1722 йилда I Петр: «Қирғиз (қозоқларнинг) ўрдалари бутун Осиё мамлакатларининг калити ва дарвозасидир. Шу боисдан бу Ўрдалар рус ҳимояси остига олиниши керакки, улар воситасида бутун Осиё мамлакатлари билан алоқа ўрнатилсин ва Русия учун фойдали ва мос тадбирлар амалга оширилсин»(Тўлиқ маълумот учун қаранг: И. И. Крафт, Сборник узаконенний. 35-36-6. Левшин, Описание., 113-116-6.), дейди.
Бу таълимотга мувофиқ рус раҳбарияти уч ўрда билан алоқа қилишга киришди. Бу мақсадни амалга ошириш учун 1552 йилдан руслар асоратига тушган турки жамоалар билан (бошқирд ва татарлар билан) чегарадош бўлган Кичик Юз танланди. 1734 йили рус ҳомийлиги Кичик Юз доирасида амалга оширилди. Сўзда бу дашт давлатини ҳимоя қилиш учун Русия бир мустаҳкам қалъа барпо қилиш учун мос бир ер излар эди. Бу мақсадга Ур дарёси мавзеси мос деб топилди. Қалъани қуришдан аввалги тайёргарлик ишларини олиб бориш ва назорат қилиш учун 1734 - 1737 йилларида Урал ва Ўр дарёларига Иван Кирилов бошчилигидаги ҳарбий разведка жўнатилди. Қалъа иншооти ҳақидаги топшириқда Ўр дарёсининг Талқала қишлоғида бир қалъа-шаҳар бунёд қилиш, Ўр дарёси атрофидаги табиий маъданларни тадқиқ ва Орол кўлида бир порт (бандаргоҳ) қурилиши билан аскарларни у ерга жойлаштириш акс этган эди. Кириловга ҳарбий топшириқдан ташқари яна бир «дипломатик сиёсий вазифа» ҳам юклатилганди. Бошқа кўрсатмалардан ташқари бу топшириқда шундай дейилган эди: «Бошқирдларга ва қирғизларга (қозоқларга) ишонмангиз. Бу миллатлардан бири Русияга қарши қўзғалган тақдирда, бошқасини унга қарши гижгижлангиз; фақат бунинг учун тарафлардан ҳеч бирига қурол бермангиз. Русияга қўшни бўлган барча давлатлар ҳақида маълумот хатти-ҳаракатларини кузатингиз. Хива хонлигига қарши курашда Кичик Юзга ёрдам беринг. Фақат аскар бермангиз»(Материалм по истории (ношир М. Г. Масевич) 31-6.).
18 май 1734 йили подшо Анна Ивановнанинг разведка қўлсолар ҳайъатига берган топшириғига биноан қозоқлар Урал дарёсидан кечиб ўтиши учун рухсат берилмаган. Абулхайрхонга Оренбургда бир уй қурилиб, аввалроқ сафарга чиқариш баҳонаси билан тутилиб, ўша уйда назорат остида сақланиши лозим эди. Қозоқ хонларининг садоқатига баъзан мукофотлар билан, баъзан таҳдид воситаси билан эришилар эди (Abdullah Taymes, Rus ihtilalinden Hatiralar, 1947, Istanbul, 19-6. Криллов сафарининг мақсади Оренбургдан Орол денгизига қадар 45 истеҳкомдан ташкил топган Оренбург ҳарбий чегара чизиғи ҳосил қилиш эди. Н. Г. Аполлова, Экономические, 105-бет.).
Денгиз офицерлари (субай), картографлар, муҳандислар (жами 200 киши) иштирок этган бир развед-ка 15 июнь 1734 йилда йўлга чиқди ва 15 август 1734 йилда Ўр дарёсига етиб келишди. Аскарлар қалъа қуришни бошлади. Татишчев қўмондонлигидаги аскарлар 1738 йил октабрида Оренбург қалъасига жойлашдилар. Урал дарёсида деворлар билан ўралган янги бир шаҳар - Оренбург иншооти қуриб битказилгач, бу қалъанинг оти 1734 йили Орск (аввалига Талқала] деб ўзгартирилди. Кейинги даврларда Оренбург Туркистонни босиб олишда бир муҳим ҳаракат нуқтаси сифатида алоҳида рол ўйнади (Макшеев, 85-92-бетлар.). Мустаҳкам Оренбург шаҳрини қуриб бўлгач, Оренбург ҳарбий қисмини ташкиллаштириш бошланди. 1100 верст (1 верст - 1, 067 км) узунликдаги чегара чизиғи 1759 йилгача ҳосил қилинди. Бу чизиқ тўғридан-тўғри Туркистон чегараларида бўлиб, 88 қалъани ўз ичига олар эди. Айни замонда Ишим дарёси бўйлаб ҳам иншоотлар қуриларди (Ишим дарёсидан Иртишгача - Омскка қадар чўзилган чегара чизиғи). Бу чизиқ, асосан, 1752 - 1755 йилларда майдонга келтирилиб, 6000 верст узунликда эди. 1771 йили бу ерларда 9дан ортиқ қалъалар бор эди. Бу чизиқ кейинроқ Иртишга қадар узайтирилди ва «Иртиш чизиғи» номини олди. Бу чизиқ ҳам 1100 верст узунликда бўлиб, Иртиш дарёсидан Зайсан кўлига қадар бўлган ерларни ўз ичига олар эди. 1745 йилда Иртиш чизиғида 45 қалъа мавжуд эди. XIX асрнинг дастлабки ярмида, сўнгги икки чизиқнинг номлари бирлашиб, «Сибирия чизиғи» деб аталди.
Русия Қўқон хонлиги истилосини бошламасидан аввал Оренбург ва Сибирь чизиғида 141дан ортиқ қалъага эга эди. 1855 йилда Оренбург чизиғида ҳаммаси Туркистонга қарши қаратилган 10 суворий полки; 1867 йилда 12 суворий полки ва 9та тўпчилар батальони, бта казаклар полки бор эди(Атрофлича маълумот учун яна қаранг: Макшеев (подполковник), Описание низовьев, Ўрусиянинг Орол ва Сирдарё ҳақидаги маълумотлари XVI асргача бўлган маълумотга суянади. (51-бет). Қорақум саҳросининг харитасини полковник Вларамберг 1841 йилда ишлаган эди (41-бет).). Сибирь чизиғи 1854 йили Или дарёсигача кенгайтирилди. Мустаҳкам чегара чизиқлари қатори Орол кўли ва Сирдарёнинг қуйи оқими картографик ишларига аҳамият берилди ва бу ишлар 1855 йили тугалланди.
Аслида, Русия 1850 йилга қадар Туркистоннинг шимолида Оренбург атрофида Или дарёсига қадар Ғарбдан жанубий-шарққа қараб, ўз «хитой девори» ёрдамида, ҳар қандай восита билан Туркистонга қарши ҳарбий юриш учун ҳозирланганди. Фақат Крим уруши (1853-56) ва Русиянинг бу урушдан мағлуб ҳолда чиқиши Туркистон юришига тўсиқ бўлди. Крим урушидан сўнг Урусия ташқи сиёсатини ва ҳарбий сиёсатини тамоман ўзгартирди. Русия раҳбарияти Буюк Британияга орқадан зарба беришга қарор қилди, яъни унинг Ҳиндистондаги нуфузини камайтиришга уринди. Ҳақиқатан, «Русиянинг Крим урушидаги мағлубияти, ташқи сиёсатидаги оғирлик марказини Болқон ва Яқин Шарқдан, асосан, Ўрта Осиёга қаратишига сабаб бўлди»(Н. А. Халфин, Политика России, 16-бет, Халфиннинг бу фикри рус тарихчиси Покровскийнинг қарашлари билан айнан бир хилдир. Покровский шундай ёзади: «Русия Англиянинг орқа томонидан таҳдид қилишни ва Ҳиндистонга қўл чўзишни лозим топди. Шу боисдан Туркистонни босиб олиш зарур эди. Қаранг: В. Hayit, Sovjet-Rusische orientpolitik, 15-6.). Шундай қилиб, Туркистон Русиянинг халқаро сиёсати курбонига айланди. Туркистонни босиб олиш уларнинг асосий мақсади эди.
Қрим урушининг ўртасидаёқ 1853 йилда руслар Қўқон хонлигининг Оқ мачит қалъасини эгалладилар. Бу муваффақият Русияга бундан кейин кенг йўсинда Туркистон ичига юришни давом эттиришга жасорат берди. Қўқон хонлигига қарши урушнинг ашаддий ташвиқотчиларидан бири Д.А.Милютиннинг ҳарбий нозир ва яна бир уруш тарафдори бўлган Игнатьевнинг(Н. П. Игнатьев (1832 - 1900) 1875 йили Дондон ҳарбий атташесида Хива, Бухоро ва Хитой элчиси эди, 1861 - 1864 йилларда ташқи ишлар нозирлиги Осиё бўлимининг директорлигини, 1864 - 1897 Русиянинг Истанбулдаги элчиси вазифаларини ўтади. Қаранг: Anvar Han, England Russia and Central Asia, 30-6.) Рус ташқи ишларининг Осиё бўйича нозирлиги бўлимининг бошлиғи бўлиши Русиянинг Туркистонга қарши ҳарбий сиёсатини 1861 йили энг юқори нуқтага кўтарди. Ялпи хужум бошлангунга қадар Русия Туркистоннинг даштларида ҳокимиятни ўз қўлига олишга эришди.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан