Русларнинг Туркистонни ишғол қилиш учун дашт ўлкаларида ҳозирлик кўриши
Русия Кичик, Ўрта ва Улуғ Юзларни қўшиб олиш йўли билан истилонинг илк мақсадини амалга оширди. Лекин ҳам аҳоли нуфузи, ҳам маданий савияси юқори бўлган Туркистон шаҳарларини Сибирда қўллаган усуллари билан ишғол этолмади(Бартольд. П., 293-6.). Шу сабабли руслар уч хонликка (Бухоро, Қўқон, Хива) қарши уруш ҳозирликлари кўришга мажбур бўлди. Рус хукумати шу вақтга қадар қўллаб келган қўшиб олиш сиёсати натижаларини ҳимоя қилиш ва Туркистон хонликлари устига янги хужумлар уюштириш учун Туркистон шимолидаги вазиятни соғломлаштиришга ғайрат қилди. «Оренбург ва Сибирдаги ҳарбий воситаларга даштда эҳтиёж бор эди. 23 интизомли полк (алай) ва уларга қарам бўлган Урал, Оренбург ва Сибирь казаклари қисмларидан 40 000 киши(Романовский. Заметки..., 21-6.) Русиянинг даштдаги ҳокимиятини сақлаш учун ва айни замонда Қўқон хонига қаратилган тахдид сифатида ушлаб туриларди.
Туркистоннинг чўл ўлкасида Русия ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этди. 1845 йилда Иргиз ва Тўрғай дарёлари бўйлаб қалъалар қурила бошланди. 1847 йили Кўпал истеҳкоми ва Сергиопалда казак станцияси майдонга келтирилди. 1848 йилда Қора-Бутоқ ва Кос Арал бандаргоҳлари курилди. Айни ўша йили иккита рус ҳарбий кемаси Орол кўлига туширилди. Шу зайлда Чу ва Сирдарё орасидаги чўлларга хукмронлик қилиш учун ва Қўқон хонлигига қарши урушда қўлланиладиган мустаҳкам чегара чизиғи майдонга келди.
1852 йили Русия тўғридан-тўғри Қўқон хонлигининг қўшнисига айланди. Мустаҳкам Раим қалъаси хонликка қарши урушда ва Туркистонга кириб боришда алоҳида роль ўйнади( Оренбург чегара комиссияси бошлиғи В. В. Григорьев шундай рапорт берган эди: «Осиё кўчманчилари ва хиваликлар ҳатто яқинлашишининг иложи бўлмаган Раим қалъаси ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан муҳимдир». «История Казахской ССР», I. Алма-Ата., 1937. 40-41-6.). Руслар Сирдарёнинг қуйи қисмида, Чу ва Или дарёларнинг юқори оқимига қадар ўз мавқелари-ни мустаҳкамлаб олгач, мустаҳкам бир шаҳар бўлмиш Оқмачитни ишғол қилиш учун ҳаракат қиладилар. Ўша вақтдан эътиборан мақсадлари, Қўқон хонлигини ўз ҳокимияти остига олишини таъминловчи Сирдарё бўйлаб хдракат таянчлари қуриш эди.
Рус раҳбарияти Туркистонга қарши олиб бораётган сиёсатида Туркистон бозорларига мутлақ ҳоким бўлиш ва инглизларнинг Туркистон доирасидаги тахми-ний имтиёзини бартараф қилиш каби икки асосий муаммони ҳал қилиши керак эди. Бу асосий принциплар Марказий Осиёда хукмрон бўлмоқ ниятида I Петр давридан бери Русиянинг олиб бораётган сиёсати эди(Ch. D. Boulger, England und Russia 2-саҳифасидага «Ўрта Осиё» атамасидан Қўқон хонлиги, Хива, Бухоро, туркманларнинг ерлари ҳамда Помир хонликлари. Амударё ҳавзаси, Афғонистон ва Эрон англашилар эди.).
I Петр васиятномасида шундай деб ёзган эди: «Ўрта Осиёнинг ягона вориси рус подшосидир. Ер юзидаги ҳеч бир куч бу меросга даъволик қилишимизга монелик қила олмас»(Лакоста, Россия и Великобритания., 4-6.). Бу мақеад «нури» остида Русиянинг Туркистонга нисбатан бошқа бир сиёсий йўл тутиши мумкин эмас эди. Рус сиёсатининг йўналиши I Петр томонидан тайин этилган мўлжални нишонга олишга қаратилганди. Даштда ўрнатилган рус ҳукмронлиги, энг аввало, Қўқон ва Хива хонликларини таҳликага соладиган моҳиятга эга эди. Ҳар икки хонлик Русиянинг Туркистонга тазйиқи давом этишига монелик қилишга ва Русияга қўшиб олинган ўлкаларда миллий иттифоқ ҳақида ташвиқот юргизиш йўли билан таъсир ўтказишга ҳаракат қиларди. Аммо Русия Туркистоннинг шимолий ўлкаларидан воз кечиш у ёқда турсин, аксин-ча, Туркистоннинг бошқа худудларини ҳам Русияга қарам қилишни мўлжаллар эди(W. Radloff, Sibirya, таржимон Др. Ахмет Темур. Истанбул, 1987, 430-6.). Туркистонни асоратга солишни режалаштирган эски режа русларнинг Қрим урушидаги мағлубияти сабаб кейинга сурилган бўлса ҳам амалга оширишдан воз кечилмади.
1851 йили Перовскийнинг Оренбург бош волиси этиб тайинланиши муносабати билан Русиянинг босиб олиш режаси тезлаштирилди. Перовский 1839 - 1840 ва 1851 йилларда Хивага қарши урушда Русиянинг мағлубиятига сабаб бўлганди. Таҳқирловчи мағлубиятдан хафа бу одам Туркистон ерида зафар қучишни истарди. У рус олий идораларини Хива хонлиги ишғолини вақтинча орқага суриб, бунинг ўрнига Қўқон хонлигига қарши уруш очишга кўндирди. Кавказ волиси Барятинский ҳам Туркистон истилосини тезлаштириш учун ғайрат қилди. Рус хукумати режани тайёрлади, фақат сиёсий ва молиявий сабабларга кўра амалга оширолмади. Русиянинг Оврўподаги заиф ҳолати (масалан, Қрим уруши) Осиёда ортиқча бир маъно ифода этмас эди. Чунки Туркистон давлатлари Русиянинг жуда устун кучи ва ҳарбий техникаси билан тенглашадиган даражада эмасди. Бу хусусда Русия раҳбарларининг стратегик режаси бор эди: аввал синаб кўриш учун кичик-кичик хужумлар уюштириш, агар муваффақият қозонилса, кейин урушни кенгайтириш лозим бўлади.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан