1932–1933 йилларда Қозоғистонда содир бўлган очарчилик умумсоюз очарчилигининг бир қисми бўлиб, бу холисонлик сиёсати - «кулакларни синф сифатида йўқ қилиш», коллективлаштириш, марказий ҳукумат томонидан озиқ-овқат тайёрлаш режаларининг кўпайиши, ҳамда қозоқларнинг қора молларини мусодара қилиш каби чоралар туфайли юзага келди. Қозоғистонда бу очарчилик «Голощёкин очарчилиги» деб ҳам аталади.
1925–1927 йилларда таниқли большевик раҳбари Ф.И. Голощёкин Қозоғистон ҳудудида «Кичик Октябрь» номли сиёсатни амалга оширди. Бу чоралар натижасида одамлардан қора моллар ва мулклар олиб қўйилди ҳамда милиция кузатуви остида улар «ўрин топиш жойлари»га юборилди. Қора моллар колхоз эҳтиёжлари учун мусодара қилинар, лекин уларни боқиш имкони йўқлиги сабабли молларни шу жойнинг ўзида сўйишга мажбур бўлинган. 1933 йилга келиб, 40 миллион бош молдан фақатгина ўндан бири қолди. Бунинг натижасида энг кўп жабрланган қозоқлар бўлди, чунки қора мол уларнинг ягона озуқа манбаи эди.
1932–1933 йиллардаги очарчилик натижасида қозоқ халқи катта йўқотишларга учради. Очарчилик, унга боғлиқ эпидемиялар ва юқори ўлим даражаси туфайли қозоқлар 2 миллион 400 минг кишини, яъни умумий аҳолисининг 49 фоизини йўқотди.
Коллективлаштириш даврида Қозоғистонда 696 хўжалик мусодара қилинган бўлиб, уларнинг 619 таси яшаш ҳудудидан олиб чиқариб юборилган. Улардан 145 минг бош қора мол тортиб олинган. Шунингдек, 114 минг бош мол колхозларга тақсимланган. Қора моллардан ташқари, 633 та юрт, 475 та уй, 44 та омбор, 534 та бошқа қўшимча иншоотлар, 108 та плуг, 113 та ёрдақ, 248 та ўт ўриш мосламаси ва 1367 та арава мусодара қилинган.
Тайёргарлик кампаниялари давомида Қозоғистонда деҳқонларга қарши кенг кўламли репрессиялар амалга оширилди: бу даврда 56 498 қишлоқ аҳолиси маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди, шулардан 34 121 киши судланган. ВКП (б) Бюросининг 1930 йил январь ойидаги ёпиқ йиғилишида Ф. Голощёкин 1928 йил 1 октябрдан 1929 йил 1 декабргача бўлган даврда суд линияси бўйича 125 кишига ўлим жазоси ҳукми чиқарилгани, ГПУ томонидан эса шу даврда 152 киши қатл қилинганини маълум қилди.
1928 йилда Қозоғистонда барча хўжаликларнинг 2 фоизи коллективлаштирилган бўлса, 1931 йил кузига келиб 122 та ҳудуддан 78 тасида 70 фоиздан 199 фоизгача хўжаликлар умумлаштирилган. Чорвачилик ҳудудларида умумлаштириш меъёрлардан ошиб кетди: 1932 йил февраль ойига келиб Қозоғистонда 87 фоиз колхозчи ва 51,8 фоиз якка деҳқон ўз чорвасидан буткул айрилган эди.
Чорвачилик беназир даражада зарар кўрди. 1928 йилда республикада 6 миллион 509 минг бош қора мол бўлган бўлса, 1932 йилга келиб улар 965 минг бошга тушиб қолди. Ҳатто уруш арафасида ҳам, 1941 йилда, колхозлаштиришдан аввалги даража тикланмади — қора моллар сони 3 миллион 335 минг бошга етди. 18 миллион 566 минг бош қўйдан 1932 йилда фақат 1 миллион 386 минг бош қолган. Уруш арафасида қўйлар сони 8 миллион бошга яқинлашди. 1928 йилдаги 3 миллион 516 минг бош отдан 3 миллион 200 минг боши йўқ бўлиб кетган — 1941 йилга келиб фақат 885 минг бош қолган. Туячилик соҳаси амалда йўқ бўлиб кетган, 1928 йилда 1 миллион 42 минг бош бўлган бўлса, 1935 йилда фақат 63 минг бош қолган.
1929–1933 йилларда Қозоғистон АССРда ОГПУнинг ваколатли ташкилотлари томонидан 9805 та иш кўриб чиқилган ва 22 933 нафар шахсга нисбатан қарорлар қабул қилинган. Уларнинг 3386 нафари олий жазо — ўлимга, 13 151 нафари эса 3 йилдан 10 йилгача концлагерларда қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қабул қилинган қарорлар партиянинг минтақавий ва ҳудудий қўмиталари томонидан тасдиқланган.
1929–1931 йилларда Қозоғистонда 372 та қўзғолон содир бўлган бўлиб, унда 80 мингга яқин киши иштирок этган. Сузакистон, Шемонайха, Қазали ва Мангистау каби ҳудудларда қишлоқ қўзғолонлари таниқли бўлиб кетган. Қўзғолонлар аҳолининг республикадан, жумладан чет элларга кўчиб кетишига сабаб бўлган. 1930 йил бошидан 1931 йил ўртасигача 281 231 қишлоқ хўжалиги Қозоғистон ҳудудидан кўчиб кетган. Совет ҳукуматидан қочган аҳолининг кўп қисми Хитой, Эрон ва Афғонистонга ўтган. Очарчилик йилларида 1 миллион 130 минг киши республикадан чиқиб кетган бўлиб, 676 минг киши доимий равишда кетган, 454 минг қозоқ эса кейинчалик Ватанга қайтган. Регуляр қўшинлар ва ОГПУ органлари томонидан исёнчиларга қарши қаттиқ жазо тадбирлари амалга оширилган. 1929–1931 йилларда йирик қўзғолонларда иштирок этгани учун фақат ОГПУ томонидан 5551 киши судланган, шулардан 883 нафари қатл қилинган.
Шундай қилиб, 1932–1933 йиллардаги очарчилик Қозоғистонни вайрон қилди ва унинг бутун жамияти ва катта ҳудудини тубдан ўзгартирди.
Республикада туб аҳоли сезиларли даражада камайди, ўринларига эса ўрислар олиб келиб жойлаштирилди.
Абу Муслим