loader

Иккинчи жаҳон уруши ва ўзбеклар

Гарчанд чор ҳукумати ағдарилган бўлса-да, лекин унинг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулми шўро давлати томонидан изчиллик билан давом эттирилди. Чоризм давридаги ҳақ-ҳуқуқсизлик, адолатсизлик, қирғин-барот ва миллий бойликларнинг таланиши энг юқори чўққига кўтарилди. Тарихда кўрилмаган бундай фожиаларнинг барчаси салтанатпарастлик ва коммунистик ғоянинг маҳсули эди, холос. ХХ аср 30-йилларида Олмонияда ҳокимиятни эгаллаган фашистларнинг ғояси ҳам улуғмиллатчилик ва салтанатпарастлик асосига қурилган эди. Уларнинг ирқчилик назарияси инсоният бошига не-не қирғин-баротларни келтирмади, дейсиз.

Фашистлар 1939 йилда Иккинчи жаҳон урушини бошлаб юбордилар. 1941 йил 22 июнда эса собиқ Совет Иттифоқига ҳужум қилдилар.

Ушбу уруш бир халқ ва бир мамлакатнинг бошига тушган офат бўлмай, умумжаҳон ҳаёти ва келажагини барбод этувчи даҳшатли ҳодиса эди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг бу урушдаги иштироки қандай бўлган, деган савол туғилиши табиийдир.

Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 милён сўм нақд пул, 4 миллиард 226 милён сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш топширилди. Армияга 7 518 800 гимнастёрка, 2 636 700 пахталик, 2 221 200 этик ва қўнжли ботинка юборилди. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга 246 918 700 сўмлик маҳсулот жўнатилган.

Қийинчилик ва хомашё етишмаслигига қарамасдан, Тошкент тўқимачилик комбинати фронт учун 410 милён метр газлама ишлаб чиқарди. Шунингдек, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди. Чунончи, 1 282 000 тонна ғалла, 482 000 тонна картошка ва сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулоти, қуруқ ва ҳўл мевалар шулар жумласидандир. Фақат 1941 йилнинг иккинчи ярмида 59 минг бош от фронтга олиб кетилди. Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва тумани ҳамда айрим шахслар жангчиларга ёрдам қўлларини чўздилар. Масалан, 1942 йилнинг бошларида Бухоро вилоятидан 4059 жуфт иссиқ кийим, 9380 жуфт жун пайпоқ ва қўлқоп, 5660 қалпоқ, 2750 шим, 3000 пўстин, 18,5 минг литр вино, қуруқ мевалар олинди. 1943 йилнинг бошларида Ленинградга Андижон вилоятидан 7884 кило ун ва буғдой, 5496 кило ёрма буғдой, 1160 кило гуруч, 418 бош қўй, 8510 кило қуруқ мева, Қорақалпоғистондан 224916 сўм нақд пул, 21614 кило буғдой, 5819 кило гўшт, 3700 кило гуруч жўнатилди. Қорақалпоғистондаги Мўйноқ балиқ комбинатидан 20 милён банка гўшт ва балиқ консерваси олинган эди. Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам жангчилардан ҳеч нимани аямадилар. 1942 йилнинг кузида Сурхондарёдан 5998 бош қорамол, 18 тонна асал, 28 тонна ёғ, 31 тонна қуруқ мева, 3000 литр вино олинди. Тошкентдан 52 вагонда озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди. 1943 йили Сурхондарё вилояти фронт эҳтиёжлари учун 14 милён сўм нақд пул, 330 тонна гўшт ва ёғ, 530 тонна буғдой, 180 тонна қуруқ мева, 33168 дона тери топширди.

Кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотларини Самарқанд, Наманган, Хоразм ва бошқа вилоятлар ҳам фронтга жўнатиб турганлар. Шунингдек, ҳукумат вакиллари томонидан вагонларда катта миқдорда совғалар олиб кетилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Масалан, 1942 йили республиканинг бир гуруҳ вакиллари Ленинградга 600 вагон ун ва гўшт, 100 вагон гуруч, 60 вагон қуруқ мева олиб борганлар.

Урушнинг тўрт йили давомида Ўзбекистон давлатга 4 806 000 тонна пахта, 54067 тонна пилла, 1 066 000 тонна ғалла, 195 000 тонна шоли, 108 000 тонна картошка, 374 000 тонна сабзавот ва ҳўл мева, 35289 тонна қуруқ мева, 57444 тонна узум, 1 593 000 тонна гўшт, 5 286 000 дона тери топширгани маълум. Улар ҳам мудофаа эҳтиёжларига сарфланган, албатта. Бундан ташқари, уруш йилларида Ўзбекистон аҳолиси мудофаа жамғармасига жами 649 900 000 сўм нақд пул ўтказиб берган.

Ўзбек халқи ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ҳам катта ёрдам берган. Чунончи, 1943 йили уларга 13 858 500 сўм пул, 1 308 400 кило озиқ-овқат, 20 750 кийим-бош, 40 000 кубометр ёқилғи, 73 500 пуд ғалла, 10 000 бош қўй, 2000 бош қорамол топширилган, 350 уй қуриб берилган. Шунингдек, ўзбек халқи Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатди. Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир милён эркагу хотин ва бола бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланди. 200 минг етим боланинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олдилар, фарзандларидан кам кўрмай тарбияладилар. Ўзбек халқи жангга кетган турли миллат вакилларининг оилаларидан ҳам моддий ёрдамини аямади. Минглаб болалар Болалар уйларига жойлаштирилди. Давлат томонидан берилган ёрдам етарли бўлмагани учун ўзбек халқи уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турди. Ўзбекистон 113 ҳарбий касалхона — госпитални ҳам оталиққа олди.

1943 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига 24 милён сўм нақд пул, 300 минг кийим-кечак, 50 минг бош қорамол, 40 минг центнер ғалла, 20 минг центнердан ошиқ сабзавот берилди.

Ўзбекларнинг талай қисми “Ишчи батальони”га — Россияга сафарбар қилинди. Уларнинг орасида 16 ёшдан ошган ва ҳунар билим юртини тамомлаган ёшлар ҳам бор эди. 1943 йилга тегишли маълумотда кўрсатилишича, “Ишчи батальони”дагиларнинг сони 155 минг кишидан иборат бўлган. Уларнинг ёши асосан 40-50 ва ундан ҳам ортиқроқ эди. Кўпчилиги қишлоқ аҳолиси ҳисобланиб, рус тилини билмаслиги ва совуқ ҳавога мослашмагани орқасида кўп қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечирган. Яшаш шароитларининг оғирлиги ва ўзларининг эскирган кийимларида ишлашлари оқибатида ниҳоятда азоб-уқубат чекканлар. Мен ўзим Сибир госпиталида даволанаётганимда, ўлкамиздан борганларнинг гадойчилик қилиб юрганлигининг гувоҳи бўлганман. Уларнинг соч-соқоллари ўсган, кийимлари ямалган ва кир босган эди. Уларнинг айтишига қараганда, очлик ва касалликдан ўлаётганлар оз бўлмаган. “Ишчи батальони”даги кишилар Ўрол, Қарағанда, Куйбишев, Саратов, Горкий, Омск, Новосибирск, Москва, Тула, Ярославл, Красноярск, Хабаровск, Кемерово, Челябинск, Свердловск, Перм, Иркутск, Архангелск, Бошқирдистон, Татаристон, Удмуртия ва бошқа жойлардаги саноат корхоналари ва конларда ярим оч ҳолда меҳнат қилганлар. Ким қанчаси она юртидан узоқ жойларда кафансиз кўмилганлар.

Фашистларнинг тор-мор қилинишида Ўзбекистонда уруш йилларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар катта аҳамият касб этди. Саноатнинг асосий қисми ҳарбий қурол ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, улар жанг майдонига узлуксиз юбориб турилди. Айрим маълумотларга кўра, 2100 самолёт, 17342 самолёт мотори, 17100 миномёт, 27 000 танкка қарши отадиган замбарак қисмлари, 60 000 ҳарбий кимёвий анжом, 22 милён мина, 560 000 снаряд, 2 милён 318 минг авиация бомбаси, 1 милён дона граната,100 чақиримдан зиёд сим, дала радиостанциялари, танк ва самолётлар учун 3 милёндан ортиқ радиолампа, 5 бронепоезд, 18 ҳарбий-санитар ва ҳаммом ўрнида фойдаланиладиган ҳамда кир ювиладиган поезд, 2200 кўчма ошхона олиб кетилди.

Шунингдек, ўзбек халқининг шахсий пуллари ҳисобидан тайёрланиб, жанг майдонига юборилган қурол-аслаҳалар ҳам кам бўлмаган. Масалан, танк колонияси ва авиаэскадирилия қуриш учун аҳолидан 320 000 000 сўм тўпланган.

Ўзбекистон 1943 йили немис-фашистларидан озод қилинган ҳудудларга ёрдам беришни бошлаб юборди. Масалан, мазкур йилнинг октябрида Ўзбекистондан Белоруссия, Украина ва Россиянинг душмандан тозаланган ерларига 800 нафар врач сафарбар қилинди. 1944 йилнинг биринчи ярмида эса Украинага 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 6700 бош қўй жўнатилди. 1943-44 йилларда озод этилган шаҳару қишлоқларга Қорақалпоғистондан 45 800 000 бош қорамол ва қўй юборилди.

Тошкент темирйўлчилари вагонларда турли хил жиҳозларни юбордилар. Собиқ Сталинградни тиклаш учун 350 нафар қурувчи борди. Хоразмликлар Харковга ҳар хил қишлоқ хўжалик техникасини жўнатдилар. 1943 йил август ойида республикадан озод қилинган жойларга 1152 трактор, 25 комбайн, 1138 омоч, 38 сеялка олиб кетилди. Сентябр ойининг охирларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар тўлдирилган 374 вагон жўнатилди. 12 октябрда Украинага 450 вагонда совғалар билан бирга 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 10 минг жуфт оёқ кийим, 200 минг газлама моллари, касалхона, мактаб ва радиоузеллар учун жиҳозлар юборилди.

Воронеж ва Курск шаҳарларига 275 бош қорамол, 72 тонна ғалла, 24 тонна қуруқ мева олиб кетилди. Булардан ташқари, республика бўйича 300 тонна ғалла, 180 тонна қуруқ мева, 10 минг жуфт оёқ кийим, 200 минг метр газлама, 2600 минг сўм нақд пул, юк машинаси, телефон станцияси жўнатилди. Украина учун 350 трактор, 200 автомашина, 50 комбайн, 1500 омоч берилди. Ставропол ўлкасига 1142 трактор, 400 сеялка 1142 нафар агроном ва ҳайдовчиси билан жўнатилди. Озод қилинган жойларга Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари 50 минг бош қўй ва 190 минг бош қорамол юборган. Шунингдек, немис-фашистларидан тозаланган республика ва вилоятларга 1944 йили 100 000 китоб совға қилинган эди.

1943-44 йилларда озод қилинган ерларга Ўзбекистондан 13 000 дан ортиқ темирйўл мутахассиси, ҳунар билим юртларидан 15 000 ёш йигит собиқ Ленинград, Киев ва Дунайга йўл олди. Ўзбек халқининг озод қилинган жойларга кўрсатган ёрдами аслида сероб. Аммо умумий тушунча учун келтириб ўтилганлари етарли, деб ўйлайман. Ўзбекистон саноат соҳасида ҳам катта ишларни амалга ошириб, Россия, Украина ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўнлаб корхоналарни жойлаштириб, уларнинг ишчи-хизматчиларини бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлади.

Ўзбекистонда ҳарбий соҳада ҳам беқиёс ишлар амалга оширилди. Хусусан, республикада 15 дивизия ва бригада тузилиб, уларда ўзбеклар салмоқли ўринни эгалладилар. Ўша ҳарбий қисмлардан ташқари ўн минглаб навқирон йигит ҳаракатдаги армия сафларига юборилди. Тошкентдаги ҳарбий билим юртлари фронт учун бир неча минг командир ва сиёсий ходимларни тайёрлади. Урушнинг дастлабки ойларида Тошкент шаҳрининг ўзидан 100 минг йигит ва қисман аёллар ҳарбий хизматга жалб қилинди. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондан бир милён киши фронтга олинган. Бироқ бу рақам унчалик тўғри эмас, деб ҳисоблайман. Чунки Олмонияда тузилган “Туркистон легиони” 1 милён 800 минг кишини ўз ичига олган. Бу легионнинг раҳбарларидан бирининг сўзича, унинг таркибида тожик, қозоқ, туркман ва қирғизлардан ташқари ўзбеклар ҳам бўлган. Маълумки, жанг майдонларида ярим милёнга яқин ўзбек ҳалок бўлиб, қолган ярим милёни ватанига қайтган. Бу икки рақам бир-бирига қўшилса, бир милён бўлади. Энди “Туркистон легиони”дагилар ҳисобга олинса, жангга тортилган ўзбекларнинг сони анча ошиб кетади.

Ўзбеклар Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, Марказий ва Жануби-шарқий Европадаги жангларда қатнашиб, Берлингача бордилар. Шунингдек, Япония билан урушда иштирок қилдилар, партизан урушларида мардонавор курашдилар.

Шу тариқа ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолганини бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди. Айни пайтда бир милёндан ошиқ фарзандлари фашистларга қарши жангларда мардонавор курашди. Улардан бир неча юз минг киши ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Айни пайтда ўзбеклардан тузилган “Ишчи батальон”лар Россия ва бошқа турли жойларда фронт учун фидокорона меҳнат қилдилар.

Бевосита жангларда 27 000 000 кишининг ёстиғи қуриган, бошқа талофатларни ҳам қўшганда 30 000 000 киши нобуд бўлган Иккинчи жаҳон уруши ўзбек халқига ҳам беқиёс катта талофат келтирди. Минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолдилар. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Уруш йилларида чек-чегараси йўқ харажатлар халқни шу даражада қашшоқлаштирдики, таърифлашга қалам ожизлик қилади. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан ўлди. Уруш ўзбек халқининг бор-йўғидан тамомила айирди, кўрпа-ёстиғи, бошқа рўзғор анжомларидан мосуво бўлди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди. Очарчилик ва касалликлар қишлоқларда авжига миниб, кўп одамларнинг ёстиғини қуритди. Болаларнинг орасида ҳам ўлим кўп учрарди. Бироқ шўро давлатининг эътиборсизлиги туфайли уруш вақтида орттирилган қийинчилик ва азоб-уқубатлар тамомила бартараф қилинмади. Айниқса, уруш ногиронларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилмай, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Хуллас, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талофатлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди.

Бугун Мустақиллик шарофати ила ўша мудҳиш уруш йилларининг азобини тортган ва тирик қолган бахтли кишилар ҳаёт гаштини суриш шарафига муяссар бўлдилар. Мен ҳам шулар жумласиданман. Шахсан Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилиб, иззат ва ҳурмат кўрсатилмоқда. Жанг майдонларида ҳалок бўлганларнинг рўйхатини ўз ичига олган кўп жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Хотира майдонида ажойиб мажмуа қурилиб, ҳалок бўлган ҳар бир инсоннинг номи зар ҳарфлар билан битилди. Республиканинг бошқа шаҳарларида ҳам Хотира ёдгорликлари қад ростлади.

Ўйлайманки, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳозирги авлодлар учун фойдадан холи бўлмайди. Зеро, улар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиши керак.



Ҳамид Зиёев, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 25-сонидан олинди.