Л.Н.Гумилевнинг «Қадимги турклар» асари XX асрнинг иккинчи ярмида, яъни турки қавмлар тарихига Европада қизиқиш тўлқини ҳали ўз эпкинини мутлақо йўқотиб бўлмаган бир чоғда дунё юзини кўрди. Бутун XIX юзйиллик давомида турки халқлар тарихи турки олимлар иштирокисиз ўрганилган, бу халқлар вакиллари ўз тарихини илмий ёритиш майдонидан йироқда бўлганлиги боис ҳам Оврупо ва рус тарих фани ходимлари уни ўзларининг шарқ тарихини билиш савияси даражасида ҳамда ўз сиёсий-ижтимоий қарашларига уйғун тарзда очиб беришлари табиий эди. XX юзйилликда тарих илмининг турки халқлар ўтмиши майдонига усмонли турк ва татар олимлари ҳам кириб кела бошладиларки, улар аввалгилардан фарқ қилиб, турки тарихга, табиийки, она тарих сифатида ёндоша бошладилар. Энди булар олдингиларидан фарқ қилиб, мазкур тарихга узокдан, совуқ илмий таҳлил муддаосидан ёхуд ўз миллатининг сиёсий-ижтимоий манфаатидан келиб чиқиб эмас, балки ўзининг кечмишига илмий кўз билан қарамоқзаруратида ва иштиёқида эдилар.
Бу борада ўз халқининг келиб чиқиш жиҳатидан угор-турк бирлигига боғлаган можар (унгар-венгер) олими Ҳерман Вамбери алоҳида ўрин тутади. Афсуски, XIX аср охири ва XX юз йиллик бошларининг жуда кўп рус ва рус-совет олимлари каби Л.Н.Гумилев ҳам Вамберининг илмий ишларини четлаб ўтади. Бу ҳолат Л.Гумилевнинг ҳамма замонларнинг улуғ шарқшуносларидан ҳисобланмиш В.В.Бартолднинг илмий қарашларига ҳам эътиборсизлиги, аниқроғи, бироз менсимаслик кайфияти билан бирга, Басим Аталай, Заки Валидий илмий асарларига мутлақо эьтибор бермаслик каби илмий йўлни танлашига олиб келди. В.Бартолд қадимги турк тарихини бошқа ижтимоий фанлардан ажралган ҳолда ўрганиш мумкин эмас деб ҳисоблаган, хусусан, тарихчи айни чоғда яхшигина филолог-полиглот бўлишини талаб этган бўлса, Л.Гумилев ўз устози Г.Е.Грумм-Гржимайло билан биргаликда тарихий географияни, тарихни, хусусан турк тарихини тиклашда етарли ёндош соҳа сифатида қабул қиладилар. Л.Гумилевнинг бу борадаги фикри қўлингиздаги китобнинг "Умумий ишлар методикаси" бўлимидаги «XIX аср охирида тўрт тилда бир-бирига зид кўплаб илмий адабиётлар яратилди, бу асарлар бошловчи тадқиқотчилар қўлига етиши ва уларни идрок этиши қийин эди... Табиийки, бошловчи тарихчи турклар ҳақида ёзилган барча китобларни ўқиб чиқа олмайди. Унинг олдида ягона йўл бор - мавзуни торайтириш..." дейилган гапларида ҳам акс этади. Яъни филологик маълумот зарурлиги инкор этилгач, умуман мавзуга оид барча илмий адабиётларни ўрганиш зарурати ҳам чекланади.
Филологик манбаларга эътиборсизлик натижаси бўлса керакки, Л.Гумилев ҳам ўша замонларда, ҳатто ҳозирда ҳам кенг тарқалган «Ашина» сўзи «бўри» деган маънони ифода этувчи мўғул сўзи бўлиб, мўғулча кўриниши "шане//чино"дир, "А" эса хитойча ҳурматни ифода этувчи олд қўшимчадир" деган фаразни ҳеч иккиланмай қабул қилади. Бир тилдаги сўзга иккинчи тилдаги грамматик шакл кўшилиб янги шакл ҳосил килиши учун ўша шакл ҳосил қилинган тил муҳитида жуда бўлмаганда, аҳолининг катта қисми иккитилли бўлиши зарурлигини эътибордан соқит қилади ҳамда бу факт унинг турк давлат қурилиши заминида мўғул қабилалари туради, деган қарашига уйғун бўлганлиги учун ҳам бундай қарашни дадил олға суради ва "Ашина"нинг маъноси «олийжаноб бўри» деб беради. Аслида, хитой манбаларидаги «Ашина» сўзини турки салтанат бўлмиш Кушан давлати номи билан, яъни "Қушан" энг қадимги турки «бўри» тушунчасини ифода этувчи сўз билан боғлаб тушунтириш илмий жиҳатдан асосли кўринади (бу сўз билан бир ўзакдош бўлган «қашқир» сўзи ҳали қўпгина турки тилларда сакланиб келмоқда). Л.Гумилев турки тарихни мўғуллаштиришда давом этиб, хитой манбаларида «Ашина хонлари қўл остидагиларни ифода этиш учун ишлатилган "ту-кю"сўзида "туркут" сўзини кўради ва ундаги-ут қўшимчасини эса, мўғулча кўплик қўшимчаси, деб ишонади ва ишонтиришга уринади. Ҳатто, қадимги турк тилида барча сиёсий атамалар мўғул тилидаги кўплик қўшимчаси билан ясалган, деган исботланмаган қоидани ўртага ташлайди. Туркут сўзи таркибидаги-т(-у/т)ни қатъий туриб, мўғул тили қўшимчаси дейиш билан Л .Гумилев В.Бартолднинг унинг илмий ишларидаги хатолар заминини тўғри кўрсатганини исбот ҳам қилиб қўйган эди. Яъни Гумилев ўз замонасида эълон этилган В.В.Радловнинг "Турки лаҳжалар луғати тузиш тажрибалари "(кейинроқ "Қадимги
турк луғати" номи билан ҳам нашр этилган)дан бехабарлигини кўрсатиб қўйди. Ўша луғатда -т қўшимчаси қадимги турки тилда мавҳум тушунчали от ясаши айтилган ва бунга мисоллар ҳам берилган. Бунинг устига агар Л.Гумилевда филологик маълумот етарли бўлганида турки тилларда этнонимлар кўплик қўшимчаси билан ясалмаслигини, чунки бу тилда этноним жамловчи маънога эга эканлигини пайқаган бўлар эди. Ҳозирги турки тилларда учрайдиган ўзбеклар, қозоқлар, руслар каби форма ясалиши ҳам турки тилларга ҳинд-европа тиллари таъсири натижасидир. Ҳатто ҳозир ҳам "ўзбеклар бунақа бўлмайди"дан кўра "ўзбек бунақа бўлмайди" туркироқдир. Демак, «туркут» шакли мавжуд бўлганида ҳам ундаги -т(-ут) мўғулча кўплик қўшимчаси эмас, балки "бошқирд" этнонимидаги каби мавжуд этнонимга қўшилган ҳолда умумлашма маъно бериши мумкин. Мўғул тилларида эса,-т этноним ясаши мавжуд бўлган тил ҳодисасидир: ойрот, кераит, тангут, тайчжиут каби. «Туркут» сўзида этноним -к воситасида ясалгани эса ўша пайтлардаёқ исбот этилган бўлиб, қўлингиздаги китобда Л. Гумилевнинг ўзи буни тан олади.
Тарихан ўзидан ҳужжатлар қолдирган дастлабки турки давлат бўлмиш Турк ҳоқонликларини ва унинг асосий бунёдкори туркилар билан илк турки халқ ва давлат бўлмиш хунлар ва уларнинг императорлиги орасидаги боғланишни ҳам йўққа чиқаради: "Турклар ўз тарихини оламнинг бошланишидан ҳисобласалар-да, уларнинг дунёқарашидан келиб чиқилса, бу дунё унча қадимий эмас. Оламнинг ибтидоси VI аср бошларидир. Турклар ўз аждодлари хунлар ҳақида ҳеч нарса билмас эдилар." Бу фикр жуда асоссиз бўлмаса ҳам, унда турклар ўз ўтмишидан мутлақо узилган бир қавм сифатида намоён этилади. Бу фараз тўлалигича Ўрхўн битиклари матнига таянганлиги учун, матн эса оламнинг яралиши ёки туркларнинг тарихига эмас, балки бир турки сулола тарихига бағишлангани учун бундай кескин хулосага ишонгинг келмайди. Хитойча матнда турклар хунларнинг авлоди эканлиги қайд этилган экан, демак лоақал хитой маданияти асосида таълим олганлар ёхуд хитойча матнни ўқий оладиган оддий турк хунлар ҳақида қандайдир маълумотга эга бўлган, деган ишончга асос бор бўлади, матнда эса, буни акс эттириш учун эҳтиёж бўлмаган бўлса керак. Бизнингча, бу ўринда бошқа бир ноаниқлик ҳам борга ўхшайди, яъни хитойлар «хун» деб атаган аждодларимизни ўша замондаги турклар ҳам хун деб атаганмиканлар?!
Гап буюк туркчи олим Л.Н.Гумилевнинг, бизнинг назаримизда, турки тарихни ўрганишда турк филологиясига эътиборсизлиги натижасида йўл қўйган айрим камчиликлари ҳақида кетаётган экан, унинг "яда" тоши ва у билан боғлиқ бўлган фикрини ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. «ЙАДУ» сўзининг ўзи форс тилидан ўзлаштирилгандир. Гарчи Эронда «шаман» сўзи номаълум бўлмаса ҳам, Фирдавсий турк сеҳргарини айнан ўша сўз билан атайди."
Аввало, йадасўзини ҳеч иккиланмай форс сўзи дейиш, бу сўз ва ушбу сўз ифода этадиган диний амал тарихларини атрофлича ўрганилмай хулоса чикаришга олиб келинган. Форс тилида бу сўз бошка форсий сўзлар билан боғланиши мутлақо мумкин бўлмагани ҳолда, "Девону луғатит турк"да ўқиймиз: «ЙАТ»-ёмир ва шамол келтириш учун тошлар билан қилинадиган фусунгарлик". Шунинг билан бирга турки тилда "йа"-ўзагидан таркаган ва маъноси йада сўзига уйғун бўлган бирмунча сўзлар борки, улар бу сўз турки эканлигини тасдиқлаб туради. Жумладан, мазкур луғатда йатлади сўзи афсун ўқиш маъносига эга эканлиги қайд этилган. Йатлатти эса «фол очтирди» маъносига эгалиги айтилади. Давомида йатчи сўзи келтирилиб, унинг «афсун ўқийдиган киши" маъносини ифода этиши тасдиқланади. Ўзбек тилида учрайдиган "ётиғи билан тушунтир" иборасидаги ётиқ" ҳам ушбу сирага келиб қўшилади. Бундан ташқари, табиат жисмларини илоҳийлаштириш эронларга нисбатан кўпроқ туркиларга хосдир. Форс манбалари ҳам бир овоздан яда тоши га унинг воситасида бажаршадиган даний тадбирлар тўлалигича туркларга хос деб ҳисоблайдилар. Умуман, «битик»ни хитой тилидан (В.В.Радлов каби тил билимдони турки тидда бити-феъл ўзаги бор бўлишига ҳам қарамай, бу "маданий сўз" хитойчадан ўзлашган бўлишини ўтказмоқчи бўлган), ҳўкиз —"маданий сўзи"ни форс тилидан, сават сўзини ҳам турки тилда сап- "бириктирмоқ", тўқимоқ" феъл туркумли сўзи бўлишига қарамай, форс тилидан ўзлаштирилган деб ҳисоблашлари турки "маданий сўз"ларнинг барчаси бошқа тиллардан қабул қилинган, деган нотўғри ва ғайри илмий қараш таъсиридан бошқа нарса эмас эди.
«Қадимги турклар» китобини ўқишда эҳтиёт бўлиб ёндошиш лозим бўлган ғоялардан бири бу «қадимги турклар сон жиҳатидан жуда кам бўлиб, ўз номларини бевосита авлодлари бўлмаган кўпгина қавмларга қолдирди» деган фикрдир. Аввало, дунёдаги барча халқлар аралашдирлар, руслар ҳам қон аралашиш фоизи ҳисобланса, славян бўлмаган халқ бўлиб чиқади. Яъни турки қавмларнинг барчаси туркидирлар, лекин унда турки қон даражаси турлича миқдорда бўлиши мумкин.
Қадимги турклар маданияти ўзига хос кўчманчи маданият бўлиб инсоният тарихида ўзининг алоҳида ўрнига эга эканлигини, оддий ўтов ўз архитектураси билан ўтроқ халқлар ярагган иншоотлардан ҳеч қандай кам томони йўқ эканлигини исботлашга бел боғлаб, буни чиройли қилиб далиллаб бера олган Л.Н.Гумилёв, бу қарашларида маданиятнинг тил ва адабиёт каби узвий қисмига келганда, бироз оқсайди ҳамда турки маданиятни камситиш йўлини тутганларнинг филологик материалларидан фойдаланиш зўрида қолади.
Биз турки тарихни инсоният тарихининг таркибий бир узви сифатида ўрганиб, бу қавмнинг башар олдидаги ўтаган вазифасини ҳалол ёритишга интилган ажойиб бир тарихчи олимнинг йирик бир асаридаги, бизнинг назаримизда, ўзбек ўкувчиси дунёқарашида чалкашликлар ва ноаниқлик келтириб чикариши мумкин бўлган баъзи бир ўришари устида тўхталишимиз, қўлингиздаги китобнинг бизнинг узоқ ўтмишимизни ўрганишимиздаги аҳамиятини заррача ҳам камайтира олмайди. Турк ҳоқонликлари даври тарихини ўрганишда, давлатчилигимиз тарихи ва тадрижини ўрганишда, «Қадимги турклар» асарининг олдига тушадиган бошқа бир илмий ишни тавсия эта олмаслигимизнинг ўзи бу ишнинг қийматини белгилаб қўяди.
Турк ҳоқонликлари тарихини Хитой, Эрон, Олд Осиё, Европа тарихи билан боғлаб ўрганиш билан бирга, уларни боғлаб турувчи ипларни топиб қўрсата билишнинг ўзи жуда катта илмий меҳнат ва иқгидор талаб этар эди. Бахтимизга, илмий заҳматлардан лаззатланиш ва илмий иқтидор ҳисси ва қобшияти ато этилган Л. Гумилев ана шу атоларини бизнинг тарихимизга қаратди. Ислом оламида ўз ўрнини топган турки қавм исломгача ҳам дунё тарихи майдонида ўзининг қаддини мағрур тута олганини кўрсатиб бера олди.
Китобда ўзбек халқи этногенезида турклар билан бир қаторда жуда катта аҳамият касб этган суғудлар (суғудларнинг ўзи, хоразмийлар, парканаликлар, саклар) форсларга нисбатан руҳий, иқтисодий жуғрофий, ижтимоий жиҳатидан туркларга жуда яқин бўлганлиги, турк ҳоқонликлари сиёсий ва маънавий ҳаётида муҳим рол ўйнаганлиги холисона очиб берилганки, «ўзбек халқи босиб келган кўчманчи туркларнинг мағлуб бўлган суғудлар билан аралашмаси» эмас, балки турклар билан бутун тарихи давомида бирон марта ҳам уруш қилмаган, аксинча ҳар қандай тажовузни асрлар давомида биргалиқда бартараф қилиб келган икки буюк қавмнинг—турксуғуд иттифоқининг маҳсули эканлигини намоён этиши билан ҳам қимматлидир.
Бу асарнинг яна бир қиймати кўчманчи маданият инсоният маданиятининг узвий ўзига хос бир бетакрор тармоғи бўлиб, башарий маданият ушбу маданиятсиз катта бир кемтикли бўлиб қолишининг илмий жиҳатдан асослаб берилганидадир.
Абдуқаюм Айритомий,
Бахтиёр Ўрдабекли.