Саккизинчи фасл. Султон Саидхон ибн Султон Аҳмадхон ибн Султон Юнусхон ҳақида. Дастлабки йилларда унинг ҳаётида юз берган қийинчиликлар ва бахтсизликлар баёни
Ҳазрат Ҳокими мутлақ ва Маликул мулк (Аллоҳ) ўз фақир бандаларидан бирортасига улуғлик тожини кийгизишни маъқул топса ва бандаларининг тенглари ичидан энг муносибини ўз инояти тўни бирла сарафроз қилишни истаса, аввал уни роса синовларга солади, бошига мислсиз қийинчиликлару азоб-уқубатларни ёғдиради. Яратганнинг ажиб донолиги мана шунда кўринадики, у ўша бандасини шу тахлит фақиру мискинлар аҳволи билан таништиради, бандаси ожизлар ҳолига раҳм-шафқат кўзи билан қарасин деб, салтанат ва динни ақл-фаросати ва зукколиги билан тартибда тутсин деб бўлажак ишлардан уни воқиф қилади. Бундай синов жаҳон элининг фахри, мусулмон динининг нури шайхулислом Абдураҳмон Жомийнинг «Силсилат аз-заҳаб» асарида Ҳазрат Вожибул Вужуд даргоҳининг яқин дўсти Мусо алайҳиссалом ҳақида шеърий йўл билан жуда яхши ҳикоя қилиб берилган.
Назм:
Кунларнинг бирида Мусои Калим
Вафо манзилида ташларди одим.
Чўпонлик ишида кезарди ҳар ён,
Қўйлар ҳуркиб кетди шунда ногаҳон.
Бир қўзи сурувдан кетди айрилиб,
Чопарди ортига боқмай қайрилиб.
Мусо роса қувди қайтармоқ бўлиб,
Қўзи ҳолдан тойиб, қолди йиқилиб.
Мусо уни тутиб, олдида чўкди,
Шафқат кўз ёшларин бетиним тўкди:
«Бундай ҳуркишингни боиси нима?
Елдай югуришнинг фойдаси нима?
Менинг таъқибимни мулоҳаза қил
Ўзим учун эмас, сен учун, билгил.
Агар ўз ҳолингга қўйсам сени ман
Сендан меҳрибонлик узган бўламан.
Ҳар бир қонхўр бўри сени ҳар қачон
Эртами ё кечми ейиши осон».
Қўзини кўтарди ўз елкасига
Қайтиб бориш учун эл подасига.
Эзилди, толиқди у оғир юкдан
Лекин ташламади уни елкадан.
Хушу нохушликда келар ташвишдан
Оғирроқ иш йўқдир юк кўтаришдан.
Шодлик саройида қилсалар қабул,
Ҳисоб кунигача юк ташувчи бўл.
Ҳақ таоло унинг чўпонлигида
Синади беҳад меҳирбонлигида
Деди малакларга: «Қилингиз диққат
Бунчалик кўрсатган лутфу марҳамат –
Унинг мартабасин юксалтиргуси,
Жаҳонда муҳташам подшоҳ бўлгуси.
Халойиқ бошига чин сарвар бўлар,
Бу эзгу йўлда у пайғамбар бўлар.
Унинг паноҳида эл ором топар,
Унинг оёғига барча бош қўяр».
Шунинг учун ишончли манбаларда келтирганларига кўра, бирорта пайғамбарга пайғамбарлик тожини ва расуллик либосини кийдиришдан олдин у кучлилар ва ожизларга нисбатан меҳр-мурувват ва ачиниш ҳиссини туйиши учун аввал уни чўпонлик заҳматларини чекишга мажбур қилишган.
«Тарихи Акосира» (Кисро авлодлари тарихи) китобида бир ҳикоя бор: Кисро наслидан бир уруғи – Нўширавоннинг отаси Қубод ўғли Нўширавон вужудида ақл ва билим жилоларини ҳамда мурувват ва саховатпешалик нурларини пайқагач, унинг тоза қалби гўдаклигидан илм-ҳикмат билан тўлса, тошга ўйилган нақшдек бўлар, деган ниятда уни олим ва фозил кишилар қўлига топширишга қарор қилди. Шунда Қубод донишманд Хожа Бузургмеҳрни чақириб, унга Нўширавонни топширди. Донишманд айтди: «Модомики бу ишдан мақсад аниқ экан, ҳикмат талаби бўйича қиладиган ишларимиз четдан қараган кишининг калтабин назарида зарарли, бемаъни нарса бўлиб туюлиши мумкин, шу боисдан айтиб қўяй, сизнинг қалбингизда ранжиш аломатлари бўлмаслиги лозим, негаки бу ҳикматнинг фойдаси жуда узоқ замонларгача етиб боради ва акс этиб туради». Қубод ҳам, болани топширишдан кўзланган мақсад ҳам шу эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг Хожа Бузургмеҳр Нўширавон билан ҳикмат қасри томон йўл олишди. Отхонадан уларга от беришди. Хожа ўзи отга миниб, Нўширавонга отнинг ёпинчиғини елкасига ташлаб пиёда, Хожа узангиси ёнида кетишни буюрди. Хожа гоҳ отга қамчи босар, гоҳ жиловини тортиб, оҳиста юрарди. Уйга етиб, сарой ҳовлисидаги боғда тўхтагач, у Нўширавонга ғазаб билан қўпол муомала қилди ва уни савалашни буюрди. Икки киши икки томондан йўғон таёқлар билан саваламоқчи бўлишганда, Нўширавон қўрққанидан титраб-қақшаб ялинишга тушди. Хожа: «Бор, сени кечирдим», деди. Нўширавон беҳад қувониб кетди. Кейин Хожа Нўширавонни иззат-ҳурмат билан ичкарига олиб кириб, эъзоз-икромлар кўрсатдики, бундай одамгарчиликни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган Нўширавон ҳайратда қолди.
Донишманд Бузургмеҳр айтди: «Дастлаб сени узангим ёнида пиёда юришга мажбур қилганимда мақсадим сенинг узангинг ёнида пиёда юрган одамнинг аҳволидан воқиф қилиш – беғам отлиқлар отларини илдам йўрттириб кетишганда, пиёдалар қандай қийналишини билиб қўй, дедим, пиёдаларнинг азобланиши заррача бўлса-да уларнинг хаёлига келмайди ҳам. Кейин мен сендан ғазабланиб, таёқ билан савалашга буюрганимда, ундан сўнг сени кечириб, сен ўшандай зулмдан озод бўлганингда, сени қандай қувонч қамраб олганини эсла! Буларни мен шунинг учун қилдимки, мабодо сен бирорта шўрлик бандани ғазабингга олиб, таёқ билан уришга буюрсанг, ўшанда ўзингнинг ҳам шундай аҳволга тушганингни, азобдан қутулганингда қанчалар севинганингни эслагин, дедим, ўзингга раво кўрмаган нарсани ўзгага ҳам раво кўрма!
Кечирганимдан кейин сени муносиб тарзда меҳмон қилдим, ҳурмат-эътибор тахтига ўтқазиб, доно фикрлар айтиб, ёқимли суҳбат қуриб, кўнглингни топдим. Сен – подшоҳсан, одамлар сендан худди шундай муомалани кутишади. Сен буни ёдингда тутишинг ва мен сенга қандай муносабатда бўлган бўлсам, сен ҳам ўз тобеларингга шундай муносабатда бўлишинг керак».
Шу тахлит бир дунё доно фикрлари билан у Нўширавоннинг ақл хазинасига абадий нақдинани солиб қўйдики, натижада Нўширавон подшоҳ бўлгандан сўнг шундай даражага етдики, бу барча мавжудотларнинг афзали, бутун борлиқнинг иқболи ҳазрати пайғамбаримиз (барча яхши дуолар унга бўлсин) айтган ҳикмат мазмунига мос келади. У киши: «Мен адолатли шоҳ замонида туғилдим» деган эди. Бу ёрқин ҳикмат Нўширавон бахт-иқболи саҳифаларида битилганки, шунинг учун ҳам у бошқа кофирлардан фарқ қилади, жаҳолат зулматига қарамасдан, у даҳрийлик маскани – дўзахдан ўзини сақлаб қолди ва ўзига аърофдан – қийноқлардан ҳимоя қилинадиган маскандан жой ҳозирлади.
Бу муқаддимадан ва бу ҳикоядан мақсад шуки, Азалий Ҳикмат ўз абадий иродаси билан сахийлик ва тўғрилик асосига қурилган, диёнат ва адолат билан мустаҳкамланган, гўзал фазилатлар инжулари ва хайрли ишлар марваридлари билан зийнатланган ноиблик тожини бошига қўйди ва қўша-қўша яхши хислатлар билан безатилган подшоҳлик тўнини хоннинг саодатманд елкасига ёпдики, бу салтанатининг етуклиги билан подшоҳларнинг подшоҳи ҳисобланади, унга ҳамиша бахт-иқбол ҳамроҳ бўлсин учун Султон Саидхон деб исм қўйдилар, яъни бу «Бахтли хон» маъносини беради. Мақсад: барча одамлар – соҳиби давлат ва фуқаро, айниқса, илм аҳли, дарвешлар ҳамда сўфийлар хотиржам ва ҳалол бўлиб, Ҳақ субхонаҳу ва таолонинг бандачилигини қилиб, берган неъматига шукроналар айтиб ўтиришсин, бунинг баракоти кўп йиллар дунёвий ва диний ишларга фойда келтирсин.
Шундай қилиб, хон дастлаб дунё одамларининг турли тоифалари бошига турли даражада тушадиган қийинчиликларни бошдан кечирди. Ўзгаришлар даврида қандай кийимни киймасин, ўша кийимни киядиган тоифанинг қийинчиликлари ҳам унинг бошига тушаверди. Замон ва қисматнинг ғаддор кўргуликлари ва синовларига бардош бера-бера, у хушфеъллик ва тажриба тўплаб борди, бу нарса ҳар хил тоифа одамларнинг машғулотларини ўрганишга ва кейинчалик подшоҳ бўлган пайтида ўша одамларнинг ҳар бирига ўзига муносиб муомалада бўлишига ёрдам берди, бу эса ўз навбатида унинг улуғ мартабаларга, обрў-эътиборга эришувига олиб келди.
Назм:
Оқилу ҳунарманд эрларга Аллоҳ
Кошки икки умр тортиқ этсайди.
Бирида муттасил тажриба тўплаб,
Бирида ҳаётга татбиқ этсайди.
Султон Саидхон – бу ҳикоямизда қаерда «хон» сўзи учраса, демак, гап у ҳақда боради – ғаройиб воқеаларни бошдан кечирди. Бу мухтасар тасвирдан мақсад хоннинг фаолиятини кўпроқ очиб беришдир. Бу қисқа баён тафсилотлари қуйидагилардир: унинг муборак насл-насаби юқорида бир неча бор айтиб ўтилди. У туғилганидан то ўн тўрт ёшга етгунига қадар отасининг сояи давлатида, ҳузур-ҳаловатда ҳаёт кечирди. У ўн тўрт ёшга етганда отаси Султон Аҳмадхон, яъни Олачахонда акаси Султон Маҳмудхонга хизмат қилиш истаги туғилди. Шунда у ўз ўрнига энг катта ўғли Мансурхонни қўйиб, ундан кейинги икки ўғли – Султон Саидхон ва Бобожоқ султонни ўзи билан бирга Тошкандга олиб кетди. Ахсидаги жангда, зикр этилганидек, хонлар қўлга тушганда Султон Саидхон ҳам отаси билан эди. Лашкар пароканда бўлгач, ҳар ким ўз жонини қутқазишга киришди. Хон ҳам бир томонга қараб қочди. Шунда унинг бўксасига ўқ тегиб, совутини тешиб ўтиб, суягига етди. Отасининг лашкари тор-мор қилингани учун қочишга қуввати етмади. Ўша ерлик одамлар уни тутиб олиб, юришга кучи етмагани учун ҳеч кимга топширмай, бир неча кун ушлаб туришди.
Султон Саидхон қувват тўплагунига қадар Шоҳибекхон ишларни тартибга солиш учун Тошкандга қайтди. Ахсида Шайх Боязид ҳоким эди. Хонни ўшанга олиб келишди ва уни қамаб қўйишди. Хон бир йилга қадар, то Шоҳибекхон келгунча Шайх Боязид қўлида қамоқда бўлди. Шоҳибекхон Танбални тутиб ўлдирди ва Андижонни бошқаришни Жонибек султонга топширди.
Жонибек султон Ахсига келди. Султон Саидхонни Жонибек султон олдига олиб келишди, Жонибек султон уни Шоҳибекхонга жўнатди. Шоҳибекхон унга жуда яхши муносабатда бўлди, оталарча меҳрибонлик билан кутиб олди ва иложи борича ғамхўрлик қилди. Шоҳибекхон Ҳисор ва Қундузни олганда, хон унга ҳамроҳ бўлди. Султон Саид хоннинг ҳайрат ва завқ-шавқ билан айтиб берганини эшитганим бор: «Шоҳибекхон Ҳисорни олганда, Маҳмуд султон Қундузни эгаллади, деган хабар келди. Шоҳибекхон орқасига қайтди ва жуда секин юрди. У Ҳисорни Ҳамза султонга, Чағониённи Маҳди султонга берди. Дарбанди Оҳанинда йўл торлиги, ўлжаларнинг кўплиги учун лашкар секин-секин Буя ва Термиз тарафдан юрди. Шавкатли лашкар Буяда чодирлар тикиб тўхтади ва пешин пайти эди, мен ҳам мажлисда иштирок этдим. Қабул вақти ҳали бўлмаган, Шоҳибекхоннинг бир нечта мулозимларигина ҳозир эди, холос, шу пайт юзида қўрқув ва таҳлика акс этган бир одам келди. У тез юриб келиб, қўлидаги хатни салтанатга муносиб бўлган тахт пойига қўйди. Шоҳибекхон хатни ўқиркан, юзида кучли ўзгариш зоҳир бўлди. Охиригача ўқимай ўрнидан туриб, ҳарам томонга йўл олди ва от келтиришларини буюрди. Ҳарамда узоқ туриб қолди. Пешин намозидан кейин чиқиб, отга минди, кўп мулозимлари бирга эди. Маълум бўлдики, Маҳмуд султон Қундузда ўз ажали билан ўлипти ва унинг жасадини олиб келишипти.
Бирор соат ўтиб, Шоҳибекхон лашкаргоҳдан чиққанида, қоп-қора кийиниб, кўз ёш тўкаётган одамларни кўрдик. Улар тобутни ерга қўйиб, унинг атрофида саф тортиб туришарди. Шоҳибекхон буни кўриб имо қилган эди, барча султонлар ва бошқа одамлар отлардан тушиб, унинг узангиси ёнида пиёда боришди.
Халойиқ дод-фарёд кўтарди, булар ҳам дод солиб йиғлашга тушди. Шоҳибекхон яқин келгач, бир ишора қилган эди, ҳамма саф тортди, ўзи эса отда олдинга ўтди, отининг боши тобутдан ҳам баланд эди, одамларни жим бўлишга буюрди. Одамлар ёқаларини йиртиб дод солишдан тўхтади. Кейин у Маҳмуд султоннинг амирларидан бирини ёнига чақириб, қоида расмига кўра, таъзия билдирди ва бир муддат юзиям ўзгармай, кўз ёши тўкмай жим қолди. Бироздан кейин бошини кўтариб: «Маҳмуд султоннинг ўлгани яхши бўлди. Одамлар, Шоҳибекхоннинг салтанатини Маҳмуд султон ушлаб турипти, дейишарди, ана энди одамлар Шоҳибекхоннинг салтанати Маҳмудга боғлиқ эмаслигини билишади, олиб боринглар, уни дафн қилинглар» деди. У шу сўзларни айтди-ю орқасига қайтди. Шоҳибекхон шундай қўполлик ва совуққонлигини намойиш қилдики, ҳамма лол бўлиб қолди», дея ҳикоя қилган эди.
Маҳмуд султоннинг ўлими мўғулларни қаттиқ қайғуга солди. Чунки Маҳмуд султон барча соҳаларда мўғулларнинг таянчи эди ва айтиб ўтилганидек, бу хайрли ишда кўп саъй-ҳаракатлар қилди. Улар Самарқандга етишганда Мўғулистондан Шоҳбегим келди. Бу қисқа баённинг тафсилоти шуки, Шоҳбегим хонларнинг онаси ва Бадахшон ҳукмдори Султон Муҳаммаднинг қизи бўлиб, Искандар Зулқарнайн наслидан эди. Бир вақтлар у ўғли Султон Маҳмудхон билан Мўғулистонга кетган эди. Лекин эслатиб ўтилган пасткаш одамлар шундай қилишдики, она-ўғил ўртасидаги одоб ва ҳурмат-эҳтиром чегарасидан чиқмай келган муносабатларга рахна тушиб, бир-биридан норозилик ва жанжал гардлари пайдо бўла бошлади. Бегимнинг ярамас маслаҳатгўйлари, унинг Шоҳибекхон ёнига кетиши, ундан ўзига бирор вилоятни сўраб олиши кераклигини, негаки унинг Мўғулистонда яшаши қийинлигини қулоғига қуйишар эди. Мана шундай бемаъни гаплар билан улар бегимни жўнатишди. Пасткаш кимсалар бегимни суюкли ўғлидан бошқалар шармандалик ва беобрўлик деб ҳисоблайдиган бир йўл билан ажратишларидан олдин, у оқила аёл бўлганлигидан шуни баҳона қилиб ўғли ёнидан кетди. Бегим Шоҳибекхон қошига илтимос билан кетди, деган миш-миш тарқалди, у бўлса Самарқанддаги ўғилларини кўришидан хурсанд эди.
Бу орада Шоҳибекхон Хоразмга томон қўшин тортди, отам Хуросонга қочиб кетди, ҳадемай бунинг баёни келади. Хон айтиб берган эдики, Мирзо қочиб кетгандан кейин аҳвол қийинлашди. Ўн олти киши гапни бир жойга қўйиб Самарқанддан қочишди. Хутук йўли билан Қаротўқайга ўтишди, у ердан Сайрамгача бориб, Мўғулистонга ўтиб кетишди. Узун Аҳмадга элтувчи йўл орқали Еттиканд номи билан машҳур бўлган Ҳафтдеҳга келишди. Еттикандда Султон Маҳмудхон бор эди. Бу воқеаларнинг боши баён этиб ўтилди: Султон Аҳмадхон ўлганда, Султон Маҳмудхон Мўғулистонга кетган эди.
Султон Маҳмудхон бўшанг подшоҳ бўлган, салтанат ишларида ялқовлик ва кўнгли бўшликка йўл қўйган. Маълумки, Мўғулистон – бу саҳро, у бундай ялқовлик ва бўшангликни кўтармайди, шу боисдан у Мўғулистонда қололмади. Ўз қарорини ўзгартириб, шаҳарга ва Еттиканд вилоятига келди, у ерда деҳқончилик қилиб яшаб қолди. Хон амакиси Султон Маҳмудхонга қўшилди, бир қанча муддат унинг хизматида бўлди.
Султон Саидхон беҳад ҳаракатчан ва жасур киши эди. Шунинг учун у Султон Маҳмудхоннинг ялқовлиги ва беғамлигига тоқат қилолмай, у ердан қочиб кетди. Султон Маҳмудхон унинг орқасидан одамларини жўнатди. Уч кундан сўнг улар унга етиб олишиб, олишув бўлди. Кураш жуда кескин тус олганда, Султон Маҳмудхоннинг мулозимларидан соз чалиб, ашула айтадиган Мақсуд Али деган одам эпчиллик қилди. Хон, олишувнинг муваффақияти аввало ўзининг ҳаракатига боғлиқлигини кўриб, унга томон от сурди. У қочишга тушди. Қочиб бораётиб орқасига ўгирилди-да, ўқ отди. Унинг ўқи хоннинг чап елкасига шундай санчилдики, елка суягига етди ва чап курагидан ўтиб, ўнг курагига етиб борди. Шунда хон Мақсуд Алини ҳайрон қолдирмоқчи бўлди, аммо у қанча уринмасин, қуролни бошқаришга қўлининг кучи етмади, душман соғ-саломат кетди. Хон қайтиб келди. Яраси оғир эди, икки йилгача унинг ўнг кўзи кўрмай, бир қўли ишламади. Бирмунча муддат ўтгач ўша Мақсуд Али хон мулозимларидан бирининг қўлига тушди. У Мақсуд Алини қилган қилмишлари учун нариги дунёга жўнатмоқчи эди, бошқаси унга: «Сен уни хон ҳузурига тирик олиб борсанг-да, хон уни ўзи жазоласа, бу тўғри иш бўлади ва у сендан кўпроқ миннатдор бўлади», деди ва у Мақсуд Алини хонга тириклай олиб келди. Хон бундан хурсанд бўлиб, уни олиб келишларини буюрди ва: «Қўлимга тушганинг яхши бўлди, зерикиб ўтирган эдим» деди. Гарчи хоннинг бор-йўғи битта тўни бўлса-да, ўшаниям унга берди, тағин бир нечта от совға қилди, чунки Мўғулистонда от ва мол жуда кўп, кийим-кечак эса кам эди. Умрининг охиригача унга меҳрибончилик қилди. Хоннинг хайрли ишлари сон-саноқсиз – ҳар бири ҳақида мавриди келганда ёзамиз.
Қисқаси, ярадор Султон Саидхон жуда катта қийинчиликлар билан укаси Султон Халил султонга бориб қўшилди. Султон Халил султон отаси вафот этгач, Мансурхондан қочиб Мўғулистонга борди ва Мўғулистонда қирғизларга қўшилди. Улар уни подшоҳ кўтаришди. Хон узоқ вақт укаси билан бўлди. Охири бир томондан улар, иккинчи томондан, Султон Маҳмудхон ва Мансурхонлар ўртасида кўплаб ғалаба ва мағлубиятлар, тўқнашув, қаттиқ жанг ва ғаройиб воқеалар бўлиб ўтди, ўша жангларда хон шундай ярадор бўлдики, жароҳат битишига соғлом ақл бовар қилмасди. Бунинг тасвири мазкур китоб мақсадига кирмайди.
910 йилдан 914 йилгача (1504-1505-1508-1509) Мўғулистонда шаҳзодалар ўртасидаги кураш ва жанжаллар билан ўтди, охири Султон Маҳмудхон ака-укалари, Мўғулистоннинг тарқоқ халқи орасида туришдан безор бўлиб, Шоҳибекхон ёнига кетди, бу баён қилинган эди.
Мансурхон, Султон Саидхон ва Султон Халил султонлар қолгач, укаларига ҳужум қилиб, улар ўртасида ҳам жанг бўлди. Бу воқеа Алматуда – Мўғулистоннинг машҳур ерида содир бўлди. Жанг қаттиқ бўлди ва охир-оқибат мағлубият юки султонлар елкасига тушди. Султон Халил султон Мўғулистондан умидини узиб, Шоҳибекхоннинг ҳомийлигидан умидвор бўлиб, амакисининг орқасидан жўнади ва Ахсига келди. Жонибек султон уни тутиб амаким Саид Муҳаммад мирзога, Султон Али мирзо бекчикка ва Тубра нуёғутга топширди. Улар ўзларига бошқаларда ишонч ҳосил қилиш учун уни дарёга чўктиришлари лозим эди ва улар бечора Султонни Ахси дарёсига чўктиришга мажбур бўлишди. Бу воқеадан бироз муддат ўтгач, Султон Саидхон укасини ўлдирган мана шу одамларга меҳрибончилик кўрсатди – бу ҳақда ҳали тўхталамиз.
Султон Саидхон ўша жангдан сўнг қочганида, ихтиёрида элликтача одам ва керакли қорамоллар бор эди. У Алматудан Дўланга келди, бу ергача карвон билан ўртача юрганда тахминан ўн беш кунлик йўл эди. У ерга етиб келгач, улар хотиржам бўлишди, бу ер маълум маънода хавфсиз эди. Ўша куниёқ бир одам пайдо бўлди, улар уни тутиб олиб сўроққа тутишди. У: «Бу ердан карвоннинг ўртача юришида уч кунлик йўлда жойлашган Уруқтом деган жойда баҳрин қавмидан бир тўда одамлар жойлашиб олишган, улар Кошғарга бориб, Абобакр мирзога қўшилишмоқчи», деди. «Мен қочиб кетдим, – дея давом этди у, – қирғизлар томонга кетяпман». Шундан сўнг, улар маслаҳатни бир жойга қўйиб, хон ўзи ўша ёққа бориб, улар билан алоқа ўрнатади, деган қарорга келишди. Эҳтимол, у шу йўл билан ёрдам олар. Ҳаммадан кўп буни Хожа Али баҳодир талаб қилди. Хожа Али баҳодир бойрин қавмидан бўлиб, жасур, қўрқмас, беназир мерган киши эди. Хон Самарқанддан қочиб келиб, амакиси Султон Маҳмудхонга қўшилган пайтда Хожа Али Еттикандда Султон Маҳмудхон ноибларидан бирининг хизматида эди. Хон келгач, Хожа Али хонга садоқат камарини чин дилдан белига боғлаб, унга астойдил хизмат қила бошлади. Хон қочиб, Мақсуд Али мусиқачи уни ярадор қилганда, Хожа Али ўша жангда катта қаҳрамонлик ва баҳодирлик кўрсатди – ўша кундан бошлаб у хоннинг илтифотли назари остида бўлди. Кўплаб жангларда содир бўлган ғаройиб воқеалар унинг ишлари эди. Баҳодирлик ва жасурлик билан бир қаторда у ақл ва билим соҳиби ҳам эди. Ўша кунларда кўп ишлар унинг кўрсатмаси ва маслаҳати билан қилинарди. Хожа Али бу ишга тарафдор бўлганлиги учун бошқа маслаҳатгўйлар буни унча ёқтиришмасди. Хожа Али айтдики, агар биз бир гуруҳ бўлиб борсак, улар: «Булар бизларни талаб, йўқ қилиш учун келишди» деб ўйлашлари мумкин, бу бемаъни фикрни уларнинг шайтон ин қурган мияларидан чиқариб ташлашнинг иложи бўлмайди ва бу нарса янги-янги тўқнашув ва даҳшатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун энг тўғри йўл шуки, камина қулингиз жаноби олийларининг узангиси ёнида хизматкорлик қилиб бораман, қолганлар беш кунгача шу ерда қолишади. Агар ўша одамлар каминанинг маслаҳати ва тўғри фикрига рози бўлиб, бизга қўшилишса, биз билан келишиб, мияларини қамраган қўрқувдан халос бўлишса, аҳмоқона ва тубан ўй-фикрлари тоза ният ҳамда жаноби олийларига садоқат билан алмашса, – бу бизнинг истакларимизга тўғри келади, бизни кутаётган одамларга тезроқ қўшиламиз. Шундай қилсак, тўғри бўлади, ҳозир отларни аяшимиз керак, агар ҳамма хонга ҳамроҳ бўлиб борса, бу отларнинг кучдан қолишига сабаб бўлади.
Ақлли одамлар бу фикрни маъқуллашди ва Султон Саидхон Хожа Али билан жўнади. Уч кунлик йўлни улар бир кечада босиб ўтиб, чошгоҳ пайти етиб келишди. Ўша тубан одамлар буни эшитиб, уларнинг олдига чиқишди, аммо мўғуллар одатига кўра уларга иззат-икром кўрсатишмади, ўзларини қўпол тутишди. Хожа Али айтдики: «Нимагадир интилиб, қачондир ўз орзуларига етишадиган одамлар қулай фурсатни излашиб, иккала қўллари билан умид этагидан маҳкам тутиб, салтанат соҳибига хизмат қилишга бел боғлашади…»
Хожа Али гапини тугатолмади. Улар: «Бетайин сўзларингни қўй, бу ваъдаларинг бизга ош-нон бўлмайди, ўзимиз саноқли хонадонмиз, бизга хоннинг кераги йўқ», дейишди. Хон отининг жилови Хожа Алининг қўлида эди, уни тортиб олиб, хон тарафга ташлаб, хонни дўстлари ёнига қўйиб юборишди-да, Хожа Алини ўраб олишди. Уни тутиб олиб, ўз уйлари томон жўнашди.
Ўз жонидан қўрққан хон, тутиб олиб Абобакр мирзога топширмасликлари учун шоша-пиша орқасига қайтди. Тезроқ ўз одамлари ёнига етиш учун у қаттиқ саросимада отига қамчи босди. Хон хавфсираб тинмай орқасига ўгирилиб қарарди. Бир куни у шу воқеаларни гапириб ўтирганда мен: «Ёлғизликдан қаттиқ қўрққандирсиз?» деб сўрадим. Бунга жавобан хон: «Ундай эмас, чунки мен бунгача ҳам Мўғулистонда ёлғиз қолиб, кўп кунларни танҳоликда кечириб, кейин одамларга қўшилган эдим» деган эди.
Йўлнинг бир қисми ортда қолганда, узоқдан қандайдир қора кўринди. Ўзи бекиниб олиб, захирадаги отини бир пана жойга маҳкам боғлади-да, яшириниб, кутиб турди. Қора нуқта яқинлашгач, хон кўрдики, у бир сипоҳий экан. Яқин келгунча сабр қилиб турди-да, камонга ўқни ўрнатиб, унинг олдида пайдо бўлди. У одам бўлса, қўрққанидан бирон ҳаракат ҳам қилолмай, отдан ўзини ерга ташлади. Хон уни таниди – бу ўша, одамлардан қочиб, қирғизларга бораётганда хоннинг кишилари Дўланда тутиб олишган, бойрин қавмининг тубан кимсалари ҳақида маълумот берган ғулом эди. У ҳам хонни таниб, отининг узангисини ўпди, хон ундан одамлари ҳақида, уларнинг ҳозир қаердалиги ҳақида сўради. У деди: «Сиз Хожа Али баҳодир билан кетганингиздан кейин жамоат орасида ихтилоф пайдо бўлди. Бунга сабаб, фалончи гўё кечаси хон учун тикилган чодир ортида туриб эшитганмишки, гўё Хожа Али баҳодир хонга бу бетайин одамлардан бирон яхшилик кутиб бўлмайди. Анави одамларда хизматкору мол-ҳол кўп. Бу мулозимларнинг ҳар бири амир ёки амирзода эканлигини пеш қилиб, бизга хўжайинлик қилишади, улар эса бунақа бемаъниликка йўл қўйишмайди. Биз бу одамлар билан ўз орзу-мақсадларимизга етолмадик, демак, ҳозир булардан мен айтган тартибда ажралиш ва анави одамларга қўшилишнинг айни пайти, булар қаерга боришса бораверишсин. У қавмнинг кучи билан биз барча ишларимизни изга туширамиз, деганмиш. Хонга бу гаплар роса маъқул бўлган, энди хон қайтиб келмайди. Бу сўзлардан одамларнинг умидлари пучга чиқиб, хафа бўлишиб, ҳар бири ўзига ўзича йўл танлаб, тарқалиб кетишди. Бир тўдаси Учқу Муҳаммад мирзо, Шоҳ Мирак ва Зикул баҳодир бошчилигида Турфонга, Мансурхоннинг пойтахтига кетди. Бошқа тўда Қароқулоқ мирзо бошчилигида Андижонга, Шоҳибекхон ёнига кетган хонлар, эҳтимол, унинг ҳомийлигига эришгандирлар, деган умидда кетишди. Учинчи тўда Хушкелди кўкалдош ва Азизберди Оға раҳбарлигида Кошғарга, Абобакр мирзо ёнига кетишга қарор қилишди. Шу тартибда ҳаммалари тарқалиб кетишди». Хон, (Аллоҳ унинг иймонини оширсин), ҳар доим айтар эдики: «Аҳволнинг бунақалигини эшитиб, ҳайрон қолдим, борлиғимни қўрқув ва таҳлика қамраб олди. «Шундай ҳолат юз берганига неча кун бўлди?» деб сўрадим. «Сизлар уларнинг кўзларидан йўқолганларинг заҳоти шу гап-сўзлар бўлди ва улар пароканда бўлиб кетишди» деди у. Анчагача чуқур хаёлга ботиб, узоқ мулоҳаза қилиб қолдим. Охири ўзим учун шу қарорга келдимки, отимни Норин ўрмонида, қайтиб чиқолмайдиган чангалзорда қолдираман-да, ўзим пистирмада туриб кийик отиб, гўштини еб, терисини кийим қилиб кияман, шу тахлит, ғойибдан бирор тўғри йўл кўрсатилгунча бир неча йилни ўтказаман, кейин шунга қараб ҳаракат қиларман. Шу ният билан ёнимга захирадаги отни олиб, йўлга тушдим».
Дунё элатлари орасида мўғул қавмларининг ўзига хос расми бор: «Уларнинг жасур йигитлари узоқ вақт танҳоликда, одамлардан бир-икки ойлик йўл йироқда, саҳроларда, тоғларда, ўрмонларда яшашади». Кийик гўшти ва териси уларга овқат ва кийим вазифасини ўтайди, улар буни жасурлик ва матонат деб ҳисоблашади, аслида ҳам бу жуда қийин ва хавфли иш. Хон ўзига бундай хавфли вазифани танлаб, ғуломга жавоб берди ва режасини амалга оширишга киришди. Кечани у ўзи учун қулай ҳисоблаган бир жойда ўтказди, тонг отгач, йўлга тушди. Мўғуллар одатича эҳтиёткорликка риоя қилган ҳолда у тонгда йўлдан эмас, балки йўлсиз жойдан ўзи келган томонга қараб жўнади, бир тепалик устига чиқиб, у ердан ўзи шу тарафга келган йўлни, шунингдек, бугун юриши керак бўлган йўлни кузатди. Иккала тарафни кўздан кечириб, отларини ўтлатди, чунки улар кечаси боғлиқ турган эди. У шундай мулоҳаза қилди: борди-ю уни бирон кимса кузатаётган бўлса, унда кечаси яқин орада туради, эрталаб эса унинг изидан яқинлашганда, кўриниб туради, кузатилаётган одам эса ўз жонини қутқазиш ҳақида ўйлашга улгуради. Отларнинг қорни тўйиб, бирор кимса пайдо бўлмаса, пешиндан кейин у йўлга тушди ва унинг қаерда тунашини ҳеч ким билмаслиги учун ярим кечагача йўл босди. Бу одамлар ана шундай эҳтиёткор бўлишади.
Шундай қилиб, хон туш оғишини кутиб, атрофни кузатиб ўтирди. Бироздан сўнг ўзи бу томонга келган йўлда қора нарса кўзга чалинди. У қўрқув ичида: «Наҳотки анави одамлар хонни қўйиб юборишганига пушаймон бўлишган бўлса?» деб ўйлади. Қора нарса яқинлашиб келаверди ва у бир киши бўлиб чиқди. Хон йўлни қанча кузатмасин, унинг ортидан бошқа одам кўринмади. Хон одатига кўра пистирмага бекинди ва ҳалиги одам кимнидир чақираётгандек тинмай қичқираётганини кўрди. У овозини фарқлаб бўладиган даражада яқинлашгач, хон Хожа Али баҳодирнинг овозини таниди ва унинг олдига сакраб чиқди. У ҳам хонни таниб, йиғлаб юборди ва отдан сакраб тушди. Хон ҳам йиғлаб уни қучоқлаб олди. Шундай мушкул вазиятларда бундай учрашув қанчалик кўнгилга хуш ёқишини тасаввур қилса бўлади! «Қаерда эдинг, нималар бўлди?» сўради хон йиғлашдан тўхтаб. «Отимни яшириб қўйиб, ўзимни олиб бориб, бир танишимнинг уйида ушлаб туришди. Бир мунча вақт ўтгач, менинг ёнимга менга қариндошчилиги бор бир кампир яширинча келиб, мени койиди. «Мард одамлар умид чироғи бўлган хонга онасининг қорнида эканида ҳам, гўдаклигида беланчакда ётганида ҳам хизмат қилишади, шу билан юксак мақсадларга эришишади, сен эса, калтабин кимса, тахту тожга лойиқ бўлган шундай хонни ёлғиз қолдирдинг. Тур ўрнингдан! Мабодо отинг бўлмаса, мен ўз отимни фалон жойда қолдирганман, унга мин-да, кет» деди. Қалбим тубида ётган олдинги ниятларим қайта уйғонди. У кўрсатган отга миндим-да, дарҳол жўнадим ва бу ерга келдим» дея ҳикоя қилди у. Хон унга миннатдорчилик билдирди ва якка ўзи қолганида қилмоқчи бўлган иши ҳақида айтиб берди. Хожа Али баҳодир хитоб қилди: «Матонатли инсонни Аллоҳнинг ўзи қўлласин, бундай вазиятларда шундай қилиш энг тўғри йўлдир. Сиз яхши ўйлабсиз, ҳозир айни шундай қилмоқ керак. Ҳозирги пайтда буни жуда осон ва яхши ташкил қилиш мумкин. Биз бир неча йил шундай яшаймиз. Вақти-вақти билан дунё воқеаларидан хабардор бўлиб турамиз. Фалак ҳеч қачон бир хил айланмайди, биз қулай пайтни топиб, сўзсиз ўз ишимизга қайтамиз». Мана шундай руҳан чўкмай икковлашиб мағрур йўлга тушиш учун одам ўта иродали бўлмоғи керак.
Эртаси куни йўлда кетишаётганда узоқдан бир неча қора нуқта кўринди. Улар одатга кўра эҳтиёткорликни қўлдан чиқаришмади. Нуқталар яқинлашганда қарашса, бу келаётганлар Хожа Алининг икки акаси Така билан Али Мирак, Асил Пўлод ва Бузана исмли икки куёви ва битта хизматкори экан. Бу мулозимларнинг келиши билан подшоликка тағин асос қўйилди. Улар келганлардан уларнинг ишларини суриштиришди. Улар ғулом айтган гапларни қандай бўлса, шундайлигича такрорлашди ва қўшиб қўйишдики, Кошғарга кетмоқчи бўлган Хушкелди билан Азизберди кеча улардан айрилиб қолишганмиш. Улар билан бир суқор ва қалучи қавмидан бир нечта одам бирга эди, уларнинг хон Мўғулистондаги тартибсизликлар пайтида никоҳига олган Махтум исмли аёлга қариндошчилиги бор экан, шунингдек, улар хон отларидан бир нечтасини олиб кетишипти.
Бу хабарни эшитиб, ҳаммалари уларнинг ортидан жўнашди. Ярим кечада улар етиб олишди. От туёқларининг товушини эшитган заҳоти анавиларни ҳаяжон ва қўрқув қамраб олди. Хон ва унинг ёнидаги одамлар уларнинг ҳар бирини исми билан чақира бошлашди. Улар хоннинг ва ёнидаги одамларнинг овозларини таниб, қувона-қувона югуриб хон ҳазратларининг узангиси ёнига келиб, унинг оёғини ўпишди ва қисматга шукроналар айтишди.
Бу дунё ғалати-да, кажрафтор фалак кишини ҳар кўйга солади, гоҳида у бирор нарсага умид боғлаган одамни нима биландир бир зумга суюнтирса, ҳаял ўтмай умидлари оғзига бедодлик заҳрини қуяди.
Назм:
Бузғунчи фалакнинг дастидан фарёд!
Бир қисмат тугунин ечмади, ҳайҳот!
Ҳар қайда кўрса бир шўрлик бағри доғ,
Қақшатиб юклайди ғам-алам тоғ-тоғ.
Бу сатрларнинг ҳақиқатлиги қуйидаги ҳикоя билан тасдиқланади. Хожа Али қайтиб келганидан кейин хон ёлғизлик ваҳимасидан бирмунча халос бўлди, ундан сўнг буларга бир гуруҳ одамлар билан Така келиб қўшилди. Дастлабки аҳволига қиёслаганда, бу энди шоҳона ҳолат эди. Булар ёрдамида улар қочоқлар тўдаси билан бирлашишди, энди хонда анча-мунча қурол-аслаҳа, хотини билан келган хизматкорлар пайдо бўлди. Султон Саидхон руҳий хотиржамлик топди. Ҳаммалари учрашувдан хурсанд бўлиб, кечаси хотиржам ухлашга умид боғлашди. Шу умид билан хон этиги ва кийимини ечган эди, Азизберди Оға келиб этиги ва кийимини кийиб олишини сўради. Бундай қилиш оғир бўлса-да, эҳтиёткорлик юзасидан хон рози бўлди. Битта этигини киймади, одамлар ташвишланмасинлар деб уни хотинининг ёнига яшириб қўйди-да, хотиржам уйқуга кетди. У кеча-кундуз дам олмаган, қийин йўл, уйқусиз зимистон тунлар уни қаттиқ чарчатган эди. Аммо у ҳали уйқуга тўйиб улгурмаган ҳам эди, ҳужум ва олишув қичқириқлари эшитилиб қолди. Хон ўзига келиб қараса, душманлар тикилган чодирлар оралаб, ёп-ёруғ жойларда одамларни уриб, талаб юришипти. Хон белига ўқдонини боғлашга зўрға улгурди. Шу пайт Хожа Али етиб келди, улар чодир ва ёруғликдан қоронғи жойга ўтиб, ўз иши билан машғул бўлаётган душманни ўққа тута бошлашди. Чодирлардан югуриб чиққан одамлар ўзларини қоронғиликка уриб, душманга ўқ уза бошлашди. Душманлар ҳам ёруғ жойдан нари кетишди. Улар отларга миниб олишди, бу томондаги пиёдалар пана жойлардан уларга ўқ узишарди. Қоронғи бўлганлигидан ҳар икки тарафнинг ҳам одамлари сонини аниқлаб бўлмасди.
Хон билан бирга бир неча киши ўқ отиб туришди, бошқалари отларни олиб келишга кетишди. Гап мана бундоқ эди: бу бир тўда душманлар Абобакр мирзонинг одамлари бўлиб, у буларни Мўғулистонга юборган ва булар Мўғулистон чўлларида кимни учратишмасин, ҳаммани тутиб олишлари, хавфлироқ кўринганларини ўлдиришлари керак эди. Абобакр мирзонинг мана шу одамлари Мўғулистонни мудом безовта қилар эди; кенг Мўғулистондаги мўғул борми, қирғиз борми, ҳаммасига дунёни тор қилишарди. Бу тўда ҳам ана шу бузғунчилар сирасига кирарди. Намозгар пайти янги лашкар келиб, бу ерга жойлашганини кўришди. Улар ўша жойда бекиниб олишиб, ярим кеча бўлганда ўтлоққа қўйилган отларни олиб кетишди, тонгга яқин ҳужум бошлашди. Хонда совутишга қўйилган бир нечта семиз отлардан бошқа биттаям от қолмади. Булар шу отларни эгарлашди, уларга эркаклар минишди, аёллардан фақат хоннинг хотинини ва эрлари от топиб келган икки-учта аёлни отга миндиришди-да, жўнатишди. Хоннинг отини ҳам эгарлаб келтиришди. Шу орада тонг отди. Бу маҳкумларнинг аҳволлари беҳад оғирлашди. Айтиб ўтилган бир нечта аёллардан бошқа барча аёлу болалар душман қўлига тушди. Бирор одамда хайр-хўш қилишга имкон ҳам йўқ эди. Бахтсизлик тамғаси уларнинг шўрпешаналарида бир умрга муҳрланиб қолди, улар қайтиб ҳеч қачон кўришишмади.
Қочишга муваффақ бўлганлар нимжон аёлларни, эркаклар ва отларни олдинга ўтказишди, хон ҳамда кучи ва жасорати бор одамлар уларнинг ортидан юришди. Манфур душманлар уларнинг ортидан кўринди. Қўшимча оти борлари шиддат билан ҳаракат қилиб, қочоқлар изидан тушишди. Ҳар гал, улар яқинлашишганда, хон бир неча одамлари билан тўхтаб, ўқ отиб, орқада қолган ўз одамлари етиб келишгунча уларни тўхтатиб туришар, кейин хон тағин жиловини бўшатиб қочишга тушар ва илгарилаб кетган ўзиникиларга етиб оларди. Улар шу тахлит, қоча-қоча жанг қилишди. Улар юзларини дўстларга, орқаларини душманга қаратиб камондан ўқ узишарди. То хуфтон намозигача шу аҳвол давом этди.
Ўтмуқ Анғун ва Арча сайхонлиги деган жойда тунги босқин бўлди. Хуфтонгача улар Кумала Қочур деган ерга етиб келишди. Унинг масофаси ўртача юрилса беш кунлик йўл. Нимжон аёлларни ҳам, эркакларни ҳам қочиб кетишаётганда иложсизликдан йўлдаги ҳар хил пана жой ва чангалзорларда қолдиришарди. Улар иложи борича ўзларини пана жойларга олишарди.
Хоннинг хотини, икки-учта бошқа аёллар ва бир нечта эркаклардан бошқа йўлда қолдирилганларнинг кўпчилиги душман қўлига тушди, жуда кам одам қутулди.
Хуфтон намози вақти бўлганда улар душмандан қўрқиб бир жойга йиғилишмади. Ҳаммалари тарқалиб, Кумала Қочур чангалзорларига бекинишди. Баъзиларининг отлари ҳориб қолган эди, қўрқувдан отларини ҳам ташлаб, бутазорлар ичига яширинишди. Тонг отгач, улар бутазор ичидаги тепаликка чиқиб, эҳтиёткорлик билан атрофни кўздан кечиришди. Душман асари кўринмади, тушгача кутиб туришди. Шундан сўнг улар бир-бирларини чақириб, овоздан бир-бирларини топиб олишди. Қочаётган пайтда пана жойларда қолдириб кетган одамлардан ҳеч бир хабар бўлмади, улар ёв қўлига тушишганми-йўқми, билишолмади. Улар орқага қайтиб, ўшаларни излашга тушишди, кўришдики, хоннинг хотини, тағин икки-учта аёлдан бошқа ҳаммаларини душманлар топиб олиб, асир қилиб олиб кетишипти. Ўша кунни улар шу жойнинг ўзида ўтказишди, чунки юришга мадорлари қолмаган, бунинг устига қаёққа қараб юришни ҳам билишмасди. Узоқ ўйга толишди, ҳар бири ўзича бир фикрни айтар, бирор маслаҳат берар, аммо буларнинг ҳар биридан бир мушкулот чиқарди-да, уни ҳал этишга ақл ожизлик қиларди.
Улардаги режаларнинг энг биринчиси чангалзорларда яшаб қолиш ва обод жойларга қайтишни миядан чиқариб ташлаш эди. Бироқ бунинг учун энг муҳим нарса ўқдир, уларни қанча қидиришмасин, хоннинг ўқдонида қолган битта ўқдан бошқа ҳеч нарса топишолмади, бошқа ўқдонларда эса газ ўқидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Камон ўқларисиз у қарорни амалга ошириб бўлмасди. Ўша пайтда мўғул хонлари учун жон сақлайдиган жой Дашти Қипчоққа ҳам ўқсиз бориш мумкин эмас. Кошғарга бориш худди тирик одамнинг ўз оёғи билан гўрга боришидек гап. Мансурхон билан кечагина жанг қилишган, барча қийинчиликларнинг сабабчиси ҳам Мансурхон эди. Охири, эҳтимол, Шоҳибекхон Султон Маҳмудхонга ҳомийлик қилгандир, деган умидда Андижонга кетишга қарор қилишди. Булар ҳақида хон менга жуда кўп гапириб берган, фақир бандага айтган эди: «Шоҳибекхоннинг табиатини билмаган одамгина унинг марҳаматига кўз тутиши мумкин, буни биладиган одамлар бу режани қанчалик рад қилишмасин, ўз мияларига сингдирган пуч тахминлар туфайли ундан воз кечишмади. Менда ҳам уларга қарши юзлаб эътирозлар бор эди, чунки мен Шоҳибекхон ёнида ўтказган бир йил давомида унинг бутун хусусиятларини, султонларнинг ва амирларининг феъл-атвору ниятларини яхшигина ўрганиб олган эдим. Унинг нималар қилгани ва нималар қилиши мумкинлиги менга аён эди. Шуларни мана бу одамларга қанча тушунтирмайин, улар бунга рози бўлишмади ва: «Бошқа нима ҳам қила оламиз? Ҳар қандай таклиф – бемаънилик. Бунда яхши нарсаларга умид боғлаш мумкин. Агар муборак миянгизда бошқа бирор фикр туғилса, айтинг, чунки барча ишларда сизга жон-жон деб итоат қиламиз» дейишди. Мен ҳам, қанча ўйламайин, шундан бўлак чора тополмадим.
Эй, қодир Аллоҳ! Ҳамма нарсани кўриб, билиб туриб, шу учун одамларга танбеҳ берардиму, ўзим ўша хатога йўл қўйдим, бошқа илож ҳам йўқ эди-да ахир.
Байт:
Кўриб эдим юзингни, феълингни билиб эдим,
Кўриб-билиб ўзимни балоларга ташладим.
Эртасига ўзимни ўлимга, жонимни азоб-уқубатга тайёрлаб, Жонибек султон ёнига жўнадим. Бу Шоҳибекхонга хизмат қилишнинг биринчи босқичи эди, бу босқич билан қабр ўртасида фарқ йўқ эди». Бу воқеа 914 (1508-1509) йилда, Султон Маҳмудхон шаҳид бўлгандан кейин икки ой ўтгач содир бўлди, ундан бир ой олдин хоннинг туғишган укаси Султон Халил султон сувга чўктирилиб, Аллоҳ раҳматига борган эди, буларнинг барчаси ҳақида тўхталган эдик.
Ўша йили Кобулда Бобур Подшоҳ ўрнашиб, мустақил бўлиб олганди. Энди, хон ҳақидаги ҳикоямиз шу ерга етган экан, агар отам ва Бобур Подшоҳ ҳақидаги баёнимизга қайтмасак, сўз мароми бузилади.
Тўққизинчи фасл. Отам Муҳаммад Ҳусайн кўрагон (Аллоҳ юзини иймон нури билан ёритсин)нинг Шоҳибекхон ҳузуридан қочиб, Хуросонга кетиши ва унга тааллуқли айрим воқеалар баёни.
Юқорида эслатиб ўтганимиздек, Маҳмуд султоннинг ғолиб лашкари келиши билан Қундуз қаршиликсиз эгаллангач, Хисравшоҳ қўлида бир йил асирликда ўтирган бизлар озод бўлиб, отам билан топишиб, Шоҳибекхон отамга иқта қилиб берган Шаҳрисабзга кўчиб кетдик.
Қавс ойининг бошида Шоҳибекхон Хоразмга юриш қилди. Тобелари билан ўзбеклар орасида юрган мўғул сардорлари, султонлару амирлари мудом қўрқув ва хавфдан юракларини ҳовучлаб туришарди. Барча жабҳаларда мўғулларнинг ҳимоячиси Маҳмуд султон шу пайтда Қундузда вафот этди. Барча мўғуллар, айниқса, отам бундан қаттиқ қайғуга тушишди.
Чунки Маҳмуд султон отамга жуда кўп меҳрибончиликлар қилган эди, борди-ю Шоҳибекхон салтанати доирасидаги амалдорлардан бирортасининг хаёли лавҳида отамга жабр ўтказиш белгисини сезиб қолса, Маҳмуд султон буни ўз меҳрибончилиги ва садоқати қалами билан ўчириб ташлар ёки ўша ярамаснинг ҳасад тўла юраги лавҳидан бу белгиларни жазо пичоғи билан қириб ташлар эди ва отамни ҳар бир ишда қўллаб-қувватлашни ўзи учун зарур вазифа деб ҳисобларди. Унинг ўлимидан барча мўғуллар, айниқса, отам катта ташвишда қолишди.
Шоҳибекхон отамнинг яқин дўстларидан бири Жонвафога хуфёна айтган эмишки, Хоразмни эгалламагунча зинҳор орқасига қайтмасмиш, қамалнинг узоқ давом этиши аниқ: “Бугунги кунда ўзбеклар орасида ўттиз мингга яқин мўғул бор. Мўғулларнинг сардорлари мавжуд экан, улар бизга астойдил хизмат қилишмайди, – депти у, – Қулай вазият туғилса, биз уларга нима қилган бўлсак, улар ҳам бизга шундай қилишади. Улардан биринчиси – Муҳаммад Ҳусайн кўрагон. У ҳақда мен неча кундан бери ўйлайман, уни ўлдириш хонлардан бирини ўлдириш билан тенг. Бундай қилсам менинг хонларга қилган мурувватларим йўққа чиқади. Хуллас, яхшиси сен бориб бу гапларни унга етказ. Муҳаммад Ҳусайнга айтки, тезроқ лаш-лушини йиғиштириб, оёғи етганча қочиб кетсин. Ўлим билан ўйнашмасин. Чунки у кетгач, қонсираган қиличим бошқа мўғул амирларини йўқ қилишга киришади”.
Амир Жонвафо дарҳол шоша-пиша отамга одам юборди, у пешин намози пайтида етиб келди. Аср намози пайтида отам болалари орасидан мени танлаб олиб, тағин хизматкор ва тобеъларидан ўн олти кишини ҳамроҳ қилиб, Хуросонга қочди.
Бу воқеаларни худди тушимдаги алаҳсирашдек эслайман.
Ўша кунлари Султон Саидхон ҳам Самарқандда эди. Биз борганимиздан уч кун кейин у Мўғулистонга қочиб кетди, булар юқорида зикр этилди.
Отамнинг Шаҳрисабзда қолган фарзандларидан тўнғичи Ҳабиба Султон Хониш эди. Шоҳибекхон уни Султон Маҳмудхоннинг қизи – Тошкандда уйланган хотини Ойша Султон хоним (ҳозир Мўғул хоним номи билан машҳурдир) билан бирга сақларди. Кейинчалик Шоҳибекхон Ҳабибани дабдаба билан Маҳмуд султоннинг ўғли Убайдуллоҳхонга никоҳлаб беради. Ундан кейингиси – Гавҳаршод бегим. Амир Жонвафо отамнинг қочиб кетишига ёрдам бергани учун Шоҳибекхон уни Жонвафонинг ўғли, ўзбеклар орасидаги ўз тенглари ичида ажралиб турувчи амир Ёрга олиб берди. Улардан кичикроғи отамга ҳамроҳлик қилаётган – мен. Яна биттаси Муҳаммад Шоҳ – уни қариндошларимиздан бири орқамиздан Хуросонга олиб келди. Энг кенжа йўлдошимиз – аввал айтиб ўтилган, онаси Султон бегимнинг ёнидаги Абдуллоҳ мирзо эди, – унинг ҳаёти ҳали баён қилинади.
Шундай қилиб, Шаҳрисабздан чиқиб, тун бўйи йўл босдик ва эртасига кечқурун Аму дарёси соҳилига етдик. Ҳаво жуда совуқ эди. Қийнала-қийнала дарёдан ўтиб олдик ва Балхга етмай Хуросонга кетдик.
Султон Ҳусайн мирзо ҳаёти ва ҳукмронлигининг охирги кунлари эди. Султон Ҳусайн мирзо – Амир Темурнинг ўғли Жаҳонгир мирзонинг набираларидан бири бўлиб, Амир Темурдан кейин унинг авлодидан ҳеч кимга салтанат насиб этмаган эди. Султон Ҳусайн мирзо қиличининг зарби ва узоқ йиллик қатъиятли кураши билан ўттиз етти йил Ҳирот тахтида бутун Хуросонга мустақил подшоҳлик қилди. У фазилат эгаларини, ҳунар, санъат аҳлини тарбиялашга шу даражада ҳаракат қилди, замонида ҳар бир қавмдан бир нечталаб жаҳонга машҳур улуғ арбоблар етишиб чиқдики, бунақалари унгача ҳам, ундан кейин ҳам бўлмаган эди.
Модомики ҳикоя шу жойга етган экан, шуни айтишим жоизки, мен шу муборак замонда кўзга кўринган ва шуҳрат қозонган зотларнинг ҳаётини баён қилишни кўнглимга тугган бўлсам-да, лекин истеъдодимнинг камлиги, қулай фурсатнинг йўқлиги туфайли бу ишга қадам қўёлмаган эдим. Уларнинг пок исмларини бу ерда эсламай ўтишга кўнглим изн бермайди, нима бўлса ҳам мен улар ҳақида қалам тебратиш бахтига муяссар бўларканман, агар бу арзимас ёзувларимда хато ва камчиликларга йўл қўйсам, буни зукко ўқувчилар хайрихоҳлик билан қабул қилишларига умид кўзини тикаман. Ана шу мутлақ улуғ Аллоҳ Таолонинг назари тушган буюк зотларнинг аҳволини баён қилиш туфайли бу хокисорнинг ихлоси устига уларнинг шарофатидан бир нур тушиб, амал, мансаб арбобларининг тарихини ёзиш учун зоеъ қилган вақтимнинг ўрнини босолса ажаб эмас.
Байт:
Шакар йўқ, тилимда унинг номи бор,
Шукрким оғзимда заҳр эмас зинҳор.
Шунингдек,
Байт:
Ҳирот пири, ансорийлар сараси,
Аллоҳ назар этган, қудсий нафаси.
Ҳиротнинг пири муршиди, ансорларнинг улуғи, юксак мартабаларнинг эгаси, Аллоҳ Таолога мақбул бўлган Ҳазрат Хожа Абдуллоҳ Ансорий (уларнинг сирлари муқаддас бўлсин), шундай марҳамат қилган экан: “Сен Аллоҳнинг дўстларидан бири бўлишга ҳаракат қил, агар шундай бўлолмасанг, унинг дўстларининг дўсти бўлишга ҳаракат қил. Буни ҳам қилолмасанг, агар шу тоифа одамларнинг сўзларини эшитсанг, гарчи улар сенга ҳеч бир таъсир ўтказмаса ҳам, сен уларга бошингни қимирлатиб қўй. Борди-ю шу ҳам қўлингдан келмаса, унга душман сифатида яқинлаш. Негаки кўплар Унга душман либосида яқинлашдилар, унга яқин келишган пайтда эса, устларидаги либослари дўстлик сифатига алмашинди. Демак, қандай йўл билан бўлмасин, Унга яқин бўлишга урин. Масалан, Ҳазрат пайғамбаримизнинг кўплаб ҳурматли саҳобалари мусулмон бўлганларигача Унинг ҳузурига душман сифатида келишган эди, Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) самимий суҳбатлари туфайли душманлик дўстлик билан, жоҳиллик ислом билан, зулмат ёруғлик билан алмашди. Худди шунингдек, кўпгина Унга шак келтирадиган одамлар ўз эътиқодсизликларини билдириш учун буюк одамлар олдига келишганда, ишончсизликлари худди шундай Аллоҳга иймон келтириш билан алмашди. Бу тоифа одамлари ҳақидаги китобларда шу фикрни тасдиқловчи кўплаб ҳикоя ва ривоятлар келтирилган. Демак, агар биз ўша одамлар тоифасидан бўлолмасак ҳам, ҳеч бўлмаса уларни мақтовчи ва мадҳ этиб зикр қилгувчи бўлайлик. Бу чиндан-да улуғ иш, унга ҳар қандай истеъдодсиз одам ҳам бундай бахтга муяссар бўлавермайди. Бу тоифа вакилларининг ҳаёт йўлларини баён қилиш ҳақида ўйлаш, мулоҳаза юритиш бошқа ишлардан кўра яхшироқдир.
Байт:
Фикринг азиз ўзгаларнинг жамолидан,
Хаёлинг ҳам менга ширин висолидан.
Бу тоифадагиларнинг тўлиқ зикрини қоғоз юзига туширишга мен фақир банданинг ҳаддим сиғмайди. Шундай экан, бу мухтасар тарихда улар ҳақида Аллоҳ иродаси билан бир неча сатр умумий тарзда битишга уриндик, ҳарқалай бу яхши вақтда кишига хотиржамлик ва кўнгилга тасалли беради.
Рубоий:
Жоним, лабим номинг айтиб толмагай,
Сенинг ёдинг эсдан чиқиб қолмагай.
Ой юзингдан ҳар қаерда сўз кетса,
Ундан ўзга сўзни қулоқ олмагай.
Мусулмон дунёсининг нури ва шайхулисломи Ҳазрат Мавлоно Абдураҳмон Жомий (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) зикрида
Султон Ҳусайн мирзо замонида яшаган авлиёи бузруквор, муршиди олий зотлар орасида ҳаммадан улуғи, ислом дунёсининг нури шайхулислом Мавлоно Абдураҳмон Жомийдир (Аллоҳ ул зотнинг қабрларини нурафшон қилсин).
Унинг улуғлиги шу даражадаки, мен фақир бандага ўхшаш кишининг таъриф қилмоғига муҳтож эмасдир. Гарчи, у таъриф-тавсифдан юқори турса-да, бу ерда унинг айрим ҳолат ва силсилалари баён қилинади. У Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг муриди, бу – Мавлоно Низомиддин Хомушнинг муриди, бу эса – Хожа Алоуддин Атторнинг муриди, буниси эса – муршидлар пешвоси, сўфийлар сарвари, Аллоҳга яқинлашиш занжирининг бош ҳалқаси, ҳақ йўлни танлаган бандаларнинг қиблагоҳи Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин)нинг муриди эди.
Мавлоно Саъдиддин Кошғарий (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) зикрида
У Кошғардаги улуғ инсонлар авлодидан эди. Уларнинг авлодида олимлар, тақводор уламолар, солиҳлар ва авлиёлар бўлган. Шулар жумласига Шайх Саид Кордгарнинг муриди Шайх Ҳабиб, Шайх Саид Мужтабо Мужаррад, фақир банданинг тўртинчи бобоси амир Саид Аҳмадлар киради. У кичик ўғли амир Саид Алини Шайх Ҳабиб ҳузурига олиб боради, мулоқот пайтида бола инжиқлик қилиб, ниманидир талаб қила бошлайди. Отаси қанча юпатишга уринмасин, унамайди. «У нима деяпти?» деб сўрайди шайх. «У, оч қолдим, деяпти» деб жавоб беришади. Суҳбат тут дарахти остида бўлиб ўтади, ўша тут дарахти ҳозир ҳам бор, мен фақир ўша маълум ва машҳур дарахтни зиёрат қилганман. Шайх Ҳабиб қабрини зиёрат қилишга келган ҳар бир одамга шу воқеани айтиб беришади ва дарахтни кўрсатишади.
Шайх хаёлга чўмади, шу пайт дарахтдан иссиққина юм-юмалоқ нон тушади. Шайх уни олиб, амир Саид Алига беради ва бу сенинг насибанг, буни ҳеч ким билан бўлишмайсан, дейди. Шубҳасиз, амир Саид Алининг бахтли ҳаётида юз берган барча хайрли ишлар Шайхнинг ўша марҳамати туфайлидир. Қиссадан ҳисса шуки, Мавлоно Саъдиддин наслида Кошғарда қандай улуғ одамлар бўлганлигини таъкидламоқчи эдик.
Мавлоно Саъдиддин ҳазратлари йигитлигида Кошғардан четга чиқиб турган. Улуғбек атрофидаги обрўли олимлардан бири, асли кошғарлик Муҳаммад Аттор ҳазратлари айтган эдилар: «Биз Мавлоно билан Самарқандда кўп бирга бўлардик, чунки икковимиз ҳамшаҳар эдик. Илм ўрганиш билан шуғулланардик, кўплаб кундалик ишларимизни бирга қилардик. Бир куни талабаларимиз, фалон маҳаллада Шайх Сирож исмли бир шайх пайдо бўлипти, деб қолишди. Одамлар тез-тез унинг ёнига келиб туришаркан, у одамларни нима топса шу билан, нон, тоза узум шинниси билан сийларкан. Биз ҳам Мавлоно иккимиз шайх ёнига нон билан шиннидан татиб кўриш учун бордик.
Байт:
Ҳаммамизни кўз-қошимиздан ўпиб,
Иззат-ла ўтқизди, эҳтиром этиб.
Егуликдан борини келтиришди, бу – ўша мақташган, беҳад ширин шинни билан нон эди. Мен оч эдим, зўр иштаҳа билан нон ейишга тутиндим, Шайх билан Мавлоно Саъдиддин суҳбатга берилишди. Нон ва шиннининг лаззати мени уларнинг суҳбатидан ғофил қолдирди. Бир вақт ҳушимга келиб қарасам, Мавлоно йиғлаяпти, суҳбатга берилган шайх қўлини кигизнинг қаерига қўйса, ўша ердан тутун чиқиб, ўша ер куярди. Буни кўргач, мени қўрқув ва ваҳима қамраб олди-да, ўтиролмай кетиб қолдим. Мавлоно Саъдиддин ортиқ кўринмади. Ҳужрасининг эшиги узоқ вақт қулфлоғлиқ турарди. Шундан кейин бир неча йил ўтгач, унинг шуҳрати Хуросонда ёйилди.
Мавлоно Низомиддин Хомуш (Аллоҳ унинг сирларини муқаддас қилсин) зикрида
Камина бир ишончли улуғ одамдан эшитган эдимки, Мавлоно Низомиддин Хомуш Хожа Алоуддин Атторнинг муридига айланиш бахтига муяссар бўлгунга қадар беҳад тақводор покдомон бўлган ва мудом Чокардиздаги фақиҳлар масжиди остонасида ўтириб, шайх Абул Мансур Мотурудий руҳига сиғинар экан. Унинг тасаввурида Шайхнинг руҳи одам қиёфасида панжара ортида бошига рўмол ёпилган ҳолда пайдо бўларкан-да, унга таълим бера бошлар экан. Мавлоно ҳазратлари Хожа Алоуддин суҳбатига ноил бўлгач, у: «Агар мен, Худо кўрсатмасин, ўша машғулотга берилмаганимда, чинакам эътиқодни сақлаш менга қийин бўларди» деган экан. Ниҳоят бизга маълум бўлдики, у жуда кўплаб кароматлар кўрсатган ва ғаройиб ишлар содир қилган, булар Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарида битилган. Мавлоно Низомиддин ҳақидаги бошқа ҳикоятлар Хожа Алоуддин ҳазратлари ҳаётининг зикрида келтирилади.
Хожа Алоуддин Аттор (Аллоҳ унинг гўрини ҳушбўй ҳидларга тўлдирсин) зикрида
У Бухорои Шарифнинг бадавлат одамлари наслидан бўлиб, либосини покиза тутишга ҳаракат қиларди. Камина унинг ўғилларидан биридан эшитган эдимки, Хожа Алоуддин улуғ хожа Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (Аллоҳ унинг пок руҳини муқаддас қилсин) ҳузурига келганида, унинг кўнглида улуғ ниятлар ва ниҳоясиз талаблар бор эди. У қабул қилишларини сўраганда Хожа: «Агар бизнинг қабул қилишимизни истасанг, кушхонага бориб, молнинг қорнини тескари қилиб, бошингга қўйиб, бу ерга олиб келишинг керак» деди. Хожа Алоуддин, азбаройи истаги кучлилигидан шундай қилди – молнинг қорнини дўпписи ва салласи устига қўйиб келди. Қорин ичидаги нарсалар йўл бўйи ҳар томонидан тўкилиб томчилаб борди, шу аҳволда у бозор ичидан ўтди. Одамлар унга таъна қилиб, масхаралаб устидан кулишарди. У Хожа ҳузурига шу аҳволда келди. Хожа уни кўриб аҳволига раҳми келди-да, қабул қилди.
Охири шу даражага етдики, Хожа ҳазратлари ўз толиб муридларининг барчасини Хожа Алоуддин суҳбатига боришга буюрадиган бўлди ва Хожа Алоуддин менинг кўп юкимни енгил қилди, деди. Бу ҳикоят «Нафаҳот ул-унс» (Дўстлик эпкинлари)дан олинди. «Силсилат ул-орифин» асарида ва Мир Абдол Аввалнинг «Жамъ» (Тўплам)ида кўрсатилишича, Хожа Нақшбанддан кейин унинг барча издошлари Хожа Алоуддинни токи Хожа Муҳаммад Порсо алайҳи раҳматгача пир сифатида эътироф этишди.
Хожа Нақшбанд ҳазратлари ва унинг шайхлари ҳаётига тегишли айрим маълумотлар у ҳақда сўз борган пайтда кейинроқ зикр этилади, иншооллоҳ. Ҳазрат Мавлоно Абдураҳмон Жомий Мавлоно Саъдиддиндан кейин Хожа Убайдуллоҳ ҳазратларига қўл берган экан, бу унинг кўплаб асарларида айтилган. Фақир банда ҳазрати махдуми Нуро Хожа Шаҳобиддин Маҳмуддан эшитган эдимки, у Хожа Хованд Маҳмуд номи билан танилган, бу мухтасар тарихнинг қаерида ҳазрат ҳақида гап кетса, у оддий қилиб Махдуми Нуро деб аталади, у айтган эдики, ҳазрат Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ ҳузурларига қўл бериш учун келганда, унга ғазал ўқиган экан, унинг матлаъи мана бундай экан:
Кексайган юзларимни итинг изига сурай,
Оппоқ сочларим билан бўсағангни супурай.
«Нафаҳот ул-унс»нинг бир ерида Жомий ёзган эди: «Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ (Аллоҳ унинг пок руҳини муқаддас қилсин) каминага ўзининг Хуросондан Ҳисорга келгани ҳақида ҳикоя қилатуриб шундай деган эди: «Ҳисорга қарашли Халфатудаги Мавлоно Яъқуб билан учрашувимизда у менга қаттиққўл, менинг унга интилишимни кесиб ташламоқчи бўлгандек туюлган эди. Ўзимча фикрлаб, айтдимки, узоқ жойдан мислсиз қийинчиликлар билан мана шу буюк одам суҳбатига ноил бўлиш учун келдим, бу қаттиққўлликнинг, эҳтимол, сабаби бордир. Бунинг сабаби, эшитишимга қараганда, Чағониёнда айрим мутаассиб кишилар у ҳақда нолойиқ сўзларни айтишгани ва бу сўзларга тоқат қилгани бўлса керак. Шуларни ўйлаб ўтирганимда ҳазрати Мавлоно рўпарамда гўзал, жозибали қиёфада пайдо бўлдики, уни беихтиёр қучоқлаб олишни хоҳладим». Гап шу ерга етганда ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ тасаввуримдаги пирим Мавлоно Саъдиддин қиёфасида кўрингандек бўлди, унинг бу ёруғ оламдан кўз юмганига қанча вақт ўтган эди. Уни бундай қиёфада кўриб ҳайратда қолдим. Ишончим комилки, у: «Иккинчи марта у менга беҳад жозибали кўринди» деган сўзларининг исботи учун атайлаб ўз қиёфасини ўзгартирди.
Ҳазрат Эшон Убайдуллоҳ ҳам Ҳазрат Мавлоно Жомийни қадрлар эди. Ҳазрат Мавлоно ёшлик пайтида илм эгаллашга роса ружу қўйган ва шу даражага эришган эдики, Шоҳрух мирзо замонасида, Мовароуннаҳр ва Хуросонда бешта энг улуғ уламо бор эди, уларни «Хамсаи мустажир» (беш бузруквор) деб аташарди. Булардан биринчиси – ҳазрати Мавлоно Абдураҳмон Жомий; иккинчиси – Мавлоно Довуд Ҳисорий; учинчиси – Мавлоно Шайх Ҳусайн муҳтасиб; тўртинчиси – Мавлоно Шамсиддин Баҳрободий; бешинчиси – Мавлоно Бурҳониддин эди.
Ўша кунларда ҳазрати Мавлоно Жомий мажозий ишқ – муҳаббатга мубтало эди ва бу ҳолат уни ҳеч қачон тарк этмади. Унинг биринчи девонига кирган шеърлари ўша пайтда яратилган эди. Дарҳақиқат, унинг биринчи девонида бу ўзига хосликни ҳайрат билан кузатиш мумкин.
Ҳазрат Мавлоно Саъдиддин мудом Маликон масжиди ёнида жойлашган Бодғиз гузарида ўтирарди. Ушбу масжидда ўша гузар номи билан Бодғизак деб аталувчи эшик бор.
Ана шу эшик олдида ўтирарди. Ҳазрат Мавлоно Жомий бу гузардан тез-тез ўтиб турарди. Мавлоно Саъдиддин бир куни айрим издошларига: «Бир лочин бор, шу ердан тез-тез ўтиб туради – у қанақа бахт-иқбол соҳибининг тузоғига илинаркин?» деган ва Мавлоно Абдураҳмон Жомийга ишорат қилган. Охири ҳазрати Мавлоно Жомий унинг издошлари қаторидан жой олди. У ҳамма нарсадан воз кечиб, бутун фикри-зикри билан Мавлоно Саъдиддин Кошғарий хизматларига берилди ва олти ой муддат ичида бошқа одамлар билан мулоқотни батамом унутди. Шундан сўнг у пирининг рухсати билан муқаддас сафарга йўл олди ва иккита табаррук шаҳар – Маккаю Мадинани зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлди. Унинг ўша ёқда битган беҳад гўзал қасидалари ва шеърлари бор, айниқса, Мадинага яқинлашаётганда ёзган қасидаси ўта нафис. Мана унинг биринчи байти:
Бу замин манзили жононим эрур,
Йўлида сарви хиромоним юрур.
Абдураҳмон Жомий икки марта Ҳазрат Эшон – Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни зиёрат қилмоқ учун Мовароуннаҳрга келди.
Ҳазрат Махдуми Нуро айтган эди: «Ҳазрат Эшон Убайдуллоҳ ҳали тирик пайтларда бир куни Самарқандда бетоб бўлиб қолдим. Даволаниш учун Хуросонга кетдим, ўшанда Ҳазрат Мавлоно Жомийнинг уйларида бўлдим ва ундан сабоқ олдим. Ўша кунлари менда қизамиқ бошланди. Ўша пайтда табибларнинг устози Қутб Адам мени даволаш билан машғул бўлди. Қизамиқ беҳад зўрайиб, бир куни тонг маҳали ўлишимга оз қолди. Менинг аҳволим ҳақида Мавлоно Жомийга хабар қилишди. Мавлоно ҳаммомда экан. У шу қадар қўрқиб кетгандан кўйлагини ҳам киймасдан, бошига сочиқни ёпиб, унинг устидан салласини ўраб, яланғоч баданига пўстинини илиб югуриб келди. У бош томонимга ўтириб мендан: «Нима бўлди, Махдумзода?» деб сўради. Мен у билан ўлим олдидан видолашдим ва ундан розилик сўрадим.
Ҳазрат эса: «Эй Махдумзода, ташвиш чекманг, ҳечқиси йўқ» дея бошини қуйи солди ва шу ҳолатда узоқ ўтирди. Бу орада мен ўзимга разм солиб, ташвишга арзийдиган ҳеч нарса сезмадим, ўрнимдан туриб ўтирдим. Ҳазрат Мавлоно бошини кўтариб, кулимсиради-да: «Махдумзода, ҳечқиси йўқ, деб айтмовдимми, деди. – Аллоҳга шукр, мана, соппа-соғсиз, мени қўрқитиб юбордингиз. Мен бундан ғоятда ҳаяжонландим». Кейин у ўрнидан турди-да, кетди. Мен эса батамом соғайдим, Мавлоно Қутб Адамга муҳтожлигим қолмади».
Ҳазрат Мавлоно Жомий ғоятда камгап одам эди, борди-ю бир-икки жумла айтса ҳам, унда бирорта қочирим ёки ҳазил бўларди. Ҳазрат Махдуми Нуро айтиб берган эдиларки, бир куни ҳазрати Мавлоно Жомий Самарқандга, ҳазрати Эшон Убайдуллоҳ ҳузурига келганларида, Эшон ҳазратлари Мавлонони Мотуридга олиб борган ва Самарқанд узумининг навлари машҳурдир, деганлар. У боғбони Мавлоно Ҳожи Қосимга: «Мавлоно учун соҳиби, ҳусайни ва фахри узумларидан келтиринг» деганлар. Узумни олиб келишганда ҳусайни ва соҳиби навларини жуда яхши, деб топишди. Эшон Убайдуллоҳ айтдиларки: «Мен Хуросонда еган фахри узуми жуда ширин эди, шунинг учун Хуросондан фахри қаламчасини келтириб, шу ерда ўстирдим, аммо у бу ерда унча яхши бўлмади – бўлгани мана шу кўриб турганингиз». Ҳазрат Мавлоно Жомий Ҳожи Қосим тарафга бурилиб: «Самарқанд замини – меҳмондўст эмас» деди. Жомий биринчи бор Самарқандга оддий одам сифатида келганида, аллақандай самарқандлик унга ҳаммомда: «Эй хуросонлик, ҳаммомга пўстинда кирадими одам?» депти. Ҳазрат Мавлононинг муборак бадани мўйдор экан. Мавлоно унга қараб: «Самарқандликларнинг совуқлигидан ҳатто ҳаммомда ҳам пўстинни ечиб бўлмайди», деган экан. Унинг бундай киноя-қочирмалари бутун оламга машҳурдир.
Бу мухтасар тарихда бундан ортиғини сиғдириб бўлмайди. Хожагон вакиллари одатига кўра, Мавлоно ўз сулукларини ниҳоятда махфий тутар эдики, шу жиҳатдан мурид олмоқни истамаган. Умрининг охирида у: «Улуғларнинг нисбатлари бизга омонат эди, пинҳон сақламоқ учун бу ишни қилмадим. Аммо охири маълум бўлдики, яхши иш қилмаган эканман. Сўфийлар силсиласини узмай давом эттириш лозим экан», деган.
Ўз даврининг улуғ олими Мавлоно Абдулғафур Лорий ҳазрати Мавлоно Жомийнинг шогирди эди. Ҳазрат Мавлоно уни қабул қилгани маълум. Мавлоно Лорий «Нафаҳот ул-унс» асарига «Шарҳ» битган. Бундан ташқари у «Тазкирайи Мавлоно Жомий», яъни «Шарҳ»га қўшимча ёзган, у ерда унга қўл берганини ва бунинг Мавлоно томонидан қабул қилинганини баён қилган. Мана ўша ёзувлардан бир парча: «Бир куни мен Мавлоно билан ёлғиз қолишга муяссар бўлдим ва унга, одамларнинг келди-кетдисидан, уларнинг дарс, тушунтириш талаб қилишларидан толиқдим. Бутун вақтимни шулар банд қилганидан сиз буюрган хайрли вазифани бажаришга вақт тополмайман. Нима қилсам бўлади?» деб сўрадим. Мавлоно: «Фақат ўзингизни деб олам элини Аллоҳ оламидан чиқариб ташлаб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам одам ўз иши билан шуғулланиши керак. Мана бугун мен ҳаммомга бориб келиб, «Юсуф ва Зулайхо» достонидан икки юз байт назм қилдим. Уйга келиб ўтилиши лозим дарсни ўтдим. Ундан кейин назм қилган байтларни қоғозга туширдим, «Нафаҳот ул-унс»дан бир фаслни ёздим, аммо миямдаги фикр мени бир лаҳза ҳам тарк этмади, қаламим одат бўйича ҳаракат қилаверди. Сиз ўз ишингиз билан ҳам шуғулланинг, одамларни ҳам ўзингиздан четлаштирманг» деди.
Ҳазрат Мавлоно Жомий 898 (1492) йилда бу фоний дунёдан абадиятга риҳлат қилди (Аллоҳ уни ўз раҳматига олсин). Олимлар унинг вафоти санасини «Ашъори дилфиреб» («Жозибали шеърлар») сўзларида топишди, яъни шу сўзлардаги ҳарфлар йиғиндиси 898 санасини беради. Унинг асарларидан энг машҳурлари қуйидагилар: «Шавоҳид ан-нубувват», «Нафаҳот ул-унс», «Ҳафт авранг» («Етти тахт»), – етти китобдан иборат шеърий асар; «Шарҳи кофия», «Шарҳи Мулло» номи билан машҳур, қирқ ҳадиснинг назмий шарҳи – «Арбаъин», «Лавойиҳ», «Шарҳи ламаъот», «Шарҳи Фусус ал ҳикам», «Шарҳи мимийаи ҳамарийаи ибн Фариз» («Ибн ал Фаризнинг «мим» қофияли «Май қасидаси шарҳи»), «Шарҳи рубоийот», учта девон, «Рисолаи муаммо ва иншо» ва бошқалар бўлиб, уларни Мавлоно Абдулғафур Лорий «Нафаҳот ул-унс» шарҳига қўшимча»да келтирган ва булар одамлар орасида машҳур асарлардир. Мавлононинг вафотидан кейин бир нечта қоралама қоғозлар ёстиғи остидан топилган бўлиб, бунгача уларни ҳеч ким кўрмаган, улар орасида икки парча битик ҳам бор экан. Айтишларича, ҳазрати Махдуми Нуро уларни камина учун ёзган экан, улар Султон Саидхон ҳаётининг сўнгги кунларидаги воқеалар баёнида келтирилади.
Мавлоно Алоуддин мактабдор (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) зикрида.
Ўшандай одамлардан бири ҳазрати Мавлоно Алоуддин мактабдордир. У ҳам Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг муридларидан ҳисобланади. Бутун Хуросон халқи унинг буюклигини тан олади. Бугунги кунда Бухорода машҳур, олам аҳли буюклигини тан олган Мавлоно Али Бовардий ҳам Мавлоно Алоуддиннинг муриди. У киши хожагон силсиласининг ҳаёт кечинмаларини Хожаи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан тортиб то ўзининг пиригача ёзган ва у ерга Мавлоно Алоуддин томонидан қилинган ажойиб-ғаройиб ишлар, кароматларни киритган. Унда ёзилишича, у Ҳижозга сафар қилган ва Шайх Абдулкабир Яманий билан суҳбатлашган.
Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Завжий зикрида.
Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Завжий (Румий) ҳам шулар жумласига киради. У ҳам Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг муриди. Ушбу силсилаи алайҳининг аҳлларидан маълумки, бир куни ҳазрати Мавлоно Саъдиддин Шайх Баҳоуддин Умар ҳузурларига борипти. Унга Мавлоно Муҳаммад Завжий ҳам ҳамроҳ бўлган. Суҳбат асносида Мавлоно Муҳаммад Завжий (Румий)нинг хаёлидан кечибдики, бизнинг ибодат пайтидаги Унга илтижоларимиз – бу Мислсиз Аллоҳга илтижоларимиз экан, бу нарсага биз қандай қилиб «қачон», «қай тахлит» деган саволларсиз эришамиз? Бу фикр Мавлонога анчадан бери тинчлик бермасди, ҳозир эса, у бу ҳақда ўйлагани заҳоти Шайх Баҳоваддин Умар айтдики, Унинг Мислсизлиги ва Ўхшаши йўқлигига сиғинмоқ керак, ана шу сиғиниш, илтижодан сўнг кишида бир ҳузур, хотиржамлик пайдо бўлса, бундан сўнг нима қилиш кераклигини Ўзи кўрсатади. Мавлоно хурсанд бўлиб, кўнгли жойига тушди. Унинг ҳузуридан чиққанларидан кейин Ҳазрат Мавлоно Саъдиддин: «Шайх ҳозир жазава ҳолатида, у камолотга етишиш босқичларини билмайди. Бу сўзларингиз менга аввалдан маълум эди, аммо мен саволингизга жавоб бермаган эдим, чунки бу ўй-фикрларингиз Аллоҳга яқинлашувингизда кўмак берган бўларди. Бу камолотга етишнинг омилидир, шу сабабли индамаган эдим. Бу фикр хаёлингизга келиб қолди-ю Шайх дарҳол бунга жавоб қайтарди, ана энди сиз бу ишга тиришиб интилмайсиз. Масала ойдинлашган бўлса-да, аммо сизнинг камолотга интилишингиз зарар кўрди» деди.
Хожа Абдулазиз Жомий (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) зикрида.
Хожа Абдулазиз Жомий ҳам ўша инсонлар жумласига киради. У ҳаж сафарига отланганда, кўплаб олиму фозил одамлар унга ҳамроҳ бўлишган, ана шу сафарлари машҳурдир.
Шайх Пурон (Аллоҳ раҳматига олсин) зикрида.
Шайх Пурон ҳам ўша улуғлар тоифасидан, у Жалолиддин Боязид Пуроннинг ўғли, у ҳақда «Нафаҳот ул-унс»да шундай ёзилган: «Мавлоно Жалолиддин айтиб берган эдики, илгари шаҳардан биз томонга ким йўлга тушса, менга олдиндан маълум бўлар, унинг кўнглидаги фикрларини ҳам олдиндан билиб олардим. Уни кутиб олишга керакли ҳамма нарсани тайёрлаб, уни кутиб турардим. У келгач, уни куттирмасдан керакли нарсаларни олдига қўярдим. Бир куни аллақандай турк бир нечта пишлоқ келтирди ва булар ҳалол, есангиз бўлади, деб мени ишонтиришга уринди, ҳар қанча узр айтсам ҳам, у мени зўрлайверди. Уни хотиржам қилиш учун битта пишлоқни иккига бўлдим-да, уни ҳам икки бўлиб, уни ҳам икки бўлиб, ярмининг ярмини едим. Ўшандан бери ҳалиги қобилиятим йўқолди. Энди мен уйимга ким келади, кўнглида нима ўй-фикр бор, билмайман, у келиб, нима тайёрлаш кераклигини сўраб билганимдан кейингина тайёргарлик бошланади. Шу сабабдан одамларни куттириб қўйишга тўғри келяпти».
Унинг одати шундай эдики, уйига келган кишини бор нарса билан меҳмон қиларди, шундан сўнг нима тайёрлаш кераклигини сўрарди, албатта нимадир буюртма бериш лозим эди. У ҳаммасини ғоятда тез тайёрлар, буюрилгандан кўп нарсани олиб келар, егуликларни нозик такаллуфлар билан қўяр эди. Кўпинча дастурхонни ўзи ёзиб, егуликларни қўярди. Отам Хуросонга борган пайтида у бир неча бор Шайх хизматига мушарраф бўлган, мени ҳам кўпинча бирга олиб бориб, дуо қилиб қўйишини сўрарди. Шоҳибекхон Хуросонни олганда, юқорида зикр этилган Султон Аҳмад мирзонинг амирзодаларидан Мир Мўғул деган хийла танилган шоир туркий шеър битипти:
Олма оламники оламда басе ғамлар бор,
Ол кўнгул мамлакатин, кўрки не оламлар бор.
Ушбу шеърни Шоҳибекхонга ўқиб берганида, у шеърни жуда мақтабди ва: «Фирдавсий Султон Маҳмуд Ғозий Ғазнавийга олтмиш минг байтдан иборат «Шоҳнома»ни айтган, Султон Маҳмуд бунинг учун ўттиз минг динор берган. Сен бир байт айтдинг, мен сенга олтмиш минг шоҳрухий бераман» депти. Ўшанда Шоҳибекхон ана шундай улуғ Шайх Пурондан олтмиш минг шоҳрухийни мусодара қилишга қарор қилган эди, аммо ҳали у пулларни олиш учун одам бормаган эди. Мир Мўғул тиз чўкиб: «Агар ўша пулларни олиш учун фармони олий берсангиз, менга тортиқ қилинган миқдордаги Шайхнинг пулларини мен туҳфа сифатида қабул қилиб, ўз ҳожатимга сарфласам» деди. «Мен сенга ўша пулларни хазинадан нақд бермоқчи эдим, модомики ўзинг шу қарорга келган экансан, майли, шундай бўлақолсин» деди хон. Мир Мўғул мусодара учун фармон ёрлиғини олди ва ушбу мусодара тафсилотини ҳам, пул олиш учун берилган фармонни ҳам ҳеч кимга айтмади. Аммо анча муддат ўтгач Мир Мўғулнинг қанчалик олийжаноблик ва одамохунлик қилгани ҳаммага машҳур бўлди.
Мавлоно Абу Саид Убаҳий зикрида.
Мавлоно Абу Саид Убаҳий ҳам шу инсонлар жумласидан бўлиб, у ҳазрати Эшон Убайдуллоҳнинг муридларидан эди, ўша даврда Хуросон эли ўртасида машҳур эди. Мен бир неча марталаб отам билан остоналарини ўпиш бахтига муяссар бўлган эдим, у киши эса фақир бандани ўз дуолари билан сарафроз қилган эди.
Мен ҳазрати Махдуми Нуро (Хожа Шаҳобиддин Маҳмуд)дан эшитган эдим. У менга мана бу воқеани айтиб берган эди: «Бир куни бир гуруҳ одамлар ҳамроҳлигида бир тоғнинг этагида эдик, мен ялангоёқ эдим ва ўша ерга ўтирдим. Ҳазрат Мавлоно Абу Саид тоғ тепасига чиқиб айланиб юрди. Унинг гапни ўйламай гапирадиган ҳамроҳларидан айримлари: «Мавлоно худди тоғ эчкисидек юрипти» дейишди. Мавлоно пастга тушгач, у ўша одамга қараб кулимсиради-да: «Биз тоғ тепасида худди тоғ такасидек юрдик, эҳтимол, Сиз ҳам кўргандирсиз?» деди.
Мавлоно Муъин Воиз зикрида.
Мавлоно Муъин Воиз ҳам ўша одамлар жумласидан бўлиб, у Мавлонозода Фароҳий номи билан машҳурдир. Унинг муридлари ва дўстлари кўп. Бутун Хуросон халқи унинг буюклиги ва пешволигига қойил қолган.
Мавлоно Хожа Кўҳий зикрида.
Мавлоно Хожа Кўҳий ҳам шулар жумласидан. Эсимда бор, бир куни Маликон жоме масжидида намоздан сўнг таҳорат сочиғини елкасига ташлаб, икки учини олд томонидан тугиб, қиблага юзланганча муроқабага кетди. Юзида ҳайрат ва ҳузур нишонаси зоҳир бўлди. Отам ўша ерда ўтирганлардан унинг кимлигини сўради. «Бу Мавлоно Хожа Кўҳий», деб жавоб беришди. Отам (Аллоҳ унинг мартабасини улуғ қилсин), Мавлоно ташқарига чиқмоқ учун ўрнидан тургунча сабр-тоқат билан кутиб турди. Кейин унга яқинлашиб, ҳурмат-эҳтиром билан эгилди ва унинг эътиборига сазовор бўлди. Камина ҳам отам шарофати билан унинг қўлини ўпишга мушарраф бўлдим, отам у кишидан мени дуо қилишини илтимос қилди, дуо қилиб, кейин Мавлоно кетди. Шундан сўнг бир неча марта унинг мулозаматида бўлди.
Ҳазрат Ҳофиз Маҳмуд Зиёратгоҳий зикрида.
Ҳофиз Маҳмуд Зиёратгоҳий ҳам шулар жумласидандир. У шайх Зайниддин Хавофийнинг халифаси, шайх Зайниддин эса шайх Нуриддин Абдураҳмон Мисрийнинг муриди, бу эса бир нечта восита орқали шайх Шаҳобиддин Суҳравардийнинг муриди ҳисобланади. Шоҳибекхон истилоси пайтида у ҳали тирик эди, отам мулозаматларига борганда бу фақир банда уни кўришга мушарраф бўлган эдим, муборак юзларини элас-элас эслайман.
Султон Ҳусайн мирзо даврида улуғ ва табаррук инсонлар кўп эди. Мен уларнинг ҳаммалари билан ҳам учрашиш бахтига муяссар бўлмаганман, шунинг учун уларнинг қилган ишларини керагича билмайман. Лекин уларнинг таъриф-тавсифларини ишончли одамлардан эшитганман, чунончи, Мавлоно Абдураҳмон Кордгар, Бобо Алишоҳ, Шайх Ҳожи Муҳаммад Қучоний, Мавлоно Шамс Муҳаммад Марғоний, Дарвиш Пир Имод ва бошқалар ҳақида. (Аллоҳ уларнинг руҳларини муқаддас қилсин).
Шулар сирасига кирувчи олимлар.
Султон Ҳусайн мирзо замонида яшаган бошқа олимларга келсак, улар жуда кўп, ҳаммасининг шарҳи бу мухтасар тарихга сиғмайди, шундай бўлса-да, табаррукка уларнинг айримлари ҳақида бироз тўхталамиз.
Улардан энг улуғи ва алломаси – шайхулислом, Мавлоно Саъдиддин Тафтозонийнинг набираси Мавлоно Саъдиддин Амир Темур даврида яшаган ва уламоларнинг пешвоси бўлган. Ундан сўнг Мир Саид Шариф Журжонийдан бошқа унга ўхшаш олим дунёга келмади. Мир Саид Шариф ҳали ёш эди. Мавлоно Саъдиддин вафотидан ўн кунлар олдин Амир Темур мажлисида бир қанча баҳслар бўлган, ўша баҳсларда кўпинча Мир Саид Шарифнинг қўли баланд келган. Бундан сиқилиб Мавлоно касал бўлиб қолган. Мир Саид Шариф уни кўргани борган. Бир мушук келиб Мир Саид Шарифга суйкалиб, эркалана бошлаган. Мир Саид Шариф уни олдидан ҳайдаган. Мавлоно Саъдиддин Мирга: Пайғамбаримизнинг «Мушукни дўст тутмоқлик – иймон нишонаси» деган ҳадисларини эшитмаганмисиз, нега мушукни ҳайдайсиз?» деган. Шунда ҳазрати Мир Саид Шариф: «Нега сиз ҳадисни тўғри ўқимайсиз, яъни мана бундай қилиб: «Мушукнинг меҳри – инсон иймонидандир».
Бу жавобдан Мавлоно ўта хижолат бўлган ва шу нарса дардининг оғирлашувига сабаб бўлиб, шу билан оламдан ўтган.
Шайхулислом (Сайфуддин Аҳмад) Султон Ҳусайн мирзо ҳукмронлиги давридан бошлаб то Шоҳ Исмоилнинг Шоҳибекхон устидан ғалаба қилгунига қадар шайхулислом эди. Шоҳ Исмоил истилоси вақтида шаҳид бўлди. Бунинг баёни мавриди билан келади. Шу муддат ичида у шунчалик тақво, диёнат ва авлиёлик кўрсатдики, Шайхнинг сўзларига эътироз билдиргулик зот топилмас эди. Ўша даврнинг кўплаб уламолари унинг шогирдлари эди, улар унинг шогирди бўлганликларидан ғурурланиб юришарди.
Камина уламолардан эшитган эдимки, Шайхнинг беҳад машҳурлиги боис, у мудом турли тоифадаги кишиларни қабул қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан машғул бўлган, шу сабабли, у баъзан дарсларни ҳам ўтолмас экан. Масалан, Мавлоно Асомиддин Иброҳим, Мир Муҳаммад, Мир Юсуф, Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Баҳрободий сингари йигирма бешга яқин таниқли донишманд уламолар шайхулислом ҳузурига келиб, илм ўрганиб китоблар битишган.
Шайхнинг мажлисларида баҳс-мунозаралар қилишиб, баъзан икки гуруҳга ажралиб, бир-бирларига эътирозлар қилишарди. Кўпинча шундай бўлардики, шайхулислом у фикрниям, бунисиниям рад қилиб, учинчи хулосани айтарди ва ҳамманинг шу хулосани қабул қилмоқдан ўзга чоралари қолмасди. Гарчи улар мунозарада уста бўлишса-да, гоҳида бирорта масала юзасидан ҳаммалари фақат битта хулоса чиқаришарди. Шайх эса бошқа ечимни таклиф этар ва ҳаммани ўз фикридан қайтишга мажбур қиларди. Шайхулислом ҳузуридан кетаётганда уламолар: «Инсоннинг ҳаётда шунчалик кўп билимни тўплаганига ҳайрон қоласан киши!» дея ҳайрат изҳор қилишарди. Шайхнинг дарслари йигирма тўрт йил давомида шу тариқа кечди ва бу олимлар ҳамиша Шайхга муҳтожлик сезишди.
Отам Хуросонга келганидан кейин бир неча кун ўтгач, бола тўрт ёшу тўрт ою тўрт кунлик бўлганда мактабга бериш одатига кўра мени мактабга бермоқчи бўлди ва оқ фотиҳа олиш учун аввал шайхулислом олдига олиб борди ва у кишидан менга сабоқ беришни сўради. Шайх: «Аллоҳ енгиллик беради» деб ёзди ва ғоятда мулойимлик ҳамда меҳрибончилик билан мени тиззасига ўтқазиб, ширин сўзлар билан менга сабоқ бердики, ўша пайтдан бери ўттиз саккиз йил ўтган бўлса-да, Шайхнинг муборак юзи, унинг сабоқлари ва меҳрибончилиги нақши худди тошга ўйилгандек хотирамда қолган. Ишончим комилки, ўша сабоқларнинг шу кунларгача етиб келган шарофати бу дунёда ҳам, охиратда ҳам етиб туради, иншоллоҳ.
Беназир олим Мир Муртоз ҳам бўлган эди. Яна бири – Хожа Мавлоно Исфаҳоний ҳадис билимдони ва уламолар пешвоси бўлган. У Ироқдан қочиб келган, бунинг сабаби мана бундай эди: Илгари айтиб ўтганимиз, мухтасар баёни ҳали яна келадиган бадбахт Шоҳ Исмоил беҳад қаҳри қаттиқ одам эди. У суннийми, жамоатданми, султонлар ёки амирларданми, уламоми ёки деҳқонми, ё оддий фуқароми – ким бўлмасин, қўлига тушган одамни ўлдирарди. Хожа Мавлоно у қатлдан қочиб, Хуросонга келган, кейин Мовароуннаҳрга ўтиб, ўша ерда қолиб кетган эди.
Тағин жуда кўплаб уламолар ўтган, шулар жумласидан: Мир Абдулқодир Машҳадий, Мир Жамолиддин муҳаддис, Мир Атоуллоҳ, Мир Иброҳим Машҳадий, Мавлоно Мақсуд Ширвоний, Мавлоно Ҳамид Ширвоний, Мавлоно Асомиддин Иброҳим, Мир Муҳаммад, Мир Юсуф, Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Баҳрободий, Мавлоно Ғиёсиддин Баҳрободий, Мавлоно Ҳанафий, Мавлоно Иброҳим Ширвоний, Мавлоно Шоҳ Саид Ошиқ, Мавлоно Аҳмад Румий, Мавлоно Муҳаммад Ганжи, Мавлоно Аҳмад Жандий, Мавлоно Мир Калон Табиб, Мавлоно Ҳожи Табризий, Мавлоно Муин Табризий, Мавлоно Садриддин Муҳаммад Қандаҳорий ва ҳазрати Мир Абул Бақоки, унинг вужуди шарифидан ҳозир ҳам бутун олам мунаввардир, Ҳиндистондаги воқеалар баёнида ҳали у зот ҳақида тўхталамиз. Ўша даврда у Ҳиротдаги буюк инсонлардан бўлганликлари боис отам у кишининг падари бузрукворлари Абдулбоситнинг зиёратига бир неча марта борган эди.
Мавлоно Абдулғафур Лорий исмли таниқли олим ҳам бўлиб, Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий зикрида у ҳақда гапирган эдик. Мавлоно Лорий беҳад бетакаллуф, оддий, кўнгли очиқ одам бўлган.
У кишининг муборак хотирига донишмандлик кибри ғубори қўнмаган эди. Дунёнинг турли бурчакларидан Ҳиротга қандай олим келса, ҳатто у Мавлонога шогирдликка лойиқ бўлмаса ҳам, унинг ишларининг ривожи учун Мавлоно унга таълим берар, неча кунгача китобларини қўлтиқлаб, кўча ва бозорларда бирга олиб юрар эди.
Хуросонда олимлар кўп эди, уларнинг номлари ва ҳаётларини муфассал баён қиладиган бўлсак, ҳикоямиз чўзилиб кетади. Тағин кўплаб олимлар бўлганки, фақир банда уларни билмайман, шу боисдан юқорида тилга олинганлари билан чекланамиз.
Улардан – шоирлар. Ўша жаннатмисол замонда яшаган буюк шоирлардан юқорида масалан: Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг номини олимлар ва авлиёлар сафида тилга олиб ўтдик. Агар такрорга эътироз бўлмаса эди, олимлар ва шоирлар ҳақидаги фаслни Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг муборак номи билан бошлаш ўринли бўларди, шунингдек, Хуросон авлиёлари, олимлари, шоирларининг сардафтари ҳам Мавлоно Жомийдир. Ҳақиқат шуки, қаерда олимлар ва етук инсонлар ҳақида гап кетса, унинг номини қайта-қайта тилга олиш, сўзни ундан бошлаб, у билан тугатиш ҳамиша кўнгилларга хуш ёқади.
Мавлоно Абдулғафур Лорий «Нафаҳот ул-унс»га битган «Шарҳ»ида шундай деб ёзган: «Ҳазрат Мавлоно Жомий бутун умрлари давомида мажозий тимсоллар таъсири остида бўлдилар ва муҳаббат куйи уларнинг кўнгил мулкларида салтанат дабдабаси ноғорасини чалар эди. Умрларининг сўнгги кунларида, бир куни келсам, ёлғиз ўзлари эканлар. Таҳорат олдилар, илгари мўй билан, чандиқлару доғлар билан қопланган муборак билаклари шундай тоза, ялтироқ эдики, бунақасини кўрмаган эдим. Мавлононинг қўллари мени ҳайратга солди. Мавлоно бошини кўтариб, менга қараб дедилар: «Анчадан бери мен ўз ошиқлигимни ўзим учун шундай намоён қиламан, ўз хаёлимда кўнглим истаган тимсолни тасаввур қиламан-да, унга маҳлиё бўламан. Анчадан буён битта тимсолни тасаввуримда яратиб, унга ўз муҳаббатимни изҳор қиляпман. Мана бугун меҳрибон Раббим қўлларимни ўша хаёлимдаги тимсолнинг қўлларига ўхшатиб қўйди, ҳозир ўз қўлларимга маҳлиё бўлиб ўтирибман. Сиз айни шу лаҳзада келдингиз». Кейин тағин қарасам, Мавлононинг қўллари қайта аввалги ҳолига қайтиб қолипти».
Ҳазрат Мавлоно Жомийнинг шеърлари шу даражада машҳурки, бу мухтасар тасвирда уларни сўзимнинг исботи сифатида келтириб ўтиришга ҳожат йўқ. Аммо унинг битта машҳур бўлмаган ғазали бор, уни ёзишда шундай шарт қўйганки, биринчи байтдаги ҳамма сўзлар алоҳида ҳарфлардан иборат бўлиши, яъни, ҳеч бир ҳарф бошқалари билан бирикмаслиги, иккинчи байтдаги сўзлар икки ҳарфдан, учинчи байтдаги сўзлар учта ҳарфдан иборат бўлиб, бошқа сўзлар билан уланмаслиги лозим, хуллас, шу тариқа беш байтдан иборат ғазал шу тартибда ёзилган.
Рухи зард дорам зи даври он дар,
Зада доғи дардам даруни дил озар.
Чу тан кост гўи шаби фурқати ту,
Чу маҳи нав ки бошад бадингуна лоғар.
Хатат Хизру жаъди кажат мушки Тибат.
Танат симу лаъли лабат тунги шаккар.
Ба жаннат наими, шаҳди муҳаббат,
Беҳишти мухаллад насиби муҳаққар.
Ба лабҳо малиҳи, ба талъат сабиҳи
Ба гуфтан фасиҳи, ба гису муанбар.
Таржимаси:
Эшигига боқиб юзим сарғаяр,
Дардим доғи дилга лахча ўт қалар.
Айрилиқда танам шундай оздики
Мени кўрган янги ойга ўхшатар.
Мийиқ Хизру сочинг Тибат мушкидир,
Танинг кумуш, лабдан сочилар шакар.
Сен жаннат неъмати, муҳаббат боли
Хулд номли жаннат ҳам сендан уялар.
Лабларинг малиҳу, юзларинг сулув
Нутқинг кўп фасиҳу, сочларинг анбар.
«Нафаҳот ул-унс»га ёзилган «Шарҳ» ўттиз фаслдан иборат. Мавлоно Абулғафур Лорий узр сўраб ёзадики: «Баён чўзилиб кетишидан хавотир олмаганимда эди, Ҳазрат Жомий кўрсатган кўпгина кароматларни келтирган бўлардим, лекин биз шу айтиб ўтилганлар билан чегараланамиз. Чунки китобнинг мақсади бошқа, агар гапни чўзсак, мақсадга путур етади».
Мир Алишер зикрида.
Унинг тахаллуси – Навоийдир. Унгача ҳам, ундан кейин ҳам туркий тилда ҳеч ким унчалик кўп шеър битган эмас. У шеър илмининг устаси, унинг туркийча шеърларининг шуҳрати Мулло Жомийнинг форсча шеърлари шуҳрати билан тенг. У форс тилида ҳам кўп шеърлар ёзган. Форсча шеърларини Фоний тахаллуси билан битган. У Хожа Ҳофиз Шерозий девонига назира тарзида девон тузган. Хожа Хисрав Деҳлавийдан кейин «Яхшилар дарёси» («Дарёи аброр») қасидасига ҳеч ким Мир Алишер Навоийчалик жавоб ёзолмаган. Мана ундан бир байт:
Оташин лаълеки тожи хисравонро зевар аст
Ахгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст.
Мазмуни:
Шоҳлар тожидаги оловранг лаъл тош,
Чўғдирки пиширар хом хаёлин бош.
Ҳазрат Маҳдум – инсониятнинг ифтихори Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳаж сафаридан қайтганларида Алишер Навоий уларга мана бундай рубоий ёзиб жўнатган:
Инсоф бидеҳ, эй фалаки минофом,
То з-ин ду кадом хубтар кард хиром:
Хуршеди жаҳонтоби ту аз матлаъи субҳ
Ё моҳи жаҳонгарди ман аз жониби Шом?
Мазмуни:
Инсоф билан айтгил, ложувард фалак,
Қай бири хушхиром мисли капалак:
Қуёшингми ҳар тонг сафарга чиқар,
Шомдан қайтаётган моҳимми малак?
Унинг учта туркий-ўзбекча , битта форсча девони бор, у «Тазкират ул-авлиё» ни туркийча битган, «Хамса»ни туркийча назм қилган. Булардан ташқари, унинг жуда кўп асарлари мавжуд, битта девондан ташқари барчаси туркий тилда ёзилган.
Унинг келиб чиқиши бахшиларга бориб тақалади. Отасини «Кичкина бахши» дейишган, у саройда амалдор бўлган. Мир Алишер болаликдан Султон Ҳусайн мирзо билан дўстлашган. Султон Ҳусайн мирзо подшоҳ бўлгач, Алишер Навоий унинг хизматига келган, мирзо уни беҳад қадрлаб, ғамхўрликлар кўрсатган, Мир Алишер эса халққа худди шундай ғамхўрлик қилган.
Шундай қилиб, ўша замонда халқнинг турли тоифалари ичидан фозил, беназир инсонлар чиққани унинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир. У Мир сифатида шундай жидду жаҳд кўрсатдики, натижада катта бойлик тўпланди, деҳқончиликдан ва бошқа тарафлардан тушган кунлик даромад ўн саккиз минг шоҳрухийни ташкил этган. Ўз амирлик мансабининг барча жиҳатларини – хизматкорларни, мулозимларни, хазинани, сайисхонани, подшоҳлик иморатларини у Султон Ҳусайн мирзонинг ноиби амир Бобо Алига топширган, бу ўша даврнинг энг буюк сипоҳларидан эди. Мир Алишер амалдорлик ишларини йиғиштириб қўйиб, бошқа амалдорлар ва мулозимлар билан бир қаторда ўзини Султон Ҳусайн мирзо хизматига бағишлади. У қудрати етганча унга ёрдам сўраб мурожаат қилган муҳтожларга, олиму фозилларга ҳомийлик қилди. Ўз мулкидан тушган барча даромадни эл-юрт фаровонлиги учун хайрия ишларига сарфлади. У хонақолар, масжидлар ва бошқа иморатлар қурдирдики, уларнинг кўпчилиги то ҳозирги кунгача Хуросонда сақланган. Эҳтимол, шунча кўп қурилишларни амалга ошириш бошқа бировнинг қўлидан келмаган бўларди. Ўша пайтда Мир Алишер ҳомийлик қилмаган бирорта олиму фозил киши йўқ эди. У беҳад зукко ва заковатли киши эди. У бошқаларда ҳам худди шундай фазилатлар бўлишини хоҳлар, бунга эришиш қийин бўлар, шундан одамларда гинахонликлар содир бўларди. Унинг нозиктаъблиги ва тез ранжиб қолиш хусусиятидан бошқа камчиликларини топишолмаган. Гарчи у фозил ва беҳад давлатманд киши бўлса-да, бутун қимматли ҳаётини нафсини тийиш ва хайрли ишлар билан ўтказди.
Байт:
Теран денгизлардан гавҳар-дур унар,
Инсонга кераги –яхши бир ҳунар.
Демак, Мир Алишернинг битта камчилиги, яъни нозикмижозлигидан ўзгаси бутунлай фазилат эди.
Шайхим Аҳмад зикри. Тахаллуси Суҳайлий бўлиб, у ҳам Султон Ҳусайн мирзонинг амирларидан эди, яхши шеърлар ёзган, «Хамса»га назира битган.
Ҳусайн Али Жалойир зикри. Тахаллуси Туфайлий бўлиб, Султон Ҳусайн мирзонинг ноибларидан бири, бир муддат парвоначи бўлган. Қасида битишда мислсиз эди, истеъдодда у Салмон Соважий ва Заҳир Кирмонийдан ўзиб кетди. Унинг «шикаст» (синди) радифли қасидаси бор, эҳтимол, ҳеч бир шоир шу радиф билан бундай ҳажмдаги қасидани ёзмаган бўлса керак. Қуйида шу қасидадан бир неча байт келтирамиз:
Нахли қаддат жилва кард қадри санубар шикаст,
Лаъли лабат ханда зад қимати гавҳар шикаст.
Пистаи ту ғунчаро хун ба дарун зад гиреҳ,
Ғунчаи ту пистаро ханда ба лаб даршикаст.
Навҳаи қумри чарост гар на зи ёди қадат?
Сарсари оҳам ба боғ қомати ар-ар шикаст.
Ҳомии амну амон шоҳ Бадеуззамон
Онки ба бозум адл пушти ситамгар шикаст.
Таржимаси:
Ниҳол қаддинг жилва қилиб қадри синди санавбарнинг,
Лаъли лабинг ханда қилиб қиммати синди гавҳарнинг.
Сенинг пистанг тўлғонтирар ғунчани ичма-ич эзиб,
Сенинг ғунчанг писталардан маҳв этгуси кулгиларнинг.
Кўзларингнинг қорачиғи бузди эл хонумонини,
Даф бўлди яъжуж фитнаси, садди синди Искандарнинг.
Қумрининг оҳу воҳи ҳам сенинг қадинг туфайлидир,
Кучли оҳим қуюнидан шохлари синди аръарнинг.
Доруломонлик ҳомийси шоҳи Бадиуззамон,
Унинг адли қудратидан қўли синди ситамгарнинг.
Ҳусайн Али Жалойир ушбу қасидани бошдан оёқ шу тарзда ёзган.
Осафий – вазирнинг ўғли бўлиб, яхши шеърлари бор, бу матлаъ унинг иқтидорининг мевасидир:
Рақиблар куйида ойимни мен қандай сўроғлайман?
Кириб у кофиристонга ўзим бағримни доғлайман.
Оҳий – унинг шеърлари ниҳоятда чиройли ва силлиқдир. Айтишларича, улар услубан Мир Шоҳий шеърларини эслатади. У жуда яхши девон тартиб берган. Шеърларидан намуна байт:
Фахр этарман кўзларим-ла: у юзинг кўрган сени,
Оёғимдан айланай ёнингга етказган мени.
Ҳилолий. Шеър фанида устоздир. Унинг яхши шеърлари бор. «Шоҳу дарвеш» достони унга тегишли. Унинг девони ҳам машҳурдир. Жумладан ушбу матлаъни қайд этамиз:
Ой фалак зулмидан букилганми ё?
Ойдан бирор парча юлинганми ё?
Биноий – у олим ва етук шоир бўлган. У ва Мир Алишер ўрталарида мудом баҳс, келишмовчиликлар бўлиб турарди, улар ўртасидаги мутойибалар, фикрий жанглар жуда машҳурдир. Мана улардан айримлари:
Мир Алишер Мавлоно Соҳибнинг бир матлаъсини сотиб олиб, уни ниҳоясига етказган. Мана ўша матлаъ:
Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок
Кирпигим шабнам тўкулган сабзадин намнокрок
Яна бир матлаъ Мавлоно Лутфийникидир. Мир Алишергача бирорта шоирда шеърни давом эттириб ниҳоясига етказиш қобилияти бўлмаган. Мир Алишерга бу матлаъ хуш ёқиб, уни охирига етказган. Мана ўша матлаъ:
Бошимиздин сояси сарви қадинг кам бўлмасун,
Зоти покинг бўлмаса, оламу одам бўлмасун.
Биноий Мир Алишерга нисбатан ўткир ҳазил, киноялар қиларди. Шунда Навоий ҳам унга ҳазил тариқасида: «Мавлоно Биноий жинни бўлиб қолган, уни «Доруш-шифо» сиҳатхонасига ётқизиб, калтаклаш ва нўхат шўрва бериш керак» деган. Шу сабаб бўлиб Биноий Ироққа қочиб кетган. У Ироқда Султон Яъқуб ҳомийлигида бўлди, аммо бироз вақт ўтгач, у яна Ҳиротга қайтиб келди.
Мир Алишер одам юбориб, уни олиб келтиради, мулойим, дўстона муомала қилади, уни иззат-икрому совғалар билан кутиб олади, ўтган гаплар учун узр сўрайди. Биноий ҳам ўз киноялари учун узр сўрайди, шу билан уларнинг муносабатлари яхшиланади.
Дўстона суҳбатлашиб ўтиришганда Навоий «Ироқ қандай жой экан?» деб сўрайди, шунда Биноий: «Ироқликларнинг бир иши менга маъқул бўлди – улар умуман туркийча шеър айтишмас экан» деб жавоб беради. Мир Алишер: «Ҳалиям ҳушёр тортмабсан! Дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳурмати бундай тиканакли сўзларингни бас қил-да, ҳақиқат юзасидан айт-чи, девонимдаги ғазалларда энг яхши матлаъ қайси?» деб сўраган. Биноий жавоб берган: «Мана бу матлаъ халққа ҳаммадан кўра мақбулдир» деб:
Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок
Кирпигим шабнам тўкулган сабзадин намнокрок –
байтини айтган. Мир Алишер: «Сен ажаб тили аччиқ одамсан, ўзинг биласанки, мен бу матлаъни Мавлоно Соҳибдан сотиб олиб, давом этттирганман, сен шунинг учун атайлаб киноя қилиб шу матлаъни мақтаяпсан» деган. Биноий эса:
– Сизга киноя қилишга менинг ҳаддим сиғадими? Бу матлаъ сизники эмаслигини билмаган эдим. Сизнинг яхши шеърларингиз кўп, мана масалан, мана бу матлаъ унисидан ҳам яхши:
Бошимиздин сояи сарви қадинг кам бўлмасун,
Зоти покинг бўлмаса оламу одам бўлмасун.
Мир Алишер: «Ҳа, бу матлаъ Мавлоно Лутфийники бўлганидан ундан яхшироқдир. Сен ҳеч қачон киноянгни бас қилмас экансан» деб, улар яна аразлашиб ажрашишди.
Сайфий масалчиликда машҳурдир, бу соҳада Тусийга тақлид қилган, лекин ундан кўра яхшироқ ёзган. У олим ва фозил киши бўлган, унинг девони халқ орасида шуҳрат топган. Унинг шеърларидан намуналар:
Эй туро чун дили ушшоқи паришон кокул,
Қоматат фитнау сарфитнаи даврон кокул.
Ҳамчу дудестки бар гирди сари шамъ бувад.
Ҳалқа-ҳалқа ба сари он моҳи тобон кокул.
Таржимаси:
Мафтунларинг кўнгли каби кўп паришон кокилинг,
Фитна-қаддинг, фитнабоши ушбу даврон кокилинг.
Шам бошини қоплагандай қоп-қора дуди унинг
Балқиган ойдай юзингда зулматистон кокилинг.
У ҳунармандлар ҳақида шеърлар ёзган ва уларга «Бадойи» («Нодир шеърлар») деб ном берган. Мана улардан намуналар:
Чу ишқи каллапаз дар гардан афтод,
Дило, хуш бош нон дар равған афтод.
Бути пардозгарам кў ба касон менозад,
Ҳеч ба ҳоли мани хаста намепардозад.
Таржимаси:
Каллапаз ишқи тушди бўйингинам – бошвоққа,
Яйрагил, кўнглим, тушди ахир нонгинанг ёққа.
Пардозчи санам доим ўзгалар хизматида,
Мен шўрликни безамас бўлсам эл иззатида…
Булардан ташқари яна кўплаб девонлар қолдирган ва халқ орасида машҳур шоирлар ҳам бор. Улар жумласига Аҳлий, Наргисий, Ҳажрий, Мир Муҳаммад Солиҳ, Шаҳидий, Шуҳудий, Гулханий, Гулшаний, Паёмий, Хожа Абул Барака, тахаллуси Фироқий, Ҳайдар Калича ва бошқалар киради.
Улардан муаммо ёзувчилар. Тилга олинган улуғ олиму фозиллардан кўплари яхши муаммолар битишган. Биз бу ерда фақат муаммогўй сифатида шуҳрат қозонганлари ҳақидагина тўхталамиз, гарчи улар бошқа фазилатларга ҳам эга бўлишса-да, муаммо ёзиш қобилиятлари ҳаммасидан ошиб тушган. Амир Ҳусайн Муаммоий муаммогўйликда мислсиздир. У муаммога бағишлаб ажойиб рисола яратган. Мана бу Суҳроб номига битилган рисоладан олинган муаммо:
Ёфтам аз дари майхонаи тарсо шарафе,
Ҳосило, мадраса акнун тарафе, мо тарафе.
Мазмуни:
Мен мажусий майхонаси эшигида топдим шараф,
Энди мадраса бир тараф, мен толиби илм бир тараф.
Мавлоно Муҳаммад Бадахший Муаммоий, Мавлоно Камол Муаммоий, Мавлоно Шиҳоб Муаммоий, булардан ташқари яна кўплаб бу санъат намояндалари машҳурки, уларнинг барчаси ҳақида тўхташ мақсадимизга кирмайди.
Улардан хаттотлар. Ўша замонда кенг тарқалган настаълиқ хати унгача ишлатилмаган. Унинг ихтирочиси Мир Али Табризий Амир Темур замонида яшаган. Унинг шогирди – Мавлоно Жаъфар. Гарчи Мавлоно Жаъфар барча хат турларида яхши ёза олган ва ҳамма хат турлари бўйича устоз бўлса-да, унинг шогирдлари орасида фарқ бор. Масалан, сулс, насх, риқоъ, муҳаққақ ва райҳоний хатлари бўйича унинг шогирди Мавлоно Абдуллоҳ ошпаздир. Ҳофиз Фўта, Мавлоно Маҳмуд Котиби Самарқандий ва бошқалар эса Мавлоно Абдуллоҳнинг шогирдларидир, барча кейинги хаттотлар шу гуруҳнинг шогирдларидир.
Худди шунингдек, Мир Абдулҳай насхтаълиқда – Мавлоно Жаъфарнинг шогирди, кўплаб настаълиқда ёзган хаттотлар Абдулҳайнинг шогирдларидир. Бироқ Мавлоно Азҳар, Мавлоно Шайх Абдуллоҳ Хоразмий ва Мавлоно Шайх Муҳаммад хафинавис – булар ҳаммалари настаълиқда Жаъфарнинг шогирдларидир. Мавлоно Жаъфар настаълиқ хатида унинг ихтирочиси Мир Али Табризийдан кўра яхшироқ ёзар, шунингдек, Мавлоно Азҳар Мавлоно Жаъфардан кўра яхшироқ ёзарди. Мавлоно Жаъфар пухта, ёқимли ёзарди-ю, аммо хати нотекисроқ чиқарди.
Мавлоно Азҳар эса ҳам нозик, ҳам аниқ, аммо бироз нотекис ёзарди.
Мавлоно Жаъфар Шоҳрух мирзо замонида яшаган, Шоҳрух мирзонинг ўғли Мирзо Бобур Қаландарнинг отаси Бойсунғур мирзо кутубхонасида ишлаган одамлардан бири эди.
Мавлоно Азҳар Султон Абусаид мирзо кўрагоннинг мулозимларидан эди. Мавлоно Азҳарнинг шогирдлари – Мавлоно Султон Али Машҳадий, Шайх Пуроннинг набираларидан бири Шайх Боязид Пуроний, Мавлоно Султон Али Қойинийдир. Мир Али Табризий ва Мавлоно Жаъфар ораларидаги нисбат ҳамда Мавлоно Азҳар билан Мавлоно Жаъфар ўртасидаги нисбат ҳатто Мавлоно Азҳар билан Мавлоно Султон Али Машҳадийлар орасида ҳам сезиларли даражада мавжуд эди. Қитъа ёзишда, майда ва йирик хатларда китоб кўчиришда, ҳатто настаълиқда ҳам Мавлоно Султон Али Машҳадий, шубҳасиз, шундай истеъдодга эга эдики, унгача ҳам, ундан кейин ҳам, унга яқин қилиб ҳеч ким ёзолмаган. Барча турдаги хатларни сифатли ва нафис битишда беназир эди. У хаттотлик санъатини нозик дид ва нафосат билан эгаллаган эдики, бунақаси ҳеч кимга насиб этмаган. У хаттотлик илми ҳақида рисола ёзиб, унда қуйидаги фикрларни айтган эди: «Хаттотлик бўйича машқларимнинг дастлабки даврида мен Тусдаги ҳазрати Имом Али Мусо Ризо (Тангри ундан рози бўлсин)нинг муқаддас зиёратгоҳларида яшардим, бир куни туш кўрсам, тақводорлар пешвоси, икки олам сарвари расулининг халифаси, Аллоҳнинг шери Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (Аллоҳ унинг юзини мунаввар қилсин) қўлимга бир қалам тутқазди, уйғониб кетдим ва шу билан пешонамга хаттотлик қисмати ёзилди».
Мавлоно хаттотликни эндигина машқ қила бошлаганда у хатга ўзига хос шакл берарди, бу халққа ёқарди-ю, аммо котиблар уни писанд қилишмасди. Мавлоно Жаъфар «Хамса»ни кўчиришни бошлади-ю, бироқ охирига етказолмади. Султон Абусаид мирзо: «Шу ишни ниҳоясига етказадиган бирор кимса борми?» деб сўради. Мавлоно Султон Али халқ орасида машҳур бўлгани сабабли Абусаид мирзога, ҳозир бир ёш хаттот пайдо бўлган, ўша бу улкан ишни охирига етказиши мумкин, дейишди. Мавлоно Султон Алини бошлаб келиб, Мавлоно Жаъфар ёзган қисмни кўрсатишди, Мавлоно Султон Али бу ишга дарҳол рози бўлди. Бир қисмини кўчириб олиб келди. Мавлоно Азҳар уйида эди, аввал унинг олдига бошлаб боришди. Унинг аччиғи келди: «Сен Мавлоно Жаъфарнинг «Хамса»сини шу тахлит охирига етказдингми?» деб Мавлоно Султон Алини уйига олиб кириб, товонига хипчин билан уриб, икки кунгача қамаб қўйди. Шундан сўнг қамоқдан чиқариб унга: «Эй ўғлим, сенинг қобилиятинг зўр экану, аммо услубинг қўлбола – бу настаълиқ услуби эмас» деди. У Мулло Султон Али Машҳадийга бир қитъа бериб, худди шу услубда ёзгин, деди.
Мулло Султон Али айтган эди: «Мен қитъани олиб кетдим ва шунга қараб машқ қила бошладим. Кўп машқлардан кейин, настаълиқ услуби қандай бўлишини билиб олдим, шу пайтгача менинг хатимда услуб деган нарса бўлмаган экан, услубсиз хатни, гапнинг рости, хат деб бўлмайди, энди эса ўз хатимнинг гўзаллиги, нафислиги, пухталиги ва тозалигидан фахрланаман». Ҳозирги пайтда Мулло Султон Али Машҳадийдан шунчалик кўп мерос қолганки, бунга ишонмасликнинг иложи йўқ. Дунёнинг кўп мамлакатларида қалам аҳлларидан у кўчирган қитъа ва китоблардан бирортасини билмайдигани кам топилади, агар дунёдаги сарой кутубхоналарида Мулло Султон Али Машҳадий кўчирган икки-учта китоб бўлмаса, уни кутубхона ҳисоблашмайди. Бу ҳайратга муносиб ҳолатдир!
Мулло Султон Али Машҳадийнинг шогирдлари кўп бўлган, улардан бири Мавлоно Алоуддиндир. Мулло Алоуддиндан ўзга ҳеч ким айнан Мулло Султон Алидек ёзолмаган, айниқса, ўшандай, китоб кўчиролмаган. Яна султон Муҳаммад Хандон ҳам бағоят малоҳатли қилиб ёзган. Мавлоно Муҳаммад Абришимий жуда нафис, аммо бироз синиқроқ ёзган. Мулло Зайниддин Маҳмуд, яъни Мулло Султон Алининг куёви ҳам шогирди бўлган. У китобларни жуда тез, дид билан кўчирган. Султон Муҳаммад Нур, тез ёзса-да, сўзлар бўштоброқ чиқарди. Яна бир шогирди Қаландар котиб эди. Мулло Султон Али Машҳадий унга алоҳида эътибор кўрсатарди, чунки унинг ҳаёт тарзи устозга ёқарди. Унинг аниқ бир бошпанаси йўқ эди, у на либос ҳақида, на пойафзал ҳақида қайғурмади, бутун ҳаётини дарвешона узлатда, хуш ахлоқлик ва покликда кечирди.
Унинг хати Султон Али Машҳадийнинг тилга олинган шогирдлариникидан ночорроқ эди.
Тағин бир гуруҳ хаттотлар борки, улар ҳам шу жамоанинг шогирдларидир. Чунончи, Мавлоно Қосим Али – Мавлоно Муҳаммад Абришимийнинг шогирди. Унинг қалами ўткир, дид, нафислик ва пухталикда хати шу жамоага мансуб хаттотларникидан ажралиб турарди, у буларнинг кўпчилигидан яхшироқ ёзарди. Камина ҳам унинг шогирди, бу ҳақда кейинроқ баён қилинади. Яна бири Қосим Шодишоҳ – Султон Муҳаммад Хандоннинг шогирди, чиройли ёзади. Зайниддин Маҳмуднинг шогирди Мавлоно Мир Али тоза ва пухта ёзади. Унинг майда хати йирик хатидан кўра яхшироқ, қитъа ёзишдан кўра китоб кўчириши яхшироқ. Йирик хат билан ёзганда ёзуви бир текис, гўзал чиқмайди, майда хатида ҳам, йиригида ҳам хаттотларга хос нафосат сезилмайди, лекин хатининг пухталиги билан у ҳаммадан ўзиб кетиши аниқ.
Тилга олинган хаттотлар жамоаси шундай истеъдод эгаларики, бундайлари уларгача ҳам, улардан кейин ҳам бўлмаган.
Рассомлар ҳақида. Шоҳ Музаффар – устод Мансурнинг ўғли. Султон Абусаид мирзо замонида устод Мансурдан зўр рассом бўлмаган. У мусаввирлар устози бўлган. Устод Мансурнинг мўйқалами нафис ва гўзал бўлган, Шоҳ Музаффардан бошқа ҳеч кимда бундай нафис, ингичкароқ қалам бўлмаган. Бироқ ишлари бироз қуруқроқ.
Жанг-жадал саҳналарини у ўта ишонарли тасвирлар, бироқ Шоҳ Музаффар бундан-да ўзиб кетди. Унинг қалами тасвири ғоятда нафис, тоза, чиройли ва дадил эдики, кўз қамашарди. У йигирма тўрт ёшида оламдан ўтди, умри давомида еттита ёки саккизта тўпламга расм чизган. Унинг қоралама суратлари одамлар қўлида сақланган. Шу соҳа устодлари уларни беҳад қадрлашади.
Беҳзод – тасвирий санъатда устод эди. Гарчи мўйқаламининг нозиклиги Шоҳ Музаффарникичалик нафосатли бўлмаса-да, Беҳзоднинг мўйқалами ўткирроқ, режа ва тарҳи яхшироқ эди.
Ўтмишда Ҳалоку хоқонлари сулоласи (Ироқ ҳукмдорлари даврида) Хожа Абдулҳай деган мусаввир ўтган. Шу санъат соҳибларининг фикрларига кўра, авлиё одам бўлган. Умрининг охирида у тавба қилиб, ўз ишларини қаерда кўрса, ҳамма жойда ё ювиб ташлаган ёки ёқиб юборган, шунинг учун асарлари кам қолган. Ишининг тозалиги, нафислиги, пухталиги, шунингдек тасвирий санъат нозикликлари бўйича унга тенг келадиган бўлмаган. Хожа Абдулҳайдан кейин Шоҳ Музаффар ва Беҳзод келади, улардан сўнг бундай мусаввирлар ортиқ чиқмади. Кейинги иккитасини Мир Алишер тарбият қилган.
Қосим Али Чеҳракушой – Беҳзоднинг шогирди. Унинг чизган асарлари Беҳзодникига яқин, ўша услубда яратилган. Катта тажрибага эга одам Қосим Алининг ишлари Беҳзодникига нисбатан яхшироқ эканлигини сезади, бироқ унинг тарҳ-аслиятлари Беҳзодникига нисбатан пастроқдир.
Мақсуд – уни иккинчи Қосим Али деса бўлади. У ҳам Беҳзоднинг шогирдларидандир. Унинг қалами Қосим Алиникидан ҳеч кам эмас. Бироқ тарҳ аслиятини яратиш ва расмлар миқдорида у Қосим Алидан кейин туради.
Мавлоно Мирак Наққош. У ўз замонасининг ажиб нодир сиймоларидан бўлиб, Беҳзоднинг устозидир. Унинг аслу тарҳлари Беҳзодникидан пишиқроқдир. Тарҳни жонлантириш сифати ва расмлар миқдорига кўра у Беҳзодча эмас. Лекин у расм чизишда Беҳзод каби ҳужра, дастгоҳ, қоғозга боғланиб қолмас, балки аксари ташқарида очиқ ҳавода, сафарларда, Ҳусайн мирзонинг ҳовлисида, дуч келган жойда расмларни қойилмақом чизаверар эди. Яна ажабланарли хусусиятларидан иккитаси: кураш тушувчи полвон ва асбоб-ускуна ясайдиган темирчи ҳам эди. Ушбу ишлар билан наққошлик ва рассомлик ҳунарини бирга олиб бора олгани янада ғаройибдир.
Устод Бобо Ҳожи – у моҳир расмқалам соҳиби, аммо суратларининг асоси мутаносиб эмас. Бутун Хуросонда меъморчиликда, расм чизиш, бурчаклар ўлчовини олишда у ягона бўлган. Айтишларича, бир куни у бир йиғинда намуна учун элликта айлана чизган, паргар (циркул) билан текшириб кўришган, фарқ бўлмаган. Бирорта айлана бошқасига нисбатан катта ҳам, кичик ҳам бўлмаган.
Устод Шайх Аҳмад – Бобо ҳожининг иниси. Мавлоно Жунайд, устод Ҳисомиддин – қилич ясовчилар бўлишган, Мавлоно Вали – ҳаммалари моҳир усталар бўлишган, бир-биридан ҳеч қолишмаган.
Мулло Юсуф – Беҳзоднинг шогирди, қўли чаққон бўлган, бошқалар бир ойда бажарган ишни ўн кунда бажарган, бироқ нафисликда унинг чизган суратлари бошқаларники билан беллаша олмайди. Китобларни зарҳаллашда у расм чизишга нисбатан моҳирроқ.
Мавлоно Дарвеш Муҳаммад – мен фақир банданинг устози, Шоҳ Музаффарнинг шогирди. Ишларининг нафислиги билан унга тенг келадигани йўқ. Бу соҳада ҳатто Шоҳ Музаффардан ҳам ўзиб кетган, аммо унда у даражадаги мутаносиблик, маҳорат ва гўзаллик йўқ. Жанг-жадал саҳналари тасвири унда пишиқ-пухта эмас. У найзаси учида шерни тутиб турган отлиқни шундай кичкина қилиб чизганки, шунинг ҳаммасини битта гуруч билан бекитиб қўйса бўлади.
Тасвирий санъат намояндалари кўп, аммо бу ерда шу гуруҳнинг устозлари ва мумтозларини тилга олдик, холос.
Музаҳҳиблар - китобга нақш солувчилар ва зарҳал берувчилар. Мулло Ёрий – зарҳалчи уста, аммо хати зарҳалидан кўра яхшироқ. У Мулло Валининг шогирди, аммо ундан илгарилаб кетди. Мавлоно Маҳмуд Ёрийга нисбатан яхшироқ зарҳал берар, бу ишни у маҳорат билан бажарарди. У Султон Ҳусайн учун китобининг дебочаси – зарварағини безатишни бошлади-ю аммо бу иш тугамай қолди. Бу асар устида етти йил ишлади, шу даражада моҳирлик билан бажардики, яримта нўхат ҳажмича келадиган румий ҳалқаларнинг улашган жойларига олтин рангидаги янги ой шаклларини қўйиб чиқди, улар ислимий услубидаги элликта варақ эди, буларнинг барчасини у шустмон бўёғида бажарди. Ўша даврда музаҳҳиблар кўп эди, аммо тилга олинган мана шу икки киши энг моҳирлари эди.
Фазл ва ҳунар аҳллларини Хуросон бўйлаб аниқлаш, топиш ва ишга жалб этиб тарбиялашда Мир Алишернинг саъй-ҳаракатлари мислсиздир.
Ашулачилар ҳақида. Ҳофиз Басир. Унгача бунақа машҳур қўшиқчи бўлмаган, бу фикрга ҳамма қўшилади. Айтишларича, бир куни баҳор фаслида у боғда қўшиқ айтганда, булбулу қумрилар, каптар, саъва ва бошқа ҳар хил қушлар ром бўлиб унинг атрофига йиғилиб, бошига ва кифтига қўниб олишган экан.
Ҳофиз Ҳасан Али – унинг шогирди, овози баланд эди, у шаклан мураккаб ҳамда чуқур мазмунли ашулаларни беҳад майин куйларди.
Ҳофиз Жомий – яхши оҳангда, паст овозда, Ҳофиз Алига нисбатан жўнроқ куйларди.
Хожа Абдуллоҳ Марворид – табаррук наслига кўра у «Тазкираи маволи» («Буюк олимлар тазкираси»)да тилга олинган; шеърларига кўра Ҳилолий, Аҳлий билан бир қаторда турса, таълиқ хати бўйича Мир Ҳаё ва Мулло Дарвешдан олдинда туради, насхтаълиқ бўйича эса Султон Муҳаммад Нурдан кейин туради – ушбу санъат турларида у беҳад моҳир бўлмаса-да, аммо қонун чалишда тенгсиз эди. У кичикроқ сурнайни ихтиро қилганди. Илгари бошқа мусиқа асбоблари бўлганда қонунга унчалик эътибор қилишмаган, негаки қонун у қадар хушоҳанг соз бўлмаган. Хожа Абдуллоҳ шу даражада қайта созладики, Хожа Абдуллоҳнинг қонунини чалишганда, одамлар бошқа мусиқа асбобларини хоҳламай қолишди. Бу санъат турида у моҳир бўлганлиги боис фазилатлари ичида бу асосийси эди, демак шубҳасиз, у шу гуруҳ ичида биринчиси эди.
Устод Саид Аҳмад Ғижжакий ва Мазҳари Удий – ғижжак ва уд чалишнинг мислсиз усталари эди. Аммо Устод Қулмуҳаммад ўша мусиқа асбобларининг ҳар бирини чалишда икковидан ҳам ўзиб кетди. Унинг жозибали мусиқий пешравлари бор.
Устод Ҳайдаршоҳ Балабоний – ўз касбида тенгсиздир, балабон (арфа) чалишда унга тенг келадиган киши бўлмаган.
Яна бири – Устод Шайх Нойи – ҳамма мусиқа асбобларини ҳамма устозлардан ҳам яхшироқ чаларди, аммо най чалиш асосий машғулоти бўлганлигидан у шу соҳада шуҳрат қозонди.
Ўша даврдаги илм, санъат, ҳунар аҳли орасида буюклари, мислсиз вакиллари кўп эди, аммо ҳаммаси ҳақида ҳикоя қилиш қийин. Ўша пайтда Хуросонда етишиб чиққан, илм-фан, санъат намояндаларининг барчаси Мир Алишер Навоий ғамхўрлиги ва тарбияси туфайли камолотга эришганлар.
Ҳикоянинг хотимасига қайтиш.
Бу муқаддимадан мақсад ва ушбу ёзувлардан ният – отам (Аллоҳ унинг юзини ёритсин) Хуросонга борган пайтда умуман Хуросоннинг буюклиги, ободонлиги ва гўзаллиги, хусусан Ҳирот ва аҳолисининг шуҳрати шу даражада эдики, булар ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик, шуларни таъкидлашдир. Султон Ҳусайн мирзонинг илгари улуғ, қудратли оталарига тобе бўлишни истамай оқ ва осий бўлган ўғиллари, бу пайтга келиб, тавба қилишиб, унинг пойини ўпишга муяссар бўлиб, ҳар бирлари Султон Ҳусайн мирзо тахтиравонини итоат елкаларига қўйиб, эҳтиром қўли билан кўтаришди ва улар ўртасида батамом иттифоқлик юзага келди.
Отам Ҳиротга етиб келганда, истиқболига одамлар чиқиб, уни иззат-икром билан кутиб олишди, муносиб ердан жой бериб, барча зарур нарсаларни муҳайё қилишди. Шоҳрух мирзонинг амирларидан бўлмиш Муҳаммад Бурундуқ барлос бор эди. Ўша пайтда мўғул ва чиғатой улусида машҳурлиги, ёши, унвони, аслзодалиги, фикрлаш тарзи, зийраклиги, эгаллаган мансаби жиҳатидан ундан обрўлироқ киши йўқ эди. Ана шу амир Муҳаммад Бурундуқ барлос тўра таомилига кўра отамга илтифот ва такаллуфлар кўрсатиб, Султон Ҳусайн мирзо қошига олиб кирди. Отам ҳам унга кутганидек жавоб қилди. Султон Ҳусайн мирзо ҳам отамга эътибор кўрсатди. Унга ўз ўғилларидан, ҳатто энг ҳурматли, энг азиз тўнғич ўғли Бадиуззамондан ҳам ортиқроқ эътибор қилиб, улардан юқорига ўтқазди. Отам жаннатни эслатувчи бу шаҳарда иззат-икром қуршовида роҳат-фароғатда яшади. Султон Ҳусайн мирзо гўё отамни шу ерда қолишини хоҳлаб, уни невараларидан бирига унаштириб қўйди. Султон Ҳусайн қариб, ёши бир жойга бориб қолган, фалаж ва бўғимлар оғриғидан азоб чекар, унинг ўғилларида отасининг ўрнини эгаллаб, Шоҳибекхонга қарши кураша оладиган журъат етишмасди. Отамнинг бу ерда қолиш режаси бўлмаса-да, Мирзо таклиф қилган никоҳга рози бўлди.
Бу орада, юқорида эслатилганидек, Мўғулистондан Самарқандга Шоҳибекхон ҳузурига илтимос билан Шоҳбегим келди. Шоҳибекхон Султон Ҳусайн мирзога тобе Хоразмни эгаллаш учун қўшин тортишга қатъий қарор қилди. Шоҳибекхоннинг ишораси билан отам Хуросонга қочиб келди. Султон Саидхон – Мўғулистонга қочиб кетди, Шоҳибекхон қолган кўпчилик мўғул улуғларини абадиятга жўнатди. Баъзиларини қоронғу зиндонга ташлади, баъзиларини кишанлади, Шоҳбегимни Мовароуннаҳрдан Хуросонга сургун қилди. Қолган мўғулларни ўзи билан бирга Хоразмга олиб кетди.
Юнусхоннинг фарзандлари саноғи ҳақида гапирилганда, тўнғич фарзанди Меҳр Нигор хоним эканлигини, уни Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзога никоҳлаб берилганини айтиб ўтган эдик. Шоҳибекхон Султон Али мирзони тутиб ўлдириб, Самарқандни қўлга олгач, ўша ғалабага эришган кунларда Меҳр Нигор хонимни ўз никоҳига олган эди. У охирги марта Самарқандга ҳужум қилганда Бобур Подшоҳ билан сулҳ тузишди, у Хонзода бегимни ўзига талаб қилади. Бобур Подшоҳ ўз ҳаёти эвазига опаси Хонзода бегимни Шоҳибекхонга бериб, соғ-саломат чиқиб кетди, бу ҳақда юқорида ёзган эдик. Меҳр Нигор хоним Хонзода бегимнинг холаси бўлганлиги учун бир вақтда иккови билан яшаш ноқулай бўлганлигидан Шоҳибекхон Меҳр Нигор хонимни талоқ қилиб, Хонзода бегимни никоҳига олди. Шоҳбегимни Хуросонга жўнатишаётганда Меҳр Нигор хоним Самарқандда эди, у ҳам ўгай онаси ёнига йўлдош бўлиб қўшилди. Отам Шаҳрисабздан қочганда бир холаси бошқа оила аъзолари билан Шаҳрисабзда қолган эди. У укам Муҳаммад Шоҳни ўзи билан олиб, Шоҳбегим ва Меҳр Нигор хоним ҳамроҳлигида Хуросонга келди. Отам буларнинг келишларидан олдин муборак Ҳижоз (муқаддас ҳаж) сафарини кўнглига тугиб ўтирган эди, аммо булар келишгач, бағрикенглик қоидасига мувофиқ, уларни мусофир юртда ёлғиз ташлаб кетолмади. Уларни Кобулга олиб боришга қарор қилади, чунки Кобулда Бобур Подшоҳ бор эди, бу ҳақда тўхталиб ўтдик. Шоҳбегим Бобур Подшоҳнинг онасига ўгай она эди. Холаси Меҳр Нигор хоним эди. Шу ният билан отам Султон Ҳусайн мирзодан рухсат олиб, Кобулга жўнади. Кобулга етиб бормасимиздан бир неча кун олдин Бобур Подшоҳнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним вафот этган эди.
Бобур Подшоҳ буларни мотам либосида кутиб олди. Буларга иззат-икром, катта ҳурмат-эътибор кўрсатди, иложи борича хотиржамлигини сақлашга ҳаракат қилди. Анча муддат уларнинг ҳаётлари тинчлик, осойишталикда кечди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Султон Ҳусайн мирзо оламдан ўтди, деган хабар келди.
Хуросондаги вазият мана бундай эди: Бадиуззамон мирзо тўра таомилига кўра отасининг тахтига ўтириши керак эди. Султон Ҳусайн мирзонинг суюкли хотини Хадича бегим фитна-фасодчиларнинг сардафтари бўлиб, ўғли Музаффар мирзонинг салтанат ишида Бадиуззамон мирзога шерик бўлиши учун ҳаракат қилди. Гарчи ўша пайтда доно одамлар ҳам мавжуд бўлишса-да, улар Қуръони каримнинг: «Ягона Аллоҳдан ташқари яна Худолар бўлганда эди, улар сўзсиз ҳалок бўлишарди» (21.22) ояти мазмунини унутиб, Хадича бегим фикрига рози бўлишди, шубҳасиз, бу билан иш ўнгланмади.
Бу пайтда Жаҳонгир мирзо Ғазнида эди. Ўз вилоятининг танглигидан Хуросонга жўнади ва Бобур Подшоҳга хат ёзди: «Шу кунларда Султон Ҳусайн мирзо дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилди. Ўйлашимча, шундай пайтда Султон Ҳусайн мирзонинг ўғилларига ёрдам бериш учун улар билан бирлашмоқ керак, эҳтимол, ўшанда барча ишлар изга тушган бўларди». Ушбу мактуб Бобур Подшоҳ қўлига етиб боргач, у ўша заҳотиёқ йўлга тушишга қарор қилди, ўйладики, агар у Жаҳонгир мирзога йўлдаёқ етиб олса, уни орқага қайтаради, борди-ю, етолмаса, укасининг изидан Хуросонга йўл олади. Жаҳонгир мирзо кўнглида туғилган фикр ҳақиқатга яқиндир. Бобур Подшоҳнинг жўнаши аниқ бўлгач, у отамнинг уйига келиб, Кобулдаги ҳукумат ишларига бош-қош бўлиб, оиласига ҳам қараб туришини илтимос қилди. Лекин отам бунга рози бўлмади, узр сўраб: «Мен ҳажга боришга аҳд қилган эдим. Агар бу ишни бўйнимга олсам, ўша аҳдим бузилади. Амирлар орасида мўътабар зотлар кўп. Бу ишни ўшалар ўз бўйинларига олишса бўлади. Агар менга бирор иш юклашса, ҳеч бир бўйин товламай имконим борича бажаришга ҳаракат қиламан», деди.
Бобур Подшоҳ Низомиддин Али Халифани, Мавлоно Бобои Пашоғарийни, амир Аҳмад Қосим кўҳбурни ва бир неча бошқа етакчи мулозимларини чақириб: «Мен сизларга ишониб кетяпман, мана амирлар барча ишларни бажаришади», деди-да, шунга ўхшаш бир қанча бошқа топшириқларни бериб, Хуросонга кетди.
давоми бор