loader
Foto

Қўрбоши Мадаминбек

(Ҳужжатли қисса)

Ватан фақат макон тушунчаси эмас, у энг аввало маърифий мазмунга эга, миллат хотирасининг узвийлигини билдирадиган маънавий қадриятдир. Ватанни ўзи яшаб тургани, маълум макон ва замон деб билувчи одамлар аслида ўзларини Ватандан айри тушунадилар. Ватан инсон ботинида — унинг вужудида бўлгандагина кучли ва эҳтиросли қувватга айланади. Ватан — ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиздир. Ватан ғояси деган тушунчани изоҳлаш керак бўлса, мен бу аждодлар ёдини авайлаб сақлаш, улардан мерос қолган маданиятни, илм-фанни ўрганиш, тараққий эттириш деб уқтирар эдим. Аждодлар хотирасини асраш эса фақат маърифатли киши қўлидан келади. Шу сабабдан ҳам буюк олмон файласуфи Хегель: «Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади», деб айтгани бежиз эмас.

Ватанимиз бўлмиш Туркистон тарихи ҳеч қачон тинмаган жанглар тарихи, юртимиз ҳудудларини бузиб киргабосқинчи душманларга қарши кураш тарихи, бу аёвсиз курашлар мобайнида элимиз озодлиги ва равнақи учун жонини аямаган халқ ўғлонлари ва қизлари жасорати тарихидан иборатдир. Ватан душманлари билан бўлган юзма-юз жангларда фидойилик кўрсатган Тўмарис, Широқ, Ботир тангриқут, Спитамен, Жалолиддин Хоразмшоҳ, Темурмалик, Маҳмуд Таробий, Бобон, Пўлатхон, Солтон Соддқ, Номоз каби халқ қаҳрамонлари номи халқ хотирасига абадий муҳрланди.

Яқин бир асрлик кечмишимиз ҳам фожиаларга тўла кечди. Бир пайтлар буюк Темур бобомиз томонидан ягова давлатга бирлаштирилган Туркистон ноқобил ҳукмдорларнинг тожу тахт талашишлари туфайли бўлиниб — парчаланиб кетди. Оқдбатда юртимиз сарҳадларига босқинчи Россия қўшинларининг қадами етганда ҳам шаклан, ҳам маънавий жиҳатдан бўлинган Туркистон бу истилога қаршилик кўрсатишга ожизлик қилди. У ўз қалбини боболар ёдидан узгани учун эмас, балки миллий ҳамжиҳатликни унутгани учун ҳам енгилди. Ярим асрдан зиёд чўзилган асоратдан сўнг Россияда бошланган инқилоблар туфайли Туркистон аҳолиси озодликка чиқаман деб ўйлаган эди. Бироқ, бу орзуси ҳам чиппакка чиқди. У иккинчи маротаба босиб олинди — бу гал ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олган большевиклар томонидан забт этилди. Халқлар ўртасида тенглик ғоясини шиор қилиб кўтарган алдамчи Ленин бошлиқ фирқага аслида фақат ҳокимият, ҳокимият бўлгандаям, бутун Рус империяси устидан ҳокимият керак эди. Бу мақсад йўлида улар ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмадилар. Инқилоб, аслида бир ҳовуч одамнинг ҳокимиятга чиқиб олиши учун зарур бўлгани қадар тезда ошкор бўлди.

Советшупос олим А. Паркнинг ёзишича, 1917 йил воқеа-лари Туркистон ўлкаси халқлари учуп икки тур инқилобни: овруполиг; ишчи ва солдатларнинг иролетар инқилоби ва маҳаллий аҳоли ўрта табақасининг миллий-буржуа инқило-бини вужудга кслтирган эди. Биринчи инқилоб, колониал характерга эга бўлиб, Туркистонда руслар мавқеини сақлаш-га хизмат қилса, иккинчи инқилоб эса Туркистон ўлкасини руслар асоратидан олиб чиқиш, мдллий истиқлол ғояларини олға сурган эди.

Асосан овруполиклардан иборат большевиклар фирқаси Туркистонни қўлдан чиқаришни истамасдилар, улар бу ҳудуд «коммунистик империя» учун обу ҳаводек зарур эканлиги-ни билишарди. Улар худди чор амалдорлари каби Туркистон ўлкасида мавжуд бойликларнинг нақадар кўплигидан яхши хабардор эдилар. Аммо Туркистон ўлкасида яшовчи халқлар уларнинг бу ниятларига қарши эдилар, улар озод ва мустақил яшашни истардилар. Аслида Чор Россиясининг бу чет ҳудудида тарих дарсликларида ёзилганидек, большевик инқилоби ғалаба қилган эдими, маҳаллий аҳоли боль-шевикларга эргашганмиди? Йўқ, албатта! Туркистон халқла-ри миллий зиёлилари инқилоб арафасидаёқ минг бир машаққат билан ўз ватанларини асорат ва қолоқликдан халос эт-моқ учун кураш олиб борардилар. Улар мустақил давлат барпо этиш ниятида ўз ҳаётларини фидо қилишга тайёр ҳолда сийсий жанглар ичида эдилар.

Инқилобнинг дастлабки пайтларида бир қатор маҳаллий зиёлилар большевикларнинг миллий масала соҳасида эълон қилган шиорларига алданиб, уларнинг хизматига ўтдилар. Ҳа, большевикларнинг шиорлари гўзал ва умуминсоний эди. 1914 йилдаёқ Ленин миллатларнинг ўз тақдирини ўзи бел-гил-аши ҳуқуқи масаласини кўтариб чиққан, ҳатто фирқа

конференцияларининг бирида у: «Биз бундай деб айтамиз: эй рус халқи, Финландияга зўравонлик қилма! Бошқа халқ-ларга зулм қилувчи халқнинг ўзи озод бўлиши мумкин эмас». Бу ғоя Ленин ҳокимият тепасига келгандан кейин қабул қилинган бир қатор ҳужжатларда ҳам аксини топди. Шунингдек, «Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси»да халқларнинг ажралиб чиқиб, мустақил давлат тузишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи тан олинди, ҳар қандай миллий, диний имтиёзлар ва чеклашлар бекор қилинди. Бу ғоя «Россия ва Шарқнинг барча мусулмов меҳнаткашларига мурожаат»да ҳам ошкор этилди. Бу му-рожаатда: «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, сизнинг мил-лий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Уз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳазур туза берингиз. Шундай қилиш-га ҳақлисиз»,—деб қайд қилинган эди. Аммо бу китоблар-нинг барчаси қоғозларда қолиб кетди. Бундай умумбаша-рий ғояларнинг эълон қилиниши инқилобнинг дастлабки босқичида Ленин бошлиқ коммунистик фирқа ҳокимиятни ҳали тўла қўлга ола билмагани, у бошқа фирқалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлгани ва халқ оммасининг энг аввало зиёлиларни ўз томонига ағдариб олишга уриниши билан изоҳланади, холос.

Кўп вақт ўтмай Туркистон зиёлилари бу ғоялар аслида шиордан бошқа нарса эмаслигини, амалда бутунлай бошқа-ча ишлар бўлаётганини тўла англаб етдилар. Зўрлик билан эгалланган Туркистондаги большевик ҳокимиятида маҳаллий халқ вакилларининг жалб этилмагани, маҳаллий аҳолини очиқдан-очиқ онгсизликда, нодонлик ва сиёсий саводсизликда айблаб таҳқирлаш, большевиклар ўлкада ўзаро урушни авж олдирганлари туфайли деҳқончилик тўхтаб қолгани, очлик бошлангани, Россиядан баъзан келиб тура-диган ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини фақат овруполикларга тақсимлаш, маҳаллий халқнинг миллий онгини ўстиришга хизмат қиладиган нашрларни таъқиқлаш, маҳаллий халқларни бир-бирига гиж-гижлаши—большевик-лар сиёсати мана шулардан иборат эди.

Большевикларга алданганлардан бири Т. Рисқулов Туркистон компартиясининг III ўлка съездида сўзлаган нутқида изтиробини яширмасдан очиқ айтган эди: «Партиядош ўртоқларимиз бутун мусулмон пролетариатидан шубҳаланадилар... Бундан ташқари уларни қамаб қўямиз деб дўқ қилмоқдалар. Мусулмонларнинг бор-йўқларини тортиб олмоқдалар, тортиб олибгина қолмай, ўлдирмоқдалар ҳам қишлоқларда аҳоли даҳшатга тушиб қочиб кетяпти. Ва ўғрилар (аслида миллий — озодлик ҳаракати қатнашчилари) кўпайиб боряпти. Лекин кимдир партиямас, қизил қўшин зўравонлик қиляпти деб эътироз билдириши мумкин. Аммо партия раҳнамо. Барча ҳокимият ташкилотларига партиявий ўртоқлар раҳбарлик қилишяпти, лекин улар аҳволни яхшилаш учун ҳеч қандай чора кўрмаяптилар. Уларнинг ҳомийлиги остида ҳамма жойда ичкиликбозлик ва номаъқул ишлар авж оляпти, бинобарии, партия мана шулар учун айбдор, албатта...

Мусулмонларни қийнамоқдалар, уларни ҳатто отиб ташламоқдалар».

Т. Рисқулов нутқи давомида бундан ҳам даҳшатли манзарани чизди: «Ўртоқлар, биз камбағал мусулмонлар Николай замонида ваҳший ҳайвон аҳволида қандай яшаган бўлсак, ҳозир пролетар ҳукуматимиз даврида ҳам худди шундай, ҳатто ундан баттар аҳволдамиз, гарчи мана шундай аҳволда Совет ҳокимиятига қаршилик қилмай, имкони борича унга ёрдам бераётган бўлсак-да, шундай аҳволдамиз. Биз зулматда оч-яланғоч яшаб, итдек кафансиз ўлиб кетаётганимизга ким айбдор? Аммо мен айбдорни тўғридан-тўғри кўрсатиб беролмайман, мен бундай дейман: коммунистлар программаси жуда мақбул ва тўғри программа, бизнинг ҳокимият вакиллари нима сабабдан унга амал қилмайдилар, буни мен билмайман, чамаси улар билмаганларидан ёки жўрттага кўзни чирт юмиб шундай қиладилар, устига-устак улар программага қарши ҳаракат қиляптилар. Чунки улар капиталистларга қарши курашамиз, дейдилар, шу баҳона билан боримизни тортиб олиб, ўз ҳамёнларини қаппайтира бошладилар. Наҳотки ҳокимият программаси шундай бўлса? Бундай эмас, албатта. Мен зараркунанда бойлар ҳақида гапираётганим йўқ, аммо мисол учун, бир камбағал пролетарнинг битта оти ва араваси бор эди, юк ташиб оиласини боқарди. Кизил аскарлардан биттаси келиб, ҳеч қандай ҳақ тўламасдан отини тортиб олади, бунинг касофатига унинг оиласи оч-яланғоч қолади. Наҳотки, шу ҳам программага мувофиқ бўлса? Бойларни шилиш баҳонасида шаҳардаги 84000 аҳолининг ҳаммасини шилишган. Шу тўғрими, ахир? Намангандан келтирилган молнинг ҳаммаси, ҳатто қулфгача мусодара қилинган: наҳотки, шунча мол ёниб кетган ва бошиданоқ сотила бошлаганмиди?

Баъзи кишиларни қуролинг бор, деб айблаб ҳибсга олганлар. Қуролни топа олмаганларидан кейин ва маълумот йўқлиги сабабли озод қилганлар, 5—10 минг жарима солганлар. Бу пул қаёққа кетган, советларнинг хазинасигами ёки киссагами. Агарда киссага кирган бўлса, сизнингча бу тўғрими?

Ҳокимиятни ишончли   ҳокимият   деб   биламан,   аммо мана шу ҳокимият ҳокимлари бўлмиш ўртоқлар аслида нима қилдилар. Улар фақат ўзларининг ўрисларини ажратиб олиб ҳимоя қилдилар, яхши едириб-ичирдилар, яхши кийинтирдилар, ўз уйларини бегоналарнинг тортиб олинган шойи мато ва бошқа қимматбаҳо буюмлари билан безадилар, аммо мусулмонларга нима каромат кўрсатдилар? Едириб ичирдиларми? Йўқ! Кийинтирдиларми? Йўқ! Агар кийинтирганларида, камбағаллар ялангоёқ юрмасди, агар едириб-ичирганларида минг-минглаб очлар ўлмасди. Бизникиларнинг нимаси қолди? Йиртиқ-ямоқ кўрпа-тўшагидан бошқа ҳеч вақоси қолмади.

Бизнинг қизил қўшин қисмлари тинч аҳолига жабр қилмоқдалар».



Бундай манфур сиёсат норозилик уйғотмаслиги мумкин эмас эди. Зеро, бу чор Россияси амалдорлари юргизган сиёсатдан фарқ қилмас, хатто зулм қилишда ундан ўтказарди. Халқ чор империяси зулмини унутмаган эди. Бор-йўғи бир йилча аввал Россия ҳукумати мардикорликка олинишига қорши кўтарилган халқ исёнини бостириш баҳонасида Туркистон халқларини қирғин қилиш — геноцид билан шуғуллангани ёдида эди. Қўзғолонни бостириш оқибатлари муҳокама этилган Россия давлат думаси мажлисида А. Керенский (кейинчалик вақтли ҳукуматнинг бошлиғи қилиб сайланган) геноцид бўлганини ошкора тан олиб, шундай деган эди: «Бошдан-оёқ қуролланган пиёдалар, тўпчилар ва отлиқлардан иборат жазо отряди ўз йўлда учраган ҳар бир аҳоли манзилини таг-туби билан йўқотиш, аҳолини бир бошдан, на жинси ва на ёшига қарамасдан ўлдириш билан шуғулланган: эмизикли болалар, чолу кампирлар беаёв қиличдан ўтказилган. Тоққа қочган, асосан хотин-халаж ва мурғак болалардан иборат аҳоли совуқ ва очликдан ҳалок бўлганлар».

Қарайиб 6 ой давом этган 1916 йил қўзғолонида 673 минг киши ўлдирилган, 163 минг киши Сибирга сургун қилинган, 300 мингдан зиёд аҳоли Шарқий Туркистонга қочиб жон сақлашга мажбур бўлган эди. Бир миллиондан зиёд бу аҳолининг молу мулки қўзғолонни бостиришда қатнашган рус аскарлари ва деҳқонларига тарқатилган.

Бу қалтиом сиёсатдан большевиклар юргизган сиёсат деярли фарқ қилмас эди.

Туркистон халқларининг миллий истиқлолга бўлган интилишлари чексиз ва юксак эди. Шу интилиш оқибатида 1917 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган Туркистон мусулмонлари қурултойида Туркистон мухтор жумҳуриятини барпо этиш режаси туғилди.

1917 йилнинг 22 ноябрпда комиссар Полтарацкий Самарқандда Мустафо Чўқай билан олиб борган сўзлашувларида унга советларнинг Тошкентдаги халқ комиссарлари шўроси раислигини қабул қилишни таклиф этди. Мустафо Чўқай таклифни қатъиян рад этди. 1917 йилнинг 9 декабрида Қўқондаги хон саройида 203 туркистонлик вакил қатнашган Туркистон ўлкаси тўртинчи қурултойи очилди. 10 декабрда Россия федерацияси ичида Туркистон маҳаллий мухтор жумҳурияти тузишга қарор этилди. Қурултой мухтор жумҳуриятнинг ижроия қўмитаси — ҳукуматни тузди. Хукумат раислигига дастлаб Муҳаммаджон Тинисбой ўғли, кейинчалик ташқи ишлар вазирлигига тайинланган Мустафо Чўқай, мудофаа вазирлигига Убайдуллахўжа, ички ишлар вазирлигига Абдураҳмон Ўроз ўғли, молия вазирлигига Шоҳ Аҳмад ўғли, озиқ-овқат ишлари вазирлигига Обиджон Маҳмад ўғли, маориф вазирлигига Носирхон тўра, қурилиш вазирлигига Миродил, зироат вазирлигига Ҳидоят Оға ўғли сайландилар.



1917 йилнинг 10 декабрида Туркистон учун Қўқон мухтор жумҳурияти тузилгани ҳақидаги қарор қуйидаги жумлалардан иборат эди: «Тўртинчи Туркистон фавқулодда ўлка қурултойи Русия инқплоби асосларига таяниб, Туркистон халқларининг истиги на орзусини ифода этади, Туркистонни демократик, федератни Русия жумҳуриятининг маҳаллий мухторинтига эга бир қисми деб эълон этади. Мухторият шаклини белгиланб яқинда тўпланадиган Туркистон таъсис мажлисииииг ихтиёрига топширилади. Қурултой Туркистондаги майда халқлар ҳуқуқининг ҳар томондан муҳофаза этилишини тантанали суратда эълон этади». Аммо Тошкентдаги биринчи ва иккинчи Сибирь ўқчи полклари кучига таянган рус большевиклари ва армани дашноқларидан иборат Туркистон халқ комиссарлари шўроси бу қонуний ҳууматни тан олмади ва очиқдан-очиқ унга қарши кураш бошлади.



1918 йилнинг 18 февралидан 19-чига ўтар кечаси комиссар Перфильев қўмондонлиги остидаги рус қизил қўшини Қўқонга ҳужум бошлади. Уч кунлик тўхтовсиз тўпга тутиш оқибатида ёндирилган Қўқон мағлуб бўлди. Ўн мингдан ортиқ юртдошимиз истиқлол йўлида қурбон бўлди. Шундан кейин Фарғонани бўйсундириш бошланди. Жанглар давомида 180 дан ортиқ қишлоқ ёндирилди, Марғилонда 7000, Андижонда 6000, Наманганда 2000, Бўзқўрғон ва Қўқон-қишлоқда 4500 киши ўлдирилди. Чор Россияси даврида бошланган геноцид авжига чиқди. Халқ ўзини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олишга мажбур бўлди. Тўхтовсиз қирғин-барот манзилига айланган водийда тинч меҳнат қилиш учун шароит қолмади. Большевикларнинг халқни тинч меҳнат қилиш, даласида ҳосил етиштириб, оиласини тебратиш имконидан маҳрум қилишдан муддаоси — халқни оч қолдириб бир бурда нон эвазига ўзига бўйсундириш эди. Ҳадемай, очлик авжига чиқди. Очликни ўйлаб топган ва амалга оширган большевиклар энди уни юзага чиқаришда ўзлари босмачи деб атаган, аслида миллий-озодлик ҳаракати қатнашчиларини айблай бошладилар.

«Туркистондаги босмачилик ҳаракатининг ижтимоий асоси» мақоласининг муаллифи Скалов қуйидагиларни ёзади: «Қўқон мухториятининг қулаши, совет қўшинларининг ва армани дашноқларининг тинч аҳолига ўтказган жабр-зулми, шаҳарлар, темир йўллар, корхоналар, деҳқончилик қилинадиган ерларнинг вайрон ва талон-тарож қилингани деҳкрнларни қўлига қурол олишига сабаб бўлди». Ёки «Колониал инқилоб (Туркистон тажрибаси)» китобининг муаллифи Григорий Сафаровнинг фикрича, «босмачилик ҳаракати, бир тарафдан Қўқон мухториятининг қулагани, ўлкада ўрнатилган пролетар диктатураси бошиданоқ колониал характерга эга бўлгани, иккинчи тарафдан, бу колониал сиёсат туфайли маҳаллий аҳолининг турмуши изидан чиқарилгани, деҳқонларнинг ўзини ҳимоя қилишдан бошқа йўл тополмагани сабабидан пайдо бўлган эди».

«Босмачилик» учун эмас, миллий истиқлол учун кураш майдонига чиққанларнинг асосини деҳқонлар ташкил қилганини деярли ҳамма тадқиқотчилар тан оладилар. Бу фидойи инсонлар большавойлар томонидан қонга ботирилган водийни ҳимоя қилиб чиқиш билан қарайб 16 йилдан ортиқ вақт давом этган миллий-озодлик ҳаракатини бошлаб бердилар. Бу кураш йўли — кучли қуролланган, асосини ашаддий жиноктчилар ташкил этган қизил қўшинга қарши чиқиш оғир бўлди. Неча минг ватандошларимиз бу курашда қурбон бўлдилар. Биз Оллоҳдан эрк ва истиқлол учун шаҳид бўлган юртдошларимизга раҳматлар тилаймиз!



Мана шундай шаҳид кетган, қўлига қурол ушлаб она юртини келгинди босқинчилардан ҳимоя қилган қўрқмас инсонлардан бири Муҳаммад Амин Аҳмадбек ўғли — Мадаминбек эди. Бу улуғ инсонни совет тузуми маддоҳлари қанчалар қораламасинлар халқ унинг номини юрагида асраб яшади. Узоқ йиллик ёлғон таъсирида қолган пайтимизда ҳам, миллат хотирасини сақловчилар бўлмиш оқил инсонлар Мадаминбек каби миллат фарзандлари шахсияти ва фаолияти қораланган китобларнинг сатрлари орасидан ҳақиқатни топиб ўқиш санъатини эгалладилар. Бу санъат китобларда битилган «хоин»ни «фидойи», «қароқчи»ни «юрт ҳимоячи-си», «аксилинқилобчи»ни «миллатпарвар» деб ўқишдан-гина иборат эмас эди, албатта. Бу миллат фарзандлари юрагидаги изтиробга шерик бўлиш, хатоларни англаш, улар хотирасини авайлаб сақлаш санъати ҳам эди. Оқни қора деб жилд-жилд китоблар битилган бўлса-да, халқ хотираси ўз-гармади, у ўзининг қўрқмас ўғлонлари хотирасига хиёнат қилмади.

Олис болалик чоғларимда ўқиганим боис, аллақачоноқ муаллифининг кимлиги эсимдан чиқиб кетган бир китобдаа Мадаминбекнинг ўлдирилиши лавҳаси, нима учундир, хотирамда муҳрл-аниб қолган. Ҳар гал «Мадаминбек» исмини эшитишим билан ўша лавҳа гавдаланади. Аслида бу лавҳа онгимда аллақачонлар ўзгарган тарзда яшаётганлигини эса Алишер Ибодиновиинг китобини ўқиганимдан кейин сез-дим. Кўз ўнгимда гавдаланадиган лавҳада мен Мадаминбекни «босмачи»лар томонидан қуршаб олинган ҳовлида қизил аскарлар билан ёнма-ён турганини, туриб жанг қилаётганини эмас, оппоқ отида ёмғирли ва чақмоқдор кечада қаёққадир елиб бораётганини, чақмоқларнинг оний шуура ёритгап кўзларида буюк бир дард товланиб турганини — курашчи сиймосини кўраман.

Мадаминбек ҳақида ёзилган китоблар кам ва улар асосан ёлғон-ёшиқдан иборат. Энг сўнгги ўқиган китобим: қирғиз адиби Тўлеген Қосимбековнинг «Булутлар ортида тоғ бор» рўмони ҳам шундай сохта чиқди. Асар қирғиз оқини Тўқтоғулга бағишланган бўлса-да, жуда кўп саҳифаларда Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа қўрбошилар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Муаллиф Мадаминбекни совет тарих илми нуқтаи назари асосида тасвирлаган. Шу сабабдан бўлса керак, ёлғондан имкони қадар кўп фойдаланади. Чунончи, у Мадаминбекни ўлдиришда машҳур туркчи Анвар Пошшонинг қўли борлигини кўрсатади. Анвар Пошшо бир телба миллатчи тарзида тасвирланганди. Ҳолбуки, Мадаминбек, расмий ҳужжатларга кўра, 1920 йилнинг 14 май куни ўлдирилган бўлса, Анвар Пошшо Туркистон ўлкасига, аниқроғи Бухорога 1921 йилнинг октябрида келган эди. Миллий-озодлик йўлида фидо бўлган инсонларни душман тарзида тасвирлаган қиргиз адиби, қанча кўп миллатпарварни қораласам, шунча яхши, деган ният билан қалам сурганга ўхшайди. У Туркистон халқлари озодлигининг кушандаси — қизил қўмондон Фрунзени рўмон қаҳрамони Тўқтоғулдан ҳам ошириб меҳр-муҳаббат билан тасвирлайди, юксак пардаларда мадҳ этади. Улуғ бобокалонимиз ҳазраг Мир Алишер Навоий: «Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон» деб айтганларидек, Мадаминбек каби миллат ўғлонлари ҳақида ёлғонни ёзганлар уяладиган замонга етдик.

Ёлғон айтиш қулнинг қисмати, озод одам қисмати ҳақиқатни айтишдир, дейди тианлик донишманд Апаллон.

Узоқ йиллар давомида босмачилик деб аталган миллий-озодлик ҳаракатини тарихий воқеликдан узган тарзда, ўша воқеалардан анча вақт ўтганидан фойдаланиб, фақат совет ҳокимияти манфаатларини кўзлаб, айрим шахсларни ўша давр қатламларидан юлиб олиб ё қораладилар ёки уни ўзлари истаган тарзда тасвирладилар.

Фрунзени олқишлаб, Мадаминбекни эса қоралаб, Куйбишев, Рудзутакларга мадҳиялар битиб, Ленин буюк инсоний фазилатлар эгаси бўлгани ҳақида ваъзхонлик қилган ҳолда улар бошлиқ ашаддий жиноятчилардан иборат босқинчилар томонидан ёндирилган, вайронага анлантирилган юзлаб қишлоқларни, қилич билан чопилган аёллару болаларни тилга олмадилар, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишини истадилар. Аммо ўтмиш, ўша даҳшатли ўтмиш юракларимизнинг ботиний қатламларида, бир бутун ўлка бўлган Туркистонни бўлиб ташлаган харита чизиқларида яшириндир. У боболаримиз, момоларимиз йиғлаб яратган қўшиқлар орқали янги авлодларга етиб келди.

Туркистон миллий-озодлик ҳаракатини ўрганиш, у ҳақда бор ҳақиқатни айтиш пайти етди. Шу пайтгача ёзилган туҳматлардан фидойи ватандогнларимизни халос этайлик. Бугунгача сиғиниб келинаётган айрим шўрави даҳоларни миллий қаҳрамонларимиз дейишдан номус қилиб, 1916—1939 йиллар давомида, аниқроғи бутун асорат давомида истиқлол йўлида ҳалок бўлган инсонлар руҳини шод этайлик. Мадаминбеклар, Беҳбудийлар, Мунаввар қорилар, Қодирийлар, Фитратлар ва Чўлпонлар ҳақиқатини халқимизга етказайлик! Улар ҳақида очиқ-ойдин айтилмас экан, боболар қўшиғи орқали келган ўтмиш зулмати кўзларимиз нури билан ёритилмас экан, дилимизга, маънавиятимизга, истиқлолимизга, келажагимизга бўлган тазйиқлар ортса, ортадики, ҳеч қачон камаймайди.

Шу сабабдан қўлингизда ушлаб турган Алишер Ибодинов қаламига мансуб ҳужжатли қиссага ўхшаш асарлар ёзилишини, нашр этилишини олқишлаш керак. Шу билан бирга бундай асарлар яна ҳам тўлароқ ва теранроқ бўлшшши, юракларимизни ҳаяжонга солиш қудратига эга йирик бадиий асарларга айланишини орзу қиламиз.

Алишер адабиётга озодлик мавзуси ёритилган «Қуёш ҳам олов» номли ажойиб ҳикояси билан кириб келган эди. Биз унга мана шу қутлуғ мавзуга содиқ қолишини тилаймиз. Озодлик йўлида қурбон бўлган, аммо номи забун бўлган ёки қораланган инсонлар ҳақида ҳақиқатни халққа қайтариш ҳам истиқлол учун кураш эканини ҳеч қачон унутмайлик.

НОТИНЧ МАРҒИЛОН

— Абдураззоқ закўнчипи ўлдиришибди! Мадазим ўғри унинг калласини кесиб ташлабди!

Марғилониинг илонизидек қинғир-қийшиқ, тор кўчалари бўйлаб бир шум хабар яшин тезлигида тарқалиб кетди.: Кўҳна шаҳар бир қалқиб тушди. Абдураззоқ закўнчи шаҳарнинг энг обрўли, илмли кишиларидан, фақир-фуқароларнинг меҳрибони эди. Чор ҳукумати даврида Фарғонадаги рус судларида тилмоч бўлиб ишлаган бу зиёли инсон жуда кўп мусулмонларга яхшилик қилган. Ўз миллатдошларини иложи борича мустамлакачилар зулмидан ҳимоя этишга уринган эди. Айни Абдураззоқ закўнчининг сайъ-ҳаракатлари туфайли ҳам ўнлаб гуноҳсиз ўзбеклар Сибирь сургуни, турмалардан қутулиб қолган эдилар.

Октябрь тўнтаришига ва ҳатто  20-йиллар  охирларига қадар ҳам Туркистонда икки хил суд тизими мукрбил равишда фаолият кўрсатган. Шаҳарлар ва қишлоқларда минг йиллар давомида бўлганидек, шариат қозилари қозихоналарда ислом қонун-қоидаларига мувофиқ турли фуқаролик ишларини кўриб чиқиб, ҳукм чиқаришарди. Минг йил муқаддам айни шу Маргилонда ўсиб-улғайган буюк фиқҳ олими Бурҳониддин Марғилонийнинг шариат қоидалари китоби «Ҳидоя» уларга қўлланма эди. Айни пайтда Россия империяси қонунлари асосида иш кўрадиган судлар ҳам мавжуд эди. Рус судьялари каби шариат қозиларинп ҳам чор ҳукумати маъмурлари тайинлашарди. Қизиғи шундаки, шариат қозилари ҳам ҳукм ўқиш пайтида рус пошшоси номидан иш кўраётганликларини таъкидлаш мақсадида... бўйниларига бут осиб олишарди! Лекин катта миқдордаги ўғрилик, қотиллик, давлатга қарши фаолият каби жиддий жиноий ишларни одатда мустамлака ҳукумати судлари кўрар эди. Ёшлигида узоқ муддат Россияда бўлган, ибтидоий юридик маълумотига эга эса-да, дунёқараши кенг, ҳам Оврупа ҳам Шарқ адабиётини чуқур ўрганган Абдураззоқ Сиддиқов чор судларида нафақат тилмоч, балки маҳаллий халқнинг ҳимоячиси сифатида ўзини тутарди. Закўнчи лақабини у мана шу туфайли орттирган эди. Мустамлака маъмурларининг ўз бекларни одам ўрнида кўрмаслиги, такаббур, порахўр судияларнинг оддий инсон тақдирини сариқ чақага олмаслиги Абдураззоқ Сиддиқов онгида аллақачон ўзгариш ясаган ва у ўз йўлини топиб олган эди. 1916 йил.   Марғилон   халқ мардикор воқеалари туфайли мустамлака тузумига қарши қўлида қурол билан майдонга чиқди. Озодлик учун дадил бош кўтариб чиққан марду-майдонлар ўққа учдилар ёки турмаларга қамалдилар. Кўплар отилиб кетди. Абдураззоқ закўнчи ўз халқи тарафида эди. Исён бостирилгач, то 1917 йил февраль инқилобига қадар ҳукуматдан яшириниб юришга мажбур бўлди. Февраль инқилобидан сўнг Сиддиқов қизғии сиёсий фаолият майдонига шўнғнб кетди. У Марғилонда тузилган «Уламо» жамиятининг фаол ташкилотчиларидан бири бўлди. Жамиятнинг бош шиори Туркистонни ярим асрдан бери давом этаётган мустамлака зулмидан қутқариш, халққа сиёсий ва иқтисодий мустақилликлар бериш эди. Абдураззоқ Сиддиқов октябрь тўнтариши кунлари Петроградда бўлиб, советларнинг II съездида иштирок этаётган эди. Большевикларнинг кимлигини яхши англаган мусулмон инқилобчиси зудлик билан Туркистонга қайтди. Қўқон мухториятини ташкил этишда фаол қатнашди.

Туркистон Халқ Комиссарлари кенгаши мустақил Туркистон давлати — Қўқон мухториятини ўзининг ашаддий душмани деб билди. Зеро, бу ҳукумат мустамлака илдизларига болта уриш учун туғилган эди. Сиёсий йўллар билан мухториятчиларни ўз йўлларидан қайтаришга кўзи етмаган большевиклар қон тўкишга ўтдилар. 1918 йил 14 февраль куни Туркистон Халқ Комиссарлари кенгаши Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди. Темир йўллар эса қамал чолати шароитларида ишлаяжагини билдирди. Ташқи оламдан ҳеч қандай мадад ололмаган биринчи Туркистон мустақил ҳукумати қулади. Дашноқлар ва қизил аскарлар қўшни қонга ботирдилар.

Абдураззоқ закўнчи мухториятни сақлаб қолиш учун халқни қўлига қурол олишга даъват этаётган пайтда ўлдирилди. Марғилоннинг товуқ бозоридаги катта мачит саҳинда бўлган йиғилшида нутқ сўзлаётган Сиддиқовни ёлланган қотиллар алдаб, ташқарига чақиришади ва мачит таҳоратхонасида бошини танасидан жудо этишади. Мақтулни факага солиб, Чангалчи маҳалласидаги хонадонига келтиришади. Рафиқаси, қизлари фарёд кўтариб, ўзларини оталаи жасади устига ташлашади.

— Қотиллар отамнинг калласини узиб олишган экан. Каллани белбоғ билан яна бўйнига танғиб боғлаб қўйишибди, — дея хотирлайди Саодат ая Раззоқова. — Шумхабарни эшитиб, эс-ҳушимизни йўқотган эдик. Арава ҳовлимизга яқинлашган пайтда паранжисиз, уйдан дод солиб чиқдик. Бўйим етган пайтлар. Ўша даврда Мадаминбек  милициясининг бошлиғи бўлиб ишларди. Отамнинг жсасадини уйга олиб келганларга бошчилик қилаётган экан. Шу  ерда мени кўриб қолибди...

Мадаминбек қотилларни топиб, жазолашга марҳумнинг  устида ваъда беради. Кўп ўтмай қотиллар қўлга туширилиб, одил суд ҳукмига топширилди.



Мадаминбек... Туркистон миллий   озодлик   ҳаракатида ўзига хос ўрин тутган бу жасур ва оқил инсон қисмати тўғрсидаги ҳақиқат узоқ йиллар темир парда ортида тутиб келинди. Унга доир архив материалларининг аксарияти махсус фондларда сақланар, бу фондларга эса ҳар ким ҳам қўйилавермасди. Туркистонда фуқаролар уруши тарихини ўрғанган олимлар эса Мадаминбек шахси хусусида асосан бир ёқлама, қандайдир олдиндан қатъий белгилаб қўйилган ҳудуд доирасидагина фикр юритардилар. Яъни чор ҳукуматаи даврида қароқчилиги натижасида Сибирга сургун қилинган. Кейинчалик Марғилон милициясининг бошлиғи бўлди. 1918. йил ёзида босмачиларга қўшилган. Икки йиллик қонли жанглардан сўнг шўро ҳукуматига қарши курашнинг бефойдалигини тушуниб етди ва Кизил армияга таслим бўлди. Кофирларга қўшилгани учун ўз собиқ сафдошлари Кўршермат ва Холхўжа томонидан қатл этилган. А. Зевелевнинг фуқаролар тарихига оид илмий кптобларидан тортиб, М. Поликовскийнинг бек ҳақидаги хотираларигача Мадаминбек сиймоси айнан шу схемага мослаштирилган. Туркистон фуқаролари уруши даври ёртилган барча бадиий асарлар ва ҳатто Мадаминбек образи Ҳамза Умаров талқинида бир мунча ҳақиқатга яқинроқ яратилган «Фавқулодда комиссар» бадини фильмида ҳам шу схема.

Бироқ асл Мадаминбек шундайми? У чинакам ватанпарвар, жасур саркардами ёки гоҳ Колчак, гоҳ Фрунзе билан апоқ-чапоқ бўлган қўрқоқ, сотқин эдими? Саволлар, саволлар...

1920 йил, 7 март. Скобелев шаҳри. 2-Туркистон ўқчи дивизияси штабида кечагина бир-бирига ўқ отган ҳарбийлар ярашиш битимини имзолаш тантанасидан сўнг суратга тушишди. Тарих бу суратни биз учун асраб қолди. Фарғонадаги 2-Туркистон ўқчи дивизияси қўмондони, Н. Веревкин-Рохальский, комиссар Слепченко, дивизия штаби офицери Буйлин ва бошқа қизил командирлар билан ўзбек қўрбошилари, шунингдек А. Ненсберг, капитан Половцев, штабс-капитан Никольский сингари сафдошлари даврасида ўтирган Мадаминбек сиймоси ана шу суратга абадий муҳрланган... Инглизча «ҳаким» рангидаги френч кийиб, елкага тортиб боғланган чарм тасмага зарҳал қинли қилич осиб олган, бошига Марғилон дўпписини кийган Мадаминбек аллақандай ўйчан қиёфада ўтирибди. Унинг ақлли кўзлари тубида билинар-билинмас мунг ҳам зоҳир. Аммо ўзини тутиши дадил, мағрур. Бамисоли рақиби устига сакрашга чоғланган шер ҳолати барқ уради бу қиёфада. Кенг пешона, яхшилаб тарашланган калта соқол-мўйлови эса суратдаги шахснинг зиёлинамо киши бўлганидан далолат беради.

Бу сурат ботир жангчи, омилкор саркарда, айни пайтда шоиртаъб, Қуръонни ёд биладиган чин мусулмон бир зот — миллат, Ватан учун азиз жонини тиккан буюк ўғлон ҳақида энг тўғри тасаввур уйғотади. Мадаминбекқадимий турк саркардаларига хос гўзал фазилат — ботиний шоирлик ва асл жангчиликни ўзида мужассамлаштирган шахс эди. Унинг шеър ёзган, ёзмаганлиги номаълум. Аммо шеъриятнинг чанқоқ мухлиси бўлгани аён. У чўрткесар ва айни пайтда сер-мулоҳаза эди. Мадаминбек руслар билан кўп муносабатда бўлар, улар орасидан дўст-ёрлар орттирган, айни пайтда беш вақт намозни канда қилмас, кўп вақтини Қуръон тиловати билан ўтказар эди. Унинг қалби гўзал аёл зотига нисбатан муҳаббатга тўла, айни пайтда у бошқа қўрбошилар сингари 5—10 тадан хотин олмас, хотинбозликка рўжу қўйганларни эса аёвсиз жазоларди. У ҳаётни севар, айни пайтда ўлимдан қўрқмас эди. Сафдошлари, уни кўрган-билган кишилар хотирасида Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли мана шундай хислатлар эгаси бўлган чин ўзбек фарзанди сифатида қолган.

Марғилонда Мадаминбекнинг авлод-аждодларини «бек уруғ» деб юритишарди. Бу бежиз эмас. Асли ҳозирги Тошлоқ районининг Садда қишлоқ Шўроси ҳудудида жойлашган Сўкчилик қишлоғида 1892 йили таваллуд топган Мадаминбек эл-юртга таниқли йигит эди. Мадаминбек беклик унвонини қўрбоши бўлганидан сўнг олган эмас. Сўкчилик қишлоғидаги кексалар ва Мадаминбекнинг турмуш ўртоғи Саодатхон аянинг хотирлашича, у насл-насаби жиҳатидан ҳам бек бўлган. Руслар Фарғонани босиб олганларидан сўнг Мадаминбекнинг аждодлари ўз мавқеларини йўқотадилар. Унинг отаси Аҳмадбек қошиқ, чўмич ва бошқа рўзғор буюмлари ишлаб чиқарадиган кичик устахонанинг эгаси эди. Оз-моз савдогарчилик билан ҳам шуғулланар эди. Мадаминбекнинг бир акаси ва икки опаси бўлган. Болалигидан зеҳни ўткир, зийрак Мадаминбек ўқимишли эди. Эски мактабда савод чиқарган, Марғилон шаҳридаги Хўжа Муҳаммад Порсо маҳалласида, домла Мирҳайдар қўлида таълим олган.

Фарғона шаҳридаги Оқариқ кўчаси 47-уйда яшовчи нафақахўр Абдулфатто Ҳожихопов шундай эслайди:

— Раҳматлик отам Ҳожихон Маҳсум Шокир ҳожи домла ўғли Мадаминбек билан мактабдош, сабоқдош дўст бўлганлар. Отам Найзақайрағоч қишлоғида таваллуд топган бўлиб, бу Сўкчиликка яқин. Домла Мирҳайдар Марғилондаги илғор усулда дарс берадиган билимдон муаллим сифатида донғи кетган одам бўлган эди. Илмга чанқоқ, ўзига тўқ кишилар болаларини айни шу мактабга берганлар. Отамнинг эслашларича, Мадаминбекнииг зеҳни ўткир бўлган.



Бир ўқиган нарсасини ёд олган. У ўша йиллариёқ Қуръонни ёд олиб, қори бўлган экан. Дадам Бухорога — Мир араб мадрасасига кетган. Мадаминбек ҳам унга қўндилиб бормоқчи бўлган, лекин қандайдир сабабларга кўра боролмай қолган.

Кейинчалик Ҳожихон Маҳсум Андижон вилотининг Пойтуқ қишлоғидаги катта жоме мачитига имом бўлиб юрган кезлари Мадаминбек уни топиб ўз ёнига олган.

Аҳмадбекнинг ўғли Марғилон шаҳридаги бозорда кўб юра бошлади. У шу ердаги савдо дўконларида ҳар хил ишларни бажарарди. Фалсафа фанлари номзоди, доцент Иброҳим Каримов «Шарқ юлдузи» журналининг 1992 йил 7-сонида эълон қилган «Армонда қолган Мадаминбек» сарлавҳали мақоласида Мадаминбекнииг сафдошларидан бири Аҳрорхўжа Мақсудхўжаев хотираларига асосланиб, ёш Муҳаммад Аминнинг Марғилон бозорида турли юмушларни бажариб юрганлигини ёзади. Бозор жумла жаҳоннинг кичрайтирилган шаклидир. Бу ерда донони ҳам, нодонни ҳам, ярим танга учун одам ўлдиришдан тоймайдиган ўғри-ю» тасодифан оёқ остидан топган бир сўм эгасини ахтариб бозорни бошига кўтараётган комил мусулмонни ҳам, етимларни боқиш дардида не заҳматда тикиб чиққан дўпписини қимтинибгина бозорга солган бевани-ю, исловатдан кўчага сайр қилгани чиққан «сойбўйи» қизларини ҳам учратиш мумкин (ўша йиллари Скобелев шаҳри марказидан оқиб ўтадиган Марғилонсой атрофларида қатор исловотхоналар-жойлашган эди. Бу ерда мусулмон ва Европалик фоҳишалар сақланарди. Баъзан гулдор извошларда шаҳар сайлига чиққан ана шу аёлларни «Сойбўйи қизлари дейишарди). Бозор одамни кўп нарсага ўргатади. Мадаминбек бу ерда кўпгина улфатлар орттирди. Скобелевга тез-тез қатнаб, рус дўкондорлари билан савдо алоқалари олиб борди. Тез орада русча гапирадиган ва ёзадиган даражага етишди. Ҳозиргача илмий ва бадиий адабиётларда у рус тилини қамоқда юрган пайтда ўрганган деган фикр мавжуд. Лекин гувоҳларнинг шоҳидлигига қараганда у қамалганга қадар русчани яхши билган. В. Алдан-Семёновнинг «Осиё узра бўрон» романида) Мадаминбекнинг Фрунзе билан суҳбати келтирилади. Шунда Мадаминбек француз файласуфларидан бирининг доно фикрини французча баён этиб, Фрунзени лол қолдиради. Бу гапда жон борга ўхшайди. Мадаминбек сафдошларининг укаси бўлмиш марғилонлик нафақахўр Давлат Султоновнинг фикрича, у Нерчинск шаҳрида каторгада юрган пайтда французлар билан бирга бўлган. Ҳар ҳолда у француз революцияси, Карл Маркс таълимоти ҳақида бирмунча тасаввурга эга бўлган. 1919 йил 11 мартда Мадаминбекнинг Фарғона фронтининг қўмондони М. Сафоновга ёзган хатида худди  мана шу  билим  сезилиб  турарди.

1914 йили полиция Марғилон шаҳрида кўзга кўринган йигитлардан бири бўлиб қолган Мадаминбекни қамоққа олади. Ва суд уни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилади. Упинг қамалиши хусусида бир-бирига зид, чалкаш фикрлар бор. Лекин уларнинг бирортаси ҳам ҳужжатларға асосланмаган. Кўпинча у ўз хотинини ўлдиргани учун қамалган дейишади. Бироқ, Саодатхон аянинг гувоҳлик беришича, бундай эмас. Тўғри, қамалгунга қадар бек бир марта уйланган. Кейинчалик, Мадаминбекни Нерчинскдаги қамоқхонага олиб келишгач, Бек ўша ёқда туриб хотинини талоқ қилади ва у аёл бошқа турмуш қуриб кетади. Мадаминбек Тошлоқнинг ўша пайтдаги йирик амалдорларидан бири Ғуломбек мингбоши билан қаттиқ олишиб қолганлиги учун қамалган. Бу низонинг сабабларини ҳозирча аниқлай олмадик. Аммо ёш Мадаминбек кўпчилик ўртасида Ғуломбек мингбошини қаттиқ калтаклагани маълум. Суд эса Мадаминбекнинг ўзи тан олмаган айбларини ҳам унга тиркаб, 14 йил каторга ишларига ҳукм қилиб юборади. И. Каримов бу воқеани сал бошқачароқ талқин этади. Унинг ёзишича, Мадаминбек богаболалик (Бешбола ҳозирги Фарғона шаҳри маҳаллаларидан бири) Отабой ғиштчи деган бадавлат шахс билан гап талашади. Унга қасдлашиб қолган Отабой ғиштчи Мадаминбеклар хонадонига бир милтиқни яширтириб қўяди. Сўнгра суд Мадаминбекни бозор растасидаги Умар хез деган савдогарнинг дўконидан буюм ўғирлади, қонунсиз милтиқ сақлади, дея Сибирь қамоғига ҳукм қилади. Ҳар ҳолда ҳар икки воқеа ҳам Мадаминбекни ўша даврнинг катталари билан тўқнашиб қолгани, оқибатда туҳмат балосига учраб, ноҳақ қамалганлигидан далолат беради.

Мадаминбекнинг рафиқаси Саодатхон аянинг эслашича, Мадаминбек Нерчинскда каторгада юрган пайтлари чеккан азоб-уқубатлари, қамоқ маъмурларининг шафқатсизликлари хақида гапиришни ёқтирмасди. Аммо баъзан бирон сабаб билан ўша даврни эслаб қолса, «Маҳбус бўлсанг ҳам ўз юртинг зиндонида ётгин. Ўзга юртда маҳбус бўлсанг, сени икки томонлама — ҳам турма маъмурлари, ҳам ерли маҳбуслар азоблашади»,—дерди. Нерчинскда у сиёсий маҳбуслар даврасига тушиб қолади. Жаҳон сиёсатининг ҳозирги аҳволи, улуг давлатлар орасида кетаётган биринчи жаҳон урушининг моҳияти, халқларнинг миллий ўзлигини англаш ва миллий мустақиллик учун кураш олиб боришлари хусусида шу ерда у айниқса кўп маълумот олган.

Ғуломбек мингбоши билан олишув Мадаминбекнинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўтарган бўлса керак. Зеро, 1917 йил февраль инқилобидан кейин сиёсий маҳбус сифатида бандиликдан озод қилиниб, она юртига қайтган Мадаминни халқ катта шоду хуррамлик билан кутиб олган. Дўст-биродарлари бу ақлли, замонани яхши биладиган, жасур йигит атрофига тўплана бошлайдилар. Аммо бу гуруҳ баъзилар таърифлаганидек, қароқчилар тўдаси эмасди.

Йил охирларида Россияда ҳокимият большевиклар қўлига ўтиб, мамлакатда мисли кўрилмаган тақчиллик, бош-бошдоқлик авжига чиқиб кетган бир пайтда Марғилонда ҳам ўғри-қароқчилар жуда кўпайиб кетди. Жазоланишдая хавфсирамай қўйган ўғрилар бутунлай ҳаддидан ошдилар. Оддий одамларнинг уйига босқин қилиб, молу жонини талаб кетиш одат тусига кирди. Кечалари одамлар ухламай чиқардилар. Шаҳарнинг гоҳ у, гоҳ бу бурчагидан дод-вой, аянчли қийқириқлар эшитилар, бу эса қайсидир шўринг қурғурнинг хонадонига ўғри бостириб кирганлигидан далолат берарди. Марказдаги ҳокимият талашиб, бир-бири билан жиққа мушт бўлаётган большевик, эсер ва сўл эсерлар оддий халқ, айниқса, мусулмонларни ҳимоя қилишдан йироқда эдилар. Ана шундай шароитда Марғилонни ўғри-қароқчи-лардан, қотиллардан ким ҳимоя қилади, деган савол аҳолини ўйлантирди. Шунда шаҳардаги «Уламо» жамияти раҳбарияти Мадаминбекни милиция бошлиғи лавозимига тавсия этди. Агар ҳақиқатан ҳам Мадаминбек каззоб-қотил ва ўғри бўлганида эди, Марғилоннинг энг таниқли зиёлилари, уламолари ва бадавлат кишиларини ўзида жамлаган «Уламо» жамияти унинг номзодини қўлламас эди. Абдураззоқ Сиддиқов дам Мадаминбек номзодини маъқуллаган.



Шаҳар ва вилоят ҳукуматига ҳам бу номзод маъқул тушди. Уша пайтда Фарғона вилоят ҳарбий комиссари бўлиб ишлаётган К. Осипов Мадаминбек билан суҳбатдан сўнг уни милиция бошлиғи этиб тайинлаш ҳақидаги буйруққа қўл қўяди ҳамда тегишли қурол-яроқ билан таъминлайди. Кейинчалик Туркистон ҳарбий комиссари бўлиб олган Осипов 1919 йил январида Тошкентда большевиклар ҳукуматига қарши кўтарилган исёнга бошчилик қилган. Маълумки, 14 Туркистон комиссарлари шу исён пайтида ҳалок бўлишган эди. Осипов исёнида Мадаминбекнинг ҳам роли бўлган. Афсуски, бу масала тарихий адабиётда яхши ёритилмаган. Ҳолбуки, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети партия архивида сақланган Мадаминбекнинг Туркистон қўшинлари бош қўмондони сўл эсер Г. Колузаевга йўллаган мактубида Осипов билан Мадаминбек орасида исён масаласида ўзаро келишув бўлганлиги ҳақида маълумот бор (УзКП МК партия архиви ф. 60. 0П. 1 Д262,4-варақ). Исён бостирилгандан сўнг Ленинга юборилган телеграмма-да, «Фарғонадаги исён билан Тошкентдаги аксилинқилобий ҳаракат ўртасида алоқа борлиги аниқланди», деб айтилган эди.

Умуман Осипов ва Мадаминбек муносабатларининг ўзи жиддий ўрганишга сазовор ҳодиса. Мадаминбекни дастлаб қуроллантирган, у билан доимий алоқада бўлиб турган Осипов Тошкентда исён бостирилгач, тўппа-тўғри Мадаминбек ҳузурига шошади. Анчагача у билан ёнма-ён юради. Жанг операцияларини тайёрлаш ва ўтказишда иштирок этади. Қалтис дақиқаларда ҳатто Мадаминбек ҳаётини сақлаб қолиш учун шахсий жасорат ҳам кўрсатади. Бироқ кейинча-лик Бухоро амири ҳузурига кетиб қолади. Унинг бу қилмиши Мадаминбекдан ҳафсаласи пир бўлганлиги натижаси эмасди. 1919 йилга келиб исёнкор Бек атрофида тўпланган бир қатор собиқ чор армияси генераллари кечаги «қизил комиссар»ни сиғдирмай қўйгандилар. Улар турли йўллар билан Мадаминбек олдида Осиповни обрўсизлантириш, кам-ситиш ва ҳатто ҳақоратлаш йўлига ўтгандилар. Қўмондон эса собиқ ҳомийсини ҳимоя қилиш учун имкон тополмади. Зеро ўша пайтга келиб ўз атрофида тўпланган малакали, тажрибали рус офицерлари билан Осипов туфайли алоқани узиш Мадаминбекнинг олий мақсадларини рўёбга чиқариш-га тўсқинлик қиларди. Осиповнинг Бухорога кетиб қолишига бош сабаб ҳам шу бўлган чамаси.

Мадаминбек милиция бошлиғи сифатида Марғилонда осойишталик, тартиб-қоидани сақлашга жиддий ҳисса қўшади. 1918 йилнинг ёзига қадар Марғилонда оммавий тартибсизликлар, йирик талончи гуруҳларнинг бостириб кириши каби ҳодисалар бўлганлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Абдураззоқ закўнчининг ўлимидан сўнг икки ярим ойлар ча-маси ўтгач, Мадаминбек унинг қизи Саодатхонга совчи юборади. Уша пайтда Саодатхоннинг тоғаси Собиржон Юсупов Марғилон шаҳар Кенгашининг раиси эди. У бу никоҳга ҳеч қандай қаршилик билдирмади. Чунки Мадаминбек 25—26 ёшлардаги, ҳар томонлама етук ва қобил йигит эди. 16 ёшли Саодат ҳам жуда гўзал ва ўқимишли қиз бўлиб вояга етган эди.

— Тўйимиз наврўздан сўнг бўлиб ўтди. Баҳор забтига олган, боғларда ўриклар қийғос гуллаган кезлар эди. Ҳайҳотдек ҳовлимизда отамиздан кейин эркак киши қолмаган. Мадаминбек эса иши туфайли доимо шаҳарда яшар эди. Шу  боис у киши  ҳовлимизга ичкуёв  бўлиб кирдилар.

Кўҳна Марғилон шаҳри билан Тошлоқ райони чегарасида жойлашган Чангалчи маҳалласидаги бу ҳовли ҳамон сақланиб қолган. Унда ҳатто Мадминбекнинг кўзи тушган қадимий чинор ҳам бор. Саодатхон ая ҳозир ҳам шу ҳовлида яшайдилар.

— Мадаминбек билан икки йилдан ортиқ турмуш қурган экансиз. У кишининг феъл-атвори, яшаш тарзини жуда яхши биласиз. У қандай одам эди?—дея сўраймиз аядан.

Ая 90 ларга бориб қолган эсада фикри тиниқ, ўша даврларни яхши хотирлайди.

— У ўрта бўйли, икки юзи қизил, кора кўз, жуда бақувват одам эди. Оилада ўзини ягуда бамаъни, босиқ тутарди. Жуда художўй, намозхон эди. Ҳар қандай шароитда ҳам беш вақт намозни канда қилмасди. Вақт топилди дегунча китоб ўқирди. Эсимда, қаерга бормасин ёнида албатта Фузулийнинг девонини олиб юрарди. Фузулий ўқишни жуда яхши кўрарди, раҳматли...

давоми бор...

(АЛИШЕР ИБОДИНОВ)