ТЎҚҚИЗ ЮЗИНЧИ (1494-1495) ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ
Менга Султон Маҳмуд мирзодан Абдулқуддусбек исмли элчи келди. Тўнғич ўғли Султон Масъуд мирзога оғаси Султон Аҳмад мирзонинг Оқбегим исмли иккинчи қизини тўй-томошалар билан олганининг белгиси сифатида сочқи келтирди: олтин ва кумушдан бодом ва писталар қилибдилар.
Элчининг Ҳасан Яъқубга қариндошлиги бор экан. Ҳасан Яъқубни ваъдалар билан Султон Маҳмуд мирзога қаратгани келган экан. Юмшоқ жавоб айтиб, ўзини у томонга ўтгандек кўрсатиб элчини жўнатди. Беш-олти ойдан сўнг Ҳасан Яъқубнинг феъли ўзгариб, менинг яқинимдаги катта-кичик билан ёмон муомала қила бошлади. Иш шу даражага етдики, мени жўнатиб, Жаҳонгир мирзони подшоҳ қилмоқчи бўлди. Ҳасан Яъқубнинг бошқа кишилар, амирлар ва сипоҳи билан ҳам муомаласи яхши эмас эди. Унинг бу фикридан барча эл хабардор бўлганди. Хожа Қози ва Қосим қавчин, Али Дуст тағойи ва Узун Ҳасан ҳамда яна баъзи хайрихоҳлар менинг улуғ онам Эсон Давлатбегимнинг қошига йиғилишиб, Ҳасан Яъқубни бекликдан тушириб, фитнасига барҳам беришга қарор қилдилар. Хотинлар орасида фикрлаш ва тадбирда улуғ онам Эсон Давлатбегимга етадигани кам эди, кўп оқила ва тадбирли эди. Муҳим ишлар кўпроқ уларнинг кенгаши билан бўларди.
Ҳасан Яъқуб аркда, онам ва катта онам — Эсон Давлатбегим ташқи қўрғондаги шоҳга қарашли манзилда эдилар.
Фитначини амалдан тушириш нияти билан отланиб аркка қараб йўл олдим. Ҳасан Яъқуб қуш овига отланган экан. Хабар топиб, ўша ёқданоқ Самарқанд сари жўнаб қолибди.
Унинг атрофидагилар, барча беклари қўлга олинди. Тутилган беклар — Муҳаммад Боқирбек, Султон Муҳаммад дўлдойнинг отаси Султон Маҳмуд дўлдой эдилар. Улардан бошқалари ҳам бор эди. Айримларига Самарқандга кетишга рухсат берилди. Эшик оғалик ва Андижон шаҳри ҳокимлиги Қосим қавчинга топширилд и.
Самарқандга кетиш ниятида йўлга чиққан Ҳасан Яъқуб Кандибодомгача борган экан. Бир неча кундан сўнг бузуқ хаёл билан Ахсига қараб йўл олиб, Хўқон кенти атрофларига келганида хабар топиб, баъзи беклар билан йигитларни унинг устига жўнатдик. Ҳужумчи қисм беклари бир гуруҳ йигитларни ўзларидан илгарироқ қаровулликка юборган эдилар. Ҳасан Яъқуб билиб қолиб, кечаси бу қаровулликка ажратилган йигитларнинг устига юриб, молшохи тарзида аскар тизиб, ўқ оттиради. Лекин қоронғи кечада қоча олмай, ўз аскарининг ўқи чаккасига тегиб, қилмишининг қурбони бўлди.
Чу бад карди, мабош эмин зи офот,
Ки вожиб шуд табиатро мукофот.
(Таржимаси:
Ёмонлик қилдингми: сенга йўк нажот,
Табиатга вожиб эваз — мукофот.)
Ушбу йили шубҳали таомдан ўзимни торта бошладим. Пичоқ, қошиқ ва дастурхонгача эҳтиёт бўлар эдим. Тунги ибодатларни ҳам камроқ тарк этардим.
Раби ул-охир ойида Султон Маҳмуд мирзо бир оғир касалликка чалиниб, олти кунда оламдан ўтди. Қирқ уч ёшда эди.
Таваллуди ва насл-насаби. Саккиз юз эллик еттинчи (1453) йили туғилган эди. Абусаид мирзонинг учинчи ўғли, Султон Аҳмад мирзонинг туғишгани эди.
Шакл ва шамойили: паст бўйли, сийрак соқолли, семиз, камҳафсалароқ киши эди.
Ахлоқ ва феъл-атвори яхши, намоз-ни канда қилмасди. Тартиб ва бошқариш қобилияти жуда яхши эди. Ҳисоб илмини пухта биларди. Вилоятлардан бирор танга, бирор сум ҳам унинг рухсатисиз харж қилинмасди. Навкарининг маоши ҳеч қачон камайтирилмасди. Базм ва ҳадяси, зиёфати ва девони(маҳкамада иш юритиши) жуда яхши эди. Барчаси қоида ва тартиб билан олиб бориларди. Шуи дай тартиб ва интизом ўрнатган эдики, лашкар ҳам, халқ ҳам уни суиистеъмол қила олмасди. Олдинлари қуш овига жуда ўч экан. Сўнгра кўпроқ ҳайвон овлайдиган бўлди.
Зулм ва бузуқлик билан кўп машғул бўлар, муттасил май ичарди. Кўп бачча сақлар, ўзига қарашли жойларнинг қа-ерида чиройли ўсмирлар бўлса, уларни турли йўллар билан келтириб, бачча қиларди. Бекларнинг ўғилларини, кўкал-дошларини бачча қилар, ҳатто ўзининг кўкалдошидан туғилганга ҳам бу хиз-матни буюрганди. Бу шум одат шунчалик раем бўлган эдики, баччасиз киши йўқ эди. Бесоқолбозликни ҳунар деб били-шарди. Бачча сақламасликни айб сана-шарди. Зулм ва бузуқчиликнинг касо-фатидан барча ўғлонлари жувонмарг бўлдилар.
Шеърга иштиёқи бор эди. Девон тартиб берган, бироқ шеъри жуда бўш ва бемаза эди. Ундай шеър ёзгандан кўра, ёзмаган яхшироқ.
Ёмон эътиқодли киши эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳни қадрламасди. Юрак-сиз, ҳаёси камроқ киши эди. Атрофида бир неча майнавоз ва бебоклар йиғилган, девон ва халойиқ қошида ёмон ва хунук ҳаракатлар қиларди. Бадкалом эди. Сўзини дарҳол англаб бўлмасди.
Урушлари. Икки марта саф тортиб жанг қилди. Ҳар иккаласида ҳам Султон Ҳусайн Бойқаро мирзо билан тўқнашди: бир маротаба Астрободда мағлуб бўлди. Яна бир марта Андхуд тупроғида, Чаман деган ерда ҳам мағлуб бўлди. Икки марта Бадахшоннинг жануб томонидаги Кофи-ристонга бориб ғазот қилди. Шу сабабли фармонининг сарлавҳасида Султон Маҳмуд ғозий деб ёзардилар.
Вилоятлари: Султон Абусаид мирзо унга Астрободни берган эди. Ироқ воқеасидан кейин (ўша ерда Абусаид мирзо жангда ҳалок бўлган) Хуросонга келди. Бу пайтда Ҳисор ҳокими Қанбар Алибек Султон Абусаид мирзонинг буйруғи билан Ҳиндистон лашкарини йиғиб Ироққа, мирзонинг орқасидан бораётганда Хуросонда Султон Маҳмуд мирзога қўшилди. Султон Ҳусайн Бойқаро мирзонинг овозасини эшитгач, Хуросон халқи ҳужум қилиб, Султон Маҳмуд мирзони Хуросондан ҳайдадилар. Султон Маҳмуд мирзо Самарқандга Султон Аҳмад мирзо қошига келди. Бир неча ойдан сўнг Аҳмад Муштоқ бошлиқ Сайид Бадр ва Хисравшоҳ ҳамда яна баъзи йигитлар Султон Маҳмуд мирзони олиб қочиб, Ҳисорга Қанбар Алибек қошига бордилар. Ўшандан бери Қаҳқа билан Кўҳтан тоғининг жануб тарафидаги вилоятлар, чунончи, Термиз ва Чағониён, Ҳисор ва Хатлон, Қундуз ва Бадахшон Ҳиндукуш тоғигача Султон Маҳмуд мирзонинг ихтиёрига ўтди. Акаси Султон Аҳмад мирзо ўлгандан сўнг унинг вилояти ҳам бунинг тасарруфида бўлди.
Авлоди: беш ўғил, ўн бир қиз кўрди. Барча ўғилларидан каттаси Султон Масъуд мирзо эди. Онаси Мир Бузург Термизийнинг қизи эди.
Яна бир ўғли Бойсунқур мирзо эди. Онаси Пошобегим эди.
Яна бир ўғли Султон Али мирзо эди. Онаси Зуҳрабегим оға ўзбак чўри эди.
Яна бир ўғли Султон Ҳусайн мирзо эди. Онаси Хонзодабегим Мир Бузургнинг набираси эди. У мирзо тириклигида ўн уч ёшида Тангри раҳматига борди.
Яна бир ўғли Султон Вайс мирзо эди. Онаси Юнусхоннинг қизи, менинг онам-нинг синглиси Султон Нигорхоним эди. Бу тўрт мирзонинг ҳолатлари мазкур асарнинг тегишли воқеаларида зикр эти л ад и.
Уч қизи Бойсунқур мирзо билан бир туғишган эди. Каттасини Султон Маҳмуд мирзо амакиси Минучеҳр мирзонинг ўғли Малик Муҳаммад мирзога чиқарган эди.
Яна беш қизи Мир Бузургнинг невараси Хонзодабегимдан эди. Каттасини Султон Маҳмуд мирзо вафотидан кейин Абобакр Кошғарийга бердилар. Иккинчи қизи Бикабегим эди, Султон Ҳусайн Бойқаро мирзо Ҳисорни қамал қилганда Султон Абусаид мирзонинг қизи Поянда Султонбегимдан туғилган Ҳайдар мирзо исмли ўғлига олиб, ярашиб, Ҳисорнинг устидан қайтиб кетди. Учинчи қизи Оқбегим эди. Тўртинчи қизи Ойбегим эди. Султон Ҳусайн мирзо Қундуз устига келганда, Умаршайх мирзо ўғли Жаҳон-гир мирзони Андижон лашкари билан кўмакка юборганда Жаҳонгир мирзога номзод бўлган эди. Тўққиз юзу ўнинчи йили (1504) Амударё бўйида Боқи Чағониёний менга келиб мулозамат қилди. Бу бегимлар оналари билан Тирмизда эдилар. Булар ҳам Боқи Чағониенийнинг кўч-кўрони билан келиб қўшилдилар. Коҳмардга келганда Ойбегимни Жаҳонгир мирзо олди. Биргина қиз кўрди. Мазкур йилда у катта онаси Хонзодабегим билан Бадахшон вилоятидадир. Бешинчи қизи Зайнаб Султонбегим эди. Кобулни эгаллаганимда онам Қутлуғ Нигорхонимнинг таклифи билан уни олдим, хийла ҳамжиҳатлик бўлмади. Икки-уч йилдан сўнг чечак хасталиги билан оламдан ўтди. Яна бир қизи Махдума Султонбегим эди. Султон Али мирзонинг туғишган эгачисидир. Ҳозир Бадахшон вилоятида. Яна икки қизи икки канизакдан туғилган: бирининг оти Ражаб Султон, яна бирининг исми Муҳиб Султондир.
Хотинлари ва канизаклари. Катта хотини Мир Бузург Термизийнинг қизи Хонзодабегим эди. Мирзо уни жуда севарди. У Султон Масъуд мирзонинг онаси эди. Хонзодабегим ўлганда мирзо жуда қаттиқ таъзия тутганди. Ундан сўнг Мир Бузургнинг набираси — Хонзодабегимнинг биродарзодасини олди. Уни ҳам Хонзодабегим дер эдилар. Беш қиз ва бир ўгилнинг онаси эди.
Яна бири — Пошобегим. Қорақўйлуқ Баҳорлу аймоғи туркман бекларидан Али Шукурбекнинг қизи эди. Уни аввал Жаҳоншоҳ мирзо Вороний Қорақўйлуқнинг ўғли Муҳаммадий мирзо олган эди. Озарбойжон ва Ироқни Жаҳоншоҳ авлодидан оққўйлуқ Узун Ҳасан олгач, Али Шукурбекнинг ўғиллари тўрт-беш минг уйли қорақўйлуқ туркманлар билан Султон Абусаид мирзо хизматига кирдилар. Султон Абусаид мирзо енгилганда бу вилоятларга тушдилар. Султон Маҳмуд мирзо Самарқанддан Ҳисорга келганда эса, улар Султон Маҳмуд мирзо хизматига кирдилар. Пошобегимни Султон Маҳмуд мирзо ўша пайтда олган эди. Пошобегим бир ўғил, уч қизнинг онаси эди.
Яна бири Султон Нигорхоним эди. Насаби хонлар воқеаларида шарҳлаб ёзилганди.
Чўри ва канизаклари ҳам анча эди. Мўътабар чўриси Зуҳрабегим оға эди. Ўзбакдан. Султон Абусаид мирзонинг тириклигида, ёшлигида олганди. У бир ўғил, бир қизнинг онаси эди.
Канизлари ҳам анча эди. Уларнинг иккитасидан икки қиз бўлган эдики, юқорида зикр қилинди.
Амирлари: Хисравшоҳ туркистонлик қипчоқлардан. Кичиклигида тархон бек-ларининг хизматида эди. Балки шахсий соқчи эди. Ундан сўнг Мазидбек арғунга навкар бўлди. У Хисравшоҳни ҳар томонлама қадрлаган эди. Ироқ маглубиятида Султон Маҳмуд мирзога қўшилиб йўлда келаётганида арзирли хизматлар қилгани учун Султон Маҳмуд мирзонинг эътиборини қозонди. Кейинчалик жуда куча-йиб кетди. Султон Маҳмуд мирзонинг замонидаёқ Хисравшоҳ навкари беш-олти мингга етганди. Амударёдан Ҳиндукуш тоғигача Бадахшондан бошқа вилоят-ларнинг ҳаммаси унга тааллуқли эди. Бир бутун мустаҳкам бек лик тузди. Зиёфати ва саховати яхши эди. Соддалигига қара-май, жуда топармон-тутармон эди. Қанча кўп топса, шунча яхши харж ҳам қиларди.
Султон Маҳмуд мирзодан сўнг ўғлонларининг замонида ҳам жуда кучайиб кетди. Навкари йигирма мингга яқинлашган эди. Гарчи намоз ўқиб, таомда парҳез қилса ҳам, аммо бетамиз, бузуқи, идроксиз, бефаҳм, бевафо ва оқибатсиз киши эди. Беш кунлик ўтар дунё учун бир ўзи ўстирган валинеъматзодаси Султон Маҳмуд мирзо ўғлининг кўзини кўр қилди. Бошқа бирини ўлдирди. Тангри қошида осий ва халқ олдида ёмонотлиқ бўлди. Қиёмат тонгигача лаънат ва нафратга сазовор бўлди. Бу ўтар дунё учун шундай ёмон ишлар қилди. Бундай жуда обод вилоят ва бунчалик кўп яроғлик навкарга эга бўла туриб, бир макиён билан ҳам урушмади. Ҳали бу воқеалар зикри келади.
Яна бири Пирмуҳаммад элчи Бўға, қавчин эди. Балх дарвозасида ҳазоралар билан урушда Султон Абусаид мирзо олдида баҳс бойлашиб мушт жангига кирганди. Мардона киши эди. Султон Маҳмуд мирзога доим мулозамат қиларди. Мирзонинг ихтиёрига қараб иш тутарди. Султон Ҳусайн Бойқаро мирзо Қундузни қамал қилганда, Хисравшоҳга қарши оз киши билан зирҳли кийимсиз ўйламай-нетмай тунги босқинга отланди. У шундай куп навкарга қарши нима ҳам қила оларди! Муҳаммад элчи Бўға орқасидан қувғунчи борди: у ўзини дарёга ташлаб, ғарқ бўлди.
Яна бири Айюб эди. Султон Абусаид мирзо қошида Хуросон танқўриқчилари қисмида хизмат қиларди. Бу мардона киши Бойсунқур мирзонинг бекотаси эди. Емак ва киймаги меъёри билан эди. Хазилкаш ва сўзамол бўлгани учун Султон Маҳмуд мирзо унга „беҳаё" деб хитоб қилар экан.
Яна бири Вали Хисравшоҳнинг туғишган иниси эди. Навкарини яхши сақларди. Султон Масъуд мирзонинг кўзига мил тортилмоғига ва Бойсунқур мирзонинг ўлдирилмоғига сабабчи у эди. Жами элнинг ғийбатини қиларди. Тили заҳар ва фаҳш сўзлар айтгучи, қайсар ва бемаза эркак эди. Ўзидан бошқа ҳеч кишини бирор-бир ишда писанд қилмасди. Мен Қундуз вилоятидан келиб Душий атрофида Хисравшоҳни навкар-савдаридан айириб жўнашга рухсат берган пайтимда, у ҳам ўзбаклар қўрқувидан Андароб ва Серобга келганди. У мавзелардаги аймоқларни босиб-талаб, бизни деб Кобулга келди. Вали Муҳаммад Шайбонийхон қошига борди. Самарканд шаҳрида боши қирқилди.
Яна бири Шайх Абдулло барлос эди. Шоҳ Султон Муҳаммаднинг бир қизи унда эди. Бу аёл Абобакр мирзо билан Султон Маҳмудхоннинг холаси бўлади. Шайх Абдулло барлос тўнни таранг ва тор кияр эди. Одми ва асил киши эди.
Яна бири Маҳмуд барлос эди. Навандоклик барлослардан. Султон Абусаид мирзо қошида ҳам бек эди. Султон Абусаид мирзо Ироқ вилоятини эгаллаганда Кирмон шаҳрини Маҳмуд барлосга берган эди. Абобакр мирзога Мазидбек арғун ва
қорақўйлуқ туркман беклари қўшилиб, Султон Маҳмуд мирзонинг устига Ҳисорга юрганда, Султон Маҳмуд мирзо оғаси ёнига — Самарқандга кетди. Маҳмуд барлос Ҳисорни бермай, яхши ҳимоя қилди. Девон тузган шоир эди.
Султон Маҳмуд мирзонинг вафотидан сўнг Хисравшоҳ бу воқеани элдан яшириб, хазинага қўл чўза бошлади. Бундай хабар қандай яширин қоларди? Дарҳол бутун шаҳар халқига ёйилди. Ўша куни Самарқанд халқининг катта ҳайити эди. Лашкар ва фуқаро Хисравшоҳнинг устига ҳужум қилиш пайида бўлдилар. Аҳмад Ҳожибек ва тархон беклари ғавғони босиб, Хисравшоҳни чиқариб Ҳисорга узатдилар. Султон Маҳмуд мирзо ҳаётлигида катта ўғли Султон Масъуд мирзога Хисорни, Бойсунқур мирзога Бухорони берган эди. Бу воқеа, яъни Султон Маҳмуд мирзонинг вафоти пайтида ҳеч қайси ўғли ҳозир эмас эди. Хисравшоҳни ҳайдашгандан сўнг Самарқанд ва Ҳисор беклари ўзаро келишиб Бухорога — Бойсунқур мирзога киши юбордилар ва келтириб, Самарқанд тахтига ўтирғиздилар. Бойсунқур мирзо подшоҳ бўлганда ўн саккиз яшар эди.
Ўша фурсатда Тошканд ҳокими Султон Маҳмудхон Султон Жунайд барлос ва Самарқанднинг баъзи улуғлари сўзи билан Самарқандни эгаллаш умидида лашкар тортиб, Канбой мавзесига келди. Самарқанддан Бойсунқур мирзо ҳам катта, яхши қуролланган лашкар билан чиқиб, Канбой мавзесида саф тортиб урушдилар. Ҳайдар кўкалдош мўғул лашкарининг улуғ таянчи, ҳужумчилик қисмининг бошлиғи эди; ҳаммалари отдан тушиб, жангга кирдилар. Самарқанд ва Ҳисорнинг ҳамиятли йигитлари от солдилар. Ҳайдарбек бошлиқ отдан тушганлар бутунлай отлар оёғи остида қолдилар. Хайдарбек қўлга олингач, мўғуллар уруша олмадилар, енгилдилар. Кўп мўғул кишиси қирилди. Бойсунқур мирзо ўз олдида ҳам кўп кишининг бошини олдирди.
Шунчаликка борилдики, ўликнинг кўплигидан шоҳ чодирини уч ерга кўчирдилар.
Бу фурсатда минглик элидан бўлган, отамнинг олдида кичиклигидан хизматлар қилиб беклик мартабасига етган, бироқ сўнгра бир гуноҳи туфайли мартабаси пасайтирилган Иброҳим сору Исфара қўрғонини эгаллаб, Бойсунқур мирзо отига хутба ўқитди, мухолиф томонида бўлди.
Шаъбон ойида Иброҳим сору фитнасини даф этиш учун лашкар отланди. Ушбу ойнинг охирида Исфарани қамал қилдик. Ўша куни йигитлар шўхлик қилиб, етиб келганданоқ қўрғоннинг ташқарисидаги янги солинган қўрғонни олдилар. Сайид Қосим эшикоға шу куни ҳаммадан яхшироқ ҳаракат қилиб, ўзиб қилич урди. Султон Аҳмад Танбал ҳам қиличининг кучини кўрсатди. Муҳаммад Дуст тағойи ҳам қиличбозлик додини берди. Бироқ баҳодирлик улуши совринини Сайид Қосим олди. Баҳодирлик улуши мўғулларда қадимий расмдир. Ҳар уруш ва ҳарб маъракасида ҳар кимки элдан ўзиб қилич урган бўлса, улушни ўша олади. Шоҳрухияга борганда, тоғам Султон Маҳмудхоннинг намунали баҳодирлик улушини Сайид Қосим олди. Аввалги кунги урушда Худойбердибек отамга тахш (кичик ўқ отиш қуроли) ўқи тегиб, ўлди. Зирҳли кийимсиз урушга кирилгани учун баъзи йигит-яланг нобуд бўлиб, анча одам ярадор бўлди. Иброҳим сорунинг қошида бир тахшотари бор эди, жуда яхши отарди. Унинг дек тахшотарни кўрмаган эдик. Аксар элни у ярадор қилди. Қўрғон олингандан сўнг, ўша тахшотар доим менинг қошимда бўлди. Қамал узоққа чўзилди. Икки-уч ерда саркўблар ясаб, ерости йўлларини қазиш буюрилди. Қалъа олиш ҳаракатига жиддий киришиш тайинланди. Қамал қирқ кунга чўзилди.
Охири Иброҳим сору ожиз қолиб, Хожа Мавлонойи Қозининг воситачилиги билан қуллиқни бўйнига олиб, шаввол ойида қилич, садоғини бўйнига осиб келиб, мулозамат қилиб, қўрғонни топширди.
Хўжанд ҳам узоқ муддатлардан бери Умаршайх мирзо давлатига тааллуқли эди. Бироқ бу тўс-тўполонларда ҳокимидан путур кетгани учун Султон Аҳмад мирзога қарар эди. Шу муносабат билан унинг устига юриш қилиб борилди. Хўжандда Мир Мўғулнинг отаси Абдуваҳҳоб шиғовул эди. Мен етган заҳотимоқ қўрғонни талашиб-тортишиб ўтирмай топширди.
Бу фурсатда Султон Маҳмудхон Шоҳрухияда эди. Бундан бурунроқ Султон Аҳмад мирзо Андижон тупроғига келганда хон ҳам келиб, Ахсини қамал қилганди. Зикр этилганидек, хотиримга келдики, хон онамнинг акасидир, ора бунчалик яқин бўлгани боис бориб бош эгсам, ўтган гина-кудуратлар бартараф бўлса, яқин-йироқда эшитган-кўрганга яхши бўлади, деб келиб, Шоҳрухиядан ташқаридаги Ҳайдарбек солган боғда хонга мулозамат қилдим. Хон боғнинг ўртасидаги улуғ чордара (тўрт эшикли) уйда ўтирган эдилар. Уйга киргач, уч марта таъзим қилдим. Хон ҳам таъзим қилиб ўринларидан турдилар. Кўришиб, қайтиб таъзим қилгандан сўнг, ёнларига олиб, кўп шафқат ва меҳрибончиликлар кўрсатдилар.
Бир-икки кундан сўнг Кандирлик довони билан Ахси ва Андижон сари йўлга тушдим. Ахсига етиб отамнинг мозорини тавоф қилдим. Ахсидан жума намози вақти чиқиб, Банди Солор йўли орқали шом билан хуфтон намози орасида Андижонга келдим. Бу Банди Солор йўли тўққиз йиғоч йўлдир. Андижон вилоятининг даштда яшовчи аҳолисидан бири одами кўп Чакрак элидир. Беш-олти минг уйлик эл. Улар Фарғона билан Кошғар орасидаги тоғларда истиқомат қиладилар. Отлари кўп ва қўйлари беҳисобдир. У тоғларда қорамол ўрнига қўтос сақлайдилар. Қўтос лари ҳам кўп бўлади. Тоғла-ри берк ва чегарада бўлгани учун мол беришга ўрганмаганлар. Чакракдан-мол олиб, лашкарга бўлиб бериш учун лаш-карни Қосимбекка бошлатиб, Чакракка юборилди. Қосимбек бориб, йигирма мингга яқин қўй ва минг-минг беш юз от олиб, лашкарга улашди.
Лашкар Чакракдан қайтгандан сўнг Ўратепанинг устига отланилди. Ўратепа узоқ муддатлар Умаршайх мирзо тасарруфида эди. Мирзо ўлган йили қўлдан чиқиб кетганди. Бу фурсатда Бойсунқур мирзонинг иниси Султон Али мирзо бу ерда эди. Султон Али мирзо хабар топиб, ўзи Фалғар ва Масчо тоғликларига чиқиб кетиб, бекота Шайх Зуннунни Ўратепага қўйган эди. Хўжанддан ўтиб ярим йўлга етганда, Халифани Шайх Зуннунга элчи сифатида юборилди. У беақл нокас муносиб жавоб бермай, Халифани туттириб, ўлимга буюрди. Қисматда йўқ экан, Халифа халос бўлиб, юз минг машаққат ва азоблар билан икки-уч кундан кейин яёв ва яланғоч қайтиб келди.
Ўратепа тарафларга келдик. Қиш яқин қолгани учун эл шоли-молини бутунлай йиғиштириб олган эди. Шу сабабдан бир неча кун ўтгач, Андижон сари қайтиб йўлга тушилди. Биз қайтгандан сўнг хон лашкари Ўратепа устига юрди. Ўратепа кишилари сақлай олмай, у ерни ташлаб чиқдилар. Хон Ўратепани Муҳаммад Ҳусайн кўрагонга берди. Ўша вақтдан тўққиз юз саккизинчи йилгача (милодий 1502 йил) Ўратепа Муҳам мад Ҳусайн кўрагонда эди.
давоми бор...