинг энг яқин сафдошларидан Содиқбек, Оқсув қўмондони Боқиш мироб ва Яқуббекнинг хазиначиси Осур Охунд хитойлар томонга қочиб ўтишди(Куропаткин, Кашгария, 151-6.).
Инглизлар Шарқий Туркистондаги аҳволни мунтазам кузатиб, Яқуббек билан дўстона муносабат ўрнатган сўнг 1869 йили Қўқонга келади. Қаранг: Bellew, History, 213-6.; Куропаткин, Кашгария, 141-6.; Bugra, Dogii Tiirkistan, 25-саҳифага кўра у тахтидан туширилган.
бўлса-да, Шарқий Туркистондаги ҳақиқий аҳволни кеч фаҳмладилар. Британиянинг Пекиндаги бош элчиси Сер Томас Ваде 1877 йил 24 январда ўз хукуматига Шарқий Туркистон билан Хитой орасида Англиянинг воситачилик қилишини таклиф қилди. Аммо Британиянинг Ҳиндистон бюроси бу таклифни рад этди, шу сабабли 1877 йилнинг бошларида Яқуббекнинг элчиси Саид Яқубхон тўра Лондонга жўнади. Бу ерда Шарқий Туркистон Русия билан Хитой орасидаги мустақил бир давлат бўлиб қолишини Хитой тан олишга тайёр эканлиги билдирилди. 1873 йили Яқуббекнинг Ёркентдалигида бир ҳайъат бошчиси сифатида зиёрат қилган сэр Форсид Лондонга келган Яқуббекнинг элчисига ёрдам беришга интилди. Айни замонда сэр Ваде ҳам Лондонда бўлиб, у ҳам Яқуббек элчисига ёрдам қилмоқда эди. Сэр Ваде ва сэр Форсидлар Англияни Шарқий Туркистон ва Хитой орасида воситачилик қилишга кўндириш учун ҳаракат қилишди. Сэр Ваде Саид Якубхон тўра билан бирга Хитойнинг Лондондаги вакили Кио Та Ченни икки марта (1877 йил 28 май ва 26 июль) биргаликда овқатланишга таклиф қилди. Тарафлар келиша олмадилар. Кио та Чен Британиянинг Ҳиндистон бюроси Англиянинг воситачи бўлишига қаршилигини яхши биларди. Бу орада Шарқий Туркистон ичкарисига Хитой кучларининг муваффақиятли юришлари ҳақида маълум бўла бошлади. 1877 йил 16 майда хитойлар Турфонни қўлга киритди. Шу йилнинг 29 майида эса Яқуббек вафот этди(Anwar Khan, 271-6.).
Яқуббекнинг ўлими Хитой истилосини тезлаштирди. Унинг ўлимидан кейин Шарқий Туркистонда ички низолар яна кучая бошлади. Хитойлар тўрт тарафдан хужум қилиб турган бир пайтда Яқуббекнинг ўғиллари Бекқулибек (тўнғич ўғли ва Ҳаққулибек (кенжа ўғли) отасининг тахти учун ўзаро жанг қилдилар. Ҳаққулибек Оқсувдан. Қошғарга кетаётган вақтида 11 июнь 1877 йилда Бекқулибек амрига биноан Маҳмуд Зиё понсод томонидан ўлдирилди. Худди шу вақтда Оқсув ҳукмдори Ҳакимхон тўра ўзини Шарқий Туркистон хони деб эълон этди. Хўтан ҳокими Ниёзбек жангсиз хитойларга шаҳарни топширишни истамади. Қорашаҳардан Хўтанга юрган Бекқулибек Ниёзбек кучларини тор-мор келтирди. Ниёзбек ноилож хитойлар тарафига ўтди. Бекқулибек Хўтан билан машғул бўлган пайтда хитойлар Қорашаҳар ва Кўрлини босиб олди. Бекқулибек Хўтандан чиқиб кетгач, Ниёзбек яна Хўтанни мустақил шаҳар, деб эълон қилди.
1877 йил 18 октабрда Бекқулибек Хўтанни қайта қўлга киритди ва 25 октабрда Оқсувга юрди. Генерал Чо Чунг Танг кўмондонлигидаги хитойлар бирор бир сезиларли қаршиликка учрамай, Қошғарга тўғри юра бошлади. 1877 йилнинг 4 декабрида икки тараф ўртасидаги жанг Қошғарда бўлди. Номаълум сабабларга кўра, Бекқулибек жанг майдонини ташлаб, бир қанча шериклари билан Фарғона тарафга кетди. 1878 йил бошларида Бекқулибек туғилган шаҳри Тошкентга келди ва шу ерда вафот этди. Хитойлар 1877 йил 16 декабрида Қошғарни(Куропаткинга кўра (214-6) 4 декабрда ишғол қилинган.), 1878 йил 16 майигача бутун Шарқий Туркистонни босиб олди. Шунинг билан Яқуббек кўп машаққатлар билан қон эвазига, битимлар эвазига вужудга келтирган ва куч билан ҳимоя қилган, яхлит бир давлат ҳолига келтирилган Шарқий Туркистоннинг мустақиллигига барҳам берилди.
Оврўпо, хусусан, инглиз илмий адабиёти Якуббекнинг ҳаёти ва фаолияти билан атрофлича шуғулланган(Яқуббекнинг ҳаёти ва фаолияти билан Боуглер атрофлича шуғулланган. Қаранг: Vambery, Centralasian 148 - 149 б.). Яқуббек бениҳоя одил, диндор ва жасур шахс бўлиб, тиним билмасди. У халқдан солиқ олмасди, унинг ўрнига бадавлат кишилардан ҳадялар қабул қиларди.
Сэр Форситнинг айтишича, оталиқ Ғози Муҳаммад Яқуббек хитойлардан қолган харобалар устида бир императорлик қурган эди(Сэр Форситнинг 1869 йил 28 сентабрида Шаввага йўллаган мактубидан. Correspondent:.). Яқуббекнинг вафотидан сўнг хитойларда ўч олиш ҳисси авж олди. Яқуббекнинг 60000 аскаридан бор-йўғи ўн нафаригина Фарғонага қочиб қутулди(Гаврилов, Страничка из истории Якуббека бадавлата правителя Кашгарии, «Бартольду», 125 - 132-6. Гаврилов бу мақоласини мулла Мирза мулла Иса Мирзабошининг қўлёзмасига асосланиб ёзган (қўлёзма муаллифи Яқуббекнинг котиби бўлган эди). Бу киши ўз хотираларини 1916 йилда Қўқонда қаламга олган.). Бошқаларининг боши кетди. Хазина ва шаҳарлар тамомила талон-торожга учради. Хитойлар туб аҳолини даҳшатга солиш учун шаҳар ва қозиликларда одамларни тўп оғзига боғлаб отардилар. Бундан ташқари, Шарқий туркистонликларнинг озодлик ҳаракатига монелик қилиш мақсадида барча отлар тортиб олинди. Мамлакат 1882 йил охирига қадар Хитой қўшини томонидан идора қилинди. Шарқий Туркистон 1884 йилга қадар қадимги Хитой атамаси - «Ғарбий ўлка» [Hsi-ju] номи билан юритилди. 1884 йил 18 ноябрида Хитой императорининг бир буйруғи билан бу ерларнинг номи Хитойнинг 19-вилояти ўлароқ «Янги ерлар» маъносини ифодалайдиган «Цзин чианг» хитойча ата-ма билан ўзгартирилди(Корнилов, Кашгария, 25-6.; Lattimore, Divot of Asia 50-6.; 1968 й. га кўра Син-Кианг, Синчианг, янги доминон» ёки «янги вилоят» маъносини эмас, балки «ном» (тўғрироғи - янги жабҳа») тушунча-сини ифодалайди. Spuler, Geschichte, 243-бетга биноан: «Тинимсиз ва шиддатли жанглардан сўнг 1757-59 йилларда мамлакатни босиб олдилар (Хитойлар - муаллиф) ҳамда Манчжурия давлатининг Янги чегараси вилояти маъносида Син-Кианг номини бердилар». Хитойлар 1884 йилдан кейин бу номни Шарқий Туркистонга нисбат бера бошладилар. Син-Кианг атамаси 1759 йилдан бошлаб қўлланилиб, у Орол денгизигача бўлган майдонни ифода этган, деган нотўғри фикрни илгари суради. Бу фикрга хилоф равишда қуйидагича қайд қилинади: «Хоҳдавлат маъмури бўлсин, хоҳбошқа истаган хитойлик ўлканинг орқада қолган қисми дегандан бошқа маънони билмайди».). Шундан бошлаб, Оврўпода ҳам шу атама ўзлашиб қолди. Дастлабки бош воли генерал Лиу-Чинг-Цанг бўлди.
Шарқий Туркистон халқи тўлиқ 33 йил (1878 - 1911) асорат ва кунлик емагини топиш дарди билан яшади. Хитойлар энди ҳеч қачон Шарқий Туркистон Яқуббек кунларини бошидан кечиришни истамасди. Мамлакат ниҳоятда қатъий тартибларга суянган ҳолда бошқарилар ва ерлик халқ вакилларидан маъмурлар тайинланмасди. Имкони борича улардан кўп миқдорда жосуслар тайёрлашга интилишарди. Халқнинг туйғусини мунтазам ўлдириб бориш энг дастлабки ишлардан бири бўлди. Ниҳоят, 1911 йилда Хитой инқилобининг бошланиши билан ҳаётда ўзгариш содир бўлишига туйнук очилгандай бўлди. Сун Ват Сен жумхурият Хитойдан бошқа миллатларга ҳам маданий мухторлик беражагини билдирди. Фақат бу хусусда деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Аммо даҳшатли жазо усуллари бекор қилинди. Миллатлар тенглигини акс эттириш учун Хитой жумхурияти байроғининг ранглари орасида ислом байроғининг ҳам ранги ўрин олди. Бироқ бу ранг ҳеч бир йўсинда Шарқий Туркистон мустақиллиги тушунчаси билан боғланмасди. Мамлакат ўтмишдаги каби Хитой ҳокимияти остида қолди. 1912 йилдан 1927 йилгача Хитой бош волиси Юнг Цен Син туб аҳолини диктаторларча бошқарди. Ундан кейин эса ўз хукуматига эга бўлмаган Шарқий Туркистонда ўзини яккаю ягона ҳоким ҳис қилган Жин Шу Ен бош воли бўлди (1927 - 1933). Унинг ўрнига эса Совет Иттифоки Компартиясининг аъзоси Шенг Шинг Цай келди (1933 - 1944). Шенгнинг асосий вазифаси Совет Россиясининг Шарқий Туркистондаги мавқеини кучайтириш ва айни замонда миллий мустақиллик ҳаракатига қарши Хитой ва Русия кучларини сафарбар қилишга қаратилди. Хитойнинг ўзгармас эксплуатацион сиёсати 1931 йилдан бошлаб озодлик курашининг янгидан алангаланишига олиб келди.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан