loader
Foto

Уюштирилган “саҳна”, ёлланган хуфя, тўқилган ёлғонлар – 115 нафар қўрбоши ва сафдошлар қандай маҳв этилганди?

Отантой Сотилғонов 1874 йил Жалолобод округи, Пачата қишлоғида давлатман қирғиз чорвадори оиласида дунёга келган. 1914 йил савдо иши билан Наманганга келган Отантой дўсти Истамбек орқали таниқли мударрис Сайид Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғли билан танишади. Шундан сўнг бу танишув йиллар давомида қиёматлик дўстликка айланади. 1917 йил Туркистон Мухторияти эълон қилинган шукуҳли дамларда Истамбек ва Отантой Сотилғонов Қўқон шаҳрида қирғиз ботирлари билан Сайид Носирхонтўранинг ёнида қўриқчи бўлдилар. Туркистон халқининг ҳуррият орзуси қонга ботирилиб, шўро ҳукумати мустаҳкамланиб борар экан эл оқсоқоли бўлган бу инсонларнинг ҳам дарди ортиб борди. Советларнинг мислсиз қирғинбаротлари, талон-тарожлари оқибатида халқ хўжалиги издан чиқди, даҳшатли очарчилик бошланди. Айниқса, маданий инқилоб баҳонасида дин ва миллий қадриятларга қарши кураши халқнинг кескин қаршилигини янада оловлантирди. Коллективлаштириш кампанияси даврида эса Отантой Сотилғоновнинг 70 таноблик ер мулклари ва чорва моллари давлат фойдасига тортиб олинди. Замоннинг зайлига советларнинг сиёсатига рози бўлолмаган қирғиз бойлари донишманд уламо Сайид Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғли суҳбатлари, насиҳатларидан умидвор бўлдилар.

Сайид Носирхонтўра

Оренбург сургунидан қайтган Носирхонтўра 1928 йил 16 августда аввал Чустга Шермуҳаммадбекнинг ёнида бўлган Муҳаммаджон Ёқубовникига, ундан Кўктошга ўтиб Истамбекнинг қариндоши советлар томонидан отилган Султонбекнинг онасига таъзия билдиргани боради. 1929 йил 22-23 май кунлари Қурбон ҳайити байрамида Носирхонтўра ҳолидан хабар олиш учун тоғдан дўсти Истамбек Косонга келади. Шундан сўнг яна эски дўстлик ришталари тикланиб, 1929 йил июлда Носирхонтўра Отантой Сотилғонов, Истамбеклар таклифи билан Сумсарда меҳмон бўлади.

Носирхонтўра 1929 йил кузида қирғиз шогирдлари ва дўстларининг таклифи билан яна тоққа йўл олади. 29 октябрь куни Ранжит этагида кетар экан кимлардир ўққа тутади. Носирхонтўра отдан йиқилиб, қўли икки жойидан синади. Содиқ дўсти Отантай Сотилғонов уни Мозор қишлоғига келтириб, икки-уч кунда даволатиб, зудлик билан Косонга етказишга ҳаракат қилади. Йўлда Носирхонтўра тоғда собиқ қўрбошилар Истамбек, Дадабой, Мадумар, Мирвалилар билан қурултой ўтказгани, ҳатто Чотқолда 2000 га яқин аскар жамлаб, инглиз, афғон ва хитой томонлари билан алоқани йўлга қўйган, деган миш-мишлар тарқалганини эшитади. Шундан сўнг уйга кириш хавфли эканини англаб қуйи Косонда, дўстларининг уйида қолади. Халқ орасида ГПУ айғоқчилари Носирхонтўрани топа олмаётгани ҳақидаги гаплар авж олганидан хавотирга тушган Истамбек ҳам тоғдан келиб, барчалари Кушон қишлоғида яширин қўним топадилар.

Отантой Сотилғонов

1929 йил 5 ноябрь куни қамоққа олиш тўғрисидаги қарор асосида Носирхонтўра Сайид Камолхонтўра ўғлининг уйига кириб келган ГПУ ходимлари уни топа олмайдилар. Биров Тошкентга кетди деса, бошқаси унинг Марғилонга кетгани ҳақида гапира бошлайди. ГПУ раҳбарларидан Дуров Носирхонтўрани қочган деган хулосага келиб, Ўшга уни тутиш учун қарор юборади. Носирхонтўрани тутиш учун “Бойгул”, “Ишмет” каби жосусларни белгилайди. Носирхонтўранинг шогирдлари, қариндошу танишларини кузатиш учун ҳам кўплаб жосуслар ташланади. 1930 йил 15 январда Носирхонтўра Олабуқанинг Ҳазрат Шо қишлоғида чап қўли сингани туфайли даволанаяпти, деган хабар олинади. Юқорида маълум бўлдики, Носирхонтўра билан бир кунда Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида 84 нафар ўзбек жадид тараққийпарварларининг энг илғор вакилларини ҳам қамоққа олиш тўғрисида қарор берилган эди. Халқнинг кескин қаршилигига дуч келмаслик учун ГПУ яна бир даҳшатли “саҳна” ташкиллаштиради. Жумладан, 1930 йил 16 январь куни Андижоннинг Жалақудуқ туманида қишлоқ кенгаши котиби Абдураҳмонов, ўқитувчи Мангушева, яна бир комсомол, икки пионер гаровга олиниб, мислсиз қийноқлар ортида ўлдирилади. Жами 5 нафар киши мактаб биносининг ўзида ёқиб юборилади. ГПУ мазкур жиноятни Жонибек қозининг яқини бўлган мулло Усмон Жумабоев гуруҳининг бўйнига қўяди. Гўёки уларни таъқиб қилган қизил аскарлар Қораёнтоқ қишлоғида мулло Усмон Жумабоев, унинг тутинган ўғли Бекир Жумабоев, Жонибек қозининг укалари Қорабой, Баубек Риспаевлар, собиқ қўрбоши мулла Али Мақсудов ва Азим Шербоевларни ўлдиради. Бу даҳшатли воқеалар хабари эл орасига тарқатилар экан ҳаммаси Носирхонтўранинг одами, улар баҳорда исённи режалаштирган, деган миш-миш тарқатилади.

1930 йил 26 январда ишни тайёрлаётган махсус гуруҳ Носирхонтўрани Наманганда йўқ деган хулосага келади ва 1930 йил 29 январдан унга расман қидирув эълон қилади. Айни пайтда Носирхонтўранинг жиноий гуруҳи 1929 йил бошида бир неча коммунист, комсомол, милиция ходимларини ўлдирган. Шунингдек, 19 та кооперативни, жумладан, Кетмонтепада 100 000 сўм ва 50 000 лик заёмни талаган, Чимганда давлатга 50 000 сўмлик зарар келтирган. Носирхонтўра Чотқолда 2 000 кишилик курашчини тайёр ҳолга келтириб қўйган. Агар биз жиҳод эълон қилсак, бир томондан Хитой, иккинчи томондан Афғонистондан мусулмонлар ёрдамга келади, пулимёт сотиб олиш учун Полшага одам юборган, Қошғарда Жонибек қози билан алоқа боғлаган, 1930 йил май ойига қўзғалон режаланган каби сохта ахборотлар тайёрланади.

Дадабой ва Мирвали қўрбошилар

 

1930 йил 3 февралда қидирувни янада авж олдиришга киришадилар. Хуфяларнинг бири Чустда Истамбекнинг отини эгасиз ҳолда кимдир кўрибди, деган гап келтиради. 1930 йил 12 февраль куни “Сабоҳ” исмли хуфя Дуровга Шаитмозорлик мулла Мадрим махсум ва мулла Ҳасанбой ҳожиларнинг гапидан январь ойида Носирхонтўранинг Норин дарёсидан кечиб ўтганини эшитгани ва уни тутиш учун энг яхши номзод сифатида Камол қозини ишга солиш кераклигини маълум қилади.

1930 йил 14 февраль куни ГПУ маъмури Круковский юқоридаги фикрга нисбатан “Тўғри Камол қози ҳам Туркистон Мухториятида бўлган. У Тошкентда яшайди, аммо бизга ҳеч қачон ишламайди. Бироқ Мавлавий Шайх Самара қамоқхонасидан қочган, Оренбургда уни тутиб олишган. Керак бўлса уни ёллашимиз мумкин. Кейинги номзод Носирхонтўранинг қариндоши Каримхон бизда “Додҳо” номи билан ишлайди. Уни Камолқозига юборган эдик, розилигини олиб бўлмади. Тошкентга Намангандан бирорта бошқа ишончли хуфяни юбориш керак...” деб жавоб беради.

Косонлик имом Исроилхўжа Саримсоқхўжаев аввал Марғилонда Шокирхон охундда, сўнг тўрт йил давомида Наманган шаҳридаги Муллақирғиз мадрасасида Носирхонтўранинг қўлида ўқиган эди. Кейин Бухоро мадрасасида ўқиб, таниқли уламо бўлиб етишади. Бироқ советларнинг разилларча ҳаракатидан қўрқиб, ГПУга “Одил” номи билан хуфя сифатида ёлланади. 1930 йил 15 май куни сўроқда Исроилхўжа “20 март куни Чамбошлик Баҳромбой келиб, сени Носирхонтўра чақираяпти, деганди. Аммо бормадим. Шундан сўнг 20 кунлар ўтиб, Баҳромбойнинг одами мени мажбурлаб олиб кетди. Унинг ёнига олиб кирганида Носирхонтўра бир киши билан гаплашиб турган экан. Мени кўрди-ю “ҳа, агент, демак келибсан-да”, деди. Носирхонтўра ёнимга келиб, мени қамчиси билан уриб, “энди югур ГПУга, мени бу ерда кўрганингни етказ”, деди. Хонага кириб келган Истамбек: “Эй Исроил, мени қаматаман деб юрган эмишсан, бизга турма йўқ, биз ўтирмаймиз”, деди. Шундан сўнг кўп гаплашмасдан мени чиқариб юбордилар. Бироқ мен бўлган гапларни ГПУга етказмадим”, дейди. Дарҳақиқат, Носирхонтўранинг яқин қариндошлари орасидан ҳам “Сабоҳ” “Додҳо”, “Тожиддин”, “Амударё” каби ўнлаб хуфялар тайёрланиб, ҳар куни ҳар хил хабарлар Дуров ва Зибракка етказиб турилди.

Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли ва унинг сафдошлари

ГПУ маъмури Матвеев хуфялар орқали Носирхонтўранинг ўғли Эшондадага йўл топади. Шу мақсадда ўзлари ҳибсга олган “Тожиддин”ни қамоқдан чиқариб, 1930 йил 23 майда “тасодифий” учрашув ташкил этадилар. Кулқўрғон қишлоғида – Файзибойнинг уйида қариндоши “Тожиддин”ни кўрган Эшондада “тоға, бизни деб қамалдингиз”, дея йиғлаб юборади ва аслида бизларни ўзлари қўрқитиб яширинишга мажбурлашди, дейди.

1930 йил 8 июнга келиб биргина Наманганда Носирхонтўрага боғлаб юзлаб одам қамоққа олинди. Энг қизиғи, Носирхонтўранинг ўзи дўстларининг соясида Косонда яшаб юрган эди. Носирхонтўра дўстларининг таклифига кўра яна тоққа йўл олади. Қоратовда Эшондадахон, Истамбек, Отантой Сотилғонов, Жониқул, Муқумжон ва бошқа йигитлар билан қайтаётган Носирхонтўрага тўсатдан шиддатли ҳужум уюштирилади. Ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди, ҳамма қочишга тушади. Мўмин полвон, Абдумалик, Абдуваҳҳоблар ўлдирилади. Турғун Қўзибоев оғир ярадор бўлиб қўлга олинади. Истамбек ва Отантой Сотилғоновлар душманни чалғитиш мақсадида отини тўғри тоққа солади. Уларнинг изидан тушган гуруҳ Истамбекни елкасидан ва сонидан яралаб ортга чекинади. Отантой Сотилғонов кўп қон йўқотиб ҳалок бўлган дўсти Истамбекни тоғда қолдириб, унинг отига миниб Носирхонтўранинг изидан Нанай томонга йўл олади. Бироқ Носирхонтўра отини Нанай томонга ҳайдаб, ўзи пиёда Косон томон йўл олгани учун уни топа олмай ортига қайтади. Истамбекни 27 июнга ўтар тунда тоғга дафн этади.

1930 йил 26 июнь куни яраланган ҳолда қўлга олинган Дадабой қўрбошининг укаси – қуйимозорлик 28 ёшли Турғун Қўзибоев (кал Турғун) келтирилиши билан азобли қийноқларга солиниб сўроқ қилинади. У ўзининг ёнидагилар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтади. 1930 йил 3 июль куни Дуровга ёзилган билдиришда “кал Турғундан бошқа гап олиб бўлмайди, у ўлади” деб битилганди. Ҳақиқатан, ўша куни Турғун Қўзибоев вафот этади ва унинг ёдгори бўлиб 3 ёшли қизи қолади. Бу вақтга келиб Носирхонтўра гуруҳи аллақачон тўлиқ назоратга олинганди. Истамбек ҳақидаги ишга эса,.. унинг олдидан бир хуржун қурол топилади. Истамбекни босмачиларнинг ўзлари ўлдириб кетишган, шекилли, деган ёлғон битиб қўйилади.

Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли сафдошлари

 

Отантой Сотилғонов бир муддат яшириниб юргач, уйига келади. У 30 июнь тонгида бомдод намозини ўқиб турганда ГПУ ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Кекса, ҳориган Отантой аввал қаршилик қилади, дўстларининг қаердалигини айтишини талаб қилишганда, бирдан ҳолсизланиб йиқилади. Шу ҳолида уни аравага тиқиб олиб кетадилар. Унинг ортидан 33 ёшли турмуш ўртоғи Нишонхон, ўғиллари 18 ёшли Ураим, 15 ёшли Исмоил, 3 ёшли Эсон, 2 ёшли Нуржон ва 5 яшар қизи Турдихонлар қон йиғланагича қоладилар.

Отантой Сотилғонов 1 июль куни Наманганга келтирилган қамоқда ўзига келади ва яна ҳаммани сўка бошлайди, мени ҳам ўлдиринглар, деб қичқирганича ҳушсиз йиқилади...

1930 йил 1 июль куни Қоратовда текшириш олиб борган Мишенкин исмли кимса янги мозор аниқланганининг хабарини етказади. Шундан сўнг “таниш учун” деган баҳона билан Истамбекнинг майитини кавлаб олиб, Наманганга келтиришади. Оппоқ яктаклари тўла қонга бўялгани, ёввойи ҳайвонлар томонидан судралиб, абгор ҳолдалиги учун мурдани таниб бўлмайди. Афтидан, Носирхонтўрани топа олмаган Отантой Сотилғонов душманнинг кетишини кутиб, қайтгунича бу ҳодиса содир бўлган эди.

Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли ҳибсга олинган вақт

Носирхонтўранинг катта ўғли, 1907 йил туғилган Эшондадахон Носиров бу вақтда турмуш ўртоғи 20 ёшли Содиқахон, 4 ёшли ўғли Анис ва 1 ёшли қизи Шарофатхонлар билан қайнотасининг уйида яшар эди. 1930 йил 8-9 июль кунлари отасининг ортидан йўлга чиқар экан, зудлик билан қўлга олиниб, сўроққа тортилди. Эшондадахон “Қоратовдаги отишмадан эсон-омон қутилиб чиқдик, бизни Наманганда отамнинг шогирди мулло Ниғмон Усмонов кутиб олди. Наманганнинг Янги кўчасида 15 кунча Эсонжонникида яшадик. Истамбекдан хабар бўлмагач, Ниғмон Усмонов Қирғизистонда Отантой Сотилғоновнинг ҳам қамоққа олганини эшитиб келди. Шундан сўнг отам Қошғарга кетишга қарор қилди. 7 июль, бозор куни тонгда отам соқолини қисқартириб оқ кулрангга бўяди ва эски яктак ва тўн кийиб, оддий деҳқон қиёфасига кирди. Бозор куни бўлгани учун ҳамма кўчада эди. Биз ҳам шу тақлид кийиниб, Намангандан Сирдарё бўйлаб, Мингбулоқ, Ёзёвон орқали Марғилондан ўтиб олдик. Отам Ҳасанхон билан мен бирмунча орқада кетадиган бўлдим. Режамиз бўйича Ўшдаги Сулаймон мозорида учрашишга, у ердан йўлни биладиган қирғиз йўлчиларини топиб, чегарадан ўтказиб қўйишини сўрашга келишган эдик...” дейди. Мазкур кўрсатма асосида Дуров, Лисченко, Педенколар бошчилигидаги ГПУ ходимлари 1930 йил 15 июль куни Ўш округ, Толдик совхозидан 10–15 км узоқликдаги яйловда Носирхонтўра, Тошмат Эрназаров, Мулла Ниғмон Каримовларни тутиб, ҳибсга оладилар. Барчаси 18 июль куни Наманганга келтирилиб қамоққа жойланади. 1930 йил 2 август куни ОПГПУнинг Шарқ бўлими раҳбари Дуровнинг Носирхонтўра Саидкамолхон ўғли, Отантай Сотилғонов, Эшондодахон Носирхоновларнинг ЎзССР ЖКнинг 58, 67-моддалари билан айбланиб қамоққа олингани тўғрисидаги қарори имзоланди. Тергов шундан сўнг Тошкент шаҳрида давом эттирилди. 1930 йил 20 август куни терговчилар томонидан тайёрланган бўҳтон ва туҳматлардан иборат бир неча қоғозга муттасил қийноқ ва таҳқирлар остида Отантой Сотилғоновнинг имзоси олинди. 21 август куни мазкур қоғозлар Носирхонтўрага кўрсатилди. Шундан сўнг Носирхонтўра: “...ҳа, биз Истамбек, Отантойлар билан бирга халқнинг мазлум ҳоли, ҳунармандлар оғир аҳволи, иқтисодиётнинг ишдан чиққани, товар-пул муносабатлари чидаб бўлмайдиган кунга етиб келгани туфайли халқни қўзғалонга чақириш қарорини чиқаришга мажбур бўлдик”, дейди. 24 август куни сўроқда ҳам ўзининг қисман айбдорлигини тан олиб, берилган қоғозларга имзо чекишга мажбур бўлади. 1930 йил 9 сентябрга келиб Наманган – айни иш доирасида сақланаётган маҳбусларнинг сони 80 кишига етaди.

1930 йил 15 октябрь куни Носирхонтўра Саййид Камолхонтўра ўғли сўнгги бор сўроққа келтирилди ва уриб-тепиб “халқ қўзғалони учун жавобгар” бўлган зотларнинг номлари қайд этилган қоғозларга имзо чекишга мажбур этилди. Варақлар кўз ёшига бўялди. Ҳар бир бетга Носирхонтўранинг имзолари қўйилди. Шу куннинг ўзида Дуров Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли, Эшондадахон Носирхонтўра ўғли ва Отантой Сотилғоновларнинг айблари тўлиқ исботлангани учун олий жазога ҳукм чиқарилиши мумкин деб қарор қилади. 1930 йил 25 октябрь куни ёлғон ва уйдирмалар билан тўла айблов баённомаси имзоланади.

Носирхонтўра ва ўғли Эшондадахон

Носирхонтўра Камолхонтўраев ўғли Эшондадахон ва содиқ сафдоши Отантой Сотилғоновлар билан бирга 1930 йил 27 октябрь куни ЎзССР ЖКнинг 58, 67-моддаларини қўллаб олий жазога ҳукм этилди ва 1931 йил 13 апрель куни Тошкент шаҳрида ижро этилди.

1931 йил 24 январь куни “Носирхонтўра иши” юзасидан қамоққа олинган бошқа инсонлар масаласи ҳам ОГПУ ҳузуридаги машъум “учлик” томонидан кўриб чиқилди ва аксар қисмига РСФСР ЖКнинг 78-моддаси қўлланиб олий жазога тортилди. Тошкентга келтирилган Опоқхўжа Асқархўжаев, Шодмонхўжа Эшонхўжаев, Саке Жуманов, Темурхўжа Тўхтахўжаев, Аҳмад Холмонбетов каби 27 нафар мард инсон 31 январь куни тунги соат 23:00 да отиб ташланди. Шунингдек, қолган инсонларнинг 10 нафари 10 йилдан, 6 нафари 8 йилдан, 12 нафари 5 йилдан, 22 нафари 3 йилдан концлагер жазосига буюрилди. Шу куни Ҳожихон Каримбоев, Дадажон Абулқосимов, Холмамат Устабобоев, Илмиямин Юсуфбоев, Узоқбой Лолақориев каби 10 нафар кимса эса ишни очишда берган ёрдами учун озод этилди.

Ишнинг якуний қисмида Носирхонтўра Саййид Камолхонтўра ўғлининг ҳали 18 ёшга тўлмаган фарзанди Ҳасанхонтўра отув жазосидан сақлаб қолиниб, 6 йилга концлагер ҳукми ўқилди. Бироқ унинг ортидан “мужоҳидлар” номи билан Фарғона ОГПУ бўлимида янги иш очилиб, унга носирхонтўрачиларни қидириш, топиш ва кузатиш вазифаси юкланади...

Хуллас, орадан қанча йиллар ўтди, қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо халқ ўзининг қаҳрамон фарзандлари ёдини асло унутмади. Уларнинг қаҳрамонлик курашлари тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб яшашда давом этаверaди. 2021 йил 25 август куни Ўзбекистон Республика Олий Суди томонидан Носирхонтўра Саййид Камолхонтўра ўғли раҳбарлигидаги 115 нафар миллат қаҳрамонларининг иши қайта кўриб чиқилиб, уларнинг пок номлари оқланди.

Баҳром ИРЗАЕВ,

ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон

қурбонлари хотираси давлат

музейи бош илмий ходими