loader

Николай II тирикми?

Тарихда ёзилишича ва биз шу кунга қадар ишониб келган маълумотларга кўра, Россиянинг энг сўнгги подшоси Николай II ва ўша даврнинг сарой маликалари бўлмиш буюк княгинялар - шоҳнинг хотини ва қизлари 1918 йилнинг июлида болшевиклар ҳукумати томонидан отиб ташланган эди. Аммо буни қарангки, буларнинг барчаси уйдирмага ўхшаб қолди.



Маълум бўлишича, Русиянинг сўнгги ҳукмдори яқин йилларга қадар ҳам Серпухово яқинидаги 17-ўта махфий объектда яшаб келган. Бундан ташқари, ҳукмдорнинг қизи, улуғ княгиня Олганинг ўлимидан сўнг дафн этилиш сирини эса Ватикан узоқ йиллар махфий сақлаган.



Гап шундаки, Дания Қироллигидаги Петропавловск ибодатхонасидан Александр учинчининг хотини, яъни Николай II нинг онаси бўлмиш императритса Мария Фёдоровнанинг хоки кўчирилиб, қайта дафн этилади.Бу норасмий маросим 1998 йилда ўтказилиб, айнан Николай II ва унинг оила аъзоларининг қайта дафн этилиш вақтига тўғри келади.Лекин шунга қарамай, ҳамон кўп нарсалар мавҳумлигича қолиб келмоқда.Уларнинг энг муҳими эса қуйидагича : ҳақиқатан ҳам сўнгги рус подшоси илгариги салафдошлари билан айнан шу улуғ ибодатхонага дафн этилганмиди? Матбуотда бу мавзу жуда кўплаб бир-бирига зид бўлган маълумотлар берилгани, илмий тадқиқотлар ўтказилганига қарамай, ҳамон бир хулосага келинганича йўқ.



Аммо бу воқеаларга доир «Мир новостей» газетасига парижлик фоторепортёр, 70-йилларда СССРдан муҳожир бўлиб кетган Владимир Сичевнинг берган интервюсидаги тахмин ва гумонлар шундан далолат берадики, буюк княгинялардан бири Олга Николаэвна 1976 йилга қадар Ватикан раҳнамолигида яшаб келган. Бу эса Колчак топшириғига кўра подшо оиласининг аъзоларини битта қолдирмай қириб ташлаш тўғрисидаги буйруғининг бажарилиши натижалари тўғрисида янгича тахминларни юзага келтиради.



- 1970 йилнинг охирида мен тақдир тақозоси билан Россиядан Ғарбга кетиб қолдим. Айни пайтда Парижда истиқомат қиламан. СИПА агентлигида фаолият кўрсатмоқдаман, - деб ўзини таништирган Владимир Сичев қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди:



- 1983 йилнинг ноябрида мен Венетсияга хизмат сафари билан боргандим. Бу ерда йирик давлатларнинг бошлиқлари учрашиши керак эди. Ушбу саммитда бир италян журналисти билан танишиб қолдим. Менинг ўзига ҳамкасаба эканлигим ва айниқса руслигимни билгач, у қўлимга бир газета тутқазди. Унда Николай II нинг отиб ўлдирилишдан қандай сақлаб қолиниши тўғрисида мақола чоп этилганди. Мазкур мақолада Швейтсариянинг хусусий клиникаларидан бирида бутун католик дунёсининг диний ҳамшираси Паскалинанинг вафот этгани, бу роҳиба Пия ХII (1939-1958й.) папалиги даврида муҳим бир вазифада ишлагани ва энг асосий қарорларни қабул қилишда папага кучли таъсир кўрсата олиши билан машҳур бўлган. Католик мазҳабининг маркази бўлмиш бу юртда уни «Ватиканнинг темир хоними» деб аташарди. Шундай қилиб, Паскалина она ўлимидан олдин ёнига адвокат ва гувоҳларни чақиртириб, ўзининг умри давомида шоҳиди бўлган бир сирни қабрига олиб кетишни истамаслигини билдирган. У Италия шимолида жойлашган Маркотти қишлоғи яқинида дафн қилинган номаълум аёлнинг майити аслида рус подшоси Николайнинг қизи Олганики эканлиги ва у асло 1918 йилнинг 16 чидан 17 июлига ўтар кечаси болшевиклар томонидан отиб ўлдирилмагани тўғрисида гапириб бергани тўғрисида сўз борарди. Шунда В.Сичев италян журналистидан у билан бирга ўша қишлоққа бирга боришни, бу қабрнинг мавжудлигини ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилиши кераклигини сўраб, туриб олади. Тўрт соатлик йўлдан кейин улар қишлоққа етиб келишади. Маҳаллий гўрков уларни ҳеч қандай иккиланишсиз бир қабрга бошлаб боради. Дарҳақиқат, қабртошда «Олга Николаэвна, рус подшоси Николай II Романовнинг катта қизи, (1895-1976 йиллар)» деган битик бор эди. Қабртошда марҳуманинг фамилияси қайд этилмаган бўлиб, бу унинг шунча вақт бошқа ном остида яшаганидан далолат берарди.



- Бунинг бари мен учун ниҳоятда кутилмаган янгилик эди, - ҳикоясида давом этади Владимир Сичев, - ва шу сабаб ҳамон ҳаяжонимни босолмай, таржимон ёрдамида қабристон қоровулидан бу аёл қишлоқда қачондан бери яшай бошлаганини сурадим.



- У бу ерга 1948 йилда, урушдан кейин кўчиб келганди, - деди ишонч билан қоровул.



- Бу ерда яшаб юрган вақтида у ўзи тўғрисида бирор бир маълумотлар берганмиди?



- Албатта , Олга келиши билан бу ердагиларга ўзининг сўнгги рус шоҳининг қизи эканлигини айтганди.



- Унинг бу гаплари матбуотга ҳам чиқармиди?



- Ҳа, чиқарди.



- Бу кутилмаган арзга бошқа Романовларнинг муносабати қандай бўлди?



- Улар аёлни судга беришди.



- Ва ҳар сафар суд жараёнида ютқазармиди?



- Ҳа, шундай.



- Унда, - деб овоз чиқариб мулоҳаза юрита бошладим мен,- бу аёл ғолиб келган тарафнинг адвокатларининг харажатларини тўлаши керак эди-ку. Бунга у пулни қаэрдан оларди? У бирор жойда ишлармиди?



- Йўқ, у ҳеч қаэрда ишламасди.



- Унда бу харажатларни ким тўлаган?



Қоровул хотиржам , шуни ҳам билмайсизми дегандек жавоб берди:



- Ахир қишлоқдагиларнинг ҳаммаси унинг Ватикан ҳомийлигида эканлигидан хабардор эдилар.



Парижга қайтгач, В.Сичев марҳумага тегишли бор ҳужжатларни титкилашга тушади. Ва махфий ҳужжатлардан ҳақиқатдан ҳам шоҳ оиласини ёппасига отиб ташлаш қатли содир этилмаганини билиб олади.



«ҚАТЛ» НОМЛИ СПEКТАКЛ



Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ўз топшириғининг қай даражада тоза бажарилганини аниқлаб келиш учун ўша пайтларда адмирал Колчак қандайдир Наметкин деган кимсани шу ишни ўрганиш бўйича изқуварликка ёллайди. Терговчи вазифасига тайинланган ва бу иш билан уч ой машғул бўлган Наметкиннниг фикрича, бу иш ўта жўн бўлиб, у қуйидаги хулосага келади: ҳеч қанақанги қатл отишмаси содир этилмаган, шунчаки ғазот инстсенировкаси намойиш этилган холос.



Бундай хулоса Колчакни қаноатлантирмайди ва Наметкиннинг берган ёзма ахборотини тортмага ташлаб қўйиб, бошқа бир, Сергеэв фамилияли изқуварни ёллайди. Айнан Сергеэв ҳақиқатни охиригача очиши керак эди.



Худди ана шу ерда биз ҳозирги замон ўқувчиларига айрим нарсалар янада ойдин бўлиши учун бироз чекиниш қилишимизга тўғри келади. Инчунун ўша даврдаги воқеаларга шоҳид бўлган руслар 1917 йилдаги мазкур воқеалар ҳақидаку яхши билишарди, аммо франтсузларнинг кинояли таъкидларига кўра шоҳни Ленин қатл эттирган деб ҳисобланиб келинган. Ваҳоланки, ўша пайтда Ленин эндигина чет элдан, Германиядан қайтиб келган, шоҳни эса оқ республикачилар ғорат қилишганди. Эндиликда уларга тирик шоҳнинг ҳечам кераги йўқ ва подшоҳ тўғрисидаги қолган-қутган афсоналар эса шунчаки тўқиб-бичиб ташланган эди. Аслида эса ҳаммаси бошқача бўлган. Яъни изқувар Сергеэв уч ой мобайнида Колчакка қуйидагиларни маълум қилиб туради: «Мен профессионалман ва бу воқеаларнинг ҳаммасини таҳлил қилиб чиқиш учун менга кўп вақтнинг кераги ҳам йўқ. Шунинг учун таъкидлайманки, ҳеч қанақанги қатл содир этилмаган ва бу «хунрезлик» саҳна кўриниши бўлган холос.» Аммо бу кўрсатмалардан ҳам қаноатланмаган Колчак мазкур ишга ўз одами - юрист Николай Соколовни жалб этади. Соколов 1919 йил февралининг охиридан май ойининг сўнгигача бу иш билан шуғулланади. Бироқ қидирув ишларини якунлашга улгуролмай қолади: сабаби қизиллар Екатеринбургни ишғол қилгандилар. Оқ армия билан бирга архив ҳужжатларини ҳам ўзи билан олганча чекинган Соколов Парижга келиб қолади ва ниҳоят 30-йилга келиб «Шоҳ оиласининг қатли» номли китобча чоп эттиради.



(Шу ерда аниқлик киритиб ўтадиган бўлсак, Соколовнинг мазкур китоби аслида 1925 йилда чоп этилагн бўлиб,унинг муаллифи 1924 йилнинг 23 ноябрида «маълум бўлмаган сабабларга кўра» вафот этганди. Бу инсоннинг кўримсизгина қабрига дўстлари томонидан ўрнатилган лавҳга эса қуйидаги сўзлар зикр этилган: «Сенинг Ҳақиқатинг- Абадий Ҳақиқат». Россияда бу китоб 1990 йилдагина «Советский писател» нашриёти томонидан чоп этилади.



Бундан ташқари, шуни таъкидлашим мумкинки, айнан ўша даврга келиб, Париждаги рус антиквар магазинларида Соколов тадқиқотларининг бирининг нусхасини сотиб олишни таклиф қилишди. Мазкур нусха қадимги машинкада терилган бўлиб, шоҳнинг ўлдирилган оила аъзоларининг суратлари , Коптягада ёндириб юборилган бу мурдаларни излаш схемалари, Соколов дастхатлари ва ўша пайтда бор-йўғи бир нечагина нусхада бўлган ашёлардан иборат эди. Магазин хўжайини мазкур бебаҳо ҳужжатлар учун беш минг доллар сўради. Афсуски, ўша пайтда Парижда мен бу миқдордаги пулни топишнинг иложини қилолмадим. Бундай ноёб ҳужжатларнинг ўз баҳосига нисбатан бу қадар арзон бўлишининг сабаби шунда эдики, ашёвий ҳужжатлар тўплами ичида битта боб етишмасди.



- Шундай қилиб, ҳар иккала изқуварнинг хулосалари, - давом этади Сичев, - фавқулодда кутилмаган бир нарсани, яъни ҳеч қандай қатли ом бўлмаганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, шу пайтгача ўлдирилганларнинг танаси топилмаган, демак мурдалар юқ-ки, қатл ҳам бўлмаган. Бундан келиб чиқадики, бутун бошли подшоҳ оиласи изсиз ғойиб бўлганми?



Расмий тахминларнинг мантиққа тўғри келмаслиги сабаби - оқлар Екатеринбургга саккизинчи куни кириб келгани маълум бўлади. Император поэзди ваҳима ва қўрқув билан бу ердан чиқиб кетади. Ўлдирилганларнинг жасадлари юк машинасидаги иккита солдатга топширилади.Ўлкашунослик музейидаги маълумотларга кўра, бу ҳайдовчиларнинг машина бакида жами 78 литр бензин борлиги маълум бўлади. Бу ёнилғи миқдори шу қадар кўпки, хас-хашаклар билан ёпилган мурданинг устига бир карра учқун беришнинг ўзи бутун таналарнинг кулини кунпаякун қилиши турган гап. Бундан ташқари, мурдаларни дафн этиш - бу уларни ўлдирганларнинг иши эмасми, буларга тақдирнинг ҳукмида номаълум қолдирилган иккита худобехабар аскарнинг нима алоқаси бор?



Шундай қилиб, Николай IIни 1998 йилда Романовлар билан эмас, унинг ёнидаги қардошлик қабристонига қайта дафн этдилар. Мазкур тантанада «Романовлар - императорлар оиласи» деган иборалар жарангламади. Бунда фақат улуғ азобга гирифтор бўлганлар, айбсиз қатл этилганлар ҳақидагина сўз борди.



Яқинда эса Николай ва унинг қавм-қариндошларининг майитидан қолган суякларни экспертиза қилиш ишларида иштирок этган японияликлар бизнинг ўтказган текширувларимиз хатолиги, Петропавловскда дафн этилган суяклар бошқа бировларники эканлигини таъкидлашди. Бунга қўшимча қилиб яна шуни айтиш мумкинки, дафн этилганлар орасида Анастасия ва Алексейнинг суяклари йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, шоҳ оиласининг ёппасига отиб ўлдирилгани тўғрисидаги тахмин ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Мутахассислар таъкидлашмоқдаки, бундай отишмадан омон қолиш умуман мумкин эмас.

Бундан келиб чиқадики, ёхуд Ипатевский ертўласида ўтказилган қатлда бу бахтиқароларнинг ҳаммаси битта қолмай қириб битирилган ёхуд умуман бу қатл содир этилмаган .



Сичев бу воқеларни гапириб беришни якунлаганда, махфий 17-объектдан тортиб, Коншин реквизитларигача унинг компютерида шу мавзуда бирор бир маълумот топилмасмикин, деб қизиқиб қолади. Буни қарангки, уч минутга қолар-қолмас, компютердан шундай жавоб олинади: Ҳа, Сталин икки бор Кремлни тарк этиб, зиёратга чиққан. Биринчи бор - чет эл ёзувчиси, яъни Жон Риднинг дачасига, иккинчи бор эса Оржоникидзенинг дачасига.



- Менимча эса, - дея шубҳаланишда давом этади Сичев, - Сталиннинг Москвадан аллақандай чет эллик ёзувчини зиёрат қилиш учун бориши ёхуд Оржоникидзеникига меҳмондорчиликка киришига ишониш қийин. Ва шундан келиб чиқадики, агар шоҳнинг катта қизи Олга 1976 йилда вафот этганини ҳисобга оладиган бўлсак, демак Россиянинг сўнгги подшоси 30-йиллар охирида вафот этган ва Россиянинг ғарбий ҳудудларининг бирлаштирилиши рус императорининг ўзи билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилган бўлиши ҳам мумкиндир. Бошқача қилиб айтганда, мазкур қайта очилган далиллар қандайдир ақл бовар қилмас маънога эга. Хўш, Николай II аслида ким? Ким ўзи бу темир ниқобли одам?



Ҳамкасабаси билан бўлган янги учрашувида Париж репортёри унга Сталиннинг Коншинога қилган ташрифлари тўғрисида гапириб беради. Бунга жавобан у ҳаяжон билан қуйидагиларни ҳикоя қилади: «1983 йилда биз хотиним билан худди ана шу именияга ташриф буюргандик. Мен худди банклардаги каби пўлат деворлару бураб очиладиган тутқичли эшикларни ҳали -ҳали эслайман. Назарий нуқтаи назардан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам бу ерда шу нарса кўринардики, бундай темир бетон девор ортида исталган одам қўриқланиши мумкин эди. Дарвоқе, ҳозир, бир дақиқа, шошмай туринг, мен хотинимга бирров қўнғироқ қилиб боқайчи», деди у ва телефон рақамларини терди. У ёқдан гўшак олингач, сўради: «Ирина, эсингдами, биз 1983 йилда Коншинларнинг имениясига боргандик.У ерда ҳаммасидан ҳам кўра нималар сени лол қолдирганди?» Ва гўшакни менга узатади. Гўшакдан аёл кишининг «У ерда мени ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса бу - Коншинлар қабрининг очиб ташлангани бўлганди» дегани эшитилди.



- Ғалати, шундай эмасми? - сўрайди мендан Сичев.



- Бунинг нимаси ажабланарли. Шунчаки гўрковлар иши ёки бирор хазина қидирувчининг ўзбошимчалигидир-да.



- Ҳечам бундай эмас! Аниқ тахмин шундан иборатки, 17-махфий объектнинг қабристони, боз устига Сталиннинг бу ерга икки бор сирли тарзда келиб кетганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, бу жой полковник Романовнинг хокини сақлаган, яъни унинг кимнингдир нимадандир ниҳоятда хавотирланишига сабаб бўлган суякларини! Ва афсуски бу хавотир ҳали ҳамон йўқолмаган кўринади.



Дилфуза таржимаси