ЎҒИЛЛАР ВА НАБИРАЛАРГА УЛУФА БЕРИШ ТАРТИБЛАРИ
Амр қилдимки, тўнғич ўғлим Муҳаммад Жаҳонгир валиаҳдим бўлсин. У вилоят ҳокими бўлиб, ўн икки минг отлиқ аскарга улуфа олсин. Иккинчи ўғлим — Умар Шайх ўн минг отлиқ аскарга улуфа ва бир вилоят олсин. Учинчи ўғлим — Мироншоҳ тўққиз минг отлиқ аскарга улуфа олиб, бир вилоятни тасарруф қилсин. Тўртинчи ўғлим — Шоҳруҳ етти минг отлиқ аскарга улуфа олиб, бир вилоятга эга бўлсин. Набиралар эса ҳар қайсиси истеъдодига яраша уч мингдан етти минг отлиққача улуфа олиб, бир вилоятга эгалик қилсин. Ва яна менга қавм-қариндошлиги бор кишиларга, ўз ҳолига қараб ва қобилиятига яраша биринчи даражали амир мартабасидан тортиб то еттинчи даражали амир мартабасигача бўлган амирлик ва валийлик [мансаблари] берилсин. Уларнинг ҳар бири ўз мартабасига яраша иш тутиб, ҳаддидан ошмасин. Бунга хилоф равйшда иш тутганлар, жавобгарликка тортилсинлар.
ЎҒИЛЛАР, НАБИРАЛАР, ҚАВМ-ҚАРИНДОШЛАР, АМИРЛАР ВА ВАЗИРЛАРНИ ЖАЗОЛАШ ЙЎЛИ БИЛАН САЛТАНАТДА ИНТИЗОМ САҚЛАШ ҲАҚИДА
Амр қилдимки, агар ўғилларимдан қайси бирови салтанат мартабасига даъвогарлик қилиб бош кўтарар экан, уни уриб-сўкиб, ўлдиришга ёки мучасидан бирон жойини камайтиришга ҳеч ким журъат қилмасин, лекин уни кўз тагида сақласинларки, токи ўз даъвосидан қайтсин ва тангри таолонинг мулкида фасод чиқмасин. Агарда набиралар ёки қавм-қариндошлар душманлик қилишса, уларни. [маошларидан маҳрум қилйб] дарвиш ҳолатига солсинлар.
Салтанатим қўрғонлари бўлмиш амирлар агар иш устида нифоққа борсалар, улардан амирлик мартабаси ва ерлари тортиб олинсин. Агар давлатга зиён еткизгудек иш қилган бўлсалар, улар бошқа амирларга тобеъ этилсинлар. Агар сипоҳийлик ишларида ялқовлик қилган бўлсалар [ишларидан бўшатилиб], ёзиш-чизиш билан шуғулланувчилар орасидан иш берилсин. Агар шундан кейин ҳам хатоликка йўл қўйсалар, иккинчи бор хизматга олмасинлар. Салтанат саройининг ишончли вд эътиборли кишилари бўлмиш вазирлар хусусида шундай буйруқ бердим. Агар булар ўз фаолияти даврида салтанатни йиқитиш қасдида давлатга хиёнат қилган бўлсалар ҳам, уларни ўлдиришда шошилмасинлар, балки аввал хабар берувчиларнинг ўзлари кимлиги, даъволарининг рост-ёлғонлигини маҳак тошига уриб теқшириб кўрсинлар. Чунки кўп ҳолларда ҳасадчилар ва ғийбатчилар, ё кўролмай, ёки тамагирлик билан ёлғон тўқиб, чиндай қилиб ясаб чиқарадилар ва [палид] мақсадларига етишадилар. Давлат ичида талай олчоқ, ёмон одамлар бордирки, давлат душманларини яхшилаб, унинг жон фидоларини турли макр-ҳийлалар билан хароб қиладилар. Буларнинг мақсадлари салтанат қўрғонига раҳна солишдир. Чунончи, амир Ҳусайн менинг вазирларимдан бирини алдаб, давлатимнинг таянчи, икки қўли бўлмиш амир Ики Темур ва амир Жокуни менга қарши қўймоқчи бўлиб гап чиқарди. Мен унинг хиёнатини фаросатим-ла сезиб қолдим, шунинг учун улар хусусида айтилган ҳамма гапларни эшитмаганга олдим.
Чунончи шундай воқеа юз берганди. Яқинларимдан баъзилари ёлғиз қолганимизда ва одамлар олдида улуғ ва эътиборли амирларимдан бўлган амир Аббосга ҳасад ва душманлик қилиб, унинг ҳақида бўлмағур гапларни айтдилар. Ёлғон сўзлари шамоли билан ғазабим ўтини алангалатдилар. Натижада гапларини текшириб кўрмасдан ғазаб устида амир Аббосни ўлимга буюрдим. Охир-оқибатда уларнинг амир Аббос ҳақига хиёнат қилганликларини англадим ва қилган ишимдан ўкиниб, жуда пушаймон бўлдим.
Мамлакат хазиначилари бўлмиш молия вазирлари, молия ишларида хиёнат қилиб, [бойликнинг бир қисмини] ўзлаштириб олган бўлсалар, [текшириб кўрилсин]. Агар ўзлаштириб олган маблағи, ўзига тегишли улуфа миқдорига тенг бўлса, мазкур маблағ унга совға-инъом ўрнида берилсин. Агар ўзлаштириб олган маблағи маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маоши ҳисобидан ушлаб қолинсин. Агар маошидан уч баробар кўп маблағ олган бўлса, ҳаммаси [салтанат хазинасига] тортиқ сифатида олинсин.
Яна ҳукм қилдимки, вазирларни ортиқча сийламасинлар, чунки алоҳида. иззат-икром кўрсатиб, ўзларини [уларнинг назарида] обрў-эътиборсиз қилиб қўядилар. Бу эса салтанатга зиён етказиши мумкин ғаразгўй, бузуқи ва ҳасадгўй одамларнинг вазирлар ҳақидаги уйдирмаларини эшитмасинлар, чунки бу табақадаги кишиларнинг душмани кўп бўлади, негаки, олам аҳлининг барчаси дунёталабдирлар. Агар вазирлар бундай одамларнинг кўнглига қарасалар, давлатга хиёнат қилган бўлурлар, қарамасалар, улар вазирларга душманлик қилурлар.
Чиғатойхоннинг бир вазири бўлган экан. Ғаразгўйлар уни хазинадан бир неча минг олтин ўғирлади, деб [хонга хат] ёзган эдилар. Хатни хонга кўрсатганларида, у мазкур вазирни ҳузурига чақиртириб, унга итоб қилиб дебди: «Сен назари паст одам экансан. Мендек подшоҳнинғ вазири бўла туриб, мамлакатимдан шунчалик оз нарса олибсан!» Доно вазир [хоннинг] бу қадар катта эҳсонидан мамнун бўлибди ва бор давлатининг барчасини келтириб хонга пешкаш қилибди. [Бу билан] хон олдида ўз мартабасини ва обрў-эътиборини сақлаб қолибди.
[Яна ҳукм қилдимки], қайси бир сипоҳий ҳаддидан ошиб, қўл остидаги кишига зулм ўтказар экан, уни тутиб, мазлум қўлига топширсинлар, токи додига ўшалар етказсинлар. Ағар кадхудолар ва калонтарлар кичикроқ даражадаги одамга зулм қилган бўлсалар, қилган зулмига яраша, ҳар кимнинг кўтаришича жарима солсинлар. Агар доруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин. Агар бирор кимсанинг гуноҳи исботлангандан сўнг ундан жарима олсалар, бошқа яна дарра билан урмасинлар. Агар дарра уриш билан жазоласалар, ундан жарима олмасинлар.
Ўғрилар хусусида буюрдимки, улар қаерда бўлмасин, ким тутиб олса Ёсоқ бўйича жазолансин. Кимки бировнинг молини зўрлик билан тортиб олган бўлса, мазлумнинг молини золимдан қайтариб олиб, эгасига топширсинлар. Агар кимда-ким тиш синдирса, кўзни кўр қилса, қулоқ ва бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса, девондаги шариат қозиси ёки ахдос қозисига олиб бориб топширсинлар. Шариатга оид ишларни ҳал этишда ислом қозиси ҳукм чиқарсин. Урф-одат ишларини эса аҳдос қозиси тафтиш қилиб, сўнг менинг арзимга етказсин.