Буюк Рус давлатчилигини тарғиб қилаётган миллатчиларига ёқмаса ҳам, Мономах қалпоғи аслида Ўрта осиёликларнинг бош кийими эканига янги ҳужжат-далиллар топилди. Бундан ташқари, Москва давлатчилигининг салтанат рамзи сифатида наслдан-наслга ўтувчи бу регалия Олтин Ўрданинг Буюк хони Ўзбекхоннинг Юрий Данилович ёки Иван Калитага (Москва князлари) тортиқ қилган инъоми экани ҳақида янги маълумотлар ҳам чиқди. Ўша вақтлар Ўзбекхон Москвалик князларга ҳомийлик қилар эди. Тадқиқотчилар яна бир бор Мономах қалпоғи шарқлик усталар тарафидан тайёрланганини исботлаб беришди.
Бу қалпоққа ном бўлган Мономах исми қаердан олинган? Иван III даврида Москов давлатчилиги Ўрдадан Византия томон бурилганидан кейин қалпоққа ҳам "Москва - учинчи Рим" концепцияси доирасида янгича мазмун бағишланди. Фақат, 1518 йилда унинг келиб чиқишига расмий талқин пайдо бўлди («Сказание о князьях Владимирских»). Гўёки бу византиялик император Константин IX Мономахнинг ўз невараси, Киев князи Владимир Всеволодович Мономахга берган совғаси эмиш. Яъни, Византия императорлари салтанатининг рус ҳукмдорларига мерос бўлиб ўтишининг рамзи эмиш. Ҳақиқатда эса бу қалпоқнинг келиб чиқиши жуда шубҳалидир, чунки Константин 1055 йили вафот қилганида Владимирнинг ёши иккида бўлган. Бобоси невараси борлигини билмаган бўлиши ҳамда неваранинг Киевда салтанат бошига келишини билиши мумкин эмас эди. Бундан ташқари, Византия ҳам йўқ бўлиб кетиши кўзда тутилмаган эди. Санъатшунослик нуқтаи назаридан ҳам олиб қаралса, Византияда бу каби бош кийимлар урфда бўлмаган, яъни бундай қалпоқлар бўлмаган.
Шундай қилиб, Рус подшоҳларининг тожи сифатида кўриладиган бу зар билан тикиб, безатилган дўппи 99 фоизга Олтин Ўрданинг буюк хони Ўзбекхоннинг ўзи ҳомийлик қилаётган Иван I га берган инъоми бўлиб чиқмоқда. Сўнг, подшоҳликка айланган Москва хонлигида бу дўппи “Мономах қалпоғи”га айлантирилган. “Бухоронинг тилло зарларидан тайёрланган дўпписига Иван I Калита сувсар мўйнаси қўштириб, қимматбаҳо чақноқ тошлар ҳамда тепасига Москва ҳокимияти рамзи ҳисобланган хочни ҳам ўрнатиб қўйишга буйруқ беради. Шундай қилиб, давлатчиликни акс эттирадиган жуда чиройли "тож" пайдо бўлади. Бу тож Буюк Москва князларига кийдирилган, сўнг бу анъана Москва подшоҳлигига ҳам ўтган. Шундай қилиб, қўлбола тож Московия ҳокимиятининг асосий рамзига айланиб қолган...
Айтмоқчи, Олтин Ўрданинг хони ўзига қарам ва тобе бўлган князга Ўрдага таҳдид солиши мумкин бўлган православ эътиқодидагиларни тобеликда ушлаб туриш учун берилган тортиқ, совға эди.
Бу тарихий воқеа ҳақиқатан ҳам ажоийб ва рамзий бир маъно касб этади. Рамзийлиги шундаки, Москва князлари Ўрта Осиё дўпписини Москванинг ҳукмдорлик атрибутига айлантириб олгани каби давлатчилигини ҳам Олтин Ўрдадан мерос қилиб олган бўлиб чиқади (расман россияликлар Москва давлатчилиги қадимги Киев Русидан бошланади, десалар ҳам... бироқ бу алоҳида мавзу).
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади