Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳақида Италиянинг Марко Поло институти томонидан нашр этиладиган “Марко Поло” журналининг 2006 йил 2-сонида махсус мақола босиб чиқарилган. Қуйида ушбу мақола чоп этилмоқда.
2006 йил 9 апрел куни Ўзбекистонда буюк давлат арбоби ва саркарда, Европада “Тамерлан” деган ном билан машҳур бўлган Амир Темурнинг туғилганига 670 йил тўлиши кенг нишонланди.
1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг илк кунларданоқ, кўп асрлар давомида аждодлар томонидан яратилган улуғ, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Машҳур давлат арбоби, Ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи, илм-фан ва маданият раҳнамоси Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим мислсиз даражада юксалди.
Сиёсий майдонга қадам қўйганида Амир Темур эндигина 24 ёшга кирганди. Мамлакат пароканда, маҳаллий сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олганди. Устига устак, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди.
Тахминан бир аср давом этган бу даврда Мовароуннаҳрнинг истибдод аламини тортган оддий фуқароларидан то йирик сиёсий арбобларию дин пешволаригача жуда ҳам оғир кун кечирдилар. Жамиятга озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор, доҳий зарур эди. Тақдир тақозоси билан Амир Темур ана шундай халоскор ва йўлбошчи сифатида тарих саҳнасида пайдо бўлди.
1370 йилда Амир Темур Балхда бўлиб ўтган қурултойда Мовароуннаҳрнинг улуғ амири деб эълон қилинди. Тарқоқликни бартараф этиб, айрим ўлкаларни ягона давлатга бирлаштириш Амир Темурнинг асосий мақсади эди. У давлатнинг пойтахти қилиб Сўғдиёнанинг қадимий пойтахти бўлган Афросиёб харобалари ёнидаги Самарқандни белгилади ва янги шаҳарга асос солди.
Амударё билан Сирдарё оралиғи, шунингдек, Фарғона ва Шош вилоятларини бирлаштириб ўзига бўйсундиргандан кейин Амир Темур бошқа мамлакатларга ҳарбий юришларга киришди.
Амир Темур салтанати Ўрта Осиёда 35 йил (1370-1405) ҳукм сурди. У Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Амир Темур ҳарбий юришларининг билвосита оқибатлари улкан аҳамиятга эга: у Хитойда Мин сулоласи давлат бошига келганда мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфининг олдини олди; Олтин Ўрдани енгиб Москва Руси учун ҳам худди шундай ёрдам кўрсатди. 1402 йилда усмонлилар султони Боязид устидан Европа учун катта аҳамиятга эга бўлган ғалабани қозониб, усмонлиларнинг Константинополни истило этишларини ярим асрга суриб юборди. Француз тарихчиси Р.Груссе 20-аср бошларида “Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси христиан оламини асраб қолди”, деб ёзган эди.
Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро 1, Юлий Сезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди. Амир Темур мингта жанг ўтказиб биронтасида ҳам енгилмаган машҳури замон саркарда сифатида, давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган сиёсий арбоб сифатида тарихга кирди.
Амир Темур тарафидан тарқоқ вилоятлар ягона давлатга бирлаштирилиб, марказий ҳокимият тузилиб барқарорлашгандан кейин, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамланди, савдо ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариши ривожлана бошлади, қўшни ва узоқдаги мамлакатлар билан савдо-хўжалик алоқалари кенгайди.
Амир Темур ҳаётлик пайтида давлат бошқаруви ҳақида “Темур тузуклари” деган номда машҳур бўлган махсус китоб ёзилган эди. Унда бу машҳур давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга, давлат тузилиши ва мамлакатни бошқаришга оид қарашлари акс этди.
“Куч адолатда” шиори бутун Амир Темур давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.
14-асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр Яқин ва Ўрта Шарқнинг тижорат, иқтисод ва маданият марказига айланиб борди. Чингизхон қўшинлари томонидан таг-тубигача вайрон қилинган Самарқанд, Кеш, Бухоро, Термиз, Тошкент, Марв, Ҳирот каби ва бошқа қадимий шаҳарлар обод бўла бошлади. Масжиду мадрасалар, мақбаралар, карвонсаройлар ва ҳаммомлар қурилди.
Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд, Амир Темурнинг ниятига кўра, куррайи заминдаги энг чиройли шаҳарга айланиши керак эди. Самарқанд Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг яхши меъморлари тўпланган шаҳарга айланди. Меъмор ва бунёдкор усталарнинг баҳамжиҳат саъй-ҳаракатлари туфайли жаҳон меъморчилигида янги йўналиш пайдо бўлди ва у ижоднинг гўзал намуналарини инъом этди
Амир Темур ҳаётлик пайтида бунёд этилган ўнлаб меъморий ёдгорликлар инсон тафаккури, ақли ва салоҳиятининг беназир тажассуми эди.
Амир Темур 12-асрда яшаган ислом илоҳиётчиси, шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий даҳосига эҳтиром кўрсатиб, унинг шарафига Туркистон шаҳридаги кичик дахма устида улуғвор мақбара бунёд эттирди. Мақбара бугунги кунда ҳам ўзининг салобати, кўрки ва ажойиб сопол безаклари билан кишини ҳайратлантиради.
Хожа Аҳмад Яссавий адолатни, инсоннинг ахлоқий покланиш ва комилликка эришиш ғояларини тарғиб этгувчи сўфийликнинг “яссавия” тариқати асосчиси эди. Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавийни ўзининг пири деб билар, динга кишиларни маънавий ва ахлоқий камолотга етакловчи, мамлакат куч-қудрати ва улуғворлигини мустаҳкамловчи куч сифатида ёндашарди.
15-аср тарихчиси Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур “ободончиликка арзийдиган бир қарич ҳам ер бўш қолмасин”, деб қайғурарди.
Улкан ва қудратли салтанат барпо этган Амир Темур янгича тарихий вазиятда мамлакатда маънавиятнинг гуллаб-яшнаши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратди. Амир Темур ва Темурийлар сулоласи вакилларининг гуманитар соҳаларга алоҳида эътибори туфайли Х1В-ХВ1 асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилди.
Амир Темур ва Темурийларнинг аёлларга бўлган меҳрибонларча муносабатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Амир Темур ўзининг суюкли рафиқаси Бибихоним шарафига Самарқандда улуғвор жоме масжид қурдирди. Бибихоним номи билан аталувчи бу масжид Амир Темур даврининг энг маҳобатли биноларидан бири саналади. Масжид 1399-1404 йилларда қурилган ва ҳозирга қадар яхши сақланган. Буюк бобокалонидан ўрнак олган бобурий Шоҳжаҳон суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим учун 1652 йилда мақбара - дунё мўъжизаларидан бирига айланган нодир меъморий ёдгорлик қурдирди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида адабиёт, амалий ва тасвирий санъат ривожланди. Айниқса, исломга қадар мавжуд бўлган деворий монументал расм ва китоб миниатюраси санъати юксалди.
Амир Темур тарихда моҳир дипломат ва давлатлар ўртасида яхши муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларини йўлга қўйиш тарафдори сифатида чуқур из қолдирди. У Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширди. Соҳибқирон дунёнинг турли мамлакатлари билан алоқалар ўрнатди: бир тарафдан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи тарафдан – Франция, Англия, шунингдек, Усмонлилар империяси, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатлар.
Амир Темур савдо-иқтисодий муносабатлар орқали халқлар ва мамлакатлар орасида ягона макон яратишда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. У Испания қироли Генрих III Франция қироли Карл IV, Англия қироли Генрих саройларига элчилар йўллади; айни пайтда ўз саройида испан, француз, инглиз, хитой ва бошқа хорижий мамлакатларнинг элчиларини қабул қилди.
Амир Темур умрининг кўп қисмини юришларда ўтказди. Шарққа қилган юриши пайтида Амир Темур 1405 йил 18 феврал куни Ўтрор шаҳрида вафот этди. Унинг жасади Самарқандга олиб келиниб, 23 феврал куни Гўри Амирда, набираси Муҳаммад Султон дахмасида дафн қилинди.
Европалик олимлар Амир Темур ва унинг фаолияти ҳақида бундан тўрт юз йил илгари гапира бошлаган эди. 1553 йилда Флорентсия (Италия)да италян олими Перондино қаламига мансуб “Скифлик буюк Тамерлан” китоби босилиб чиқди. Бу Европада Амир Темур ҳақидаги илк илмий тадқиқот ҳисобланади.
Европа тилларида (испан, инглиз, француз) эълон қилинган ёзма манбалар ичида биринчи ўринда испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)” туради. Буюк Рембрандт Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темурни унинг ворислари Умаршайх, Заҳириддин Бобур, Ҳумоюн ва Акбар даврасида тасвирлайди.
ХУ1 асрда яшаган машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темур” номли трагедиясида ёш Темурбек ўзининг тенгсиз ақли, салоҳияти ва шижоати билан жаҳон тарихидаги қудратли подшолардан бирига айлангани намойиш этилган. Трагедия ХУП асргача саҳнадан тушмай, Англияда театр мавсумини бошлаб берган.
Бир неча европалик бастакорлар операларда Амир Темур образини яратганлар. ХУП аср бошида италян бастакори Гаспирни “Тамерлан” операсини яратди. Мазкур опера Вена театрида саҳна юзини кўрди. Бастакор Лео уни Неапол театрида саҳналаштирди. Антонио Вивалди, Сколари, Гендел ва бошқа бастакорлар ҳам бу мавзуда мусиқа асарлари яратганлар.
Бугун жаҳоннинг элликдан ортиқ мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Темур ва Темурийлар даврига бағишланган кўплаб китоблар чоп этилмоқда. Ўтган олти юз йил мобайнида Европа тилларида Амир Темурга бағишлаб ёзилган салмоқли асарларнинг сони 500 га етди, Шарқ тилларида эса 900 дан ошди.
Русчадан М.Аҳмедов таржимаси
ЎзА