loader
Foto

Шарқий Туркистонга ҳижрат

Ҳар қанча соқликбилан бу ердатурган бўлсакҳам ишимиз кундан-кунга қўрқинчлик эди. Агар бу йўл яна золимлар қўлига тушар эканман, у вақтда мен учун қандай жазолар қўллашлари маълум эди. Шунга кўра солор(Йирик дунган қабилаларидан бирининг номи.) дунганл аридан Юсуф қори деган бир шогирдим кўп қийинчиликлар билан Тошкентдаги Хитой консулидан Исмоил охун номида ясама паспорт қилиб менга келтириб берди. Бу келгунчалик Тўқмоқдаги оилаларим билан кўришиб, сафар ҳаракатларини бажариб турдим. Шу орада бизнинг қадрдон оғайниларимиздан ва ҳам қўшқудамиз, узун йиллар Тўқмоқда турган, асли тошкентлик, [кейинчалик] Ғулжада вафот топган Шоҳидоят қорим бутун бойлигидан ажраган ҳолда ҳеч ерга сиғмаганликдан қочиб Сўқулуққа келмиш эди. Ўзимни билдирмай туриб, бошқалар орқалик унга ёрдам етказиб турдим. Биринчи ётган еримда беш-олти кундан ортиқ турмаган бўлсам ҳам, иккинчи ўрин - атрофига беда босган қамиш чодир ичида эллик икки кун турдим. Сўнгра кўнглимга бир ташвиш тушгандай бўлиб,у жойдан бошқа бир жойга ўтдим. Худо сақламиш экан менкўчиб эртаси куни бир милиция билан икки киши келиб, том усти чодирларигача чиқиб текширибдилар.



Байт:

Кишини сакдаса у Ҳолиқи Пок,

Заҳар оғизда бўлғай мисли тарёк.



Шу иш бўлгандан сўнгра бу ердан ҳам тезроқ йўткалишимиз(Алмашиниш, жой ўзгартириш (уйғурча).) лозим кўриниб, Шарқий Туркистонга ўтиш нияти билан иккинчи мартаба сафар жамалғасини қилишга киришдим. Ўз дўстларимиздан дунган Хиёз мутавалли ҳам биз ўхшаш қочоқлардан эди. У билан кўришиб, ҳамсафар бўлишга ваъдалашдик. Йўлга чиқишга кун белгилашиб, шу кечаси барча аҳбоб, ёр-дўстларимиз йиғлашиб келишдилар. Тариқат аҳллари одатларича хатм ўқиб, дуо-фотиҳа ўтказган сўнгида Оллоҳга таваккал қилиб, Сўқулуқ устидан тўртинчи Чуй станциясига қараб арава билан йўлга чиқдик. Эртаси куни Чуй сувидан кема орқалик у томонга ўтиб кетаётганимизда қуроллик рус тўсқовуллари олдимиздан чиқиб бизни текширгани турди. Хуржун-халажларимизни ағдариб барини кўриб бўлгач, йўлдошимдан паспорт сўради. Худо ўнглаб ўз отига олган хитой паспортини кўрсатган эди, бир нарса умидида йўқдан чатоқ чиқариб, бизни кўп қийнади. Бу ерда энг ҳайрон қоларлик иш шулки, йўлдошимни шу қадар узундан-узун текширган ҳолда негадир мендан бир оғиз ҳам сўз сўрамай кетаверди. Ортидан биз дағи йўлга тушиб шу юрганимизча хуфтон вақтида Чуй станциясига етдик. Беш-олти соат ўтиб Олмаота поезди келгач, тушиб жўнадик. Сари Ўзак деган жойга келганимизда шу ерга тушиб қолдик. Турксиб поезди эса шимолий томон - Сибирияга қараб бурилиб кетди. Кеч куз вақти, совуқ қаттиқ бўлиб, қор бўрашалаб(Бўрон, шамол аралаш.) ёғиб турган эди. Поезддан тушган кишилар баримиз станциядаги бир кичик уйга кириб ётдик. Кун изғирин, печкага ўт ёқилмаган эди. Қарасам, ҳар тарафдан жон қутқариб чиққан одамлар, кўплари биз ўхшаш ўз элига сиғмаган, золимлар томонидан ноҳақ қувғинга олинган ҳақсизлар экан. Бу ерга келганимизда шундай сўз чиқдиким, олдимиздаги йўл усти манзилда ГПУ аскарлари йўловчиларни қаттиқ текширув остидагина ўтказар экан. Агар бирорта шубҳалик одам, топилиб қолган ҳолда уни йўлдан қайтаришгина эмас, балки қўлга олиб қамаб қўйишлари яқинроқдир. Мана бу сўзни эшитгач, Тошкентдан чиққан Хитой элчихона хизматчиларидан бошқа ҳамма кишилар қўрқувга тушиб йўлдан қайтмоқчи бўлдилар. Қарасам, бечораларнинг қуввати қочиб, ранглари учган, бир-бирларига ишонолмаганлиқцан сирлашиб маслаҳат қилиш каби ишлар халқ ўрталаридан бутунлай кўтарилган. Ўзлари кулган бўлиб кўринсалар ҳам кўнгиллари ғам-қайғуга тўлганликдан юзлари сарғайган эди. Бу ишга ҳаммадан кўпроқ мен қайғуришим керак эдиким, зулм ҳукмларини мени м устимга юклаганлари учун қаршилик кўрсатмиш эдим. Аксинча кўнглимга бошқалар каби ортиқча қўрқинч тушмагач, Оллоҳга таваккал қилиб олға юрмоқчи бўлдим. Умрим ичида қанчалик оғир ишларни, кўп кўрқинчлик кунларни бошимдан кечирдим. У чоғда кўнглимдаги имон-эътиқодим, Оллоҳга ва унинг ҳақ Пайғамбари Муҳаммад-алайҳиссаломга қилган муҳаббатим эса мен учун энг кучли кишончим ва энг ортиқ суянчим эди. Начора, бу каби диний ишлар сирларини ўзи татимаган бечоралар қайдин била олсинлар? Иймонлик кишиларга ҳар вақт бу улуғ давлат насиб бўлғусидир.

Таниган-билган одамларга бу йўлдан қайтмасга маслаҳат берган бўлсам ҳам, ҳеч қайсилари бунга журъат қила олмадилар. Улардан ажрагач, хаёл суриб, уйдан чиқишим билан тарақлаб кетаётган уч-тўрт бўш араваларга кўзим тушиб уни тўхтатдим. Қарасам, биз юрар йўл устидаги қишлоққа борадиган руслар экан. Улар билан келишиб аравага тушгандан сўнгра кечгача юриб, бир катта саройга етдик. Бу эса неча томонлаб, айниқса, Олмаота улуғ йўлининг келиб қўшилган еридан қурилиб, ўз вақтида кўп обод кутилган бўлса ҳам, инқилоб бузғунлигида уни эгалари ташлаб қочган эканлар. Олмаота, Челак, Норин, Толғор, Қўром қишлоқларидан уй-жойларини ташлаб, бола-чақалари билан чиққан мусулмонлар билан шу ерда кўришдик. Лекин бола-чақа билан кўчганлар кўпинча консул орқали Хитой паспорти олганликдан уй-асбоб, аравалар билан чиққан эканлар. Бу сарой ичига кирганимдан кейин энг ачинарлик оғир бир манзара кўзимга кўрина бошлади. Шундоқки, кун қаттиқ совуқ, ўт ёққан, сарой кутган ҳеч ким йўқ. Ичига похол тўшаган бўлса ҳам, оёқ остида пайҳон бўлган, узундан-узун қоронғу уй ичида юзлари қайғулик кишилар тиқилиб ётмиш эканлар. Совуққа чидаёлмаганлар эса уй ичида ўт ёққанларидан бурун ёргудек аччиқ тутун билан уй тўлмиш эди. Айниқса, ўзи бемор бир ёш хотиннинг оёқ остида ётган икки касал болалари устида термулиб йиғлаб, ўлтирганини кўргач, унга қаттиқ ачиндим. Бало тушганда бари кишилар ўзлари билан бўлишиб, раҳм-шафқат каби фазилатлик ишлар ҳам ҳақиқий мўминлардан бошқа кишилар кўнгилларидан бутунлай кўтарилар экан. Йўлхат текширувчи тўсқовуллар олдимизда бўлиб, бошқача ўтиш мумкин бўлмаганлиқцан баримиз қўрқинчда қолдик.

“Садақа балони қайтарур”(Бухори, 3/1340-41, 1343.) деган Пайғамбаримиз сўзлари хотиримга келди эрса, икки боласи билан очлик-яланғочлиқда ётган касал шу хотунга таом ва ақчадан садақа бердим. Уни суюнтирган ҳолда шундай кўчага чиқсам, бир юк машинаси келди. Унга қараб: - Бизни Олтин эман довонига элтиб ташла, сенга мунча ақча берамиз, - десам, у ҳам: - Бир шартим бор. Икки той юким тоғдан ўйга(Пастлик, жарлик, жар.) қулаб кетган. Шуни чиқаришиб берсанглар, сизларни олиб кетар эдим,- деди. Биз буни ғанимат билиб дарҳол машинага тушдик. Бироқ ўзимизни ишчиларга ўхшатиш учун сафар белгиси хуржун-халашларимиз кўринмаслиги керак эди. Шунинг учун қўлларида йўлхатлари бор, бола-чақалари билан аравалик кетаётган, Олмаота атрофидан чиққан торончиларга(Шарқий Туркистоннинг жанубидан Или дарёси бўйларига кўчирилган уйғурлар, мўнғулча “экинчи” демақдир.): - Тўсқовул олдидан ўтиб олгунимизча шу нарсаларни аравангларга солиб қўяйли”, - деб илтижо қилсакҳам қабул қилмадилар. Сўнгра шу ёққа ҳукуматнинг молини юклаб кетаётган рус аравакашларига беш-олти сўм ақча бермоқчи бўлиб хуржунларимизни топшириб бериб, йўлга тушдик. Шу билан бизни тўсқовуллар олдидан тарақлатганича ўтказиб, беш-ўн чақирим юргач тоғ белига тўхтади. Ваъдамиз бўйинча сой ичида ётган икки той юкни минг машаққатлар билан юқорига чиқаргач, машинасига солишиб қўйдик. Олтин эман ошувини ошгандан сўнгра Бошчи саройига тушдик. Бу ерда Сўқулуқ дунганларидан Хонжоз халфа деган киши, от-арава, бола-чақалари билан бу саройда ётган экан. Олтин эман довонида қор-бўронга қолишганлиқцан икки қўлини совуқ олиб, ишга ярамай ҳайронлиқца турмиш эди. Мен учун бу иш кўпқулай кел-гани устига булар ҳам мен каби ишонимлик ёрдамчига муҳтож эдилар. Шунингучун баримиз биргаликда ишимиз ўнгланиб, аравачи хизматини бажарган ҳолда йўлга туш-дик. Орада икки қўниб, Бўри ғужур қишлоғига етганимизда қарасак, бу ерга юқоригилардан ҳам қаттиқроқ тўсқовул қўйилмиш экан. Шундай бўла туриб, ичаро(Шу ерлик, шу ерда ишлаб юрган.) аравачиларидек қамчини судраганимча қоровулхона, олдидан ўтиб ўн беш чақиримча юргач, саломат Ёркант шаҳрига етдик. Бу ердан Хитой чегараси Қўрғос қирқ олти чақирим йўл бўлиб, Шарқий Туркистонда бўлган Жунғория ўлкасининг ғарбий чегараси ҳисобланганликдан бу шаҳар илгари-кейин тарихий ва сиёсий катта аҳамиятга эга эди. Бу ердаги кўпчилик турғун халқбу тарихдан тахминан икки юз йилларча илгари Олти шаҳардан келтирилган, асллари уйғур бўлса ҳам ўзаро торончидеб аталади. Буларнинг келиб чиқиш тарихлари вақти келгач ўз ўрнида ёзилғусидир.

Бу шаҳар чор ҳукумати вақтида ободон бўлиб, яхшигина безатилмиш эди. Айниқса, бу ернинг энг буюк обрўлик бойларидан хайр-саховатлик давлат эгаси марҳум Валибой эдиким, энг сўнгги оқ подшоҳ чақириғига борганида унга хурмат либоси кийдирмиш эдилар. Бу киши Хитой пойтахти Бежин(Бежин - Пекин.) шаҳридаги аждарҳо суратида ясалган хон саройи нусхасида қилиб Ёркант шаҳрида бир масжид ибно қилдирган эди. Ҳозирги кунларда эса уни ҳукумат ўз қарамоғига олмишдур.

1931 йили биз ўтганимизда шундайин харобликка келмиш эдиким, ҳуқуқ эгалари бўлган энг тубанги баъзи ишчилардан бошқа бутун шаҳар халқи қочиб чегарадан ўтмиш эдилар. Илгари кенг, боғу бўстон жойлари эса, биз келар кунлари бахтсиз мазлумлар кўнгиллари каби синдирилган ҳолда, кул тепаларга айлантирилмиш эди. Биз дағи бойўғли қушларидек бўлиб, шу чолдевор хароба уйларнинг бирига тушиб жойлашдик. Мана шу ерда мен ташвиш остида Худога сиғиниб, арангдан зўрға икки кун турган сўнгида Абомуслим деган бир торончи болани йўлбошчи қилиб, шаҳардан чикдик. Ўз ишида моҳир бўлгани учун ҳамманинг овқат ейиш вақти чох тушда олиб чиқмиш эди. Шаҳар четига чиққач, мозор олдидаги қалин қамиш ичида укки қушдек оқшом қоронғуси тушгунча шу ўринда чиркайга(Чивин (қирғизча).) таланиб ётдик. Кўз қоровлашиб қоронғу тушган чоғда йўлбошчимиз яёв, биз икковлон отлиқ йўлга тушдик. Чегарага етгунча қишлоқ оралатмай яширин йўллар билан юриб ўлтириб, Оқтом қишлоғи сиртида бир чақиримча ердан ўтаётганимизда ҳуриб ўтган бир ит товуши йироқдан эшитилиб турмиш эди. Бу ердан ўн-беш чақирим чамали йўл юрганимиз сўнгида чуқурроқ бир сойлик ерга келгач бироз дам олмоқчи бўлиб тушдик. Сўнгра йўлбошчимиз: - Қани юрайли, - деб турди эса, биз дағи эргашганимизча юравердик. Бир-икки соат йўл юрганимиздан кейин йироқдан қалин дарахтлик қишлоқ кўриниб эди, икки соат илгари ҳуриб турган ит товушини яна йироқдан эшитиб қолдим. - Адашган ўхшаймиз, пайқаб қарайли, - деб йўлбошчимизни тўхтатдик. Син-чиклаб қарасак, орқамизга қайтиб, тўппа-тўғри яна Ёр-кантга кетаётган эканмиз. Буни кўргач, йўлбошчимиз қаттиқ қўрқинчга тушди. Йўлсиз тўқайларнинг ичи билан, юриб ўлтирганимизча Қум тоғи этагига етдик. Қумдан-қумга ошиб ўлтириб, тўрт томони тоғдек қумлар билан саксовулликбир озголга(Чуқурлик, ўй.) тушгач, бўрон-шамол бўлиб, қор ёға бошлади. Ичар сув йўқлигидан қор эритиб ичдик. Ёққан саксовул ўтида ҳўл бўлган усти-бошларимизни қуритиб, ўт ости қизиган қум устида ётдик. Кеч билан шу эшилган қум тоғлари ичидан оралаб юрганимизча эртаси тонг вақти билан чегара Қўрғос сойи устига етдик. У вақтлар 1931 йили тикан симтўри тўсилмаганликдан ҳар бир соатда чегара соқчиларидан икки отлиқ аскар узилмай қатнаб турар эди. Отларимизни панароқ бир чуқур ичига бойлаб қўйиб, ўзимиз эса буларнинг ўтиб кетишини юқоридан пайқаб турдик. Ўтишлари билан тўхтовсиз юқоридан тушганимизча Қўрғос сувини кечиб, Хитой чегарасига ўтдик. Оллоҳ ёрдами билан бу йиртқичлардан қутулдик.

Энди иккинчи хитой йиртқичларига йўлиқмаслик чорасини қилишимиз керак эди. Йўлбошчимиз киши билмас яширин йўллар орқали юриб ўлтириб, тун яқинлашганда белгиланган ерга етказди. Шу билан ҳаёт оламини азоб зиндонига айлантирган большевик зулмидан вақтлик бўлса ҳам қутулгандек бўлиб қолдик. Кўзимизга бу ерлар бошқа жаҳондек кўринмакда эди. Тун бўйи юриб чарчаган кишилар донг қотиб ухлаб қолмиш эдик. Уйғонишимиз билан саройчимиз: - Ҳой меҳмонлар, ҳукумат исковучлари келиб қолмасдан илгарироқ бу ердан қўзғолиб кетсанглар баримизга ҳам яхши бўлур эди, - дегач, дарров ҳаракат қилиб йўлга тушдик. Бироқ сафардан келаётганимизга белги бўлгудек бирор нарсамиз-да бўлмагач, сўқма йўлни қўйиб, қатнов йўлга кирдик. Бир-икки чақиримча юрганимиздан кейин йўл бўйича қурилган хитой аскархонаси борлиги йироқдан кўринди. Бундан қирқ-эллик қадам юқорироқ жойда ясалган минорача устида ҳам бир қоровул ўтган-кетганларни текшириб турмиш эди. Булар олдидан ўтиш биз учун анча ғир бўлса ҳам бошқа чорамиз йўқлигидан ўтишга мажбур эдик. Бироқ биз у ерга яқинлашаётганимизда, нима бўлди экан, қараб турган қоровул юқоридан аскархона кўрғонига кириб кетди. Буни кўргач, биз ҳам от юришини тезлатиб қўрғон эшигидан эллик қадамча ўзган эдикми, “ҳўй-ҳўй” деган чақириқ товуши кела бошлагач, йўлдошимга: -Қарама, қарама, - деб, эшитмаган кишидек кетавердик. У ҳам иккинчи чақирмай, Худо ўнглаб, бундан ҳам зиёнсиз ўтиб олдик.

Шу билан юриб ўлтириб ўрталикдаги тўқай ичида кета-ётганимизда чегара сақловчи шива-сўлон(Кўчманчи хитой қабилаларининг номлари.) черикларидан(Аскар (чиғ. туркча).) қуроллик бир отлиқ одам олдимиздан чиқа келиб: - Ҳой, тўхта! Қаердан келасизлар? Нарёқдан ўтган кишиларга ўхшайсизлар. Йўл хатларинг борми? - деб, бунинг даҳшатини кўргач, бошқа сўз айтгали бўлмади. Хиёз охун хитой паспортини кўрсатиб эди, унга қарамай ёнига солиб олиб: ёмулга(Идора (хитойча).) юринглар! - деб бизни ҳайдаганича йўлга тушди. Йўлдошим иккови хитойчалаб нари-бери айтишиб, ярим соатча юрганимиз сўнгида қарасам иш кўпаядиган ўхшайди деб, бир тадбир ишлатмакчи бўлиб: - Ҳой лўя(3обит, офицер (хитойча).), рухсат қилинг, таҳорат синдириб олайли,- деб шу ерга тушдик. Сўнгра уни четга чақириб: - Бу кишининг бўлса паспорти, кучлик йўл хатлари бор. Қаерга олиб борилса ҳам фойдаси йўқ, қуруқ оворачилик бўлади. Ундан кўра бир оз чой пули олиб берсам, қандай бўлар экан? - деган эдим, “чой пули” қулоғига киргач: “Моху(Яхши, маъқул (бузиб талаффуз қилганда “моху”).), моху”,- деб дарров сўзи юмшаб қолди. Йўлдошим бунга рози бўлмаган бўлиб турса ҳам, мен зўрлагандек бўлиб кўриниб, йигирма тангани қўлига беришим билан орқасига қарамай чопганича кетди.



Байт:

Қадри йўқ гавҳар сўзинг олчоқ кишилар олдида,

Дурни таҳсанг на билур, ит оғзига ташла суяк.



Шу билан бунинг ҳам оғзи ёпилиб қайтиб кетиши билан биз ҳам шу юрганимизча юриб ўлтириб, Суйдунг шаҳрига етдик. Бу эса Или ўлкасида қурилган шаҳарлардан бири. Йўловчилар саройида бир кеча ётиб, эртаси куни Ғулжа шаҳрига қараб йўлга тушдик. Бир соатча йўл юрганимиздан сўнгра Кура шаҳрига келдик. Кура Или ўлкасида қурилган тўққиз қўрғон ичида энг аҳамиятлиги, айниқса, ҳарбий томондан ўлка бўйича ҳукумат маркази ҳисобланур эди.

Бу ерга келгач, эркин ҳаётда ўз ихтиёрича яшаётган бахтлик кишиларни кўриб қаттиқ таъсирланмиш эдим. Чунки коммунист ҳукумати қурилган кундан бошлаб буларнинг шумқадамлигидан тирикчиликка керак ҳар нарса каҳатчиликка учраган эди. Чегарадан ўтгач қарасак, дўконларда ҳартурлик моллар тиқилиб ётибди. Бошқа давлатлардан келтирилгандир деб гумон қилиб сўрасак, бу молларнинг ҳаммаси совет томонидан юборилмиш экан. Бу ҳукумат қурилган кунидан бошлаб ўз халқининг ҳар қандай қийинчилик, оғир аҳволда яшаётганига қарамай, балки бутун нарсаларини иқтисодий тузоқ қилиб, бошқаларни ҳам бу йўлга тортиш учун чет элларга чиқариб туришни ўзига қонун тутмиш эди.Совет ҳокимияти остида эзилаётган ерлик халқлар эса бутун оиласи баробар жон кучлари билан ишлаб, ўз тупроқларидан чиқарган ҳалол меҳнат молларининг юздан бирига ҳам эга бўлолмайдилар. Ёлғизгина меҳнат ҳосилотига эга бўлмаслик эмас, балки булар қўл остида яшовчи кишилар эса инсоният ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум этилган ҳолда ҳайвонларча эрк-ихтиёрсиз хизмат этишга мажбурдирлар. Дунё яратилиб инсон насли ер устига тарқалган кундан бошлаб ҳеч бир замонда бу каби ақлдан ташқари бузуқ маслакли, олчоқ одамлар халқ устида ҳукмрон бўлмаганлиги маълумдир. Шунинг учун “Энг оғир, даҳшатли кун қайси?” деб Пайғамбаримиздан биров сўраганда, “Ҳаромзода ўғли ҳаромзодалар халқ устидан ихтиёрсиз ҳукм юргизса” -дедилар(Бухорий, 15/7045 га биноан; Бухорий, Китобун-никоҳ, 11, 160-ҳадис (арабча нусха).). Яна Расулуллоҳнинг айтишларича, ҳар бир инсон умри узилгунча офат-балолар ичра яшамоққа маж-бур. Лекин ҳаёт оламида бўладиган барча балолар ичида бутун халқ учун энг ёмонроғи кўр бало экандир. Чунки бундан Пайғамбаримиз ўзлари ҳам паноҳ тилаб, ундан сақланишга буюрдилар.(Бухорий 4/6297, 6507 дагилардан мулҳам ифода; Аҳмад ибн Ханбал, муснад. 4-жилд, с.420; 3-жилд, с.419 (арабча нусха).)

Энди, кўр балоси қайси, деб сўралурса, ўзлари билмаган, билмаганларига тушунмаган бирмунча жоҳил нодонлардурким, ақллик олимлар бошлиқ бутун халқ устидан қурол кучи билан мажбур равишдаҳукмрон бўладилар. Халқ тақдири бутунлай булар қўлида бўлгач, улар учун булардан энгдаҳшатлик, зарарли офатлар туғилади. Шунингучун ҳар ишда тўғрини эгридан, яхшини ёмондан ажратгудек ақл-фаросатдан йироқ бўлган ҳукумат бошчилари эса бечора халқ бошига келган кўр бало бўлишлари шубҳасиздир.

Пайғамбаримиз айтдилар: - “Мен Оллоҳтаоло томонидан бир йўл келтирдим. У эса ёруғ, юмшоқ, текис йўлдир. Тўғри йўлдир. Боши бу дунёда бўлиб, нариги боши у дунёда жаннатдир. Бу йўлнинг қоловузи Муҳаммад алайҳиссалом, қўлланмаси - Қуръондир. Агар умматларим анинг кўрсатганича динларини кутиб, у йўлдан четга чиқмас эканлар, бутун офатлардан омонда бўлиб, Оллоҳ ризосини топгайлар.(Термизий, Маноқиб, 31 (арабча нусха)даги ҳадисга ишорат.) Агар бундай бўлмас экан, Оллоҳ айтди, аларнинг бошига бир бало юборурманким, ҳар қандай билимлик, доно кишиларни ҳам ҳайронликда қолдиради”.

Мана Расулуллоҳ айтганларидёк бутун дунё бўйича энг етук сиёсий арбобларни ҳайратга қўйиб, чорасиз қолдирган нарса эса шу устимиздаги коммунизм балосидан бошка эмасдир. Чунки юқорида айтилган Пайғамбаримизнинг мўъжиза сўзлари шу кунларда бўлаётган ишларнинг нақ ўзи эканлигини кўриб турамиз. Энди бу каби балолардан қутулиш учун Расулуллоҳ кўрсатган ҳақиқий Исломиятга, Қуръон кўрсатган йўлга қайтишдан бошқа чора йўқдир.

Яна ўз сўзимизга келдик. Сари Ўзакдан чиқиб, Ғулжа чегараси томон беш-олти кун йўл бўйлаб келаётганимизда мени энг ачинтирган нарсалардан бириси кўчманчи қозоқ қардошларимизни энг оғир аҳволда кўришим эди. Чунки совет тупроғи бўйича қайси ўлкада бўлса ҳам ҳеч бир миллат булар каби вайрончиликка учраб, қаттиқ зарар кўрмаган бўлсалар керак. Бунга далил инқилоб олдида саккиз миллион ҳисобланган қозоқ халқи ҳозирги тарих 1968 йилда олинган маълумотга кўра, уч миллион қолмишдир. Айниқса, Балхаш кўли атрофидан бошлаб, Қоронкўл, Қизилжар қалаларигача сувсиз, экинсиз Қорақум чўлларида яшаётган, чорвачиликдан бошқа қилар овқатлари бўлмаган, ўзлари учун, халқ учун мол боққан бечора кўчманчи ерликларнинг қўлларидаги борлиқ молларини бу раҳмсиз, тошюрак малъунлар бирданига тортиб олдилар. Бунинг натижасида тирикчилиги ёлғиз чорвага боғланган қозоқ халқи очликдан қирилиб кетди. Бунга қарши ўзларини халқ ғамхўрлари атаган давлат арбоблари - коммунист раҳбарлари ҳеч қандай чора кўрмадилар. Йўқса, ўттиз биринчи йил бошланиб, ўттиз учинчи йиллари тўлиқ кучга кирган, Қозоғистон бўйича тарқалган очарчиликдан қозоқ халқи бутунлай қирилишга бошлади. Ўша кунлари эса Қирғизистонда Қоракўл, Иссиқкўл атрофидан келтирилиб кўл бўйларига тахлаб қўйилган ҳисобсиз арпа-буғдойларнинг, олишга навбат етмаганлигидан, ости-усти чириб ярим газдан кўкариб ётмиш эди. Ерлик халқларнинг ўлик-тириклари бу динсизлар олдида баробар бўлганлиги учун, ўзларидан босиб олган ҳисобсиз буғдойларнинг ҳар ерда чириб ётишига қарамай, халқнинг қирилишига рози бўлдилар. Энди эса энг ҳайрон қоларлик иш шулки, нақадар қурбонлар бериб ўтказган оғир кунларини унутган ҳолда туркулусинингаслўғиллариқирғиз-қозоққардошларимиз диний-миллий ҳисларини йўқотиб, бўйи сақланиб кела-ётган она тилларидан ҳам ажраш устида турадилар. Она тилдан ажради, демак, инсоният ҳаққини сақлаёлмай ҳаёт оламида бошқалар ҳисобига яшаганликдан инқирозга учраб, тарих юзидан бутунлай ўчирилди демакдир. Энди бунинг бирдан-бир чораси диний ҳислари йўқолган бўлса ҳам, миллий ҳисларини сақлаш учун турлик йўсиндаги она тил адабиётларини кўтариб, илмий тиллар қаторига етказишлари лозимдур.

Шу сафаримда чегарага еткунимча оч-яланғоч болаларини туяга юклаган, орқада очликдан қалдирашиб(Гандиракламоқ.) пиёда юролмай кетаётган эр-хотин, қозоқ аёлларига йўл бўйлаб кўп учраган эдим. Ўша вақт улардан қаттиқ таъсирланганим учун чегарадан ўтгач, уларни эскариб, кўрган аҳволни ёзишга мажбур бўлдим.

Шу билан Курадан чиқиб, Ғулжа томонга қараб йўлга тушдик. Тахминан йигирма беш чақиримча юриб Ғулжага яқинлашиб келганимизда Бўёндой шаҳри харобаси ёнидан ўтишга тўғри келди. Бу эса Кошғарда ўн икки йил ҳукум сурган 1270 тарих ҳижрийда (милодий 1853 йилда) бутун Шарқий Туркистон ўлкасини хитой босқинчилари қўлидан ажратиб олиб, уйғур турклари томонидан хон кўтарилган Ёқуббек оталиқ(Олий ҳокимлик унвони (чиғ. туркча).) даврида бу шаҳар хароб бўлмиш эди. Шундоқки, Уйғуристон-Олтишаҳардан Или ўлкасига аскарлик хизмати учун хитой хони буйруғи билан мажбурий равишда кўчириб келтирилган уйғур торончилари хитойларнинг зулмларига чидаёлмай, дунган мусулмонлари билан бирлашган ҳолда золимларга қарши қўзғолмиш эдилар. Бу ёқдан Ёқуббек оталиқ жанубий Олти шаҳарни хитой босқинчиларидан тозалагач, шимолий томондаги Жунғория маркази ҳисобланган Урумчи шаҳрини иттифоққа келмаган, сулҳга унамаган жоҳил дунганлар билан уришиб, ғалаба козонгандан кейингина қўлга келтирди. Сўнгра шимолий томондан келиб, бутун Ғарбий Туркистонни босиб олган рус босқинчиларга қарши сиёсат қўлланиб, Ғулжа ҳокими торончи Қорасултонни бирлик-иттифоқликка ундаб элчи юбормиш экан. Бу жоҳиллар бошчиси ўзининг онгсизлигидан асосий мақсадни тушунмасдан уларни рад қилиб, қуруқ қайтарди. Йўқ эса, оталиқ талаби билан ўша вақтдаги Туркия султони Абдулазиз халифа томонидан юборилмиш олти нафар турк афандилар уйғур-ўзбек ўғилларидан тузилмиш оталиқ аскарларини бутунлай янги интизом остига олмиш эдилар.

Ёқуббек оталиқ Ҳиндистон маликаси Англия қироличасига икки қайта, Туркия султони халифа Абдулазиз ҳазратларига итоат билдириб бир марта элчи юбормиш эди. Бунинг натижаси бўлиб, ўзининг манфаати учун қиролича томонидан биринчи навбатда ўн минг, иккинчи навбатда эса йигирма тўрт минг пистонлик милтиқ сов-рун берилмишдир. Халифа томонидан эса оз-кўп уруш қуроллари билан аскар ёсолларини ҳарбий хизматларни йўлга қўйиб тартибга солиш учун юқоридаги афандилар келмиш эдилар.

Мана шулар орқалик Ёқуббек оталиқнинг яёқ(Пиёда.) аскарлари ва бошқа бутун ҳарбий ишлари эса турк аскарлари тартиблари бўйича тузилмиш эди. Шу сабаблик ўзларидан қанча кўп ортиқ қарши аскарларни енгиб, оз фурсат ичида Урумчи шаҳрини қўлга келтирдилар. У ердан ўтгач Қутибий, Сонжий, Шихуга яқинлашганларида бунга қарши шошилинч равишда Олмаота губернатори қўмондасидан чиққан рус босқинчилари Ғулжани босиб олдилар. Шу билан қанчалик мусулмонлар қонлари бадалида янгигина қурилган Қорасултон давлати асоссиз иттифоқсизликдан руслар билан бир тўқнашувга ҳам ярамай, заволга учради.

Энди устида шунчалик тарихий сўзлар ёзилишга сабабчи бўлган Буёндой харобасидан ўтганимиздан сўнгра шаҳарга қарашлик Дўнг маҳалла билан Қўрғонтеги Кура дарвозаси остига келдик. Ўрта аср турмушларини эскартган хитой одатларига кўра шаҳар чевралари(Атроф, теварак (чиғ.туркча)) беш-олти метр эгизликда тупроқ қўрғонлари билан ўралиб, тўрт томонидан тўрт дарвоза қўйилмиш эди. Дарвоза тошида от туёғи ботгудек балчиқ кўрмаган бўлсак ҳам дарвозадан киргач, тиззадан юқори сассиқ қора ботқоқ кечиб шаҳар ичига кирдик. Сўнгра сўраб ўлтириб, бир ерда туғилиб, бир кентда ўсган, Тўқмоқдаги ўз маҳалламиздан кетишган уйғур Олмосбек ҳожи ўғиллари Турди охунбек, Қурбонтой қори уйларига келиб тушдик. Уй эгалари бошлиқ зал тўлган одамлар югурганларича чиқишиб бизни қарши олдилар. Қарасам, шунча кўп кишилар ичида бирови ҳам ёт эмас. Тўқмоқ, қоракўллик, кўриб-билиб юришган ўз оғайниларимиз эканлар. Киши тонг(Ҳайрон, ажабланарли, ажаб (уйғурча).) қолурлик ишдурким, менинг учун қайғуришиб сўзлашиб ўлтиришган вақтларида сўзлари ҳали тўхталмай туриб устиларига келган эканмиз. Мени кўргач, барилари ҳаждан келган оталарини кўргандай бўлиб қувонишиб кетдилар. Айниқса, қоракўллик уйғурлардан Иброҳим охун Оқтасма, яна бирови оти эсимдан чиқмиш савдогар йигит, бу эса Тўқмоқда турган чоғда кезик(Тиф (чиғ.туркча).) касалига мубтало бўлмиш эди, меним тажрибам сабаблик шифо топган эди. Бошимда эски қулоқчин, усти-бошим ҳароб, оёғимда ишламчи(Ишчи, оддий.) ўтуги, мени бу ҳолда кўргач, ичлари оғриганликдан кўнгиллари қайғуриб, кўзлари ёшланмиш эди. Кўришмаган, қулоқ ошиқ дўстларимиз ҳар ерда кўп бўлгани учун менинг келганим буларга байрам кунларидек кўриниб, уққан-билганлар узоқ-яқиндан ҳафта ўн-кунлаб узилмай келгани туришди. Уч кун ўтмай туриб бош-оёқ, кийим-кечакларимиз янгиланиб, ёр-дўстларимиз томо-нидан зиёфат чақириқлари бошлангани турди. Шу ер одати бўйича бошлаб Турдиохунбек бизнинг ҳурматимизга бутун Ғулжа бой савдогарларини, қози, муфтий, аълам(Етук қонуншунос, шариат илмида касак даража соҳиби (арабча)), охунлари бошлиқ кўзга кўринар кишиларни чақириб, бир улуғ зиёфат ўтказди. Бунинг туганчисида боши кимхоб тўн, оёғи тоза нарсадан кўйнак-иштон бир тўққиз(Бир тўқққиз- тўққизтадан.) кийимлик, бўхчага тугилган, устига от туёғи ёнбу(От туёғи ёнбу - от туёғи шаклидаги қуйма кумуш (тахминан 3 кг).) қўйилган тортиқни халқ кўзида келтириб менинг олдимга қўйди. Шу билан бирга бойлар орасида зиёфат бошланиб кетиб, яна бир-икки жойларда ёнбуси билан тўққизланган тортиқлар бўлди. Лекин ойларча, балки йилларча давом этган шу каби катта зиёфатларда кўрган ҳурмат, сий-сифатлар(Сийлаш, эъзозлаш.) эса кўнглимдаги дардлик жароҳатларга шифо бериш эмас, туз қўйгандек бўлиб сезилмакда эди. Чунки, катта-кичик бой, савдогарлари, муфтий-аълам, охунлари бошлиқ бутун халқ ғафлат уйқусида ётган, жаҳолат балчиғига бутунлай ботган эдилар. Бунинг устига иқтисодий тузоқ-қопқонлари ҳар қадамда қурилмиш, моддий-маънавий томондан ҳалокат чуқурлари пардаланган ҳолда ҳар ерда қазилмиш экан, ҳеч қайсилари парво қилмасдан булар атрофида парвонадек жон қурбон эдилар. Айниқса, булар овини кўрган, тузоқларига тушиб, уришиб қочган бой савдогарларнинг кўра-била туриб қилган ишларига қараб, “Кўргилиги бўлса кўзи кўр бўлар экан” дейишга мажбур эдим. Шундоқ ҳам бўлса оғир кунларимда кўнглимни кўтариб, мен учун хизмат кўрсатган дўстларимни Оллоҳ раҳмат қилсин. Чунки бу воқеадан ўттиз етти йил ўтган сўнгидагина бу тарих ёзилаётганлигидан юқорида айтилмиш аҳбобларимиздан икки-уч кишигина қолиб, бошқалари эса ҳаёт оламидан кўзлари юмулмишдур. Ўз вақтида уларга ёрдамим етмаган бўлса ҳам, руҳларига фотиҳа ўқиб, қилган яхшиликларини унутмаганлигимдан тарих юзида эскариб, бу ўринда ёздим.

Алихонтўра Соғунийнинг

"Туркистон қайғуси" китобидан