loader
Foto

Ўзбек-қозоқлар орасида сиёсий тараққиёт учун ҳаракатлар

Бурундуқхон (1480 - 1511) ўзбек-қозоқларни ўз ҳокимияти остида бирлаштиришга ҳаракат қилган бўлса-да, мақсадига ета олмади. Душмани бўлган Бухоро ўзбекларидан паноҳ исташга мажбур бўлди ва кейинроқ шу ерда оламдан ўтди. Қозоқлар 1502 йилдан бери хонлар сайлаб қўйиладиган уруғ иттифоқида яшар эдилар, қабила султонлари мустақил ҳаракат қилар эдилар.

Қудратли Қосимхонгина (1441 - 1518) қозоқларни ўз ҳокимияти остида бирлаштиришга муваффақ бўлди. Бир миллионга яқин инсонни ўзига бўйсундирган Қосимхон 1503 йилдан эътиборан қозоқларнинг дав-лат раислигини ташкил қилди. У 1521 йилда Сайрам(Чимкентдан 16 км Жанубдаги Сайрам, эски Исфиджоб шаҳри Тошсой ва Тувалоқсой сойлари орасида жойлашган эди. Сайрам қалъаси X асрда ҳам вайрон қилинган эди. ХIII асргача Исфиджоб деб номланди. Бу шаҳар ҳозирги кунда бир қишлоқ ҳолига келган. Қаранг: П. Д. Иванов. К вопросу об исторической топографии старого Сайрама., «Бартольдга» асари, 151-164-бетлар.) шаҳрини ишғол қилди. Вориси Тоҳирхон даври қозоқларнинг парчаланиш даври сифатида маълумдир. Бу хон қозоқлар бирлигини асрай олмади. Тоҳирхон ўзига боғлиқ одамлар билан Мўғулистонга кўчиб кетди ва ўша ерда ўлди(Ўша замонда «Мўғулистон» деганда Олатоғга қадар бўлган тоғлик ўлка. Сирдарёнинг юқори қисми. Иссиқкўл ҳавзаси билан бирга Норин дарёси. Или дарёси тевараги Торим ҳавзаси ва Турфон воҳалари тушуниларди.).

Ундан сўнг Мамиш, Байдаш (1533 - 1534), Барақ ва Дарвишхонлар қозоқлар бирлигини янгидан қуришга интилдилар. Фақат Қосимхоннинг ўғли Ҳақназаргина (ўл. 1581) бутун қозоқларни қўл остида бирлаштиришга муваффақ бўлди. Унинг вориси Шиғайхон (1581 - 1583) Бухоро ўзбеклари билан иттифоқда бўлди ва Ясса шаҳрини ишғол қилди. Шиғайхоннинг вориси Таваккал (1583 - 1599) ташқи душманлардан ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлди. Таваккалнинг жияни Ўроз Муҳаммад Жанубий Сибирда руслар томонидан асир олинди. Таваккал жиянининг озод этилишини талаб этди. Руслар эса, Таваккал агар руслар билан биргаликда Жанубий Сибирь хони Кучумга қарши урушда қатнашажагини ваъда қилса, жиянини озод этажакларини айтишди. Таваккал русларнинг буйруғига бўйин эгиб, Кучумхонга қарши юриш бошлади. Бироқ, барибир, жиянини руслар асирлигидан қутқара олмади. Қозоқларнинг учта юзлиги (Улуғ Юз, Ўрта Юз, Кичик Юз) Таваккал даврида шаклланган» ҳақида тахмин қилинади. Таваккал ўзбек императорлигига ҳам қарши курашгандир. Бухоро атрофидаги жангда яраланиб, бунинг оқибатида 1599 йилда вафот этган. Бундан сўнг қозоқларнинг бирлигини ҳеч ким ҳимоя қила олмади (Riza Nur, 8-10-6. Тинишпаев, 46-51-6. Қозоқ хонлари ҳақида хато бир фикрни келтирган. Бу ҳолат «Қозоқ ССР тарихи», 1-ж., асарида ҳам такрорланади (М.Авезов нашр этган). Алма-Ата, 1951,185-190-6.). Улар қалмоқларнинг истилоси ўлароқ ўз мустақилликлари ва эркинликларини йўқотдилар. Таваккалнинг меросхўри Ишимхон(Riza Nur, VI, 10 6.; Togan, илова 3. В. Hayit, Nationale Regierungen; Kazak(28) 5 6. 180-6. ларга кўра асл исми Ишимхон эмас, балки Эсимхондир, салтанат даври эса 1598 - 1628 йиллардир.) таназзулга юз тутган ҳокимиятга эга бўлган ҳолда (1599 - 1640) қалмоқларнинг босқинига қарши курашди. Шу билан бирга қалмоқлар ғалабасининг олдини олиш имкони бўлмагани учун кўп ерларни бой берди. Чунки қалмоқлар Ботир Хунтайчи бошчилигида XVI асрнинг ўрталарида Зайсан-Балхаш кўллари ва Чу, Или, Аягуз ирмоқларини босиб олгандилар (Илья Яковлевич Златкин, История жунгарского ханство. Москва, 1964,169-170-стр.).

Ишимхоннинг вориси Жаҳонгирхон ҳам отаси каби қалмоқларга қарши урушни давом эттиришга мажбур бўлди. Айни вақтда Тавкехон (1680 - 1717) ҳам қалмоқларга қарши узлуксиз жанг қилди. Бироқ қалмоқларнинг муваффақиятли юришига қарши қозоқ тупроқларининг хавфсизлигини таъминлашга муваффақ бўлинмади. Тавкехон ҳокимияти даврининг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, у одат ва қонунларни мунтазам равишда тартибга солиб борди. Тавкехон қозоқларнинг бутун одат ва хуқуқ меъёрларини бир ерга тўплашни олти олимга буюрди. Тавкехоннинг шахсан ўзи аъзо бўлган бу илмий ҳайъатга Тули Алибек раислик қилар эди. Қонун куллиёти Оҳангарон ирмоғининг ўнг қирғоғидаги Култепада ҳозирланди. Бу қонунга уни тайёрлашда иштирок этган етти олимнинг исмига боғлаб, «еттилар васияти» (Жети Жарға) деб ном берилди (Тинишпаев, Киргиз-казаки в XVII - XVIII веках, Труды обшества изучения Киргизстана, VI, 6-6. Вяткин, Очерки истории Казахской ССР, I. Москва, 1941. 119 б. «Жетижарға» Тауке хан (Таукехон қонунлари) деб ҳам номланади.).

Тавкехоннинг халафи Болатхон ҳам қалмоқларнинг босқинига қарши кўрсатган ташаббуслари билан кўзга ташланади. Бу орада қалмоқлар 1709 йилда Полтавада русларга асир тушиб, Буххолц ҳарбий разведкасида хизмат қилган ва Иртиш дарёси атрофида 1715 - 1716 йилларда қалмоқлар томонидан асир олинган швед тўпчиси Йохан Аугуст Рентдан замонавий тўп ясашни ўрганиб олишади. Бу ҳолат қозоқ даштидаги жанг тарзини тамоман ўзгартириб юборади. Бу даврда қозоқларнинг тўпчи бирликлари йўқ эди. Қалмоқлар эса нисбатан кичик тўплардан қозоқларни Ўтга тута олар эдилар. 1723 йилда қалмоқлар тўплар билан қозоқларга қарши катта юриш бошладилар. Қозоқлар «Ақтабан Шубранди» деб атаган машъум бир фожиа бошланди. Ҳимоясиз қолган қозоқлар қочардилар, оч-яланғоч эдилар ва йўлларда хасталаниб ўлардилар. Қалмоқлар қўлига тушган ҳар кимса ваҳшийларча йўқ қилинарди (Қалмоқ босқини натижалари ҳақида қаранг: М. Тинишпаев, Ақ Табан Субринди, «Бартолъду», 57-68-6.). Ҳақиқатан ҳам, XVI юзйилликнинг ўрталаридан то 1730 йилга қадар давом этган қалмоқ-қозоқ урушида қозоқларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи бор эди. Шу билан бирга қозоқлар яхлит бир давлат ташкил қила олмадилар(Вяткин, 106-6.). Қозоқларнинг қалмоқлардан мағлубияти ва даҳшатли даврнинг бир хотираси ўларок «Элим оҳ» туркуси ҳозирга қадар халқ хотирасидан кўтарилмаган.

XVIII юзйилликнинг бошларида Туркистоннинг шимолий қисмига русларнинг хужуми бошланишидан аввал қозоқларнинг мавжудлиги кучлари заиф бўлган уч юзлик кўринишда яшашидагина кўринарди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг

"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан