Масъул муҳаррир: филология фанлари доктори, профессор Ш.С.Сафаров.
Тақризчилар: тарих фанлари номзоди, доцент Б.Тўрақулов, филология фанлари номзоди, доцент Н.Бегалиев.
Ушбу рисолада Самарқанд шаҳрининг тарихий минтақасида ХI асрлардан ташкил топган 75 маҳалланинг вужудга келиши, жуғрофий жойлашиши, қўшни маҳаллалар билан чегарадош эканлиги, тарихий шахслар, шоирлар, олимлар, косиб ва меъморлар тўғрисидаги қиска маълумотлар келтирилган.
Кириш
Инсоният тарихида жуда кўп ижтимоий қадриятлар тараққиётнинг асосий омили бўлиб хизмат қилган. Марказий Осиё халқлари тарихида салмоқли рол ўйнаган маҳалла типидаги жамоа ҳам ана шундай ижтимоий қадриятлардан бири саналади.
Ушбу рисолада Самарқанд шаҳрида ХI асрлардан бошлаб ташкил топган маҳаллалар тарихий ва ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топди. XIV-XV асрларда маҳаллалар тизими шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ривожланишида катта рол ўйнади. Кейинги даврларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқаришининг бу шакли Самарқанд шахрининг маданий ва маънавий равнақини таъминлади.
Мазкур китобда Самарқанд шаҳрида ХI - ХХI асрларда вужудга келган 75 маҳалла тўғрисидаги қисқача маьлумотлар келтирилди.
Шаҳримиз маҳаллалари тўғрисидаги маьлумотлар ўзбек, рус, инглиз, корейс ва турк тилларида берилмоқда. Тарихий маьлумотларни рус тилига М. Меликова ва А. Акобирова инглиз тилига филология фанлари номзоди Ғ.Рахимов иқтидорли талабалардан. А.Жураева, З. Шарипова, корейс тилига ўқитувчилар Ким Так Чёл, А. П. Эм. ва Н. А. Расулов, иқтидорли талабалар Д. Ҳамроқулова, Д. Шарипова, Д.Шокирова, турк тилига ўқитувчи Зейне Полат, талабалардан Э. Бекирова, А. Акбаров, Р.Кулиев ва Г.Фозиловалар таржима қилдилар. Фурсатдан фойдаланиб, хорижий мутахассислар, институт ходимлари ва ижодкор талаба-ёшларига миннатдорчилик билдираман. Рисола ёш илмий ходимлар, тадқиқотчилар, аспирантлар ва кенг китобхонларга мўлжалланган.'
Самарқанд маҳаллалари тўғрисида қисқача маълумотнома
ҒОТФАР (ҒОТИФАР) – Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида ёзилишича, Ғотфар Мовароуннаҳрнинг ислом истилосигача бўлган давридан ҳарбий бошлиғи эди. Бу тўғридаги маълумотларни XIX аср тарихий манбаларида ҳам учратиш мумкин.
Ғотфар маҳалласи Шаҳристон (Ҳозирги Афросиёб) ҳудудидаги Исфизор маҳалласига чегарадош бўлиб, унинг ҳудудидаги Новадон ва Ғотфар ариқлари устида қурилган кўприк бор эди.
XVI асрнинг ҳуқуқий хужжатларида Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида Ғотфар маҳалласи аркнинг ғарбий-шимолий қисмида жойлашганлиги ёзилади. Бу сарзаминда авлиёлар, диний уламоларнинг хоки-пойи мавжуд. Жумладан, Хожа Абулфаворис Бағдодий, имом Ломиший, Умар бин Аҳмад Марғилоний, Искандар Дермий, Хожа Зайниддин Димишқий, «Тали тўғон» тепалигида Ҳазрат Шамс улаиймойи Ҳалвоий, Хожа Дурюзагар, Хожа Мўйтоб каби ислом оламида таниқли шахслар кўмилган. «Тали муҳаррабон» тепалигида эса Хожа Ғотфарий дафн этилган.
XI асрда Умар Хайём яшаган бу маҳаллада шоир ва олимлар Хожа Шамсиддин Ғотфари, Хожа Мавлоно Ғотфари, меъмор Рафиқ ибн Абдулло кабилар истиқомат қилишган.
XII аср тарихшуноси Низоми Арўзи Самарқандий бу минтақада кипарис ўсимлиги кўплигини ёзган эди. Маҳалладошлар асосан ҳунармандчилик, деҳқончилик ва савдо билан шуғулланганлар.
ФАҚИҲ АБУЛЛАЙС. Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида Х асрда барпо бўлган бу маҳалла Жўгихона, Мирзо Пўлод, Ялангбек ва Дари Занжир маҳаллалари билан чегарадош.
Маҳалла ҳудудида мадраса, масжид, ҳужралар, таҳоратхона, ҳовуз, мактаб бинолари, баққоллик, гўшт дўконлари, карвонсарой мавжуд бўлган. Чокардиза қабристонининг бир қисми шу маҳаллага туташ жойлашган.
Маҳалла Х асрнинг алломаси «Бўстонгул Орифин» асарининг муаллифи Абдуллайс Наср ибн Муҳаммад Самарқанди номи билан юритилади. Алломанинг авлодлари XVIII асргача ушбу сарзаминда яшаганлар. Мутафаккирнинг авлодларидан бири Жалолиддин Фазлуллоҳ Абдуллайс (1406-1469 йй) буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийга устозлик қилган эди. Абу Тоҳир Хожа «Самария» асарида «Яъқуб Абдуллайс самарқандлик фақиҳ Ҳазрат Абдулайс наслидандир. Унинг қабри фақиҳ Абдуллайс маҳалласида», деб ёзилган. (41-бет). Бу минтақада таниқли олим Журжоний, шоир Умур Боқи, гилкор, меъмор ва ганчкор усталар Дадажон, Абдуқодир ва Абдурашидлар яшаб ижод қилганлар.
ДАРИ ЗАНЖИР. XVI- XVII асрларда маҳалла Ҳаёти Хон (Хоннинг ҳовлиси) номи билан юритилган. Маҳалла XIV асрнинг охирида вужудга келган бўлиб, ислом динига жиддий эътиқод қўйган фуқаролар хотин-қизларни маҳрам (яъни номаҳрам одамларнинг нигоҳидан сақлаш)она яшашлари учун эшикларни занжирлаб истиқомат қилганлиги учун XVIII асрдан бошлаб занжирланган эшик номи билан юритилган.
Маҳалланинг аксарият аҳолиси Зомин туманининг Култепа қишлоғидан кўчиб келганлар.
Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида, ёзишича «Дарвиш Холид мозори Дари Занжир маҳалласидадир. У Хусайн Хоразмийнинг халифаларидан бўлиб, сулуки жаҳрия экан. Дари Занжир Амир Темур Кўрагон хотинининг работи бўлиб, Чокардизанинг ғарб томонида ва мусулмонларнинг қабристонига туташган», деб қайд қилинган.
Маҳаллада XVIII асрда қурилган мадраса, мактаб, ҳовуз (унинг зиналари 18 қатор бўлиб, арча ёғочидан қурилган), савдо дўконлари фаолият кўрсатган.
Тарихнависларнинг ёзишича, маҳалла масжиди Самарқанднинг муқаддас жойлардан бири эди. Масжид шайх Абу Мансур Мотуридий масжидининг яқинида жойлашган. Бинони тошкентлик Орифжонбой мелодий 1834 йилда янгидан пишиқ ғишт ва ганч билан қурган экан.
Маҳалла фуқаролари таниқли усталар ва меъморлар Амонулло, Абдуҳаким, Шамсиддин, Расул, Азим, Зайниддин, Юнус, Ҳаким ва Раҳматжон каби шахслар билан фахрланганлар.
КЎК МАСЖИД. Ушбу ном билан аталган маҳалла жуда кўп асарларда тилга олинади. Жумладан, Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида Қутби Чаҳордаҳўм мозори тўғрисида сўз юритилиб, унинг асл номи Шайх Нуриддин Басир эканлигини, онаси билан Нўшкент (Тошкент вилояти қишлоқларидан бири)дан Самарқандга кўчиб келиб, Новадон булоғининг ёқасида Кўйи чўпононда сабзаранг ёки «Масжиди кабуд» (турклар «Кўк масжид» деб атаганлар) масжидида қўниб (1242 й) шунда ўрнашганлигини» ёзади. Демак, «Кўк масжид» мусулмонларнинг диний эътиқод қиладиган маскани бўлибгина қолмасдан, у тарихан кўҳна маҳалла ҳамдир.
Кўк масжид маҳалласи Самарқанднинг Арки қаршисида, шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида вужудга келган. Маҳалла XIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Новадон маҳалласи таркибида бўлиб, шимолдан Сўфи Розиқ ва Юсуфбой, шарқдан Қўшҳовуз, жанубдан Таги шўр ва Бўстонихон, ғарбдан Новадон ариғи билан чегарадош бўлган.
Бу маҳаллада ҳунармандлар, усталар, савдогарлар, саройбонлар, олимлар истиқомат қилганлар. Жумладан, машҳур шашмақом устаси Хожи Абдуазиз Абдурасулов, академиклар Аловиддин Баҳовиддинов, Ислом Зоҳидовлар шу маҳалла фарзандларидирлар.
БОҒИ МАЙДОН. Маҳалла Регистон меъморий ансамблининг орқа томонида, косиблар жамоаси Заргарон, Кўк масжид, Таги Шўр билан чегарадош бўлиб, XVII-XVIII асрларда вужудга келган.
Ушбу ном билан юритилган яна Боғи майдон-2 ва Боғи майдон-3 маҳаллалари ҳам Боғи майдонга қўшни ҳисобланади. Маҳалланинг фуқаролари XIX-ХХ асрнинг биринчи чорагида Самарқанд туманига қарашли Боғи майдон қишлоғидаги дала ҳовлиларида ёзда деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланишиб, қишда шаҳардаги ҳовлиларига келганлар. Шўролар даврида қишлоқлар колхозлар тасарруфига ўтиб, аҳолининг бир қисми шаҳарда яшашга мажбур бўлдилар.
Маҳаллада иккита масжид қурилган эди. Улардан бирини «Масжиди муқатта» деб аташган. Муқатта атамасининг маъноси «Ислима» ва «Хитои» усулида кичик қилиб кесилган ёғочдан қурилган бино маъносини англатган. Бу масканда мадраса ҳам қурилган.
Маҳалла аҳолиси бош кийим тикиш, савдо, ҳунармандчилик, меъморчилик билан шуғулланганлар.
ҚЎШ ҲОВУЗ. Маҳалла XV асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Маҳалла шимол томондан Хўжажон Хўжа, шарқдан Сўфи Розиқ ва Маддоҳи, жануб томондан Таги Шўр ва ғарбдан Кўк масжид ва Юсуфбой маҳаллалари билан чегарадош.
Маҳалла ҳудудида мадраса, иккита масжид, мактаб, ҳаммом, учта мозор, баққоллик дўконлари, карвонсарой, атторлик бозори, икки қаватли ҳовуз ва бошқа тарихий бинолар мавжуд бўлган. Ҳовузнинг бирида сув лойқадан тозаланиб, иккинчи ҳовузга қўйилгач, уни истеъмол қилиш мумкин эди.
Маҳаллада машҳур таржимон Мирзо Қўқандбой, шоир Саидаҳмад Васли, наққош Маҳмуд, меъмор Абдуқодир Боқиев ва шоир Фикри яшаб ижод қилганлар.
Маҳалла ҳудудида яҳудий миллатига мансуб маҳаллий бойлардан бирининг ҳомийлиги билан яҳудий хотин-қизларининг синагоги очилган эди. Ҳозирги вақтда синагога тугатилиб, унинг биносида кўзи кўрларнинг клуби фаолият кўрсатади.
Маҳалла фуқаролари композитор Ўзбекистон халқ артисти, профессор Дони Зокиров, академиклар Минҳож Ғуломов ва Ислом Зоҳидов, профессорлар Бобоқул ва Мардонқул Рустамовлар билан фахрланадилар.
МАХДУМИ ХОРАЗМ. Маҳалла XV-XVI асрларда ташкил топди. Унинг номи шу минтақада яшаган тасаввуф тариқатининг буюк намояндаси, Аҳмад Яссавий таълимотининг давомчиси Махдуми Хоразм номи билан боғлиқ.
Махдуми Хоразм ислом оламида салмоқли ўрин эгаллайди. Унинг қарашларига оид талайгина диний ва тарихий манбалар мавжуд. Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида бу улуғ зотнинг хизматлари Самарқандда Яссавия ва нақшбандия тариқатларини ривожлантиришдаги роли билан изоҳланади. Ушбу асарнинг 22-бетида «Ғори ошиқон»даги суфийлик хужралари, муқаддас жойлар ва чиллада ўтиришни ихтиёр этган диндорларга яратилган қулайликлар, 41-бетда Мавлоно Дарвишнинг Махдуми Хоразм билан ғоявий яқинлиги, машҳур «Ҳидоя» асарининг муаллифи Бурхониддин Марғилонийнинг издоши эканлиги тўғрисида далиллар келтирилган.
Махдуми Хоразм маҳалласи шимол томондан Қози Калон, шарқий томондан Яҳудийлар маҳалласи билан, жанубдан Қози Ғафур ва ғарбдан Урмитан (шаҳар ариғи ёнида) маҳаллалари билан чегарадош. Маҳаллада, асосан, темирчилар ва мих ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар яшаганлар. Унинг ҳудудида Қози Ғафур мадрасаси, масжид, ҳовуз, хужралар, таҳоратхона, савдо дўконлари ва карвонсаройлар мавжуд эди.
Маҳаллада Улуғбек мадрасасининг таниқли мударриси Миржалолиддин, шоирлар Сипанди, Н.Писанди, наққошлар А.Латипов ва Абду Зоҳид ва бошқа халқ усталари истиқомат қилганлар.
ТАГИ ШЎР. XV-XVI асрларда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида ташкил топган. Таги шўр маҳалласи шимолдан Урмитан, шайбонийлар Қўш мадрасаси, шимолий-ғарбдан Кўк масжид, жанубдан Заргарон ҳамда Мағоқ (биноси ерга кўмилган маъносида) масжидига чегарадошдир.
Маҳалла ҳудудида Бозори сандуқ ҳаммоми, баққоллик дўкони, почта, ҳарбий комиссариат, таъмирлаш устахонаси, тўрт бурчакли ва зинапоялари арча ёғочидан қурилган ҳовуз, 3 та карвонсарой мавжуд эди.
ХХ асрнинг 60-йилларида маҳалланинг ҳудуди бузилиб, унинг ўрнида Юбилей ресторани (2005 йилда бузилиб, Регистон майдонига қўшилди), савдо дўконлари барпо қилинди.
МОТРУДИ. Маҳалла XVI-XVII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида барпо қилинди. Маҳалланинг жанубий-ғарбий ҳудудида Регистон майдони, шимолий-ғарбий қисмида Боғи майдон маҳалласи (Арк дарвозаси, Арк ҳаммоми ва Арк масжидигача) жойлашган. Бу минтақада Пои илм (Илм маркази) мадрасаси қурилган эди. Бундан ташқари мактаб, ҳовуз, таҳоратхона, баққоллик дўконлари, иккита карвонсарой фуқаролар манфаати учун фаолият кўрсатган.
Ушбу маҳаллада машҳур шариатшунос, тариқат арбоби шайх Мансур Мотуриди яшаган. Аҳолиси Самарқанд туманининг Мотрид қишлоғидан бўлиб, улар деҳқончилик билан шуғулланганлар.
ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб маҳалла минтақаси бузилиб, унинг ўрнида кўп қаватли турар жойлар, Кинап заводи ишчилари учун уйлар, шоирлар боғи, ётоқхоналар қурилди.
БОҒИ МАЙДОН-1, 2 ВА 3. Маҳалла XVII-XVIII асрларда ташкил топди. Жамоа чегарасининг шимолий-ғарбий қисмида Заргари, Новадон ва Кўк масжид, шарқий ҳудудида Таги шўр ва Регистон майдони жойлашган.
Маҳаллада тўртта мадраса, бешта масжид, мактаб, учта ҳовуз, хонақо, карвонсарой, баққоллик дўконлари, устахоналар, кўплаб боғлар, заргарлик расталари мавжуд эди.
Бу тарихий масканда талайгина таниқли шоирлар ва маданият арбоблари истиқомат қилганлар. Жумладан, Нақибхон Тўғрал, шоир ва маорифпарвар Абдуқаюми Қурби, ганчкор Юнус Азизов, халқ оғзаки ижоди дурдоналарини тўплаган М.Исомова, У.Орипов, М.Ортиқов, Ҳ.Жалолова, М.Жўраев, Т.Нарзиқулов, Ч.Орифжонова, А.Ортиқов, Х.Останова, Ч.Раҳмонов, С.Фозилова, Д.Жўраевалар ижод қилганлар.
КУЛОЛОН. Маҳалла XVII асрда майдонга келган бўлиб, Самарқанднинг жанубий минтақасида жойлашган. Шимолдан Дегчабирён, шарқдан Эски Қаландархона, ғарбдан Луччакон, жанубдан Дониёрбек маҳаллалари билан чегарадош.
Маҳалла ҳудудида Ҳазорчашма булоғи, учта мозор мавжуд. XVIII асрдан бошлаб кулолчилик касби ривожланди. Наврўзи косагар, усталар Одина, Қўзи, Қобил, Умар Жўрақуловлар ота касбини ХХ асрнинг охиригача мунтазам ривожлантирдилар.
БУЛБУЛАК. Бу маҳалла жамоаси XVII асрда ташкил топди. Унинг жуғрофий жойлашиши Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасига тўғри келади. Шимолдан Қози Абдурасул, шарқдан Хонақо, ғарбдан Ҳовузи Сангин ва жанубдан Хон Саид Имом маҳалллари билан чегарадошдир.
Маҳалланинг номидан маълумки, бу ерлик косиблар ва ҳунармандлар асосан болалар учун ҳуштак ва бошқа ўйинчоқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланганлар.
УРГУТИ. Маҳалла XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий-шарқий минтақасида вужудга келган. Шимолдан Зомини, Ёмини, жанубдан Баланд кўпрук, ғарбдан Мирзо Пўлод ва шарқдан Регистон майдони билан чегарадошдир.
Маҳалла XVIII асрда Самарқанд шаҳрида юз берган табиий офат, яъни қурғоқчилик туфайли бўшаб қолганда бошқа вилоят ва қишлоқлардан кўчиб келтирилган аҳоли ҳисобидан тўлдириш натижасида барпо бўлган. Бу минтақага асосан вилоятнинг Ургут туманидан фуқаролар кўчиб келишган.
Аҳоли нон ва нон маҳсулотлари, тўқимачилик, пойафзал тўқиш ва савдо-тижорат билан шуғулланган. Мўкидўз Абдусалом бобо, Абдураҳмон бобо, заргар Шароф бобо, сандиқсоз Сайфиддин бобо, халқ термаси устаси К.Шарипов, С.Шарофиддинов авлод-аждоди билан ота касбини ардоқлаб келадилар.
Маҳалла ҳудудида мадраса, иккита масжид, иккита ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой ва баққоллик дўконлари фаолият кўрсатган.
ШАҲРИСАБЗИ. Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий минтақасида XVIII асрда маҳалла ташкил топди. Жамоанинг вужудга келишига Самарқанд шаҳрида бошланган қурғоқчилик ва маҳаллий аҳолининг очликдан қирилиши сабаб бўлган эди. Бухоро амири Шоҳмуроднинг буйруғи билан ўлканинг бошқа вилоят ва шаҳарларидан аҳоли кўчирилиб шаҳарни тўлдиришга тўғри келди. Бошқа вилоятлар каби Шаҳрисабздан ҳам кўплаб оилалар Самарқандга кўчиб келдилар ва янги маҳаллаларни ташкил қилдилар.
Маҳалла шимолий-шарқий томондан Ургути, ғарбда Ҳавзи баланд, жанубда Қози Абдурасул маҳаллалари билан чегарадош. Аҳоли асосан косиб, тўқувчи, кулоллик, тандир ясаш билан шуғулланган. Усто Карим тандир ясаш касбини авлоддан авлодга етказишга эришган эди.
ЗАРГАРОН. Самарқанд шаҳрининг ғарбий минтақасида XVII-XVIII асрларда Заргарон маҳалласи ташкил топган. Маҳалла шимолий-ғарбдан Регистон майдони, жанубий-шарқдан Боғи майдон, шимолдан Таги Шўр ва ғарбдан Новадон маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла аҳолиси олтиндан хотин-қизлар тақинчоқлари, кумушдан рўзғор буюмлари, рангли металдан турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Маҳаллада масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, карвонсарой, савдо расталари, қимматбаҳо буюмлар билан савдо қилувчи махсус дўконлар бор эди.
Фуқаролардан О.Тошмуҳаммедова ва М.Қодирова халқ эртаклари айтиш билан шинавандаларга қувонч бағишлаган эди. Собиқ маҳалла ҳудудининг бир қисмида 2-сон ўрта мактаб биноси барпо қилинди.
ҚАШҚАРИ. XVIII асрда вужудга келган бу маҳалла Самарқанд шаҳрининг шимолий-шарқий минтақасида жойлашган. Шимолдан Шайхулислом, шарқдан Сўфи Розиқ ва Хожа Зудмурод, жанубдан Юсуфбой ва ғарбдан Новадон маҳалллари билан чегарадош.
Маҳалланинг аҳолиси асосан Хитойнинг Қашқар вилоятидаги дунган қавмига мансуб бўлиб, турли сабаблар билан Самарқанд шаҳрига келиб яшаганлар.
Ушбу ҳудудда масжид, мактаб, ҳовуз, булоқ, баққоллик дўконлари, мадраса мавжуд бўлиб, маҳаллий халқ уйғур таомлари тайёрлаш билан шуғулланган. Маҳалла кейинчалик Чапаев номли маҳаллага қўшилган.
ЗОМИНИ. Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида XVIII асрда ташкил топди. Шаҳарда аҳоли юз берган қурғоқчилик ва очликдан бўшаб қолганлигидан ва уни мамлакатнинг бошқа вилоят ва қишлоқларидан кўчиб келган муҳожирлар билан тўлдириш натижасида Ёмини туманидан бир неча оила бу ерда доимий яшаб қолган.
Маҳалланинг шимолий қисмида Каварзор, жанубида Ёмини ва Ургути, ғарбида Мирзо Пўлод, шимолида эса Чокардиза жойлашган. Унинг ҳудудида масжид, ҳовуз, таҳоратхона, мактаб, баққоллик дўконлари ва Қутби ёздаҳўмнинг мақбараси мавжуд.
ҚОЗИ ҒАФУР. Маҳалла XVIII асрда ташкил топди. Бу тарихий маскан Самарқанд шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган. Шимолдан Дари занжир, ғарбдан Ҳовузи баланд, жанубдан Ялангбек, шимолдан Махдуми Хоразм маҳаллалари билдан чегарадош.
Аҳоли асосан метални қайта ишлаш, чилангарлик, аравасозлик, миллий тўн тикиш, кўн маҳсулотларини ишлаб чиқариш, савдо ва тижорат билан шуғулланган.
Маҳаллада иккита мадраса, иккита масжид, мактаб, ҳовуз, таҳоратхона бор эди. Раҳмати гилкор, шоир Рафиқ ва Хилъат, аравасоз Мирсоле, жомадўз Абдуқодир каби косиб ва ҳунармандлар ҳаёт кечирганлар.
УРМИТАНИ. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий минтақасида вужудга келган. Унинг шимолида Қози Калон, шарқида Шарбатдор, жанубида Махдуми Хоразм, ғарбида Қорабой оқсоқол маҳаллалари чегарадошдир. Маҳалланинг аҳолиси Зарафшон дарёсининг юқори оқими Урмитан (Панжакент тумани) қишлоғидан XVIII асрда кўчиб келганлар.
Урмитанликларнинг Самарқанд шаҳрига муҳожир бўлишлари ҳам Бухоро амирининг шаҳарни аҳоли билан тўлдириш ҳақидаги буйруғи билан боғлиқ. Бу даврда 24 маҳалла ташкил топиб уларга турли шаҳар ва қишлоқларидан фуқаролар кўчиб келган эди.
Аҳоли метални қайта ишлаш, кулоллик, савдо билан шуғулланган.
Маҳалланинг иккита масжиди бўлиб, бири масжиди Чилангари деб аталган. Таниқли уста, меъмор Шамсиддин Ғафуров ва унинг авлодлари ота касбини узоқ йиллар давом эттирганлар.
Маҳалланинг собиқ ҳудудида 1-сон шаҳар поликлиникаси ва А.Навоий кинотеатри бинолари барпо қилинди.
ЁМИНИ. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий қисмида вужудга келган бўлиб тарихий манбаларда Ёмини-1 ва Ёмини-2 маҳаллаларидан иборат эканлиги қайд қилинади.
Маҳалланинг шимолий ва шимоли-ғарбида Тошканди, шимолий ва шимоли-шарқида Зомини ва Ялангбек, жанубида Мулиён (ҳозирги Қаландархона) жамоалари жойлашган.
Маҳалланинг маҳаллий аҳолиси XVIII асрнинг биринчи ярмида Зомин туманининг Ём ва Панжакент (Тожикистон Республикаси)нинг Фон қишлоқларидан кўчиб келганлар.
Аҳоли, асосан, тўқимачилик, ип йигириш, бинокорлик, новвойлик, нўхат пишириш, савдо билан шуғулланган.
Ушбу минтақада масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, 3 та мозор (бири Чилламазор), мактаб, карвонсарой, баққоллик дўконлари фуқароларга хизмат қилган.
Маҳалланинг гилкори Қобил бобо, Самад бобо, новвой Қурбон бобо, халқ оғзаки ижодининг билимдони Раҳмон Эгамбердиев каби косиб ва маданият ходимларини ҳозир ҳам ҳурмат билан эслайдилар.
КАВАРЗОР. Маҳалла XVIII асрда Каварзор ариғи ёнбошида, Самарқанд шаҳрининг шарқий ҳудудида вужудга келди. Унинг жанубий-шарқий қисмида Ёмини, Зомини, Фақиҳ Абдуллайс, Чокардиза, Оби Машҳад, шимолий-ғарбида Кафтархона, Ражаб Амин, Даштак маҳаллалари чегарадош.
Маҳалланинг минтақасида иккита масжид, иккита мактаб, учта карвонсарой, таҳоратхона, хужралар, тегирмон, баққоллик дўконлари мавжуд эди. Аҳоли, асосан, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик ва боғбонлик билан шуғулланган.
Бу сарзаминда кавар ўсимлиги сероблиги боис, халқ табиблари ундан турли дориворлар тайёрлаганлар, ёғчилар жувозда ушбу шифобахш ўсимликнинг уруғидан ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарганлар. Маҳаллий халқ бу ерда яшаб ижод этган шоир ва мураббий Мардонқул Муҳаммадқуловни эҳтиром қилганлар.
ҲАВОСИ. Маҳалла XVII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий минтақасида вужудга келди. Кейинчалик Ҳавоси маҳалласи Ҳавоси-1 ва Ҳавоси-2 маҳаллаларига бўлинди.
Маҳалла шимол томон Юсуфбой, шарқдан Минори Каж, Бибихоним масжиди, жанубий-ғарбдан Пастқишлоқ (Моховхона) билан чегарадош.
Бу маҳалла аҳолиси ХVIII асрнинг биринчи яримида Жиззах вилоятининг Урсатьевский станциясидаги Ҳавоси қишлоғидан кўчириб келган. Улар асосан ўзбек ва туркман миллатларига мансуб фуқаролар эди.
Маҳалла фуқаролари узум ва бошқа мевалардан шинни ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Ширинликнинг бу хилини ҳунармандлар Афросиёб тепалигида жойлашган шиннихонада тайёрлаб, махсус жойларда сақлаганлар.
Бу тарихий масканда иккита масжид-масжиди Бологузар ва масжиди Пастгузар барпо қилинган. Мактаб, мадраса, карвонсарой аҳоли хизматида бўлиб, одамлар 5 та мозорга сиғинганлар. Бу ҳудудда ХХ асрнинг биринчи чорагида 1-клиника касалхонаси биноси қурилади ва Республика миқёсидаги касалхонага айлантирилади.
ШАРБАТДОР. Самарқанд шаҳрининг шарқий минтақасида XVIII-XIХ асрларда вужудга келган. Маҳалла шимолдан Қорабой оқсоқол, шарқдан Қози Калон, жанубдан Махдуми Хоразам, ғарбдан эса Урмитани ва Меҳр Султонхоним (ёки Шайбонийлар Қўш мадрасаси) билан чегарадошдир.
Маҳаллий аҳоли асосан ширинлик шарбатлари, қанд маҳсулотлари, металл ва ёғочни қайта ишлаш, фонус ясаш каби ҳунармандчилик билан шуғулланган.
Бу минтақада мадраса, масжид, мактаб, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, баққоллик дўконлари ва карвонсарой фаолият кўрсатган. Ҳасан халвогар, Барот шираворпаз, Абдуҳамид аттор, Мамадқул мисгар, Шариф харрот, Эгамберди сартарош, Нурмуҳаммад гилкор, Ҳақберди чилангар каби касб-ҳунар эгалари авлод-авлод бўлиб истиқомат қилганлар.
МУБОРАК. (Айрим манбаларда Нуқра андак, яъни кумушранг деб ҳам аталади). Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий ва шимолий-шарқий минтақасида XVIII асрда вужудга келган. Шимолий-шарқда Имом Восе, шарқдан Яҳудийлар, Шохкаш (маҳаллий лўлилар истиқомат қилган), жанубда Чангоули, ғарбда Қорабой оқсоқол билан чегарадош. Аҳолининг бир қисми Тожикистоннинг Ўратепа туманидан кўчиб келган.
Маҳалланинг минтақасида шинам ҳовлилар ва қасрлар қурилиши ривожланганлиги боис муборак деб аталган.
Маҳаллада ҳунармандлар ва косиблар яшаб меҳнат қилганлар. Жумладан, Шамси, Усмон, Исмат, Боқи гилкорлар, Ҳамроқул меъмор, Ҳайдари кавшдўз ва шоир ва ёзувчи Абдусалом Деҳоти, халқ бахшиси М.Ҳайдарова истиқомат қилганлар.
ДАҲБЕДИ. XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий қисмида вужудга келди. Шарқдан Ҳавоси (Бибихоним), ғарбдан Маддоҳи, жанубдан Кўлобод (Фатҳобод) маҳаллалари билан чегарадош. Аҳоли Даҳбед қишлоғидан кўчириб келтирилган.
Маҳалла аҳоли асосан савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бу минтақада учта масжид, учта ҳовуз, мактаб, ўндан кўпроқ катта ва кичик мозорлар, иккита карвонсарой мавжуд эди. Абдуқодир, Мўминака, Бақо ака, Мўмин Кўса бинокорлик, Сирож налгар, халқ қўшиқларини тўплаган М.Султонова, Х.Худойбердиев, О.Шамсиева маҳалладошлар ўртасида эзгу ишлари билан яхши ном қолдирдилар.
ЯНГИ ХАЙРОБОД (ёки Науканда, Пойқабоқ). Ушбу маҳалла Самарқанд шаҳрининг шимолий-жанубий минтақасида XIX асрнинг охири ХХ асрнинг бошида ташкил топган.
Маҳалланинг шимолида Хайробод-2, шарқида Кўлобод, ғарбида Новадон, жанубда Маддоҳи, Сўфи Розиқ билан чегарадош.
Аҳоли асосан Ҳовос (Жиззах вилояти) туманининг Навканда ва Булунғур туманининг Боёвут қишлоғидан кўчиб келган.
Маҳалла ҳудудида ҳаммом (Арк ҳаммоми), мактаб, ҳовуз, масжид, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, баққоллик, Хожа Абдул Файзи Бағдоди мозори мавжуд.
Аҳоли тўқимачилик, кўн ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш, пойафзал тикиш, савдо билан шуғулланган.
Фуқаролар ўртасида ҳуқуқшунос Ахрор Мухторов, адабиётшунос Ҳамдам Тўраев, кавшдўз Мухтор бобо, уста Истам Самадов, чўбкор Шоназар бобо, саллабоф Жўра бобо, нонвойлар Олим ака, Ҳалим акалар эҳтиромга муносиб инсонлар эди.
ТОШКАНДИ. XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг жанубий минтақасида ташкил топган. Маҳалланинг ҳудудида Самарқанднинг Девори Қалъа иҳота девори мавжуд бўлиб шимолдан Фони ёки Халифа Лаълибек, шарқдан Қози Ғафур, ғарбдан Новадон, жанубдан Қози Абдурасул, Иброҳим Хожа билан чегарадош.
Маҳаллада масжид қурилиши юз йил илгари амалга оширилган. Бу иш Абдул Қосим домланинг ташаббуси билан амалга оширилади. Ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, айвон каби зарурий бинолар қурилди.
Ана шу тадбирларга Раҳматуллахон, Мирзоҳид, Мирҳайдар, Мирқурбон, Улуғхўжа, Усмонхўжа, Ғани ганчкор, Нурмуҳаммад наққош фаол қатнашдилар.
Тошканди маҳалласида профессор М.Бухоризода, академик М.Исмоилов, Н.Қудратов, Ҳ.Файзуллаев, Абдурашид, Абдураҳим, Жамол бобо, Латиф бобо, Мирзиё, Ҳалим бобо сингари ҳунармандлар ва усталар истиқомат қилганлар.
ЮСУФ ҲАРРОТ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий ҳудудида вужудга келди. Шарқдан Руҳобод ва Гўри Амир, шимолдан Масжиди Нақшин, ғарбдан Мулло Қаландар маҳаллалари билан чегарадош.
Масжид, ҳовуз, таҳоратхона, хужралар маҳалланинг кўрки эди. Баққоллик дўконлари, косиблар устахоналари ҳам маҳалла тарихини яратишга хизмат қилган эди.
Маҳаллада «Ҳафт духтарон», «Чил духтарон» мозорлари бор. Вайсул Қаран (VIII аср) Ҳазратнинг мақбараси маҳалла чегарасида жойлашган.
Удай, Жўрақул бобо эгарсозлик, Барот, Шариф, Амоншер, Абдулло бобо аравасозлик, Очил, Саттор бобо бешиксозлик, Қаҳҳор, Жунаид Мўминовлар мисгарлик, Исроил, Абдувоҳид бобо ганчкорлик, Жалил Раҳмонов йўлсозлик, Баҳром Махсум шоирлик, Даврон Сафоев рассомлик билан шуғулланадилар.
ЧАРМГАРИ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Унинг ҳудудида шимолий-шарқдан Чақар, Зингарон, жанубдан Намозгоҳ, Девори Кўндаланг, ғарбдан Нуробод маҳаллалари жойлашган.
Маҳалланинг Савриддинбой боғидаги масжиди XIX асрнинг охирида барпо қилинган эди. 30-йилларда масжид бузилиб, унинг ўрнида фуқароларнинг шахсий ҳовлилари қурилди. XIX асрнинг 70-йилларида Тали Регак ва Чармгари маҳаллаларининг бир қисми университет хиёбони ҳудудига қўшилиб кетди.
Маҳаллада тўрт мозор, карвонсарой, ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, булоқ мавжуд эди. Фуқаролар ёзги мавсумда деҳқончилик билан шуғулланганлар. Аҳолининг асосий касби кўн маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлгани сабабли косибларнинг кичик устахоналари бор эди. Шўролар даврида кўнчилик касби тугатилиб, ҳунармандлар «Красный Восток» артелига ишлашга мажбур бўлдилар.
Кўнчилик билан шуғулланган Мулло Барака, Баҳри, Эшонқул, Қўйбоқар, Латиф, Абдухолиқ, Қори Абдувоҳид, мулло Файзи, Зоид бобо, Олим бобо, Мансур боболарни барча эслайди.
ЛОЛАЗОР. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанл шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Унинг ҳудудида Жарариқ ва милоддан аввалги III-IV асрларда қурилган Девори Қиёмат мавжуд эди. XV асрнинг тарихий хужжатлари гувоҳлик беришича, маҳаллага шаҳар девори ва от бозоридаги Боғи Нав чегарадош экан.
Маҳалланинг чегарасида шимолдан Ғотфар, шарқдан Чармгари, ғарбда Нуробод, Панжоб (эронийлар қишлоғи), жанубдан Хўжа Аҳрор, Ҳиротийлар, Ҳафт Зоғора, Хўжа Ғулом қишлоқлари жойлашган эди.
Ушбу минтақада маҳалла масжиди, ҳовузи, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, мактаб, савдо дўконлари, гул етиштириш майдонлари мавжуд бўлган.
Аҳолининг асосий касби лола гулларини парваришлаш ва унинг савдоси билан боғлиқ эди. Маҳаллада косиб ва ҳунармандлар ҳам турмуш кечирганлар.
Лолазор тўғрисидаги хотиралар Алишер Навоийнинг асарларида ҳам учрайди.
ҚЎРҒОНЧА. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий қисмида вужудга келган. Унинг чегарасида шимолий-шарқдан Регистон майдони, жанубдан Ҳовузи сангин, ғарбдан Гўри Амир ва Руҳобод маҳаллалари жойлашган.
Маҳаллада Садриддин Айний, шоир Шокир Мухтор, наққош Абдуқодир Боқиев ва давлат арбоби Яҳё Афзали яшаб ижод қилганлар.
ЧАҚАР. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий ҳудудида вужудга келган. Унинг чегарасида шимолдан Дониёрбек, шарқдан Мулло Қаландар, жанубдан Юсуф Ҳаррот, ғарбдан Тали Регак (ҳозирги Дарвозаи Хожа Аҳрор) маҳаллалари жойлашган.
Маҳалланинг иккита масжиди, мактаб, булоқ, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, баққоллик дўконлари фуқароларнинг эҳтиёжини қондирган.
Чақар XV асрда ҳарбий истеҳком вазифасини бажариб, Чоҳқар атамаси Қалъа маъносини билдиради.
ДОНИЁРБЕК. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий қисмида XVIII-XIX асрларда ташкил топди. Маҳалла ҳудудининг шимолида Қўлба, шарқида Дарвозаи Хожа Аҳрор, ғарбидан Масжиди Нақшин, жанубида Мулло Қаландар жамоалари жойлашган.
Маҳалла чегарасида иккита масжид, олтита мозор, мактаб, булоқ, карвонсарой, ҳужралар, таҳоратхона мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти бузиб ташланган. Маҳаллада мисгарлар, қурувчилар, тикувчилар авлоди яшаган. Бу масканда Абдуқаюм мисгарни ва унинг авлодларини барча эҳтиром қилади.
РУҲОБОД. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий ҳудудида вужудга келди. XVIII-XIX асрдан бери жамоа шимолий-шарқда Кулолон, жанубда Гўри Амир, ғарбда Юсуф Ҳаррот маҳаллалари билан қўшничилик муносабатларида яшаб келмоқда.
Бу сарзаминда XIV асрда Бурхониддин Соғарчий дафн этилган бўлиб, Амир Темур унинг хотирасига атаб муҳташам ёдгорлик ўрнатган.
Маҳаллада мадраса, масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, карвонсарой ва бошқа маданий-маиший бинолар фуқаролар хизматини адо этган.
Аҳоли ҳунармандчилик, бинокорлик, савдо билан шуғулланган. Бу ерда файтунчиларнинг катта авлоди истиқомат қилган.
Таниқли маорифпарвар, жадид, ўз даврининг илғор публицисти, таржимони ва адиби Хожи Муйин Шукуруллаев маҳалланинг фахри ҳисобланиб, бу улуғ зотнинг номини абадийлаштирган уй-музейи томошобинларни хушнуд этмоқда.
СЎФИ РОЗИҚ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий қисмида барпо бўлган. Жанубдан Кўлобод, Хожажон Хожа, ғарбдан Даҳбеди, шарқдан Юсуфбой маҳалалари чегарадош.
Маҳаллада Ўзбекистоннинг илк театр санъати фаолият кўрсатган. «Кўк куйлак» ижодий труппасида Халима Носирова, Тамарахоним каби буюк санъаткорлар бир пардали спектаклларда бош ролларни ижро этганлар.
Маҳалла масжиди Сўфи Розиқнинг ташаббуси ва бевосита иштироки билан барпо қилинди. Масжиднинг муаззини, унинг имом-хатиби вазифасида узоқ ишлади. Кейинчалик масжидга қарашли хужралар ва таҳоратхоналар болалар боғчасига айлантирилди.
Маҳалла ҳудудида ҳаммом, ҳовуз, карвонсарой, баққоллик дўконлари, мактаб, учта мозор мавжуд эди.
Тожикистон халқ ёзувчиси Фотеҳ Ниёзи, халқ қаҳрамони Исматулло Раҳматуллаев, давлат арбоби Ў.Ғайбуллаев, санъаткорлар Пирмамад Нуржонов, Сангин Бозоров, журналист ва таржимон Юсуф Юнусзода шу маҳаллада истиқомат қилган, Садриддин Айний ва Шароф Рашидов ҳам фуқароларнинг фидойилари ҳисобланадилар.
ХОЖАЖОН ХОЖА. Маҳалланинг вужудга келиши XVIII-XIX асрларга мувофиқ келади. Унинг шимолий-шарқий қисмида Сўфи Розиқ, жанубида Қўш Ҳовуз, ғарбида Даҳбеди маҳаллалари жойлашган.
Маҳалла ҳудудида ХХ асрнинг 30-йилларида «Хотин-қизлар меҳнати» фабрикаси ташкил топди. Тарихий маълумотларга қараганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқанддан чиқиб кетиши арафасида шу маҳаллада истиқомат қилган обрўли уламонинг ҳовлисида тунаган экан.
Бу ерда улуғ инсон, жадидчилик ҳаракати раҳнамоси Махмудхўжа Беҳбудийнинг ҳовлиси бўлиб, унда алломанинг набиралари ҳозир ҳам яшаб келадилар.
Маҳаллада косиблар, ҳунармандлар, қурувчилар, бофандалар истиқомат қилганлар. Маҳалланинг масжиди, таҳоратхонаси, ҳужралари, ҳовузи бўлиб, уларнинг аксарият қисми бузилиб, фабрика ҳудудига қўшилиб кетган. Халқ қўшиқлари устаси К.Файзиева шу масканда яшаб ўтган. Маҳалла кейинги йилларда Намуна номи билан юритилган эди.
ҚОРАБОЙ ОҚСОҚОЛ. Самарқанд шаҳрининг шимолий-шарқий ҳудудида XVIII-XIX асрда ушбу маҳалла ташкил топди. Шимолдан Имом Восе, ғарбдан Даҳбеди, шарқдан Муборак, жанубда эса Шарбатдор маҳаллалари билан чегарадош. Аҳоли қисман Тошкент вилоятининг Тўйтепа қишлоғидан кўчиб келган.
Қорабой Оқсоқол бой-бадавлат инсон эди. У ўз ҳисобидан учта масжид солдирган. Шулардан бири маҳалла масжидидир. Ҳовуз, таҳоратхона, хужралар масжид комплексини ташкил қилган. 5 та карвонсарой, савдо дўконлари маҳаллага чирой бағишлаган.
Маҳаллада Баҳронқул Намозов (адабий тахаллуси Қори Банда, Ургут туманининг Элпак қишлоғидан) Саудия Арабистонида таржимонлик билан шуғулланган, шоир Вофий бўлса Афғонистондаги жомеъ масжидларидан бирида имомлик қилган, бир қатор мумтоз шеърлар ижод қилган. Атоуллохон табиб ҳам ушбу маҳалланинг фуқароси эди. Жамоа аҳлининг асосий касби ҳунармандчилик эди. Ҳошим дегрез, Норқул ва Нарзиқул ҳалвогар, Маҳмуд, Пўлод, Маннон, Воҳид темирчилар, Абдурозиқ, Абдуаҳад этикдўз, Турсун лажомдўз, Авлиё, Неъмат қулфсозлар, Зубайдулло шоҳибоф, Абдураҳмон, Жумабой заргар, Саттор телпакдўз шулар жумласига киради.
ЯЛАНГБЕК. Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида XVII асрнинг ўртасида ташкил топган маҳалла. Маҳалланинг номи Самарқанднинг ҳокими Ялангтўш Баҳодирбий билан боғлиқ. Бу тарихий шахс даврида Мадрасаи Шердор ва бошқа машҳур тарихий обидалар бунёд қилинган эди.
Маҳалла Мирзо Пўлод, Ёмини, Фақиҳ, Абдуллайс, Дари Занжир, Қози Ғафур жамоалари билан чегарадош бўлиб, аҳоли ҳунармандчилик, савдо, бинокорлик билан шуғулланган. Фуқароларнинг бир қисми Тошкент вилоятидан кўчириб келтирилган.
Масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, баққоллик ва бошқа бинолар халқнинг эҳтиёжини қондиришга хизмат қилган эди.
НИСБАТДОР. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг жанубий қисмида XV асрда вужудга келган. 1905 йили самарқандлик жадид, маорифпарварлар бу минтақада янги типдаги мактаб очиб талабаларга таълим берган эди. Маҳаллада масжид ва унга қарашли бинолар мавжуд бўлган.
Маҳаллада машҳур усталар Абдуқодири гилкор, Зайниддин Ғафуров ва унинг авлодлари истиқомат қилган.
МАДРАСАИ САФЕД. Маҳалла XV асрда Самарқанд шаҳрининг жанубий минтақасида барпо бўлган.
Бу крда Хўжа Аҳрорнинг ташаббуси, Алишер Навоийнинг илтимоси билан шаҳар ҳокими Ҳожибек кўмагида мармар билан қурилган икки қаватли мадраса барпо қилинади (1455-1456 йй).
Абу Тоҳир Хожанинг ёзишича, ушбу мадрасада охирги марта Қуръони Каримнинг Усмоний нусхаси сақланган бўлиб, унинг устида халифанинг муборак қони тўкилган экан.
Маҳалланинг масжиди, ҳовузи, таҳоратхонаси ва ҳужралари ҳам бор. Бу сарзаминда Юсуф гилкор, Жалолхўжа уста, шоир Гулхани, халқ бахшилари Миробод Мирсаидов, М.Муродова ва С.Ҳамроқулова истиқомат қилганлар.
ҚОЗИ КАЛОН. Маҳалла XV асрда Самарқанд шаҳрининг шарқий ҳудудида вужудга келган. Шарқдан Чангоули, жанубдан Махдуми Хоразм, ғарбдан Шарбатдор ва шимолдан Қорабой Оқсоқол маҳаллалари билан чегарадош.
Маҳалла масжиди XIX асрнинг охирида қурилиб, унинг таҳоратхонаси, ҳужралари бинонинг мажмуасига кирган эди. Ҳовуз, карвонсарой, баққолик ва бошқа ижтимоий зарурий иншоотлар фуқаролар хизматини бажарган.
Шоир Назриддин Ходи, халқ бахшиси Б.Шакаровни шаҳар жамоатчилиги эҳтиром қилганлар.
Маҳаллада косиблар ва ҳунармандаларнинг авлоди қадимдан ота меросини ривожлантирдилар. Абдуғани аттор ўзининг маҳсулотларини Европа давлатларига элтиб савдо қилишга эришган эди.
Тўқимачилар кудунгарлик (тўқимачиликнинг тури), мих ишлаб чиқарувчилар этикдўзлик ва налгарликни авлоддан авлодга етказиб ривожлантирдилар. Абдували аттор, Зубайд деҳқон, Нуриддин баззоз, Ҳайдар дурадгор, Тўрақул гилкор, Мулложон ва Барот нонвойларни, Сангин ва Шарофиддин муаллимларнинг номини фуқаролар ҳозир ҳам қалб тўрида сақлаб келадилар.
МИРЗО ПЎЛОД. Самарқанднинг жанубий қисмида XV асрда вужудга келган бўлиб, шимолдан Ялангбек, шарқдан Чокардиза, жанубдан Зомини, ғарбдан Ҳавзи баланд ва Фақиҳ Абдуллайс маҳаллалари билан чегарадошдир.
Маҳалланинг масжиди, ҳовузи, таҳоратхонаси, хужралари унинг мажмуасини ташкил қилади.
Бу сарзаминда таниқли темирчилар, айниқса, пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (маҳаллий номи ҳам ана шу касб эгасининг номи билан боғлиқ), қурувчи, заргарлар ва бошқа касб эгалари яшаган.
Маҳаллада Самарқанд ва Ўзбекистонда санъат, адабиёт, фан ва маданиятни ривожлантирган талайгина таниқли инсонлар истиқомат қилганлар. Академик Шавкат Воҳидов, шоир Масеҳо (Тамҳид), драматург Исмоил Акрам, ёзувчи Насим Ражабов, Меҳнат қаҳрамони М.Нарзиқулова, бастакор Ш.Акрамов, ҳофиз Ўлмас Султонов шулар жумласидандир.
ЗИНГАРОН. Маҳалла XV асрда Самарқанднинг жанубий ҳудудида вужудга келди. Унинг шимолий-шарқида Тали Регак (ҳозирги университет хиёбони), ғарбда Юсуф Ҳаррот, жанубда Чақар маҳаллалари жойлашган.
Маҳалла аҳолиси эгар ишлаб чиқаришга ихтисослашган эдилар. Шу билан бирга бешик ясаш, наққошлик, ганчкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган эди. Эгарсоз Мелик бобо, Соле бобо, Аҳмаджон бобо, Мирсаид бобо, наққош Убайдуллоларни шаҳар ҳунармандлари яхши билганлар.
Маҳаллада масжид, мактаб, иккита мозор, таҳоратхона, ҳовуз, хужралар бор эди. XV асрни биринчи чорагида маҳалланинг бир қисми Совнархоз биносини қуриш учун, 50-йилларда 8-сон ўрта мактабни қуриш мақсадида давлат тасарруфига ўтказилди.
Бу сарзаминда маориф, фан ва маданият арбоблари истиқомат қилганлар. Шарқшунос ва матншунос Маъруфи, олим ва жамоат арбоби М.Ҳақбердиев, профессор Сирожев, Ҳақбердиев ва Салаховлар яшаб ижод қилганлар.
ОҚСАРОЙ. XV асрда Самарқанднинг жанубий-шарқий минтақасида вужудга келди. Унинг шимолида Гўри Амир, шарқида масжиди Нақшин ва Ашўр Муҳаммад, жанубида Дониёрбек, ғарбида Юсуф Ҳаррот маҳаллалари жойлашган.
Маҳалла аҳолисини аксарият кўпчилиги Самарқанд туманининг Сулфа Кабутак қишлоғидан бўлиб, кейинги йилларда бошқа маҳалла ва қишлоқлардан ҳам фуқаролар кўчиб келганлар.
Маҳаллада икки масжид, мактаб, ҳовуз, мозорлар, таҳоратхона ва баққоллик дўконлари яқин йилларгача фаолият кўрсатди.
ҲОВУЗИ САНГИН. Маҳалла XV асрнинг 20-йилларида Мирзо Улуғбек ҳукмронлик қилган вақтда вужудга келган. Унинг шарқида Булбулак, Эски Қаландархона, жанубида Аллофи, Қўрғонча, шимолида Боғи баланд ва Регистон майдони жойлашган.
Ҳовузнинг зинапоялари мармар тошдан бўлиб саккиз қаторни ташкил қилган. Ҳовуз сувидан Улуғбек ҳаммоми учун (ҳаммом Дўстматбой мадрасасининг ёнида, пиёдалар йўлагининг остида) фойдаланилган.
Аҳоли асосан ширинлик маҳсулотлари, эгарсозлик, дурадгорлик, новвойлик билан шуғулланган.
XIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошида маҳалла шаҳарнинг сиёсий ҳаётида катта рол ўйнаган эди.
Бу сарзаминда таниқли меъмор, усталар, қурувчилар истиқомат қилганлар. Жумладан, уста Баҳри, Абдурашид наққош, уста Абдураҳим, Саррож, таниқли давлат арбоби Яҳё Афзали ижод қилган ва умр кечирган.
МУЛЛО ҚАЛАНДАР. Маҳалла XV асрда вужудга келган. Унинг номи Гўри Амир мақбарасини бунёд этишида фаол қатнашган маърифатли инсон номи билан юритилади.
Маҳалла масжиди 1865 йилда, унинг айвони 1902-1904 йилларда қурилган. Қурилиш ишига Абдухолиқ Қурбонов бошчилик қилган, Абдуҳафиз ва Ҳожи Абдумажид Холиқовлар масжид айвони қуришга қатнашдилар. Масжидга қарашли ҳовуз, таҳоратхона, хужралар ҳам мавжуд эди.
Ҳунармандлар маҳалла аҳолисининг аксарият кўпчилигини ташкил қилади. Мисгарлар Баҳри, Кабир, Яҳё, Эсонқул бобо, заргарлар Абдужалол, Ҳамро, Абдуаҳад бобо, гилкорлар Урунбой, Абдураҳим, Тўрақул, Жўрақул, Усмон, ганчкор Акрам Умуров, Ғайбулло Раҳматов, Исмоил боболар, авлод-аждоди билан ота-боболари меросини давом эттирдилар.
Шоир Рожи, унинг отаси шоир Ҳоди маҳалланинг фаҳри ҳисобланади. Таниқли жарроҳ Аҳад Ҳайдаров, адлия генерали Нор Ёқубов, маорифпарвар С.Нарзиев ва З.Тошпўлатова, саноат ишлаб чиқариш ветерани А.Муҳиддинов, рассом К.Амриддинов, шахмат устаси Н.Жалолов, олим М.Аҳмедов ушбу маҳаллада истиқомат қилганлар.
ДЕГРЕЗОН. XVIII-XIX асрларда ушбу маҳалла Самарқанд шаҳрининг ғарбий-шимолий минтақасида вужудга келди.
Маҳалла ҳудуди Самарқанднинг ўрта аср ихота деворлари ёнида жойлашган бўлиб, унинг чегарасида Ёри девона ва Себзор мозорлари бор. Маҳалланинг Термез кўчасидаги аҳоли ҳовлилари Ёри девона мозорининг бузилган қисмида барпо қилинган.
Маҳалла бир неча йиллар Номозгоҳ маҳалласи тасарруфида эди. 60-йилларда мустақил маҳалла мақомини олди.
Жамоанинг иккита масжиди диндорларнинг хизматини бажарган эди. Масжидлар бузилиб, унинг ўрнига савдо дўконлари, дорихона ва бошқа давлатга қарашли бинолар қурилди. Масжидларга қарашли ҳовузлар, таҳоратхона ва хужралар ҳам барҳам топди.
Маҳалланинг шарқий қисмида Нақшбанд тариқатининг намояндаси Жонфидонинг қабри мавжуд. Абдул Қосим Жонфидо XV асрда яшаб, Ҳазрат Хожа Аҳрорнинг яқин муриди эди.
Дегрезлар оиласи маҳаллада кўпчиликни ташкил қилган. Бу минтақада яхчилар (музни сақлаш ва мижозларга етказиш билан шуғулланган кишилар) ҳам яшаганлар. Мурод дегрез ҳовлисида каттагина устахона бўлиб, уста ва халифалар дегрезлик билан шуғулланган. Тишрезлик ҳам дегрезликнинг бир шакли эди. Аҳмад, Ҳамид, Шариф ва Раҳим бофандалар, Пирмуҳаммад аравасоз, Муқим ва Раҳим налгарлар, Исрофил тадбиркорлик билан шуғулланиб маҳалланинг тарихини яратдилар.
МАСЖИДИ НАҚШИН. Маҳалла XV- XVI асрларда вужудга келган. Масжид биноси, таҳоратхона, ҳовуз ва хужралар XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Бу ишда уста Абдухолиқ ва мулла Абдусаиди Аттор фаол қатнашганлар.
Маҳалла ҳудудида Хожа Рўшнойи, Дониёрбек мозорлари мавжуд бўлиб, уларнинг номи тарихий манбаларда келтирилган.
Новадон ариғи ёнидаги маҳаллада иккита сув тегирмони, кулолчилик устахоналари мавжуд эди. Бу сарзаминда 400 йил муқаддам кулолчилик касбини бошлаган Одина кулолнинг авлодлари яшаб келади. Бобонинг неваралари Усто Умар, Тўрақул, Наими кулол, Ёқуби кулол авлодлар меросини ҳозиргача қадар давом эттирмоқдалар.
Таниқли гилкор Аҳад бобо, аравакаш Зайни бобо, Жума ва Тоҳир қассоб, тадбиркорлар А.Жалилов, О.Турсунов, С.Турсунов, маорифпарвар Пўлодов ва бошқа касб эгалари маҳаллада яшаб, халққа фидойилик намунасини кўрсатдилар.
АШЎР МУҲАММАД. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари кўп ва аҳоли зич жойлашган ҳудудида XVIII-XIX асрларда вужудга келган. Унинг теварагида Дониёрбек, Масжиди Нақшин, Кўлба, Шарифхўжа, Луччаккон ва Сўзангарон-1 маҳаллалари жойлашган.
Маҳалладаги масжид, хужралар, таҳоратхона ва ҳовуз ҳозиргача мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари бузилиб шахсий ҳовлиларга қўшилган.
Косиблар жамоа аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилади. Уларнинг узлуксиз меҳнати туфайли меҳнат тақсимоти ва маҳсулот айирбошлаш жараёни асрлар давомида ривожланиб келди.
Дурадгорлик асбобларини ишлаб чиқаришга уста Қосим, Аминжон, Абдурашид, Исматулло, Абдурозиқ ва Абдуқаюм аравасозлар, Жўрабой, Ёрмуҳаммад, Мавлон, Абдунаби кавшдўзлар, Муйин ва Наим совунгар, Усмон сангтарош, қишлоқ хўжалиги ташкилотчиси Н.Насимов, таниқли Қози Қори Ёқуб, маърифатчилар Ғафурбек ва Юнусбек Ёқубовлар билан маҳалла фуқаролари фахрланади.
СЎЗАНГАРОН-2. Маҳалла 1960 йили Самарқанд тумани «23-феврал» жамоа хўжалигининг Самарқанд шаҳрига чегарадош ҳудудида вужудга келди. Бу минтақада ХХ асрнинг 30-йилларида «Ўзбекбригада» жамоа хўжалиги жойлашган эди.
Маҳалладан шаҳар ариғининг икки ирмоғи оқиб ўтади. Ариқларнинг юқори қисмида сув тегирмонлари ва шаршаралар мавжуд бўлиб, Шароф бобо Адҳам боболар деҳқончилик билан шуғулланганлар.
Маҳалланинг биринчи номи Гулистон эди. Кейинчалик жамоага «Октябр 50-йиллиги» номи берилди. 1992 йилдан бошлаб маҳаллага Сўзангарон-2 номи берилади.
Маҳалланинг ҳудудида Самарқанднинг ўрта аср қалъаси, Сўзангарон дарвозаси, Ёри девона қабристони ва Сабрато мозори жойлашган. Масжид, таҳоратхона, ҳовуз ва хужралар қурилмаган.
Ушбу сарзаминда ҳунармандлар истиқомат қилганлар. Жумладан, Ражаб, Карим, Амри қассоблар, Насим тунукачи, Муҳаммадқул ва Неъмат бинокорлар, Рашид ошпаз, Акрам ва Субҳон маҳсидўзлар билан ёнма-ён профессорлар М.Самибоев ва А.Юсупов, академик А.Адҳамов ва маорифчилар М.Бозоров ва Э.Қулизода маданият ходими А.Вализода ва мураббий С.Аҳмеджонова, ҳуқуқшунослар С.Шарипова ва Ш.Баҳроновлар ўзларидан эзгу ном қолдирдилар.
ҚОЗИ АБДУРАСУЛ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг буюк Ипак Йўли ва Регистон майдони яқинида вужудга келди.
Маҳалла Орифжонбой, Эски Қаландархона, Боғи баланд, Шаҳрисабзи, Иброҳим Хожа жамоалари билан қадимдан чегарадош.
Масжид, ҳовуз, таҳоратхона ва ҳужралар маҳалланинг мажмуасига киради. Ушбу минтақада қовун бозори, шираворлик дўконлари, 4-та карвонсарой, баққоллик расталари мавжуд эди.
Бу сарзамин шоирлар, публицистлар, олимлар, санъаткорлар макони эди. С.Айни ва Т.Зеҳни, академиклар М.Нарзиқулов ва И.Нарзиқуловлар, бастакор Қори Сирож Юсупов ва рассом А.Розиқов, олим А.Саиджонов ва публицист Ахрори, ёзувчи С.Ғани ва наққош Ғ.Латипов, маорифпарвар З.Нарзуллаевларнинг ҳаёти ва ижоди шу ерда бошланган эди.
Дегрез Мамараим бобо, маҳсидўз Исмат бобо, бофанда Миразим бобо, шўракчи Рашид бобо, Раҳим ва Мирбақо ҳалвогарлар, тижоратчи Абдуғафурбой ва Ҳожи Абдусаломбой ва бошқа ҳунармандларнинг авлод-аждоди шу маҳаллада истиқомат қилганлар.
СЎЗАНГАРОН-1. Маҳалла XIV-XV асрларда Самарқанд шаҳрининг қадимий қалъаси ва машҳур дарвозасида вужудга келган. Испаниянинг Мовароуннаҳрдаги элчиси Рьюи Гонзалес де Клавихонинг хотираларида, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Зайниддин Восифий, Абдураззоқ Самарқандий ва Ибн Арабшоҳнинг асарларида бу тўғрида талайгина фикрлар билдирилган.
Маҳалла ҳудудида Хожа Нисбатдор мозори, болалар қабристони мавжуд. Масжид 1893 йили Хожи Мирвафонинг ҳомийлигида қурилган. Унинг хужралари, таҳоратхонаси ва ҳовузи бор эди. Сўзангарон шоҳ кўчасининг очилиши даврида (1870 й) мозорнинг бир қисми, таҳоратхона ва ҳовуз бузиб ташланган.
Маҳалланинг ҳудудидан Буюк Ипак Йўли ўтади. Ушбу йўлдан амирлар, шоир, алломалар, савдогарлар шарқдан ғарбга томон сафар қилганлар.
Ушбу тарихий минтақада XVII аср охири Зардўзи Самарқанди, XIX асрнинг ёзувчиси Иброҳим Журъат истиқомат қилишган.
Косиблар авлоди асрлар давомида ота-боболари касбини давом эттирдилар. Усмон, Нарзи, Абдуазиз қассоблар, усто Шамси, усто Асли, усто Абдухалиллар, Насри, Шамси, Бўри новвойлар шу сарзаминнинг фарзанди эдилар.
Маорифпарварликда Ж.Баҳриддинов, Р.Хамидов, Б.Тўрахўжаев ўзларидан муносиб ном қолдирдилар. Олимлар М.Самибоев, давлат арбоби Ҳ.Самибоев, Ш.Иброҳимов эл манфаати йўлида яшадилар.
ЛУЧЧАКОН. Маҳалла XVIII-XIX асрларда вужудга келди. Унинг масжиди XIX асрда қурилган бўлиб, бинонинг тасарруфига таҳоратхона, ҳовуз, хужралар кирган. Масжидни қуришда (1895) уста Юсуф ва унинг шогирдлари жонбозлик кўрсатдилар.
Маҳаллада оилалар авлод-авлод бўлиб истиқомат қилганлар. К.Эгамбердиев, Баротов, Йўлдошев, Юсупов, Вафоевлар оилалари маҳалла аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил қилади.
Маҳаллада турли касб эгалари яшаганлар. Ҳамид бобо ҳалвогарлик, Йўлдош бобо аравакашлик, Фозил, Карим ва Аҳмад бобо тижорат, Ҳикмат бобо тамаки етиштириш, Хусайн бобо сангтарошлик, Оқил ака тунукасозлик, Ҳикмат бобо деҳқончилик билан шуғулландилар.
Тарихий манбаларда маҳаллани Хунчаккон деб аташган. Бу ном Хон Саид Имомнинг фожиали ўлими билан боғлиқ бўлган ривоятлардан олинган.
БОҒИ БАЛАНД. Маҳалла XV асрда вужудга келган бўлиб жамоанинг усталари, меъморлари Регистон меъморий мажмуасини барпо қилишда қатнашганлар.
Маҳаллада 1910 йилда Дўстматбой ҳомийлигида «Дўстматбой мадрасаси» қурилади. Унинг пештоқида Шердор мадрасасининг расми кичик нусхада солинган эди. Бу сарзаминда Улуғбек ҳаммоми, ҳовузи сангин ва бошқа иншоотлар қурилиб, уларнинг меъморлик безаклари ва санъати бетакрор эди.
Ҳозир Рассомлар Хазинаси ва икки қаватли турар жой биноси жойида маҳалла масжиди, ҳовузи, таҳоратхонаси ва хужралар мавжуд эди. Бу муқаддас бинолар ХХ асрнинг 50-йилларида бузиб ташланди.
Ушбу тарихий масканда шоир Жавдан Раҳмонов, таниқли уста Баҳри ва Рофе, профессор Ш.Раҳмонов, мураббийлар Қулизода Турсунов, тадбиркор Аҳтам ака, Абдураҳим сиёҳкор (пойафзал тикувчи), жамоа арбоби Т.Каримов ва бошқа ҳурматли инсонлар истиқомат қилганлар.
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР МАҲАЛЛАСИ. Маҳалла 1959 йили Яхчиҳо, Кушхонаи Кўҳна, Қандалотпазон қишлоқлари таркибида вужудга келган. Ушбу қишлоқлар «Ўзбекбригада», «Ўзбекистон» колхозлари тасарруфида эди. Аҳолининг таркибини 60-йилларда бузилган Растаи Нав, Таги Шўр, Боғи баланд маҳаллаларидан кўчиб келган фуқаролар ташкил қилади.
Ҳар бир қишлоқнинг масжиди, таҳоратхонаси, ҳовузи ва хужралари бор эди. Маҳалланинг янги марказида бу каби иншоотлар барпо қилинмади.
Аҳоли нўхат қовуриш, шўрданак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Кулол буюмлар ишлаб чиқариш Амри, Нажми, Раббим, Сирож усталар учун ота касби ҳисобланади. Муқаддасой ва Ҳуррам каби каштадўзларни барча танийди. Тоҳир ошпаз, Рустам ва Раҳим новвойлар, Ботир, Зубайд ва Мурод қассоблар, М.Вафоева, М.Қаюмова, М.Собирова мураббийлар ўз меҳнатларига муносиб обрў топдилар.
НОМОЗГОҲ. Маҳалла XIX асрда ташкил топган бўлиб, унинг номи билан юритилган масжид XV- XVI асрда барпо қилинган.
Масжид Нодир Девонбегининг ҳомийлигида қурилган бўлиб, унинг тасарруфига ҳовуз, таҳоратхона, хужралар ва каттагина боғ кирган эди.
Маҳалла ҳудудида маҳаллий бойларнинг боғлари давлат томонидан мусодара қилинганидан кейин, 1928 йили суяк сил касалликлари санаторияси қурилди.
Номозгоҳ масжиди тўғрисида Бобурнинг «Бобурнома», Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарларида маълумотлар келтирилган.
Тоҳир беқасамбоф, Тўрақул, Насриқул мисгарлар, Шариф сартарош, Мирзиё қассоб, Зиёдулло наққош, Нарзиқулов ўқитувчи, Раҳмон ва Абдулло табиб кабилар маҳаллада узоқ йиллар истиқомат қилганлар.
Маҳаллада улуғ ёзувчи Садриддин Айний, Шароф Рашидов яшаб ижод қилганлар. Хўжа Аҳрорнинг авлодлари ҳам шу сарзаминда истиқомат этадилар.
ШАРИФХЎЖА. Маҳалла XIX асрнинг иккинчи ярмида шаҳарнинг ғарбий қисмида вужудга келган. Унинг теварагида Кўлба, Роҳат, Дегрезон, Ашўр Муҳаммад, Сўзангарон-1 ва Сўзангарон-2 маҳаллалари жойлашган.
Маҳалла масжиди 1878 йилда Шарифхожа ҳомийлигида қурилиб, унинг тасарруфига ҳовуз, таҳоратхона ва хужралар кирган эди.
Жамоа ҳудудида Самарқанднинг XI-XII аср қалъаси, Ёри Девона қабристони ва бошқа муқаддас жойлар мавжуд. Аҳоли асосан Самарқанд туманининг Кўлба, Мўлиён ва Оқмасжид қишлоқларидан кўчиб келган.
Косиб ва ҳунармандлар маҳалла фуқароларининг аксарият қисмини ташкил қилади. Шамсиддин Фаҳриддинов бинокорлик, Абдунаби бофандалик, Қурбон, Саидмурод, Бобомурод саллабофлик, А.Абдураҳмонов, Мулложонов, Сайфуллаев кўнчилик, Хўжақул, Раҳимқул телпакдўзлик, Р.Собирова, Б.Шокирова жомадўзлик, Ҳ.Набиева, Т.Раҳмонова каштадўзлик, Мулло Умар, Нурулло ва Абдулло ҳалвогарлик, Акрам, Абдукарим сартарошлик, Муҳиддин тунукасозлик, А.Шукуров аравакашлик билан оила тебратиб маҳалла тарихига асос солдилар.
ҚАЛАНДАРХОНАИ КЎҲНА. Самарқанд шаҳрининг ғарбий минтақасида XV асрда маҳалла вужудга келди. Ушбу сарзаминда қабристон бор эди. Унинг теварагида қаландарлар истиқомат қилишган. Улуғбек мадрасасини қуришда унинг атрофини очиш учун қабристонни бузиш ва қаландарларни кўчиришга тўғри келди. Аҳолининг кўпчилик қисми Қаландархона маҳалласига кўчирилади. Қабристонни зиёрат қилиш учун келган ўзбек тилида сўзлашувчи сайёҳлар маҳаллий аҳолидан қаландарларни сўраганда, улар «бу эски қаландархона» деб жавоб берганлар. Ўша вақтдан бошлаб маҳалла ана шу ном билан юритиладиган бўлди.
50-йилларда қабристон ва унинг ҳудудидаги хонақоҳ бузиб ташланди. 30-йилларда бу минтақада янги мактаб биноси қурилди. 2006 йилда мактаб биносини бузиш жараёнида унинг остидан қабр ва мақбаралар топилди.
Маҳалла ҳудудида масжид, хужралар ва таҳоратхона ва ҳовуз бор. Бу минтақада тўртта кўл ҳам мавжуд эди. Бинобарин бу жойни Тўрткўл деб атаганлар.
Маҳалла аҳолиси турли касб билан шуғулланиб келган. Абдурасул карвонбоши, Оламқул саройбон, Хўжақул ва Барот тадбиркорлар, маорифчи Офтобхон Тоҳирова, давлат арбоблари Р.Сатторов ва Р.Ҳайитов, Иноят бобо ҳалвогар, Асади ҳарбуза, Солех бобо табиб ва бошқа ҳунармандлар маҳалладошларнинг фахри ҳисобланади.
ШАРҚ (ЯҲУДИЙЛАР). Маҳалла XVIII асрда вужудга келган. Жамоа Самарқанд шаҳрининг мустақил этник тизими ҳисобланган. Унга калонтар (оқсоқол) лавозимига сайланган нуфузли инсон раҳбарлик қилган эди.
Шарқ маҳалласи Чокардиза, Шох Каш, Чанговли, Жўгихона, Оби Машҳад, Муборак ва Имом Восе жамоалари билан чегарадошдир.
Бу сарзаминда аҳоли косибчилик билан шуғулланган. Улардан шоир Зебохон, Расиби (XVII-XVIII), артистлар Борухи Калхот, Леви Бобохонов, М.Толмасов, Г.Муллоқандов. Я.Гадоев, шоир Ю.Кураев, рассом Ю.Элизаров ва б. машҳур бўлган.
БОЛОИ ҚАЛЪА. Маҳалла XVII-XVIII асрларда ташкил топган. Унинг ҳудудида Самарқанднинг ўрта аср қалъалари, Хўжа Аҳрор дарвозаси, Новадон ариғи, Себзор мозори, авлиёлар қабри жойлашган, Мулло Қаландар, Масжиди Нақшин, Дониёрбек, Чақар ва Дарвозаи Хўжа Ахрор маҳаллалари жамоага чегарадошдир.
XIX асрда маҳалла Дарвозаи Хўжа Аҳрор ва мулло Қаландар маҳаллалари тасарруфида эди. Ўша йилларда аҳоли ўз маҳалла масжидини барпо қилиб унга Масжиди боён (Бойлар масжиди) номини бердилар. Кейинчалик бу масжид бузилиб, янги масжид биноси қурилади. Унинг таркибида таҳоратхона, хужралар ҳам бор эди. Бу масжид ҳам бузиб ташлангач, унинг ўрнида чойхона қурилди.
Маҳаллада косиб ва ҳунарманд оилалар истиқомат қилганлар. Саид заргар, Акрам бешиксоз, Ҳайдар сартарош, Жўрақул ва Ҳайдар ишқорпазлар, Раҳим ҳалвогар, Муҳаммадқул новвой, Амонбой тадбиркор, маорифпарвар М.Ғиёсов, савдо-тижорат ташкилотчиси С.Баҳриддинов ва бошқа касб эгалари маҳалланинг асил фарзандлари ҳисобланади.
ДАРВОЗАИ ХОЖА АҲРОР. Маҳалла Самарқанднинг қадимги дарвозаларидан бирида жойлашган. Бу минтақада Себзор қабристони, Жонфидо ҳазратларининг қабри, Хожа Рушнойининг муқаддас қадамжойи, Новадон ариғи ва Коризгоҳ каби тарихий ва археологик масканлар жойлашган.
Маҳалланинг Дарвозаи Берун ва Масжиди боён каби масжидлари, уларга қарашли ҳовузлар, таҳоратхона ва хужралар бор эди. Бу иншоотлар ХХ асрнинг 40-50 йилларида бузиб ташланди.
1912 йилда шаҳар губернаторининг қарори билан масжиднинг ёнидан булоқ суви кўча ёқасига чиқарилиб, тошдан охур ўрнатдилар. Улов ва пиёда йўловчилари булоқ сувидан фойдаланганлар.
Маҳаллада сомон, ўтин ва мева билан савдо қилувчи бозор мавжуд эди. Самарқанд шаҳрида илк вино цехи ҳам шу минтақада қурилди.
Маҳалла фуқаролари косиб ва ҳунармандлар билан фахрланадилар. Тўра ва Қилич аравасозлар, Қодир, Усмон сартарошлар, Баҳри совунгар, Умар дарвозабон, Тошпўлат бобо винопаз, шоир Гулхани, маорифпарвар Ҳ.Юнусов ва Б.Саломов каби таниқли шахслар баракали умрини ана шу сарзаминда ўтказганлар.
ДЕВОРИ КЎНДАЛАНГ. Маҳалланинг номидан маълумки, бу минтақада Девори Қиёмат қалъаси мавжуд бўлиб, у қадимда барпо қилинган. Маҳаллий ернинг нотекис бўлганлиги боис қалъа бир текис қурилмаган экан. ХХ асрнинг 30-йилларида қалъанинг қолдиқлари колхоз майдонларига айлантирилади.
Маҳалла ҳудудида каттаю-кичик мозорлар бор. Жумладан «Ҳафт додарон» мозори кўпчиликнинг муқаддас жойига айланган.
Бу сарзаминда иккита масжид-Урганжи ва «Масжиди Санги калон» мавжуд эди. Масжидларга қарашли таҳоратхона, ҳовуз ва хужралар бузилиб кетди.
Машҳур усталар ва наққошлар Муқум бобо Вали, санъаткорлар А.Зубайдуллаев ва С.Шукурова, жамоат арбоби Яҳъё Афзали, уста деҳқонлар Мулло Баҳри, Ҳотам ака, маориф жонкуярлари М.Нарзиев, А.Сайфиддинов, олимлар А.Ахтамов ва Б.Рустамов ана шу заминда истиқомат қилиб, эл ҳизматини адо этганлар.
САДРИДДИН АЙНИ. Таниқли тожик ёзувчиси номи билан юритилган шоҳ кўчанинг бошланишида 1970 йили вужудга келган маҳалла тасарруфида Тути Худойи, Ҳазорбоғ қишлоқлари бор эди. Унинг ҳудудида Дамдаржўш қабристони ва масжиди мавжуд эди. Уста Абдусаттор ҳомийлигида Эшонқишлоқ, Тути Худойи ва Мўлиён қишлоқларида учта масжид қурилади. Аммо мазкур муқаддас жойлар 30-40 йилларда батамом бузилиб кетди.
Чархипалакчилар, шу маҳалланинг асил фарзанди эдилар. Уста Ғани ва уста Зиё соҳанинг зукко мутахассислари эдилар. Ҳалвогарлар Азим ва Саид бобо, Узоқ, Умар ва Салоҳиддин михгарлар, Облоқул ва Эргаш сандиқсозлар, Миробод бобо мўкидўзлар, Розиқ ва Парда ғалтакбофлар, Пўлат ошпаз, Исрофил ва Исроил қассоблар, А.Ҳакимов (маорифчи) каби шахслар маҳалладошлар қалбида абадий муҳрланиб қолган.
РОҲАТ. Маҳалла XVII-XVIII асрларда Самарқанд шаҳрининг Самарқанд тумани билан туташган минтақасида вужудга келган.
Унинг ҳудудида шаҳар ариғи, Ёри Девона ва Себзор қабристони мавжуд бўлиб, Термез кўчаси Буюк Ипак Йўлининг марказида жойлашган. Бундан ташқари, маҳалла чегарасидан Хожа Абди Берун қабристони томон қури�ган қадимий Марв номи билан машҳур шоҳ кўча ҳам бор.
Маҳаллада масжид, ҳужралар ва таҳоратхона мавжуд эди. Бу иншоотлар 30-йилларда бузилиб кетди. Шаҳарликларга хизмат бажо келтирган Қўш тегирмонлар ҳам ана шу сарзаминда эди.
Маҳалла Мўлиён ва Номозгоҳ маҳаллаларига қўшилди ва кейинчалик мустақил жамоага айланди. Унинг ҳудуди қўшни «23 феврал» ва Куйбишев номли колхоз майдонлари ҳисобидан кенгайтирилди.
Ушбу минтақада 20 дан кўп ҳунармандчилик хиллари мавжуд эди. Наби ва Баҳри кавшдўзлар, Қорабой бофанда, Мажид маҳсидўз, Файзи гилкор, Асли ва Мирбобо заргарлар, Зоҳид ва Ҳамроқул налгарлар, Раҳмат ва Салоҳ баққоллар, Муйин ва Зиё ҳалвогарлар, Ҳожи фонусчи, Холиқ муаллим сингари инсонлар ҳалол меҳнат туфайли абадий ном қолдирдилар.
ХОНСАИДИМОМ. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига бой минтақасида вужудга келган. Унинг ҳудудида Новадон тарихий ариғи, Гўри Амир комплекси, Оқсарой ва Руҳобод жойлашган.
Маҳаллада араб лашкарбошиси Ҳолид ибн Валид, тасаввуф тариқатининг йирик намояндалари Саид Аҳмад Вали, шайх Аттори Валиднинг қабрлари бор.
Хонсаидимом қорахитой қавмига мансуб шахс бўлиб, жомеъ масжидида ғайридинлар томонидан ўлдирилган ва шу ерда дафн этилган.
Маҳалла аҳолиси ўртасида косиб ва ҳунарманд оилалар қадим замондан яшаб келадилар. Одина, Турсун, Умар, Наими куллоллар, Ортиқ, Шукур заргар, Зиё ва Абдуҳамид гилкор, Ашўр шоҳибоф, Ёдгор налгар, Тўрақул дурадгор, Султон доирасоз, Муҳтарам опа каштадўз, Норбой қассоб шулар жумласидандир.
Таниқли шоирлар Мулла Монеъ ва Мунъим (XVII аср), маърифатпарварлар Мулло Саъдулло ва Лутфулло, ёзувчи ва таржимон Кибриё Қаҳҳоровалар ўз ижодий фаолиятларини ана шу заминда бошлаганлар.
Жамоат арбоблари Султон Исрофилов, ҳуқуқшунослар Қурбон Содиқов ва Бозорқул Ҳайдаров, Муҳаммаджон Умаров сингари жонкуяр инсонлар ватан учун хизмат қилишни фуқаролик бурчи деб яшадилар.
ҒАФУР ҒУЛОМ МАҲАЛЛАСИ. 1960 йилларда Самарқанд шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиб Ҳавзи Сангин, Боғи баланд, Аллофи, Тўқумдўз, Мотрид, Лаби ғор, Булбулак маҳаллалари барҳам топди. Аҳоли Самарқанд туманига қарашли Кенжа ёғчи, Яхчиҳо, Қандалотпазон, Кушхонаи Кўҳна қишлоқларида янги ҳовли-жой қуриб яшай бошладилар. Натижада 1967 йили маҳалла барпо бўлди. «Қизил Октябр» колхози ҳудудида аввал Мулиён-1 ва Мулиён-2 маҳаллалари вужудга келди. Кейинчалик ана шу маҳаллалар таркибида Қаландархона, Ғ.Ғулом, Ҳамза, Х.Иброҳим, Қўшчинор, Роҳат ва С.Айни маҳаллалари вужудга келди.
Ҳар бир қишлоқнинг ўз масжиди бор эди. Масжидларни қуришда усто Абдулфайз, Қобил акаларнинг ҳиссаси катта эди.
Бу сарзаминда талайгина косиблар яшаганлар. Жумладан, Зиё ва Абдуғани чархипалакчилар, Кенжа ёғчи, каштадўзлар К.Рустамова ва С.Розиқова, таниқли бастакор Набижон Ҳасанов ва Р.Ҳамроқулов, саноат ташкилотчиси Б.Ҳамроқулов, шоир Салим Кенжа ва бошқа ижодкорлар умр кечирганлар ва айримлари фаолият кўрсатиб келадилар.
ХАЛИФА ИБРОҲИМ. Маҳалла Самарқанднинг қадимий минтақаларидан бирида вужудга келган. Унинг ҳудудида Хожа Абди Дарун, Сулфа Кабутак, Халифа Иброҳим ва Пистамазор қабристонлари, Жўйи Даштак ва Мўлиён каби тарихий жойлар ва қишлоқлар мавжуд.
Халифа Иброҳим тасаввуф тариқатининг арбоб бўлиб, унинг муридлари Афғонистонда ҳам яшаганлар. Афғонистон шоҳи Абдураҳмонхон ўзини Х.Иброҳимнинг муриди санаб, 1860 йили шайхнинг қабрини таъмирлагани, унда гумбаз ўрнатгани фикримизнинг далилидир.
Маҳалла «Ўзбекбригада», «Қизил Октябр» ва «Комсомол» колхозлари ҳудудида ХХ асрнинг 60-йилларида ташкил топган. Жамоа тасарруфидаги саккиз ҳовуз, тўрт масжид ва уларга тегишли хужралар ва таҳоратхоналар 70-йилларда бузилиб кетди.
Маҳаллада ҳунармандлар авлод-авлоди билан яшаганлар. Зиё ва Ғани усталар, Тўйчи кавшдўз, Ҳаким ва Ражаб чорвадорлар, милиция ходими И.Шарипов, хотин-қизлар ҳаракати ташкилотчиси И.Шарипова, табиб Ж.Исаев, ўқитувчи Х.Боқиева ва бошқалар маҳалла тарихида ном қолдирдилар.
КЎЛБА. Маҳалла Самарқанднинг қадимги қалъаси, Хўжа Ахрор ва Сўзангарон дарвозаларига туташган жойда вужудга келган.
Маҳалла чегарасида қадимги Ёри Девона, Себзор қабристонлари, Дониёрбек мозори, Новадон ариғи жойлашган. Самарқанд туманининг Қўлба ва Андижони қишлоқларидан кўчиб келган.
Аҳоли турли касб билан шуғулланган. Уларнинг орасида Қули, Шариф бобо аравакашлар, уста Худойқул бобо, Эргаш ёғчи, Ғулом қассоб, Бобомурод кўнчи, Тўрақул бўёқчи, Узоқ ва Аҳрор этикдўзлар, жамоат арбоби А.Норбоев, Тошканди бобо тадбиркор, маорифчилар С.Марупов ва Ф.Сирожева, профессор Ҳ.Каримов шу сарзаминнинг асил фарзандларидир.
Масжид биносини қуришда Ҳожи Маъдихўжанинг ҳиссаси катта. Бу инсон ўз маблағи ва фуқароларнинг ҳашари билан маҳалла масжидини, ҳужралари ва таҳоратхонасини барпо қилишда бевосита қатнашди. 1950 йилларда масжид давлат тасарруфига ўткизилиб унга тегишли бинолар ва ҳовуз бузиб ташланди.
ҚИРЧА. 1985 йили Самарқанд туманига қарашли Боғи баланд қишлоқ шўроси ва Боғи майдон қишлоғига қарашли минтақаларда янги маҳалла ташкил топди. Унинг ҳудудида М.Улуғбек асос солган расадхонанинг Кўҳак тепалигининг давоми, Галаосиё, Афросиёб шаҳарчасининг чегараси мавжуд. Маҳаллада Ҳазрат Дониёр қабри ҳам бор.
Бу минтақани тарихий манбаларда Мирохури ва Боғи Нақши Жаҳон деб ёзилган. Амир Темур бу ерда от ва бошқа уловларни сақлайдиган охур қурдирган. Кейин М.Улуғбек боғ яратиб, унинг супасини мармар тошлар билан безаб, уларга юлдузлар нақшини солдирган экан.
Маҳаллада масжид ва унга тегишли бўлган бошқа зарурий бинолар мавжуд эди. 30-йилларда масжид биноси қаровсиз қолди ва кейинчалик бузилди.
Қадимдан косиблар бу масканда истиқомат қилганлар. Муродқул, Ўрун ва Ғани лажомдўз ва тўқумдўзлар, Жума қамчинбоф, Мақсуд ва Ориф кавшдўзлар, Амон ва Раҳим кўнчилар, Мелик ва Иброҳим темирчилар, Қобил ва Наби дурадгорлар, Саттор ҳалвогарлар, Мансур баққол, Бўриқул жувозкаш, Эсон мисгар, Эргаш ва Саидмурод қассоблар, Исом ва Фозил новвойлар, Яҳё ва Воҳид тунукасозлар, Бекмуҳаммад телпакдўз, жами 19 касб эгалари яшаган.
ОБИ МАШҲАД. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий-шимолий қисмида жуғрофий тузилиши нисбатан ноқулай жойда вужудга келган. Унинг ҳудудидан Оби Машҳад ариғи ва унга қуйиладиган бошқа катта ва кичик ариқлар оқиб ўтади.
XV асрда маҳалла чегарасида Шайхлар (кейинча Амиробод деб аталди) маҳалласи ташкил топди. ХХ асрнинг 30-йилларида кўн заводи ва «Ҳужум» фабрикаси барпо қилиниб, маҳаллага тегишли қабристон ва турар жойлар бузилади.
Шайхлар маҳалласида масжид ва ҳовуз қурилган эди. Унинг марказидаги Майдони Лаълда фуқаролар сайил ва ҳайит байрамларини ўтказишга одатланган эдилар.
Маҳалланинг фахри бўлмиш косиблар авлоди яқин йилларгача фаолият кўрсатиб келдилар. Шермуҳаммад, Ёрмуҳаммад ва Мирмуҳаммад эгарсозлар, Султонхон этикдўз, Маъруф заргар, Мухторхон нонвой, саноат ишлаб чиқариш илғорлари А.Султонов, Ҳ.Султонова, М.Нумонов, маорифпарварлар Муҳташамхон, табиблар Муқаддасхон ва Султонхон, дуохонлар Ғуломхон ва Эшони Алихонларни маҳалладошлар унутмайдилар.
ОРИФЖОНБОЙ (ЗАРДЎЗОН). Маҳалла XV-XVI асрларда вужудга келди. Маҳалланинг аввалги номи Зардўзон бўлиб, аҳоли зардўзлик билан шуғулланган. Ана шундай инсонлардан бири Саидкамол (1657 й) бўлиб Фитрати Зардўз адабий тахаллуси билан асарлар ёзган. Зардўзнинг «Ғолибу матлуб» достони тўғрисида Малеҳо Самарқандий ўз асарларида ёзган эди.
XVIII асрда тошкентлик тадбиркор Орифжонбой бу минтақада иккита масжид солдиради. 30-йилларда маҳаллий зиёлилар (Қори Исмат) бошчилигида болалар қабристони текисланиб, бошланғич мактаб, боғ ва дам олиш майдони барпо қилинди.
Маҳалла зиёлилари билан Саидаҳмад Васлий, Сиддиқи Ажзи каби маърифатпарварлар халқнинг саводини чиқаришда фаолият кўрсатганлар.
Бу сарзаминда талайгина олимлар ва ёзувчилар яшаб ижод қилдилар. Обид Исмати, Аъзам Шахиди, Ҳодизодалар сулоласи фан ва маданиятнинг равнақи йўлида фидойилик кўрсатдилар.
Косиблар сулоласи аҳолининг кўпчилигини ташкил қилади. Қаюм этикдўз, Карим гилкор, Ҳасан новвой, Тошқул бодхон, Болта ошпаз, Амин маҳсидўз, Нарзулло пичоқчи, Нарзиқул аравасоз, Насим ҳалвогар, Амини темирчи каби ҳунармандларнинг номини ҳозиргача маҳалладошлар эслайдилар.
ХАЛИФА ЛАЪЛИБЕК. XVII-XVIII асрларда вужудга келган маҳалла сиёҳкорлар (этикдўзлар)нинг пири номи билан юритилади.
Маҳалланинг масжиди тошкентлик бадавлат шахс Дўстматбойнинг чорвачиликдан олган бир йиллик даромадидан барпо қилинади. Бой яна қўшни Баландкўпрук маҳалласи масжидини ҳам ўз маблағидан бунёд этган экан. Х.Лаълибек масжидини баъзилар Эшонмасжид деб юритадилар. 1966 йила фуқаролар ихтиёрига берилди. Ушбу маҳаллани баъзи адабиётларда Фони маҳалласи деб атайдилар. Ҳозирги 27-сон ўрта мактаб жойида Фон (Панжакентнинг қишлоқларидан бири)дан кўчиб келган муҳожирлар яшаган эди. Ана шу қишлоқ номи билан юритилган жамоа кейинчалик Х.Лаълибек билан алмаштирилади.
Маҳаллада Махдуми Аъзам авлодидан бўлган бир неча оила истиқомат қилади. Шулардан бири Халифа Саид Абдулқосимхон бўлиб, нақшбанд тариқатига эътиқод қилган экан. Бу шахсни баъзилар эшонимиён деб атаганлар.
Бу тарихий масканда косиблар авлоди асрлар давомида яшаб меҳнат қилганлар. Мажид, Ислом, Маъди маҳсидўзлар, Қобил ва Жамол усталар, Қори Хусени Саррож (лажом тикувчи), Мардон мисгар, Мамадқул сандиқсоз, Исматулла сартарош, Сайфуллахон ва Мардон бофандалар, Наби
ва Раззоқ қассоблар, Тўрақулов муаллим, М.Атоев олим ва бошқа ўнлаб косиб ва зиёлиларнинг номини келтириш мумкин.
ОЙСАВАТ. XIV асрда вужудга келган бу маҳаллада Самарқанд тарихшунослигида маълум бўлмаган бир неча тарихий муқаддас жойлар мавжуд. Жумладан, Чилдухтарон, Махсум девона, Шохқосим, Анвари озари мозорлари шу минтақада жойлашган. Яна фуқаролар ўзлари учун ҳовлилар барпо қилган жойларни «Бузрукворлар чорбоғи» деб юритадилар. Маҳалла масжиди иккинчи жаҳон урушигача мавжуд эди. Унинг ҳужралари, таҳоратхоналари бузилиши билан халқ қурилиш материалларини ўзлаштириб олдилар.
Турли касб эгалари бу масканда ота-боболари меросини сақлаб келадилар. Ҳожибойбачча тадбиркорликда уста инсон эди. От савдоси билан шуғулланган бойнинг Афғонистон ва Эрон, Марказий Осиё бозорларида кўпгина мижозлари бор эди. Мирэҳсон дўппидўз, Баҳриддин маҳсидўз, Қаюм этикдўз, Махтобой, Маҳкамбой паранжидўз, Мелик ва Тоҳир қассоблар, Робия опа новвой, Қурбон ҳалвогар, Самад ошпаз, Насим чармгар, Бобораҳим ашулачи каби ҳунарманд ва санъаткорлар эл ардоғида яшадилар.
ҚАЛАНДАРХОНА. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида XV асрда вужудга келган. Бу сарзаминда асосан ислом динининг яссавия тариқатига мансуб бўлган руҳонийлар истиқомат қилганлар.
Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида ёзишича, Ҳазрат Ҳожи Сафо бобонинг мозори ва унинг номи билан юритилган қаландарлар қабристони мавжуд. Бу тарихий шахс Муҳаммад пайғамбарнинг кулоҳ ва жандасини Ҳожи Абдураҳмон бобо қаландардан мерос олиб кийганлар. Бу зотдан кейинги асрларда жами 39 таниқли қаландарлар бу анъанани давом эттирганлар. Ҳожи Сафо бобонинг беш фарзанди бўлиб, улардан Ражаб номли ўғли пешқадам диний арбоблардан эди. Рум ва Мисрда ўз маблағидан бир неча тақялар (диний бинолар) солдириб Қоҳирада оламдан ўтган.
Тарихий манбаларда «Бу минтақада Хожа Муҳаммад Фазлий «Шақиқий Балхий мозори» шаҳар дарвозаси бўлган ва ўтган замонларда «Фирўза дарвозаси» деб аталадиган Қаландархона дарвозасининг ичида» деб ёзилган. (51-бет).
МИРЗО УЛУҒБЕК. Маҳалла Самарқанд шаҳрига чегарадош Самарқанд туманининг Гулистон жамоа хўжалиги ҳудудида 1977 йили ташкил топди. Жамоанинг умумий майдони 20 гектарни ташкил қилиб, Кўл, Темирчи, Навбоғчиён, Бекҳо, Хаймари Боло, Хаймари поён, Лолазор маҳаллалари билан қўшнидир.
Абу Тоҳирхожанинг «Самария» асарида 7 маҳаллага қўшни қишлоқларда, хусусан, Кўл маҳалласида араб лашкарлари Қутайба бошчилигида 7 ой тайёргарликдан сўнг Самарқандни ишғол этган. Ана шу даврда «Кўли моғиённи» барпо қилиб, бу сарзаминда истеҳкомлар, боғлар, сув иншоотлари ва йўллар бунёд этганлар.
Маҳалланинг ҳудудида Чилдухтарон қабристони, Камолиддин авлиё мозори каби муқаддас қадамжолар мавжуд. Камолиддин авлиё номи билан юритилган масжид шўролар даврида бузилди. Масжидни тиклаш ва ишга туширишда профессор Турсун Холматовнинг хизмати катта.
Маҳаллада талайгина меҳнат фахрийлари, таниқли уста ва меъморлар истиқомат қиладилар. Бойқўнғир космодромининг қурилишида фаол қатнашган Ҳасан бобо Жўрақулов, Каттақўрғон сув омбори ва Фарҳод ГЭСи қурилишида қатнашган Аҳмад бобо Рўзиев, Ўзбекистоннинг полвонлари Алимардон, Шариф, Абдулло акалар шулар жумласидандир.
Маҳаллани олимлар жамоаси деб айтишларига асос бор. Академик Б.Ширинқулов, проф.Н.Турниёзов, Т.Холматов, Ж.Пиримқулов, таниқли рассом Э.Муҳаммадиев жами 13 миллат вакиллари истиқомат қилаётган фуқаролар билан аҳил фаолият кўрсатмоқдалар.
Маҳалланинг Турон, Турон-1, профессорлар Лолазор, Бобур, Маҳзуна, Қори Сирож, А.Яссавий, Жалол Жўраев номли кўчаларда 504 оила, жами 2376 минг аҳоли билан мустақилликка шукрона айтиб яшамоқдалар.
Хуршед Самибоев