loader

Термизда Бақтрия ва Тоҳаристон тарихига бағишланган илмий конференция ўтказилади

Ўзбек-француз Бақтрия гуруҳининг Ўзбекистонда археологик тадқиқот ишларини бошлаганига 2014 йилда 21 йил тўлади. Бу ҳақда, Ўзбекистон Археология институти катта илмий ходими Тўхташ Аннаевга асосланиб, «Халқ сўзи» хабар бермоқда.



Шу муносабат билан 2014 йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Франциянинг қатор илмий муассасалари ҳамда университетлари ҳамкорлигида Термиз археология музейида «Бақтрия — Тоҳаристон археологияси ва тарихига оид янги тадқиқотлар» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади.



«Сурхон воҳасида мазкур анжуманнинг ташкил этилиши халқимизнинг бой ва ранг-баранг меросини ўрганиш, асраш, тарғиб қилиш ҳамда ёш археолог-тарихчи мутахассислар тайёрлашда ўзига хос мактаб бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз», – дейди Тўхташ Аннаев.



Аввалроқ, франциялик археологлар Сурхондарё вилоятидаги қатор объектларда, хусусан, эски Термизнинг қалъа ва ундаги мудофаа истеҳкомларида тадқиқот олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.