loader

Абдурауф Фитрат. Сиёсий ҳоллар (1917)

Мусибат устина мусибат! Русиянинг ҳозирги ҳолини очиқ тасвир этмак учун мундан ярашароқ[1] сўз йўқдир. Ўзгаришдан[2] сўнг Русиянинг ҳар тарафиндан очлиқлар, ёнғинлар, талонлар, ўлумлар, ўлдурмалар бўлуб турған чоғда бирда чиқиб қолған ғолибия мағлублиғи билан бунинг устиға тортилмас бир юк бўлуб чўкган Риғо[3] кетишини кўзда олсак ва бунлар орқасиндан босиб келган Болтиқ мағлублигини ўйласак, Русияни мусибат устинда мусибат босаётибдир. Русия амринда эмдиги туёкларин остинда ётибдир деярға бизни мажбур қилур. Воқеа Риғо каби чидамли бир қўрғоннинг уч кунда кетмаси Болтиқдаги кимсаларнинг чопибғина англамаси, ёлғуз иштаҳаларни эмас, ўз истиқболларидан русларнинг ўзларини даҳи маъюс қилур, рус кучиндаги эътимод[4] ва эътиборларни тубиндан чурутур ҳодисалардан эди. Ортиқ русларнинг охирлари қолған бўлса, бутун-бутун муттафиқлариға[5] қолған эди. Руслар «эҳтимолки, муттафиқларимиз ўз майдонларина орқаси айсимас[6] юрушлар қилиб, бизни ўзигагина ундурурлар» деб ўйлай эдилар.



Рус сиёсийлари шундай бир умид билан уруниб турмоқда экан, бирдан Италия қўшуни бузулди. Олмонлар Италия узра темур юмруқларини ундирдилар[7] ва Италия қўшуни ўз бошини олиб, Олп тоғлари орқасига чиқорға мажбур бўлади. Олмонлар, йўллари узра Италия қўшуниндан минг бўйла кучлироқ бир монеъ[8] бўлған Олп тоғларин ошиб, Италия саҳролариға индилар. Ортиқ Италия ўлкасининг ҳар ёнига олмон қўшуни учун йўллар очилди...



Италиянинг бу қўрқунч мағлублиғи ёлғиз италёнлар учун эмас, руслар учун дахи буюк бир мусибат бўлди. Чунки ёнғинларинда, бадбахтлик лойқаларинда ботиб қолған Италиянинг қўлиндан ололмаған муттафиқлар қўшуниндан Русия учун кўмак кўзлайикнинг маъносиз бир эдугини янгидан исбот қилиб берди. Бунинг натижасинда Русияда янги бир бало бош кўтарди, большевик балоси!



Большевиклар иккинчи йўла қўзғалдилар. Бу қўзғалишлари биринчиси каби бўлмади. Бу дафъа буюк иш қурдилар. Петроғрадни олиб, Керенскийни Русиянинг содиқ болаларини охтариб топиб, тўплаб кетурмак учун майдонлариғача кетарға мажбур этдилар. Сўнг хабарларга кўра, Керенский теваракдан тўплаб кетурдиги қўшун билан большевикларни енгмиш ва Петроғрадни унларнинг қўлиндан янгидан олмишдир.



Олмиш, аммо большевик балоси бошқа бир тарафдан бош кўтарди: Тошкандда тўрт кунлик қонли бир урушмадан сўнг, у ерни керенскийчилардан бўшатди. Эҳтимолки, Керенскийнинг Петроғраддаги ғолиблиғи Тошканд мағлублиғини эътибордаи тушурар; эҳтимолки, Керенский Петроғрад ишини тузатгандан кейин Тошкандни дахи янадан олур. Лекин шунларгина билан большевик кучининг йўқ бўлурини умид этмак тўғри эмас. Большевикларнинг иккинчи чиқишлари билан биринчи чиқишлари орасидаги айирбодни кўрган кимсалар учинчи бир чиқишнинг қандай бўлурини онглаб олсалар керак.



Биз туркистонийлар учун ҳар ҳолда керенскийчилар билан большевиклар орасиндағи курашнинг битиб кетмадигини кўзда тутиб, ўз йўлларимизни шунга кўра тайин этмак керакдир. Биламизки, ҳозирда курашиб турган бу ойги фирқанинг ҳар бири ҳурриятчидир. Иккисининг ҳам бизга зарарли тушунчалари охирда йўқдир. Зеро, бунлардан биронтаси истибдод тарафдори эмасдир. Телбалик қилиб чопибғина бунлардан бирини ёқламоқ фойдали бўлиб чиқмас. Русияда истибдод тарафдорлари чиқмагунча мусулмон кучини сарф этмак хатодир. Ҳурриятчи икки партия орасинда бўлатурған урушларға қотишмоқ, бунлардан бирини ёқлаб ўзгасидан юз қайтармоқ эҳтиётсизлиқдир. Бунларнинг ҳам бизнинг сўзимиз шу бўлғулидирки: биз мусулмонлар сизнинг ҳеч бирингиздан нафрат қилмаймиз. Бизнинг миллий ватаний ҳақларимизни ғасб этмак фикрига тушмагунча биз ҳеч бирингизга душман бўлмаймиз.



Мана ҳозирда туркистонийлар учун хатарсиз йўл шу йўлдир.



(«Ҳуррият», 1917 йил, 49-сон)



[1] ярашароқ — ярашиқлироқ.



[2] ўзгариш — Октябр инқилоби.



[3] Риғо — Рига шаҳри. Русиянинг Болтиқбўйини эгаллаш илинжидаги жанглардаги муваффақиятсизлиги назарда тутилади.



[4] эътимод — юпанч, таянч.



[5] муттафиқ — бирлашган, иттифоқчи.



[6] орқаси айсимас — натижасиз.



[7] Биринчи жаҳон урушидаги Олмония ва Италия қўшинларининг ўзаро курашлари назарда тутилган. Италян қўшинлари Алп тоғларини ошиб ўтиши билан ўз ички мудофаасидан узоқлашиб кетади. Олмониянинг Италия ичкарисига йўл очиши воқеалари назарда тутилмоқда.



[8] монеъ - тўсиқ.