Араб тарихчиси Ёқут Ҳамавий: «Мовароуннаҳрнинг Марв шаҳрида бўлганимда у ердаги кутубхоналар, улуғ донишмандларнинг асарларидан фойдаланишдаги завқ-шавқ билан бола-чақа, ёру дўстларимни ҳам унутиб юбордим. Марвда илмий аҳамиятга эга бўлган қимматли китоблар жуда кўп эди. Мен у ердан кетган вақтимда (1220 йилда) вақф қилинган, яъни текинга хизмат қиладиган ўнта кутубхона бор эди. Дунёда китобининг кўплиги ва яхшилиги жиҳатидан ундай жойни кўрмаганман. Масалан, Катта Жомеъ (дорилфунун мажмуи)га қарашли иккита кутубхона бўлиб, бири Султон Санжар ходимларидан Азизиддин Абу Бакр Занжоний номига қўйилган. Унда ўн икки минг жилдга яқин қўлёзма китоблар сақланади». (Машҳур файласуф Ибн Қибтийга ёзган мактубидан).
Араб олими Мустафо Ҳусний: «Ибн Надиймнинг айтишича, Маъмун билан Рум подшоҳи ўртасида ўзаро алоқа бор эди. Маъмун уни айрим урушларда мағлуб этган бўлиб, ўрталарида тузилган сулҳга кўра Рум подшоҳи ўз хазинасидаги китобларни таржима қилишга Маъмун жўнатган одамларга рухсат бериши керак эди. Рум подшоҳи ҳам ушбу шартни бажонидил бажаради. Ғолиб ҳоким ғалаба учун миллатининг фарзандларига мамлакатига келтириладиган илмий китоблардан кўра қийматлироқ нарсани кўрмади. Тарих сўзлаган бундан ҳам буюк ҳодиса борми?». («Ислом ҳазораси» китоби, Тошкент, 2004 йил).
Бухоролик олим Шарифжон Махдум: «Бухородаги Мозори Шариф дарвозасининг ташқариси «Гулзор»да қаландарона ҳаёт кечирувчи Фозил девона форсий китобларни кўчирадиган кучли хаттотлардан эди. 1803 йилда бир савдогар Ҳиндистондан Бухорога Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ўз қўли билан ёзилган девонини олиб келди. Бу хабар Бухоро амирига ҳам етиб, у китобни кўриш ва сотиб олиб мулкига айлантириш ҳавасига тушди. Лекин савдогар уни ҳар қандай қиммат баҳога сотишга ҳам, жуз бандини бузиб нусха кўчиртиришга ҳам рози бўлмади. Бухорода бир ой туришни режалаган савдогарни қирқ кун қолишга мажбурлашди. Чунки амир шу муддат ичида ундан бир нусха кўчиртириб олмоқчи эди. Ҳамма ёққа жар солиб, «қайси котиб шу ишни қирқ кун ичида уддаласа, минг тилло пул, яна инъом ва ҳадялар берилиши» овоза қилинди. Оз муддатда катта бир ишни бажариш қийинлигидан бирор хаттотнинг нафаси чиқмади. Шунда тўсатдан пайдо бўлиб қолган Фозил девона бу шартга кўнди. «Гулзор»даги ҳужрасининг эшигини ёпиб, китобатга киришди. Қирқ кун деганда амирнинг одамлари уни тантана билан аркка олиб келишди. У кўрсатилган муддатда икки нусха кўчирган бўлиб, бирини амирга тақдим қилди, иккинчисини ўзига қолдирди. Нусхаларнинг ҳар бири икки варақли қоғозга кўчирилган, тахминан 500 га яқин жуз (табоқ) бўлар эди. Амир хаттотга илтифотлар кўрсатиб, бир минг қизил олтин, бош-оёқ сарпо, турли ҳадялар берди. Фозил девона пулга сув лабида бир бино қурган эди». («Рисолаи хаттотон» асари қўлёзмаси, 264-бет).
Ўтмишдаги ватандошларимиз ва диндошларимиз китобга бугунги муносабатимизни кўрганда не аҳволга тушишаркин?